orda.kz энди ўзбек тилида

Қозоғистоннинг Orda.kz ОАВ саҳифасида мамлакат ва дунёда содир бўлаётган воқеаларни тезкор ва холис ёритиб борувчи ўзбек таҳририяти (https://uz.orda.kz/)иш бошлади.

Сайт янги саҳифасининг мазмуни ўзбек тилида тақдим этилади ва таҳририят фикрига кўра қўшни мамлакат ўқувчиларида қизиқиш уйғотадиган янгилик, репортаж, интервьюлардан иборат бўлади.

Orda.kz асосчиси ва бош муҳаррири Гулнора Бажкенованинг сўзларига кўра, ҳозир Ўзбекистонда катта ўзгаришлар рўй бермоқда ва шу омил мазкур бизнес қарорга келиш учун туртки бўлди.

– Мамлакат жуда катта ўзгаришларни бошдан кечирмоқда, кўпчиликнинг нигоҳи ушбу ушбу ўзгаришларга қаратилган. Ўзбекистоннинг нуфузи халқаро рейтингларда тобора ўсиб бормоқда, янада очиқлик касб этмоқда ва ҳатто Британиянинг нуфузли “Экономист” журнали томонидан йил мамлакати, дея эътироф этилди. Биз ушбу ўзгаришларда ўзимиз учун янги имкониятларни кўряпмиз. Бундан ташқари, биз Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг бир-бирига бўлган ўзаро қизиқишларини сезяпмиз. Сафимизни кенгайтиришга қарор қилишдан аввал биз ҳамкасбларимиз ёрдамида қўшниларимизнинг жамоатчилик фикрини диққат билан ўргандик ва улар ушбу ўзаро мойилликни тасдиқладилар. Ўзбекистонда Қозоғистон янгиликларини кузатиб борадилар ва биз энди уларни ўқувчининг она тили – ўзбек тилида етказиб берамиз, – деди Бажкенова.

Янгиликлар кирилл ёзувида тақдим этилади – шундай амалий қарорга келинди. “Ўрда” томонидан буюртма қилинган маркетинг тадқиқотлари шуни кўрсатдики, 35 ёшдан ошган Ўзбекистон аҳолиси лотин алифбосини ўқимайди. Aммо ёш авлод лотин алифбосини ҳам, кирилл алифбосини ҳам бирдек қабул қилади.

Сайтнинг ўзбекча версияси муҳаррири Фариза Нарбекова ўқувчиларга ижтимоий, сиёсий ва маданий йўналишдаги маълумотлар тақдим этилишини қўшимча қилди.

– Халқларимиз маданий мерос ва менталитет жиҳатидан ҳам, сиёсатга қизиқиш жиҳатидан ҳам жуда ўхшаш. Мен буни ярим қозоқ — ярим ўзбек сифатида айтяпман. Биз воқеаларни холисона ёритиб борамиз ва ўзбек ўқувчимиз учун қизиқарли ва фойдали мавзуларни ёритишга ҳаракат қиламиз, – дейди Ўзбекистонда туғилиб, ўсганган ва 20 йилдан ортиқ истиқомат қилган Нарбекова.

Ҳар куни UZOrda.kz сайтида ўқувчилар энг муҳим янгилик ва репортажлар билан танишишлари мумкин. Дастлаб, уларнинг сони 10-15 та атрофида бўлади. Таҳририят, биринчи навбатда, ўқувчиларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, доимий равишда ушбу таркибни такомиллаштириб, яхшилаб, шунингдек ошириб боради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.