Ўзбекистон: 2020 йил хулосалари ва келгуси йил прогнози экспертлар нигоҳида

2020 йил якунланиб, бир неча кундан сўнг Янги йил кириб келади. Ортда қолаётган саналар бутун жаҳонда бўлганидек, мамлакатимизда ҳам пандемия ва унга қарши кураш эгидаси остида ўтди. Шундай бўлса-да, ҳаёт тўхтаб қолгани йўқ, мавжуд шарт-шароитга мослашган ҳолда давом этмоқда. Жамият ҳаётида босиб ўтилган ҳар бир давр муайян таассуротлар билан хотирага, аниқроғи, тарихга муҳрланиши тайин. Шуниси аниқки, хотиралар, таассуротлар ва хулосалар қандай бўлишидан қатъи назар, Янги йилни умид, ният ва мақсадлар билан кутиб олиш эзгу анъанага айланган.

UzAnalytics сайти мухбири 2020 йили Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида кузатилган муҳим ўзгаришлар, тенденциялар ҳамда ички ва ташқи сиёсатнинг асосий йўналишлари бўйича 2021 йил борасидаги прогнозлар ҳақида сиёсатшунос экспертлар билан суҳбатлашди.

Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида якунланаётган йил нималар билан ёдда қоларли бўлди, улардан қандай сабоқ олиш мумкин?

Андрей Казанцев – сиёсатшунослик фанлари доктори, Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО) ва Миллий тадқиқот университети “Олий иқтисодиёт мактаби” (НИУ ВШЭ) профессори:

– Якунланаётган йилда Ўзбекистоннинг сиёсий ҳаётида рўй берган ва аввал бошланиб, шу йил давом этган сиёсий жараёнларга келсак, мен уларни сиёсий воқеалар сифатида тавсифлаб, бир нечта муҳим жиҳати ҳақида тўхталган бўлардим.

Ўтган йилнинг асосий глобал воқеаси, шубҳасиз, коронавирус инқирози бўлди. Бундан жаҳон мамлакатлари қаторида Ўзбекистон ҳам зиён кўрди.

Марказий Осиёнинг бир қатор давлатларида, аввало, қўшни Туркманистон ва Тожикистонда муайян муаммолар мавжуд эди. Тожикистон инқирозга кечикиш билан чоралар кўрган бўлса, Туркманистонда бу вазиятга нисбатан сукут сақлаш стратегияси қўлланди. Тахминларга кўра, ҳукуматдагиларнинг гоҳ у, гоҳ бу йўналишдаги тушунарсиз қарорлари инқирознинг кескинлашувига олиб келмоқда. Ўз навбатида, буларнинг бари аҳоли орасида ваҳима ҳиссини янада кучайтиради. Тожикистон ҳукумати ҳам дастлаб мамлакатда коронавирус йўқ, дея иддао қилган эди, аммо кейинроқ улар коронавирус эпидемияси мавжудлигини тан олишди ва вирусга қарши курашни бошлашди.

Андрей Казанцев

Ўзбекистонда ҳаммаси ўз вақтида бажарилди: Тожикистон ёки Туркманистондагидан фарқли ўлароқ, барча зарур чоралар кўрилди.

Яна бир жиҳат борки, коронавирус инқирози Ўзбекистонга қараганда анча ривожланган, жон бошига ЯИМ анча юқори бўлган мамлакатлар учун ҳам катта синов бўлди. Мисол учун, собиқ Иттифоқ ҳудудини оладиган бўлсак, Россия ва Қозоғистон аҳоли жон бошига ЯИМ бўйича энг юқори ўринларни эгаллайди. Аниқроғи, биринчи ўринда Россия, иккинчи ўринда Қозоғистон туради. Шу маънода аҳоли жон бошига ЯИМ даражаси анча паст ва табиийки, аҳоли жон бошига тиббиёт соҳаси учун пул сарфлаш имкониятлари кам бўлган Ўзбекистонда вазият, албатта, мураккаблашди. Аммо шунга қарамай, ҳукумат барча зарур тадбирларни амалга оширди. Бу – биринчи воқеа.

