Қизғалдоқни қучоқлаб…

Ўзбекистон халқ шоири қадрли устоз,
Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишлайман.
Қай йўсинда камол топар қизғалдоқ? Кузатганмисиз?

Камолидан жамол тақар баҳорлар! Баҳор кўксига қадалган алвон кўзмунчоқ қизғалдоқ. Кўзмунчоқ кўзларига лабин босар соғинчлар муштоқ… Қирларнинг бағрида қиқирлаб, шамоллар эрка оҳангига эркаланиб такрор кўкарар, мавжланар, авжланар, маҳзун кулгуси ҳур титроқ қизғалдоқ. Қадамларин қучиб, илдизларин ўпиб, иззат топар она тупроқ. Дунёнинг кўксига юрагини сочиб ётган шоирга  ўхшар кўпроқ қизғалдоқ. Бир нафас олгудек жони, ҳовучидан тўкилиб, она замин кўксига тўлаётгандек қони. Асрларни соғинтиргудек, аммо бир нафаслик они. Умрини еллар эркалаб-эркалаб оловида жон берар. Совқатган дунё кўксига босган чўққа ўхшар. Дийдорларга бахт улашар. Унга қисматдир шеърга эркаланиб жон бермоқ. Унинг аҳди, кўнгил косасига меҳр қўйиб тошиш, ҳаёт хассасига муҳаббат тақиш, қисматнинг қатига тўлдириб шеър солиш. Ҳикматнинг саҳнасида, ибрат топиш, кўнгил очиш. Тунларда ёниб-ёниб, тонгларидан қониб-қониб шабнам ичиш. Лаҳзалик умрда асрларда яшаш кечмиш. Йилларким юраклардан жой топмиш. Гарчи умри бўлсада, бир нафас олгудек қисқа. Жуда ўхшар  бағрида, гул очган дилхун, алвон ишққа. Тегмасанг ҳам тўкилиши ўхшар араз тўла рашкка, ишқ тўла қўшиққа.

Қизғалдоқнинг камоли оташ бўлиб ёнмоқ… Унинг жамоли мангу, хаёли дилкаш бўлиб қолмоқ! Унинг хаёли – муҳаббатга айланмоқ. Унинг висоли –  баҳорнинг кўксига мангу жойланмоқ!

Қизғалдоқнинг тугуни – асл ишқнинг тўни. Қизғалдоқнинг очилган гули – беғубор муҳаббатнинг туғилган куни. Баҳорнинг кўксига  тўлиб-тўлиб, сиғмай, алвон бўлиб оққан, туйғуларнинг энг ёрқини. Тунларига сиғмай дунёнинг оҳлари, алвон бўлиб оловланган шеърнинг энг ёрқини, энг чақини – Қизғалдоқ!

Шеър нима? Шоирнинг юрак япроқларидан яралган чаман! Чаманларнинг чорбоғига, баҳорлар бўлганда меҳмон, шеър Қизғалдоқнинг қароқларига бошпана – Ватан! Бу шундай Ватанки, қизғалдоқлар билан ёнма- ён. Фақат “Худонинг эркатой”лари яшайдиган маскан. Алвон оҳларда фақат улар яшнайдиган, яшай оладиган маскан. Бу шундай маконки, фақат “Худонинг эркатой”ларига насиб бўладиган имкон. Бахтларига баҳорин бағишлаб, тўкиб яшайди мезон. Бу шундай бахтки, йиллар исмини яхшилар ёдига муҳрлагани сари, уларнинг пайваста жону оташида умр юлдузи мангу ёниқдир. Ширин туйғулардан туғилган бир оғриқдир… Бир оғриқки, камдан кам бандасига насиб бўлгай…

Ҳаётнинг оғриқли саҳнасида кўксингда юрак борлигини ҳис қилиб яшаш бахтдир, саодатдир. Ўтганингдан кейин ҳам ўтли мисраларда ўт бўлиб яшаш, тўкилиш фаслида барқ уриб яшаш ҳам саодатдир.

Йиғлайвериб юрагим,

Воҳ, кўксимга тепяпти.

Ҳар зарбида бир шеърим,

Дардим сочиб кетяпти.

Бахтга тўлса баҳорда,

Қизғалдоқнинг косаси.

Гумбирлайди кўксимда,

Соғинчларнинг нафаси.

 

Умр шундай бир ширин умидга эгаки, қисқаргани сари узайишини, торайгани сари кўксингизда бир қудрат кенгайишини тилаб яшайди инсон. Ҳаёт косасидан симирганинг сари тўймай, тўкилганинг сари тўлмай бораверади. Армоннинг яралиши балки шундандир. Бугунлар йўқлаб бораверар ўтмишдаги изларни. Гарчи бугунга етмаган бўлса ҳам, гар эзгу амалида қолган бўлса из бўлиб, меҳрнинг кўзларидан боқиб турасиз мангу юмилмас кўз бўлиб.

Ҳар йил  баҳорги қизғалдоқларга кўзим тушганда, турфа тақдирнинг ҳаёт тилимлаган йиртиқ кўксила минглаб, милионлаб юрак япроқлари шеър бўлиб сочилиб ётгандек, бахтга ташна юрак оловида соғинчлар ёниб ётгандек туюлади менга. Буюк бир исмсиз дард ёниб, қоврилиб, совурилиб ётганга ўхшайди қизғалдоқнинг тўкилиши.

Ҳар инсон юрагининг туб-тубида асролган, ҳеч кимга очолмаган, умр бўйи ўт бўлиб ёниб, кўксида ёруғлик бўлиб ёришиб турадиган яширин саҳифаси бўлади. Аммо, ижод аҳлининг яширин яшириқлари ҳам, дардлари ҳам шеър саҳифасида камол топади. Эл ичра кезиб юради. Кимнинг қўлига тушса, бу менинг дардим дейдиганларга бахшида этилган саҳифасидан бахт топади шоир. Шоирликнинг бахти, ижодкорнинг тахти ана шу яширин саҳифаларни забт этмоқдир. Асл ижод аҳлига кўнгилларнинг кўшкидан тахт яратилади. Ҳеч кимга очилмайдиган бу қулфни асл ижодкорнинг шивиригада очилиб бораверади.

Сўзни сўзга қўшган билан қофиялаган билан шеър туғилиб қолмайди.

Сўз ёзган ҳамма ҳам шоир бўлиб қолмайди. Асл шоирнинг қисмати-Дард. Асл шоирни армон дунёга келтиради. Ватан бешигида белаб, фидолик алла айтади. Пок муҳаббат улғайтиради. Улғайгани сари фақат кўнгил топади. Сўзларни юрак қонига қориб, кўксининг кенгликларида кўпчитиб, ишқнинг оловида пишитиб, кўзларинг қароғида шеър ёзади. Шу сабаб, у ҳеч кимнинг жонига тегмайди. Ҳеч ким тўймайди. Кўнгил тилайверади. Юракдан яралгани учун юрак топади.

Қачонлардир, кимлардир кўз қорачиғида асраб, қалб дафтарига тиргаб юради.

Қаламимнинг қорнига,

Юрак қоним қуяман.

Оловларнинг рангида,

Жонимдан шеър ўяман.

Жонидан яралган, жонидан ўйилган шеър кўнгил яралари устига, армонларнинг ўрнига қўяман. Апрелнинг оташ жонидан, муҳаббатнинг, меҳрнинг қон-қонидан яралгандир балки қизғалдоқ. Балки шундан бир меҳрли дилнинг нафасида тўкилишга зор бўлиб, тўкилиб жон бўлиб тўшалар қизғалдоқ! Оқ диллар унган, оқ булутларнинг ердаги ёнар жони қизғалдоқ. Баҳорнинг кўксидаги ишқ тўла жоми қизғалдоқ. Қақроқ лабларига етмай, титроқларда синиб тўкилар шароби қизғалдоқ… Сўнг кўксини йиғига тўлдириб йиғлатган, шеър яратган юрак қони қизғалдоқ… Баҳорнинг унутилмас бахт топган  ҳаёти бир лаҳзалик, ёди бир умрлик гўзал они қизғалдоқ… Қатларида бахт исии бор, юраклар япроғи қизғалдоқ. Ҳаётнинг алвон саҳифасида, бундан ортиқ оташ фалсафа борми? Қизғалдоқ, баҳор қўйнидаги-Юрак! Япроқлари алвон саҳифа. Алвон саҳифаларга оташ нафаслари ашъори битилгай. У фақат шеърга лойиқ, сочилгай…

