Туркистон генерал-губернаторлиги: ўтмиш ва бугундан назар

Суратда: Қўқон хонининг саройи

 

Жорий йилнинг июнь ойида «Baktria press» нашриётида тарихчи олим Шуҳрат Муҳамедовнинг “Россия ва Ўрта Осиё: тарих саҳифалари, шахслар, фикрлар” (“Россия и Средняя Азия: страницы истории, личности, мнения”) номли монографияси рус тилида чоп этилди.

Ушбу тарихий монография муаллифи UzAnalytics сайтига берган интервьюсида мавзуга ёндашуви, мазкур тадқиқотнинг муҳим жиҳатлари, қизиқарли маълумотлар ва асосий хулосалари билан бўлишди.

Шуҳрат Муҳамедов – тарих фанлари номзоди, 2008 йилдан бери Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институтининг катта илмий ходими, 2012-2019 йилларда мазкур институтнинг директори ўринбосари, 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги Туризмни ривожлантириш институтининг илмий тадқиқотлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда.

Шуҳрат Муҳамедов 3 та тарихий монография, олий ўқув юртлари учун 4 та илмий-методик қўлланма ва 80 дан ортиқ мақолалар муаллифи.

– Россия ва Ўрта Осиёнинг ўзаро муносабатлари тарихи бўйича кўплаб мақолалар ва қатор илмий изланишлар натижалари чоп этилганига қарамай, нима сабабдан бу мавзуда яна бир илмий монография ёзишга қарор қилдингиз? Мазкур тадқиқот қайси жиҳатлари билан ажралиб туради, ундаги янгилик нимада?

Шуҳрат Муҳамедов

– Россия ва Марказий Осиё давлатларини ўзаро боғлаб турувчи жиҳатлар ва факторлар кўп, бу тарихдаги умумийлик, жўғрофий жойлашувдаги ўзига хосликлар, замонавий сиёсат ва келажакдаги муносабатлар минтақанинг ривожланиши, умуман олганда эса дунёдаги геосиёсий вазиятга таъсир этади.

XIX асрнинг иккинчи ярми XX асрнинг бошларидаги Ўрта Осиё тарихи мавзусидаги докторлик диссертациям устида ишлаш жараёнида 2008-2012 йиллар давомида Ўзбекистон марказий архивида илмий изланишлар олиб бордим. Архив маълумотлари мени том маънода ҳайратга солди. Бир қатор ҳужжатлар билан танишиб, мен қуйидаги ноодатий хулосага келдим: ўша вақтларда ҳам бизга ўхшаш ажойиб одамлар яшаган, улар ҳам биз каби севган, оила қурган, инсонга хос ҳусусиятлар уларга ҳам бегона бўлмаган. Мен илмий тадқиқотимнинг дастлабки кўринишини бутунлай ўзгартирдим. Илмий изланишларим давомида 17 та архив фонди маълумотлари ва ҳужжатларини ўргандим. Масалан, И-1 фондида (Туркистон генерал-губернаторлиги идораси) 36 мингдан ортиқ ҳужжатлар мавжуд. Секин-аста ушбу даврда оид ноёб архив маълумотларини тўпладим. Табиийки, илмий топилмаларимни замондошларим билан бўлишгим келди. Умуман олганда, Россия ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар бугунги кунда ҳам долзарблигича қолмоқда. Кўп саволларга тарихдан жавоб топиш мумкин. 

Ўйлайманки, мазкур тадқиқот нафақат эълон қилинган даврга оид, балки XX ва XXI асрлардаги ўзгаришлар юзасидан замондошларимиз онгида шаклланган фикрларни қайта кўриб чиқишларига туртки бериши мумкин.

– Монографиянгизда сиз тарихдаги шахслар ўрнига, жумладан айрим шахслар ва уларнинг фикрига алоҳида эътибор қаратгансиз. Уларни қай тарзда танлагансиз? Тарихда шахсларни идеаллаштирилишига муносабатингиз қандай?

– Дунё ҳамжамиятининг тарихий ривожланиш жараёнининг таҳлиллари бирон бир давлат ривожида шахслар аҳамияти катталигидан далолат беради. Агар Туркистон генерал-губернаторлиги ҳақида гапирадиган бўлсак, шубҳасиз, улар император томонидан тайинланган мазкур ҳудуд генерал-губернаторлари бўлган. Архив материаллари, XIX асрнинг иккинчи ярми ва ХХ асрнинг бошларига тегишли ноёб адабиётларни ўрганиш жараёнида энг юқори табақа ва лавозимга эга шахслар, уларнинг Россия империяси манфаатидан келиб чиққан ҳолда минтақаларни ривожлантиришда қандай стратегик ва тактик чора-тадбирларни қўллагани ҳақида бир қатор саволлар туғилади. Шу сабаб, монографияда Туркистон генерал-губернаторларига алоҳида шахс, оила бошлиғи, ишбилармон раҳбар сифатида ушбу ҳудуд ривожланишига қўшган хиссаси ўрганилган. 14 та вилоят генерал-губернаторларининг фақатгина айримларигина атрофдагилар ва юқори раҳбарият вакиллари орасида алоҳида обрўга эга бўлган. Архив ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш бу маълумотни тасдиқлайди.

Шахсларни идеаллаштиришга нисбатан муносабатим салбий. Мазкур тадқиқотда кўрсатилган давр шахсларини идеаллаштириш ноўрин бўлади. Рисоламда келтирилган Н.П. Остроумовнинг хотираларида айнан Россия империясининг 50 йиллик тарихи ва алоҳида шахслар ҳақида сўз юритилади. Бироқ, ўша давр Туркистонининг турли йўналишларидаги кадрларини ўрганиш ушбу минтақанинг тарихий ривожланишида турли масалалларга объектив баҳо бериш имконини беради.

Ўрта Осиё давлатларининг ўзаро муносабатларини шаклланиши ХIХ асрнинг иккинчи ярмига бориб тақалади. Айнан шу даврда Россия тарих фанларида ушбу минтақага Ўрта Осиё номи берилган ва Россия империясининг бир қисмига айланган. Шунингдек, Туркистон генерал-губернаторлиги (1867), Бухоро Амирлиги (1868), Хива Хонлиги (1873) каби протекторатларида трансформацион жараёнларнинг рўй бериши ҳам юқорида кўрсатилган даврга тўғри келади. Россия империяси ва юқорида кўрсатилган протекторатларнинг ўзаро дипломатик алоқалари ҳақида тадқиқотимнинг дастлабки саҳифаларида ҳикоя қилинади. Бу қизиқиш, биринчи навбатда ушбу протекторатлар позициясининг ноаниқлиги ва ташқи ишлар вазирлигининг роли ҳамда Россиянинг ҳукмрон доираларини ушбу давлатларга нисбатан сиёсий стратегия ва тактика белгилаши билан боғлиқ. Боз устига, бу жараёнларни “катта ўйин”нинг “ҳушёр кўз”лари кузатиб борар эди. Мураккаб тарихий жараёнларга қўшимча сифатида, узоқ йиллар давомида касби юзасидан Бухоро амирлигида яшаган ҳарбий-муҳандис М.Б. Бонч-Богдоновскийнинг ушбу шарқий давлат ва унинг аҳолиси ҳақидаги хотиралари келтирилган. Хотиралар тўлиғича тақдим этилгани сабаб, ўқувчи умуман ўзгача ижтимоий жамиятга тушиб қолган европаликнинг мантиқий қарашлари билан ўша давр воқеаларига назар солади. Бонч-Богдоновскийнинг фикрларига тўлиқ қўшилиш қийин, лекин, унинг хотиралари бизга бу давлатлардаги юқори қатлам ва оддий халқ орасидаги фарқларга оддий замондош кўзи билан қарашга ёрдам беради.

– Ўрта Осиёни Россия империяси томонидан мустамлака қилинишини қандай изоҳлайсиз? Ушбу тарихий жараёнда дипломатия ва кучлар мувозанати қай тарзда қўлланган?

 Ўрта Осиё хонликларидаги (Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонлиги) вазиятни ўрганиш жараёнида мен шундай хулосага келдим, ушбу давлатлардаги XIX аср бошидаги иқтисодий ва сиёсий вазият капиталистик ривожланиш йўлини танлаган давлат томонидан босиб олиниши учун жуда қулай “ўлжа” бўлган. Хонликлар ўртасидаги тўхтовсиз жанглар уларни қарам бўлишига, ўзгалар томонидан забт этилишига олиб келган. Россия империяси ва Ўрта Осиё давлатлари иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг турли босқичида бўлган, айнан шу вазият ким метропол ва ким мустамлакага айланишини белгилаб берган. Россия империясининг Ўрта Осиё хонликларидан ривожланишда ўзиб кетгани ва қудратли давлатга айлангани эса алоҳида ўрганиш учун мавзу ҳисобланади. Бироқ бу давлатлар ўртасидаги ҳарбий тўқнашувларни тенг рақиблар орасидаги қарама-қаршилик деб қараш услубий жиҳатдан нотўғри бўлади. Шунингдек, бу ҳарбий тўқнашувда Россия қуролларига ортиқча баҳо бериш ҳам ноўриндир. Лекин, тарихда бошқа чоралар йўқ. Ҳар томонлама “заиф” мамлакатлар доим нисбатан кучли давлатлар томонидан забт этилади. Шу сабаб, мустамлакага айланмаслик учун, давлат кучли бўлиши лозим. Хулоса шуки, агар сиз мамлакатда пухта ўйланган сиёсий стратегия ва таклифлар билан ички иқтисодни қўлламас экансиз, миллат дунё тараққиётидан четда қолиб кетади ва у ёки бу кўринишда мустамлакага айланади.

– Мазкур тадқиқотингизда сиз Россиянинг Туркистонда ва Франциянинг Жазоирда ер эгалиги ва сувдан фойдаланиш масалаларида олиб борган сиёсатини қиёсий таҳлил қилгансиз. Уларнинг умумий жиҳатлари ва фарқи нимада?

– ХIX Асрнинг иккинчи ярмида Россия империяси Ўрта Осиёни забт этгач, маҳаллий жамиятни умумий империализм асосида қайта ташкил этиш масаласи ва шу билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлди. 1867 йилда Туркистон генерал-губераторлиги ташкил топди. Вилоят маъмуриятининг илк раҳбари К. П. Фон Кауфман забт этилган ерлар таркибини ўзгартириш мақсадида бир қатор чора-тадбирларни амалга оширди. Асосий янгиликлар маҳаллий исломий жамиятни иқтисодий соҳада ва жамият асосини ўзгартиришга ҳамда ердан фойдаланиш ва унга эгалик қилиш масалаларига қаратилган эди. Россия империяси бошқа ерларни забт этаётган Европа давлатларини синчковлик билан кузатиб борарди. Россия империяси ҳарбий бўлими зобитларининг Ҳиндистон, Жазоир, Қашғар ва Африка қитьаларига қилган илмий сафарлари Туркистон маъмуриятининг Ўрта Осиёдаги ҳаракатларини мувофиқлаштиришга имкон берди. Монографиянинг II қисми айнан шу мавзуга бағишланган. Унда Россия Туркистони ва француз Жазоирида ерга эгалик қилиш ва сувдан фойдаланиш масалалари ёритилади. Хорижий тажрибани ўрганиш учун Туркистон генерал-губернатори капитан А. Н. Куропаткинни Жазоир (Франция мустамлакаси) ва Қашғарга юборади. Куропаткин саёҳатлари давомида мусулмонларнинг ерга эгалик қилиш усули бўйича таҳлилий рисола тайёрлайди.
1873 йил лойиҳасини ишлаб чиқишда ер масаласи бўйича комиссияни бошқарган Cирдарё вилоятининг ҳарбий губернатори генерал Абрамов ҳам Женевага хизмат сафарига юборилди. 
Унга аниқ бир вазифа юклатилган эди. У ғарблик шарқшунослар билан ер масаласи бўйича маслаҳатлашиши керак эди. Туркистон генерал штаби капитани А. Н. Куропаткин Жазоирга қилган саёҳатидан сўнг ёзган рисоласида ер ҳуқуқи ва мустамлака масалаларига алоҳида ўрин ажратган. Ер эгалик ҳақида рисола муаллифи Жазоирда туб аҳолининг ерга эгалигини уч тоифага ажратади:

1. Бейлик ерлари, яъни давлатга тегишли ерлар.

2. Мелк ерлари – фуқароларнинг ота-боболаридан мерос бўлиб келаётган ерлар.

3. Арш ёки себека ерлари, яъни трибю (клан) умумий мулк.

Жазоир мустамлакага айлангач, у ерда ерга эгалик қилишнинг икки ҳил усули ўрнатилади. Биринчиси, маҳаллий аҳолига тегишли бўлган ерларнинг дахлсизлиги сақланиб қолинади. Иккинчиси, арш ерлари ҳар хил сабабларга кўра ернинг ишлов берилмаган қисмини аниқлаш учун батафсил ўрганиб чиқилиши учун асос бўлди. Ишлов берилмаган ерлар мусодара қилиниб, мустамлака манфаати учун ишлатилар эди. Давлат ерларининг бари французлар тасарруфига ўтади. Таъкидлаш керакки, тадқиқотнинг мақсади – мавзу юзасидан асл манбаларни ўрганиш билан бирга, Россия империяси янги тасарруф этган ҳудудларда иқтисодий ўзгаришларни амалга ошириш механизмини кўриб чиқиш эди.

– 1916 йил воқелари кўплаб тадқиқотчилар томонидан кенг ёритилган. Ушбу монографияда бу борада қандай янги фактлар, маълумотлар келтирилган?

– 2014 йилдан бошлаб жаҳон ҳамжамиятида I жаҳон уруши ва ундан кейинги воқеалар ҳақида янги қарашлар юзага келди. Улар дунёнинг геосиёсий мослашувида туб ўзгаришларга олиб келди. Шу нуқтаи назардан, ушбу қонли урушнинг Ўрта Осиё минтақасига таъсири тўғридан-тўғри эмас, балки кўп миқдордаги харбий асирларни I жаҳон уруши жабҳаларидан минтақага эвакуация қилиши билан таъсир қилди. Энг муҳими, маҳаллий аҳолининг Туркистон генерал-губернаторлари томонидан сиқувга олиниши 1916 йилги қўзғолонларга туртки бўлди ва маҳаллий аҳоли ҳамда рус кўчманчилари орасида кўплаб қурбонлар бўлишига сабаб бўлди. Ушбу воқеанинг юз йиллиги мустақил давлатлар ва биринчи ўринда Россия тадқиқотчилари томонидан кенг муҳокама қилинди. Умуман олганда, бу умумий фожеа ва дардимиз, аммо бу воқеаларга қарашлар рус ва миллий тарихчиларимиз нуқтаи назари турли қутбда эканлигини кўрсатди. Шунинг учун, бу масала юзасидан ўзаро келишув ҳақида гапириш қийин, бу табиий ҳол. Монографиянинг III бўлимида мазкур муаммога мен ўз муносабатларимни ифодалашга ҳаракат қилганман. Бу архивдаги асл манбалар, яъни замондошлари муносабати ва империя қонунлари асосида 1916 йил воқеаларини танқидий таҳлилидан иборат.

– Нима сабабдан монографияда Россия имперяисининг давлат арбобларидан бири Николай Остроумовнинг фаолияти ва унинг хотиралари муҳим ўрин эгаллаган?

– Николай Остроумов хотираларининг таҳлили тадқиқотнинг энг қизиқ жиҳатидир. Остроумов Тошкентга вилоят маъмурияти раҳбари, генерал-губернатор К.П. фон Кауфманнинг таклифига биноан минтақадаги ўқув бўлимига раҳбарлик қилиш учун келган. Шуни таъкидлаш жоизки, Н.П. Остроумов 1866-1870 йилларда Қозон теология академиясида мукаммал таълим олган ва у ерда “миссионерлик” мақсадида туркий, араб тиллари ва исломни ўрганган. Академияда унга Н. И. Ильминский ва Г. С. Саблуковлар устозлик қилишган. Хотиралардан шуни англаш мумкинки, Николай Остроумов барча Туркистон генерал-губернаторларининг ислом бўйича маслаҳатчиси бўлган. Буни “Туркистон генерал-губернатори кенгаши” мажлислари ва вилоят маъмурияти раҳбарлари йиғилишларининг кўп сонли баёнотлари ҳам тасдиқлайди. Н. П. Остроумов ислом дини ва маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи бўйича мутахассис бўлган. Унинг кундалик ёзувларида Туркистон генерал-губернаторлигининг 50 йиллик тарихи тўлақонли акс этган. Хотираларда Россия ҳукмронлигига салбий баҳо берилади, ҳукуматнинг заиф ва кучли жиҳатлари ҳам очиқ кўрсатилади. Хотиралар 1917 йилда Россия империяси қулаб, янги ҳукумат юзага келганда қоғозга туширилганига аҳамият бериш лозим. Мемуарда воқеалар яққол монархистчи учун қўл келмагани, шу сабаб, у тушкун кайфиятда бўлгани ва ортиқ Туркистонда қолишдан наф йўқлигини англаш мумкин. 1917-1921 йилларда у ўзининг туғилиб ўсган Тамбов губерниясининг Сасово қишлоғида яшаган. Бироқ, 1921 йилдан кейин яна Тошкентга муаллимлик қилиш учун қайтган. Николай Петрович Тошкент яқинидаги Луначарский қишлоғида яшаган ва 1930 йилнинг 17 ноябрида вафот этган. У Тошкентдаги Боткина қабристонига дафн этилган. Н.П.Остроумов шахси Туркистон генерал-губернаторлигининг таниқли арбоби, ушбу минтақадаги мураккаб жараёнларнинг гувоҳи сифатида тарихий жиҳатдан жуда аҳамиятли ҳисобланади. Бироқ, биз бу “қаҳрамон”имизнинг фикрларини танқидий таҳлил қилишимиз лозим. Чунки, у миссионер ва яққол империалистик фикрлайдиган кишининг қарашларидир. Ўқувчи давр руҳини ҳис этиши ва замондошнинг фикрлари кетма-кетлигини англаши учун монографияда хотиралар тўлиқ келтирилган.

– Монография ўша даврдаги Россия газеталари ва мемуар адабиётлар билан якунланади. Бу нашрларда ўша давр Туркистони қандай ёритилган?

 Умуман олганда, Россия нашрлари Туркистондаги вазиятга танқидий баҳо берган. Кадрлар етишмаслиги, “жаноб тошкентликлар” ва бу минтақага молия киритиш самарасизлиги ҳақида ёзилган. Аммо, қатор газеталар Туркистонни “Россия империяси тожидаги дур”га қиёслашган. Матбуотда молиявий аҳволни реал таҳлил қилган муаллифлар ҳам бор эди. Бу шундан маълум бўладики, Россия минтақадаги қуролли кучларини сақлаш учун катта маблағ сарфлаган. Бундан фарқли ўлароқ минтақадаги мусулмон ўқув юртлари (мактаб ва мадрасалар) ўз-ўзини молиялаштирган. Шу билан бирга, ушбу мадрасаларни молиялаштирган вақф жамоатлари фаолияти 1895 йилдан Туркистон генерал-губернаторлиги қарори билан тўхтатилган. Унга тегишли ҳужжатлар эса 1917 йилга қадар кўриб чиқилган. Бу ҳақда ҳам ўша давр газеталарида маълумотлар бор. Монографияда ўша давр газеталаридаги Туркистон генерал-губернаторлиги ҳақида ёзилган энг қизиқ мақолалар ўрин олган. Танқидий мақолаларда одамлар, етакчи раҳбарлар “минтақа мутахассислари” ҳақида ҳазил-мутойиба услубида ва жиддий ҳолда ҳам ёзилган. Ушбу маълумотлар илк бор эълон қилинмоқда. Бу аввалги тарихчилар ушбу шахсларни “минтақага қўшган ҳиссаси” ҳақида гапиришни истамаганликларини кўрсатади. Умуман олганда, бизнинг замондошларимиз Туркистон генерал-губернаторлиги тарихи ҳақида нималарни билишади? Ушбу даврни ўрганаётган ҳозирги ёш тадқиқотчилар ҳатто рус тилини ҳам етарли даражада билишмайди. Боз устига, ХIХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХ аср бошларида рус тили мураккаброқ бўлган. Менинг фикримча, бу давр матбуоти ўзига ҳос ва ундаги мақолаларни ўқиш менга завқ беради. Рисола танланган давр ҳақида қимматли маълумотлар берувчи Россия матбуоти ва мемуар адабиётлар билан якунланади. Газета мақолаларида Туркистон генерал-губернаторлари бошқарувчиларининг заиф ва кучли томонлари танқидий ва бироз кулги остига олиб ёритилган. Бу уларни шахс сифатида танишимизга ёрдам беради. Умуман олганда, тақдим этилган материаллар бизга маълум даражада проспографияни (маълум бир даврга ёки минтақага тегишли шахсларнинг таржимаи ҳолларини ўрганадиган махсус тарихий интизом) ёки бир даврнинг жамоавий портретини тузиш имконини беради. Шу нуқтаи назардан, рисола иккига бўлинади. Булар таҳлил этилаётган даврнинг турли мавзулари бўйича муаллифнинг таҳлилий мақолалари ва замондошларнинг хотиралари ҳамда аввал нашр этилмаган матбуот материаллари. Монографияни айнан шу услубда тақдим этиш ғояси ўқувчига хозирги ва ўтмишдаги қарашларни таққослаш, воқеа қаҳрамонларининг овозини эшитиш ва адаш тасаввурлардан қочиш имконини беради. Мен бу тадқиқотда тугал ҳақиқатни акс эттиришга даъво қилмаганман. Ўтмиш турли давлат тарихчилари томонидан миллий менталитет, ушбу мамлакатда ҳукмрон бўлган сиёсий омиллардан келиб чиққан ҳолда ёритилишини ҳам тушунаман. Марказий Осиё мамлакатлари умумий ўтмишга ва муштарак истиқболга эга ҳамда бу қайсидир маънода Россия Федерацияси билан узвий боғлиқ. Ушбу тадқиқот мамлакатларимиз ўртасидаги тарихий алоқаларни ўрнатиш ва ўтмишдан сабоқ олишга қаратилган.

Манба: uzanalytics.com

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.