Исроил ва Марказий Осиё ҳамкорлиги араб экспертлари талқинида

Марказий Осиё минтақаси кўп қутбли дунё тартиботида геосиёсий рақобат майдонига айланиб бораётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу геосиёсий рақобатда Россия, Хитой ва АҚШ сингари глобал кучлар билан бирга Туркия, Исроил, Эрон, Покистон ва араб давлатлари каби минтақавий иштирокчилар ҳам мавжуд. Минтақадаги геосиёсий рақобатда глобал иштирокчилардан фарқли равишда минтақавий иштирокчиларнинг ҳар бири ўз иштирокини асослаш учун диний тарихий (араб давлатлари), лингвокултурологик (Туркия ва Эрон) омиллардан фойдаланишга ҳаракат қилиб келади. Улар орасида фақат Исроил на маданий, на тил ва на диний жиҳатдан бирор бир омилни кўрсата олмаса-да, иштирокчилар орасида энг фаол ва нисбатан муваффақиятли сиёсат юритаётган давлат ҳисобланади. Исроилнинг минтақадаги фаоллиги, эришаётган натижалари унинг азалий рақиблари бўлган Эрон ва араб давлатларининг манфаатларига мос келмайди. Бу икки гуруҳ Исроил ташқи ҳамкорлари сафининг Марказий Осиё томон кенгайиб боришини ўзларининг хавфсизлик халқаларига реал таҳдид сифатида баҳолайди. Шу боис, араб давлатларида ҳам, Эронда ҳам, Исроилнинг ушбу минтақада олиб бораётган ташқи сиёсати диққат билан кузатилади, таҳлил қилинади ҳамда икки томонлама келишувларнинг доимий мониторинги амалга оширилади.

Қуйида муаллифлар Исроил ташқи сиёсатида Марказий Осиё векторининг аҳамияти, бу йўналиш учун ишлаб чиқилган стратегик режалар ҳамда Исроилнинг Марказий Осиё давлатлари билан алоқларининг минтақа ва араб давлатлари ҳамкорлик алоқаларига эҳтимолий таъсири ҳақида араб давлатларидаги илмий ва эксперт доираларнинг мулоҳазаларини таҳлил қилади.

Исроил ташқи сиёсатида Марказий Осиё вектори араб давлатларидаги экспертлар талқинида

Исроилнинг биринчи бош вазири Давиид Беен-Гурион ишлаб чиққан ташқи сиёсий концепцияда Исроил араб давлатларини ўраб турган минтақалар билан фаол ҳамкорлик алоқаларини ташкил қилиш орқали, араб давлатлари ташқи сиёсатига фаол таъсир кўрсатиш лозимлиги кўрсатилган. Исроил ташқи сиёсатининг шаклланиш тарихига чуқурроқ эътибор қаратилса у ҳар доим “Океан альянси” доирасида ҳаракатланишга интилиб келган, яъни Исроил уни изоляция қилишга ҳаракат қилаётган Яқин Шарқ минтақасидан ташқаридаги давлатлар билан стратегик ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳаракат қилади. Шу боис у ташқи дунё билан алоқаларни ўрнатишда араб-мусулмон омилига кўп ҳам эътибор бермайди. Хусусан, Марказий Осиё минтақаси билан ҳам шу тамойиллар асосида муносабатлар йўлга қўйилганлигини кўриш мумкин[1].

Араб давлатларидаги экспертлар Исроилнинг Марказий Осиёга нисбатан ташқи сиёсий стратегияси борасидаги тадқиқотларида, сионистик тарғибот ҳамда араб давлатлари ва Эроннинг бу минтақада фаол ташқи сиёсат юритишига халақит бериш масалаларига урғу беради.

Исроил ташқи сиёсати бўйича эксперт Аднан Адван Исроилнинг минтақадаги ташқи сиёсатининг бош мақсади – минтақада сионистик ғояларга нисбатан душманона қарашлар тарқалишини олдини олиш, минтақанинг янги ташкил топган республикаларида Исроилга нисбатан ишончли ҳамда кучли иттифоқчилик муносабатини шакллантиришдан иборат деб ҳисоблайди[2].