Қўйнимдаги қизғалдоқ,

Япроқларин тўкяпти.

Соғинч маҳрами фироқ,

Ашъоримга кўчяпти.

Кўксининг кенгликлари бўлса алвон, шоирнинг энг гўзал шеърларини туғади армон. Барча буюк шоирларнинг  дояси – дард. Шу сабаб шоирлари бўлади мард…

Бир куни бир ўзини шоира деб юрган синглимни менга қарата, “Сизнинг ғамингиз бор эканми? Мени ҳеч қанақа ғамим йўқ, шунчаки шеър ёзаман!” – деган ҳитобини эшитиб қолдим. Баъзида ўйлаб қоламан, дардсиз қандай шеър ёзиш мумкин-а? Шундай дамларда, юрагимнинг туб-тубидан жой олган, устоз Муҳаммад Юсуфнинг “Кимда ғам кўп бўлса, у менинг онам!”, “Шоирлар армондан туғиладилар” мисраларини такрор-такрор дилимга муҳрлайвераман.

Юз йил ўтса ҳам, минг йил ўтса ҳам ўз рангини, ёниқ тафтини асло йўқотмагай бу мисралар. Дунёга фарзанд аслида дард билан келади. Шеър ҳам шоирнинг фарзанди. Муҳаммад Юсуфнинг ҳар бир сатри охори тўкилмай, янгиланиб етиб бориши шоирнинг энг буюк, йиллар қаритолмаган навқирон бахти бўлиб қолади. Кимдир, қаердадир ғойибона мадад, таскин олиб яшайди бу шеърлардан. Кимлар ён дафтарига, кимлар қалб дафтарига тиргаб яшайди. Дардни яратган эгам ҳар кимга ҳам эмас, гўзал кўтарган бандасига  беради. Шу кунга қадар бирон кимсанинг, у тўла-тўкис бўлса ҳам, юрагининг туб-тубида яшириб яшаган бир дарди борлигига юрак кўзи билан қарасангиз амин бўласиз. Ҳар кимнинг ўз яширин саҳифаси бўлади. Муҳаммад Юсуфнинг энг яширин қалб саҳифалари шеър бўлиб, адабиёт бўлиб, адабиётга ёд бўлиб, халқ кўнглига туташиб кетган эди. Тил топишиб кетган эди.

Ҳар баҳор Ватанимнинг кўксида ёйилиб ётган лолақизғалдоқларга кўзим тушса Муҳаммад Юсуфнинг қалби очилиб, меҳри сочилиб, Худонинг эркатой шоирининг қалби гуллаб сочилиб ётгандек туюлаверади менга.

Бугун қизғалдоқнинг ёнган ёруғ юзида, кўкламойимнинг соғинч тўла кўзларида, Муҳаммад сўзи бор, Муҳаммад Юсуфнинг ўзи, ўзлиги қалби бор. Онажон Ўзбегимнинг кўксида яшаяпти, Ватан ишқида толе топган буюкликда, суюкликда Муҳаммад Юсуфнинг изи бор. Бугун ҳар бир Ўзбекнинг уйида янграб турган қўшиқларда Муҳаммад Юсуфнинг ўзи бор. Буюк дардни кўтариб, буюк инсон бўлиб яшаган эл боласига юз йиллардан кейин ҳам, яхшиларнинг қалб маккатуллоси, энг олий мукофотдир.