Бошқа томондан олиб қараганда, коронавирус эпидемияси ички эмас, балки глобал миқёсдаги халқаро ҳодисадир. У глобал миқёсдаги инқирозни, хусусан, глобал иқтисодий инқирозни келтириб чиқарди.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистондаги вазият ўзига хос бўлиб чиқди, чунки бу ерда коронавирус инқирози аввалги йиллари бошланган яна бир жараён билан “кесишди”. Ушбу жараён – Президент Шавкат Мирзиёев бошлаган иқтисодий ислоҳотларнинг изчил давом этишидир. Менимча, Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришлар ташқаридан яхшироқ кўринади ва республика аҳолиси ушбу ислоҳотлар натижаларига етарлича баҳо бера олмаслиги мумкин. Аммо, макростатистикага эътибор қаратсак, бу ислоҳотлар сезиларли иқтисодий ўсишга олиб келаётгани яққол кўзга ташланади. Энг муҳими, Ислом Каримов қурмоқчи бўлган импорт ўрнини босувчи иқтисодиёт экспортга йўналтирилган иқтисодиётга қараб ўзгармоқда.

Ростини айтганда, Каримов даврида Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш аҳоли турмуш даражасининг яхшиланишига, мамлакатга хорижий инвестициялар ва валюта кириб келишига, шунингдек, одамларда пул кўпайишига ёрдам бермади. Бошқача қилиб айтганда, бу қандайдир фақат ўсиш учун ўсиш эди, у аҳоли сони кўпайиши билан боғлиқ демографик ўзгаришлар билан бирга юз берди ва ўз навбатида, аҳоли сони кўпайиши иқтисодий ўсишга туртки бериб турди. Аммо, айни дамда иқтисодий ўсишнинг расман эълон қилинган юқори суръатлари билан ҳам даромадларни тобора кўпайиб бораётган аҳоли ўртасида тақсимлашга тўғри келди.

Президент Шавкат Мирзиёев татбиқ этаётган иқтисодий ўсиш модели ривожланиш характерининг ўзгаришига омил бўлмоқда. Ўзбекистонда пул, хорижий инвестициялар оқими туфайли валюта пайдо бўлди. Умуман олганда, ушбу модель бошқа постсовет давлатлари, масалан, қўшни Қозоғистонда аллақачон синаб кўрилган. Қозоғистон ушбу моделни ўнлаб йиллар давомида татбиқ этиб келмоқда ва у анчагина муваффақиятли дейиш мумкин. Айни пайтда Ўзбекистон бошқа собиқ иттифоқ мамлакатларига қараганда жуда катта устунликка эга: бу мамлакатда Қозоғистон, Россия, Озарбайжон ва Туркманистондан фарқли ўлароқ, хом ашё эмас, балки улкан инсон ресурслари мавжуд. Бошқача айтганда, Ўзбекистон меҳнатсевар ва кўп миллионли ишчи кучига эга.

Ўзбекистондаги ислоҳотлар аниқ бир одам мисолида ҳали кўзга яққол кўринмаса-да, яхшигина макроиқтисодий натижаларни намоён этмоқда. Демак, Ўзбекистон Жануби-Шарқий Осиё “йўлбарс”ларидан бирига айланиб, иқтисодиётини Жануби-Шарқий Осиё “йўлбарс”лари, кейин эса Хитойнинг ривожланиб кетган йўналишида тараққий эттириш истиқболига эга. Ушбу ўсиш модели саноатни ривожлантиришга асосланган.

Ислом Каримов ушбу моделни рўёбга чиқара олмади. Чунки, у саноатни импорт ўрнини босиш билан бирга ривожлантириш тарафдори бўлди. Ваҳоланки, бу имконсиздир. Мазкур мавзуда жуда кўп қизиқарли асарлар ҳам мавжуд. Масалан, Россияда ушбу мавзудаги энг машҳур асар Гайдарнинг “Иқтисодий ўсишнинг парадокслари” китобидир. Унда жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари, хусусан, Лотин Америкасида ушбу моделнинг инқирозга юз тутиши сабаблари тасвирлаб берилган.

