Карантин тадбирлари пайтида Ўзбекистонга кириш ва мамлакатдан чиқиш тартиби эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўз интернет ресурсларида COVID-19 пандемияси билан боғлиқ карантин тадбирлари пайтида мамлакатга кириш ва чиқиб кетиш тартибини маълум қилди.
COVID-19 пандемияси билан боғлиқ карантин чоралари пайтида фуқароларнинг Ўзбекистондан чиқиш ва мамлакатга кириш тартиблари ҳақида “Дунё” ахборот агентлиги хабар бермоқда.
2020 йил 15 июндан бошлаб қуйидаги тоифадаги фуқароларга авиақатновлар орқали Ўзбекистонга кириш учун карантин чоралари соддалаштирилган.
— хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари;
 
— инвестиция лойиҳалари доирасида хорижий компания ва бошқа ташкилотларнинг Ўзбекистонда ишлаётган мутахассислари;
 
— даволаниш учун келаётган шахслар;
 
— Ўзбекистонда “доимий яшаш жойига эга” хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга.
Ушбу тоифадаги фуқаролар мамлакатга кириш учун рухсатнома сўраб Ўзбекистон Республикасининг тегишли органларига мурожаат қилишлари шарт эмас.
Хорижда вақтинча бўлиб турган ёки чет элда доимий асосда яшовчи ва ватанга авиақатновлар орқали қайтишни истаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мамлакат ҳудудига киришларида ҳеч қандай чекловлар кўзда тутилмаган.
Ўзбекистондан транзит орқали бошқа давлатга кетаётган чет эл фуқароларнинг мамлакат ҳудудидан ўтишларига хорижий давлат дипломатик ваколатхонаси ва консуллик муассасасининг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига аввалдан қилган сўровлари асосида рухсат берилади.
Чиқиш тартиби
2020 йил 15 июндан бошлаб қуйидаги тоифадаги фуқароларга авиақатновлар орқали Ўзбекистондан чиқиш учун карантин чоралари соддалаштирилган.
— даволаниш учун чиқаётган шахслар;
 
— хорижда яқин қариндошлари ёҳуд оғир касал бўлган қариндош-уруғлари мавжуд бўлган шахслар;
 
— хорижий давлатда доимий рўйхатдан ўтган Ўзбекистон фуқаролари;
 
— ўқиш ёки ишлаш учун чет элга кетаётган фуқаролар.
Ушбу тоифадаги фуқаролар мамлакатдан чиқиб кетишга рухсат олиш учун Ўзбекистон Республикасининг тегишли органларига мурожаат қилишлари шарт эмас.
Ўзбекистондан чет элга кетишдан олдин ва мос равишда авиачиптани сотиб олишдан олдин 1-бандда кўрсатилган фуқароларга пандемия пайтида улар бормоқчи бўлган мамлакатга кириш учун амалдаги тартиб ва шартлар ҳамда карантин чоралари тўғрисида зарур маълумот олиш учун ўша мамлакатнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонасига мурожаат қилиш тавсия қилинади.
Авиачипталарни сотиб олиш учун тегишли авиакомпанияларнинг ваколатхоналарига мурожаат қилиш керак. Чипталарни сотишда авиакомпаниялар фуқаронинг белгиланган мамлакатга кириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиши мумкин.
Шу билан бирга, парвозлар санитария қоидалари ва тартибларига қатъий амал қилган ҳолда ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари чет элга ер усти орқали чиқишлари учун Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори талаб қилинади.
Хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқишига ҳеч қандай чекловлар кўзда тутилмаган.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хорижий фуқароларнинг визалари муддати автоматик тарзда 2020 йил 1 ноябргача узайтирилади.
Манба: uza.uz

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.