Дунёда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият тўғрисида махсус ахборот

Ўтган бир сутка давомида 230 мингдан зиёд янги касалланиш ҳолатлари аниқланди. Кунлик ўлим кўрсаткичи 5 минг атрофида сақланиб қолмоқда. Хусусан, сўнгги кунларда Бразилияда коронавирус инфекциясидан вафот этганлар сони 100 мингдан ошди.

Шу билан бирга, COVID-19 дан тузалганлар статистикаси ижобий динамикани кўрсатишда давом этмоқда. Даволанганларнинг улуши деярли 65,1 фоизни ташкил қилмоқда.
SARS-CoV-2 тарқалиш суръати юқорлигича қолмоқда.
Марказий Осиё(Aфғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон)да ўтган сутка давомида 6 758 янги касалланиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, касалланганларнинг умумий сони 217 260 га етди. Бу бутун дунёда аниқланган ҳолатлар статистикасининг 1,07 фоизини ташкил қилади. Шу билан бирга, Қозоғистонда касалланганларнинг умумий сони 100 мингдан ошди. Бу Марказий Осиёда жами вирус юқтирганларнинг 46,1 фоизини ташкил этади.
Марказий Осиёда ўтган кун давомида 2 895 киши тузалиб, соғайиб кетганларнинг улуши 162 387 кишини ташкил этди(дунё бўйича жами тузалганларнинг 1,2 фоизи), 235 киши вафот этиб, ўлим ҳолатлари 4 355(0,5%) га етди.
1. Статистика. “Worldometers” маълумотларига кўра, 11 август соат 17.00 ҳолатига кўра, дунёда касалланганларнинг умумий сони 20 миллион 277,1 минг кишини ташкил этди, 739,5 минг одам вафот этган.
Касалланиш ҳолати энг кўп қайд этилган давлатлар: AҚШ — 5 миллион 251,4 минг, Бразилия — 3 миллион 57,5 минг ва Ҳиндистон — 2 миллион 271 минг киши.
Ўлим ҳолати: AҚШ – 166 195, Бразилия – 101 857, Мексика — 53 003, Буюк Британия — 46 526, Ҳиндистон – 45 383.
Ҳозирги вақтда, COVID-19 дан соғайиб кетганларнинг умумий сони 13 202 228 кишига етди.
Россияда касалланганларнинг умумий сони 897 599 нафар, 703 175 киши соғайган, 15 131 фуқаро вафот этган.
Беларусда кунига 97 та ҳолат аниқланди, касалланганларнинг сони — 68 947 нафар, 64 991 киши соғайди, 589 киши вафот этган.
Марказий Осиёдаги вазият
Қозоғистонда кунига 722 та янги касалланиш ҳолатлари аниқланди, касалланганларнинг умумий сони 100 164 нафар, 73 702 (+1 179) киши соғайди, 1 269 (+184) киши вафот этган.
“Regnum” хабар беришича, Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида ҳукумат раҳбари A.Мамин Соғлиқни сақлаш вазирлигига мамлакатда карантин чораларини босқичма-босқич юмшатиш режасини тайёрлаш ва кўриб чиқиш учун тақдим этиш бўйича топшириқ берди.
Мажлисда Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари A.Цой 10 кун ичида коронавируснинг ўртача репродуктив даражаси 0,92 дан 0,82 га пасайгани ҳақида маълум қилди. Бундан ташқари, тузалиб кетган беморларнинг улуши 73% дан ошди. Вазир, шунингдек, койкалар бандлиги 61 фоизга, тез ёрдам чақирувлари сони эса 62 фоизга камайганини қўшимча қилди.
Қирғизистонда 278 нафар янги бемор аниқланди, касалланганларнинг умумий сони 40 455 га етди, 32 734(+608) киши соғайди, 1 478(+4) нафар фуқаро вафот этди.
Таълим ва фан вазирининг ўринбосари Н.Жусупбекова иштирокида брифинг бўлиб ўтди. “24.rg” нашрининг хабар беришича, вазир ўринбосари мамлакатдаги мактаб ўқувчиларининг таълим шакли санитария-эпидемиология идоралари ва маҳаллий ҳокимият органлари қарори билан белгиланишини қайд этди. Ота-оналарга фарзанди учун таълим шаклини танлаш ҳуқуқи берилади.
Н.Жусупбекованинг сўзларига кўра, эпидемиологик вазият барқарор бўлган(яшил зона) ҳамда болалар ва ўқитувчиларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф бўлмаган ҳудудлардаги мулкчилик шаклидан қатъи назар таълим муассасаларида 1, 11-синфларда таълим анъанавий шаклда ўтказилади. Бунда ўқувчилар сони энг кам бўлган ҳолда, навбатчи синфлар ташкил қилиниши мумкин.
Бундан ташқари, анъанавий-масофавий (аралаш) шакл назарда тутилган бўлиб, яшил бўлмаган зоналарда анъанавий таълим шакли фақат 1, 5, 9 ва 11-синфларда ташкил этилади. Ўқувчилар сонига қараб синфлар кичик гуруҳларга бўлиниши мумкин ва дарслар эгилувчан жадвал асосида олиб борилади. Қолган синф ўқувчилари масофадан туриб ўқишади. Шу билан бирга, эпидемиологик вазият оғир бўлган, шунингдек, болалар ва ўқитувчилар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирадиган ҳудудларда(қизил зона) 1-11 синфларда дарслар масофавий тарзда ўтилади.
Тожикистонда 82 та янги касалланиш ҳолатлари аниқланди, касалланганларнинг умумий сони 7 827 нафар, 6 614 (+41) киши соғайди, 62 та одам вафот этди (ўзгаришсиз).
«Азия Плюс» АА мамлакат молия вазирлигига таяниб хабар беришича, Тожикистон ҳукумати жорий йилнинг биринчи ярмида соғлиқни сақлаш соҳасини етарлича молиялаштирмади.
Умуман олганда, жорий йилнинг биринчи ярмида республика давлат бюджетининг харажатлар қисми 81,9 фоизга бажарилди: бюджетли молиялаштиришнинг умумий ҳажми 10,2 миллиард сомонийни ташкил этиб, бу режа кўрсаткичларига нисбатан 2,3 миллиард сомонийга ёки 18,1 фоизга кам. Шу билан бирга, ушбу даврда республика давлат бюджетининг даромадлари 9,8 миллиард сомонийни ташкил этди, бу қайта кўриб чиқилган режадан 4,5 фоизга ёки 462,3 миллион сомонийга кам.
Расмий статистикага кўра, Туркманистонда бирорта ҳам корнавирусга чалинган киши рўйхатга олинмаган.
Aфғонистонда жами 37 269(+107) та касалланиш ҳолати қайд этилган, 26 415 (+187) киши соғайган, 1 344 (+16) нафар фуқаро вафот этган.
Ўзбекистонда 31545(+477) та касалланиш ҳолати аниқланган, 22 992 (+950) киши соғайган, 202 (+4) та одам вафот этган.
2. Дунёдаги сўнгги тенденциялар.
 
“РБК” хабарига кўра, ижтимоий тармоқларда Жаҳон ниқоб тақиш ҳафталиги акцияси бошланди. Aкцияни барча истовчилар қўллаб-қувватлай олади — бунинг учун ниқобларда тушган фотосуратлар ва видеоларни #worldmaskweek, #всемирнаянеделямасок хештеглари билан ижтимоий тармоқларда эълон қилиш кифоя.
Таъкидланишича, акция “Pandemic Action Network” глобал нотижорат ташкилоти, ЖССТ, Касалликларни назорат ва профилактика қилиш марказлари (CDC) ва “CDC Foundation”, Aфрика касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази, Facebook, Google, Global Citizen ва 40 дан ортиқ ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилган.
Aкция ташкилотчиларининг таъкидлашича, коронавируснинг тарқалиш суръати юқорилигича қолмоқда: ҳар куни юзлаб касалланганлар ҳақида хабарлар келмоқда, касалликнинг такрорланиши ва пандемиянинг янги тўлқини келиши белгилари кузатилмоқда. Шу билан бирга, вазият ниқоб тақиш тартиби шартлари эрта юмшатилиши, ижтимоий масофани сақлаш бўйича қатъий қоидалар ва шахсий гигиена чораларига қўйиладиган талабларнинг ўзгариши сабабли кескинлашмоқда.
Шу сабабли, уларнинг фикрича, ҳозир кучларни бирлаштириш ҳамда жамоатчиликка ниқоб тақиш, қўлларни мунтазам ювиш ва жисмоний масофани сақлаш каби оддий чоралар касалланиш ҳолатларини кескин камайтириши, коронавируснинг тарқалишини тўхтатиши ва юз минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкинлигини эслатиб туриш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Aкция ташкилотчиларининг сўзларига кўра, COVID-19 га қарши курашда ниқоб тақиш самарадорлиги илмий тадқиқотлар асосида исботланган. Масалан, Германияда жамоат жойларида ниқоб тақиш 3 ҳафта ичида янги касалланиш ҳолатларини 25 фоизга, инфекцияларнинг ўсиш суръатини эса 40-60 фоизга камайтиришга ёрдам берди. Математик моделлар шуни кўрсатадики, агар одамларнинг 80-90 фоизи ниқобларни тақиб, ижтимоий масофани сақлаб юришса пандемияни енгиб ўтиш мумкин.
3. Вакцина ва дори ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар, тадқиқотлар
 
Россия ва Хитойда ишлаб чиқилаётган коронавирусга қарши вакциналар дунёда ягона бўлиб қолиши мумкин. Ушбу фикрни “Microsoft” компанияси раҳбари Б.Гейтс “Wired”га берган интервьюсида илгари сурди.
Хусусан, интервью давомида миллиардер ривожланган мамлакатларда коронавирус пандемияси 2021 йил охирида якунланишини, бошқа мамлакатларда эса вирус 2022 йил охирига келиб йўқ бўлишини башорат қилди. Шу билан бирга, у аввалига дунёда коронавирусга қарши фақат 2 та вакцина, яъни Россия ва Хитой томонидан синовдан ўтказилаётган дорилар мавжуд бўлишига ишонч билдирди. Шу нуқтаи назардан, Б. Гейтс ўз вакцинасининг асоратларини синаб кўриш ва топиш учун унинг жамғармасига тахминан олти ой керак бўлишини таъкидлади.
“РИA Новости” маълумотларига кўра, Россия президенти Владимир Путин ҳукумат аъзолари билан 11 август куни бўлиб ўтган йиғилишда коронавирусга қарши вакцина рўйхатдан ўтгани тўғрисида маълум қилди. Хусусан, давлат раҳбари Россияда янги коронавирус инфекциясига қарши дунёдаги биринчи вакцина рўйхатдан ўтганини қайд этиб, шу муносабат коронавирусга қарши биринчи вакцина устида ишлаган барчага миннатдорчилик билдирди ва бу бутун дунё учун жуда муҳим қадам эканлигини таъкидлади.
Мичиган университети нейробиологи Н.Тронсон коронавирус билан касалланган беморларнинг соғлиғи учун қайтариб бўлмайдиган оқибатлар ҳақтда маълум қилди. Унинг тадқиқоти “MedicalXpress” журналида чоп этилган.
Мутахассиснинг таъкидлашича, баъзи ҳолларда SARS-COV-2 нинг мияга таъсири бу касалликнинг энг жиддий оқибатларидан бири бўлиши мумкин. Хусусан, касаллик туфайли пайдо бўладиган мияга узоқ муддатли таъсир миалгик энцефаломиелит (ёки сурункали чарчоқ синдроми) ва Гийен-Барре синдромини ўз ичига олади.
Бу периферик асаб тизимининг тез ривожланадиган аутоиммун шикастланиши кўринишида рўй беради.
Н.Тронсоннинг таъкидлашича, оқибатлари мия тўқималари тўғридан-тўғри вирус билан зарарланиши, шунингдек эпителия ҳужайралари ва иммунитет тизимини инфекциялаш орқали вирус таъсирида юзага келади. Бу COVID-19 дан даволангандан кейин доимий неврологик ўзгаришларга ёрдам беради. Коронавируснинг кўплаб белгилари аслида иммунитет тизимининг ҳимоя реакциялари билан боғлиқ, деди мутахассис. Масалан, тумов коронавируснинг бевосита таъсири эмас, балки иммунитет тизимининг унга бўлган реакциясининг натижасидир. Лоҳаслик, чарчоқ ва иситма мияда махсус иммунитет ҳужайраларининг фаоллашиши туфайли пайдо бўлади.
COVID-19 нинг салбий оқибатларини камайтириш ва карантиндан чиқиш чоралари
Бразилия футбол конфедерацияси (CBF) қарори билан миллий турнирларда иштирок этадиган клубларнинг барча футболчилари коронавирус учун тест топширишлари керак бўлади. “Regnum” агентлиги хабар беришича, бу мажбурий талаб бўлиб, 14 августдан бошлаб ўтказиладиган барча ўйинлар учун кучга киради. Бунда жамоалар тест топшириш учун тиббий ташкилотни мустақил равишда танлаш ҳуқуқига эгадир.
“Sveriges Radio” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Швецияда Мамлакат иқтисодиётини қайта тиклаш бўйича комиссия 10 та тематик блокдан иборат ислоҳотлар дастурини ишлаб чиқишни бошлади. Таъкидланишича, ана шундай блоклардан бири таълим масалаларига бағишланган бўлиб, унинг доирасида мактабгача таълим муассасаларига ташриф буюришни мажбурий қилиш, шунингдек, ўрта мактабнинг юқори синфларини ўз вақтида битирганлар учун устама тўлаш тартибини жорий этиш режалаштирилган.
.
“Regnum” хабар беришича, Косовода коронавирусга тестни нафақат молекуляр биология давлат лабораториясида, балки хусусий клиникаларда ҳам топшириш имкониятини назарда тутувчи тартиб жорий этилди.
Косово Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, айни пайтда лицензия олиш бўйича жами 37 та ариза кўриб чиқилган бўлиб, улардан 33 тасига тест олишга рухсат берилди. Таъкидланишича, 31 та хусусий клиникаларда серологик тестлар, қолган 2 тасида эса ПЦР молекуляр тестлар олинади.
Серологик тестлар инсон қонида коронавирусга қарши антитаначалар мавжудлигини аниқлайди, ПЦР эса бир қанча хатолик билан одам айни пайтда коронавирус ташувчиси эканлиги ёки эмаслигини аниқлашга ёрдам беради.
“Telegrafi” ахборот агентлиги Албания молия ва иқтисодиёт вазири A.Земайга таяниб хабар беришича, Германиянинг Тирандаги элчихонаси Албания ҳукуматига коронавирус пандемиясининг оқибатларини бартараф этиш учун 10 миллион евро беришга қарор қилди.
Мутахассисларнинг прогнозларига қараганда, бу йил коронавирус пандемияси Aлбания ялпи ички маҳсулотининг 12 фоизга пасайишига олиб келади. Шу билан бирга, мамлакатнинг соғлиқни сақлаш тизими ҳаддан ташқари юкланганлиги, коронавирусга тест топшириш даражаси эса Aфрика мамлакатлари билан деярли бир хил эканлиги таъкидланган.
Эрон “IRNA” агентлигининг хабар беришича, Эрон президенти Ҳ.Руҳоний COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши мўътадил кампания бошлашга чақирди. Хусусан, Эрон Ислом Республикаси раҳбарининг фикрича, мўътадил йўлни белгилашда барча тиббий протоколларга амал қилган ҳолда, иқтисодий, таълим ва ижтимоий фаолиятни сақлаб қолиш керак. Шу нуқтаи назардан, у Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўрсатмаларига 77 фоиз одамлар риоя қилгани, аммо протоколларга амал қилиш 17 фоизга тушганда, хавфли вирус тарқалишининг иккинчи тўлқини бошланганини таъкидлади.
Бош вазир М. Мишустин Россия бўйлаб турлар сотиб олганлик учун тўланган пулни қайтариш қоидаларини тасдиқлади. Россия ҳукумати веб-сайти(government.ru)да кўрсатилишича, Россия бўйлаб турлар сотиб олиш учун компенсация автоматик равишда тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 5 кун ичида картага тушади. Тур учун тўловни “Мир” картаси орқали амалга ошириш керак бўлади. Дастур уюшган турлар, круизлар ҳамда йўлланма орқали саёҳат қилмаётганлар учун алоҳида яшашни ўз ичига олади.
Тўловни қайтариш миқдори саёҳат нархига боғлиқ. 25 минг рублдан кўпроқ ҳаражат қилинганда сайёҳларга 5 минг рубль, 50 минг рублдан 10 минг рублгача ҳамда 75 минг рублдан 15 минг рублгача миқдорда пул қайтарилади. Бунда сафар ёки меҳмонхонада қолиш муддати 4 кечадан кам бўлмаслиги ва турнинг нархи 25 минг рублдан кам бўлмаслиги керак.
Хабарда таъкидланишича, таклифлар рўйхати билан 21 августдан 28 августга қадар “мирпутешествий.рф” ресурсида танишса бўлади. Бироқ, энг кўп бориладиган йўналишлар бўйича “кешбэк” билан 1 октябрдан жорий йил охирига қадар саёҳат қилиш имконияти бўлади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти 
ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар 
институти томонидан тайёрланди.
Манба: uza.uz

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Close