Диний бағрикенглик vs радикализм: Ўзбекистонда давлат ва диннинг ўзаро ҳамкорлиги қандай кечмоқда?

Муаллиф: Наргиза Умарова

Ўзбекистон диний эркинлик бўйича махсус кузатувдаги давлатлар сафидан чиқарилди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 7 декабрдаги баёнотида маълум қилган. Қайд этилганидек, ўтган бир йил мобайнида мамлакатда фуқароларнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича аниқ ва амалий чоралар кўрилди.

Кўп миллатли Ўзбекистонда диний бағрикенглик масаласи доимо кун тартибида бўлиб келган. Конституцияда ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши ҳақида айтилади. Бундай шароитида бағрикенглик, тотувлик, эркинлик ҳақида гапирмасликнинг иложи ҳам йўқ. Зотан, юксак маънавият сари интилаётган дунёвий давлатда диний қадриятлар охирги масала эмас. Уларни ҳурмат қилиш, тўғри талқин этиш, эътиборсиз қолдирмаслик, лекин бир вақтнинг ўзида динга ёндашув меъёрларини бузмаслик лозим. Бундай ёндашув ҳам мамлакат ичида, ҳам минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга ёрдам беради. Мавзуни тўлиқроқ очиб бериш мақсадида таниқли этнолог олим, фалсафа фанлари номзоди, Равшан Назаровга мурожаат қилдик.

— Равшан Ринатович, янги тарихимиз миллий қадриятларни тиклашдан бошланди. Сабаблари тушунарли. Халқнинг маънавий асосларини мустаҳкамлашга жиддий зарурат бор эди ўша чоғда. Лекин мустақилликдан сўнг динга муккасидан берилиб кетиш ҳолатларини ҳам кузатдик. Бунинг сабаблари ҳақида нима дея оласиз?

— Совет даврида одамларнинг эътиқоди “бўғиб қўйилган” эди. Диний амалларни бажаришдан қўрқардик, ҳатто художўйман, дейишга ҳам биров ботинолмасди. Мустақиллик эълон қилингач, занжирдан халос бўлган халқ ёппасига диний эҳтиёжларини қондиришга киришганди. 1991 йил 14 июнда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун қабул қилинди, республикамизда кўплаб масжидлар қурилиб, диний ташкилотлар тузишга рухсат берилди. Бундай жараён тахминан янги асрнинг бошларигача давом этди. Бироқ жамиятнинг исломийлашуви ўзига яраша салбий оқибатларни ҳам келтириб чиқарган.

Шаҳару қишлоқларда диний муассаса ва ташкилотлар ҳаддан зиёд кўпайиб кетди. Натижада аҳолининг турли гуруҳларга бўлиниши кузатилди. Ҳар бир масжид қошида кичик-кичик жамоалар пайдо бўла бошлади. Бу яхшиликка олиб келмасди, албатта.

Равшан Назаров

Мана шундай пайтда давлат вазиятни қўлга олишга, диний эркинлик устидан муайян маънода назорат ўрнатишга мажбур бўлди. 1998 йилда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга мувофиқ, барча диний ташкилотлар рўйхатга олинди. Аъзолари сони 100 нафардан кам бўлган диний ташкилотларни тузиш тақиқланди (ваҳоланки, илгари 10 киши билан ҳам ташкилот тузилаверган!).

1999, 2004 ва 2005 йилларда юртимизда амалга оширилган террорчилик ҳаракатлари оқибатида диний экстремистик оқимларга муносабат кескинлашди. Баъзи диний гуруҳлар ўз мақсадларидан оғиб, сиёсатга аралаша бошлагани боис, давлат эҳтиёт чораси сифатида назоратни янада кучайтиришга ҳамда экстремистларга қарши муросасиз кураш олиб боришга мажбур бўлди.

Бугун айрим хорижий тадқиқотчилар Ўзбекистонда радикализм ортаётгани ҳақида гапирмоқда. Лекин бу фикр мутлақо асоссиз. Айниқса, охирги йилларда мамлакатимизда динга муносабат анча либераллашганини таъкидламоқчиман. Экстремизмда айбланган 18 минг нафардан зиёд ҳамюртимиз “қора рўйхат”дан чиқарилганининг ўзи кўп нарсадан далолат беради.

— Демак, ҳозир давлат ва дин ўзаро ҳамкор?

— Худди шундай. Давлатимиз динни ҳамиша ижтимоий маданиятнинг ажралмас ва муҳим бўлаги сифатида қабул қилган. Дин халқ маънавиятини озиқлантирувчи чашмадир. Лекин у сиёсийлашмаслиги ва сиёсатга аралашмаслиги керак! Ўзбекистон қонунчилигида дин давлатдан ажратилгани белгилаб қўйилган. Юртимизда диний ёки этник моҳиятдаги сиёсий партия ҳамда жамоат ҳаракатларини тузишга ҳам йўл қўйилмайди.

Кўпчилик маънавият ва диндорлик тушунчаларини адаштиради. Маънавият моҳиятан кенг категория. У дунёвий қадриятларга, умуминсоний тамойилларга асосланиши ҳам мумкин. Шу нуқтаи назардан, диндор бўлмаган, диний қарашлари нейтрал ёки атеист одамни маънавиятсиз дейиш нотўғри. Негадир атеистларни дарҳол душманга чиқариб қўямиз. Ваҳоланки, улар орасида динга бетараф муносабатдагилари жуда кўп.

Ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Мазкур норма Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам акс этган. Умуман олганда, диний эътиқод эркинлиги гуманистик маданиятнинг энг буюк ютуғи ҳисобланади. Бу тушунча инсон диндан мутлақо юз ўгириши мумкинлигини англатмайди. Ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини биз “виждон эркинлиги” тушунчаси билан ифодалаймиз. Ҳозир у барча дунёвий давлатлар, жумладан, Ўзбекистонда ҳам амалда. Бироқ виждон эркинлиги ниқоби остида террористик ёки экстремистик қарашларни тарғиб қилиш ҳамиша қаттиқ қораланган.

Дарвоқе, 2017 йилда юртимизда “Экстремизм тўғрисида”ги қонун қабул қилинганини эслатмоқчиман. Ҳужжатда “экстремизм”, “терроризм”, “радикализм” тушунчаларига таъриф берилган. Бу жуда муҳим. Сабаби уларни фарқламаслик ёки турлича талқин қилиш глобал иллатларга қарши курашишни қийинлаштиради.

— Радикализм қаердан пайдо бўлади?

— Бу саволга аниқ жавоб йўқ. Турли омиллар таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис ҳар қайси ҳолатни индивидуал равишда кўриб чиқишга тўғри келади.

Аслида радикал оқимлар барча динларда мавжуд. Афсуски, ҳозир экстремизм ёки терроризм деса, кўпчилик ислом динини тушунади. Европада ҳатто қизиқ эксперимент ўтказиб кўрилган. Болаларга қоғоз-қалам тарқатилиб, мусулмонни чизиб бериш сўралади. Уларнинг деярли барчаси соқол-саллали, қўлида автомат ушлаб турган одамни тасвирлаган.

Радикаллар христиан (православ, католик, протестант), иудаист, ҳатто буддистлар орасида ҳам учрайди. 1969 йилги Ольстер можаросини олайлик. Ирландия Буюк Британия таркибидан ажралиб чиқаётганида мамлакатнинг шимолий қисми — Ольстер вилояти Қироллик таркибида қолади. Шундан бери католик-ирландлар ва протестант-инглизлар бир-бири билан қирпичоқ бўлиб келмоқда.

Собиқ Югославиянинг икки таркибий қисми — Сербиядаги православлар ва Хорватиядаги католиклар, қолаверса, Ливандаги христиан ва мусулмонлар, Ҳиндистон ҳамда Покистондаги мусулмон ва индуистлар ўртасидаги низо-нифоқлар ҳам кўп йиллик тарихга эга. Шу боис радикализмни фақат исломга тақаб қўйиш нотўғри.

Иқтисодчилар нефть қазиб олувчи мамлакатларда радикал кайфиятдаги кучлар кўплигига ишора қилади. Улар қисман ҳақ. Лекин бу ягона сабаб эмас. Радикализм аҳолиси кўп ва қашшоқ мамлакатларда ҳам тез-тез намоён бўлади. Айтайлик, ночор деҳқон оиласида ўнинчи фарзанд бўлиб дунёга келган болани ота-онаси яхши кўриш тугул, ҳатто борлигини ҳам пайқамаса, унда ички норозилик, аламзадалик уйғониши табиий. Бундай инсонлар ўзининг мавжудлигини кўрсатиш мақсадида радикал кайфиятга берилади. Террорчилик ёки экстремистик гуруҳлардаги оддий жангарилар насл-насабини суриштирсангиз, аксарияти қашшоқ оилалардан чиққанини кўрасиз. Лекин сардорлари ундай эмас. Улар ўзига тўқ, ўқимишли инсонлар.