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан экспортга йўналтирилаётган модел реалликка анча яқин ва Жануби-Шарқий Осиёнинг кўплаб мамлакатларида бўлгани каби ижобий натижаларга олиб келиши мумкин. Бу, менинг фикримча, иккинчи муҳим воқеа.

Учинчи воқеа – давом этаётган афғон инқирози ва қўшни Афғонистонда мавҳумлик кучайишидир. Бу бутун Марказий Осиё минтақасига салбий таъсир кўрсатиши, шубҳасиз. Чунки Афғонистонда нима бўлиши, америкаликлар у ердан қўшинларини олиб чиқадими-йўқми, ҳали номаълум.

Трамп маъмурияти Толибон билан музокаралар олиб бориш ва қўшинларни олиб чиқиб кетиш борасида аниқ тўхтамга келган эди. АҚШнинг янги маъмурияти қайси йўлни танлаши ва Афғонистонда энди нима бўлиши ҳамон ноаниқлигича қолмоқда. Бу минтақа мамлакатлари учун янги таҳдидларни келтириб чиқариши мумкин. Ва бу унчалик яхши эмас. Чунки Каримов даврида рўй берган Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни қисқартириш ташқаридан келаётган хавфсизликка таҳдидларнинг ортиши билан боғлиқ бўлиб, Шавкат Мирзиёев буни жуда яхши тушунарди. Унинг биринчи қилган иши ҳам қўшнилар ва барча йирик давлатлар билан муносабатларни яхшилаш бўлди. Шу боис, Ўзбекистон Афғонистондан Америка қўшинлари олиб чиқилган тақдирда ҳам албатта, қандайдир шаклда Афғонистон билан минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳаракат қилмоқда – бу мен муҳим деб атамоқчи бўлган учинчи воқеа.

Яна бир, Россия учун ҳам муҳим саналган тўртинчи воқеани эсга олиш мумкин. Бу Россия билан ўзаро савдо-сотиқ ва сиёсий алоқаларнинг ривожи бўлиб, хусусан, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчига айланганлигида ҳам намоён бўлади. Бунга қадар ҳам савдо айланмаси бир неча йилдан бери ўсиб бораётганди.

Яна бир муҳим ҳодисага тўхталсак. Буни мен ҳам Ўзбекистон учун, ҳам Россия учун муҳим деган бўлардим. Пандемия инқирози Россиядаги муҳожирлар ҳолати кескин ўзгаришига олиб келди. Маълумки, Ўзбекистон Россияга энг кўп меҳнат муҳожирини юборадиган Марказий Осиё мамлакати ҳисобланади. Россияда 2020 йили меҳнат муҳожирлари сони икки баравар камайди. Бундан ташқари, буларнинг бари катта муаммолар билан бирга юз берди. Чунки, аэропортлар мамлакатдан чиқиб кета олмаётган одамлар билан тўла эди. Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларига ёрдам беришга ҳаракат қилди. Шу ўринда бир ҳолатга эътибор бериш керакки, Марказий Осиёнинг баъзи давлатлари мигрант фуқароларини деярли ташлаб қўйди. Аммо Тошкент бундай йўл тутмади. Россияда қолган муҳожирларнинг фақат олтидан бир қисмигина Россия қонунчилигида кўзда тутилган ҳуқуқий мақомга эга эканлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу шуни англатадики, қолган мигрантлар Россия миграция қонунчилигидаги чалкашликлар қурбонига айланди.

Тошкент ҳар доим миграцияни ўз кучи билан тартибга солишга ҳаракат қилган. Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари барини ўз оқимига, Россия ҳукуматининг измига ташлаб қўйган. Умуман олганда, бу жиддий муаммо – замирида инсон тақдири ётибди.

Бекзод Зокиров – сиёсатшунос, Токио университетининг докторанти (Япония):

– Фикримча, 2020 йил Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеалар ва ўзгаришларга бой бўлди. Давлатнинг коррупцияга қарши сиёсатини амалга оширувчи агентлик ташкил этилгани, пахта саноатида мажбурий давлат харидлари бекор қилингани ҳамда мазкур саноатда бир неча йилдан буён ҳукм сураётган мажбурий меҳнатдан батамом воз кечилгани – буларнинг бари 2016 йилда бошланган ижобий ўзгаришлар ишонарли эканини кўрсатувчи тарихий ҳодисалардир. Аммо, давлат монополияларини ҳимояловчи протектционизм сиёсатининг кучайиши, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашда ислоҳотлар сустлиги ҳамда давлат структураларини ичидан кемираётган коррупция муаммоси ҳалигача тизгинга солинмаётгани, афсуски, халқда ислоҳотларга ишончсизлик кайфиятини кундан-кунга кучайтирмоқда.