Исроил ташқи сиёсати бўйича яна бир эксперт Муъин Ахмад Махмуднинг фикрига кўра, Исроил араб давлатларини ўраб турган Осиё давлатлари жумладан, Хитой, Хиндистон ва Марказий Осиё билан фаол ҳамкорликни ташкил қилиш орқали арабларни Осиёдан узоқлаштиришни режалаштирган.[3]

Мисрлик экспертлар Абдуллаҳ Фалаҳ Адеҳ ҳамда Ҳамид Шаҳаб Ахмадларнинг[4] фикрича, Исроил араб-ислом маданиятининг вориси бўлган минтақада Эрон ёки араб давлатларининг фаоллашувидан манфаатдор эмас ва шу боис минтақада фаоллик кўрсатади, деб ҳисоблайди[5].

Араб давлатларидаги экспертларнинг мазкур хулосалари европалик экспертларнинг баъзи тадқиқотлардаги фикрларда ҳам ўз аксини топган. Хусусан, Кристофер Боусек (Christopher Boucek) Исроилнинг ушбу минтақадаги ташқи сиёсатининг бош мақсади Совет иттифоқи таркибида бўлган республикаларда араб-исроил келишмовчилиги масаласида СССР нуқтаи назарини такрорланишига йўл қўймаслик, Эрон таъсирини минтақада ёйилишини олдини олиш, араб давлатлари билан фаол ҳамкорликка йўл қўймаслик ҳамда Яқин Шарқ тинчилик жараёнларида Фаластин томонида иштирок этмасликка эришишдан иборат эканлиги тўғрисида ёзади[6]. Исроил ташқи сиёсати бўйича эксперт Р.Г.Аветисян ҳам Марказий Осиё билан ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали Исроил нафақат ташқи сиёсатдаги позициясини ва Ислом дунёсидаги мавқеини мустаҳкамлайди, балки асосий рақиби бўлган Эронни ҳам минтақада таъсирга эга бўлиш имкониятидан маҳрум қилади. Шундай қилиб, Исроил миллий хавфсизлик муаммосини ўз чегараларидан узоқда ҳал қилмоқда[7]”, – деб ёзади.

Ўз ўрнида исроиллик тадқиқотчилар сионистик ғоялар тарғиботи Исроилнинг Марказий Осиё бўйича сиёсатида устувор йўналиш эмаслигини тушунтиради. Жумладан, Марказий Осиёнинг Эрон ва Исроил бўйича йирик тадқиқотлар муаллифи В.И. Месамед Марказий Осиё ва Исроил алоқаларининг ривожланаётганлиги яҳудийлар ва мусулмонлар ўртасида ҳеч бир зиддият йўқлигини кўрсатади, деб ҳисоблайди[8].

Сўнгги йилларда Марказий Осиё республикалари сиёсий ва иқтисодий ҳаётида кузатилаётган трансформация ҳамда минтақа давлатларининг ташқи сиёсий тенденцияларидаги ўзгаришларни кузатган ҳолда шуни айтиш мумкинки, араб тадқиқотчилари томонидан илгари сурилган хулосалар, хусусан, Исроилнинг сионистик тарғибот ёки араб давлатларининг минтақада фаоллашувига қаршилик кўрсатиш кабилар ўзини оқламади ва хозирги вазиятда бу фикрлар мубохасага чорлайди, дейиш мумкин.

Исрол Марказий Осиёга қандай кириб келди?

1990 йилларнинг бошларида Исроилнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий сиёсати кучли рақобат шароитида кечиши таҳмин қилинган эди. Бироқ Исроил кучли ҳамкорлар билан бу рақобатни енгиб ўтган. Бирлашган Араб Амирликларидаги экспертларнинг фикрига кўра, Исроилнинг Марказий Осиёдаги сиёсатини Туркия ва АҚШ қўллаб қувватлаган, шу тариқа минтақадаги халқаро курашда АҚШ-Туркия-Исроил учлиги шаклланган.[9]

Араб давлатларидаги экспертлар 1990 йилларда Исроил Марказий Осиёда ташқи сиёсат олиб бориш бўйича бошқа минтақавий иштирокчиларга нисбатан кенгроқ имкониятларга эга эди, деб ҳисоблайди ва буни қўйидагилар билан изоҳлайди:

1. АҚШ Исроилни қўллаб қувватлади, бу эса ҳал қилувчи аҳамият касб этди. АҚШ ва Ғарб давлатлари Марказий Осиёни Россия таъсиридан чиқариш, Эрон таъсирини нейтрализациялаш, Хитойнинг шарққа томон кенгайиб боришига халақит бериш мақсадида Исроилнинг ушбу минтақада фаоллашувини ҳар томонлама қўллаб қувватлашдан манфаатдор эди[10].

2. Исроил ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида тарихий душманликнинг йўқлиги икки томонлама муносабатларнинг фаоллашувига имкон берди. Исроил ташқи сиёсати бўйича эксперт Салах ал-Саифининг фикрига кўра, Совет иттифоқи парчаланганидан сўнг ночор иқтисодий аҳволда қолган минтақа республикалари Исроилнинг иқтисодий, харбий-техник ҳамда турли соҳалардаги технологик устунлигидан фойдаланиш истагида эди, ўз навбатида, бу Исролни минтақага кириб келишини тезлаштирди[11].

3. Минақада араб давлатлари иштирокининг чекланган даражаси. Сиёсатшунос олим Салеҳ Ал-Наамининг фикрига кўра, араб давлатлари учун Марказий Осиё қанчалик муҳим стратегик ва геосиёсий аҳамият касб этиб, ислом ареалини кенгайтириш йўлидаги муҳим халқа бўлишига қарамасдан, араб давлатлари бу минтақада чекланган даражада қолиб кетди, бу вазиятдан Исроил тўлақонли фойдаланди[12].

4. Туркия ва Тель-Авив иттифоқи ҳам Туркия билан яқин ҳамкорлик алоқаларни йўлга қўйган минтақага Исроилнинг кириб боришини осонлаштирди. Туркия араб давлатлари билан муносабатлари доирасида Исроил билан ҳамкорликдан манфаатдор бўлганлиги ва яна бошқа бир қатор сабаблар билан уни Марказий Осиё минтақасидаги фаол ташқи сиёсатини қўллаб-қуватлади[13].

5. Марказий Осиёдаги яҳудий жамоаларидан самарали ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда воситачи сифатида фойдаланилганилиги. Исроил ҳукумати минтақа республикаларида узоқ йиллар яшаб бу ердаги шарт-шароитларни яхши биладиган яҳудийларнинг билимларидан фойдаланиб турли соҳаларда ўзаро манфаатли битимларга эришди[14].

Исроил Марказий Осиёда фақат геосиёсий мақсадлар билан чекланиб қолмайди

Исроилнинг минтақага қизиқиши ҳақида гап кетганда, ироқлик сиёсатшунос, профессор Мисақ Баийат ал-Дифийн бу фақат геосиёсий мақсадлар билан чекланиб қолмаслиги ҳақида ёзади. Унинг фикрига кўра, Исроилнинг Марказий Осиё давлатлари билан яқинлашиши нафақат Эрон ёки араб давлатлари таъсирини камайтириш, балки Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Исроилни қўллаб-қувватловчи ижобий овозларни кўпайтиришни ҳам англатади.

Исроил учун Марказий Осиё оз бўлса-да, иқтисодий нуқтаи назардан ҳам аҳамиятли ҳисобланади. Хусусан, у минтақага ўзининг турли соҳалардаги технологияларини сотиш бозори сифатида қарашда давом этади. Минтақа давлатлари террористик хуружлар хавфи мавжудлиги сабаб, хавфсизлик ва терроризмга қарши кураш бўлинмалари учун қурол-яроқ сотиб олиш, бу йўналишдаги кадрларни тайёрлашда Исроил билан ҳамкорлик қилади, бундан Исроил манфаатдор. Шунингдек, ортиб бораётган энергия эҳтиёжларини қондириш учун Исроил Марказий Осиёдан энергия манбаларини сотиб олиш бўйича ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади.

