Жангчилар археологияси. Дашт жангчилари – скифлар ҳақида

Британиялик машҳур археолог, сэр Баррингтон Канлифф – Келт дунёси ва кўҳна Рим археологияси бўйича мутахассис, Оксфорд университетининг Европа археологияси бўйича профессори (1972—2007, хизмат кўрсатган профессор), ўтган йил охирида унинг скифларга бағишланган китоби – The Scythians: Nomad Warriors of the Steppe, Oxford University Press (December 1, 2019) – чоп этилди.

Б. Канлифф ушбу китобида археология соҳасидаги пухта билимидан фойдаланган ҳолда скиф гўртепаларидан топилган сон-саноқсиз бой моддий маданият, шунингдек, аввало, юнонларга тегишли матнларни тақдим этади ва шу тариқа скифларнинг йўқ бўлиб кетган дунёсини қайта тиклайди.

Қуйида унинг 2019 йил октябрида Talks at Google учун ўқилган лекцияси таржимасини қисқартирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Мунтазам ҳаракат

Милоддан аввалги IV асрда ижод қилган юнон тарихчиси Эфор варварлар[1] дунёсида 4 та буюк халқ: келтлар, скифлар, Шимолий Африкадаги ливияликлар ва ҳиндулар бўлган деб ҳисоблайди. Скифлар қаерда яшаган ва ким бўлган? Улар шарқда Манчжуриядан тортиб, Марказий Европа орқали Ўрта Дунай пасттекислигининг Буюк венгр текисликларигача етиб борган бепоён дашт – харитадаги яшил яшаган полоса – тилимда яшаган. Очиқ яйловлар ҳудуди ушбу кишиларнинг ватани бўлган. Улар кўчманчилар бўлиб, ҳаёт тарзи яшил тилим – яйловлар билан бевосита боғлиқ эди.

Дашт мўътадил муҳитдан иборат эмаслигини тушуниб олиш муҳим. Дашт – совуқ ва ўта қуруқ. Бироқ ғарб томон силжиб борганинг сари ҳарорат мўътадиллашиб ва албатта, намлик ортиб, ўт-ўлан ширали бўлиб ва кўпайиб бораверади. Шунинг учун ушбу минтақадаги дашт кўчманчиларини ўт-ўлан чин маънода яшил бўлган томонлар ҳаракатланишга ундаган. Бу одамларни ҳарақатланиш ва яна бир карра ҳаракатланишга ундайдиган дашт градиенти – векторини ҳосил қилади. Скифлар ва улар билан боғлиқ халқларнинг бутун тарихи ушбу ҳаракатга – ҳар доим шарқдан ғарб томон ҳаракатга асосланади ва у юқорида қайд этилганидай, ҳар доим Буюк венгр текислигига бориб тугайди.

Отлиқ киши учун ҳаракат – табиий ҳол. Унинг ҳаракатланишига ҳеч қандай чеклов йўқ. Унинг мавжудлиги ҳаракат, ҳаракат ва яна бир карра ҳаракатдан иборат. XIX асрда кўплаб сайёҳлар шу ҳақда ёзган эди. Бу яшаб турган жойдан бошқа жойга кўчиб, кейинги адир ортида нималар борлигини билишга илҳомлантирувчи ҳаракат ландшафтидир. От ҳам муҳим роль ўйнаган. Дашт – от учун табиий муҳит. Бир замонлар ақлли отбоқар уни эгарлагандан сўнг нима бўлишини кўрмоқчи бўлган. Айнан шу ердаги даштда милоддан олдинги 3500 – 3400 йилларда от миниш урф бўлган. Ва бу ҳаракатланишни ўзгартириб юборди. Оддий отбоқарликдан кўра от минган киши кўпроқ янги жойларни ўзлаштириши мумкин.

Тахминан, милоддан минг йилча олдин иқлим ўзгара бошлаган, иқлим ўзгаришлари эса археология ва антропология соҳасидаги мисли кўрилмаган ҳаракатланишга сабаб бўлган. Ҳатто иқлимнинг арзимас ўзгаришлари ҳам маданиятга муайян йўналишда ривожланишга шитоб билан туртки бериши мумкин. Ушбу минтақадаги ҳарорат зикр этилган даврда қўққисдан яхшиланиб кетди. Иқлим иссиқроқ ва рутубатлироқ бўлди, ўт-ўлан мўл-кўл ўса бошлади. Айни ҳолат одамларга, айниқса, бир жойдан иккинчи жойга кўчиб юришида кўпроқ эркинлик берди. Уларнинг яшаб турган ҳудудидан ташқарида нималар борлигини ўйлаб кўриш, билиш истаги вужудга келиши учун бўш вақти кўпроқ бўлди. Эҳтимол, бекорчи такасалтанг ёшлар гуруҳлари шу тариқа пайдо бўлгандир. Улар босқинчилик қилиб, борган жойларидан моллар, аёллар ва қимматбаҳо нарсалар олиб кела бошлаган. Улардан қолган тажовузкор археология, аслида жангчилар археологияси далолат беришича, ўша замонларда янги сафарбарлик ва янги эркинлик шаклланди. Оддий яйлов молбоқарлари орасида йиртқич кўчманчилар деб аташ мумкин бўлган одамлар пайдо бўлди.

Таъсир ва бойлик

Нисбатан яқинда – сўнгги 150 йил давомида жаҳонга маълум бўлган археологик қазишмалар ушбу тажовуз аломатларини зуҳур қилмоқда: улар сирасига ҳар хил ёй ва камон, биринждан ясалган ва фойдаланиш учун жуда қулай калта қиличлар ҳамда отдан туриб зарба беришга имкон туғдирувчи учида ўтмас болғаси ёки ўткир учи бўлган жанговор болталар кирган. Бу тобора бойиб борган иерархиялар – мартабалар силсиласи пайдо бўла бошлаганини англатади.

АРЖАН

Аржан ёдгорликлари (Тува Республикаси, РФ) энг бой илк гўртепалардан биридир. Улар 40 йилдан ошиқроқ вақт олдин қазиб олинган улкан мозор бўлиб, атрофи ёғочлар билан ўралган, диаметри 60 – 70 метрлик ўрадан иборат. Афтидан, у ерга ҳукмдор, хон ёки сардор – ким бўлишидан қатъи назар – аёл киши билан бирга дафн этилган. Аёлнинг хотин бўлганлик эҳтимоли кам, чунки скифларнинг кейинги тарихида аёллар эркаклардан кўпроқ яшаган ва уларнинг таъсири катта бўлган. Ҳукмдорнинг ёнида йўлдош аёлники баробарида ўлимидан сўнг жони олинган ва у билан бирга дафн этилган хизматкорларининг тобутлари ҳам бор. У ердан яна 6 та сара тулпорнинг суяклари топилди. Ёғоч тузилмаси алоҳида қизиқиш уйғотади, чунки ҳар бирининг ёши 100 йилдан ортиқ бўлган 6000 та катта дарахтдан иборат. 6000 та катта дарахт кесилиб, шохлари буталгани, шунингдек, ташиб келиниб, маълум конструкцияга тизилгани бу ерда дафн қилинган киши улкан ҳокимиятга эга бўлганидан далолат беради. Ушбу бўлмаларда деярли 150 та от эгар-жабдуқ, аслаҳа-анжомлари билан ётибди. Отлар жуда узоқ жойлардан олиб келингани кўриниб турибди. Эҳтимол, дафн этилган киши таниқли ва таъсир кучига эга бўлгани учун ён атрофдаги одамлар унинг дафн маросимига ҳадяларини олиб келган бўлса керак. Бу қўлида улкан ҳокимият бўлган ва анча-мунча ҳудудларни бошқарган сардорлар пайдо бўлиб турганидан дарак беради. Маййит у ерга милоддан аввалги IX аср ва VI аср охирларигача бўлган муддатда дафн қилинган.

АРЖАН-2

“Аржан-2” археология нуқтаи назаридан ундан ҳам яхшироқ сақланиб қолган, чунки “Аржан-1”га ўхшаб таланмаган. Бу ердаги марказий камера (хона) яхши сақланиб қолган ҳамда ундан жасадлар ва яроқ-аслаҳалар билан бирга минглаб турли ҳайвонлар: қоплонлар, буғулар ва ҳк. жониворлар тасвири туширилган олтин буюмлар топилган эди. Дафн этилган сардорларнинг нарсалари орасида бундай олтин, феруза ва гранитдан ясалган буюмлар ҳам учрайди.

Юнон мотивлари

Ҳаммаси шундай бошланган эди. Скифлар ёки уларга қардош бўлган халқлар Қора денгизнинг шимолий қисмидаги Понтий вилоятига қадар кўчиб борган. Бу халқларнинг номлари турлича бўлган ва юнонлар уларни ўша номлар билан таниган. Юнонлар скифларга Қора денгиз шимолида дуч келган. Бироқ бошқа юнонлар ҳам шарқнинг нарироқларига саёҳат қилган ва ўзлари учун янгидан-янги номларни кашф этган. Ўша турли номларнинг барчаси кўчманчи халқларга тегишли бўлган.

Улар тинмай ҳаракатланиб турган, узундан-узоқ масофа ва узуқ-юлуқ жойларни босиб ўтган, йўл-йўлакай бошқа халқлар ерларини забт этган, сўнгра тинмай кетма-кет қулаётган домино монанд яна ва яна олға интилаверган. Скифлар ва уларга қардош халқлар ҳаракатланиш баробарида иккита асосий цивизилизация – тамаддун билан мулоқотга киришган. Улардан бири форслар бўлиб, саклар ва скифлар ким бўлгани хусусида ёзиб қолдирган. Персеполис деворларидаги барельефлар – бўртма тасвирларда совға-салом олиб келган скифлар тасвирланган, уларни учли қалпоқларидан таниб олса бўлади. Бу – уларнинг ажралиб турувчи жиҳатларидан бири. Скифлар отлар, олтин мунчоқлар ва қандайдир мато олиб келган, афтидан, эгарга ёпиладиган бўлса керак. Айни тасвир скифларнинг дастлабки суратларидан бири бўлса ажаб эмас. Албатта, улар от мингани учун иштон ҳам кийган. Скифларни бошқалардан ажратиб олишнинг яна бир йўли – шу.

Скифлар форслардан ташқари юнонлар билан ҳам мулоқот қилган. Юнонларнинг ёзма манбаларидан мавжуд археологияни тўлдирадиган, аммо унчалик кўп бўлмаган тарихни билиб оламиз. Аммо қўлимизда скифлар тилидан ёзиб олинган ёзма ёки бошқа бирор тарих йўқ. Шу тариқа юнонлар ҳар доим уларга бегоналар сифатида қараб келганини эсимиздан чиқармаслигимиз керак. Улар ҳикоя қилишича, скифлар гуруҳи Осиё ўртасидан Каспий денгизидан ҳам нарироқ – Қора денгиз шимолидаги дашт томон ҳаракат қилади. Кичик Осиёдаги, асосан, ассурияликларга қарши урушларда скифлар ўзларининг нисбатан қамбағал санъатига мутлақо ўхшаш бўлмаган Урарту санъатига дуч келади. Ортга қайтаётиб, Урарту ҳунармандлари ва усталарини ўзи билан бирга олиб кетади. Улар олтинга ишлов беришни бошлайди ва скифлар ҳайвонлар шаклини ясашнинг ноёб услубини кашф қилиб, мавжудотларнинг ғалати мотивлари: ярим одам, ярим балиқларни тайёрлайди ва скифлар санъатини ақлни шоширадиган даражага кўтаради.

Скифлар Шимолий Кавказда ва Урартудан улги олинган санъат

Юнонларнинг классик дунёси билан тўқнаш келган скифлар улар дунёси билан ўзига хос симбиоз яратади. Скифлар юнонларга улар истаган ҳамма нарса – мўйна, от, бир оз ғалла ва қулларни етказиб берар эди. Юнонлар эса эвазига ҳашамат буюмларини, шаробни ва усталик малакасини берган. Масалан, скифлар учун юнон усталари ясаган ҳамда шароб сақланадиган ва скиф мотивлари билан безатилган, яъни от парвариши муҳимлиги акс этган гўзал кўзалар бор.

Қуйидаги чап суратда қуён ови тасвирланган

Яна от миниб, найзалари билан қуён овига кетаётган скифлар тасвирланган ажойиб кичик суратлар ҳам сақланиб қолган. Ов скифлар учун муҳим машғулот тури бўлган – юнонларнинг форслар шоҳи Доро билан скифларнинг жангу жадаллари ҳақидаги ажойиб ҳикоялари шундан далолат беради. Скифларнинг доимо жанг қилишдан қочиб юриши Форслар шоҳини безор қилиб юборган экан. Ниҳоят, иккита армия – ўрду бақамти келади. Шу тобда улар ўртасида қаердандир қуён пайдо бўлади ва скифлар форслар билан жангни ҳам эсидан чиқариб, қуённинг ортидан қувлаб кетади. Скифлар тасвирларда одатий кийими: юмшоқ этик, кенг иштон, узун чопон, яна ўзларига хос узун соч ўстирган ва соқол қўйган кўйи акс эттирилган. Айни ҳолат уларни бошқалардан ажратиб туради. Иссиқни сақлаш учун чопонга кигиз астар қилиб тикилган. Камон билан ўқлар асосий қуроллиги учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлган. Эгик камон дарахт бўлакларидан баъзан суяк тилимлари билан бирга ясалган ва фойдаланиш учун жуда оғир бўлган. Уни букиш учун жуда кўп куч керак эди, уни тортиш учун эса ундан ҳам кўпроқ қувват зарур бўлган. Ўнг тарафдаги жом устида учли ўткир қалпоқ кийган скиф камони ипини тортиш учун уни оёғи билан букаётгани ҳайратланарли тарзда тасвир этилган.

Камон одатда калта бўлган ва отда юришга мослаштирилган. Камон билан ўқларнинг ёғочдан ясалган ғилофи бўлган ва у камон билан ўқларни тезда чиқариб олиш ва ўқ узиш учун чавандознинг чап ёнига осилган. Ўқларнинг – учи уларни қадалган танадан чиқариб олиш оғир ва оғриқли бўлиши учун – биринждан кичик илмоқли қилиб ясалган. Айрим ўқлар учига махсус заҳар суртилган. Юнон муаллифлари шаҳодат беришича, скифлар заҳар тайёрлашнинг устаси бўлган. Улар заҳарни ҳомиладор илон оғзидан олган, чунки бунақа заҳар ўта кучли бўлган. У қон билан аралаштирилиб, ачиши, дам ейиши ва ўлдирадиган даражада кучли бўлиши учун икки ҳафтача сақланган.

Ушбу жомда икки киши дилдан суҳбат қураётгани акс этган ва бу ажойиб саҳна дўстлик ҳиссиётларини ифода қилади. Олтиннинг мана бу жимитдай бўлагида икки пиёниста шароб тўлдирилган шохни талашмоқда. Аммо бу қондош биродарликка киришиш амали бўлган бўлиши ҳам мумкин. Геродот тавсифлашича, қондош биродар бўлмоқчи бўлган кишилар қўлини кесиб, сиқиб, қонини шароб солинган идишга оқизган, сўнгра ўша идишдаги қон аралаш шаробни ичган ва бу ҳол уларни бир умрлик қариндошлик ришталари билан боғлаган. Бу жангчилар гуруҳини бирлаштирган ва орқадан қўққис зарба берилишидан сақлаган ижтимоий тузилманинг бир тури эди.

Қуйидаги Киев шаҳри музейидаги жанг олдидан кийинган жангчи уст-боши қандай бўлишини кўрсатиш мақсадида реконструкция қилинган сурат археологик далилларга таянади. Унинг чап ёнига ўқлар солинган ғилоф осилган. У камонини қўлида тутиб турибди. Одатдаги кенг иштон ва темир парчаларидан иборат зирҳ билан қопланган этиклар. Хавфсизликни таъминлаш учун қулай қурол-яроғ, кийим-бош, бўйинни яхши ҳимоя қилувчи темир зирҳли дубулғани қаранг. Жангчи бўйнини ҳимоялаш учун қалқон кийган, яна иккита қуроли: найза ва қиличи бор. Ушбу нарсаларнинг кўпчилиги Қора денгиз шимолидаги ҳудуддан топилган.

Юқори ўнг тарафдаги суратда ҳақиқий жанг саҳнаси акс этган. Йиқилиб қолган от қонга беланган. Тангасимон зирҳли совут кийган жангчининг бошида юнонлар дубулғаси. Ким биландир курашяпти, орқасида эса бир киши турибди, бу унинг қондош биродари бўлиши мумкин. Жангчининг афт-андоми қўрқинчли, тунд бўлиши ва ажал фариштасидай кўриниши шарт эди. Бу ердаги кичик олтин тилимда (қуйидаги ўнг бурчак) кимдир енгилган ҳукмдорнинг кесилган бошини кўтариб турибди. Жангчиларга ўлдирилган душмани сонига қараб пул тўланган ёки мукофот берилган. Шунинг учун улар жанг тугагандан сўнг ўлдирган душманлари бошини йиғиб, керакли одамга олиб бориб топшириши, у эса жангчига мукофот беришдан олдин уларни санаб олиши керак эди.

Пазирик

Энди Олтой тоғларига кўчамиз, чунки ўша ерда скифлар маданияти хусусида бутунлай бошқа тасаввур ҳосил бўлади. У Монголия шимолида жойлашган Жанубий Сибир ҳудуди бўлиб, гўртепаси бор. Ўша ер ўта ўзига хос – ёки ҳали ҳам ўта ўзига хос – ер бўлиб, қаттиқ музлайди. Бу абадий музлик маконидир: ҳар йили ер бир неча метргача музлаб кетади, сўнгра эриб, айрим жойлари яна музлайди. Гўртепа ер устида муз эриши олдини олиш учун тошдан териб қурилган. Бу – жуда муҳим. Маъноси шуки, ушбу бутун бошли археология материали органик материал бўлиб, жуда яхши сақланган ва бунақасини ҳеч қаерда учратмайсиз.

Бу жой Пазирик табиий чегараси деб аталади ва унинг гўртепалари 1930-йилларда қазилган. Кейинчалик археологлар Сталин тозалашлари даврида ҳибсга олинган. Улар 1940-йилларда қўйиб юборилгандан сўнг яна ўша жойга қайтиб, қазишма ишларини ниҳоясига етказган, чунки материал жуда қимматли эди. Гўртепа остида ёғочдан барпо этилган дафн хоналарини кўриш мумкин. Улар биз олдин кўрган ўликлар билан бирга кўмилган қабрлар ичидаги кийим-бош, қурол-яроққа ўхшаб кетади. Бу ерда ҳатто ғилдиракли транспорт воситаси бўлаклари ҳам мавжуд. Қабрлар ичининг энг яхши жиҳати шуки, гўртепалар қазилганда, ичидаги барча нарсалар яхши сақланиб қолган. Тўғриси, об-ҳавонинг глобал исиши оқибатида ушбу ажойиб археологик материалга эга ва бой гўртепаларнинг кўпчилиги бузилиши ва уларда фақат металл буюмлар сақланиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳозир – ўта муҳим пайт.

Ушбу гўртепаларда барча органик нарсалар, жумладан, кигизга нақш солиб тайёрланган ажойиб эгарпўш сақланиб қолган. Яна беназир жониворлар, от қили ва бошқа нарсалар ҳамда ёғочдан йўниб ишланган юган ва унга солинган жониворлар тасвирларини кўриш мумкин.

Пойабзалнинг тагчарми ялтироқ тошлар билан безатилганига қаранг. Одамлар ерда кўпинча чордона қуриб ўтирганда пойабзал тагчарми бошқаларга кўз-кўз қилинган.

Понтий чўлидаги Чертомлик сингари гўртепалар ниҳоятда катта. Улар усти тўлиқ чим билан қопланган. Битта гўртепани барпо қилиш учун жуда кўп чим кетган. Чимнинг айрим қисмлари 4 ёки 5 километр наридаги узоқ жойлардан олиб келинган. Шу тариқа гўртепа қуриш ва ушбу ўтли қопламани олиб келиш учун одамлар атрофдаги кўп чақиримлик явловларни шип-шийдам қилишга мажбур бўлган. Бу рамзий маънога эгалиги – яйловнинг маълум қисмини марҳумга бериш бўлгани ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Скифлар қуйидаги илоҳга эътиқод қилган: улар худосининг ишқи ярми аёл, ярми илон бўлган илоҳага тушиб қолади, натижада иккови 3 фарзанд кўради. Шулардан бири скифларнинг аждодидир. Бошқа ривоят Пазирикнинг машҳур гиламида акс этган бўлиб, илоҳа қўлида ҳаёт дарахтини тутиб турибди.

Лекин ҳайвонлар тасвири солинган суратлар скифларнинг энг ажойиб санъат намуналаридир. Бу адабий зиддият – ёввойи мавжудот билан камроқ ёввойи бўлган мавжудотлар ўртасидаги кураш акс этган йиртқичларни ифодалаш санъатидир.

Қор қоплонлари буғуларга ҳужум қилади, ёвуз қушлар яна буғуларга ёки калхатлар отларга ҳужум қилади.  Йиртқичликни тасвирлаш санъати ички дунё билан ёввойи олам ўртасида доимий тарзда мавжуд бўлган қандайдир дунёқарашни, кескинликни акс эттиришдан иборатдир

Қолган дунё билан алоқалар

Скифлар Шарқий Европа ва Венгрия ва ҳк. жойларга кўчиб бориб, келтлар билан тўқнашган. Келтлар скифлардан кўп нарсаларни ўрганган. Келт санъатига скифлар санъати таъсири катта бўлган.

Олтой тоғларидан топилган буюмнинг чапдаги суратида тумшуғи ғаройиб тарзда қайқи, кўзлари ёвуз ва қанотлари улкан йиртқич қуш тасвирланган ёғоч нақш акс этган. Қуйида унга яна бир қуш талпинмоқда. Ўнгдагиси эса – Вандсворт Темзасидаги нақш. Қалқоннинг мотиви айнан ўша: иккала тарафда ҳам қанотларини ёзган йиртқич қуш тасвирланган, қарама-қарши тарафдаги бошқа қушнинг тумшуғи айнан бир хил. Шу тариқа скиф санъати руҳоний унсурлари келт дунёсига узатилган.

Скифлар юнонлар ва форслардан ташқари Хитой билан ҳам муносабатларга киришган. Хитойнинг кўплаб артефактлари скифларникига асосланади. Шуниси кундай равшанки, Олтой тоғларидаги кишилар Чин элининг ривожланаётган оламига от, унинг эгар-жабдуқларини бериб турган, одамларини от минишга ўргатган. Юқорида тилга олинган ғилдиракли транспорт воситалари Хитойдан Олтой тоғларига олиб келинган ушбу мамлакат буюми бўлгани шубҳасиз. Гўртепалардан топилган ипак ҳам Хитой билан алоқалар бўлганидан далолат беради.

Скифлар Осиё марказини эгаллаб олган кўплаб ёвуз кўчманчи қабилаларнинг бири, холос. Уларнинг энг сўнггиси аланлар деб аталган. Аланлар милодий IV асрда яшаган. У пайтгача эса Рим империяси ҳукмронлик қилган. Бироқ Узоқ Шарқдан келган ёвуз қабилалардан бири хуннлар аланлар эгаллаб турган ерлар томон босириб борган ва уларни сиқиб чиқарган. Айрим аланлар тахминан милодий 370 йилгача бўлган даврда Европа етиб борган. Улар қаторига германияликлар, хуннлар ва бошқа кўплаб кўчманчи халқларнинг айримларини ҳам киритиш мумкин. Улар Европага кириб бориб, Рим империясига барҳам берган. Лекин моҳиятан олиб қараганда, бу Понтий даштидаги одамларни Шарқдан келганлар сиқиб чиқаргани билан баробар. Улар қай томон йўл олмоқда? Кичик Осиёга ёки Атлантика океани бўйидаги Европага кетиб бормоқда.

Шу зайл скиф чавандозларининг ўтроқ деҳқонларникидан кескин фарқ қилувчи ноёб ҳаёт тарзи бор эди. Улардан нима қолди ўзи? Скифларнинг сўнгги меросини Шимолий Кавказдаги Шимолий Осетияда кўриш мумкин, XIII асрда улар ўзини аланлар деб атаган. Шу пайтгача осетин тилида келиб чиқиши скифларники экани тахмин қилинаётган бир неча сўз сақланиб қолган.

Аммо бундан ташқари, ҳозирги дунёнинг кўплаб халқларига мерос бўлиб қолган генлар, скиф генлари, кўчманчилар генлари ҳам бор. Айни пайтда археология учун улкан аҳамиятга эга бўлган кўҳна ДНК устида катта иш олиб борилмоқда. Скифлардан анча олдин ҳам дашт халқлари Европа аҳолиси таркибига бориб қўшилаверган. Шу тариқа поғонали генларнинг биринчи тури Европага милоддан аввалги 2900 – 2800 йилларда кириб борган, яъни Европада дашт генлари кўп бўлиши керак. Шу сабабли биз кечки эмас, нисбатан эртанги генетикага кўпроқ эътибор қаратишга мойилмиз, чунки бу борада ҳали кўп кашфиётлар қилишга тўғри келади. Археологик ва тарихий нуқтаи назардан генлар билан боғлиқ нисбатан кейинги манзара анча-мунча тушунарли.

Мақолада келтирилган барча суратлар видеотақдимотдан олинган кадрлар.

Манба: uzanalytics.com

______________________________________________________________________________________________________________________________________

[1] Варварлар (қадимга юнончада βάρβαρος, barbaros – “юнон бўлмаган”, “ўзга юртлик”) – қадимги юнонлар ва римликлар учун бегона юртлик бўлган кишилар, ўша кишилар уларга нотаниш тилда гаплашган ва маданиятига ёт бўлган. Ушбу сўзни унинг рус тилидаги “ваҳшийлар” деган маъноси билан чалкаштирмаслик мақсадида ушбу эскартиш берилмоқда.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.