Шунингдек, 2020 йил мамлакат сиёсий тақдирини ўзгартириб юборган яна икки муҳим воқеа – бутун жаҳонни қуршаган пандемия ҳамда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи – ЕОИИга кузатувчи сифатида қабул қилиниши билан тарихга муҳрланди.

Бекзод Зокиров

Якунланаётган йилда Ўзбекистон деярли барча сиёсий-иқтисодий энергиясини пандемия оқибатлари билан курашишга сарфлади. Пандемия мамлакат тарихида кўпчиликнинг ёстиғини қуритган ҳодиса сифатида қолса-да, у бизга келажагимиз учун муҳим хулосаларни берди, деб ўйлайман. Аввало, бу даврда ижтимоий ёрдамга муҳтожлик даражаси ортиши, давлат ўз олдида турган муаммоларни якка ҳолда эмас, балки фуқаролик жамияти билан бирга ҳал этиши зарурлигини кўрсатди. Халқимизнинг ушбу мушкул вазиятда хайрия ташаббуслари билан майдонга чиқиши Ўзбекистонда фуқаролик позицияси, дахлдорлик ҳисси бошқа жабҳаларда ҳам яққол намоён бўла олиши мумкинлигини кўрсатди. Шунингдек, пандемия Ўзбекистон иқтисодиётидаги энг заиф нуқта, яъни табиий ресурслар экспортига қарамлик муаммосини очиқ кўрсатди. Ва бу ишлаб чиқаришнинг бошқа соҳаларини диверсификация қиладиган хусусий сектор биз учун қанчалик зарурлигини яна бир бор исбот этди.

Станислав Притчин – тарих фанлари номзоди, Россия Фанлар академияси Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институтининг Постсовет тадқиқотлар маркази катта илмий ходими:

– Ҳақиқатан ҳам, ўтиб бораётган йил нимаси билан хотирамизга муҳрланди? Бу хусусда сўз борганида, энг аввало, коронавирус пандемияси билан боғлиқ глобал кризис тилга олиниши табиий. Унинг салбий оқибатлари ҳаётимизнинг деярли барча жабҳаларига таъсир кўрсатди. Чунки, ҳар қандай соҳага коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва вирус билан боғлиқ хавф-хатарни камайтиришга қаратилган қатъий чеклов чоралари бевосита дахлдордир.

Ўзбекистонни ҳам бу офат четлаб ўтмади, ички сиёсат ва давлатлараро алоқалар коронавирус билан боғлиқ вазиятга деярли тобе бўлди. Шунинг учун бу ерда ҳам иқтисодий ўсиш суръатларида муайян ўзгаришлар юз берганини кўрамиз. Бутун жаҳон бўйлаб кузатилгани каби ҳудудий иқтисодиётда рецессия кузатилди. Умуман олганда, мамлакат сиёсий ҳаётида коронавирус туфайли бирор жиддий сиёсий ҳодиса содир бўлгани йўқ. Шу билан бирга, 2020 йилда қандайдир сиёсий катаклизм ҳам юз бермади, чунки ўта аҳамиятли ўзгаришлар кузатилмади.

Станислав Притчин

Ўзбекистон сиёсий жиҳатдан йилни қандай ўтказгани ҳақида сўз юритадиган бўлсак, табиийки, ҳамма нарса пандемия билан боғлиқ. Умуман олганда, республика ҳукумати пандемияга қарши курашга юқори даражада куч сарфлади ва бундай танг эпидемик вазиятни тўлиқ назоратга олиши мумкинлигини намойиш эта олди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар жаҳоннинг бошқа давлатлари билан таққослаганда анча самарадор эканлиги яққол сезилади. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон шунчаки пандемияга қарши курашибгина қолмасдан, балки ундан янги тиббий марказлар бунёд этиш йўли билан ўз соғлиқни сақлаш тизимини модернизациялаш бўйича имкониятларини оширишда ҳам фойдаланаётганлигини кўриш мумкин. Буларнинг бари мамлакат соғлиқни сақлаш тизими самарадорлигини ошириш, келажакда уни янада ривожлантириш учун замин яратади.

