Сиёсат Россиянинг собиқ совет маконига таъсири

Янги Америка хавфсизлигини ўрганиш маркази (Center for a New American Security (CNAS) ҳузуридаги “Brussel Sprouts” подкастида постсовет ҳудудида яқинда рўй берган воқеалар ва уларнинг Россия учун аҳамияти хусусида икки нафар эксперт: Халқаро инқироз гуруҳининг Европа ва Марказий Осиё бўйича дастури директори Ольга Оликер ҳамда Карнеги марказининг Россия ва Евроосиё бўйича дастур катта илмой ходими ва АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг Россия ва Марказий Осиё бўйича собиқ директори Пол Стронски иштирокида фикр-мулоҳазалар билдирилади.

Қуйида ушбу подкаст баёни қисқартирилган ҳолда ҳавола қилинмоқда.

Бошловчилар: Россия “яқин чет эл” деб атайдиган мамлакатларда рўй бераётган воқеалар ушбу минтақада Москваниннг таъсири қанақа бўлиши билан боғлиқ кўплаб саволларни юзага келтирмоқда. Беларусдаги Кремль қўллаб-қувватлаётган Лукашенко ҳокимияти заифлигини кўрсатмоқда, Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги урушда Россия тинчликпарварлик ролини Туркия билан баҳам кўрганга ўхшайди, Молдовада эса Ғарб билан яқинлашишни истаётган номзод Майя Санду ғалаба қозонди. Айрим таҳлилчилар Россиянинг минтақадаги таъсири заифлашиб бораётганини айтмоқда. Юз бераётган воқеаларни қандай талқин қилиш мумкин ва бу Россиянинг минтақадаги мавқеи учун нимани англатади?

Ольга Оликер: Мабодо Россиянинг таъсир кучи заифлашгани ҳақида гап кетаётган бўлса, кимга ва қайси даврга нисбатан кучсизланганини ҳам аниқлаштириш керак, деб ўйлайман. Ушбу чеккадаги мамлакатларда сурилиш юз бераётганини кўряпмиз, айрим сурилишлар пировардида Россияга фойда келтирган бўлса, қолганлари ҳақида бундай дейиш қийин. Фикримча, Россия Беларусда қийин аҳволга тушиб қолди. Ҳатто Кремль Лукашенкони унчалик хушламаса ҳам, Россия у норозиликлар ортидан ағдариб ташланишини истамаяпти. Россия Молдовага бошқа мамлакатларга нисбатан кўпроқ эътибор қаратмоқда. Аммо Майя Санду аслида Ғарбни қўллаб ёки Россия томон оғиш сайловолди кампанияси юргизгани йўқ. Унинг кампаниясидаги асосий мавзулар коррупцияга қарши кураш ва иқтисодиёт бўлди. Россия Тоғли Қорабоғда тинчликпарварлик ролини яхши уддалади, чунки эришилган тинчлик ҳақида энди олдингидан кўра ишонимлироқ гапириш мумкин. Бу ерда бошқа воситачи йўқ.

Пол Стронски: Минтақада рўй бераётган улкан силжишларни кузатяпмиз, энди у 30 йил олдинги минтақа эмас. Одамларнинг бутун бир авлоди тизим бўйича юқорига ҳаракатланиб, сиёсий ва ҳукмрон элита – аёънларнинг янги авлоди бўлиб шаклланганини кўриб турибмиз. Қирғизистонда бир пайтлар мустаҳкам бўлган жамият чиндан ҳам ёмон бошқарилмоқда, у анчадан бери жуда ёмон бошқарилмоқда. Беларусда ҳам шундай. Биз минтақани Россиянинг таъсири катта бўлган жой деб ҳисоблаймиз, аслида Россиянинг ўзи ҳам юз бераётган ўзгаришларга муносабат билдиришгагина мажбур бўлмоқда. Жамиятлар эса ўзгариб бормоқда, жуда тез ўзгариб бормоқда.

Бошловчилар: Бироқ Россия собиқ совет маконига бўлган муносабатини ўзгартирдими? Айрим кишилар фикрича, Россия ҳарбий соҳани модернизация қилиши билан собиқ Совет Иттифоқи аҳамиятини йўқотди. Илгари Россия ушбу мамлакатларни энг муҳим буфер зонаси деб ҳисоблаган бўлса, айрим ҳарбий инновациялар сабаб ҳамма нарса ўзгариб кетган бўлса ажаб эмас. Бошқалар эса, Россиянинг Қўшма Штатлар билан қарама-қаршилиги кучайиб кетди, шунинг учун ушбу минтақа ва давлатлар билан ўралашиб қолмасдан, Қўшма Штатлар билан глобал майдонга чиқиб, рақобатлашиши зарур, деб ҳисоблайди.

Ольга Оликер: Дангалини айтсам, Россия қўшни мамлакатларга қизиқишини йўқотяпти, деб ўйламайман. Ўртадаги муносабати ўзгараётгани бор гап, улар муросали вазиятга итоат қилиши, бунга Украина воқеаларидан чиқарилган сабоқ сабаб бўлган бўлиши ҳам мумкин. Россия атрофидаги мўътадил демократияга эришган мамлакатлар билан яшаши мумкин. Арманистон мисол сифатида чиндан ҳам қизиқарли. Назаримда, Кремлдагилар Майя Сандунинг Россия билан муносабатлари яхши бўлса, у сайловда ғалаба қозониши нормал ҳолат эканини тушуниб етди. Ҳар ҳолда Москва янги президентни сайлангани билан табриклади. Улар Пашинян билан ярашиши мумкин, бироқ Арманистон бош вазирини муаммолар гирдобидан қутқариб олгани шошилмайди. Улар Лукашенконинг кетиши билан муроса қилиши мумкин, бироқ президентнинг кўчадаги норозиликлар натижасида лавозимидан четлатилишини қабул эта олмайди. Ушбу ўтиш даври уларга қулай ўтиш бўлиши керак. Лекин Россия ҳамон таъсирини мустаҳкамлашга уриняпти, деб ўйлайман. Ишонч билан айтишим мумкинки, Кремлга ҳамон буфер зоналари зарур. Марказий Осиёдаги вазият Хитой, у билан муносабатлар ва минтақадаги роли тобора ошиб бораётгани сабабли бошқа жойлардагидан қисман фарқ қилади. Россия бу ерда АҚШ билан рақобатлашаётгани йўқ.

Пол Стронски: Россиянинг дастлаб Грузиядаги, сўнгра Украинадаги хатти-ҳаракатлари ушбу мамлакатлар аҳолисини чиндан ҳам унга қарши қилиб қўйди. Бироқ Арманистонга ўхшаш мамлакатларнинг бошқа чораси йўқ. Қирғизистон Хитой ўзини ютиб юборишига рози бўла олмайди, шунинг учун Россия билан муносиб алоқа қилишига тўғри келади. Бундан 5 – 6 йил олдин минтақага борганимда, АҚШга нисбатан салбий муносабат борлигини кўрмаган эдим. Россияда Қўшма Штатлар Марказий Осиё, шунингдек, Кавказга нисбатан қизиқишини ҳам, таъсир кучини ҳам йўқотмоқда, деган фикр кўпчиликнинг миясига ўрнашиб қолган. Россия кўпроқ эътиборини АҚШга эмас, Туркия, Исроил, Хитой, ҳатто Скандинавия мамлакатларига қаратгани маъқул.

Бошловчилар: Туркия билан Россия ҳақидаги фикрингиз қандай? Уларнинг манфаатлари турли минтақаларда кесишмоқда, қаердадир улар бир тарафда бўлса, баъзан бир-бирига қарши ҳам келиб қолмоқда.

Ольга Оликер: Менинг ушбу масала юзасидаги айтадиган фикрим унчалик оммабоп бўлмаслиги мумкин. Ҳа, Туркия Озарбайжонга ёрдам берди ва кўмаги ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Қизиғи шундаки, Россия узоқ йиллар давомида Арманистонга ҳам, Озарбайжонга ҳам қурол сотиб келди. Арманистонга анча-мунча чегирма билан сотган бўлса, Озарбайжонга ўзининг баҳосига пуллади ва шу тариқа уларни мавҳум мувозанат ҳолатида ушлаб турди. Лекин Озарбайжон Туркия ва Исроилдан қўшимча қурол-яроғ сотиб ола бошлади ва уруш чиқиши мумкинлигини ҳисобга олиб, унга тайёргарлик кўрди. Ҳа, Туркия тинчликка кўмаклашишни кузатиш маркази тузиш тўғрисидаги фикрини ўтказа олди – марказ Озарбайжонда жойлашади. Бироқ унинг ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиш-бўлмаслиги номаълум. Озарбайжон Туркия иқтисодиётига интеграцияланмай туриб, Туркия чиндан ҳам минтақада реал таъсир кучига эга бўлди, деб айтиш қийин. Ҳатто ушбу можаро оқибатида ҳамма Туркия дронларини сотиб олишни истаб қолган тақдирда ҳам, бу ҳол кучлар нисбатини ўзгартириши мушкул.

Пол Стронски: Туркиянинг бутун бошли постсовет макони, айниқса, Марказий Осиёда узоқ муддатли, кенг қамровли ва тарихий манфаати борлиги аниқ. Турклар анчадан бери Қримга қизиқиб келади. Улар ҳар доим ҳам бу қизиқишни сиёсатнинг реал натижасига айлантира олгани йўқ. Туркия ёрдамида айни қизиқиш ҳарбий маънода, маданий алоқалар орқали амалга ошган ягона мамлакат Озарбайжон бўлди. Ольга айтганидай, бунга Арманистоннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини айланиб ўта олган учувчисиз учиш қурилмалари эш бўлди. Айни ҳол бу урушни 2016 йилдаги урушдан ажратиб туради, деб ўйлайман. Бу дронлардан ташқари, Туркиянинг қўллаб-қувватлаши, ҳарбий хизматчиларни ўқитиши ва эҳтимол разведка маълумотларини бериб тургани баробарида ушбу мамлакатнинг Озарбайжонга кўрсатган дипломатия кўмаги ҳам ғалабани таъминлади. Лекин Ольгадан фарқли ўлароқ, шуни айтмоқчиманки, бу Россияни жуда қийин аҳволга солиб қўйди. Руслар воситачилик қила олишини намойиш этди, бироқ бунинг учун 6 ҳафта кетди. Олдинги вазиятларда улар томонларни музокара столига тезроқ ўтқазишга кўндира олган, масалан, 2016 йилда бунинг учун, бор-йўғи, 4 кун керак бўлган эди. Бу сафар Путин президент Алиев билан телефон орқали боғланиши учун 2 ҳафта вақт кетди. Арманистон мағлубиятга учрашига бир баҳя қолганда эса вазият бутунлай ўзгарди. Фақат Озарбайжон томони Россия вертолёти – тикучарини тасодифан уриб туширгандан сўнг россияликлар Бокуни музокарага кўндириш учун таъсир пишангларини ишга солиб юборди.

Бошловчилар: Россиянинг Туркияга таъсир ўтказиш имконияти мавжудми? Россия Кавказда Туркияга Москва ўрнатган муайян чегаралардан чиқмаган ҳолда ўз ўйинини ўйнашига рухсат бериши мумкинми?

Ольга Оликер: Туркия воситачилик қила олмасди, чунки арманилар бунга мутлақо йўл қўймас эди. Аслида Туркиянинг вазифаси Озарбайжонга кўмак беришдан иборат бўлди. Аммо бу музокара столидан жой ёки тинчликпарвар куч мақомини олиш учун етарли эмас.

Пол Стронски: Имзоланган битимга қаралса, унинг Озарбайжон, Арманистон ва Россия ўртасида тузилганини кўриш мумкин. Гарчи у тинчлик битими бўлса-да, унда ҳарбий ҳаракатларга чек қўйишга оид режалар аниқ-тиниқ баён қилинмаган. Бундан ташқари, Озарбайжон билан Туркия Озарбайжон ҳудудида жойлашадиган тинчликпарвар кучлар ташкил этиш ҳақида баёнот берди, лекин бу расмий битимга киритилмаган. Озарбайжоннинг урушда ғалаба қозонгани ҳатто бу мамлакатнинг ўзи учун ҳам кутилмаган ҳол бўлди.

Бошловчилар: Россия қайсидир маънода Хитойнинг минтақадаги иқтисодий таъсири ўсиши билан боғлиқ чекловлар ёки унинг муқаррарлигига рози бўляптими? Ва у бу ҳолни АҚШ ёки Европа Иттифоқининг минтақадаги таъсиридан кўра бошқачароқ қабул қиляптими? Москва Хитой билан Туркияни ҳамкорлик ва келишмовчиликларни бартараф қила оладиган шериклар деб биладими?

Ольга Оликер: Назаримда, Москва Хитойга узоқ истиқболдаги потенциал хавф ва муаммо, аммо яқин истиқболдаги жуда фойдали шерик сифатида қарашга мойил. Россия Туркия узоқ истиқболда ўзига реал таҳдид солишига ишонмайди. Турклар ўз тарафидан Россияга ҳам ҳамкорлик, ҳам келишмовчиликлар учун жой сифатида икки хил муносабатда бўлмоқда: “Муносабатларимиз яхши, келишмасликка келишамиз, баъзан ўзаро рақобат ҳам қиламиз. Сўнгра қайтиб, бошқа масалалар бўйича келишувларга эришамиз, бу жуда яхши иш беряпти”.

Пол Стронски: Бирдан-бир қўшимча қилмоқчи бўлган нарсам шуки, ушбу мамлакатларнинг ҳеч бири – на Туркия ва на Хитойнинг минтақани ўзгартириш бўйича бирор дастури йўқ. Улар бошқарув тизимини ўзгартиришга интилаётгани ҳам, Ғарб мамлакатлари сўраётган нарсалардан бирортасини илтимос ҳам қилаётгани йўқ. Бироқ Марказий Осиёдаги савдо-сотиқ ва инвестиция оқимлари тобора Хитой томон мўлжал олмоқда. Хитой Жанубий Кавказ мамлакатларида Туркия билан бирга етакчи савдо шериклари учталигига киради. Пекиннинг Украинадаги роли ҳам ошиб бормоқда, Беларусда эса бу таъсир иқтисодий соҳада ҳам камроқ. Шунинг учун буни узоқ муддатли силжиш деб аташ мумкин. Аммо Россия билан Хитойнинг минтақадаги барқарорликни сақлаб қолиш борасидаги уринишларида қандайдир умумий манфаатлари бор.

Бошловчилар: Айни пайтда россияликлар Москванинг ташқи сиёсатини қандай баҳоламоқда? Айрим сўров натижаларига кўра, россияликларнинг тахминан 70 фоизи мамлакатдаги турғун иқтисодий аҳволни ҳисобга олиб, Кремль ташқи сиёсатга камроқ аралашсин ва камроқ пул сарфлаши керак, деб ҳисоблайди.

Ольга Оликер: Бу масалада россияликларнинг фикрлари турлича. Россияликлар ўйинда қатнашиб туриши шарт деб, ҳисоблайдиган тафаккур мактаби борлиги аниқ: “биз ўйинда қатнашишни истаймиз ва ўйинда қатнашишимиз шарт. Биз буюк давлат бўлишни хоҳлаймиз”. Яна бир тафаккур мактабига кўра, хавфсизлик мамлакатнинг ўзидан бошланади, муносиб таълим, соғлиқни сақлаш тизими, янги йўллар ва ҳк. керак бўлади. Гарчи турли нуқтаи назарлар мавжуд бўлса-да, умуман олганда, россияликлар ҳам бошқа сингари ташқи сиёсат авантюрасига – агар улар оддий халққа тўғри тақдим этилса – берилиши мумкин. Гарчи Россиянинг Беларусда ҳарбий амалиёт ўтказишини (мабодо у жавоб амалиёти бўлмаса) тасаввур қилиш қийин бўлса-да, россияликлар бунақа масалаларда норозилик намойишларига чиқмайди. Улар иқтисодий масалалар бўйича норозилик билдиради.

Пол Стронски: Россия Арманистон билан Озарбайжонга тинчликпарвар отрядларни жўнатиши мумкин, аммо тиклаш ва реконструкция, миналардан тозалаш ва барқарорликни таъминлаш ишларига кўп пул сарфлаши даргумон. Россияликлар одамлар орасида эҳтимол тутилган қурбонлар сони ортиши – тобутлар кўпайиб кетишидан хавотирда. Бу ташқи сиёсат соҳасидаги қадамларни чеклаётгани аниқ. Россия бундан кейин ташқи сиёсат мақсадлари учун ҳозир сарфлаётганидан кўра кўпроқ пул сарфлайди, деб ўйламайман.

Бошловчилар: Ғарбнинг иттифоқчи мамлакатлари рўй бераётган воқеаларга қандай муносабат билдирмоқда?

Ольга Оликер: Европа мамлакатлари Россия билан Туркия муносабатлари даражаси, шунингдек, ЕХҲТ жараёни тўхтаб қолганига бир оз хавотир билан қарамоқда. Европа Тоғли Қорабоғда фақат реконструкция ишларига ёрдам бериши мумкин. Бироқ ЕИ жараёнда қатнашаётгани йўқ. Шу ўринда Беларусга нисбатан санкция қўллаш масаласи кўриб чиқилаётган пайтда Россия билан ҳамкорлик қилиш мумкинми, Россия билан муносабатларда умумий таранглик мавжудми, деган савол туғилади. Брюсселдаги ёки Европанинг бошқа мамлакатлари пойтахтларидаги бир оз вақт олдин, тўғриси, Тоғли Қорабоғ билан шуғулланган, аммо Арманистон ва Озарбайжон билан шуғулланмаган сиёсатчиларнинг ҳафсаласини нима пир қилмоқда? Назаримда, улар можаро узоқ давом этади, ҳеч ким ҳеч иш қилиши керак эмас, бу – нормал ҳолат, деб ўйлаган. Лекин энди вазият бутунлай ўзгариб кетди ва ўша сиёсатчиларнинг нима қилишни билмай боши қотиб қолди.

Бошловчилар: АҚШнинг минтақадаги роли қандай бўлиши керак? Қўшма Штатлар Тоғли Қорабоғ масаласида бутунлай четга чиқиб қолди. АҚШ билан ЕИ Беларусдаги вазиятда ҳам арзимаган роль ўйнади. Қўшма Штатларнинг имконияти борми ўзи?

Ольга Оликер: Тоғли Қорабоғ – Россия билан ҳамкорлик қилиш имконияти. Тан олиш керакки, Россия барча манфаатларига мос келадиган ишни бажардим, деса бўлади. Беларусда белорусларнинг ўзидан ўрнак олиш керак – Ғарбнинг бир қисми бўлмоқчимиз, деб айтаётгани йўқ. Улар Лукашенкодан қутулмоқчи, лекин можарода Вашингтон ёки Москвага ён босаётгани йўқ. Россиянинг, буларнинг бари Вашингтон билан Москва ўртасидаги кураш оқибати, қабилидаги баҳоналарини қўллаб-қувватламаслик фойдалироқ бўлур эди. Яъниким, томонларнинг бирортасини танлашга мажбур қилмай туриб, Молдовадаги сингари бевосита Шарқ ёки Ғарбга тааллуқлиликни писанда қилмай, ўзига хос технократик шаклни рағбатлантириб, кўмак бериш мумкин. Биз ушбу мамлакатлар ҳеч қайси томонга силжий олмаслигини, Россия ҳам силжимаслигини тушуниб олишимиз шарт. Бинобарин, улар modus vivendi[1]ни топа билиши керак.

Пол Стронски: Марказий Осиёни олиб кўрайлик. У ерга Қўшма Штатлардан етиб бориш учун 2 кун керак бўлади. Минтақа Қўшма Штатлардан жуда узоқ, савдо-сотиқ ва инсоний мулоқотларимиз жуда чекланган. Фикримча, Америка билан Россия ёки АҚШ билан Хитой ўртасидаги ёмон муносабатлар триангуляцияси – уч бурчаги ушбу мамлакатларнинг кўпчилигига зарар келтираётгани аниқ, улар қўшни мамлакатлар билан муносабатларда манёвр қилишга мажбур. Лекин Ўзбекистон билан Қозоғистонни, уларнинг минтақада етакчи бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ҳам мумкин.

Манба: uzanalytics.com


[1] Modus vivendi (лот.) – ҳаёт тарзи; дипломатик атама бўлиб, кейинчалик вақтинчалик ёки дастлабки келишувларни бошқа, доимий ёки батафсилроқлари билан алмаштириш кўзда тутиладиган ҳолатни англатиш учун қўлланади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.