Ўзбекистондаги тиббиёт ходимлари назарида 2020 йил Сovid-19 пандемияси соясида ўтди. 

15 март, соат 6.00. Вирусология Институти лабораториясида Франциядан қайтган Ўзбекистон фуқаросида илк бор Covid-19 коронавируси аниқланди.

Шу куниёқ Covid-19 вирусини Ўзбекистонга олиб кирилиши ва тарқалиши бўйича Республика Махсус Комиссияси раҳбари, бош вазир Абдулла Арипов Ўзбекистон бошқа давлатлар билан ҳар қандай алоқаларни тўхташини эълон қилди. Давлат ташкилотларидаги оммавий тадбирлар ва йиғилишлар бекор қилинди. Ўқув муассасалари масофадан туриб ўқитилиш тизимига ўтказилди. Тиббий ниқоблар ишлаб чиқариш 10 баробарга оширилди. Шу дақиқадан бошлаб Ўзбекистондаги барча тиббиёт ходимлари эпидемияни назорат қилишга сафарбар қилинди.

14 МАРТ 2021 ЙИЛ ҲОЛАТИГА КЎРА ДУНЁ БЎЙИЧА вирус билан асалланганлар сони 119 миллион 281 кишини ташкил этди, шу билан бирга ушбу вирусдан 2 миллион 653 минг 641 киши вафот этди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мълумотларига кўра, Ўзбекистонда 14 март куни коронавирус юқтириб олганлар сони 111 кишини, ўтган йилнинг 15 март кунидан буён эса касалланганларнинг умумий сони  80678 кишини ташкил этди, коронавирусдан тузалганлар сони эса расмий маълумотларга кўра, 79331 кишидан иборат бўлди. Ҳозирги пайтда коронавирусдан даволанаётганлар сони 725 нафар, улардан 141 нафарининг аҳволи оғир, 23 бемор эса ўта оғир аҳволда.

    Ўзбекистон Республикасида шифокорларнинг умумий сони 84,1минг кишини ташкил этади, улардан 51,4 фоизи (43,2 минг) аёллар ва 48,6 фоизи (40,9 минг)  эркаклардир. Эркак ва аёл шифокор-мутахассисларнинг асосий қисми Тошкент шаҳрида кузатилади, қиёсан – 6842 та эркаклар ва 12325 та аёллар.

2020 йилнинг июль ойида Covid-19 га қарши кураш штаби аъзоси профессор Хабибулло Оқилов https://www.gazeta.uz/uz/coronavirus/ нинг сўзларига кўра, “Ўзбекистонда 540 нафардан зиёд тиббиёт ходимлари коронавирус инфекциясини юқтириб олдилар. Улардан 2 киши Covid-19 туфайли вафот этгани расман қайд этилди”.

Тошкентлик шифокор гастроэнтеролог Гулнора Имомназарова коронавирусдан вафот этган тиббиёт ходимларига оид шахсий рўйхатини тузиб чиқди. Бу рўйхатда 42 нафар тиббиёт ходимларининг номлари бор. (https://www.facebook.com/1781453918/posts/10213598523275690/)

2020 йил 3 сентябрда Amnesty International  тадқиқот натижаларини эълон қилиб, https://archive.is/7Nct1  дунё бўйича пандемия туфайли вафот этган тиббиёт ходимларининг сони 7 мингдан ортиқ эканини эътироф этди. Ушбу тадқиқотда иштирок этган 63 мамлакат ва минтақаларнинг деярли барчасида пандемияга қарши курашган тиббиёт ходимлари шахсий ҳимоя воситалари билан етарлича таъминланмагани аниқланган. Сентябрь ойида ўтказилган сўровномага кўра, биргина Мексиканинг ўзида тахминан 1320 та тиббиёт ходимлари вафот этган.

Пандемия даврида касалланиш ва ўлим ҳолатлари энг юқори бўлган АҚШда 1077 нафар, Бразилияда эса 634та  тиббиёт ходимлари қурбон бўлдилар. Amnesty International

маълумотига кўра, Жанубий Африкада 240 нафар, Хиндистонда эса 573 нафар тиббиёт ходимлари дунёдан кўз юмган.

Мен – Шохида Матфозилова, 1974 йилда туғилганман. Тиббиёт ҳамшираси сифатида умумий иш стажим – 20 йил. Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида яшайман ва ишлайман.

Мен Ўртасарой (Тошкент вилояти)даги карантин марказида 14 кун ишладим. Ўнгра юқумли касалликлар шифохонасида ҳам ишладим. Ковид марказида ишлаганимнинг бир неча сабаблари бор. Асосий сабаби: Ковид жараёнининг қандай кечишини ўз кўзим билан кўрмоқчи бўлдим. Касаллик симптомлари ва албатта моддий жиҳати ҳам менга қизиқ туйилди.

Бир вақтнинг ўзида ҳам қўрқдим, ҳам қўрқмадим. Ковид марказида Рентген тасвири билан шуғулландим. Эрталаб соат 8:00 дан 17:00 гача ишладим. Эрталаб кийиниб, кейин беморларни рентгенга тушира бошлардим.

Биринчи ўлимни кўрганимда тўғриси озроқ шокка тушдим. Аслида биз тиббиёт ходимлари учун ўлим кутилмаган ҳолат эмас. Шунга қарамаслан барибир бироз қўрқдим. Чунки бугун бор инсон эртага йўқ бўлиб қолиши…

Беморларнинг руҳи тушиб кетганди. Уларда жуда кучли қўрқув бор эди. Биз уларга “Йўқ, ўзингизни қўлга олинг. Бу касаллик билан кўпчилик касалланяпти, кейин тузалиб кетяпти”, деб далда берардик. “Соғлиғингизни, сизни кутаётган инсонларни ўйланг”, деб шу тарзда суҳбат олиб борардик. Уларнинг руҳиятига яхши таъсир кўрсатиши учун ” Сиз ҳеч ҳам хавотир олманг, бу тузалмайдиган касал эмас. Тузалиб кетасиз”, дердик.

Ўзим Коронавирус касаллиги билан касалландимми, йўқми, буни аниқ айта олмайман. Чунки топширган тестларимнинг ҳаммаси манфий чиқди. Тест топширган вақтимда касаллангандим, деб айта олмайман. Касаллик симптомлари бўлди, лекин сезиларли даражада эмас. Бу нарсадан ҳаёт жуда қисқалигини англадим.

Асосий мен учун сабоқ бўлган нарса яқинларимизнинг қадрига етишимиз керак экан. Айниқса, ота- оналаримизни. Уйга қайтиб, онажонимнинг қадрини билдим. “Онажоним, бахтимизга омон бўлинг,” дедим.

Ковид марказида ишлаганимдан кейин ҳаётга бошқача қарайдиган бўлдим. Арзимаган нарсаларга эътибор бермаслик кераклигини, энг қимматлиси ҳаёт эканини ўргандим. Ҳаёт жуда ҳам гўзал ва бебаҳо эканлиги билдим. Ҳозирда болалар шифохонасида рентгенда бўлимида ишлаяпман. Ҳаётим олдингидек. Фақат ҳаётга қарашларим ўзгарди.

COVID – 19 касалларини даволаган, кейинчалик ўзи ҳам касалликка чалинган Нодира Султонованинг бошидан кечирганлари (Шифокорни исми узгартирилган ўзини ҳоҳишига кўра)

Мен 26 йилдирки, Андижон шаҳридаги шаҳар касалхонасида ишлайман. Врач-кардиологман. Карантин бошлангандан сўнг бизнинг касалхона Ковид-марказга айлантирилди в биз 3 ой ишламадик. Сўнгра мен ва бошқа хамкасбларим ҳам ковид-марказда ишлашга қарор қилдик. Биринчидан, бизга пул керак эди. Оилам катта ва албатта шунга яраша харажатлар ҳам катта бўлади. Менинг 2 ўғлим ва 2 келиним, 4та набирам бор. Эрим 4 йил аввал автохалокатда вафот этган ва шундан бери барча иқтисодий харажатлар менинг бўйнимда қолган.

Ўғилларим иккиси ҳам магистратурада ўқишади. Бир келиним мен билан бирга ишлайди, иккинчиси эса – уй бекаси. Шунақа. Иккинчидан эса, ўзим 26 йил меҳнат қилган касалхонада ишлагим келди. Ўйлаб қаралса, бу менинг ҳам касалхонам, ҳозир туманлардан келган қандайдир шифокорлар келиб, коронавирус касалларига қарашяпти.
Тўғрисини айтсам, марказга кириш осон бўлмади. Чунки у ерда ишлаш истагини билдирганлар ниҳоятда кўп эди. Навбат жорий қилинган. Рўйхатни врачларнинг мутахассислигига биноан тузишди.

Ниҳоят, 1 август куни илк бор Ковид-марказга кирдим. Қўрқинч бор эди, албатта. Мен коронавирус юқтириб олишдан қўрқдим. Касаллар кўп эди. Биз суткасига 15-16 соатдан ишладик. Шундоқ полда ёки стулларда ухладик. Чунки биз шифокорлар учун алоҳида хона ҳам, кроват ҳам йўқ эди. Марказда бўлиш ўлимдан баттар туюлган. Биз тушда юрган каби ишладик 15 кун.

Кун тартиби бир хил эмасди. Мен врач-кардиолог сифатида доим қабулхонада ишладим. Биз бу ерда 4 хил мутахассисликдаги врачлар ишладик. Соат эрталабки 6да иш жойимда бўлардим. Соат 9лар атрофида нонуштага борардим, бу пайтда менинг ўрнимда бошқа шифокор ишлаб турарди. Сўнг баъзан соат 13га қадар палаталарга кириб кўрик ўтказардим. Тушликдан сўнг соат кечки 6ларга қадар яна қабулхонада ишлардим. Агар бу пайтда касаллар кўп бўлса, кечки овқат бўлмасди. Соат 10 ёки 12 ларда бир неча соат ухлаб олиш мумкин эди.

Бизнинг яқинларимиз, фарзандларимиз бизга овқат келтиришарди. Чунки касалхона овқати билан биз узоққа бормаган бўлардик. Бу ердаги овқат жуда ёмон эди, бизга эса кучли бўлиш зарур эди. Биринчи бор коронавирус қурбонини кўрганимда йиғлаб юборганман. У ёшгина аёл эди. Уни мен ва яна бир шифокор даволадик. У хомиладор эди. Мен у билан доимо сухбатлашардим, уни кўнглини кўтарардим. Унга, агар қиз фарзанд кўрса, унинг исмини менинг шарафимга Нодира деб аташини айтардим. “Ахир мен уни қутқариш учун шунча ҳаракат қиляпман!” деб хазиллашардим. Лекин у ваот этди ва мен 3 кунгача йиғлаб юрдим. Мен бунга қадар бўлимимизда ўлим бўлса ҳеч йиғламасдим. Бу воқеа менда илк бора содир бўлди.
Ниҳоят ковид-марказдан чиқдик ва бизларни карантин зонага олишди. Аммо мен коронавирус юқтириб олган эканман ва мени яна ўша – ўзим ишлаган ковид-марказга олиб боришди – бу сафар коронавирус бемори сифатида. Менинг аҳволим оғир эди. Мен нафас олишга жуда қийналардим.Орадан 10 кун ўтиб у ердан чиқдим. Шундан сўнг менда нимадир ўзгарди, фикрлашимми ё ҳаётимми. Энди касалхонада бирор бемор вафот этса, ёш боладек йиғлайдиган, кўз ёшларимни тўхтата олмайдиган бўлиб қолдим. Кўнглим бўшашгандек. Ўғлим шундай дейди. Ҳозир ҳам шу ерда ишлаяпман. Касалхонамиз яна аввалгидек, шаҳар бўлимига айланди.

 Шойира Нусратова таёрлади

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *