Британия кутубхонасининг туркий коллекцияси. Майкл Эрдман билан интервью

Британия кутубхонасининг турк ва туркий коллекцияси Буюк Британиядаги турк ва туркий дунёнинг энг йирик қўлёзмалар ва босма ашёлар йиғмасидир. Улар жуда узоқ даврни: кўҳна туркий рун ёзуви бўлакларидан тортиб, Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва Ҳиндистон шимолидан топилган кўҳна туркий, усмонли ва чиғатой тилидаги қўлёзмаларгача, яна дунёнинг турли бурчакларидаги туркий жамоатнинг замонавий мақолаю нашрларини қамраб олиши билан ҳам аҳамиятлидир

Фан доктори Майкл Жеймс Эрдман Британия кутубхонасидаги турк ва туркий коллекцияларни 2015 йилдан бери бошқариб келади. У Осиё ва Африка тадқиқотлари мактаби (SOAS) учун ёзган докторлик диссертациясида СССРдаги Марказий Осиё тарихи ва Туркия Республикасидаги мафкура, сиёсат ва илм-фаннинг ўзаро муносабатларини ўрганган эди. Олим Марказий Осиё таҳлилий тармоғига (CAAN) берган интервьюсида кутубхона коллекциясининг ўзига хос жиҳатлари, замонавий санъат ҳақидаги каталоглар билан ишлаш, шунингдек, Марказий Осиёнинг советлардан олдинги давридаги тиллари ҳақида ҳикоя қилади. Тадқиқотчи яна сарт тили ва сартлар нега унут бўлгани, нега авторитар режимлар ҳукмрон мамлакатларда тарихни ўрганиш аксарият ҳолларда соф илмий услубларга таянмаслиги хусусида фикр юритади.

Майкл Жеймс

‒ Британия кутубхонасидаги турк ва туркий коллекцияларнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақидаги сўзлаб берсангиз. Қайси ашёлар энг қимматбаҳо ҳисобланади? Марказий Осиё бўйича улкан коллекцияси бўлган Британия музейи билан қандай ҳамкорлик қилиняпти?

‒ Британия кутубхонасидаги турк ва туркий коллекциялар Буюк Британиядаги турк ва туркий дунёнинг энг йирик қўлёзмалар ва босма ашёлари йиғмасидир. Улар жуда узоқ даврни: Аурел Стейн Дунхуанда[1] йиққан кўҳна туркий рун ёзуви бўлакларидан тортиб, Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва Ҳиндистон шимолидан топилган кўҳна туркий, усмонли ва чиғатой тилидаги қўлёзмаларгача, яна дунёнинг турли бурчакларидаги туркий жамоатнинг замонавий мақолаю нашрларини қамраб олиши билан ҳам аҳамиятлидир. Ушбу коллекциялар кенг қамровли бўлиб, мамлакат ва ундан ташқаридаги тадқиқотчилар, олимлар ва бошқа қизиқувчи кишиларнинг эътиборини тортиб келади.

Алишер Навоийнинг Афғонистондаги Ҳирот шаҳридан топилган девонидан олинган суратлар. Асарнинг тўлиқ тавсифини мана бу ҳаволадан топиш мумкин, тўлиқ рақамлаштирилган қўлёзмадан онлайн фойдаланиш мумкин.
Коллекциядаги айнан қайси материаллар қимматли эканини аниқлашим қийин. Эски мақолни ўзгартириб, фақат, қиймат – қаровчининг кўзида, деб айтишими мумкин. Туркий қўлёзмалар орасида ажойиб асарлар бор. Шулардан бири XVI асрга тегишли, расмли безаклар берилган “Чингизнома” қўлёзмасидир. У XVII аср охирига қадар Марказий Осиёнинг бир қисмида ҳукмронлик қилган Чингизхон авлодлари – шайбонийлар тарихига бағишланади. Ушбу ҳуснихат ва расмли безаклардан иборат асар – бунга ҳукмдорлар ҳаёти тасвирланган картиналар ҳам киради – уларнинг жасоратидан ҳикоя қилади. Кутубхонамизда Алишер Навоий шеъриятининг кўплаб қўлёзмалари (баъзиларининг расмли безаклари) бор, улардан учтаси шоир ҳаёт бўлган даврда (1441 – 1501) кўчирилган. Ўзимизга яқин вақт ҳақида гап кетганда, Британия кутубхонасининг Марказий Осиё бўлимида бошқа ноёб матнларни ҳам кўришимиз мумкин. Улар сирасига қозоқларнинг турли жузлар етакчиларига (ботирлар, бийлар, хонлар) бағишланган ва ХХ аср бошларида оқинлардан харид қилинган тарихий эпослари киради. Олти томнинг ҳар биридаги ксилография[2] иллюстрациялари Марказий Осиё анъаналари бадиий ифоданинг Россия мустамлакачилиги даврида келиб қолган янги шакллари билан қўшилиб кетишининг ёрқин намунасидир. Қайсидир маънода коллекцияларнинг қиймати уларда мавжуд маълумотлар, шунингдек, улар тарих ва минтақа маданиятини тушуниб олиш имконини бериши билан белгиланади.

“Чингизнома” XVI асрнинг расмлар билан безалган қўлёзмаси бўлиб, у XVII аср охирига қадар Марказий Осиёнинг бир қисмида ҳукмронлик қилган Чингизхон авлодлари – шайбонийлар тарихига бағишланади.

“Чингизнома”даги расмда Мункэ хонмаслаҳатчилари билан бирга тасвирланган.

Британия кутубхонаси 1973 йилга қадар Британия музейининг расмий бўлаги эди ва коллекцияларимиз то кутубхона ажралиб чиққунига қадар музей ва бошқа бир неча чоғроқ муассасалар, жумладан, Ҳиндистон ишлари бўйича вазирлик кутубхонасининг (India Office Library) ашёларни сотиб олиши жараёнида пайдо бўлди. Британия кутубхонаси билан Британия музейи алоҳида фаолият кўрсата бошлагач, қайси ашёлар музейда қолиши ва қайсилари кутубхонага фондига кириши масаласини ҳал этиш керак эди. Ўшанда бизга, асосан, матнлардаги асарлар тегди, музей коллекциясида эса моддий ва тасвирий санъат буюмлари қолди. Муассасаларимиз орасида бир-бирини такрорлаш ҳоллари деярли учрамайди, айрим ҳолатларда мутахассисларимиз ўзаро ҳамкорлик қилади. Маданий меросни авайлаб сақлаш, жамоатчиликни жалб ва маърифатли қилиш борасидаги мақсадларимиз ўхшаш, шунинг учун кўпроқ нарсаларга эришиш учун бир-биримизни бохабар қилиб ишлаймиз.

‒ Янги ашёларни қанчалик тез-тез олиб турасизлар ва жаҳон музейларида Марказий Осиё санъати коллекцияларининг аҳволи қандай? Уларда минтақанинг замонавий санъатига қизиқиш борми?

‒ Марказий Осиёдан янги материаллар сотиб олиш – айниқса, гап замонавий нашрлар ҳақида гап кетганда – доимий жараён эканини қайд этиш лозим. Мен ҳар йили минтақадан санъат, тарих, адабиёт, сиёсат, ижтимоий ислоҳотлар, гендер, тилшунослик ва ҳк. мавзуларга бағишланган юзлаб янги нашрларни сотиб оламан. Мақсадимиз матбаа соҳасидаги ва ўзимиз ўрганаётган тилларда сўзлашувчи жамиятлардаги замонавий тамойилларни акс эттиришдир. Минтақада кузатилаётган айрим қизиқ трендлар – тамойиллар сабаб туркий ҳамжамиятлар санъати ҳақидаги янги китоблар ёзиш ва каталоглар тузишга алоҳида эътибор қаратишга ҳаракат қиляпман. Менга замонавий санъат – рассомлик, ҳайкалтарошлик, рақс, ижро, мусиқа ва ҳк.нинг босма каталогларини тузиш қизиқарлидир, чунки Буюк Британия тадқиқотчилари ва олимларига четдан, минтақага бормай туриб, уларни олиш ўта мушкул. Улар биз одатда ахборот воситаларида кўришга ўрганиб қолганимиз Марказий Осиё ҳақида бутунлай бошқача тасаввур беради, машҳур қўлёзмаларга қўшимча ўлароқ, Марказий Осиё маданиятига қизиқиш уйғотишда кўмаклашади.

Бундан ташқари, яна шунга ҳам гувоҳ бўляпманки, бугунги кунда чор Россиясининг сўнгги, советларнинг эса дастлабки даврига оид санъат ва графика дизайнини уларнинг ўзига хосликлари ва туркий жамиятларда пайдо бўлишининг ўзига хос жиҳатларини қайта баҳолаш истаги кучайиб бормоқда. Бу туркий дунё билан бир қаторда туркий бўлмаган мамлакатларда ҳам юз бермоқда. Шу билан бирга мен ушбу мавзу бўйича айрим кўргазма ва намойишларга оид каталог ва тадқиқот материалларини йиғишга ҳам ҳаракат қиляпман. Масалан, яқинда ХХ асрнинг 80-йилларида Қозон шаҳрида графика дизайнига бағишлаб ўтказилган кўргазма ҳақидаги маълумотларни йиғдим, чунки советлар санъати ва визуал маданият тарихини ўрганаётган британиялик мутахассислар орасида ушбу мавзуга қизиқиш жуда катта.

Ҳозирги кунда коллекцияларимиздаги буюмлар зарур тарзда каталоглаштирилиши ва тавсифланиши учун ҳаракат қиляпмиз. Бу мавжуд материаллардан Буюк Британия ва бутун дунёдаги тадқиқотчилар ва қизиққан кишилар фойдалана олиши учун амалга оширилмоқда.

‒ Сиз лингвистик тадқиқотларга ихтисослашганмисиз? Марказий Осиё қўлёзмаларининг Британия кутубхонасидаги коллекциясини тилшунос нуқтаи назаридан қандай баҳолайсиз? Форс тили, асосан, илм-фан ва шеърият тили бўлганми? Араб тилининг ўрни қандай бўлган?

‒ Британия кутубхонаси Осиё ва Африка тадқиқотлари бўлимининг турли бўлимлари айнан тил хусусиятларига қараб тузилган. Бунинг маъноси шуки, мен Ўзбекистонда чоп қилинган чиғатой ва ўзбек тилларидаги асарлар билан шуғулланаман, айни чоқда бир ҳамкасбим форс тилида чоп қилинган асарлар устида иш бормоқда, бошқа ходим эса араб тилидаги материалларни ўрганмоқда. Мамлакат ва минтақа тадқиқотлари доирасида ушбу учта соҳани бирга ўрганиш вақтида қизиқарли модел ва тамойилларни кузатиш мумкин. Хусусан, араб тили Қуръонга бағишланган асарларда кўп қўлланган бўлса, форс ва чиғатой тиллари фақат Марказий Осиё халқларига хос бўлган диний маросимлар ҳақидаги қўлёзмаларда устунлик қилади. Шеърлар бирор тил афзал кўрилмасдан форс тилида ҳам, чиғатой тилида ҳами ёзилган – қўлимизда Марказий Осиёнинг кўплаб машҳур шоирлари асарлари тўплами иккала тилда ҳам бор. Умуман олганда, минтақа кўптилли бўлиб келгани, орада тиллар машҳурлашгани, вақт ўтиб эса ушбу хусусиятини йўқотгани, шунингдек, алоҳида вақтда ва алоҳида контекстда аниқ мақсадлар учун ишлатилганини қайд этиш жоиз. Чиғатой ва форс тиллари Марказий Осиёда бир-бирига таъсир кўрсатган. Турли матнлар ва кўпгина қўлимизда мавжуд асарлардаги таглама таржимадан келиб чиқиб шуни адолат билани қайд этиш лозимки, ўқимишли кишилар бадиий ижод ва ўқиш воситаси сифатида иккала тилдан ҳам фойдаланган.

