Ўзбекистон ёшлари: муаммо ва истиқболлар

Яқинда ЮНИСЕФ, Ёшлар иттифоқи ҳамда “Юксалиш” умумиллий ҳаракати “Ўзбекистон ёшлари: муаммо ва истиқболлар” (“Молодежь Узбекистана: вызовы и перспективы”) деб номланган йирик тадқиқот натижаларини эълон қилди. Унда республиканинг барча ҳудудларида истиқомат қилувчи 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 4 минг 500 нафарга яқин респондент иштирок этди. Қолаверса, бевосита мулоқот қилиш учун 24 та фокус-гуруҳи шакллантирилган.

Тадқиқот уч йил мобайнида замонавий методологиялар асосида олиб борилди. Лойиҳага етакчи маҳаллий ва хорижий экспертларнинг жалб этилгани ҳам алоҳида эътиборга моликдир.

Социологик сўров натижалари асосида тайёрланган ҳисоботда айтилишича, 15-20 йилдан сўнг Ўзбекистон ноёб демографик дивидентни қўлга киритади. 2048 йилга бориб мамлакатда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони тарихий пик даражасига етиши кутилмоқда. Табиийки, уларнинг салмоқли қисмини ёшлар ташкил қилади. Ҳозир давлат олдидаги асосий вазифа демографик дивидентни қўлдан бой бермаслик ҳамда ундан максимал равишда фойдаланишдан иборат. Бошқача айтганда, ҳукумат инсон капиталига, яъни ёшларнинг сифатли таълим олишию интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришига катта ҳажмда инвестиция киритиши зарур. Бу келажакда нафақат иқтисодиётни юксалтириш, балки ижтимоий вазиятни барқарорлаштириш — камбағаллик ва салоҳиятли кадрлар миграциясини қисқартириш, ишсизликни бартараф этиш, халқнинг турмуш даражасини ошириш имконини беради.

Инсон капиталини ривожлантириш – бир кунлик иш эмас. Мазкур миссия комплекс ёндашув ва узоқ муддатли чора-тадбирларни талаб қилади. Бу борада тайёр ечимлар йўқ. Ҳар қайси мамлакат ўз йўли ва йўналишини мустақил тарзда белгилаб олмоғи даркор. Ўзбекистон учун ёшларга оид давлат сиёсатини аниқ рақамлар ва илмий хулосалар асосида амалга ошириш энг мақбул йўл ҳисобланади. Тадқиқотда иштирок этган экспертларнинг ҳам фикри шундай.

— Ёшлар масаласида самарали сиёсат олиб бориш учун давлат социологик тадқиқотларга доимий буюртмалар портфелини шакллантириши зарур, — дейди иқтисодчи олим, “ERGO Analytics” компанияси раҳбари Рауф Салохўжаев. — Шундагина ҳақиқий манзарани кўриш, оғриқли нуқталарни аниқлаш ва муаммолар динамикасини кузатиш имкони туғилади. Ҳозирча Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати доирасидаги қарорлар ёшларнинг реал талаб-эҳтиёжлари эмас, балки кўпроқ сиёсий қарашлар ва умумий тахминлар асосида қабул қилинмоқда. Бу нотўғри. Прагматик ёндашувсиз ҳар қандай стратегия кун келиб панд бериши аниқ. Айтайлик, охирги йилларда йигит-қизлар тадбиркорликка фаол жалб қилинмоқда. Уларга имтиёзли шартлар асосида банк кредитлари ажратиляпти. Ғоя яхши, бироқ тадбиркорлик муайян билим ва уқувни талаб қиладиган соҳа. Бизнес режа тузиш ёки бухгалтерия ҳисобини юритишни билмайдиган, бозор механизмлари билан яхши таниш бўлмаган инсонга сармоя беришдан фойда йўқ. Чунки у ишни барибир лозим даражада олиб кетолмайди. Тадқиқотдан маълум бўлишича, бугун қишлоқ ёшлари муносиб иш тополмаганидан ўзини таваккалига тадбиркорликка урмоқда. Лекин савол туғилади: улар бу масъулиятли вазифага тайёрми? Менимча, юртимизнинг барча ҳудудларида ёш тадбиркорлар учун профессионал консалтинг хизматларини йўлга қўйиш керак. Ёшларни назариётчи бизнес тренерлар эмас, балки тажрибали тадбиркорлар, банк ходимлари, ҳисобчи, маркетологлар ўқитсин, устозлик қилсин. Менторлик кўмаги стартап дастурлари доирасида яхши йўлга қўйилган. Уни бизнеснинг анъанавий шаклларида ҳам татбиқ этиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Ўзбекистон ёшларига бағишланган социологик сўров еттита асосий мавзу йўналишини ўз ичига қамраб олган. Тадқиқот доирасида респондентларнинг таълим олиш ва касб эгаллаш имкониятлари, иқтисодий мустақиллиги, жамият ҳаётига интеграциялашувчи, яшаш жойи ва миграцияси, жамоатчилик фикри билан ҳисоблашиши, рақамли технологиялар ҳамда интернетдан фойдаланиш даражаси, кундалик ташвишлари ва бўш вақтини ташкил этиш масалалари ўрганилди. Натижалар хусусида бирма-бир тўхталиб ўтсак.