Радикалларнинг учинчи ва энг хавфли тоифаси ҳам бор. Бу — динга муккасидан кетган фанатлар. Улар ички энергиясини қаерга йўналтиришни билмайди. Террорчилар учун бундай инсонлар тайёр ўлжадир.

— Бундан чиқди, ҳеч қайси жамият радикализм хавфидан холи эмас

— Ҳа. Агар фақат моддий омилни эътиборга олсак, унда демократиянинг гултожи бўлган АҚШдаги террорчилик актлари, масалан, таълим муассасаларидаги хунрезликларни нима билан изоҳлаш мумкин? Террорчилар ҳеч қачон бемақсад ҳаракат қилмайди. Улар ҳамиша кимгадир ёки нимагадир қарши кескин норозилигини намоён этади.

— Ҳарқалай, бугунги Европада юз бераётган этномаданий зиддиятлар ҳам шунинг нишонаси бўлса керак

— Европадаги вазият мураккаброқ. Охирги 30-40 йил ичида Европа мамлакатлари аҳолисининг этномаданий таркиби сезиларли равишда ўзгарди. Буни мигрантлар оқимининг тўхтовсиз ортаётгани билан изоҳлаш мумкин. Энди Европа кўпчилик тасаввуридаги “оқ танлилар қитъаси” эмас. Унда турфа миллат, ирқ ва дин вакиллари истиқомат қилмоқда. Масалан, ҳозирги француз жамиятининг 10 фоизини мусулмонлар ташкил қилади. Улар орасида араблар ҳам, ҳинду покистонликлар ҳам, Африкадаги собиқ колониал давлатлардан кўчиб ўтган аҳоли ҳам бор. Бундай ҳолатда ҳукумат, турган гапки, муҳожирлар таркибидан шаклланган Франция фуқароларининг туриш-турмуши, диний ва дунёвий қарашлари, эътиқоди билан боғлиқ туйғуларини ҳурмат қилиши лозим. Бошқа томондан, ўзга юртдан келган инсонлар Европада яшаб туриб, шу жойда қарор топган қадриятлар билан ҳисоблашмаслиги ёки уларни очиқчасига инкор этиши ҳам ғирт бемаъниликдир. Ҳар иккала ҳолат охир-оқибат ички низоларга, этник, ирқий ва конфессиявий тўқнашувларга олиб келади. Жамиятдаги радикаллашув илдизларини мана шундай муросасизлик, кескин қарама-қаршиликлардан излаш керак.

Яна бир гап. Европа узоқ вақт сўз эркинлиги, демократия, либерализм каби таянч қадриятларини умумбашарий қадриятлар қилиб кўрсатишга, уларни ташқи дунёга экспорт қилишга, бошқа халқлар, ўзгача маданият вакилларига мажбурлаб сингдиришга уринди. Қўҳна қитъанинг асосий хатоси ҳам шунда. Жаҳон ҳамжамияти қадриятлар хилма-хиллигини тан олмас, уларнинг умумий жиҳатларини топишга ва ўзаро уйғунлаштиришга ҳаракат қилмас экан, ер юзида урушлар тўхтамайди.

Европада барча муҳожирларни ўз ватанига ҳайдаб чиқаришни талаб қилаётган ўнг радикал кучлар мавжуд. Бироқ бундай ёндашув биронта ҳам муаммога ечим бўлолмайди. Аксинча, ижтимоий-иқтисодий бўҳронларни келтириб чиқаради, холос. Бир вақтлар беҳисоб меҳнат мигрантларию қочоқларни бағрига олган ва ҳали ҳам олишда давом этаётган Европа мамлакатлари энди уларни ўзиникидек — европалик сифатида қабул қилишга, мана шундай реаллик билан ҳисоблашишга мажбур.

Маданиятлар ва қадриятлар интеграциясини тўхтатишга уриниш бефойда. Демак, бугун Европанинг ўзгаришдан бошқа чораси қолмади.

— Бу қадриятларни ҳам ўзгартириш кераклигини англатадими?

— Маълум маънода, ҳа. Лекин улардан буткул воз кечиш керак демоқчи эмасман. Ушбу нозик масалада ҳар қайси давлат, аввало, умуминсоний қадриятларга асослангани маъқул. Қадриятлар тўқнашувини дин ва конфессиялараро муштарак жиҳатларни топиш йўли билангина бартараф этса бўлади.