Қизғалдоқ қучоғида ёнганда баҳор, қизғалдоғин қучоқлаб кулганда баҳор, соғинчларим шеърга бураман юз бор, армонларга шивирим тутаман такрор. Қизғалдоқнинг япроқларин чертиб еллар қилганда соз, қизғалдоқ қучоғида, қизғалдоқни қучоқлаб ухлайди устоз! Қизғалдоқни қучоқлаб йиғлайди йиллар беовоз! Қачон шеър ёзганим эсимда йўқ, қандай шеър ёзганим эсиимда йўқ. Лекин, шеър деганда Муҳаммад Юсуфни унутганим йўқ. Кўксимдаги қизғалдоқ юракнинг қатларида сўзларим кўп. Қатларидан қатралар тўкилар, лекин Муҳаммад Юсуфдек шоир йўқ. Бир лаҳза ҳам эсдан чиққани йўқ. Эсдан чиқаришга асло ҳаққимиз йўқ.

Қизғалдоқлар қон дилида, алвон йўлида йўқлаганда баҳор, боғлар бошига оқ гуллар боғлаганда, сўзларим “шеърман” деб йиғлаганда, шеърларим шоир бўлармикинман деб, Шошга бўйлаганда, камтарликнинг камоли кўксимда кўйлаганда, кўнгил буюк дийдор тилаганда, Муҳаммад Юсуфни кўргим келади.

Кўргим келади!

Кўнглим яхшиликни йўқлаб толмади,

Жонни тутдим, на дўст, на ёт қолмади.

Унга чанг солмаган бир зот қолмади,

Энди ҳимояни кўргим келади.

                                                         Муҳаммад Юсуф.

На дўстим қолди, на биргина дилдош,

Юрак маъюс хўрсинишга тўлади.

Оқ қоғоз бўлганда ягона сирдош,

Муҳаммад Юсуфни кўргим келади.

Яхшиликни йўқламай қўйди кўплар,

Ҳою хавас дардида умр елади.

Қизғалдоқ қалбимдан ёзиб мактублар,

Муҳаммад Юсуфни кўргим келади.

Лоланинг қон бағрига ёзсам шеъримни,

Дейдилар: “Оташла ёзганинг шуми?”

Уларни ўйлантирмас қалблар ўлими,

Муҳаммад Юсуфни кўргим келади.

Имкон борида дил топармидим?

Қаътий овозимда оқ йўл топармидим?

Одамларни бошқача ёзармидим?

Муҳаммад Юсуфни кўргим келади.

Йиртдим шеъримни минг бўлакка дарзлаб,

Қалам қалбимдан қолдими аразлаб?

Юрагимнинг саҳифасин варақлаб,

Муҳаммад Юсуфни кўргим келади.

Йиғлама қиз, ялласига куй битиб,

Оқ тулпорда кўкни қучиб мириқиб.

Қайга кетди ўзлари меҳр қолдириб,

Муҳаммад Юсуфни кўргим келади.

Пешонасиз қизғалдоққа босиб лаб,

Йиллар ўтаётир қалбим варақлаб.

Андижонми, Тошканни сўроқлаб,

Муҳаммад Юсуфни кўргим келади.

Сочи узун туркман қизларни кўрдим,

Хонзадаю, жайрон кўзларни кўрдим.

Замондоши, дўсту ёрларин кўрдим,

Муҳаммад Юсуфни кўргим келади.

Меҳримнинг макони юракдир инон,

Олов йўлимда, олов мисра қадрдон.

Унингдек шоирла туғилар қачон?

Муҳаммад Юсуфни кўргим келади.

Сўниш йўқдир мангу олов тақдирда,

Йилларким номлари қалбларга эга.

Юракдан хайкал қўйдим, асл шоирга,

Муҳаммад Юсуфни кўргим келади.

Шошиб шеър дедим сўзларимни балки,

Наҳот хотиралар хаёлнинг кўрки?

Тўйдирса гоҳи бу дунёнинг макри,

Муҳаммад Юсуфни кўргим келади.

Санобар Қулмирзаева,
Кино санъати таҳлили ва танқиди
таълим йўналиши 3-босқич талабаси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *