Форс кўрфази араб давлатларининг Марказий Осиёдаги рақобати

Сурат манбаси: express-k.kz

Муаллиф: Шавкат Икромов – Яқин Шарқ давлатлари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат шарқшунослик институтининг ўқитувчиси, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ докторанти.

Сўнгги йилларда Форс кўрфази араб давлатлари Марказий Осиё минтақаси республикалари билан савдо ва инвестицион алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда, айниқса бу сўнгги уч йилликда яққол кўзга ташланади. Минтақа билан сиёсий ҳамда савдо, иқтисодий алоқаларда Россия ва Хитой етакчи ўринларни эгаллайди. Шунингдек, Эрон ва Туркия сингари давлатларнинг ҳам Марказий Осиё билан савдо ва инвестицион ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган. Қолаверса, АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари ҳам минтақадаги истиқболли йўналишлар, хусусан, энергетика ва транспорт инфратузилмаларида сармоялар киритишни бошлаган.

Ушбу рақобат шароитида катта молиявий имкониятларга эга бўлган Форс кўрфази араб давлатлари ҳам Марказий Осиё ҳудудида етакчиликка интилмоқда. Умумий қарашларга эга бўлмаган, ўз минтақасида бир бири билан рақобатлашаётган ва ҳатто душманлик кайфиятида бўлган, кўрфаз араб давлатларининг Марказий Осиё бўйича сиёсатида ҳам бу рақобат акс этадими ёки улар минтақада умумий мақсадлар йўлида бирлашганми? Агар ички рақобат ва қарама-қаршиликлар мавжуд бўлса улар нималарда акс этади?

Кўрфаз араб давлатлари узоқ кузатувдан кейин минтақа давлатларига катта миқдордаги сармояларни йўналтира бошлади. Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони асосан энергетика секторига сармоя киритаётган бўлса, Уммон Султонлиги минтақанинг транспорт соҳасига қизиқиш билдирган, Тожикистон ва Қирғизистонда масжидлар қуришга маблағ ажратаётган Қатар давлатининг асосий мақсади эса ҳозирча аниқ эмас.

Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича эксперт Теодор Карасикнинг фикрича, Араб давлатларининг Марказий Осиёга йўналтирилган сармоявий сиёсатида асосий эътибор энергетика соҳасига қаратилган.[1] Хақиқатдан ҳам, сўнги 3 йил давомида БАА ва Саудия Арабистони минтақадаги энергетика тармоқларини ривожлантириш ҳамда инфратузилмани такомиллаштиришда бир қатор шартномаларни имзолади.

Жумладан, БААнинг Masdar ва Mubadala Development компаниялари 2019 йилда Ўзбекистон ҳукумати билан 10 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиш тўғрисида шартнома имзолаган бўлса[2], жорий йилнинг март ойида Саудия Арабистонинг ACWA Power компанияси Ўзбекистон Энергетика вазирлиги билан умумий қиймати 2,5 миллиард АҚШ долларига тенг учта келишув имзолади[3]. Дубайнинг Dragon Oil компанияси Туркманистонда нефть қазиб олиш билан шуғулланаётган ягона хорижий компания[4] бўлса, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасида йирик компания ҳисобланадиган DP World Дубай компанияси Қозоғистоннинг Каспий денгизи ҳудудидаги Хоргос иқтисодий зонасининг 51% ҳамда Актау иқтисодий зонасининг 49% акцияларини сотиб олган.[5]

Форс кўрфази араб давлатлари минтақанинг энергетика бозорида ўз ўрнини эгаллашга ҳаракат қилмоқда

Форс кўрфази араб давлатлари Марказий Осиёда ўзининг молиявий имкониятларидан геосиёсий таъсирини кенгайтиришда фойдаланмоқчи. Сармоялар ва савдо орқали улар минтақа республикалари иқтисодиётининг ривожланишида тобора муҳим иштирокчига айланиш ва пировардида ўзларининг геосиёсий таъсирини шимолга хусусан, Эрон томонга кенгайтириб бориш истагида. Бунинг учун араб давлатларида бир қанча омиллар мавжуд.

Биринчидан, Яқин Шарқ бўйича экспертлардан бири Кристиан Александернинг фикрича, БАА ўзининг катта иқтисодий имкониятлари ва молиявий манбаларидан фойдаланган ҳолда минтақада Туркия ва Эрон таъсирини чеклаб қўйиш истагида[6]. Амирликнинг бу истагини Саудия Арабистони ҳам қўллаб-қувватлайди. Ҳаттоки, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка ҳудудида бир бирига рақиб ҳисобланадиган Исроил давлати ҳам Марказий Осиёда Теҳрон ва Анқаранинг йўлини тўсишга қаратилган БААнинг ташаббусларини хайрихоҳлик билан кузатиб турибди.

