Экранни тилга киритган режиссёр

Ўзбек овозли кинематографиясининг асосчиси Александр Усольцев-Гарф 1901 йил 18 июнда Россия империясининг  Приморский вилояти Пограничная станциясида темир йўл муҳандиси оиласида туғилган. Унинг фаолияти фақат режиссёрлик билан чегараланибгина қолмай, у шунингдек сценарист ва актёр ҳамдир. Ёш режиссёр  1919-1920 йиллар Барнаул механика коллежида ўқиш баробарида ҳаваскор актёр сифатида ижодий гуруҳларда роль ижро этиб юрди. Ижодкор 1920 йилда РСФСР (Россия Совет Федератив Социалистик Республикаси)даги фуқаролик уруши муносабати билан “Қизил армия” сафида хизмат ўташ вақтида қатор спектаклларда роль ижро этади ҳамда ҳарбий театр режиссёри сифатида фаолият юрита бошлайди.  1923 йилга келиб,  Усольцев Умумроссия Давлат кинематография институтига ўқишга   киради.

“Ўзбек овозли фильмлари 30 йилларнинг  иккинчи ярмига тўғри келади. Бу вақтгача совет овозли фильмларидан “Ҳаётга йўлланма”, “Олтин тоғлар” картиналари экранлаштирилган эди. Бу кинонинг яна бир қиррасини очиб берди. Шу сабабдан Москвадан Тошкентга келган режиссёр Александр Усольцев-Гарф  биринчи ўзбек овозли фильми “Қасам”ни суратга олиш ишларини амалга оширишни бошлайди. Бу вақт давомида ижодкор ўзбек кинематографчиларига овозли кинонинг сирларини ўргатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Шу сабабдан режиссёр кино санъати тўгараги очиб, ёш кино ихлосмандларига кинодраматургия, актёрлик, режиссёрлик сирларини ўргатиб борди. Бунда унга Н. Ғаниев, Е. Петров, Д. Жеряков, Э. Ҳамроев, А. Булинский, Р. Пирмуҳаммедов каби тажрибали санъаткорлар яқиндан ёрдам беришди”1. Овозсиз фильм даврида театр актёрлари фильмга жалб қилинмас эди, лекин режиссёр бу анъанани бузган ҳолда “Қасам” фильми актёрлар жамоасини айнан театр актёрларидан тузди. “Бу фильм учун ёзилган биринчи сценарий “Мешкоб авлоди” деб номланган бўлиб, унда муаллиф Эль-Регистон экзотик унсурларга катта ўрин берган. Реалистик анъаналарга ҳамиша содиқ бўлган режиссёр Усольцевни бундай сценарий қониқтирмагани табиий. Шу сабабдан ер-сув ислоҳоти даврида ўлкамизда бўлиб ўтган воқеалар ҳақида ҳикоя қилувчи адабий сценарийни Г.Кудрявцев ва И. Ивановга топширади”2. Усольцевнинг нияти   қаҳрамонлар ўртасидаги муносабатга урғу бериш ҳамда кескинликни кучайтириб бориш бўлган. Биринчи сценарийда эса муаллиф  фақат чиройли жойлар, натурани кўрсатиш билан чекланган эди. Драма шаклидаги ушбу фильм ер ва сув ислоҳотларида давом этаётган аёвсиз синфий курашга кирган ўзбек қишлоғининг хаёти, камбағаллар ва бойлар ўртасидаги антоганистик қарама-қаршиликлар, паранжи ташлаш ҳамда эзилган қаҳрамонни ўз хақ ҳуқуқи учун курашга киришиши мавзусида бўлган. 1937 йили экран юзини кўрган ушбу фильм ўзининг баддий қиммати билангина эсам балки, ер-сув ислоҳотида авж олган синфий курашни ёрқин ифода этганлиги учун ҳам миллий киносанъатимизда муҳим ўрин эгаллади. Фильмнинг бош қаҳрамони Азим ҳаётийлиги билан инсонни ҳайратга солади. Актёр А. Исматов ўз қаҳрамони характеридаги қарама-қаршиликларни, бўйсунмас, мағрур феъл-атворни, ижтимоий онгнинг аста-секин уйғонишини очиб беришга эришган.  Бу қаҳрамоннинг фикр доираси шунчалик тор эдики, оламда бўлаётган ўзгаришларни, бойларнинг куни битганини, воқеаларнинг туб моҳиятини тушуниб етмайди. Камбағаллик- деҳқоннинг шўр пешонасига ёзилган тамға деб тушунади, бир парча ер берган бойдан миннатдор бўлади. Бой эса Азимнинг соддалигидан усталик билан фойдаланади. Кўринишидан олижаноб, сипо, ҳар қандай вазият олдида, бош эгиб турадиган беозор қария қиёфасидаги Қурбонбой (актёр Е. Бобожонов) аслида янги ҳокимиятга зарба беришга фурсат пойлаб юрган шахс сифатида гавдаланади. Ушбу фильм 1937 йилда Москвада бўлиб ўтган биринчи ўзбек адабиёти ва санъати декадаси кунларида муваффақият билан намойиш қилинди. Бу реалистик асар Франция, Туркия, Эрон, Америка Қўшма Штатларида ҳам намойиш қилиниб, томошабинлар диққатини тортди. Овозсиз фильм даврида образларнинг ички руҳияти, психологик ҳолати харакатлар билан очиб берилган бўлса, овозли фильм ишлангандан сўнг, бу ҳолатлар актёрлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар, характерлар, ички портлаш сўзга кўчди. Бу фильм орқали миллий актёрлик маданияти, ўзбек ҳаёти ва психологияси муфассал акс этди, ижтимоий қарама-қаршиликлар асосида қурилган драматургия намоён бўлди. Бу фильм ўзбек киноси тарихида тубдан бурилиш ҳосил қилди. Кино арбобларини шарқий экзотизмга бўлган эҳтиросларидан воз кечишга ва замонавий мавзуларни ўзлаштиришга ундади. Ушбу фильм устида ишлаш жараёнида замонавий кино тилида гаплашадиган кадрлар ўсди, янги истеъдодлар пайдо бўлди, кинематография ва театр ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланди ва ниҳоят ўзбек киносининг янада ривожланишини таъминлайдиган моддий-техник асослар яратилди. Александр Усольцев-Гарф ўзбек кинематографияси тариҳида экранни тилга киритган режиссёр сифатида ўзидан ўчмас из қолдирган.

У режиссёрлик фаолиятида 13 та фильм суратга олади,  бу фильмларнинг намойиш этилган йиллари қуйидагича:  “Ташвиш” (“Тревога” 1927), “Ҳалокат” (“Катастрофа” 1927), “Яшил шовқин” (“Зелённый шум” 1928),  “Ҳаёт кулади” (“Смеётся жизнь” 1928), “Ўлим ҳайдовчи” (“Перегон смерти” 1929),  “Ёлғиз қолган одам” (“Человек остался один” 1930), “Аноҳа”  (“Аноха” 1932),    “Қасам” (“Клятва”1937),  Бизда хурсандчилик йўқ” (“Веселей нас нет” 1940), “Бир стакан сув” (“Стакан воды” 1957),  “Портрет ҳақида ўйлаш” (“Размышление о портрете” 1960), “Қадимги Кремл собори (бош черков) (“Древние соборы Кремля” 1961), “Архитектура, вақт ва энг узун кўча ҳақида” (“Об архитектуре, времени и самой длинной улице” 1969) документальный. У 1927 йилда “Хатар” (“Тревога” Гриша, Хватов иккинчи ҳайдовчи), “Кимга?” (“Кто кого? ” 1925) (Лёва Алейников), “Аёл ” (“Жена” 1927), “Ҳалокат” (“Катастрофа” 1927),  “Тенг томонли учбурчак” (“Равносторонний треугольник” 1927) каби  фильмларда актёр сифатида роль ижро этади.

1945-1946 йилларда Ижодкор “Мосфильм”да режиссёр, 1946-1950 йиллар “Совэкспортфильм”да ГДР (Германия демократик Республикаси) ваколатли вакили, 1950 йил “Моснаучфильм” (ҳозирда “Центрнаучфильм”)да режиссёр сифатида  ишлаган.  Александр Усольцев-Гарф 1970 йилда Москвада вафот этади.

Сарвиноз ПАРДАЕВА,
журналист ва тадқиқотчи


Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Интернет маълумотлари.
  2. 2 Ҳамидулла Акбаров. Сеҳрли ёғду Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва Санъат нашриёти Тошкент- 1977.
  3. Вопросы кино искусства 12941/9g

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *