“ЯЛЛА” − биринчи ўзбек миллий эстрада гуруҳи

Гуруҳнинг ташкил этилиши

Санъат, хусусан, мусиқа санъати халқнинг ўзлигини яратишга, шу билан бир қаторда унинг қиёфасини бутун дунёга ёйишга ёрдам бера оладиган кучдир.

Мусиқа санъати ҳақида гап кетганда, албатта, бастакорлар, ижрочилар, хонандалар, умуман, ушбу соҳа усталари фаолияти, истеъдоди ҳақида сўз юритилади. Шу нуқтаи назардан қараганда, илк ўзбек эстрада гуруҳларидан бири бўлган “Ялла” ансамблининг фаолиятини ўрганиш аҳамиятлидир.

ХХ аср ўзбек эстрадасининг кўзга кўринган дастлабки гуруҳларидан бўлмиш “Ялла” ансамблининг вужудга келиши ҳам ўзига хос тарихга эга. Бу ҳақда “унинг дастлабки аъзоларидан бири Баҳодир Жўраев шундай эслайди:

‒ “Beatles” гуруҳи қўшиқларини ёддан билардим. Ижод қила бошлашимизга қайсидир маънода шу йигитлар сабаб бўлган. Пахтага борганимизда, рақс кечаларини қиздириш учун бир гуруҳ ташкил қилиш ғояси туғилиб қолди. Ўқув театрида ҳам ўша пайтларда талабалар иштирокидаги спектакллар қўйилар эди. Улар тугагач эса, рақс кечалари бошланарди. Айнан шу театр қошида биз вокал-чолғу ансамблимизни ташкил этдик. Чипта олганлар, аслида, спектакль кўргани эмас, қўшиқларимизни тинглагани келарди. Греция элчихонаси қошидаги “Бузуки” ансамбли яккахони Янис Филипидис билан муносабатимиз яхши эди. Бирга тайёрлаган чиқишларимиздан бирини кўрган ўқув театри раҳбари Герман Рожков талабалар ансамблини ташкил этишни таклиф қилди ва эстрада оркестри бадиий раҳбари Евгений Ширяевга ёрдам сўраб мурожаат этишни ҳам маслаҳат берди.

Ўша давр ёшлари “Beatles”га ишқибоз эди. Шу боис қайси институт ёки ташкилотга борманг, инглизлар услубида куйлаётган ўнлаб ансамблларни учратиш мумкин, ҳатто мактаб ўқувчиларининг ҳам бундан четда қолгиси келмаётган эди. Ҳаваскорлар бошини қовуштириш мақсадида Тошкент вилоят комсомол қўмитаси вокал-чолғу ансамбллари фестиваль-кўригини ташкил этди. Танловда қатнашмоқчи бўлган жамоалар орасида бўлажак “Ялла” гуруҳи бошқаларидан ажралиб турар эди. Унинг биринчи таркиби қуйидагича бўлган: С.Аванесов – соло-гитара, Б.Жўраев – бас-гитара, Д.Цирин – зарбли чолғулар, Ш.Низомиддинов – рубоб, А.Фатхулин – клавишли асбоблар. Кўрик-танлов учун бировларнинг қўшиғини маромига етказиб куйлаш камлик қилар, йигитларнинг ўз қўшиғи ҳам бўлиши керак эди. Шунда танлов ташкилотчиси, вилоят комсомол қўмитаси биринчи котиби Аъло Ходжаев ёрдамга келди ва у ўша даврлардаги энг машҳур америкалик аёл, сиёсий қарашлари учун қамоқ жазосини ўтаётган Анжела Дэвисга бағишлаб шеър ёзиб берди. Ёш ансамбль “Қизил-қора” ҳамда Герман Рожков шеъри билан “Сизга, ёшлар” қўшиқлари билан танловда ғолиб бўлди.

1971 йили биз янги-янги ғоялар қанотида учиб юрган, концерт дастури тузиб, республика бўйлаб ижодий сафарларга чиқишни ҳам режалаштираётган эдик. Кутилмаганда Гера Рожков “Алло, иқтидорларни излаяпмиз” танловида қатнашишни таклиф қилиб қолди. “Нима кераги бор, яхшиси, дастур тайёрлаганимиз маъқул” деб норози бўлганимиз ёдимда. Шундай бўлса-да, ўзимизни танитиш мақсадида қатнашишга қарор қилдик.

