1991 йилда Иттифоқ парчаланганидан сўнг Ўзбекистонда туғилган кўплаб ўзбеклар ёки бошқа миллат вакиллари республикага қайтиб келишди. Уларнинг барчасида собиқ СССР паспортлари бўлган. 1992-йил 2-июлда мамлакатимизда “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонун қабул қилинди ва унга кўра улар “фуқаролиги бўлмаган шахслар” мақомига эга бўлдилар.

2020-йил сентябр ойида Ўзбекистонда 2020-йил 13-мартдан янги таҳрирда “Фуқаролик тўғрисида”ги қонун кучга кирди, бу кўплаб аҳолига ниҳоят узоқ кутилган фуқаролик мақомини олишга умид уйғотади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон ҳукумати мамлакат ҳудудида фуқароликка эга эмаслик ҳолатларини камайтириш ва тугатиш йўлида қатъий қадамлар қўймоқда. Мамлакатда 2014 йилдан эътиборан юз минг нафардан зиёд шахс фуқароликка эга эмаслиги аниқланган бўлиб, ўтган даврда шундан 83 минг 793 нафарининг бу муаммолари ижобий ҳал этилган.


2023 йил биринчи ярмидаги ҳолатга кўра, Ўзбекистонда
25 минг 413 нафар фуқароликка эга бўлмаган шахслар яшайди.


Бу – Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар орасида энг катта кўрсаткич бўлиб, айни шахсларнинг аксарияти совет иттифоқи собиқ фуқаролари ва уларнинг авлодлари ҳисобланади.


Ўзбекистонда туғилиб, ўзбек фуқароси бўла олмаяпман

(Наргиза Рустамова ҳикояси)

Наргиза Рустамова турмуш ўртоғи Фазлиддин Жарқинов билан.

Мен Марҳамат тумани, Марказий МФЙ, Иттифоқ кўчаси 7-уйда яшайман, паспорт бўйича Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятиданман. Тўғрироғи, дадам ўша ерлик, онам Пахтаободдан. Дадам онамга уйлангандан кейин шу ерда яшашди, Жалолободга меҳмонга бориб-келиб юришган. Авваллари чегарадан ўтиш бемалол эди. Мен 1985 йилда Пахтаободда туғилганман. 2 ёшимда келини хизматида бўлишини истагани ва бизни соғинган энамни (дадамнинг онаси) ёнига оиламиз билан кўчиб кетдик. Пахтаободда онамни қариндошлари қолди.

Кейинчалик, мактабни битириб, яна Пахтаободга, бувимни ёнларига қайтдим. Бувим ўқишга рухсат бермадилар.

Ўзбекистонда туғилганлигим боис, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани шу ердан олдим, лекин паспортим Қирғизистонники. Сабаби ота-онам қаерда бўлишса, ўша ердан паспорт олишим керак экан, шу сабаб қирғиз паспорти олдим. 2008 йилда холамни ўғли, Ўзбекистон фуқароси бўлган Фазлиддин Жарқиновга турмушга беришди.

Келин бўлиб тушганимга 15 йилдан ошди, 10 йилдан бери вақтинчалик рўйхатдаман. Ҳар 2 ойда “кирди-чиқди” қилдириб юраман. Баъзида чегарадан ўтаману, яна шундай орқамга қайтаман. Чунки яшаш учун гувоҳномам ҳам йўқ. Шу сабаб ишга жойлашиш, бизнес қилиш, нафақа пуллари… бундай нарсаларга умуман рухсат йўқ экан. Ўзбекистонда яшаётган Қирғизистон фуқаросининг болалар пули олишга ҳам ҳаққи йўқ.

Чегара ёпилмасидан аввал, у ердан вақтинчалик ID карта билан ўтганман. 2010 йилдан кейин Қирғизистондаги уруш сабаб чегарадан ўтиш қийинлашиб кетди, тўғрироғи ёпилиб қолиб, мен Ўзбекистонда қолиб кетдим. Жуда кўп қийналдим.

Ўзбекистон фуқаролигини олишга кўп ҳаракат қиганмиз, Гувоҳномам шу ерники бўлса ҳам, барибир беришмади. “Ота-онаси ўлган” деб олмоқчи бўлдик. Турли йўллар билан уриниб кўрдик, аммо ўхшамади. Бу уринишларни Қирғизистон паспортини олгунга қадар қилиб кўрдик, фойдасиз бўлди. Бу ердагилар “ота-она қаерда бўлса, ўша ердан олинади”, деб туриб олишди. Кейин Қирғизистондан муаммосиз паспорт олдим, афсус, Ўзбекистонда паспорт олиш жуда қийин.

Эндиликда фуқаролиги йўқ шахсларга фуқаролик берилсин, енгиллаштирилсин, деб қарор чиқарилди. Шундан кейин ҳам қийинчилик мавжуд. “Мана, бердик!” деб, 1-2 нафар фуқарога бериб қўйилди, менимча.


Ўзбек фуқаросига турмушга чиқсам, шундоқ ҳам фуқаролик олишим керак эди. Тўғрироғи, шунақа деб ўйлаганмиз. Шунча муаммоси борлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганмиз. 15 йилдан бери ҳатто, яшаш учун вақтинчалик гувоҳнома ҳам оломадим. Бошқа давлатларда, ўша давлат фуқароси билан никоҳдан ўтсангиз, сизга муаммосиз фуқаролик берилади.


Ҳозир катта ўғлим Жавоҳир 7-синф, кичиги Жавлонбек 4-синфда ўқияпти. На суюнчи пули, на болалар пули бор… Ҳа-я, бир марта беришган экан. Турмуш ўртоғимни номига карта очиб, 6 ойча бола пули олдим. Ҳатто эсимдан чиқибди. Кейин эса қарорлар ўзгариб, у ҳам йўқ бўлди. Ҳеч қаерда ишламаганим, уйдан чиқмаганим учун айтарли муаммолар йўқ, чунки давлат ишига киролмайман-да. Фақат бола пулига ҳаракат қилувдик, сизга берилмайди, дейишди.

Ўзбекистонда туғилганман, шу ерни фуқаросига турмушга чиққанман, 2 нафар фарзандим ҳам ўзбекистонлик, шу ерда туғилди. Афсус, ҳалигача паспортим қирғизники. Ўтган йили паспорт столига борганимда, менга: “Ўзбекистон паспортини олиш учун Бишкекка борасиз, яна Тошкентга қайтасиз, югур-югурлари бор, бунинг учун сиз кўп пул билан ҳаракат қилишинигиз керак. Ўртага борганда “пул йўқ бўлиб қолди, у-бу” деган гап бўлмаслиги керак”, — дейишди. Пул тополмадим, шароитим кўтармади. Лекин 2023-йилда паспортимни муддати тугагани боис алмаштиришга тўғри келди. Ўзбекистон паспортини олишга шароитим етмади, янги йилдан аввал Бишкекка бориб, паспортимни янгилаб келдим.

Фуқаролик паспортини олаётганлар билан гаплашганимда, Ўзбекистон паспортини олиш учун Бишкекка, Тошкенга бордик, 300 доллар кетди, деб айтишди. Югур-югурлар нархи 400 доллардан 300 долларга тушиб, нархлар арзонлашди. Лекин бизда ҳатто шунга ҳам маблағ бўлмай қолди. Мен ишламайман, эрим оз вақт ҳайдовчилик қилиб юрди. Ҳозир мавсумий ишчи, қурилишда пул топади. Айни дамда мавсум тўхтаган, иш йўқ, пулни қаердан топамиз?

Наргиза Рустамова яшайдиган маҳалла.

Ҳар 2 ойда рўйхатдан ўтишга (регистрацияга) пул кетади. Ишламаган одамга 5 доллар ҳам пул-да. Хусусий корхоналарга ишга кирсам бўлади-ю, чеварчилик бор экан, қўлимдан келмагани учун рад этдим. Кейин оёқ кийим корхонасида озроқ ишладим, шовқин экан, менга тўғри кемади. 2 соат ишлаб, қайтиб чиқдим.

Пишириқ ва овқатлар қилишга қизиқаман. Қўлим ширин. Иш бошлашга на пулим, на бошқа имкониятим бор. Ўзимизда ҳам айб бор, шунча йилдан бери кирди-чиқди қилиб юраверганмиз, сурилиб-сурилиб бир қарасак, шунча вақт ўтиб кетибди. Ариза ҳам берганмиз, лекин фойдаси бўлмаганидан кейин, эрим зерикиб, “бўлди, кирди-чиқди қилиб юравер”, деб унамаган. Нотариус орқали ҳам уриниб кўрдик. Ота-онам “Биз розимиз, қизимизни Ўзбекистон фуқароси бўлишига” деб аризалар ёзиб берди. Ҳатто, “Кечдик” деб ҳам ёзиб беришган, барибир бўлмади. Шундан сўнг, турмуш ўртоғим шундай юриб туравер, вақти келиб, ўхшаб қолар, деди. Аммо, прапискамни озгина вақти ўтиб кетса, депорт қиворишади.

Битта қишлоқдошимизни хотини ажрашгандан кейин, депорт бўлиб кетди, бу ерда 3 та ўғли қолган, у аёл келолмади, болаларида эса паспорт йўқ, онасини кўргани ўтолмайди, биласизми буни қанақа азоблигини!? Болалари вояга етди, катта ўғли 20 га киряпти, ҳали ҳам паспорт олгани йўқ. Бола 18 ёшга тўлгунга қадар, она қарамоғида бўлиши керакмасми? Қирғизистон фуқароси бўлса ҳам, Ўзбекистонга келин бўлиб тушди, 3 нафар фарзандли бўлди, у келинни депорт қилиш аслида, энг катта хато. Чунки бола ҳуқуқи поймол бўлаяпти. Болада нима айб? Онасини депорт қилиб Ўзбекистондан чиқарворса, боласи қолиб кетаяптику. Боласи билан чиқарворай деса, бола Ўзбекистон фуқароси. Бу нарсани реал ўрганиш учун бу ерда энди…

Бугунги қарор эртанги кунги қарорга тўғри келмаяпти. Қарор устига қарор чиқариляпти. Битта қарор билан энди ярмига етганингизда, яна битта қарор чиқаяпти, яна бошидан бошлашга тўғри келиб қоляпти.



САЙЛОВДА ҚАТНАШИШНИ ОРЗУ ҚИЛАМАН

(Хадича Тошпўлатова ҳикояси)

Мен 1985 йилда Тожикистонда туғилганман. Ўн ёшимда ота-онам Тожикистондан Ўзбекистонга кўчиб келишган. Онам асли Тошкент вилоятининг Бўка туманида туғилган. Дадам эса 1983 йилда онамга уйланиб, онамларни Тожикистонга олиб кетган. Салкам ўттиз йилдан буён Ўзбекистонда яшайман. Ўзбекистон фуқаролигини олишни истайман. 2017 йилда мен каби Ўзбекистонда яшаётган тожикистонликлар Ўзбекистон фуқаролигини олишди. Бироқ, оилавий шароитим туфайли мен ҳалигача фуқароликни  ололмадим.

2023 йилда Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун астойдил  ҳаракат қилдим, барча тўловларни ҳам тўладим, негадир Бўка туманидаги соҳа масъуллари эртага келинг, индинга келинг, дея менга паспорт беришни ортга сурмоқда. Лекин фуқаролик паспорти менга кўпам керак бўлмайди. Чунки уй бекасиман, ҳеч қаерда ишламайман.

Фақатгина Тожикистонга бориб-келишим учун фуқаролик паспорти зарур бўляпти. Қариндошларимнинг деярли барчаси Тожикистонда яшайди.  Илгари фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистонда яшаш жуда қийин эди. ИИБ ходимлари ҳадеб сўроқ қилаверарди, ишга олишмасди, фақат кунлик ишларда ишлардик. Ўзимизни камситилгандек, ерга урилгандек ҳис қилардик. Менимча, ҳозирги вақтда ўша даврдаги фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан қўйиладиган қатъий талаблар анча юмшаган. Фуқаролиги бўлмаган шахсларни сайловларга қўйишмайди.


Ҳали бирор марта сайловларда қатнашмаганман. Ишонинг, мен ҳам жамиятда ўз ўрнимни топиб, сайловларда қатнашишни истайман.  Лекин афсуски, ҳозирда  менда бу ҳуқуқ йўқ.



ФУҚАРОЛИК ОЛИШ ОТА-ОНАМГА АРМОН БЎЛДИ

(Нигора Турдалиева ҳикояси)

Биз оиламиз билан 1995 йилда Тожикистондан Ўзбекистонга кўчиб келганмиз. Ота-онам, мен ва икки нафар синглим Оҳангарон туманидаги чекка бир қишлоқда яшай бошладик. Шу орада менга қўшни йигитдан совчилар кела бошлади, ота-онам фуқаролигим йўқлигини айтиб, ҳали турмушга бермаслигини билдиришди. Лекин совчилар тўйдан сўнг амаллаб бўлсада, фуқаролик олиб беришини айтиб, мени турмушга чиқишга кўндиришди. Тўй ўтди. Лекин фуқаролик ололмадим. Тожикистон фуқароси бўлганим учун ҳар олти ойда паспорт бўлимига бориб, вақтинчалик пропискадан чиқариб, Тожикистонга бориб келардим. (Бу вақтинча пропискага туришнинг қатъий тартиби эди) Кетма-кет фарзандли бўлдим. Ўша пайтларда вақтинчалик пропискага туриш учун мурғак гўдакларимни ташлаб, Тожикистонга кетишга мажбур бўлардим. Турмуш ўртоғим қўшнилардан қарз олиб бўлсада менга ҳар олти ойда «отнинг калласидек» харажатларимни қоплаб берарди. Бора-бора эрим ҳам чарчаб кетди. Йўқчилик сабаб уйимда ҳар куни жанжал бўларди, ўша пайтларда ўзимни айбдор ҳис қилиб, эримдан тинмай узр сўрардим. Оилам бузилиб кетади, деб қўрқардим.  Менга қўшни бўлиб яшаган ота-онам ҳам Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун тинмай ҳаракат қилишди. Ўн беш йил сиғиндидек яшаганидан сўнг тоқатлари тоқ бўлиб, яшаб турган ҳовлисини арзонга пуллаб, Тожикистонга қайтиб кетишга мажбур бўлишди. Кетар чоғида менга умид билан тикилиб, Ўзбекистон фуқаросини олганимни кўришса бу дунёдан армонсиз ўтишини йиғлаганча маълум қилишди. Чунки ҳар сафар  барча бахтсизликларим ва кўзёшларимга биргина фуқаролик ололмаганим сабаб бўларди. Минг афсуски, ота-онам ҳеч қанча вақт ўтмай, яъни 2015 йилда  бирин-кетин вафот этишди. Мен минг ҳаракат қилсам-да фуқароликни ололмадим. Ҳар сафаргидек оиламда жанжал, ҳар икки куннинг бирида ИИБнинг инспекторлари прописка масаласида мени  сўроққа тутишарди. Иш сўраб бормаган жойим қолмади, мени ҳеч қаерга ишга олишмасди. Фақатгина экин далаларидаги кунлик ишлардан пул топардим. Олти ойга прописка қилдиришим ҳам қийинчилик ва катта маблағ эвазига амалга ошириларди.  Шу орада Ўзбекистонда сиёсий ўзгаришлар бўлди. Жонимдан тўйиб кетар даражада аламзадалик кайфиятида эдим. Эрим Президентга мурожаат қилишимни айтиб, «Портал»нинг рақамини топиб берди. Гўшакни кўтарган оператор қизга бор дардимни тўкиб йиғладим. Ва 3 кундан сўнг менга  ижобий маънодаги жавоб хати келди, шу орада, яъни 2017 йилда Ўзбекистон фуқаролигини олдим. Мана, қўлимдаги ID картам (паспортим) ни ҳеч кимга ишонмайман. Баъзан туш кўрмаяпманми, мен ростан фуқаролик олдимми, деб ўйлаб қоламан. Қисқасини айтсам, ҳеч қачон босиб ўтган умр йўлимга қайтгим келмайди. Бошимдан ўтказган кунларимни эсласам, юрагим орқага тортиб кетади.(Йиғлади)

 


Фуқаролик олган куним Тожикистонга – ота-онамнинг қабрини зиёрат қилишга бордим. Улар армон билан вафот этишди. Қабр бошида тўйгунимча йиғладим.


Шойира НУСРАТОВА.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.