XVI асрда яшаб ўтган форс олими Насриддин Тусийнинг “Шайбонийнома”сидан олинган Мароға расадхонаси сурати (https://www.bl.uk/collection-guides/turkish-and-turkic-collections).

Шунга қарамасдан, Марказий Осиё қўзлёзма маданиятининг тил ва тилшунослик намуналарини ўрганишни давом эттиравериш керак. Кутубхонамизда Chevening гранти стипендиати сифатида ишлаб кетган ўзбекистонлик Акмал Бозорбоев руслар минтақани мустамлакага айлантирган XIX аср ва ХХ аср бошларида чиғатойча юриспруденция тили сифатида форсчанинг ўрнини эгаллагани сингари кўплаб қизиқарли тамойилларни аниқлади. Бу шундан далолат берадики, тил ҳеч қачон ташқи муҳитдан ажралиб қолмайди, аксинча, ундан ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий омилларнинг мураккаб тармоғида фойдаланилаверади. Улар барчаси бирор индивид у ёки би идиома – иборани муайян вақтда ишлатиш ва ёки ишлатмасликка қарор қилган пайтда аҳамиятга эга бўлади. Марказий Осиё қўлёзмаларида бунақа қарорлар ҳақида кўплаб маълумотлар бор ва улар олимлар ва қизиққан кишиларга советлардан олдинги даврдаги Марказий Осиёнинг тил манзарасини билиб олишида кўмаклашиши мумкин.

 Silent Witnesses: Two Manuals of the Sart Language (Сассиз гувоҳлар: Сарт тили бўйича иккита қўлланма) номли блогингизда Британия кутубхонаси материалларга асосланиб, сарт тилини ўлик тил намунаси қилиб келтирасиз. Сарт тили бюрократия сабаб ўлик тилга айланди, деб ёзибсиз. Ушбу бил чиғатой ёки туркий тилдан қанчалик фарқ қилган? У ҳозирги туркий тиллардан қайси бирига кўпроқ ўхшаш? Ўзбекчагами? Ва сартлар ким бўлган ўзи?

‒ Сартлар муаммоси сиёсийлашиб кетди, айни дамда сартлар ким бўлгани ва уларнинг ўзига хос тавсифи қандай экани хусусидаги саволга аниқ жавоб бериш қийин. Эҳтимол, гапни Макс Вайнрайхдан иқтибос келтириб бошлаш керакдир: «Тил – армия билан флотнинг шеваси”. Сарт тили ўлик тилга айланишига сабаб уни бирор давлат тан олмаганидир. Шу сабаб сартларга сиёсий гуруҳ сифатида шеваси мақомини кўтариш имкони берилмади. Бундан ташқари, ўша тилда сўзлашган кишилар бошқа тилда сўзлашишга рағбатлантирилди. Оқибатда сарт тили тоифа сифатида ўлик тилга айланди ҳамда у сартларнинг авлодлари бошқа тилда сўзлашишни ва уни ўз она тили деб аташни афзал билган бошқа тилга ўрнини бўшатиб берди.

Замонавий ўзбек тили тарихнинг сўнгги юз йили маҳсулидир ҳамда совет бошқаруви унинг шаклланиши ва ривожланишига алоҳида муҳим таъсир кўрсатди.

Сарт тилини ўрганиш бўйича юқорида тилга олинган иккита қўлланмадан маълум бўляптики, сартлар тили аслида туркий тил бўлган, замонавий ўзбек тилида гаплашадиган кишилар учун уни тушуниш мушкул бўлмаса керак. Сарт тилини бошқа сўз билан аталган ўзбек тили дейиш тарихий нуқтаи назардан ўзига хос четга оғиш бўлади, бу ҳол муҳим воқеалар ва Совет давлатининг шевалар ва тилларга нисбатан бутун ХХ аср давомида юритиб келган сиёсатидаги ўзгаришларни менсимасликдан бошқа нарса эмас. Замонавий ўзбек тили тарихнинг сўнгги юз йили маҳсулидир ҳамда совет бошқаруви унинг шаклланиши ва ривожланишига алоҳида муҳим таъсир кўрсатди. СССР даври фақат рус тилидан қилинган оддий ўзлаштирмаларга кўра эмас, ўзбек тилининг миллий тил сифатида стандартлаштирилиши нуқтаи назаридан ҳам муҳим давр бўлди. Бунинг учун алоҳида шеваларнинг ўзига хос хусусиятларини саралаб олиш зарур бўлди, шунинг учун бугун республиканинг замонавий тили XIX аср охиридаги шева билан ўхшаш бўлишини тасаввур қилиш қийин.

Бошқа олимлар сарт тилидан ташқари сартларнинг идентитети – ўзига хос жиҳатларига оид қизиқ масалани ҳам кўтарди. Бу ўзига хос этник жиҳатлармиди? Ёки миллий? Совет Иттифоқининг дастлабки даврларида этнос ва миллатларни аниқлаш жараёни ўта сиёсийлашган эди, муайян ҳамжамиятларга мансуб кишилар ўзини қайси миллатга мансуб деб билишга оид фикрини ҳар доим ҳам билдириш имконига эга эмас эди. Мен бегона киши сифатида сартлар алоҳида этник гуруҳ ёки ўзбекларнинг кичик бир гуруҳи бўлгани ҳақида бир нарса дейишим қийин. Лекин бир нарса аниқки, ўзини сарт деб биладиган кишиларнинг кўпчилиги ХХ асрнинг 20 -30-йилларида Совет ҳокимияти тан олган қўшни миллатларга қўшилиб кетган бўлса ажаб эмас.

‒ Докторлик диссертациянгиз Марказий Осиёнинг 1922 – 1937 йилларга оид даврига бўлган советларча ва туркча қарашларнинг солиштирма таҳлилига бағишланган. Сиз бир хил маълумотларга таяниб, туркча талқин туркий тилли аҳолининг маданий ва миллий бирлигига, айни дамда советлар талқини миллатларнинг аралашиб кетиши ва уларнинг тарихий жиҳатдан шартли характерини урғулайди, деб ёзгансиз. Шу ҳақда батафсилроқ гапириб берсангиз.

‒ Менинг докторлик диссертациям Марказий Осиёнинг ислом дини тарқалишидан олдинги даври тарихига оид матнлар таҳлилига асосланади. Ўша матнлар Совет Иттифоқи ва Туркия Республикасида ХХ асрнинг 20-30-йилларида нашр қилинган бўлиб, улар ҳар бир тегишли давлатда устувор мафкурани қўллаб-қувватлаш учун давлат ҳомийлигидаги янги тарихий нарратив[3]ни яратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларга кўмаклашишга йўналтирилган эди. СССР билан Туркия бутунлай фарқли принциплар билан иш кўрган, уларнинг тарих, давлат ва ирқларга қараши ўртасида катта тафовут бўлган. Соддароқ қилиб айтганда, Совет ҳокимияти тарих билан давлатга марксча қарашга асосланган бўлиб, ирқларни жуғрофий хато деб билган, миллатларни ижтимоий ва иқтисодий тараққиётнинг учта олдинги босқичидан сўнг фақат капитализм даврига келиб шаклланди, деб ҳисоблаган. Сталин даврида бу тарихни тавсифлашнинг ягона мақбул тавсифи эди. Тарих, лингвистика, антропология ва археология манбаларини бошқача талқин қилдиш тақиқланган. Совет Иттифоқи ўз ҳудудида муайян мамлакатлар рўйхати борлигини эълон қилгани ўша назариядан ягона четга чиқиш бўлган эди. Шунинг учун тарихчилар тескари йўналишда ишлашга мажбур эди. Улар ҳозирги миллатларнинг сўнгги асрлардаги шаклланиш йилномасини муайян миллат юзага келишидан олдин аниқ белгилаб қўйилган ҳудудда кўрсатиб бериши керак бўлган. Шу тариқа тарих фақат илмий принциплар билан иш кўрадиган кашфиёт ёки тадқиқот эмас, тавтология амалиёти бўлиб қолган.

