Совет Қозоғистонида замонавий тиббиёт тарғиботи ва маданий инқилоб

Суратда: Чимкент ҳудудидаги (ҳозирги Шимкент, Жанубий Қозоғистон вилояти) кўчма дорихона, манба: informburo.kz

Пола А. Майклс (PAULA A. MICHAELS) – собиқ Совет Иттифоқига ихтисослашган тиббиёт ва соғлиқни сақлаш тарихчиси, Австралиянинг Монаш университети профессори.

Medical Propaganda and Cultural Revolution in Soviet Kazakhstan, 1928-41, The Russian Review 59, April 2000, 159-78

Қисқартирилган таржима

1920-йилларда Қозоғистонга рус врачлари келади. Уларнинг мақсади аҳолига касалликларнинг микроблардан пайдо бўлиш назарияси, касаллик ва вирусларнинг тарқалиши, қозоқларнинг саломатлиги ва ҳаёти ҳақида ҳикоя қилишдан иборат бўлган. Руслар бу ерда бутунлай бошқа дунё – тақир чўл ва туркий тилли кўчманчи мусулмонларга дуч келади. Намат билан қопланган ўтовларда сифилис – захмдан тортиб, санитария ва туғруқдан олдинги парваришгача бўлган мавзуларда лекциялар ўқилган. Врачлар раҳбариятга санитарияга риоя қилинмаётган ҳаёт тарзи, бўлғуси мижозларнинг янги билимларни қабул қилиш истаги йўқлиги ва ишончсизлиги ҳақида ҳисобот бериб турган[1].

Маҳаллий аҳоли тиббиётнинг даволаш усуллари ва назариясидан бехабар, бироқ у Европадан кўчиб келган кишилар билан аллақачон танишиб улгурган эди. XIX асрдан бошлаб руслар ва украинлар Қозоғистон шимолига кўчиб келиб жойлашади. Кўчманчиликнинг анъанавий маршрутлари ўзгаради, қозоқлар ўтроқ яшаб деҳқончилик қилиш учун кўчманчиликдан воз кечади[2]. Турли аҳоли пунктларида яшаётган қозоқлар билан Европадан кўчиб келганлар бир-биридан бутунлай узилиб яшамаган. Бироқ 1920-йилларнинг охири – 1930-йилларнинг бошидан бошлаб, Европанинг биотиббиёт амалиёти жорий этилади, анъанавий табиблар қораланади, тубжой аҳоли фойдаланиши мумкин бўлган замонавий тиббиёти бор социалистик тизим яратилади.

Биотиббиёт хизматлари тарқалишининг 2 та вазифаси бор эди: ишчи ва деҳқонлар саломатлигини қўллаб-қувватлаб туриш ва советлариннг чекка ўлкалардаги ҳудудларини модернизациялашга хизмат қилиш. Деҳқонлар минган самолётлар Худо йўқлигини исботлаш учун кўкка парвоз қилган, врачлар ёвуз руҳлар эмас, микроблар касаллик тарқатишини кўрсатиш учун замонавий дори-дармондан фойдаланган[3].

Биотиббиёт тараққиёт борасидаги европача қарашларга таянган пан-совет идентитети – ўзига хослигини барча ҳудудларда шакллантиришга ҳаракат қилган маданий инқилобнинг таянчи бўлиб хизмат қилган. Ҳар хил ирим-сиримлардан холи бўлган янги совет кишиси ватандошларни иқтисодий ва маданий тараққиётнинг янада юқорироқ босқичларига етаклаб боришга қобил бўлган Совет давлати ва коммунистик партиянинг қўлидан иш келишига ишониши зарур эди.

Совет раҳбарияти ва минтақага юборилган тиббиёт ходимлари наздида Марказий Осиёнинг кўчманчи аҳолиси тараққиётнинг энг қуйи босқичида бўлган. Совет тиббиёти касалланиш кўрсаткичларини камайтирди ва ҳаёт сифатини оширди, бироқ четдан олиб келинган дунёқараш козоқларнинг анъанавий ижтимоий, маданий ва иқтисодий тузилмаларини ағдар-тўнтар қилиб юборди.

Биотиббиёт соҳасидаги билимларнинг жорий этилиши

Совет Марказий Осиёсидаги биотиббиёт сиёсати маданият ва соғлиқни сақлаш соҳасини тадқиқ қилишда ёрқин намуна бўлиб хизмат қилади, ушбу масалани тарихчилар мустамлака дунёсининг бошқа минтақаларида ҳам тадқиқ этган. Европалик врачлар, ҳамширалар ва миссионерларнинг биотиббиётни экспорт қилиши маҳаллий аҳолини бўйсундиришга йўлдош бўлган ҳамда Европанинг маданий ва илмий устунлик борасидаги позицияси – мавқеини мустаҳкамлаган. Даниэл Ҳедрик (Daniel Headrick) Ғарб технологиялари, жумладан, замонавий тиббиёт билан Европанинг мустамлака дунёси устидан назоратини ўрнатиш қобилияти ўртасидаги мураккаб алоқани кўрсатиб беради. Ҳедрик буғкемалар ва милтиқлар, ҳали хинин – безгак дори ва темир йўлни мустамлакачиликка имкон туғдирган ва уни фойда олиш имконини берган “империя воситалари” деб билади. Масалан, безгакка қарши курашга хизмат қилган хининни кашф қилмасдан туриб, Европанинг иқтисодий фойда олишдан ёки сиёсий жиҳатдан жозибадор бўлишдан қатъи назар, Африка қитъасига кириб бориши имкони йўқ эди[4]. Дэвид Арнольд (David Arnold) Ҳедрикнинг тадқиқотига таянган ҳолда тиббиёт соҳасидаги билим мустамлака ҳудудлари кенгайишига ёрдам берганини ҳамда мустамлака қилувчилар билан мустамлака қилинувчилар ўртасидаги музокара нуқтаси бўлиб хизмат қилганини кўрсатиб беради.

Совет империясида биотиббиёт соҳасидаги билимларни жорий қилиш қолоқ деб ҳисобланган жамиятни ўзгартириш мақсадларига ҳам хизмат қилиши керак эди. Совет ҳокимияти биотиббиёт муассасалари ва мутахассислари сафини кенгайтириш, шунингдек, Европанинг гигиена ва касалликларга қарши кураш усулларини ёйиш Марказий Осиёда касалликлар камайиши ва аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишига умид боғлаётган эди. Дарҳақиқат, биотиббиётни жорий қилиш минтақадаги эпидемияларни сезиларли тарзда камайтирди, тиббиёт соҳасидаги фаоллик маҳаллий ҳаёт тарзига ҳужум қилиш ҳоллари билан қўллаб-қувватлаб турилди. Совет ҳокимияти ўша ҳаёт тарзини касалликларнинг сабаби деб билар эди.

Қозоғистонда 1932 – 33-йилларда рўй берган очарчилик республика аҳолиси сонини тенг ярмига қисқартириб юборди[5]. Ҳокимият демографик ҳалокат сабаб табибларни ҳайдаш ва уларни тиббиёт ходимлари билан алмаштиришга ҳаракат қилаётган эди. Совет амалдорлари фикрича, руҳонийлар, қашшоқлик ва саводсизлик касалликлар ортиб кетишига жиддий таъсир кўрсатган. Касалликларни енгишга интилаётган давлат тиббиёт ходимлари илмий билимларни қўллаш баробарида айни касалликлар келиб чиқишига сабаб сифатида кўрилаётган ижтимоий шароитга ҳам қарши курашган.

Совет амалдорлари ҳам Британия ва Франция шифокорларига ўхшаб, ҳали микроблар ҳақидаги назария пайдо бўлмаган XIX асрда касалликлар келиб чиқишини “ёмон ҳаво” ва бошқа экология омиллари ҳамда беморларнинг ҳаёт тарзига боғлаган[6]. Касалликларни микроблар қўзғашидан воқиф бўлган Совет ҳокимияти улар кечиши ва тарқалишига экология омиллари, жумладан, овқатланиш ва санитарияни сабаб қилиб кўрсатган. Совет назариётчилари ўз қарашларида ёлғиз эмас эди. Францияда бир асрдан иккинчи асрга ўтиш даврида сил хасталигига “қаттиқ ҳориш ва кам иш ҳақи тарзида намоён бўладиган саноат капитализмининг ножўя таъсири” сифатида қаралган[7].

Совет назариётчилари француз ўтмишдошлари сингари иқтисодиётдаги ўзгаришлар ижтимоий ва маданий шароит ўзгаришига сабаб бўлади, бинобарин, юқумли касалликлар траекториясига таъсир кўрсатади, деб тахмин қилган. Ғарбий Европа ва Қўшма Штатлардаги тадқиқотчилар экология омилларини эътироф этган, бироқ айнан совет тиббий этиологияси – касалликларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганувчи фан ҳам иқтисодий кичик тузилма, ҳам микроблар ҳақидаги назарияга жиддий эътибор билан қараган. Экология билан боғлиқ сабабларни эътибор марказида тутиш ҳам совет тиббиётига хос хусусиятлардан бири эди.

Биотиббиёт тарғиботи сарчашмалари ва усуллари

1928 йилдан эътиборан Совет Иттифоқидаги маданий инқилоб маданий устқурмани, саноатлаштириш ва коллективлаштириш иқтисодий базисни ўзгартиришга қаратилган эди. Ўтмишнинг ҳар хил ирим-сиримлари ва ғайримантиқий қолдиқларига қарши уруш эълон қилинди. Ичида шомонлар, муллалар ва халқ табобати вакиллари бўлган анъанавий даволовчилар жадал тарғибот кампаниясининг асосий нишонларига айланди. Тарғиботдан мақсад туб аҳолини ёрдам сўраб профессионал врачларга мурожаат қилишга ундаш эди.

Анъанавий даволовчиларга ишонмаслик даъвати билан бирга уларни ҳибсга олиш ва қамоққа ташлаш ҳам авж олиб кетди. Ҳокимият идораларини шомонлар, муллалар ва халқ табибларининг маҳаллий даражадаги таъсир кучи хавотирга солаётган эди. Шунинг учун Марказий Осиёда биотиббиёт муассасалари ривожланишининг ҳаракатлантирувчи кучи нафақат ватандошларнинг саломатлиги ва фаровонлиги тўғрисидаги ғамхўрлик, қолаверса, ҳокимият ва назорат ўрнатиш бўлиши керак эди.

Қозоғистонда анъанавий даволовчилар нафақат халқнинг тиббий, қолаверса, маънавий эҳтиёжини қондирувчи ва маданият таянчи сифатида ҳам фаолият юритгани учун уларнинг мавқеига путур етказиш биотиббиётдан фойдаланишни кенгайтириш баробарида маҳаллий даражада давлат ҳокимиятини ўрнатишга ҳам қўл келиши шубҳасиз эди.

Анъанавий даволовчилар уч турга: дуо, қироат ва муқаддас сув билан даволовчи муллалар, исломдан олдинги ва ислом давридаги амалиётлар билан даволовчи шомонлар ҳамда ҳайвонлар ва ўсимликлардан тайёрланадиган дори воситалари билан даволайдиган халқ шифокорлари – дорикорлар. Масалан, сил хасталигини даволаш учун ачитилган байтал сути – қимиздан фойдаланилган[8]. Замонавий тиббиётнинг имкониятлари чеклангани ҳисобга олинса, бундай ёндашувларни мутлақо самарасиз деб бўлмайди. Вариоляция (чечакка қарши эмлаш) ва қимиз сил хасталигини даволашда фойдали эканини кўрсатди, антибиотиклар пайдо бўлишидан олдин Совет ҳокимияти ушбу амалиётдан оммавий тарзда фойдаланар эди. Халқ табиблари инфекция қандай тарқалишини тушунмаган бўлиши мумкин, бироқ уларнинг эмпирик кузатувлари касалликларга қарши курашида ёрдам бераётган эди.

Дэвид Арнольд қайд этишича, Британиянинг ҳинд анъанавий тиббиётига қарши кураши “халқ табобатига қарши ҳужум (…) ва малакали мутахассислар учун тиббиётдан рашк қилган кўйи ҳимоя қилиш эди”[9]. Худди шу тариқа Совет Қозоғистонининг этник гуруҳлараро ва мустамлака контекстида биотиббиёт фаоллигини кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари минтақадаги сиёсий ва иқтисодий эксплуатация билан боғлиқ эди. Маҳаллий ҳокимият идораларини давлат тиббиёт назоратига бўйсундириш Москва ҳокимиятининг мустаҳкамланишига хизмат қилди.

Бир вақтда Марказий Осиёда маҳаллий тиббиёт кадрлари шаклланди – Қозоғистонда врачлар сони 1927 йилдаги 452 нафардан 1937 йилга бориб, 1571 кишига етди. 1931 йилда В.М. Молотов номидаги Қозоғистон давлат тиббиёт институти (ҚозТИ) ташкил этилгунга қадар қозоқ врачлари республикадан ташқарида таълим олаётган эди. Бироқ институт ташкил этилгандан сўнг ҳам СССР Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлиги йўлланмаси билан республикага врачлар келиши давом этаверди. ҚозТИнинг асосий вазифаси маҳаллий врачларни тайёрлаш эди. 1935 йилда институтни биринчи қалдирғочлар битириб чиқди, аммо қозоқ врачлари сони камлигича қолаверди, улар билан солиштирганда, тиббиёт ҳамширалари ва маҳаллий тиббиёт ходимлари сони анча ошган эди. 1930-йилларда врачлар орасида аёллар сони кўп эди, эркаклар эса, асосан, маъмурий лавозимларда ишлар эди.

Кадрлар сони ўсиши тиббиёт инфратузилмаси ўсишидан ортидан етишиб ола билмаётган эди. Шифохоналардаги тиббиёт ўринлари сони 1927 йилдаги 3767 тадан 1941 йилга келиб, 16 290 тага етди. Уларнинг аксарияти славянлар истиқомат қиладиган йирик шаҳарлар ва саноат марказларида бўлгани учун қишлоқ жойларга маҳаллий аҳоли сайёр тиббиёт бригадалари хизматидан фойдаланиш билан кифояланган[10].

Қозоқ миллатига мансуб тиббиёт мутахассислари сони ортиши билан аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва гигиена тарғиботи борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам кучайди. Асосан европалик тиббиёт ходимлари билан ушбу тарғибот саъй-ҳаракатлари сабаб касалликларни биотиббиёт ёндашувлари асосида даволашни истамаган қозоқ мижозлар ўртасидаги жиддий маданий узилиш мавжуд бўлган ҳудудда маҳаллий жамиятнинг емирилиши кузатилди. Бунда оммавий ахборот воситалари муҳим роль ўйнади. 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни сингари тадбирлардан фойдаланиб, келинни сотиб олиш ва кўпхотинлиликка қарши кураш ҳамда гигиена ва аёллар соғлигини сақлаш тарғиботи бўйича ишлар амалга оширила бошлади.

Қозоқ маданияти ва биотиббиёт тарғиботи

Тарғибот қониқарсиз санитария шароити ва кундалик турмуш тарзини Қозоғистонда касалликлар тарқалишининг асосий омиллари сифатида тасвирлар эди. Гигиена билан боғлиқ масалалар маданият масалалари билан қоришиб кетар, касалликлар кенг тарқалишига Қозоғистоннинг қолоқ иқтисодий базиси сабаб, деган қараш мавжуд эди. Бир врач 1928 йили Қозоғистон Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлигининг вилоят бошқармасига ёзган юборган ҳисоботида қайд қилишича, қозоқлар “гигиенанининг умумий қоидаларига риоя қилмайди, (…) ифлос нарсалар турмуш тарзи билан бирга касалликлар тарқалишининг асосий манбасидир”[11]. Бу ерда касаллик қўзғайдиган микроблар четга суриб қўйилади. Инқилобдан олдинги ва совет кузатувчилари қозоқларнинг турмуш тарзидан норози эканини умумлаштиради ва ўша турмуш тарзи, уларнинг фикрича, қозоқ халқининг саломатлиги ва фаровонлигига таҳдид солмоқда”[12]. Тиббиёт ходимлари фикрича, “турмуш тарзи” қозоқ аёллари бола ташлашининг асосий сабабидир, айни чоқда эрта турмуш қуриш кейинчалик турли гинекологик муаммоларни келтириб чиқаради[13]. Чимкентда (ҳозирги Шимкент, Жанубий Қозоғистон вилояти) ишлаган машҳур рус врачи, доктор Биков “аҳолининг маданий даражаси пастлиги” захм сингари ижтимоий касалликлар тарқалишига сабаб бўлади, биотиббий ёрдамдан фойдаланмаслик муаммони чигаллаштиради[14]. Қозоғистон Соғлиқни сақлаш халқ қомиссари ўринбосари М.К. Тлеугабилов Қозоғистонда “қашшоқлик, эҳтиёжмандлик ва ижтимоий касалликлар” тўлиб-тошиб ётибди, деб айтган эди[15].

Бошқа муаллифлар қозоқларнинг “даҳшатли” ва “қолоқ” ҳақида сўз юритган[16]. Қозоқлар соғлом турмуш тарзини жорий қилиш учун кундалик амалиётини ўзгартиришга ва ҳаётини ижтимоий жиҳатдан қайта ташкил этишга мажбур бўлган. Қозоғистонда тиббиёт ишининг муҳим жиҳати “барча соҳалардаги маданий тараққиётни қўллаб-қувватлаш йўлидаги энг катта тўсиқ бўлган урф-одатлар ва хурофотни илдизи билан қўпориб ташлаш йўлидаги кураш” бўлди[17]. Урф-одатларга қарши кураш қозоқ маданиятини йўқ қилишга айланиб кетди ва минтақа устидан давлат назоратини кучайтирди.

Тарғиботчилар динни Қозоғистон ва бутун бошли СССР халқларининг саломатлигига салбий таъсир кўрсатяпти, дед ҳисоблар эди. Динга қарши қаратилган маърузаларда биотиббий далиллардан фойдаланилган. Динга қарши кураш фаолларидан бири А. Ростовский мусулмон ва ҳиндларнинг хатна амалиёти саломатлик учун жиддий хавф туғдиради, деб иддао қилиб чиқди[18]. Салим деган фаол “Жангари худосизлар лигаси” журналида Рамазон ойида рўза тутиш салбий оқибатларга олиб келади, деб ёзди[19]. Қозоғистон Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлиги вакиллари “диний мутаассиблик” қозоқлар ўртасида касалликлар тарқалишининг асосий сабаби деб ҳисоблар эди[20].

Тиббиёт тарғиботи қозоқларни анъанавий табибларнинг хавфли эканига ишонтирмоқчи бўлган, газеталар шомонлар, муллалар ва халқ табибларини жоҳил оммани алдайдиган зиқна лўттибозлар сифатида тасвирланган[21].

Ҳокимият мусулмон аёллар ўртасида динга қарши биотиббиёт тарғиботига алоҳида эътибор ьилан қараган[22]. 1928 йили Қозоғистон коммунистик партияси вилоят қўмитаси Қозоғистон Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлигига оналик ва болаликни асраш (ОБА) клиниклари ва муассасаларининг мавжуд тизимидан фойдаланган ҳолда[23] “оммавий ташвиқот” ва тарғиботни ривожлантириш, умуман олганда, муллалар, табиблар ва шомонлар таъсирига қарши курашни кучайтиришни топширган. Лекторлар “аёллар йиғинлари”да уларга эски урф-одатларнинг салбий оқибатлари тўғрисида маъруза қилган[24]. Иддао қилинишича, гинекология муаммолари болалик ёшидаги қизларга уйланиш, келин учун қалин пули олиш, яъни ота-оналарнинг қизларини ҳали балоғат ёшига етмасдан туриб “сотиш”га мажбур қилган амалиёт билан боғлиқ бўлган. Бола туғиш билан боғлиқ анъанавий амалиётлар, масалан, дояларга қарши кураш бошланади. Қозоғистон Халқ комиссарлари кенгашининг 1928 йилги доялар мактабини очиш хусусидаги хабарида айтилишича, доялар шомонлар билан бирга чақалоққа фойдадан кўра кўпроқ зарар келтирган[25]. Ўша йили Қозоғистоннинг ОБА муассасалари гигиеник таълим бўйича дастур бошлашини эълон қилган. Ҳокимият доялар ва анъанавий табиблардан воз кечиш орқали қозоқ аёлларини давлат тиббиёти қўлига топширишга интилган.

1935 йилда Қозоғистоннинг рус тилидаги бир газетасида бир мақола чоп этилади. Унда иддао қилинишича, гарчи қозоқлар “инқилобдан олдин врачлар ёрдами нима эканини билмаган бўлса-да, ҳозирги пайтда қозоқ кўчманчилари давлат соғлиқни сақлаш муассасаларининг улкан тармоғи билан қамраб олинган”[26]. Чиндан ҳам инқилобга қадар қозоқларнинг жуда оз қисми врачларга ёрдам сўраб мурожаат қилиб турган, бироқ мақола муаллифи ўзгаришлар миқёсини жуда бўрттириб юборган, тиббиёт соҳасини ёритувчи ахборот воситалари совет тиббиёти муаммоларини кўриб кўрмасликка олган. Кенг жамоатчиликка мўлжалланган брошюраларда коммунистик партиянинг оддий меҳнаткашлар саломатлиги ҳақида қайғураётганига урғу берилган[27].

1930-йиллар охирига келиб, гигиена ва соғлиқни сақлаш тарғиботи юқумли касалликлар устидан ғалаба қозонилганини, улар сони камайганини эълон қилди ҳамда буни урф-одатлар ва динга қарши кураш самараси дея эълон қилди. Совет соғлиқни сақлаш тизими тарихни ўз манфаатидан келиб чиқиб қайта ёзиб, большевиклар ҳокимиятга келиши билан халқ табиблари йўқ бўлганини иддао қилди, тиббиёт ва ижтимоий соғлиқни сақлаш социализм қурилишининг бир қисмига айлангани ҳақида гапирилди.

Биотиббиёт тарғиботидаги чекловлар

Бироқ санитария соҳасидаги таълим кампанияси силлиқ кечгани йўқ. Соғлиқни сақлаш ва гигиенани оммалаштиришда, айниқса, рус бўлмаган ҳудудларда бир қанча муаммоларга дуч келинди. Бунинг учун маҳаллий тилларда адабиёт ва плакатлар етишмаган. Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлигининг 1932 йилги қарорида “жодугарлик ва шомончиликка қарши курашда визуал материаллар” зарурлиги[28], қозоқ тилида плакатлар, профессионал тиббиёт ходимлари, лекциялар ўқиш учун фильмлар, проекторлар етишмаслиги таъкидланади[29]. РСФСР Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлиги Қозоғистон раҳбариятини тарғибот учун[30] радио ва театрдан фойдаланмаётгани сабаб танқид қилади ва 1930-йиллар мобайнида республикада тиббий тарғибот даражаси заиф бўлгани қайд эталади[31]. 1940-йилларда Қозоғистон матбуоти қишлоқ аҳолиси ва шаҳарлардаги санитария аҳволига таъсир кўрсатишга уринишлар барбод бўлгани ҳақида ёзган эди[32], 1941 йилда Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлигида тарғибот адабиёти тарқатилмагани, тиббиёт ходимлари ҳужжатлар етишмаслиги сабаб ички ҳужжат айланишида матбуот материалларидан фойдаланаётгани ва шу сабаб аҳоли маҳаллий табибларга мурожаат қилаётгани хусусида шикоятлар пайдо бўлди[33].

1931 йилга келиб, Қозоғистонда аёллар туғруқ вақтида, этник келиб чиқишидан қатъи назар, инқилобдан олдинги Европа Россиясидаги аёлларга нисбатан тиббий ёрдам сўраб камроқ мурожаат қилган. Худди рус аёллари каби қозоқ аёллари ҳам профессионал бўлмаган ҳамширалар кўмагига таянган[34]. Айни чоқда қайд этилишича, қозоқ аёллари рус аёлларига нисбатан тиббий хизматлардан кам фойдаланган ва шу ўринда 2 та муаммо алоҳида таъкидлаб кўрсатилади: клиник муассасалардан фойдаланиш имконияти йўқлиги ва маҳаллий аёлларнинг келиб чиқиши европалик бўлган тиббиёт ходимларига ишонмаслиги[35]. 1936 йили чоп этилган бир газетада билдирилишича, Оқтўбадаги касалхона ходимлари, бор-йўғи, 6 нафар қозоқ аёлига туғишига ёрдам берган, аммо аксарият қозоқлар бундай ҳолларда “шомонларга ёрдам сўраб борган”[36].

Шунга қарамасдан, кейинги ўн йилликларда биотиббиёт самараси туфайли, қозоқларнинг умри узоқлиги ортди, эпидемиялар барҳам топди, юқумли касалликлар тарқалиши камайди. Шу билан бирга, минтақада давлат назорати ва Совет ҳокимиятининг легитимлиги – қонунийлиги мустаҳкамланди. Ўз мавқеини мустаҳкамлаб олган биотиббиёт Қозоғистондаги халқ табобатини барибир тўлиқ сиқиб чиқара олмади. Қозоқлар анъанавий урф-одатлар йўқ қилинишига қаршилик кўрсатиб, бундай амалиётни яширин тарзда давом эттирди. 30- йилларда ва ундан кейин қишлоқларда халқ табобати нега сақланиб қолгани тўғрисидаги саволга 1995 йили Жанубий Қозоғистон вилоятида ўтказилган сўров респондентлари деярли бир овоздан шомонлар билан муллалар яширин тарзда халққа хизмат кўрсатишни давом эттирганини айтиб жавоб қайтарди. Архив маълумотлари ҳам ушбу ахборотни тасдиқлайди. Бироқ анъанавий тиббиёт аста-секин ўз мавқеини йўқотмоқда.

Совет режимининг муваффақиятлари ҳақидаги мақола ва чиқишларда биотиббиёт самарадорлигини унинг маданий, иқтисодий ва ижтимоий тизими билан боғлар эди.

Биотиббиётни жорий қилиш козоқларнинг ҳаётига ижобий таъсир кўрсатди, бироқ бунинг эвазига тўлиқ назорат давлатнинг қўлига ўтди. Биотиббиёт устунликлари сиёсий автономия, ҳаётни иқтисодий жиҳатдан ташкил қилиш ва маданиятни бой бериш эвазига келди. Ҳаёт сифатининг ортиши шунга арзир эди, бироқ Қозоғистонда биотиббиётни тубжой аҳолининг дори тайёрлаш маданиятини йўқ қилмасдан жорий этиш ҳам мумкин эди. Масалан, Ҳиндистонда чечакка қарши вариоляция эмлашини ҳам замонавий тиббиёт воситалари, ҳам анъанавий табиблар амалга оширар эди. Айни ёндашув биотиббиёт камроқ маданий оқибатлар эвазига ҳам жорий этилиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Британия Ҳиндистони билан солиштирганда, советлар намунаси биотиббиётни агрессив тарзда жорий этиш ортида сиёсий сабаблар турганидан далолат бермоқда. Халқ табиблари таъсиридан қутулиш учун қозоқ этнотиббиётини йўқ қилишга уриниш совет режими ташаббусларининг асосини ташкил этган. Халқ табобати билан шуғулланадиган кишиларни йўқ қилмай туриб, биотиббиётни ривожлантириш имконияти бўлганига қарамай, Совет ҳокимияти ушбу вариантлардан воз кечди, чунки улар сиёсий важларга зид келаётган эди.

Режим тинмай кураш олиб борган маданий инқилоб қозоқларнинг кундалик ҳаётини тўлиқ ўзгартира олмади, бироқ расмий тарғибот уларнинг коллектив онгини шакллантирди. Совет ҳокимияти қозоқларнинг идентитети – миллий ўзига хослигини ўйлаб кўриб, қанчалик яхши англаб етгани ҳақида бир сўз дейиш қийин, бироқ ушбу тарғиботнинг таъсири шу кунгача сезилиб туради. Кўпгина қозоқлар Совет ҳокимияти Марказий Осиё чўлларига “цивилизация” – тамаддун олиб келди, деган фикрда, мустамлакачиликдан олдинги давр тамаддунини тушуниб олиш учун яна неча ўн йиллар керак бўлади.


[1] Государственный архив Южно-Казахстанской области (ГАЮКО), ф. 812, оп. 1, св. 4, д. 23, ll. 1–7 об.

[2] См. George Demko, The Russian Colonization of Kazakhstan, 1896–1916 (Bloomington, 1969). Для изучения политической истории Казахстана см. Martha Brill Olcott, The Kazakhs, 2d ed. (Stanford, 1995). Кратко у Shirin Akiner, Formation of Kazakh Identity: From Tribe to Nation-State (Washington, DC, 1995); and Ingvar Svanberg, “Kazaks,” в The Nationalities Question in the Soviet Union, ed. Graham Smith (New York, 1990), 318–33. О современном Казахстане см. Ingvar Svanberg, ed., Contemporary Kazakhs: Cultural and Social Perspectives (London, 1999).

[3] См. Shoshana Keller, “The Struggle against Islam in Uzbekistan, 1921–1941: Policy, Bureaucracy, and Reality” (Ph.D. diss., Indiana University, 1995); Daniel Peris, Storming the Heavens: The Soviet League of the Militant Godless (Ithaca, 1998).

[4] См. Daniel R. Headrick, The Tools of Empire: Technology and European Imperialism in the Nineteenth Century (New York, 1981). Применение концепта Хедрика к колониальной медицине предложено у David Arnold, Colonizing the Body: State Medicine and Epidemic Disease in Nineteenth-Century India (Berkeley, 1993), 15.

[5] См. Martha Brill Olcott, “The Collectivization Drive in Kazakhstan,” Russian Review 40 (April 1981): 122–42.

[6] О Ғарбий Европа ва санитария ҳаракати ҳақида қаранг: Anthony S. Wohl, Endangered Lives: Public Health in

Victorian Britain (Cambridge, MA, 1983); William Coleman, Death is a Social Disease: Public Health and

Political Economy in Early Industrial France (Madison, 1982).

[7] David S. Barnes, The Making of a Social Disease: Tuberculosis in Nineteenth Century France (Berkeley,

1995), 217.

[8] Қозоқларнинг анъанавий тиббиёти ҳақидаги батафсил муҳокама хусусида маълумот олиш учун қаранг: Р. M. Mустафина, Представления, культы, обряды у казахов (Алма-Ата, 1992); K. Ш. Шулембаев, Образ жизни, религия, атеизм: общее и особенное в образе жизни и религиозных верованиях казахов и вопросы атеистического воспитания (Алма-Ата, 1983) ва менинг илмий ишим: “Shamans and Surgeons: The Politics of Health Care in Soviet Kazakhstan, 1928–41” (Ph.D. diss., University of North Carolina at Chapel Hill, 1997), 28–81.

[9] Arnold, Colonizing the Body, 51.

[10] С. С. Баигазин, “Формирование медицинских кадров Казахстана, 1917–41 гг.” (Диссертация на степень кандидата наук, Академия Наук республики Казахстан, 1992),117; Архив президента Республики Казахстан (AПРК), ф. 141, оп.1, д. 7706, l. 11, и д. 10137, л. 133; Центральный Государственный Архив Республика Казахстан (ЦГА РК), ф. 815, оп. 2, д. 7a, л. 6; “Краткий обзор деятельности учреждений Казнаркомздрава за 1928–29г.,” Здравоохранение в Казахстане (ЗВК), 1930, №№. 5–6:26; “Резолюции краевого совещания работников здравоохранения КаССР, 20–23 марта 1934 г.,” Медицинский журнал Казахстана (МЖК), 1934, №. 7–8:74; “Доклад народного комиссара здравоохранения КазССР тов. Кульсартова на IX всеказахском съезде советов,” МЖК, 1935, №. 1–2:1.

[11] ГАЮКО, ф. 812, оп. 1, св. 4, д. 23, l. 1. Также ЦГА РК, ф. 82, оп. 2, д. 165, л. 24; M. A. Быков, Санитарно-гигиенические очерки и здравоохранение в районах Сыр-Дарьинского округа (Шимкент, 1931), 47, 129; В. Серебряков, “Материалы по вопросу о распространении сифилиса в Казахстане,”МЖК, 1935, №. 3:96; Отчет Казахстанской экспедиции за 1926 год (Ленинград, 1927), 11. Городские врачи сделали аналогичные наблюдения о привычках и обычаях русских крестьян. См., С. Л. Лопатина, Нужно бороться со знахарством в деревне (Москва, 1926), 3; Л. Василевский, Религия и здоровье (Ленинград, 1928), 13.

[12] См. A. K. Гейнс, Киргизский очерк (1866), 237; Бертов, Страна свободных земель (Санкт-Петербург,

1908), 39; Кребель, Народная медицина и народные средства различных племен Русского царства против различных болезней, перевод С. Блументаев (1868), 36.

[13] АПРК, ф. 141, оп. 1, д. 2378, л. 2, 4; Брискин, Степи казахские: очерки степного Казахстана (Кзыл-Орда,

1929), 109; Джейтунская искра (ДИ), 29 марта 1928, 3.

[14] Быков, Санитарно-гигиенические очерки, 48, 103. См. также Отчет Казахстанской экспедиции, 11.

[15] M. K. Тлеугабылов, “Kадры здравоохранения Казахской ССР за 25 лет Великого Октября,” Здравоохранение Казахстана (ЗК), 1942, №. 11–12:27.

[16] И. Курамысов, За Ленинскую национальную политику в Казахстане (Алма-Ата, 1932), 89; В. Горбунов,

Путеводитель по Казахстану (Москва, 1932), 20. Также см, Плиушч, “От царской колонии, от вотчины Хивинских феодалов до социалистической Кара-Калпакии,” Просвещение национальностей (Март-Апрель 1934): 60; Р. И. Самарин, Очерки истории здравоохранения Казахстана (Алма-Ата, 1958), 105.

[17] АПРК, ф. 141, оп. 2, д. 2819, л. 177.

[18] Ростовский, Поп, знахарь и врач, 6–7.

[19] Салим, “Мусульманский пост ураза,” Безбожник (16 января 1930): 2. Также см. Василевский, Религия и здоровье, 4.

[20] ЦГА РК, ф. 30, оп. 2, д. 603, л. 12 (указано в Хабиев, Культурное строительство 1:455).

[21] ДИ, 23 февраля 1928, 3; Казахстанская правда (КП), 2 декабря 1938, 3.

[22] Советларнинг Марказий Осиё аёлларига нисбатан сиёсати ҳақида маълумот олиш учун қаранг: Gregory Massell, The Surrogate Proletariat: Moslem Women and Revolutionary Strategies in Soviet Central Asia, 1919–1929 (Princeton, 1974);

Marianne Kamp, “Unveiling Uzbek Women” (Ph.D. diss., University of Chicago, 1998); Douglas Taylor Northrop, “Uzbek Women and the Veil: Gender and Power in Stalinist Central Asia,” (Ph.D. diss., Stanford University, 1999).

[23] Российский Центр Хранения и Документации Новейшей Истории, ф. 17, oп. 25, д. 22, л. 150.

[24] Государственный Архив Российской Федерации, ф. 5465, oп. 10, д. 181, л. 5.

[25] АПРК, ф. 141, oп. 1, д. 2375, л. 19.

[26] Правда Южного Казахстана (ПЮК), 6 июня 1935, 3.

[27] Матвеев, “Очередные задачи,” 6; ПЮК, 6 июня 1935, 3; Минлос, Религия и советская медицина, 3.

[28] ЦГА РСФСР, ф. 482, оп. 24, д. 64, л. 22.

[29] С. Нурпеисов, О массовой политической и культурной работе в ауле и селе (Алма-Ата, 1935), 42.

[30] ЦГА РСФСР, ф. 482, оп. 24, д. 295, л. 1.

[31] ГАЮКО, ф. 121, оп. 1, св. 116, д. 1240, л. 21.

[32] КП, 8 марта 1940, 4. Ҳатто 1941 йилда ҳам муайян вилоятлар аҳолиси, айниқса, илк ёрдам кўрсатиш ва ходимларнинг хавфсизлиги масаласида менсимай муносабатда бўлинганидан азият чеккани хусусидаги шикоятлар бўлиб турган. (Полянский, Методические указания, 2).

[33] ЦГА РК ф. 1473, оп. 1, д. 188, л. 19. Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлиги ушбу муаммога жавобан аҳоли ўртасида тарқатиш учун фақат санитария таълими хусусидаги адабиётлардан фойдаланиш кераклиги тўғрисида кўрсатма берган, ушбу кўрсатмани бузганлик учун жиноий жавобгарликка тортилиш мумкин бўлган.

[34] Быков, Санитарно-гигиенические очерки, 38.

[35] Ibid., 95.

[36] КП, 4 января 1936, 4.

Манба: uzanalytics.com

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.