Ансамблга ўзига хос ноанъанавий ном топиш керак эди. Театр ва рассомлик институти ўқитувчиси Анатолий Қобулов ўзбек халқининг энг жозибали ва қувноқ қўшиқларига мослаб уни “Ялла” деб аташни таклиф этди…”[1]

Дархақиқат, «Ялла» гуруҳи дастлаб ҳаваскорлик ансамбли бўлган. Аммо унга эътибор катталиги сабаб тез орада «Ялла» вокал-чолғу ансамбли ташкил этилди. Гуруҳ янги бўлишига қарамасдан, раҳбарият ва бошқа ижодкорларнинг эътиборига тушди. Шу боис ҳам гуруҳга аъзо бўлиш осон эмас эди. «Ялла»нинг ўша пайтдаги бошқа ВИА гуруҳларидан фарқи, асосан, халқона, халқ қўшиқларини ижро қилаётгани, уларнинг шарқона оҳангдорликдан иборатлиги эди.

«Ялла»нинг илк даврдаги репертуари, асосан, халқ оғзаки ижоди – фольклор қўшиқларидан ташкил топган ва унга «Қиз бола», «Мажнунтол», «Бойчечак», «Яллама, ёрим» каби қўшиқлар кирар эди.

Гуруҳ халқ қўшиқларини тўғридан-тўғри олиб куйлаган эмас. Чунки баъзи фольклор шеърларининг мусиқаси ёки фольклор мусиқасининг шеъри йўқ эди. Унинг аъзолари шеърларга куй басталаб ёки мусиқага мос шеър ёзиб, яхлит қўшиқ ҳолатига келтирар, натижада замонавий, дилтортар тарона вужудга келар эди. Бунга халқона оҳангда куйланган ва шеъри муаллифи бўлган С.Тилла бўлган «Насриддиннинг қўшиғи»ни мисол қилиб келтириш мумкин.

1978 йили «Ялла» гуруҳи таркибида ҳам шахсий муаммолар сабаб парокандалик юзага келди. Баҳодир Жўраев бунга шундай изоҳ беради:

− Бир неча йил ўтгач, янги номларга эҳтиёж пайдо бўлдими, ишқилиб, машҳурлигимиз пасая бошлади. Oртиб бораётган талабларга мос янгилик яратиш учун эса мураккаб ва замонавий асбоб-ускуналар керак эди. Аммо бунга имконият йўқ эди.

1975 йили ансамблдан кетдим ва режиссёрлик курсларига ўқишга кирдим. Қўлга киритган ютуқларимизга қарамай, эстрада менга жиддий машғулот эмасдек туюлар эди… Мен ўзим рақобатлаша олмайдиган маҳоратли созандалар борлигини англаб етдим. Кейин бошқалар ҳам «Ялла»да ортиқча эканини тушуниб қолди, лекин бу жамоада бир-бирини кўра олмаслик муҳити юзага келган эди, дегани эмас.

1976 йили гуруҳга Фаррух Зокиров қабул қилинди – омади бор экан. Ўша йиллари “Ялла”нинг энг гуллаган, шу билан бирга инқирозли пайти эди. Фаррух Зокиров нафақат гуруҳ аъзоси бўлиш билан бир қаторда унинг фаолларидан бирига ҳам бирига айланди.

Фаррух Зокировнинг санъаткор бўлишига энг кўп қаршилик кўрсатган киши акаси Ботир Зокиров бўлади. Чунки у укасини жуда истеъдодли деб ҳисобламас, санъатга зўрма-зўраки кириб келишини ва ўртамиёна хонандаю созандалар қаторидан жой олишини истамас эди. Бироқ бундай бўлиб чиқмади.

Ўша вақтда «Ялла»га бадиий раҳбарлик, маслаҳатчилик қилаётган Ботир Зокиров дастлаб укасининг бу қарорини қабул қила олмаган бўлса, кейинчалик розилик берди. Фаррух Зокировнинг ташаббускорлиги, тиниб-тинчимаслиги сабаб гуруҳнинг сўнаётган юлдузи қайтадан порлай бошлади. Кейинчалик укаси Равшан Зокиров ҳам унга ҳавас қилиб, келиб қўшилди. Гуруҳ йилдан-йилга ривожлана бошлади. Бироқ аъзоларининг турли шахсий сабабларга кўра аста-секин кетиши оқибатида “Ялла” яна ижодий инқироз жари ёқасига келиб қолди, аммо унинг шунчаки йўқолиб кетишига йўл қўйиб бўлмас, қандайдир чора кўриш керак ди. Шунда Фаррух Зокировга акаси Ботир Зокиров, энди гуруҳга ижодга чанқоқ, юрагида ўти бор, янгиликка интилувчан ёшларни жалб қилишни маслаҳат беради. Янги замон, янги йўналишлар кириб келаётган паллада аввалгидек бўшанг ҳолатда ижод қилиб бўлмасди.

1979 йилда «Ялла» гуруҳи Ялтадаги «Кримские зори» фестивалига боради. Ф. Зокиров ўша ерда мусиқани яхши тушунадиган, турли созларни бемалол чаладиган ва энг муҳими, «Ялла»га молиявий кўмак бериши мумкин бўлган Рустам Илёсов билан танишиб қолади. Асли тошкентлик, деярли қўшни бўлган бу икки шахснинг ўзаро учрашуви ҳар томонлама манфаатли бўлиб чиқди. Зеро, молиявий инқирозга юз тутган гуруҳга бундай ижодкор сув билан ҳаводек зарур эди. «Ялла»ни севувчи Рустам Илёсовга эркин ижод қилиши учун гуруҳ керак эди. Ўзаро келишувлар натижасида Рустам Илёсов «Ялла»нинг аъзоси ва продюсерига айланди. Бу 1993 йилгача – токи у АҚШга кўчиб кетгунча – давом этди.

70-йиллар охирида «Ялла»нинг таркиби тўлиқ янгиланди, фақат Ф. Зокиров бадиий раҳбар сифатида қолган эди. Гуруҳга ўша дамларда Аббос Алиев, Алишер Тўлаганов, Жавлон Тўхтаевлар келиб қўшилди.

“Ялла” ва хит тароналар

Гуруҳ яна жонланди. Янгидан-янги қўшиқлар ёзилар, концерт устига концерт ташкил қилина бошлади. Янги «Ялла»нинг илк қўшиғи «Последняя поэма» бўлди. Робиндранат Тагор шеъри, Алексей Рибников мусиқаси билан айтилувчи ушбу қўшиқ ҳақиқатан ҳам муваффақият дебочаси бўлди ва у узоқ йиллар давомида гуруҳ репертуаридан тушмай келди.

«Учқудуқ» ҳам узоқ йиллар мухлислар қалбидан жой олган қўшиқ бўлди. Шоир Юрий Энтин қаламига мансуб ушбу шеърга Фаррух Зокиров Зарафшонда бўлган гастроли чоғида фавқулодда куй басталади ва у ўша куни тингловчилар ҳукмига ҳавола этилди.

1980 йилда Москвадан бир гуруҳ телевидение ҳодимлари келиб, “Йил қўшиғи” танловига номзодлар қидиришга тушади. Табиийки, “Ялла” ҳам яхши қўшиқларидан бири “Учқудуқ”ни тайёрлайди. Аммо айрим сабабларга кўра, уни телевидение орқали кўрсатиш ман этилади. Телевидение ходимлари ёзиб олган тасма сақланиб қолади ва “Учқудуқ” “Йил қўшиғи” сифатида эътироф этилади. Шундан сўнг у ишчилар шаҳри Уқудуқ мадҳиясига, “Ялла”нинг эса “ташриф қоғози”га айланади.

Нафақат “Учқудуқ”, балки Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларига атаб айтилган қўшиқлар ҳам “Ялла”ни бутун мамлакатга танитди. Гуруҳнинг “Шаҳрисабз”, “Самарқанднинг мовий гумбазлари”, “Тошкентим – онам” каби қўшиқлари кўтаринкилиги, ёрқинлиги ва самимийлиги билан ажралиб туради.

Биз дунёнинг турли мамлакатлари шаҳарлари чиройини таърифлашга, кўрку тароватидан ҳайратланишга ўрганиб қолганмиз. Бироқ ёнимиздаги кўркам гўшаларнинг қадрига етмаймиз. Ўзгалардан эшитганда эса, ҳа-я, деб хижолатомуз ҳайратга тушамиз. “Ялла” қўшиқлари эса бизни лол қолдирган Швейцария, Венеция, Гаваи оролларидан-да жаннатмонанд жойлар ўз диёримизда ҳам борлигини эслатиб туради. Айни қўшиқнинг шеърини Евгений Березиков ёзган. У, шунингдек, “Ялла”нинг “Голубые купола”, “Музикальная чайхана”, “Борода верблюда”, “На востоке” каби қўшиқлар шеърлари муаллифидир. Ушбу ижодкор билан ижодий ҳамкорлик гуруҳгага яхшигина муваффақият келтирди. 1981 йили “Шаҳрисабз”, 1989 йили эса “Музыкальная чайхана” қўшиқлари учун “Ялла” бутун иттифоқ мукофоти лауреати бўлди.

“Ялла” ва халқаро саҳна

Гуруҳнинг шуҳрати дунёнинг жуда кўплаб мамлакатларига ёйилди, собиқ Иттифоқ ва Шарқ мусиқасини севувчи мамлакатларнинг барчаси уни яхши танийди ва ардоқлайди.

“Ялла”, асосан, ўзбек, рус тилларида ижод қилгани сабаб собиқ Иттифоқда жуда тез ном қозонди. Рус тилида куйланган “Дор ўйнанг” қўшиғида ўзбекча руҳ, халқнинг қиёфаси акс этган.

“Ялла”нинг собиқ Иттифоқ бўйлаб гастроллари, ижодий учрашувлари самарали бўлди. Ансамбль Москвадаги Олимпия спорт мажмуаси, “Динамо” концерт-спорт зали, “Звёздний” шаҳарчасида концертлар берди. Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург)даги “Юбилейний” спорт саройидаги концерти эса ўн кун давом этди. Бундай концертлар томошабинлар учун ҳақиқий байрамга айланиб кетар эди. Ансамбль 1972 йил бошида Польшада ёш қўшиқчиларнинг “Эстрада баҳори” фестивалида қатнашди. Ўзбекистонлик йигитлар чиқиши лозим бўлган концерт дастури “Муслим Магомаев тақдим этади” деб номланган, яъни концертнинг асосий қисми машҳур хонанданинг қўшиқларидан иборат эди. Негадир Муслим Магомаев тадбирга кечикади. Ҳар ёмонликнинг бир яхшил тарафи бор, дегандек, Магомаевнинг кечикиши “Ялла”га саҳнада кўпроқ куйлаш имконини беради. Шундан сўнг аансамблимиз “Аккорд” билан бирга бутун Польшани айланиб чиқади.

1972 йил “Ялла” гуруҳи учун сермаҳсул келди. Ўша йили гуруҳ аъзолари “Мелодия” Бутуниттифоқ граммафонга ёзиш студиясида бир қанча қўшиғини, жумладан, “Андижон полкаси”, “Қиз бола” ва ёш хонанда Лариса Кандалова ижросидаги иккита қўшиқ ёзилган дастлабки лаппакни чиқаришга муваффақ бўлди. “Андижон полкаси” “Кругозор” мусиқий журнали саҳифаларида ва талабларга биноан Бутуниттифоқ радиосида ва “Артлото” телевизион томошасида янгради.

Орадан кўп ўтмай, “Ялла” Болгария, Руминия ва Германия Демократик Республикасига икки ойлик сафар қилди. 1973 йили эса ёшлар ва талабаларнинг Берлиндаги Бутунжаҳон фестивалида қатнашди. Фестиваль учун Евгений Ширяев атайлаб иккита қўшиқ – “Хиросима” ва “Яллама ёрим”ни ёзиб берди. Ансамбль фестивалнинг олтин медалига сазовор бўлди. “Яллама ёрим” қўшиғи фестивалнинг энг зўр қўшиғи – шлягери сифатида лаппакка ёзилди.

Германия Федератив Феспубликаси коммунистлари “Унезе Цайт” газетасининг Дюсселдорфдаги байрамига “Ялла”ни ҳам таклиф қилди. Унда СССР, Англия, Франция, Италия, Ирландия вакиллари қатнашди.

Ёшларнинг эстетик тарбиясига қўшган ҳиссаси ва юксак ижодий ютуқлари учун 1975 йилда “Ялла”га “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган жамоа” унвони берилди. Ўша пайтгача ҳеч бир ансамбль кўплаб халқаро фестивалларда қатнашиб, муваффақият қозонмаган ва юқори ўринларни эгалламаган эди.

Гуруҳ аъзолари кейинчалик Мўғулистон ва Вьетнамга сафар қилиб, даставвал Ханой миллий опера театрида, сўнгра марказий ўйингоҳда концерт берди. Вьетнамликлар уни олқишлар билан кутиб олди ва ҳукумат гуруҳ аъзоларини “Дўстлик” ордени билан тақдирлади.

Хорижий гастроллардан қайтган “Ялла” юртимизда бир неча кун, айтиш мумкин бўлса, ҳисобот концерти берди. Ўша концертдан сўнг яна узоқ гастроллар бошланди. Бу галги манзиллар Германия Демократик Республикаси, Болгария, Венгрия, Польша ва Чехословакия эди. Ўша мамлакатларга бундай қайта-қайта сафарларга сабаб ўша ерлардаги мухлислар меҳри эди.

Яна шуни айтиб ўтиш жоизки, ўша пайтларда “Ялла” гуруҳи биринчилардан бўлиб хайрия концертлари уюштирди. Самарқанддаги Регистон майдонида уч оқшом “Барча замонларнинг чойхонаси” дастури намойиш этилди. Ҳар кеч улкан майдонга минглаб томошабинлар йиғилди. Концертлардан тушган маблағлар тинчлик ҳамда ногиронлар жамғармаларига ўтказиб берилди.

Яна Ҳиндистонга бир неча бор гастроллар уюштирилди ва ҳар гал у ерлик мухлислар гуруҳ қўшиқларини катта қизиқиш ва олқишлар билан кутиб олди.

Гуруҳ 70-йилларнинг иккинчи ярмида “Юртимнинг сири”, “Бойчечак” сингари машҳур ўзбек халқ лирик қўшиқларини немис тилида асл жозибасини йўқотмаган ҳолда куйлади.

“Ялла” ва миллий эстрада

“Ялла” дейилса, юрагимиз ажиб бир ифтихор, ғурур туйғусига тўлиб кетади. Гуруҳ дунёга танилган бўлса-да, том маънода Ўзбекистонники, ўзбек халқиникидир. Туғилишидан тортиб, номи қўйилишигача чин маънода халқоналиги кўзга ташланиб туради.

“Ялла” гуруҳининг миллийлик акс этган яна бир диний йўналишдаги қўшиғи “Рамазон” деб номланади.

“Ялла” репертуаридаги қўшиқлар ранг-баранг: улар нафақат жанр, қолаверса, йўналиш жиҳатидан ҳам бир-бирини такрорламайди.

Гуруҳнинг халқона оҳангларда куйланган қўшиқлари ҳақиқатан ҳам номига мос: у элнинг енгил, хушоҳанг, дилтортар “Ялла”сидир. Халқона йўналишда куйловчи санъаткорлар кўп-ку, улардан “Ялла”нинг фарқи нима деган авол туғилиши табиий. Назаримда, сабаби аксарият қўшиқларнинг шеъри ҳам, мусиқаси ҳам бир хил йўналишда бўлади ва барчаси шунга мослаштирилади. “Ялла”нинг эса бир ўзига хослиги бор: ўзга тилдаги шеър бошқа муҳитдаги оҳанглар билан синтез қилинади. Масалан, “На Востоке” қўшиғининг шеъри рус тилида, аммо оҳанг – шарқона. Бундай қўшиқлар жуда кўп: “Йўл бўлсин”, “Карвон” ва ҳк.

1996 йилда “Ялла” 25 йиллик, 2002 йилда эса 30 йиллик юбилейларини нишонлади.

“Ялла” бугун телевидение ёки радиода тез-тез кўринмаса-да, ёки шоу-бизнес майдонида фаол бўлмаса-да, фаолияти тўхтаб қолгани йўқ. Республикамиз ва хориж бўйлаб кўплаб концерт ва ижодий сафарлар уюштирмоқда, мухлислари кўнглини хушнуд этмоқда.

“Ялла” кўп йиллик ижодий фаолияти давомида санъатнинг барча инсонпарвар принципларига амал қилиб келди.

“Бир пайтлар шоир Михаил Светлов айтганидек, ёшлар нимани ва қандай куйлаётганига қараб, нимани орзу қилаётганини, қандай яшаётганини, уларни нимага ўргатаётганимизни билиб олишимиз мумкин. Фаррух Зокиров ва “Ялла” ансамблининг ҳаётсевар, зукко санъати ёшларга Ватанни, дўстликни севиш, дунёни ёруғ рангларда тасаввур қилишни ўргатади. Бугунги жаҳондаги кескин, қалтис зўриқишлар замонида инсонни олижаноб руҳда тарбиялайди. Ахир, санъатнинг улуғвор ва бош вазифаси ҳам шунда-да”.[2]

Гуруҳнинг ижодий йўлига кўплаб санъаткорлар ҳавас қилади. Бу ерда сўқмоқ ҳам бор, равон йўл ҳам. Ҳаммадан қувончлиси – бар заҳматларнинг оқибати нурли ва фахрли экани. Ушбу гуруҳ сабаб эстрада санъати юртимизда анча ўсди, жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари аҳолиси “Ялла” боис юртимизни таниди, ажойиб санъатимиз мавжудлигидан хабар топди, қадриятларимиз, миллий анъаналаримиздан баҳра олди ва энг муҳими, барчаси қалбини айнан мана шу гуруҳга, унинг хуш хонишларию нолаларига боғлади.

Бахтиёр Ёқубов

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Close