Дипломатик алоқалар нуқтаи назаридан, Исроил халқаро ташкилотлар ва турли платформаларда Марказий Осиё минтақаси давлатларининг дипломатик қўллаб-қувватлашига эришишга ҳаракат қилади. Хусусан, у Эронни яккалаш учун Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлигини кучайтиради.

Исроилнинг Марказий Осиё билан алоқларининг истиқболлари ва унинг араб давлатлари билан ҳамкорлик алоқаларига эҳтимолий таъсири араб давлатларидаги илмий ва эксперт доираларнинг талқинида

Араб давлатлари Лигаси “Цивилизациялараро мулоқот” департаменти директори, Самийа Бийбарс бу масалада иккита сценарийни таҳмин қилган.

Биринчи сценарий: Исроилнинг Марказий Осиёда фаол ташқи сиёсати минтақа давлатлари билан араб давлатлари ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ушбу сценарийнинг мазмуни:

  • Исроилнинг АҚШ билан биргаликдаги мақсадлари қаторида минтақа республикаларига совет давридан мерос ҳарбий техника ва технологиялар ҳамда ядровий ресурсларни араб давлатларига чиқиб кетишини олдини олишдан иборат. Шу тариқа у араб давлатларига нисбатан ўзининг ҳарбий устунлигини сифат жиҳатдан сақлаб қолади. Араб давлатларининг Марказий Осиёдаги тажрибаси ва ресурслари ҳисобидан Ядро клубига киришига тўсқинлик қилади. Бу эса ўз ўрнида, араб давлатлари ва Марказий Осиё республикалари ўртасидаги муносабатларга таъсир қилиши шубҳасиз.
  • Исроилнинг минтақадаги ташқи сиёсатидаги мақсадларидан яна бири АҚШ ва Исроил ҳамкорлигида ишлаб чиқилган “Катта ёки Янги Яқин Шарқ” лойиҳаси доирасида Марказий Осиёни Яқин Шарқ минтақасига босқичма-босқич қўшиб боришдир, ўз ўрнида бу сиёсат ҳам араб давлатлари ва Марказий Осиё республикалари ҳамкорлигининг келажагига соя солиши мумкин.

Иккинчи сценарий: Исроилнинг Марказий Осиёда фаол ташқи сиёсат олиб бориши минтақа давлатлари билан араб давлатлари ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир кўрсатмайди.

Ушбу сценарийнинг мазмуни:

  • Тарихий, маданий ва диний жиҳатдан яқинлик араб давлатлари ва Марказий Осиё республикалари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш учун етарли асос бўла олади. Шу боис, араб давлатлари ўзларининг савдо, қишлоқ хўжалиги, нефть қазиб олиш ва уни қайта ишлаш, сармояларни жалб қилиш борасидаги бой тажрибасини минтақа республикаларига ўргатиши мумкин. Бу эса Исроил билан турли соҳалардаги келишувларга қарамасдан араб давлатларининг минтақадаги аҳамиятини ошиб боришига имкон беради.
  • Баъзи сиёсий экспертлар Исроилнинг Марказий Осиёдаги сиёсати минтақа ва араб давлатлари ўртасидаги муносабатларга соя солиш даражасида эканлигидан келиб чиқиб, бу ерда араб давлатлари етакчиликни Исроилдан олиши керак, деб ҳисоблайди. Бу борада араб давлатларининг имкониятлари мавжуд. Бироқ, шуни ҳисобга олиш керакки, араб давлатларининг Марказий Осиёдаги иштирокини фаоллаштириш осон бўлмайди, чунки ушбу давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уни фаоллаштириш учун қўшимча дастурлар ҳамда стратегия ишлаб чиқиш зарур. Бунинг учун араб давлатларининг илмий-тадқиқот институтлари, фуқаролик жамияти ташкилотлари, илмий муассасалар ва тадқиқот марказларининг биргаликдаги йўл харитасини ишлаб чиқиш лозим.

Хулоса ўрнида учинчи сценарий

Исроил ва араб давлатларининг ҳамкорлик алоқаларида кузатилаётган янги тенденциялар Марказий Осиёнинг араб давлатлари билан ҳам, Исроил билан ҳам муносабатлари истиқболига ижобий таъсир кўрсатади.

Мазкур мақолага хулоса тариқасида ҳамда араб давлатларидаги экспертларнинг фикрларидан фарқли равишда шуни айтиш мумкинки, 2020 йилда Исроил ташқи сиёсатида катта ўзгаришлар кузатилди. У АҚШ воситачилигида 2020 йилнинг 15 сентябрь куни Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайн, 23 октябрда Судан ҳамда 22 декабрда Марокаш билан алоқаларни нормаллаштириш тўғрисидаги «Иброҳим келишуви»ни имзолади. 2021 йилда эса Уммон, Саудия Арабистони ва Мавритания билан ҳам тинчлик шартномаси имзоланиши кутилмоқда. Бу эса ўз ўрнида, Марказий Осиё ва араб давлатлари ўртасидаги муносбатларга ижобий таъсир кўрсатади. Эндиликда Марказий Осиё – Форс кўрфази араб давлатлари ва Исроил “учбурчаги” доирасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларига янги куч бериш ва узоқ йиллардан бери сақланиб қолаётган стереотипларга барҳам бериш мумкин.

Шавкат Икромов – Яқин Шарқ давлатлари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг ўқитувчиси

Зокиров Шохрухбек – Исроил ташқи сиёсати бўйича тадқиқотчи

Манба: uzanalytics.com


[1] د. ميثاق بيات ألضيفي. القوة الناعمة الإسرائيلية في آسيا الوسطى. https://annabaa.org/arabic/strategicissues/17489

[2] عدنان عدوان. مخاطر التغلغل الصهيوني في آسيا الوسطى http://tajamoo.com/wehda/httpdocs/issues/181/aawan.htm//2017

[3] معين أحمد محمود. إسرائيل تحاصر العرب وتبعــدهـم عن آسيا. 2010 م. www.emaratalyoum

[4] حميد شهاب أحمد.- 2005 م. التنافس الاقليمي والدولي في منطقة الجمهوريات الإسلامية لاسيا الوسطى. جامعة بغداد

[5] عبداللـه فلاح عودة، التنافس الدولي في آسيا الوسطى، رسالة ماجستير غير منشورة 1991- 2010، عمان ، جامعة الشرق الأوسط ، كلية الآداب والعلوم ، 2011 ، ص 131-130

[6] Christopher Boucek. The impact of Israeli foreign policy in Central Asia: the case of Uzbekistan Central Asia and the Caucasus. No. 4(28), 2004

[7] Аветисян Р.Г. Особенности политики государства Израиль на постсоветском пространстве. Автореферат. Диссертации на соискание ученой степени кан.и.н. Нижний Новгород 2012. С – 21

[8]Месамед В.И. Перспективы израильско-узбекского сотрудничества. К итогам визита президента Узбекистана в Израиль 14-16 сентября 1998 г. [Электронный ресурс] / В.И. Месамед // Центральная Азия и Кавказ, 1998, №1. с.7. – Режим доступа: http://www.ca-c.org/journal/cac-01-1998/st_06_mesam.shtml

[9] “آسيا الوسطى بين التنافس الدولي والتغلغل الإسرائيلي. ابوظبي 2002م.\\ “

[10] (9) التغلغل الإسرائيلي في دول آسيا الوسطى وانعكاساته على علاقاتها مع المنطقة العربية، مجلة المعركة، عدد 9 يوليو 2016، الإعلام المركزي، مفوضية الشؤون الإعلامية، تيار المقاومة والتحرير، فلسطين، www.alma3raka.ne

[11] www.islamtoday.net/nawafeth/artshow-58-9838.htm..! التغلغل الاقتصادي لإسرائيل في منطقة آسيا الوسطى

[12] https://www.alaraby.co.uk/ إسرائيل-والدول-الإسلامية-في-آسيا-الوسطى-والقوقاز-منافع-متبادلة صالح النعامي.

[13] https://arabaffairsonline.com

[14] د. تركي صقر، بعد أفريقيا… مخاطر التغلغل الإسرائيلي في آسيا الوسطى، جريدة تشرين بتاريخ 26 كانون الأول 2018، www.tishreen.news.eg

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Close