Теодор Карасикнинг хулосаларига кўра Марказий Осиёда БАА ва Саудия Арабистонининг энергетика соҳасидаги сиёсати Эрон ва Туркия билан кучли рақобат шароитида кечади. Саудия Арабистони минтақада Теҳрон манфаатларига қаршилигининг ифодаси сифатида Эрон қизиқишлари доирасида бўлган Марказий Осиё газини Ҳиндистонга етказувчи газ қувури линияси ТАПИ лойиҳасига сармоя киритди[7] ва бу лойиҳани сармоялашда давом этишни режалаштирган.

Иккинчидан, Кўрфаз араб давлатларининг Марказий Осиёдаги сиёсати нафақат минтақани ўзини қамраб олади, балки, геосиёсий аҳамияти юқори бўлган Каспий денгизи ҳудуди мамлакатларини ҳам қамраб олади. Хусусан, БАА ва Саудия Арабистонининг Туркманистон ва Қозоғистоннинг энергетика ва порт инфратузилмаларига сармоя киритиши Марказий Осиё билан бирга Каспий минтақасида ҳам ўз мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган. Баъзи маълумотларга кўра, Каспий минтақасида тасдиқланган ва эҳтимолий заҳираларда 48 млрд. баррель нефть ва 292 триллион куб фут табиий газ мавжуд. Минтақанинг Осиё ва Европа энергетик бозори келажагидаги муҳим ўрнини ҳисобга олган ҳолда араб давлатлари Россия ва Эроннинг кучли рақобатига қарамасдан бу ердаги энергия ва инфратузилма лойиҳаларига сармоя киритмоқда[8].

Учинчидан, кўрфаз араб давлатлари минтақада ўз сармоялари хавфсизлигини кафолатлаш учун ҳудуддаги етакчи кучлар сифатида қараладиган давлатлар билан дўстона муносабатлардан фойдаланмоқда.

БАА ва Саудия Арабистони Марказий Осиёдаги сармоявий сиёсатининг кафолати ва динамик тарзда ўсиб боришининг омили сифатида Хитой ва Россия билан дўстона муносабатларни сақлаб қолишни муҳим деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, минтақада Хитой ва Россия таъсирини ортиб боришидан манфаатдор бўлмаган АҚШнинг қўллаб-қувватлашига эришишга ҳам эътибор қаратади. Зеро, БАА ёки Саудиянинг бу минтақада фаоллашуви АҚШ манфаатларига тўла жавоб беради.

Тўртинчидан, Араб давлатлари минтақа энергетика бозоридаги мавқесини мустаҳкамлаш учун бир нечта гуманитар лойиҳаларни ҳам молиялаштирмоқда. Ҳозирги кунда бутун дунё каби Марказий Осиё давлатлари ҳам COVID-19 пандемияси билан курашмоқда. Бу курашда минтақа давлатларига АҚШ ва Хитой билан бирга БАА ҳам инсонпарварлик ёрдамини кўрсатди. Жумладан, БАА Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонга тиббий ва профилактик материаллардан иборат гуманитар ёрдам юборган. 2020 йилнинг март ойида БАА Ўзбекистонга 8 тонна инсонпарварлик ёрдамини жўнатган бўлса, 5 май куни инсонпарварлик ёрдамининг 5 тонналик иккинчи қисмини жўнатди.

Хулоса қилиб айтганда, араб инвесторларига минтақада, хусусан, энергетика бозорида фойда кўриш осон бўлмайди. Бу ерда улар ўз рақобатчиларининг кўмагидан фойдаланиши, ҳаттоки, Эрон билан ҳам айрим масалаларда келишиб олишга ва ҳамкорлик қилишига тўғри келади.

Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони бозор қонуниятлари асосидаги рақобатда

Сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётининг турли соҳаларига сармоя киритишда Форс кўрфази араб давлатлари орасида БАА мутлоқ етакчи, кейинги ўринда эса Саудия Арабистони туради. Уларнинг соғлом рақобати сўнгги 2 йил ичида Ўзбекистонда кўзга ташланади. Ўзбекистондаги анъанавий ва муқобил энергия тармоқларини ривожлантириш учун аввал Амирликнинг Masdar ва Mubadala Development компаниялари 2019 йилда 10 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя киритган бўлса, 2020 йилда Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси худди шу соҳага 2,5 миллиард АҚШ долларини ажратди.

Сурат манбаси: uza.uz
Сурат манбаси: pioneeringminds.com

Аслида Саудия Арабистонининг сармоявий имкониятлари Амирликнинг имкониятларидан кам эмас, бироқ минтақа республикаларида Саудия Арабистонига нисбатан 90 йилларда шаклланган шубҳа билан қарашлар ҳамон сақланиб қолганлиги боис Саудия Арабистони сармояларига тез йўл очилмайди, деган фикрдаман.

Саудия Арабистони ва БАА – Қатарга қарши биргаликда

Кўрфаз араб давлатлари орасида катта сармоявий имкониятларга эга давлатлардан яна бири – Қатар давлати ҳисобланади. У ҳозирча катта сармоявий битимлар тузмаётган бўлсада, Саудия Арабистони ва БАА томонидан Эрон билан фаол ҳамкорлик қилишда айбланадиган Қатарнинг Марказий Осиёда фаоллашуви Саудия Арабистонининг ҳам, Амирликнинг ҳам манфаатларига мос келмайди.

2017 йилда Саудия Арабистони бошчилигида бир қанча араб давлатлари Қатарга санкциялар эълон қилиб уни яккалаб қўйган эди. Шундан сўнг у ўзининг ташқи сиёсати йўналишини қайта кўриб чиқди. Қатарнинг янгиланган ташқи сиёсатида Марказий Осиё ҳам маълум аҳамиятга эга. Қатар амирлари 2017 йилда Тожикистон, Туркманистон президентларини Доҳага таклиф қилиб бир қанча шартномаларни имзолади, бироқ катта сармоявий шартномалар эмас. Бу рақобат 2017 йил Туркманистон президентининг Қатарга ташрифи давомида ТАПИ газ қувури доирасида (масаласида) кўзга ташланди.

Гап шундаки, Доҳага ташрифи давомида Туркманистон президенти Қатар инвесторларига мазкур газ қувури лойиҳасига сармоя киритишни таклиф қиладиБироқ, тажрибали Қатар инвесторлари ўзларининг энг катта бозори бўлган Жанубий Осиёга газ заҳираси бўйича Евроосиёда биринчи ўринда турувчи Туркманистон газининг кириб келишини истамади ва ТАПИ доирасида ҳамкорлик қилмади[9]. Қатарнинг Жанубий Осиё бозоридаги манфаатларига реал хавф соладиган мазкур лойиҳани, ҳозирда Саудия Арабистони фаол қўллаб қувватламоқда. Қатар 2014 йилда Марказий Осиё давлатларини очиқ денгизга олиб чиқувчи “Ашхобод битими” – Туркманистон-Ўзбекистон-Эрон-Уммон транспорт коридори лойиҳасидан ҳам чиқиб кетган эди.

ТАПИ газ қувури лойиҳаси, манба: turkishnews.com

Уммон Султонлиги – Эрон билан ҳамкорликда

Марказий Осиёда Уммон Султонлиги Саудия Арабистони ва Амирликларнинг рақобатчиси Эрон билан ҳамкорлик қилмоқда. Гарчи Уммон ҳам Қатар сингари катта лойиҳалар учун сармоя киритишга ҳаракат қилмаётган бўлсада, Қозоғистон ва Туркманистонда Уммоннинг бир қанча кичик компаниялари нефт ва газ соҳаларида фаолият олиб бормоқда. Султонликнинг минтақадаги энг катта лойиҳаси ҳозирча, Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Уммон халқаро транспорт коридори лойиҳасидир. Маскатнинг (Уммон Султонлиги пойтахти) қўллаб қувватлаши билан бошланган транспорт коридори лойиҳаси бўйича келишув 2011 йилнинг апрел ойида имзоланган эди. Янги коридор Марказий Осиё мамлакатларини Форс кўрфази портлари билан боғлайди. Марказий Осиё давлатларини Эрон орқали очиқ денгизга олиб чиқувчи бу лойиҳа доирасида ҳам араб давлатларининг рақобати мавжудлиги сабаб, 2011 йилда бошланган саъй-ҳаракатлар ҳамон якунига етмаган.

Бир сўз билан айтганда, Марказий Осиё минтақасида араб давлатларининг ўзаро рақобати шакллана бошлаган, у бозор қонуниятлари асосидаги соғлом рақобатдан, геосиёсий таъсирини кенгайтиришга қаратилган сиёсий ўйинларгача бўлган йўлни босиб ўтади. Назаримда, бу жараён араб давлатларининг ўзаро ички рақобати ва Эрон омилига боғлиқ тарзда кечади.

Манба: uzanalytics.com


[1] https://www.mei.edu/publications/why-gulf-states-are-investing-central-asia-and-south-caucasus

[2] https://www.mubadala.com/en/news/mubadala-and-republic-uzbekistan-concluded-strategic-agreements

[3] https://gulfbusiness.com/saudi-arabias-acwa-power-uzbekistan-sign-2-5bn-energy-agreements/

[4] https://www.mei.edu/publications/why-gulf-states-are-investing-central-asia-and-south-caucasus

[5]Rauf Mammadov. https://www.mei.edu/publications/why-gulf-states-are-investing-central-asia-and-south-caucasusNovember 25, 2019

[6] Kristian Alexander, Giorgio Cafiero. The UAE’s Growing Role in Central Asia: Geopolitical Inroads to Challenge Turkey and Iran\\ https://www.ifimes.org/en/9827

[7] Luca Anceschi. Gulf-Central Asia Relations: Beyond the Impasse Potential for Energy and Infrastructure Cooperation. Emirates Diplomatic Academy 2019.

[8] Центральная Азия – центр или периферияОбзор СМИ 17 Сентября, 2019 CAA Network\ https://caa-network.org/archives/18051

[9] http://www.ponarseurasia.org/memo/qatar-and-central-asia-whats-stake-tajikistan-turkmenistan-and-kazakhstan

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.