Таълим

Аксарият ёшлар мавжуд инфратузилма (таълимдаги муҳит, моддий-техник таъминот, дарслик ва бошқалар)ни ижобий баҳолаган. Уларнинг 94,7 фоизи педагоглар фаолияти, 91,1 фоизи ўқув муассасаларининг ҳолатини қониқарли, деб ҳисоблайди. Аммо рақамли технологиялардан фойдаланиш масаласида вазият кўнгилдагидек эмас. Жумладан, қишлоқ ёшларининг 30,4 фоизи мактабида интернет йўқлигини айтган. Шаҳарда бу кўрсаткич 22 фоиз атрофида.

Респондентларда таълимдан умумий қониқиш ҳисси мавжудлигига қарамай, улар таълим сифатини ошириш керак, деб ҳисоблайди. Ўқувчи ва талабалар кўпроқ хорижий тилларни ўрганиш, касбий фаолиятда асқотадиган ишбилармонлик, етакчилик, киришимлик, ишга ижодий ёндашиш, стрессга чидамлилик, вақтни тўғри тақсимлай олиш каби юмшоқ кўникмаларни эгаллашни хоҳлайди.

Сўровнома давомида ёшлар мактабдан иккита муҳим нарса – лидерлик (16,9 %) ва турли вазиятларга мослашувчанлик (10,9 %) хусусиятларини ололмаётганини таъкидлади.

— Ёшлар, бир томондан, таълим инфратузилмасини ижобий баҳолаб, иккинчи томондан, таълим сифатига эътироз билдиргани парадоксал ҳолат, — дейди тадқиқот муаллифларидан бири Рауф Салохўжаев. — Бир вақтнинг ўзида бу давлат учун жиддий сигнал ҳам. Демак, янги ўқув биноларини қуриш, мавжудларини замонавий услубда таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш кифоя эмас. Аввало, таълим жараёнига эътибор қаратиш зарур. Бугун Ўзбекистондаги таълим тизими ёшларга рақамли ва юмшоқ кўникмалар (Soft Skills)ни бера олмаяпти. Мактабда бола фундаментал фанлар, айтайлик, математика, физика, кимёни пухта ўзлаштиргани билан, ахборот технологиялари бўйича нўноқ бўлса, келгуси касб-корига ярайдиган амалий билимларни ололмаса, ҳаётда қийналиши аниқ. Бундай муаммо қишлоқ жойларида, айниқса, долзарб. Чунки рақамли технологиялар ҳали кириб бормаган ҳудудлар кўп. Қолаверса, таълим бериш методикаси эскирган. Баъзи мактабларда информатика дарслари ҳамон Microsoft браузеридан фойдаланиб ўтилмоқда. Ваҳоланки, дунё ушбу дастурий маҳсулотдан аллақачон воз кечиб бўлган. Бундай мисоллар ўқувчиларнинг билим даражаси замондан орқада қолиб кетганидан далолат беради.

— Тадқиқот мамлакатда уюшмаган ёшлар (айниқса, аёллар орасида) салмоғи оз эмаслигини кўрсатди, — давом этади Рауф Салохўжаев. — Масалан, 19 – 30 ёшли респондентларнинг 54,6 фоизи ҳеч қаерда ўқимаслиги ва ишламаслигини айтган. Яъни улар меҳнат бозорида ўз ўрнини топа олмаяпти. Чунки ҳозирги шароитда иш берувчи учун қўлида дипломи бор мутахассисдан кўра, юмшоқ кўникмаларга эга кадр қадрлироқдир. Менимча, таълимдаги мана шу бўшлиқни зудлик билан тўлдириш керак. Акс ҳолда, ёшлар орасида ўз келажагига шубҳа билан қараш тенденцияси кучайиб боради.

Давлат ҳамда хусусий секторда муносиб иш топишига кўзи етмагани боис, аксарият ёшлар шахсий бизнесини очишга қизиқиш билдирмоқда. Бироқ яна ўша гап — бунга уларнинг уқуви йўқ. На мактаб, на университетда, дейлик, кредит олиш тартиби, бозор конъюктураси ёки мижозларни жалб қилиш бўйича амалий машғулотлар ўтилади.

Ёшларни қийнаётган яна бир муаммо таълимнинг чиқимдорлиги билан боғлиқ. Сўровномада иштирок этганларнинг аксарияти ўқиш харажатлари (репетитор хизмати, сессияни пора билан ёпиш, контракт тўлови) уларни стресс ва иложсизлик ҳолатига солиб қўяётганини айтган.

Бир оиланинг репетитор учун ойлик харажати баъзан 30 доллардан ошади. Шу нуқтаи назардан, респондентлар мактабдан ташқари фан тўгаракларини кўпайтириш истагини билдирган. Қолаверса, ёшлар ўқишга кириш ҳамда ишга жойлашишда пул ва таниш-билишчилик муҳим роль ўйнашини инкор этмади. Демак, бугунги кунда уларнинг олий ўқув юртига қабул ҳамда таълим жараёнлари адолатли ўтишига эҳтиёжи ниҳоятда банд.

Айрим респондентлар таълимдаги муваффақият инсоннинг ўзига боғлиқ эканини айтса, қолган салмоқли қисми ўқитувчини асосий мотиватор, деб ҳисоблайди. Афсуски, болада олий маълумотли мутахассис бўлиш иштиёқини сўндираётган малакасиз педагоглар ҳам учраб турибди.

Ўзбекистонда ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 25 фоизга тенг. Қабул параметрлари 2016 йилга нисбатан 2,5 баробарга ўсди. Шунга қарамай, бу минтақадаги энг паст кўрсаткичлардан бири бўлиб қолмоқда (ваҳоланки, аҳоли сони бўйича Ўзбекистон биринчи ўринда!). Ҳатто биздан унча узоқ бўлмаган Туркия ва Россияда қамров кўрсаткичи 40-50 фоизга етган. Рауф Салохўжаевнинг сўзларига қараганда, юртимизда кўпгина ёшлар олий таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлаётгани давлат томонидан жиддий эътибор қаратилиши зарур бўлган фундаментал муаммо ҳисобланади. Ўз навбатида, мазкур ҳолат 30 йилдан буён амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг нуқсонларини ҳам очиб берган.

Мана бу рақамларга изоҳ шарт эмас. Тадқиқотдан маълум бўлишича, олий ўқув юртларига кираётган шаҳарлик ёшлар қишлоқдаги тенгдошларига қараганда икки ҳисса кўп. Олий таълим муассасалари талабалари орасида хотин-қизлар улуши 37 фоизга тенг. Даромади паст тоифага мансуб 25 – 30 ёшдаги респондентларнинг атиги 3 фоизи олий маълумотли. Зотан, даромади юқори тоифадагиларда бу кўрсаткич 23 фоизни ташкил қилмоқда.

Касбий танлов ҳамда иқтисодий имкониятлар

Ўқишни битиргач уйда ўтириб қолаётган ёшлар орасида аёллар салмоғи анча юқори – 51 фоиз18 ёшдан кейин мазкур кўрсаткич янада ортиб, 74 фоизга етмоқда. Бунинг сабабини қизлар оила юмушлари ҳамда даромад топиш учун бошқа жойга кўчиб ўтиш имкониятининг чеклангани билан изоҳлади.

Қишлоқ ёшлари шаҳарликларга қараганда олим таълим муассасаларига камроқ киради, шу боис, уларда тадбиркорликка қизиқиш юқори. Ишлаётган респондентларнинг 35,7 фоизи хусусий секторда банд. Давлат идораларида фаолият кўрсатаётганлар ҳам тахминан шунча.