— Ғарбда хуруж олган исламофобия, табиийки, Ўзбекистонда ҳам ўз акс-садосини бермоқда. Нима деб ўйлайсиз, эмоционал тўлқинни талафотсиз енгиб ўта оламизми?

— Дин мафкуранинг шундай шаклики, унда ҳис-туйғулар сўзсиз устуворлик касб этади. Хайриятки, юртимизда эмоционал реакциядан нарига ўтилгани йўқ. Яъни оммавий намойишлар, қасдма-қасд ҳаракатлар бўлмади. Бу эса ижтимоий онгимиз кўпроқ рационалликка мойил эканидан далолат беради.

Яқин ўтмишда халқимиз радикализмнинг аянчли оқибатларини бошидан ўтказган. Тошкентдаги террорчилик актлари, Андижон воқеалари ҳамон ёдимизда. Бундан ташқари, Афғонистондаги узоқ йиллик нотинчлик, Тожикистонда юз берган фуқаролик уруши, Қирғизистондаги мураккаб ижтимоий-сиёсий вазият қизиққон юртдошларимизнинг ҳовурини бироз пасайтириб турса, ажаб эмас.

Бугунги кунда хорижий экспертлар Ўзбекистонда кучли давлат тизими шаклланганини мамнуният билан эътироф этмоқда. Бу ҳам жамиятнинг эҳтимолли радикаллашувини тийиб турувчи муҳим омил бўлиб хизмат қилишига ишонаман.

— Радикализмга қарши диний бағрикенглик воситасида курашса бўладими?

— Албатта! Бағрикенглик туйғусини болага эрта ёшдан, оила, боғча ва мактабда сингдириш керак. Шунда самараси юқори бўлади.

Биз азалдан бағрикенг халқмиз. Тарихга назар ташланг. Қадимда Хитой, Ҳиндистон, Европа, Эрондан келувчи савдо карвонлари Буюк ипак йўли орқали юртимиз ҳудудини кечиб ўтган. Ўша вақтда карвонсаройларимиз ҳақиқий бағрикенглик ўчоқларига айланганди. Ҳозир ҳам Ўзбекистонда ўнлаб миллат ва элат вакиллари баҳамжиҳат яшамоқда. Бошқа мамлакатлардаги ўзбек диаспоралари билан алоқалар мустаҳкамланяпти. Хориждаги ватандошларимиз иштирокида турли халқаро анжуман ва симпозиумлар ташкил қилинмоқда. Охирги йилларда ислом мамлакатлари билан ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг маърифий исломни тиклаш ва тарғиб этиш, бу бўйича бебаҳо илмий асарлар яратган буюк мутафаккир боболаримиз меросини ўрганиш ҳамда оммалаштиришга доир ташаббуслари халқаро жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олингани беҳад қувонарли ҳол. Маърифий ислом бўйича Ўзбекистон дунёга ибрат бўлишига ишонаман.

— Ёш йигитларнинг соқол қўйиши, қизларнинг жамоат жойларида рўмол ўраб юришига ўхшаш мавзулар вақти-вақти билан медиа маконда қалқиб чиқяпти. Аслида хавотирга ўрин бормикан?

— Менимча, булар ваҳима қиладиган нарсалар эмас. Социологияда “юксалиш касали” деган тушунча бор. Яъни жамиятда бирон ҳолат кўпайса, мувозанат бузилади. Лекин вақт ўтиб яна жойига тушиб кетиши мумкин. Ўзини мусулмон қилиб кўрсатгиси келган киши бу ишни асосан номусулмонлар даврасида қилишга интилади. Ҳамманинг эътиборини қаратиш учун соқол қўйиш ёки рўмол ўраш кўпроқ бекорчиларга хос.

Инсон ичида ҳамиша иккита истак курашиб келади. Бир томондан, ҳамма қатори бўлишга, иккинчи томондан, ҳеч кимга ўхшамасликка интиламиз. Кимдир учун униси, бошқалар учун буниси муҳим. Аминман, эртага ҳамма аёллар ёппасига рўмол ўраса, орасидан ажралиб туришни истайдиганлар, албатта, топилади. Бундан ортиқча хавотирланиш керак эмас. Лекин эътиборсиз қолдириб ҳам бўлмайди.

Манба: uzanalytics.com

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.