Пандемия муносабати билан Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатларга кўрсатган ёрдами ҳам унинг минтақадаги етакчи давлатлардан бири ролига масъулият билан ёндашаётганини кўрсатди. Демак, хулоса қилиш мумкинки, мамлакат мураккаб вазиятда қўшниларига ёрдам беришга тайёр ва молиявий жиҳатдан бунга қодир.

Баҳром Исмоилов – эксперт, ҳуқуқшунос:

2020 йил воқеалари, шу жумладан Ўзбекистон учун ҳам катта сабоқ бўлди, аммо мен энг муҳим учта жиҳатни кўрсатган бўлардим:

1. Шошилинч ва ижтимоий хизматлар муҳим аҳамиятга эга. Тез тиббий ёрдам ва мобил касалхоналар, жамоат хавфсизлиги ва санитария-эпидемиология марказлари каби давлат муассасалари устувор равишда молиялаштирилиши ва фавқулодда вазиятларда тезкорлик билан сафарбар этиладиган ишончли давлат хизматларига айланиши керак. Ўзбекистон вилоятлари кесимида фавқулодда вазиятлар ва офатлар даврида фаолият юритадиган, алоҳида ваколат ва ҳуқуқларга эга штаблар корпуси тузилиши лозим.

2. Ижтимоий институтлар муҳим аҳамиятга эга. Инқирозли вазиятларни бартараф этишда жамоат ташкилотлари ва фуқароларнинг ихтиёрий бирлашмалари катта роль ўйнади. Давлат ижтимоий йўналтирилган янги ННТларнинг пайдо бўлиши учун имконият яратиш орқали учинчи сектор ривожини рағбатлантириши керак.

Баҳром Исмоилов
3. Жамғармалар муҳим. Пандемия уй хўжаликларида ҳам, республика бюджетида ҳам жамғармаларга эга бўлиш нақадар муҳимлигини кўрсатди. Оммавий карантин шароитида одамлар, бир томондан мунтазам даромадини йўқотиш ёки кескин камайиши, бошқа томондан эса молиявий захираларнинг тез тугаб қолиши муаммосига дуч келишди. Давлат олдида эса солиқ тушумларининг қисқариши ва кутилмаган харажатларнинг кескин ўсиши масаласи пайдо бўлди. Энди республика келгуси йиллар бюджетида бундай кутилмаган харажатларни назарда тутиши ва ижтимоий аҳамиятга эга тармоқларни рағбатлантириши, аҳоли эса ўз навбатида анъанавий истеъмол маданиятини қайта кўриб чиқиши зарур.

Янги 2021 йилда мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича сизнинг тахминларингиз қандай?

Андрей Казанцев:

– Келгуси йилга келсак, биринчидан, кўп нарса коронавирус инқирозидан чиқиш билан боғлиқ. Инсоният ундан қутулиб кета оладими, 2021 йил инқироздан чиқиш йили бўладими ёки эҳтимол 2022 йил инқироздан буткул қутулиш йили бўлар? Бу ҳали номаълум.

Иккинчидан, Афғонистондаги воқеалар қандай ривожланиши жуда катта аҳамиятга эга. Байден маъмурияти олиб борадиган сиёсат натижасида Кобулдаги ҳозирги ҳукуматнинг тақдири нима бўлади, умуман, Байден маъмурияти афғон сиёсатини қандай шакллантиради?