Ўзбекистонда стартап лойиҳаларга асосан қишлоқ ёшлари қўл урмоқда. 17,5 фоиз респондент шунинг орқасидан шахсий бизнесини йўлга қўйганини қайд этган.

Аёллар асосан соғлиқни сақлаш, таълим ва қайта ишлаш саноатида банд. Эркаклар орасида нисабатан омаллашган касблар қурувчилик ва фермерлик ҳисобланади.

Эътиборлиси, ёшлар ишлашни хоҳлаган ва реал ишлаётган соҳалар ўртасидаги тафовут жуда катта. Респондентларнинг 28,7 фоизи таълим26,3 фоизи илм-фан, 22,9 фоизи тиббиёт, 21,7 фоизи бизнес ва менеджментга қизиқишини айтган. Амалда эса қурилиш объектлари (14,4%), қайта ишлаш саноати (10,6%), деҳқон ва фермер хўжаликларида (9,8%) меҳнат қилмоқда.

— Ҳозирча Ўзбекистон жисмоний меҳнатга асосланган ишчи кучини етаказиб берувчи давлат бўлиб қолмоқда, — дейди эксперт Рауф Салохўжаев. — Бу иқтисодиётнинг таркиби билан боғлиқ. Республикада қўшилган қиймат яратувчи тармоқлар оз. Айтайлик, инновациялар, IT соҳасини жадал ривожлантиришга яқин йиллардагина киришилди. Интеллектуал меҳнатга талаб ортмагунча, меҳнат бозоридаги вазият ўзгармайди.

Мамлакат иқтисодиётида таркибий ўзгаришлар рўй бериши керак. Бусиз ёшлар сиёсатини самарали амалга ошириш қийин. Нега нуқул Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларини ибрат қилиб кўрсатамиз. Сабаби ўз вақтида уларнинг иқтисодиёти структуравий жиҳатдан ўзгарди. Яъни қишлоқ хўжалигидан саноатга, хизмат кўрсатиш секторига ўтилди. Шу орқали ёшланинг кўплаб муаммолари ҳал қилинган.

Тадқиқот натижаларидан маълум бўлишича, қишлоқ ёшлари орасида тадбиркорликни танлаётганлар кўп. Лекин уларнинг қанчаси янги иш ўринларини яратяпти? Айтайлик, кичик бизнес субъектлари орасида якка тартибдаги тадбиркорлар талайгина. Устига-устак, бозордаги олиб-сотарлар ҳам ўзини тадбиркор, деб атамоқда. Шу ўринда муҳим масалага ойдинлик киритиш зарур: биз қандай шаклдаги тадбиркорликни ривожлантирмоқчимиз? Ўзбекистонга якка тартибдаги тадбиркорлар керакми ёки қўшилган қиймат ярата оладиган хусусий корхона ва компанияларми? Менимча, иккинчи йўлдан борилгани маъқул. Ўз вақтида бундай ёндашув Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида “иқтисодий маъжиза”ни юзага келтирганди. Бироқ, айтайлик, Сингапур ёки Малайзияда аҳолига аввал тадбиркорлик асослари (молиявий, ҳуқуқий саводхонлик, бухгалтерия, маркетинг ва бошқалар) ўргатилиб, кейин кредит ва субсидиялар тақдим этилган. Ўзбекистонда эса аҳвол бошқачароқ — ёшларга сармоя бериб қўйиляпти, холос. Уни қандай тасарруф этиш ўзига ҳавола. Юртимиздаги ҳеч қайси таълим муассасасида бизнес юритиш, билимни монетизация қилиш сирлари ўргатилмайди. Биронта ҳам университет маркетологлар ёки SMM мутахассисларини тайёрламаяпти. Мана муаммо нимада.

