“Авлоний” бадиий фильми бош қаҳрамони – жадидларнинг йиғма образи

Охирги йилларда ўзбек кино санъатида тарихий мавзуга эътибор кучайди. «Абу Исо Мухаммад ат-Термизий», «Исҳоқхон Ибрат», «Қўқон шамоли» тарихий-бадиий киноленталари қаторига яна бир фильм қўшилмоқда. Бир йилдан бери маърифатпарвар шоир, таниқли давлат ва жамоат арбоби Абдулла Авлоний ҳақида бадиий фильм суратга олинмоқда.

UzTrend таҳлилий сайти таниқли ёзувчи Тоҳир Маликнинг “Қалдирғоч” қиссаси асосида тасвирга олинаётган ушбу кинокартина ҳақида унинг саҳналаштирувчи режиссёри Музаффар Эркинов билан суҳбатни эътиборингизга ҳавола этмоқда.

‒ Абдулла Авлоний ҳақида фильм яратиш ғояси қачон пайдо бўлди? Уни тасвирга олиш жараёни қандай бошлангани ҳақида сўзлаб берсангиз 

 “Ўзбеккино” миллий агентлигининг 2018 йилги тематик режасига маърифатпарвар шоир, таниқли давлат ва жамоат арбоби Абдулла Авлоний ҳақида бадиий фильмни тасвирга олиш киритилган эди. Режада картинани таниқли адиб Тоҳир Маликнинг “Қалдирғоч” асари асосида суратга олиш белгиланган. Ушбу лойиҳа мени жуда қизиқтириб қолди ва биринчи навбатда Тоҳир ака билан учрашиб суҳбатлашдим. “Қалдирғоч” қиссаси Абдулла Авлоний кундаликлари асосида ёзилган.

Муҳокамаларимиз давомида Тоҳир ака авваламбор бу ишга тажрибали сценарийнавис жалб қилишни таклиф этди. Ушбу масъулиятли вазифани сценарийнавис Муқаддас Усмоновага топшириш ғояси адибга ҳам маъқул келди. Сценарий устида 3-4 ой давомида ишладик ва Тоҳир Малик бу жараёнда бевосита иштирок этди. У осон кечмади – бундай асардан тўлиқ метражли бадиий фильм сценарийсини яратиш қийин масала эди.

Сценарий тайёр бўлгач, “Ўзбеккино” бадиий кенгашига тақдим этилди. Уни тасдиқлаш давомида баъзи режиссёрларда бундай катта лойиҳа амалга оширилишига шубҳа туғилди. Чунки ўша даврга хос бўлган локацияларни (съёмка қилинадиган жойлар ва ҳудудларни) излаб топиш, декорациялар ясаш, юзлаб либосларни тайёрлаш, ХХ аср бошларидаги паровоз ва пароходларни республикамиздан топиш катта муаммо эди. Лекин мендаги иштиёқ кучли эди ва юқоридаги муаммоларга қарамай, ишга киришдим.

‒ Фильмнинг асосий ғояси нима?

 Фильмнинг асосий ғояси ўзбек зиёлиларининг энг фаол вакилларидан бири бўлмиш Абдулла Авлонийнинг совет тузумини дастлаб улуғлаб ва унга ишонгани, кейинчалик эса кўнгли қолишидир. У 1917 йилги октябрь инқилобини хурсандчилик ва кўтаринки руҳ билан кутиб олади. Унга бағишлаб шеърлар ёзади, социалистик тузумни улуғлайди. Лекин орадан кўп ўтмай, шўро ҳукумати сиёсатининг бир қатор салбий жиҳатларини, жумладан, қилаётган иши минбарлардан тантанавор айтилган гапларига бутунлай тескари эканини англаб етади, тузумнинг террорчилик сиёсати ва қатағонлари гувоҳи бўлади. Вақт ўтиб, ушбу ҳолат шоир ижодида ғамгин ва тушкун оҳанглар пайдо бўлишига олиб келади. “Мен бутун умр халқим маърифати учун курашдим, янги тузум келганида эргашдим, аммо бу йўлнинг хатолигини жуда кеч англадим”, деб ёзади Авлоний.

Маърифатпарвар шоирнинг совет тузумига қарашлари бу қадар кескин ўзгариши Афғонистонга сафари давомида рўй беради. 1919 йил июнида Авлоний совет ҳукуматининг топшириғи билан Афғонистонга боради. 1919 йил сентябридан 1920 йил июлигача Ҳиротда бош консул бўлиб ишлайди. Айни сафар унинг большевиклар ҳукуматига бўлган ишончсизлигини кучайтириб юборади. Шу сабаб сафар фильмнинг асосий сюжет линияси қилиб олинган.

Авлонийнинг афғон сафаридаги деярли барча ҳамроҳлари қатағон қурбони бўлади. Улар жонини совет тузуми учун фидо қилишга тайёр инсонлар эди, аммо тузум ҳар бирининг бошига етди. Бош қаҳрамонимиз Афғонистондан қайтгач, сиёсатга аралашмади ва умрининг охиригача она тили ва адабиётдан дарс берди. Адибнинг афғон сафаригача янги мактаблар очиш, нашриётлар ташкил қилиш, пъесалар ёзиш ва саҳналаштириш иштиёқи бутунлай сўнган эди.

Бундан ташқари, фильмда Афғонистоннинг ўша даврларда йирик давлатлар ўртасида талаш ва жуғрофий сиёсат қурбони бўлганини ҳам кўрсатишга ҳаракат қилдик. Фильмнинг яна бир ғояси йирик давлатларнинг кичик ёки заиф давлатлар ички сиёсатига аралашуви қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигидир. Бунга Афғонистон ёрқин мисол бўлади.

‒ Кўпчилик тарихий киноленталарда бош қаҳрамонлар идеаллаштирилади ва ўта ижобий талқин қилинади, деб ҳисоблайди. “Авлоний” фильмида бу масалага қандай ёндашилган?

‒ Мен бадиий фильмларда тарихий қаҳрамонлар идеаллаштирилишига қаршиман. Уларга айнан ўша давр назари ва мезонлари билан қараш керак. Мисол учун, тарихий шахслар – ҳукмдорлар образини олайлик. Уларнинг қаттиққўллиги ва бешафқатлигини кўрсатмай, фақат ижобий талқин қилиш нотўғри. Чунки ўша даврда ҳокимиятни бошқа йўл билан бошқариб бўлмас эди.

Шу лойиҳага киришганимдан бошлаб, Авлоний ҳаёти ва фаолиятини адиб Тоҳир Малик қиссаси, тарихий ҳужжатлар ва кундаликлари асосида ўрганиб чиқдим. У содда, ишонувчан ва ҳокисор киши бўлган экан. Қаҳрамонимизнинг бундай характери шўро ҳукуматининг шиорларига буткул ишониб, тузумни идеаллаштиришида маълум роль ўйнаган, деган фикрдаман. Кейинчалик, қатағон сиёсатини ва сўз билан иш бир-бирига тўғри келмаслигини кўриб, унинг тузумдан кўнгли совий бошлайди. Дастлабки улуғлаш ва кўтаринки руҳ ғамгинлик ҳамда тушкунликка айланади.

Лекин фильмда Авлоний образи қатъийроқ характерга эга. Сабаби, Тоҳир Малик таъкидлаганидек, бу образда нафақат Авлонийнинг, қолаверса, ўша давр жадидларининг характер хусусиятлари акс этган. Бошқача айтганда, Авлоний тимсолида ўша давр жадидларининг ҳаёти ва фаолиятини, совет тузуми билан ўзаро муносабатларини кўрсатишга ҳаракат қилдик.

‒ Кўп ҳолларда маълум асар асосида фильм яратишда режиссёр воқеаларга ўзгартириш киритиб, томошабинга ўз талқинини ҳавола этади. “Авлоний “ фильм сценарийси “Қалдирғоч” қиссасига қай даражада яқин?

 Бу саволга жавобим оддий – максимал даражада яқин. Чунки юқорида айтиб ўтганимдек, Тоҳир Малик сценарий тайёрлаш жараёнида бевосита иштирок этган ва ҳар бир киритилган ўзгаришни тасдиқлаб берган. Ўзгаришлар бор, лекин кўп эмас.

Фильм воқеаларга бой, асосий ғоялар сюжет линиясига сингдирилган ва ҳар бир образни максимал даражада очишга ҳаракат қилдик. Картинамиз реал тарихий воқеаларга асосланган.

‒ Маълумки, Абдулла Авлоний серқирра ижодкор – маърифатпарвар шоир, драматург, журналист, олим, давлат ва жамоат арбоби. Фильмда бош қаҳрамон образини қайси жиҳатдан кўпроқ очишга эътибор берилган?

 Авваламбор, ҳар қандай қаҳрамоннинг ички оламини очиш керак. Авлоний ролига биз бош қаҳрамоннинг ички оламига кўпроқ мос келадиган актёрни танладик. Мазкур кинолентанинг сюжети адиб фаолиятининг асосий қирралари очиб бериладиган қилиб тузилган.

‒ Тарихий бадиий фильмлар томошабин учун нафақат қахрамонларнинг ҳаёти ва фаолияти, қолаверса, тарихий даврнинг жонлантирилиши билан ҳам қизиқ. Мазкур жанрдаги фильмни яратишда декорациялар, либослар ва ўша даврга хос турли реквизитларнинг аҳамияти катта. Сиз “Авлоний” фильмида XX аср бошларидаги тарихий руҳни ярата олдим, деб ўйлайсизми?

 Тарихий мавзуда бадиий фильм яратиш киноижодкорлар зиммасига катта маъсулият юклайди. Ижодий гуруҳимиз учун ўша давр руҳини экранда яратиш осон кечмади. Республикамизда охирги ўн йилликларда тарихий мавзуларда жуда кам фильмлар суратга олинган. Тайёр декорациялар ва либослар деярли йўқ бўлгани учун ҳаммасини “нол”дан барпо қилдик. Учта вокзал декорациясини қурдик, яқин орада яна 7-8 та йирик декорация тайёр бўлиши керак. Бундан ташқари, Хоразмда Амударё соҳилларида пароходни ўша даврга мослаб реконструкция қилдик, махсус кема қурилди, 1000 дан ортиқ картина яратилди ва 300 дан ортиқ либос тикилди. Бахтимизга, кўмирда юрадиган паровоз – ХХ асрнинг биринчи ярмида ишлатилган – Қўқондан топилди, биз уни реконструкция қилдик. Хуллас, томошабин кўз олдида ўша даврни жонлантириш учун кўп куч, вақт ва маблағ сарфладик. Ўша давр руҳини ярата олдик, деб ўйлайман. Бу – менинг фикрим. Фильм экранга чиққандан сўнг, асосий баҳони томошабин беради.

‒ Фильм тақдимоти қачон бўлади?

‒ Ҳозирги кунда фильмнинг 85-90 фоизи тасвирга олинди. Яқин бир ой ичида съёмка жараёнини якунламоқчимиз. Тақдимотни ноябрь ойига мўлжаллаяпмиз.

UzAnalytics фильм режиссёри Музаффар Эркиновга миннатдорлик билдиради ва ижодий муваффақият тилайди

Фильмни суратга олиш жараёнидан лавҳалар

Абдулла Авлоний XIX аср охири – XX аср бошидаги ўзбек миллий маданияти машҳур вакилларидан бири. Маърифатпарвар шоир, драматург, журналист, олим, давлат ва жамоат арбоби.

1878 йил июлида Тошкент шаҳрида ҳунарманд оиласида дунёга келди. Аввал эски мактабда, сўнгра мадрасада таълим олди. Яна мустақил мутолаа билан шуғулланиб, араб, форс, рус тилларини ўрганди. Оренбург, Қозон, Тифлисда чиқиб турган газета-журналларни кузатиб борди. Қисқа муддат ичида маърифатпарвар сифатида танилди ва ўлкадаги ижтимоий-маданий ҳаракатнинг фаол намояндаларидан бирига айланди.

XX аср бошларида Туркистон маданий ҳаётида юз берган энг муҳим ўзгаришлардан бири мактаб ислоҳоти бўлди. Авлоний ушбу даврда жадидлар сафига қўшилди. 1904-1914 йилларда янгича (янги услубда) мактаблар очиб, дарс берди ва дарсликлар ёзди.

      Абдулла Авлоний

1878 йил июлида Тошкент шаҳрида ҳунарманд оиласида дунёга келди. Аввал эски мактабда, сўнгра мадрасада таълим олди. Яна мустақил мутолаа билан шуғулланиб, араб, форс, рус тилларини ўрганди. Оренбург, Қозон, Тифлисда чиқиб турган газета-журналларни кузатиб борди. Қисқа муддат ичида маърифатпарвар сифатида танилди ва ўлкадаги ижтимоий-маданий ҳаракатнинг фаол намояндаларидан бирига айланди.

XX аср бошларида Туркистон маданий ҳаётида юз берган энг муҳим ўзгаришлардан бири мактаб ислоҳоти бўлди. Авлоний ушбу даврда жадидлар сафига қўшилди. 1904-1914 йилларда янгича (янги услубда) мактаблар очиб, дарс берди ва дарсликлар ёзди.

Авлоний мактаби гуманистик ва эркин тарбия асосига қурилган, дунёвий ва илғор илм-фанларни болаларга ўргатишни асосий мақсад қилиб қўйган, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол бўлишга қурби етадиган қилиб тарбиялай оладиган ҳақиқий халқ мактаби бўлди. Бундан ташқари, хайрия жамияти очиб, етим болаларни ўқитди.

Мунаввар қори, Муҳаммаджон Подшохўжаев, Тавалло, Рустамбек Юсуфбеков, Низомиддин Хўжаев, Шокиржон Раҳимий каби тараққийчи кишилар билан бирга «Нашриёт» (1914), «Мактаб» (1916) ширкатларини тузди, «Тараққий», «Шуҳрат» (1907), «Осиё» (1908), «Турон» (1917) газеталарини чиқарди. 1918 йили Туркистон Шўролар ҳукуматининг биринчи газетаси «Иштирокиюн»нинг ташкилотчиларидан ва муҳаррирларидан бири бўлди. У совет даврида турли масъулиятли лавозимларда хизмат қилди, қайси вазифада ишламасин, илм-маърифат тарқатиш, таълим-тарбия масалалари билан шуғулланиб келди, билим юртларида, олий мактабларда ўқитувчилик қилди. 1930-34 йилларда Ўрта Осиё давлат университетида (ҳозирги ТошДУ) кафедрани бошқарди.

Абдулла Авлоний 1934 йил вафот этди.

У 30 йилдан ортиқроқ ижод қилди. Ўтган давр ичида, ўз таъкидича, «ўнлаб шеър ва мактаб китоблари, тўрт театр китоби» қолдирди. Ҳижрон, Набил, Индамас, Шуҳрат, Тангриқули, Сурайё, Шапалоқ, Чол, Аб, Чегабой, Абдулҳақ тахаллуслари билан шеър, ҳикоя ва мақолалар ёзди. 1916 йилги мардикорлик воқеаларига бағишлаб кўплаб шеърлар ижод қилди: «Бир мардикорнинг отаси ўғлига айтган сўзлари», «Онасининг ўғлига айтган сўзлари», «Афсус» ва б. Ота юртдан узоқ шимолнинг қорли-музли ерларига, фронт орқасидаги қора хизматга олиб кетилаётган мардикорларнинг қариндошлари билан оғир хайрлашув манзараларини тасвирлади, ҳақсизликни ёритди.

Авлоний ўзбек театрининг асосчиларидан бири эди. У 1913 йилда «Туркистон» театр труппасини тузди. Ташкилотчиси ҳам, ғоявий-бадиий раҳбари ҳам ўзи бўлди. Труппа «Заҳарли ҳаёт» (Ҳамза), «Бахтсиз куёв (А. Қодирий) каби XX аср бошлари ўзбек драматургиясининг энг яхши намуналарини саҳналаштирди. Адиб Озарбайжон драматурглари асарларини ўзбекчага таржима қилди ва саҳнага олиб чиқди, ўзи ҳам театрда роллар ижро этди. «Адвокатлик осонми?» (1914), «Пинак» (1915) комедиялари, 1914-17 йилларда ёзилган «Биз ва сиз», «Португалия инқилоби», «Икки севги» каби трагедия жанридаги асарлари билан ўзбек драматургиясининг майдонга келиши ва театрчилик халқ орасида оммалашишига муҳим ҳисса қўшди.

Авлоний ижодий фаолиятининг энг сермаҳсул йиллари 1917 йилги Октябрь инқилобига қадар бўлган даврга тўғри келади.

Манба: https://ziyouz.uz/ilm-va-fan/tarix/manaviyat-yulduzlari/abdulla-avloniy-1878-1934/

Мақола матни Навруз Мелибаев ва Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти “Санъатшунослик ва маданиятшунослик” кафедраси катта ўқитувчиси Шоира Нусратова томонидан тайёрланди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.