Учинчи муҳим нуқта, менинг фикримча, ушбу учбурчакдаги муносабатлар қандай ривожланади: ҳозирда Марказий Осиёга жуда катта таъсир кўрсатаётган Россия, АҚШ, Хитой ўртасидаги ҳолат. Москва ва Пекин ўртасидаги муносабатлар қандай ривожланади, уларнинг муносабатлари қай даражада иттифоқ тусини олади? Нега бу муҳим? Чунки, албатта, Москва ва Пекин ўртасидаги иттифоқ Марказий Осиё учун жуда жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунингдек, бир томондан Россия ва Хитой, иккинчи томондан АҚШ ўртасидаги янги совуқ уруш қай даражага етиши ҳам муҳим. Чунки бу янги совуқ уруш постсовет давлатларининг кўпвекторли ташқи сиёсатида жиддий муаммолар туғдирмоқда. Яъни, улар ҳам ушбу вазиятда қандайдир тарзда ҳаракат қилишлари керак. Хусусан, Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий сиёсати учун ҳам бу қийинчиликларни вужудга келтиради. Зотан, иқтисодиётни янада либераллаштириш, шу жумладан Ғарб билан алоқаларни йўлга қўйишни тақозо қилади.

Россия Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилишидан ва Россия билан ҳам ўзаро иқтисодий, ҳам стратегик ҳамкорлиги кучайишидан манфаатдор.

Ўзбекистондаги ички воқеаларга келсак, бу шубҳасиз ислоҳотларнинг кейинги суръати. Ислоҳотлар қаергача етиб боради? Улар қанчалик кенг қулоч ёяди? Нафақат ижтимоий-иқтисодий соҳани, балки ҳаётнинг бошқа соҳалари – маданият, сиёсат ва бошқа йўналишларни қамраб олади? Бу ерда Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида сўнгги бир неча йил ичида юз берган жиддий ўзгаришларни қайд этиш ўринлидир. Бу жараёнларнинг барчаси Ўзбекистоннинг сиёсий тизимини қандай кўринишга олиб келади деган саволларни ҳам юзага келтиради. У қанчалик ривожланади ва ўзгаради? Ўзбекистон сиёсий жиҳатдан қандай тамойилга эга бўлади? Бу қийин савол ва келгуси йилда унга жавоб топилмаслиги аниқ. Аммо Ўзбекистон Ислом Каримов даврида мавжуд моделдан аллақачон узоқлаша бошлади ва мамлакатнинг иқтисодий ўсишига ёрдам берадиган янги моделни изламоқда.

Бекзод Зокиров:

– 2021 йил Ўзбекистон раҳбариятидан якунланаётган йилга нисбатан кўпроқ ғайрат-шижоат талаб қилиши мумкин. Бунинг сабаби, албатта, пандемия натижасида юзага келган глобал иқтисодий инқироз ва ижтимоий муаммолардир. Тўғри, COVID-19га қарши вакцина кенг тарқала бошлаши вазият яхшиланишига умид бермоқда. Аммо вакцина бизгача етиб келиши ва иқтисодиёт яна ўз ўрнига тушиб кетгунига қадар бироз вақт ўтиши муқаррар. Хўш, 2021 йилда мамлакат ички сиёсатида қандай ўзгаришларни кутиш мумкин? Биринчи масала шуки, пандемия Ўзбекистоннинг ташқи дунё билан интеграциялашувини янада тезлаштириши эҳтимоли бор. Буни икки жиҳатдан таҳлил қилсак бўлади: иқтисодий оғир аҳволга келиб қолган давлат компаниялари оёққа туриши учун зарур инвестиция ва бўшаб бораётган давлат бюджетини тўлдиришга хизмат қилувчи янги бозорлар кашф қилишга бўлган эҳтиёжнинг ортиши. Иккинчи масала эса пандемия пайтида ва ундан аввал олинган давлат қарзларини қайтариш муаммосидир. Бу бир тарафдан бюджетнинг турли янги тўловлар ҳисобига ошиши эҳтимолини билдирса, иккинчи тарафдан, ижтимоий соҳаларга йўналтирилган давлат харажатлари қисқариши билан боғлиқ тахминларни юзага келтиради.

Шунингдек, пандемия асоратларини ташқи сиёсат ҳам кўрсатиши мумкин. Хитой Ўзбекистон учун энди ҳар томонлама доминант ҳамкорга айланиши эҳтимоли катта. Буни қуйидаги сабаб билан изоҳлаш мумкин: Хитойнинг давлат сарфлари ошиши ҳамда Россия ва Ғарб давлатларининг инқироз томон юриши. Албатта, Хитой инқироздан чиқиш ва ишсизликнинг олдини олиш учун қурилиш ва инфраструктура каби соҳаларга давлат харажатларини кўпайтириш орқали умумий талабни оширишга киришади. Бунинг натижасида Ўзбекистон иқтисодиётига кириб келиши мумкин бўлган янги инвестиция ва маҳсулотлар учун янги бозор пайдо бўлиши мумкин. Қолаверса, бу Хитойнинг Ўзбекистонга қўядиган талабларида куч мувозанати ошишига олиб келиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Станислав Притчин:

– Келаси йил прогнозларига келсак, кўп жиҳатдан яна коронавирус билан боғлиқ вазиятдан келиб чиқиб фикрлашга мажбурмиз. Бу борада, биринчи навбатда, вакцинация бўйича муносиб имкониятлар яратилиши ва аҳолининг турли хавф-хатарларга иммунитети ҳамда чидамлилиги оширилишига катта умидлар билин боғлиқ. Фикримча, Ўзбекистон айни масалага етарлича масъулият билан ёндашмоқда. Масалан, республика ҳукумати Хитой ва Россия вакциналарини сотиб олиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Иқтисодий вазиятга келсак, халқаро молия институтлари ва Ўзбекистон ҳукуматининг прогнозларига кўра, мамлакат минтақада бу инқироздан нисбатан яхши, кам йўқотишлар билан чиқиши мумкинлигини кўриш мумкин. Яъни, 2020 йилда иқтисодий ўсиш – ижобий дея баҳоланмоқда. Келаси йили иқтисодий ўсиш яна ҳам тез суръатларда давом этади. Бу, албатта, Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришда қандай чора-тадбирлар амалга оширилишига боғлиқ.

Маълумки, Ўзбекистон ЕОИИ (Евроосиё иқтисодий иттифоқи)га кузатувчи сифатида қабул қилинди. Бу биринчи қадам ва келаси йили бу мақомни аниқ саъй-ҳаракатлар билан тўлдириш масалалари устида ишлаш лозим бўлади. Мисол учун, муайян позициялар бўйича эркин савдо зоналари ёки ўзаро савдо алоқаларида “яшил коридорлар” орқали бу мақомни реал ҳаракатлар билан тўлдиришни назарда тутяпман.

Ташқи сиёсатга келсак, ҳозирги саъй-ҳаракатлар, яъни ташқи сиёсий майдонда барча иштирокчилар билан фаол ҳамкорлик олиб бориш давом этади, деб ўйлайман. Россия, албатта, Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган тенденцияни давом эттиришни истайди. Бу борада атом электр станцияси қурилишига кўп умид боғланмоқда. Менинг тушунишимча, бу масаланинг ечими тўхтаб қолган. Умид қиламизки, тез орада ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар яна давом эттирилиб, йирик лойиҳа бўйича қурилиш ишлари бошлаб юборилади.

Баҳром Исмоилов:

– Ўзбекистон маҳсулотлари ЕОИИ, Хитой ва Яқин Шарқ бозорларига кириб боришда давом этади. Ўзбекистон фуқаролари учун муҳим масала Қозоғистон ва Россия чегараларининг очилишидир. Пандемия ушбу мамлакатларнинг меҳнат бозорларига Ўзбекистон фуқароларининг кириш имкониятларини чеклаб қўйди, бизнеснинг фаоллиги ва сайёҳлар оқимини сезиларли даражада камайтирди. 2021 йилда пандемия оқибатларини баҳолаш бўйича жуда кўп ишларни амалга ошириш ва мамлакатни иқтисодий ривожлантиришнинг прогноз моделига тузатишлар киритилиши керак, деб ўйлайман.

UzAnalytics сайти таҳририяти экспертлар – Андрей Казанцев, Бекзод Зокиров, Станислав Притчин ва Баҳром Исмоиловга мазкур интервью учун миннатдорлик билдиради ва Янги йилда янги муваффақиятлар тилаб қолади!

Манба: uzanalytics.com

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.