Ўзбекистондаги туғилиш, никоҳ ва ажралишлар динамикаси

Ўзбекистонда аёлларнинг турмушга чиқиш минимал ёши оширилди[1]. Амалдаги қонунга кўра, эркаклар 18, қизлар эса 17 ёшдан турмуш қуриши мумкин эди. Энди уларнинг никоҳ ёши тенглаштирилди. Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, Ўзбекистонда 22 фоиз аёллар 20 ёшгача бўлган даврда турмуш қуради. Шубҳасиз, сўнгги ўзгаришлар ушбу статистикани қисқартиради ва аёлларнинг репродуктив саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади, чунки аксарият ўзбеклар учун оиланинг асосий мазмуни ва қадрияти фарзандлардир.

Яқинда “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази сўнгги мониторинги бўйича фуқароларнинг қанча фарзанд кўриш, ҳомиланинг олдини олиш ва аёлларнинг репродуктив саломатлигига бағишланган натижалари эълон қилинди. Тадқиқотнинг асосий мақсади Ўзбекистон фуқароларининг репродуктивликка оид қарашлари динамикасини аниқлаш, “репродуктив саломатлик” ва “репродуктив ҳуқуқ” тушунчаларини ойдинлаштириш, аҳолининг оилани режалаштириш ва саломатликни сақлаш борасидаги хабардорлигини ўрганишдан иборат бўлди.

Сўровда иштирок этганларнинг 80 фоизи уч ёки ундан кўп фарзандли бўлиш истагини билдирган, саволларга жавоб берган фуқароларнинг фақат ярмигина туғишлар оралиғи уч йилдан кам бўлмаслиги кераклигидан хабардор экан.

Ўзбекистонликларнинг репродуктивликка оид бундай қарашлари мамлакатдаги ҳозирги ва келгуси демографик кўрсаткичларига бевосита таъсир қилади. “Uzanalytics” сўнгги 27 йилда Ўзбекистонда туғилиш, никоҳ ва ажралиш динамикасида кузатилган қизиқарли фактлар ва кўрсаткичларни тақдим этади.

Туғилиш кўпайиб, суръат тезлашмоқда

“Ижтимоий фикр” маркази ўтказган сўров натижалари шуни кўрсатдики, аксарият (65,8 фоиз) респондентлар оилада уч ёки тўрт нафар фарзанд бўлгани маъқул деб билади. Ҳар еттинчи респондент эса – оилада беш ва ундан ортиқ фарзанд бўлиши тарафдори. Фуқароларнинг фарзандлар сонига бундай муносабати ҳомиладорликни сунъий йўл билан бартараф этиш масаласига бўлган салбий муносабатга (60 фоиз) мутаносибдир. Тиббий хулосаларга боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно. “Ижтимоий фикр” марказига кўра, бундай муносабат замирида фуқароларнинг маънавий ва диний эътиқодлари, шунингдек, аёл соғлигига эътибор ётибди. Ўзбекистонда замонавий тиббиёт ривожлангани ва ундан фойдаланиш кенг йўлга қўйилганини эътиборга олиб, сўровларга жавоб берган ўзбекистонликлар учун маънавий ва диний эътиқод ушбу масалада муҳим роль ўйнашини тахмин қилиш мумкин.

Агар 1991 йилдан буён республикада туғилиш динамикасини диққат билан кўриб чиқсак, сўнгги 27 йил ичида содир бўлган ўзгаришлар яққол намоён бўлади. Ушбу динамика учта кўрсаткич орқали тақдим қилинган: туғилган болаларнинг умумий сони, 1000 кишига нисбатан туғилган чақалоқлар сони ва туғилишнинг умумий коэффициенти.

Ўзбекистонда 1991 йилда кузатилган юқори туғилиш даражаси 2008-2010 йилларга қадар мунтазам равишда пасайиб борди. Аҳолининг ҳар учта репродуктивлик кўрсаткичи 30-40 фоиз тушиб кетди. Диаграммада ҳам кўриниб турганидек, 2011 йилдан бошлаб туғилиш даражаси тикланиш ва барқарор ўсиш тенденциясига ўтди. Шундан бери рекорд кўрсаткичлар 2015 йил ва ўтган йили қайд этилди.

Охирги 8 йилда кузатилган туғилиш даражаси кўрсаткичлари (1000 нафар кишига нисбатан туғилган чақалоқлар сони) алоҳида эътибор молик. Ушбу рақамлар (21,0-23,5) умумжаҳон мезонлари билан солиштирганда, кўпми ёки камми? Айни коэффициент мамлакатда туғилишнинг нисбий даражасини акс эттиради. 2018 йил маълумотлари бўйича, дунёнинг 226 мамлакатда ўртача кўрсаткич 18,8 га тенг бўлган[2]. Агар туғилишнинг 27 дан 44 гача юқори даража кўрсаткичларига эга бўлган Африка қитъаси мамлакатлари истисно қилинса, қолган 190 та мамлакатда ўртача кўрсаткич 15,5 ни ташкил қилади.

Демак, сўнгги 8 йил ичида Ўзбекистонда туғилиш даражаси умумдунё кўрсаткичидан анча юқори бўлган ва охирги 5 йилда ушбу кўрсаткичлар (22-23,5) сақланиб турибди.

Ўзбекистонда турмуш қуриш мунтазам даражада яхши, аммо ажралишлар суръати тезлашмоқда

Ўзбекистонда никоҳсиз фарзандлар камдан-кам ҳолларда туғилади. Буни асосий сабаби мамлакат аҳолиси аксариятининг маданияти ва менталитетидир. Шунинг учун, никоҳ ва ажралишлар сони, уларнинг ўсиш (ёки камайиш) суръатлари мамлакатдаги туғилиш даражасига кучли таъсир кўрсатади. Табиийки, аҳоли сонининг кўпайиши никоҳлар сони ва қисман ажралишлар сони ортишига олиб келади. Республикадаги “турмуш қуриш” ва “ажралиш” кўрсаткичлари динамикасини яққол кўрсатиш мақсадида “никоҳ тузиш” ва “никоҳдан ажралиш” коэффициентларини танлаб олдик. Бу кўрсаткичлар нимани англатади? Масалан, “никоҳ тузиш” коэффициенти 2012 йилда 10 га тенг бўлди. Бу 2012 йилда ҳар 1000 кишига нисбатан 10 та никоҳ қайд этилганини билдиради. “Никоҳдан ажралиш” коэффициенти ҳам худди шу маънода қўлланилади.

“Никоҳ тузиш” коэффициенти динамикасидан кўриниб турибдики, 2000 йил Ўзбекистонда никоҳ тўйлари энг кам даражада қайд этилган. Шу йили 1000 кишига нисбатан энг кам никоҳ тузилган. Бироқ 2005 йилдан буён тўйлар сони барқарор ўсиш палласига кирди. 2009-2013 йиллар мустақил Ўзбекистон тарихида энг фаол никоҳланиш даври бўлди. Умуман олганда, сўнгги 12 йил ичида мамлакатда никоҳланиш кўрсаткичи барқарор юқори даражада – 8,6 дан 10,1 гача – сақланиб қолди. Бу саноати ривожланган 42 та мамлакатнинг ўртача кўрсаткичидан 70-80 фоиз юқори демакдир.

Ўзбекистонда никоҳларнинг барқарор тенденциясидан фарқли ўлароқ, ажралишлар сони ва суръати ортмоқда. 1991 йилдан 2008 йилгача никоҳларнинг бузилиш нисбати босқичма-босқич пасайиб, 2012 йилгача ажралишлар барқарор паст кўрсаткичда бўлди. Бироқ 2012 йилдан 2018 йилгача 1000 кишига нисбатан ҳисобланган ажралишлар сони 65 фоиз ортди. Диаграммада ҳам бу тенденция ўз аксини топган. Мисол учун, 2012 йилда 17,9 мингта ажрашиш ҳолати қайд этилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 32,3 мингтани ташкил қилди.

Мустақиллик йилларидаги умумий тенденция

Туғилиш динамикасида пасайиш кузатилганига қарамай, шу даврда Ўзбекистон умумий аҳолиси барқарор равишда ўсиб борди. Ҳатто туғилиш суръати секинлашган даврда ҳам мамлакат аҳолисининг умумий сони йилига 1,1-1,3 фоиз ўсган. Бироқ 2007-2008 йиллардан бошлаб, ўсиш суръати тезлашди. Охирги 5 йилда республика аҳолисининг ўсиши суръати йилига 1,7-1,8 фоизни ташкил этди.

Таққослаш учун, 2015 йилда дунёнинг аҳоли сони ўсиши бўйича ижобий кўрсаткичга эга бўлган 200 мамлакатида ўртача ўсиш суръати 1,6 фоизни ташкил этди[3].

1991 йилдан бери кузатилаётган аҳоли сонининг ўсиш динамикаси алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу даврда Ўзбекистон аҳолиси 12,6 миллион кишига кўпайди, яъни ўсиш даражаси 61,4 фоизни ташкил этди.

Мониторинг қандай хавотирли фактларни аниқлади?

Ўзбекистондаги юқори ва барқарор туғилиш кўрсаткичлари мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун катта устунликлар беради. Бу аҳолининг “қариш” жараёнини секинлаштиради, меҳнатга лаёқатли қатлам улушини етарли даражада ушлаб туради ва давлат бюджетига бўлган ижтимоий босимни камайтиради. Бироқ танганинг орқа томони ҳам бор: туғилишнинг юқори даражаси аёлларнинг репродуктив саломатлигига ҳам жамият, ҳам давлатнинг алоҳида эътиборини талаб қилади.

“Ижтимоий фикр” маркази ўтказган сўров натижалари аҳолининг туғишлар орасидаги энг мақбул оралиқ ҳақида кам маълумотга эга эканини кўрсатди. Респондентларнинг фақат салкам ярми (46,3 фоиз) тиббиёт амалиётида умумий қабул қилинган стандартларга мувофиқ ушбу муддат уч йилдан кам бўлмаслигидан хабардор.

Бундан ташқари, ўзбекистонликларнинг кўпчилиги “репродуктив саломатлик” ва “репродуктив ҳуқуқ” каби тушунчалардан бехабар. Респондентларнинг, бор-йўғи, 23 фоизи “репродуктив ҳуқуқ” нима эканини билади, 37,2 фоизи эса “репродуктив саломатлик” ҳақида маълумотга эга. Айни масалаларда ёшлар нисбатан кам ахборотга эгалиги маълум бўлди: сўровнома давомида 18-19 ёшли иштирокчиларниг атиги 19,1 фоизи “репродуктив саломатлик”, 10,6 фоизи “репродуктив ҳуқуқ” тушунчаларига эгалиги аниқланди.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, сўнгги 3 йилда туққан аёллар орасида учинчи ва ундан ортиқ фарзандини дунёга келтирган аёллар 28-30 фоиз бўлди.


[1] https://t.me/huquqiyaxborot/4666

[2] https://nonews.co/directory/lists/countries/birth

[3] https://gtmarket.ru/ratings/population-growth-rate/info

Main photo by Ibl/REX/Shutterstock (8716286j)

Leave a Reply

Your email address will not be published.