Туркияда давлатнинг СССРникига нисбатан мослашувчан бўлса-да, ўз мафкураси бўлган, аммо у ерда ҳам шунга ўхшаш йўналишни кўриш мумкин эди. Хусусан, Туркия миллий давлат сифатида ташкил топган, ҳукмрон синф эса давлат сиёсати ва қарашлар шаклланишида турк ҳалқини энг устувор таянч деб билган. Тарихчиларнинг гўё ўн минг йиллаб мавжуд бўлган миллатнинг “абадийлиги” ва унинг Марказий Осиёда 20 000 йил аввал яшаган туркий тилли халқдан келиб чиққанини ўрганиши рағбатлантирилган. Совет Иттифоқида бўлгани каби, тарихчилар вақтга тескари йўналишда – замонавий Туркия Республикасидан бошлаб тарихдан олдинги номаълум даврлар томон иш олиб борган. Улар ўтмишнинг узоқ даврлари мобайнида миллатлар бўлмаган, деб айтиш ўрнига Евроосиёнинг барча турли ва қадимий цивилизациялари – тамаддунларида яшаган ўзига хос турк миллати ва ирқи фойдасига сўз юритилган ҳар бир исбот ортидан югуриб юрган. Турк тарихчилари тарихдан янги давлат учун муҳим бўлган “турк ким?” деган саволга жавоб излаш мақсадида фойдаланган. Улар янги Туркия Республикасида фойдаланиш мақсадида ўтмишда яшаб ўтган туркий ҳамжамиятларнинг жисмоний, тил, маданий, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий тавсифларини аниқлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини аямади.

Мен тарихни ёзиш ва тадқиқ қилишнинг ушбу иккита талқинини солиштириш билан шуғулландим ва ўша талқинларни махсус контекстда тушунишга ҳаракат қилдим. Улар вакуумда эмас, хокимиятнинг тарихшунослик, сиёсий ва мафкура устуворликлари мажмуасида шаклланди. Мен диссертациямда ҳозирги кунни у асосланган ўтмишни фош қилиш орқали тушунишга интилдим. Бу ерда гап туркларнинг коллектив онгида ўрнашиб қолган тарих талқинлари, эсдан чиққан ғоялар ва алоҳида шахслар, айниқса, Сталин қатағонларининг қурбонлари ҳақида кетмоқда. Бу Туркия билан собиқ СССРдаги у ёки бу давлатнинг ёки этноснинг бир бўлаги нима бўлиш нималарни англатишига оид муҳокамаларни тўлдиради, деган умидим бор. Одатий тарихий талқинлар таркибида оддий илмий таҳлил ёки ўтмишнинг ёзма материалларидан кўра кўпроқ нарса бўлиши аниқ.

_____________________________________________________________________________________________________________________________________________

[1] Дунхуан – Хитой шимоли-ғарбидаги Такла-Макон қумлоғи четидаги шаҳар ва воҳа. Қадим замонларда Хитойнинг Буюк ипак йўлидаги дарвозаси бўлган.

[2] Ксилография (қадимги юнонча ξύλον «дарахт» + γράφω “ёзаман”, “расм чизаман”) – ёғочга расм чизиш.

[3] Нарратив (лот. narrare — тил акти, яъни тамсил этишдан фарқли ўлароқ, оғзаки баён) постмодерн фалсафаси тушунчаси. Ҳикоя, ҳикоя қилиб бериш.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.