Яна бир муҳим жиҳат. 2016 йилда Ўзбекистонда раҳбарият алмашиши билан иқтисодиёт вектори ҳам ўзгарди. Яъни узоқ муддат амал қилиб келган битта иқтисодий модель иккинчиси билан алмашди. Бундай ҳолат Корея Республикаси, Япония, Хитой давлатларида ўтган асрнинг 70-80-йилларида кузатилган. Ўшанда мамлакат ёшлари ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун қулай имконият яратилганини ҳис этиб, ватанини тарк этмаган. Ўзбекистондаги вазият ҳам шунга ўхшаш. Сўровномада қатнашган йигит-қизларнинг 77,3 фоизи хорижга кетиш истаги йўқлигини айтган. Бу – уникал ҳодиса. Турли ижтимоий-иқтисодий муаммолар билан дуч келаётганига қарамай, Ўзбекистон ёшларининг аксарияти юртга содоқатини сақлаб қолмоқда. Улар янги иқтисодиёт моделига ишоняпти. Энди бу қоракўзларга ўзини намоён этиб, жамиятда муносиб ўрин эгаллашга имкон берадиган “социал лифт”ларни яратиб бериш зарур. Шундай механизмлардан бири — тадбиркорликдир. Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш тартиби соддалаштирилса, электрон ҳужжат алмашинуви жорий қилинса, соҳага илми, уқуви бор, махсус тайёргарликдан ўтган, устоз кўрган ёшлар жалб қилинса, натижа ёмон бўлмайди.

Респондентларнинг 63,4 фоизи иш, биринчи навбатда, қизиқарли бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Қизиқарли деганда улар ўзлари топган ишни назарда тутган. Таассуфки, 17,8 фоиз ёшлар ота-онасининг қаршилиги сабабли олий маълумотли бўлиш орзусидан воз кечмоқда. Шундан 20,8 фоизи қизлар. Инчунин, ҳисоб-китобларга қараганда, Ўзбекистонда олий маълумотли мутахассис мактаб ёки коллеж битирувчисига қараганда ўртача 55% юқори маош олади (Ajwadetal., 2014).

19,8 фоиз респондент (26,3% – эркаклар, 17,3% – аёллар) учун касб танлашда маош ҳал қилувчи ўрин тутади. Қишлоқдаги хотин-қизлар 1 миллион сўм (тахминан 100 долл.) ойликка ҳам қаноат қилишга рози. 3-5 миллион сўм, ёшлар учун яхши ойлик ҳисобланади.

Иш топишдаги муаммолар

Ёшларнинг ишга жойлашишига учта асосий омил тўсқинлик қилмоқда: ўзи хоҳлаган мутахассисликни эгаллаш учун маблағнинг йўқлиги; олийгоҳга кириш учун пул ёки таниш-билишнинг йўқлиги; ота-онанинг қистови. Охиргиси аёллар ҳаётида икки баравар кўп кузатилмоқда.

Уйда ўтирган ёшларнинг ярмидан кўпи хотин-қизлар бўлиб, эркаклар салмоғи бор-йўғи 14 фоизни ташкил қилади. 52 фоиз ҳолатда респондентлар оила аъзоларини парваришлашга мажбурлиги туфайли ўқиш ва ишлашдан воз кечмоқда. Бошқа сабаблар сифатида контракт тўлашга шароитнинг йўқлиги (17,9%) ҳамда ўқишга кира олмаслик (17,1%) кўрсатилган.

Оила қурган аёлларнинг 88,1 фоизи ишламайди. Кўп ҳолларда бунга уларнинг турмуш ўртоғи ва қайнонаси тўсқинлик қилмоқда.

Маънавий мезонлар

Тадқиқот натижалари кўрсатганидек, ёшлар, аввало, ота-онасига ишонади. Уларнинг фикрича, яхши инсонлар ота-она фарзандлари билан доимий мулоқот олиб борадиган, касбий юксалишига ёрдам берадиган, ўринли танқидий мулоҳазалар билдириб, дунёқарашини кенгаётирадиган оилалардан етишиб чиқади. Баъзи респондентлар яхши инсонни тарбиялашда ўқитувчининг ҳам роли муҳимлигини қайд этган.

Эр-хотин ўртасидаги жанжаллар, отасизлик (эркакларнинг узоқ вақт хорижда миграцияда қолиб кетаётгани), катталарнинг тирикчилик илинжида фарзандига етарлича эътибор қаратмаётгани оиладаги маънавий муҳитни бузувчи асосий омиллар сифатида тилга олинди.

Ижтимоий интеграция

Ўзбекистон ёшлари деярли барча масалаларда ота-онасига таянади. Катталарга ҳурмат кўрсатиши, уларнинг гапини икки қилмаслиги кераклигини ҳам яхши тушунади. Чунки жамият ҳаёти, айниқса, маҳалла-кўйда шундай тартиб ўрнатилган.

Ёшлар оила қуриш ёки пул топишни мустақилллик белгиси, деб тушунади. Ҳарқалай, бу таъкид аёллардан кўра кўпроқ эркакларга хос. Чунки турмушга чиқаётган қизлар молиявий масалаларда эрига таянади. Анъанавий ўзбек оилаларида эркак “оила боқувчиси” мақомини олган.

Сўровнома жараёнида оила қурган респондентлар қайнона-қайнота билан яшаш қийин, деган жавобни ҳам берган.

Рауф Салохўжаев тадқиқотнинг гендер масаласи билан боғлиқ жиҳатларини изоҳлар экан, аёллар ва эркаклар тенгсизлиги муаммоси ёшлар ҳаётида ҳам яққол ифодасини топаётганини таъкидлади: Оилаларда қизларнинг олий маълумот олиш, касбий фаолиятини бошлаш ва карьера қилиш, оила ҳамда ишни бараварига уддалашга бўлган интилиши турли сабабларга кўра қўллаб-қувватланмаяпти. Бу жамиятда гендер стереотиплари чуқур илдиз отганидан далолат беради. Айниқса, қишлоқ жойларида маҳалла институтининг жамоатчиликка таъсири жуда кучли. Демак, катта авлод вакиллари – ота-оналар, нуронийлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш керак”.

Тураржой ва мобиллик

Тадқиқот Ўзбекистонда жуда кам сонли ёшлар мамлакат доирасида ҳамда хорижга миграция қилиш истагида эканини кўрсатди. Уларнинг 77 фоиздан зиёди четга чиқишни умуман хоҳламайди. Бир томондан, бу ватанпарварлик намунаси. Бошқа томондан эса, айрим ёшлар муҳожирлик азобини бошидан ўтказиб, энди иссиқ жойини ташлаб кетишни хоҳламайди. Яна бир қисми янги жойда янги ҳаёт бошлашдан қўрқади.

Респондентлар яшаш учун қулай муҳит шаҳарда ҳам, қишлоқда ҳам топилишини инкор этмади. Асосийси бу жой тинч-осойишда ва соғлом ҳаёт кечириш имконини бериши керак.

Жамоатчилик таъсири

Аҳамиятли жиҳати шундаки, бугунги ёшлар сиёсий янгиликларга кўпроқ қизиқмоқда ҳамда ўз фикрини эркин ифодалаши мумкинлигини билади. Шунга қарамай, уларнинг жамоат ташкилотлари ҳамда сиёсий партиялардаги фаоллиги ҳавас қиларли даражада эмас. Респондентлар маҳаллий қарорлар қабул қилиш жараёнида иштирок этиш имкониятидан маҳрум эканини таъкидлаган – барча масалалар фақат катталар билан бамаслаҳат ҳал қилинади. Ёшлар бундан норози, шу боис катта авлод вакиллари билан муносабатларини қайта кўриб чиқиш керак, деб ҳисоблайди.

Интернет ва компьютер технологиялари

Респондентларнинг 86,9 фоизи ахборот технологияларини чуқурроқ ўзлаштиришга қизиқиш билдирган. Шундан 37,8 фоизи, жумладан, қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган хотин-қизлар компьютердан умуман фойдалана олмаслигини айтди. Интернетдан фойдаланишни билмайдиган ёшлар салмоғи эса 53,9 фоизни ташкил қилади.

Баъзи ёшлар интернетни фойдали ахборот ресурси, ўқиш ва иш учун қулай инструмент сифатида қабул қилса, бошқалари “вақт ўғриси” ҳамда ёт ғоялар макони, деб тушунади. Бундай ҳолат жамиятда рақамли тенгсизлик кучли эканини кўрсатмоқда.

***

“Ўзбекистон ёшлари: муаммо ва истиқболлар” мавзуидаги ижтимоий сўров мамлакатда кўп йиллардан буён пишиб етилган ҳамда ёшларнинг қимматбаҳо инсон капиталига айланишига тўсқинлик қилаётган комплекс муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Тадқиқотда қатнашган йигит-қизлар давлатдан олий ва касбий таълим сифатини яхшилаш, ишсизлик билан самарали курашиш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш, эрта никоҳ, ажримлар, катта ва ёш авлод ўртасидаги манфаатлар тўқнашувига ўхшаш ўткир ижтимоий муаммоларни бартараф этишни кутмоқда.

Наргиза УМАРОВА

Манба: uzanalytics.com

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Close