БМТ минбарида нутқ сўзлаган илк ўзбек дипломати ёки ташкилотнинг Ўзбекистон билан алоқалари тарихи

Муаллиф: Ойбек Абдимўминов – тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ илмий ходими

Алоқалар тарихига назар

Ўзбекистон ташқи сиёсати тарихида 1944 йил Ўзбекистон ССР Министрлар Кенгаши қошида Ташқи савдо министрлиги ваколатли Бошқармаси тузилди ва шу йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон ССР Ташқи ишлар Халқ Комиссарлиги ташкил қилиниши ҳақида Қонун қабул қилинди. Иттифоқдош республикаларда Ташқи ишлар вазирлигини ташкил этиш ҳақидаги қарор СССРнинг геосиёсий манфаатларидан келиб чиққан бўлиб, Иккинчи жаҳон уруши охирларида вужудга келган халқаро муносабатлар тенденцияси, жумладан, БМТнинг ташкил топиши билан боғлиқ эди. Яъни янги ташкил топаётган халқаро ташкилотнинг низомига мувофиқ унга мустамлака давлатлар ва қарам ҳудудларнинг кириш ҳуқуқи йўқ эди. СССР ўз таркибидаги давлатларни ҳам БМТга кирита олса ташкилотда  катта нуфузга эга бўлишини кўзлаб ҳар бир республикада Ташқи ишлар министрликларини ташкил этади. Бироқ СССРнинг бу борадаги ҳаракатлар самарасиз якун топди. 1945 йил октябрь ойида БМТ ташкил қилинганда, унинг таркибига СССР, Украина ва Белоруссия киради, қолган республикаларга, шу жумладан, Ўзбекистон ССРга рад жавоби берилди[1]. Бунга қарамай иттифоқдош республика Ташқи ишлар министрликлари тарқатилмади, лекин улар ташқи сиёсий муносабатларда эркин фаолият юрита олмасдилар.

БМТни ташкил этиш жараёнида СССР делегацияси таркибида Ўзбекистон вакиллари йўқ эди. Бироқ Ўзбекистон ССРнинг БМТ фаолиятида илк бор иштирок этиши 1950 йилдан бошланади. Айнан шу йили Ўзбекистон ССР Ташқи ишлар министри, тарих фанлари доктори, профессор Абдусамад Бобохўжаев СССР делегацияси таркибида БМТ Бош Ассамблеясининг V сессиясида қатнашиб, Ўзбекистон ССР номидан нутқ сўзлайди ва БМТ минбаридан нутқ сўзлаган биринчи ўзбек дипломати бўлди.

Шундан сўнг бир неча йил давомида Ўзбекистон вакиллари БМТ Бош Ассамблеясининг сессияларида иштирок этиб нутқ сўзлашди. Шу билан бирга, Тошкент шаҳри халқаро форумлар ва симпозиумлар марказига айланиб бораётган эди. 1965-1975 йилларида Тошкентда 70 та халқаро семинар ва анжуманлар ташкил этилган. Улар асосан маданий ва илм-фан соҳасидаги тадбирлар эди.

Абдусамад Бобохўжаев 1950 йил БМТ Бош Ассамблеясининг V сессиясида (чапдан учинчи), манба: Ўзбекистон Марказий давлат архиви

Ўзбекистоннинг совет даврида БМТ билан муносабатлари гарчи норасмий бўлсада, ташкилот Бош котибининг илк маротаба мамлакатга ташрифи муҳим тарихий воқеа бўлди. БМТ Бош котиби Курт Вальдхайм 1972 йил 19-20 июль кунлари Москвага расмий ташриф доирасида норасмий визит билан Ўзбекистонда бўлади[2].

БМТ Бош котиби Курт Вальдхайм Бухорода, манба: Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари Марказий давлат архиви

Курт Вальдхайм ўз ташрифи доирасида икки кун давомида Тошкент, Бухоро, Самарқанд шаҳарларида бўлиб, тарихий обидалар билан танишади. Бош котиб Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий меросини дунё тамаддунининг ноёб дурдонаси сифатида эътироф этади[3]. Курт Вальдхайм Ўзбекистонга ташриф буюрган биринчи БМТ Бош котиби бўлган. Бу Ўзбекистон учун ўзига хос сиёсий ва тарихий воқеа эди. Бироқ унинг Ўзбекистонга ташрифи матбуот саҳифаларида етарлича ёритилмайди. Фақатгина “Правда Востока” ва “Совет Ўзбекистони” газеталарининг 1972 йил 21-22 июль[4] сонларида хабар рукнида жуда қисқа маълумот бериб ўтилади.

ЮНЕСКО ҳамкорлигида буюк алломалар таваллуд саналари жаҳон миқёсида нишонланган. 1975 йилда Абу Наср Форобийнинг 1100 йиллиги, 1976 йилда Амир Хусрав Деҳлавий таваллудининг 700 йиллиги, 1977 йилда Абу Райҳон Беруний, 1980 йилда Абу Али ибн Сино таваллудининг 1000 йиллиги, 1983 йилда эса Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий таваллудининг 1200 йиллиги нишонланган.

Ўзбекистон Совет иттифоқи даврида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда амалга оширган сўнгги йирик тадбир бу 1983 йилда Тошкент шаҳрининг 2000 йиллик юбилейининг[5] нишонланиши бўлди. Тадбирда ЮНЕСКОнинг 1974-1987 йиллардаги Бош директори сенегаллик Амади Махатр М’`Боу иштирок этиб, Тошкент шаҳрининг фахрий фуқароси медали ва дипломи[6] билан мукофотланди. Шунингдек, йиғилишда Шароф Рашидов иштирок этиб нутқ сўзлайди[7] ва у иштирок этган сўнгги халқаро тадбир эди.

 

 

 

БМТ Бош котиби Курт Вальдхайм Бухорода, манба: Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари Марказий давлат архиви

БМТ Бош котиби Курт Вальдхайм Самарқандда, манба: Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари Марказий давлат архиви
Тошкент. ЮНЕСКО Бош директори Амади Махатр М`’Боу ва Шаров Рашидов, манба: Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари Марказий давлат архиви

 

Манба: Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари Марказий давлат архиви

Мустақил Ўзбекистоннинг БМТга аъзо бўлиши

Ўзбекистон БМТга 1992 йил 2 март куни қабул қилинди ва 1993 йил 24 октябрда Тошкентда Холид Малик бошчилигида БМТнинг ваколатхонаси иш бошлади.

Ўзбекистоннинг БМТ билан ўзаро ҳамкорлигининг устувор йўналишлари сифатида минтақавий хавфсизлик, таҳдидларга қарши курашиш, экологик муаммоларни бартараф этиш, таълим, фан ва маданиятни ривожлантириш, миллий анъаналар, тарихий шахслар ва меъморий ёдгорликларни асраш, қайта тиклаш, уларни умумбашарий қадриятлар сифатида жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини эътироф этиш каби йўналишлар белгиланди.

Ўзбекистонда БМТнинг БМТ Тараққиёт Дастури, ЮНЕСКО, ЮНФПА, ЮНИСЕФ, ЖССТ, ЮНДОК, БМТнинг Ахборот ва ижтимоий алоқалар бўйича бўлими, ЮНИДО, БМТ Кўнгиллилар дастури, БМТ Жаҳон Банки, БМТ Озиқ-овқат ташкилоти (ФАО) каби ихтисослашган ташкилотлари фаолият олиб боради.

Ўзбекистон БМТнинг инсон ҳуқуқларига оид 70 дан ортиқ халқаро шартномаларни ратификация қилган. 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси” (Universal Declaration of Human Rights)га қўшилган ва миллий қонунчилик БМТнинг халқаро меъёрлари асосида ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлиги ҳар доим ҳам “бир текис” ривожланмаган. Хусусан, 1992-2000 йилларда Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий имкониятларидан фойдаланишга ҳаракат қилди, минтақавий ва глобал муаммоларга ташкилотдан “халқаро минбар” сифатида мурожаатлар йўллади. Бироқ кейинги йилларда ўзаро муносабатларда турғунлик даври вужудга келди. Бу асосан, 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин юз берди, ташкилотнинг айрим тузулмалари Ўзбекистонга инсон ҳуқуқлари бузулиши сифатида қаради. Бу эса ўз навбатида ўзаро муносабатларнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатди. Шунингдек, инсон ҳуқуқларига оид халқаро меъёрларнинг бузилиши (сиёсий маҳкумлар, болалар меҳнати, мажбурий меҳнат, сўз эркинлиги, одил судлов кабилар) асосида халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистонга бир қатор эътирозлар билдирилди, пахтага бойкот эълон қилинди. Ўзбекистон раҳбарияти 2000 йилдан кейин 10 йил давомида БМТ Бош Ассамблеяси ялпи йиғилишларида иштирок этмади.

2010 йил Қирғизистон Республикаси жанубидаги Ўш ва Жалолобод вилоятларида юз берган воқеаларда Ўзбекистоннинг фаол ҳаракати ва ёрдами ўзаро муносабатлардаги турғунлик ҳолатидан чиқиш ва ривожлантиришга сабаб бўлди. Бироқ, бунга қарамай Жаҳон Банки, Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки, Халқаро Меҳнат ташкилоти, Инсон ҳуқуқлари комиссияси каби бир қатор ташкилотлар билан ўзаро муносабатларда ижобий ўзгаришлар юз бермади. Шундан сўнг 2016 йилга келиб ҳокимият алмашиниши натижасида инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон ва БМТ ўртасида муаммоли масалалар ўз ечимини аста-секин топа бошлади. Жумладан, буларни БМТ рўйхатидаги бир қатор сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши, халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир чора-тадбирларни кучайтириш, фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссиясининг тузилиши, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга чек қўйилишига ҳаракатларнинг амалга оширилишида кўриш мумкин. 2017 йилнинг 10-12 май кунлари илк маротаба Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн фикрича, “охирги йиллар давомида Ҳукумат инсон ҳуқуқлари бузилишининг энг чуқур ўрнашиб қолган ҳолатларини йўқ қилишга қаратилган жиддий чора-тадбирларни мунтазам равишда амалга оширишга қодирлигини исботлади[8].

Ўзаро муносабатларнинг устувор йўналишлари

Ўзбекистон БМТ доирасида бир неча глобал ва минтақавий аҳамиятга эга ташаббусларни илгари суриб келяпти. Марказий Осиёни ядро қуролидан холи ҳудуд сифатида эътироф этиш, Афғонистонда тинчликни ўрнатиш, минтақада терроризм, экстремизм иллатлари, экологик муаммолар, Орол фожиаси оқибатларини олдини олиш каби масалалар шулар жумласидандир.

Ўзбекистон БМТ доирасида афғон можаросини ҳал қилишнинг бош тарафдори сифатида 1997 йилда “6+2 гуруҳи” мулоқот гуруҳини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Ушбу форматда 1999 йил июлда Тошкентда ташкил этилган учрашувининг энг катта ютуғи – Афғонистондаги икки асосий гуруҳ, яъни “Толибон” ҳаракати ва унга қарши коалиция Афғонистон Бирлашган Фронти вакилларини илк маротаба бир стол атрофида музокаралар учун тўплади. Бироқ, “6+2” мулоқот гуруҳи Афғонистонда уруш ва нотинчликни бартараф этиш борасидаги сўнгги манзил эмас эди. Чунки афғон муаммоси ўзининг ижобий ечимини топмади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон 2008 йил апрелда НАТО саммитида ушбу муаммо бўйича музокаралар жараёнида НАТОнинг ҳам иштирок этишини назарда тутиб, “6+2” мулоқот гуруҳини “6+3” гуруҳига айлантириш зарур, деган янги ғояни илгари сурди. Бироқ ушбу формат амалиётга татбиқ этилмади. Ўзбекистон бугунги кунда ҳам афғон муаммоси юзасидан БМТ доирасида янги ташаббусларни илгари сурмоқда.

Марказий Осиёни ядро қуролидан холи ҳудуд сифатида эътироф этиш ғояси илк бор Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И. Каримов томонидан 1993 йил сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида илгари сурилган. Шундан сўнг 1997 йил Марказий Осиё мамлакатлари бошлиқлари йиғилишида ташаббуси қўллаб-қувватланган “Олмаота Декларация”си имзоланди. Марказий Осиё мамлакатлари, БМТ ва МАГАТЭнинг биргаликдаги узоқ меҳнатидан сўнг 2006 йил “Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд яратиш тўғрисида”ги шартнома имзоланди ва шу йилнинг март ойидан бошлаб ушбу шартнома тўлиқ кучга кирди.

Бундан ташқари Ўзбекистон БМТ билан минтақада терроризм, экстремизм иллатлари, экологик муаммолар, Орол фожиаси оқибатларини олдини олиш каби масалалар юзасидан ҳам алоқаларни йўлга қўйган.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик

Ўзбекистон Республикаси фан, таълим ва маданият масалаларида ҳам БМТ ва унинг ихтисослашган ташкилотлари билан фаол алоқаларни олиб бормоқда.

ЮНЕСКОнинг “Бутунжаҳон мероси” (World Heritage List)[9] рўйхатига Ўзбекистондан Хивадаги Ичан қалъа (1990 й), Бухоро (1993 й) ва Шаҳрисабз шаҳарлари тарихий маркази (2000 й), Самарқанд маданиятлар чорраҳаси (2001 й), Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон қўшма номзодлигида Ғарбий Тянь-Шан тоғлари (2016 й) киритилган. Ушбу рўйхатда “Хавф остидаги” маданий-мерос объектлари категорияси ҳам мавжуд, унга жаҳондан 53 та объект киритилган. 2016 йил ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 40-сессиясида Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий маркази Хавф остидаги жаҳон мероси рўйхатига киритилди[10]. Мазкур тарихий объектни рўйхатдан чиқариш бўйича бир неча тадбирлар амалга оширилди. Бироқ бу объект ҳануз Марказий Осиёдаги мазкур рўйхатга киритилган ягона тарихий-маданий мерос бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, ўтган яқин йилларда Самарқанд шаҳридаги тарихий ЮНЕСКО рўйхатига киритилган объектлар бўйича ҳам айрим муаммолар юз берди.

2013 йил Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон қўшма номзодлигида Буюк Ипак йўли ушбу рўйхатга киритилган. Бироқ Ўзбекистон, Туркманистон ва бошқа давлатлар ҳам Ипак йўлининг тарихий ватани ҳисобланади. Демак, уни халқаро миқёсда ушбу рўйхатга киритиш унинг илмий ва маънавий қийматини янада оширишга хизмат қилади. Ўзбекистонда миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясида давлатлараро қўшма лойиҳа доирасида Буюк Ипак йўлининг мамлакатимиздан ўтган қисмини “Ипак йўли: Зарафшон дарёси воҳаси” ва “Ипак йўли: Фарғона – Сирдарё ҳавзаси” номи остида ЮНЕСКОнинг “Бутунжаҳон мероси” рўйхатига киритиш режалаштирилган. Ўзбекистондаги кўплаб тарихий-маданий ёдгорликлар ЮНЕСКОнинг дастлабки рўйхатда (Tentative Lists)[11] номзод сифатида турибди. Навоий вилоятидаги Сармишсой, Тошўрмон ва Сурхондарё вилояти Бойсун тоғларида жойлашган Зараутсой қоятош суратларини ҳам ушбу рўйхатга киритиш мумкин.

Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ҳамкорлигида 1994 йилдан 2010 йилга қадар 6 нафар тарихий шахс, 8 та қадимий шаҳар, 1 та халқ эпоси, 1 та қадимий тарихий мерос ва 1 та тарихий-илмий муассасаларнинг юбилей саналари халқаро миқёсда нишонланди. Бироқ 2009 йилдан буён ЮНЕСКО доирасида бундай тадбирлар ўтказилмаган. Ўйлайманки, Беруний, Хоразмий, Ибн Сино, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби алломалар, Андижон ва Термиз, Кармана, Қўқон шаҳарларининг юбилей саналарини ЮНЕСКО ҳамкорлигида халқаро миқёсда нишонлаш мақсадга мувофиқдир.

ЮНЕСКО Инсоният номоддий маданий мероси (Intangible Cultural Heritage)[12] дурдоналари рўйхатига Бойсун минтақаси маданий муҳити, Шашмақом (2008 й), Катта ашула (2009 й), Аския (2014 й), Наврўз, Палов маданият ва анъанаси (2016 й), Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази, анъанавий технологияларни ишлаб чиқарувчи атлас ва адрасларни ҳимоя қилиш (2017 й), Лазги (2019 й) киритилган. Ушбу рўйхатга ўлан, достончилик, бахшичилик, лапар, тановор, кўпкари, халфачилик, миллий таомлардан сумалакни киритиш Ўзбекистон тарихи ва маданиятини халқаро миқёсда тарғиб этишда катта ҳисса бўлади, деган фикрдаман.

Муносабатларнинг янги босқичи ва формати

Ўзбекистон Республикасининг БМТ билан муносабатларида 2016 йилнинг иккинчи ярмидан янги тенденциялар ва ўзаро муносабатларда янги босқич бошланди. Бунга Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди. Халқаро экспертларнинг таъкидлашича,14 Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган чора-тадбирлар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари глобал дастури билан уйғундир ва бу ушбу глобал дастурларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг йўл харитасидир. Бунга асосан, Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятида, жаҳонннинг ривожланган мамлакатлари ва халқаро ташкилотлари хусусан, БМТ билан муносабатларида янги саҳифа очилди.

2017 йил Ўзбекистон ва БМТ муносабатларида самарали йил бўлди. 2017 йил 10 июнда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. 2017 йил 19 сентябрда Шавкат Мирзиёев БМТнинг 72–сессиясида нутқ сўзлади. Ўзбекистон Президенти ўз нутқида мамлакат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётидаги ўзгаришлар ҳамда аниқ ва асосли манбаларга эга бир нечта ташаббусларни илгари сурди. Ўзбекистон Президентининг нутқи мавжуд муаммоларга маҳаллий, минтақавий ва глобал даражада аҳамият қаратиб, уларнинг ечимига прагматик ёндашилганлиги билан алоҳида аҳамият касб этди. Жумладан, Ўзбекистон ташаббуси билан 2018 йил 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш”ҳамда 2018 йил 12 декабрда “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциялари қабул қилинди.

Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ доирасида 2017 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий кeлажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик”, 2018 йилнинг 27 март куни “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусида халқаро анжуманлар ташкил этилди. Ушбу тадбирлар минтақавий масалаларга глобал даражада ечим топишга йўналтирилган халқаро аҳамият касб этди. Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилаб олинган Марказий Осиё минтақасидаги барқарор тараққиёт масалаларига БМТ доирасида қараш халқаро ҳамжамиятдаги имижга ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақада БМТ доирасида тинчлик ва барқарорликни мустаҳакамлаш учун ҳаракатлари мамлакатнинг нафақат сиёсий нуфузини балки, иқтисодий, энергетика, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларидаги ривожланишни янада жадаллаштиришга ҳам қаратилган.

Ўзбекистонинг БМТ доирасидаги халқаро ва минтақавий ташаббуслари

  • Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд яратиш ташаббуси илгари сурилди ва бу борада махсус шартнома имзоланди.
  • Афғонистон муаммоси бўйича “6+2” мулоқот гуруҳи ташкил этилди.
  • Марказий Осиёда тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш борасида ўзаро ҳамкорликда йирик тадбирлар амалга оширилди.
  • БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди ташкил этилди.
  • БМТ Бош Ассамблеясида “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси қабул қилинди.
  • БМТ Бош Ассамблеясида “Маърифат ва диний бағрикенглик“ деб номланган махсус резолюция қабул қилинди.
  • Ўзбекистон тарихий-маданий мероси ЮНЕСКО рўйхатларига киритилиб, халқаро тарғиб этилди.

Ҳамкорлик истиқболлари ҳақида

Ўзбекистон БМТ билан ҳамкорликда янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириши мақсадга мувофиқдир. Сўнгги йилардаги ўзгаришлар БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йилларга сайланиши учун Ўзбекистон номзодини илгари суришга имкон яратди. Бу БМТга аъзо давлатларнинг Ўзбекистон номзодини қўллаб-қувватлашга эришиш учун улар билан фаол музокаралар олиб боришни талаб қилади. БМТ доирасида рақамли иқтисодиёт, рақамли дипломатия, туризм ва бошқа соҳаларни ривожлантириш учун жаҳон тажрибасини ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиши мумкин. Шунингдек, мамлакатда амалга оширилаётган янгиланишлар Ўзбекистон номзодини БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзолигига ҳам илгари суришга имконият яратмоқда. Бу унинг халқаро имижини янада оширишга хизмат қилади.

 

Манба: uzanalytics.com

______________________________________________________________________________________________________________________________________________

[1] Рахимов М. Процесс создания МИД со­вет­ских республик в 1944-1945 гг. Цен­т­ральная Азия: акту­альные проблемы и перспективы инте­гра­ции // Евразийский Нацио­нальный Уни­вер­ситет. Астана, Казах­стан. 2010. -С. 26-32.

[2] ЎзР МДА Р-2037-фонд, 7-рўйхат, 392-йиғма жилд, 1-16-варақлар.

[3] ЎзР МДА Р-2037-фонд, 7-рўйхат, 392-йиғма жилд, 15-варақ.

[4] Курт Вальдхайм в Ташкенте // Правда Востока. 1972 год, 21 июль; Знакомство с Узбекистаном // Правда Востока. 1972 год, 22 июль; Курт Вальдхайм Тошкентда // Совет Ўзбекистони. 1792 йил, 21 июль; БМТ Бош секретари Ўзбекистон билан танишмоқда // Совет Ўзбекистони. 1792 йил, 22 июль.

[5] ЎзР МДА Р-2037-фонд,7-рўйхат, 608-йиғма жилд, 8-10-варақлар.

[6] ЎзР КФФҲ МДА. Фотохроника бўлими. № 20-халқаро алоқалар йиғма жилди. Инв. №128859.

[7] ЎзР МДА Р-2037-фонд,7-рўйхат, 608-йиғма жилд, 100-111-варақлар.

[8] http://www.un.uz/uzb/news/display/211

[9] https://whc.unesco.org/en/list/

[10] http://www.unesco.org/new/en/media–services/single–view/news/historic_centre_of_shakhrisyabz_uzbekistan_added_to_list_o/#.V4aSUPmLQol (14.07.2016)

[11] http://whc.unesco.org/en/tentativelists/state=uz

[12] https://ich.unesco.org/

14 http://www.uza.uz/oz/politics/ekiston-respublikasi-oliy-mazhlisi-senatining-n-ikkinchi-ya-04-10-2017

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.