«Чой» фильмининг режиссёри Шокир Холиқов: “Мен кўп кино кўрмайман, кўп китоб ўқийман”

Ўзбекистонлик режиссёрнинг қисқаметражли “Чой” фильми АҚШ, Англия, Россия, Ҳиндистон ва Шимолий Македония каби дунёнинг кўплаб давлатларида ўтказилган халқаро кинофестивалларда иштирок этиб, турли номинациялар, хусусан, энг олий соврин – Гран-прига ҳам эга бўлди.

Картина шу йилнинг май ойида Европада ўтказилган иккита кинофестивалда эътироф этилди. Шимолий Македония пойтахти Скопье шаҳридаги Халкаро фалсафий фильмлар фестивалида «Томошабинларнинг меҳрини қозонган фильм» ва «Ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофоти» номинациялари буйича мукофотланди. Кўп ўтмай Франциянинг Канн халқаро кинофестивали доирасида ўтказилган Entr2 Marches (“2 қадам оралиғида”) деб номланган имконияти чекланган инсонлар ҳакидаги танловда Гран-прига сазовор бўлди. Бу соврин «Чой» қисқаметражли фильмининг 15-мукофоти бўлиб, бунга қадар картина кўплаб мамлакатларнинг 30 га яқин фестивалларида намойиш этилган.

UzTrend сайти ушбу киноасарнинг сценарий муаллифи ва режиссёри Шокир Холиқов билан суҳбатни эътиборингизга ҳавола этади.

Фильм ҳақида қисқача: «Чой» қисқаметражли сўзсиз картина бўлиб, у 16 дақиқадан иборат. Фильм бош қаҳрамони кекса ёшли инсон. Аввал овчи бўлган қаҳрамонимиз инсульт касалига чалинган, умр йўлдошининг вафотидан сўнг ёлғизланиб қолган. Чол фарзандлари билан яшайди, бироқ, унинг қалби ҳувиллаб қолган…

Ушбу фильм режиссёр Шокир Холиқовнинг диплом ишидир.

«Чой» фильмининг ғояси сизда қачон ва қандай пайдо бўлган?

Биласизми, ижодкор доим кузатувчи бўлиши керак. Ҳеч бир элементни, детални кўздан қочирмай кузатадиган бўлади. Бизга қўйилган талаб ҳам аслида шундай. Масалан, устозим Маҳкам Муҳамедов ўқиш даврида бизни доим кузатувчи бўлишга ундарди: «Кузатувчи бўлинглар, атрофга бефарқ бўлманглар, ҳаётнинг ўзи кино» – дердилар. Бу ғоянинг дунёга келишига бир томондан мажбурият, иккинчи томондан хоҳиш ҳам сабаб бўлган. Мен ўша вақтларда Ёлқин Тўйчиевнинг сценарийнавислик курсида ўқир эдим. Ҳар ҳафтада битта сценарий ёзишга мажбур эдим. Қишлоққа борганимда уй тўрида ётган кекса аёлни кўрганман. У ерда чол йўқ эди. Аёл дардга чалинмаган, соғлом. Ўша хонада токчада турган чойга кўзим тушган. Шу вақт менда «Агар аёл ногирон бўлганида, чой ичгиси келса нима қиларди?» деган савол пайдо бўлган. Бутун бир сценарий битта шу саволнинг ортидан пайдо бўлган.

Демак, кинорежиссёр учун зарур бўлган жиҳатлар бу – кузатувчанлик ва фантазия. Ҳаётдаги воқеалар борича олинмайди, унга маълум бир ўзгартиришлар киритилади.

Ҳа, албатта. Фантазия жуда муҳим. Кўрган воқеаларингизни борича олмайсиз, уни тўлдирасиз, ўзгартириш киритасиз. Айтмоқчи бўлган фикрингизни ана шу фильмга сингдирасиз. Бугун ҳамма кино соҳасида мантиққа эътибор бермоқда. Кинода ҳамма нарса қилинган, техник ва суратга олиш жиҳатидан янгилик киритишнинг иложи йуқ, фақат фикрда янгилик бўлиши мумкин. Айтмоқчи бўлган ғояни, фикрни бошқачароқ талқинда бериш мумкин.

Сиз фильмда қандай ғояни илгари сургансиз?

Фильм томошабинда кўп фикрларни ўйғотиши мумкин. Унинг ғояси мен учун – келажак. Инсон бу дунёда келажак учун яшайди. Картинада келин чолни эмас, болани танлайди. Чол бу ўтмиш, фарзанди эса – келажак. Чол ҳам ўзининг келажаги учун, яшаш учун чойга бордими, деразани нариги томонидаги набирасига чойни узатдими? Демак, чолнинг мақсади фақат яшаш эмас, балки – келажак. Набираси унинг келажаги, янгидан бошланган ҳаёти. Хонанинг ичида ҳаёт деярли тугаб бўлган. Фильмда атмосфера шундай яратилган, деворларга каҳрамонларнинг ёшлик давридаги фотосуратлари илинган ва ҳоказолар. Аммо, ҳаёт сўниб бораётган бу хонада юрак, қалб ва инсонийлик бор. Македонияда бўлиб ўтган фалсафий фильмлар фестивалида картина «Томошабинлар меҳрини қозонган фильм» ва «Ҳакамлар ҳайъатининг махсус эътирофи» номинацияларида иккита мукофот олди. Фестиваль ташкилочилари шу фильмга мукофот бермасак бўлмайди, дейишибди. Яқинда Батумидаги киномактабда бўлдим. Ўша ерда ҳам фильм қўйилди. Шундан сўнг бир кинооператор аёл келиб, “Фильм учун раҳмат, мен фильмда ўзимни кўрдим, йиғладим. Отам инсульт бўлган эди. Мен ҳам худди шундай вазиятга тушиб қолганман. Икки ўртада сарсон. Мен отамни эмас, болаларни танлаганман, ҳаёт мени шунга мажбур қилган”, – деб кўзлари ёшланди.

Фильмнинг муваффақияти актёрлар ансамблининг тўғри танланишига ҳам боғлиқ. Ролларни кимлар ижро этди?

Бош қаҳрамонни тажрибали актёр Адҳам Юсуфалиев яратган. Келин образини актриса Ойпарча Абдуллаева гавдалантирди.

Чол ролини Адҳам акага таклиф қилишни устозим Маҳкам Муҳамедов маслаҳат бердилар. Мен бош қаҳрамоннинг албатта соқоли бўлиши керак деган фикрда эдим. Сценарийни ёзаётганимда қаҳрамонимнинг типажи, яъни, кўриниши кўз олдимда деярли гавдаланиб бўлган эди. Актёр танлашда адашмаганимизни вақтнинг ўзи кўрсатиб турибди. Тасвирга олиш жараёнлари кечагидек ёдимда. Ўшанда Адҳам акага: “Сценарийни ўқиб хаёлингиздан қандай кечинмалар ўтса ўшани ифодаланг. Агар кўнглим тўлмаса, унда айтаман”- деганман. Қаҳрамоннинг дардини ич-ичларидан ҳис қилган бўлсалар керак. Улар билан тасвирга олиш майдончасида қийинчилик бўлмаган. Ойпарча Абдуллаевага келсак, у билан бундан аввалги «Дилемма» фильмида ишлаганмиз. Бу сафар бошқа актрисани излаб кўрдим. Лекин, барибир Ойпарчада тўхтадим. Унинг кўзлари жуда маъноли. Актёрлар ижросида кўзлардаги маъно жуда мухим.

Адҳам Юсуфалиев (бош роль ижрочиси):

“Буни қарангки, фильмда (сценарий бўйича) бир пиёла чой берадиган одам топилмай қолди. Дераза токчасида турган чойга етиб боргунга қадар бўлган масофа йил давомида ўтиб кетгандек туюлади. Етиб бориб, энди чанқоқни қондираман деганида, кичкина бармоқчаларнинг кўриниши кишини ҳайратга солади. Набираси, зурриёди, келажаги. Уни кўрганида ҳамма нарсани унутади, чойни болага илинади ва кўзларида қувонч ёши пайдо бўлади. Ана шу дардларни, кечинмаларни ўйнаб бўлмайди. Мен шундай вазиятга тушиб қолсам нима бўларди? – деган савол туғилди менда. Шокирбек билан ҳамкорликда ишлаганимдан жуда хурсандман”.

“Чой” фильмидан кўриниш

Ойпарча Абдуллаева (келин роли ижрочиси):

Сценарийни ўқиб йиғлаганман ва фильмга кўчганида қанақа бўларкин, таъсирчанлигини йўқотмасмикан, деб ўйлаганман. Фильм тайёр бўлишини сабрсизлик билан кутганман. Фильмни кўриб тушундимки, асосий ғоя очиб берилган.

Инсонга бу ҳаётда нима керак? Бахтми, омадми, соғлиқми? Ота-онами, ака-уками, дўстми? Инсонга шунчаки инсон, ёнида бир суянчиқ керак. Кексайиб қолган чолку, нима бўларди ёнида аёли бўлса? Барча келин-куёв, буви ва боболарга тилагим – қўша қаринглар, кексайганда ёлғиз қолманглар. Умримиз давомида унинг қўли қўлимизда, елкаси ёнимизда бўлсин. Менга бу фильм шундай таъсир қилган”.

Фильм сўнггидаги саҳна, яъни чойни олишга интилаётган саҳна қандай суратга олинган?

Бу саҳнани ҳамма гапиради. Икки томондан қўл чойга талпинмоқда. Чой эмас, аслида ҳаёт бу. Ёш боланинг қўли – келажак, чолники эса – ўтмиш. Демак, ҳаёт – келажакники. Дераза у қадар баланд эмас эди, токчага боланинг қўли бемалол етарди. Шунинг учун тасвирга олиш вақтида болани «чойни олсанг ширинлик бераман» деб ушлаб турганман (кулади).

«Чой» фильмидан кўнглингиз тўлганми? Кўп эътирофлар олди.

Агар режиссёрнинг ўйлаган фикридан 70 фоизи чиқса, унда у қувонса бўлади. Бу яхши кўрсаткич. Ўйлаган нарсам аниқ чиқди. Кўнгилга келсак ўша вақтлар тўлиб, тўлмаганди. Энди кўнглим тўлди. Грузиядаги киномактабда фильм намойиш этилганидан сўнг, фильмни таҳлил қилишган. Шунда инсоннинг ҳаёт йўлини ифодаловчи ипни айтиб, сен бизни бу билан қойил қолдирдинг, дейишган. Албатта, бу янгилик эмас, мендан олдин бошқа бир режиссёр ҳам фильмида фикрини ип орқали бошқачароқ ифодалаган экан, билмадим қайси фильмда. Юқорида айтганимдек, кинода янгилик қилиб бўлмай қолди. Бизгача ҳаммаси қилинган.

Шокир Холиқов ва Ойпарча Абдуллаева

Нима учун сўздан қочасиз? «Сўз пайдо бўлганида ҳақиқий кино ўлди» деган фикрга қўшиласизми?

Ҳа, мен шундай фикрлайман. Кинода тасвирлар, фикр, ҳар бир кадр гапириши керак. Фильмнинг ифодаси сўз орқали бўлмаслиги керак. Мен учун шундай. «Бизни тушунишмайди» фильмида ҳам сўз йўқ. Мен шуни хоҳлайман.

Одатда, бундай жиддий мавзуларга катта ҳаётий тажрибага эга режиссёрлар қўл уришади. Ёки ёш бўлишингизга қарамай, шундай фикрлайсизми?

Мен кино қилмоқчи бўлган қаҳрамон ёш бола ёки кекса бўлиши керак. Бир куни мен ўзимдаги бу хоҳишни қирғизистонлик ҳакамга айтдим. У менга: “Ҳаётнинг бошланиши ёш болада бор. Унинг интиҳосини кекса одамда кўриш мумкин. Ўрта ёшдаги одамларда бу нарсалар йўқ. Сендаги ўзинг тушунмаётган танлов шу билан боғлиқ” – деди. Кейин тушуниб етдимки, туғилиш ва ўлим ҳаётнинг асоси. Мен шу нарсалар ҳақида кино қилишни хоҳлайман.

Машҳур кинорежиссёр Шуҳрат Аббосовнинг «режиссёр учун дид жуда муҳим» деган фикрлари бор. Сизнинг дидингиз нималарда шаклланган. Қандай фильмларни томоша қиласиз?

Мен кўп кино кўрмайман, кўп ўқийман. Ҳар доим ёнимда китоб бўлади, транспортдами, уйда, ҳатто ишхонада ҳам.

Нималардан илҳомланасиз. Фильм учун мавзуларни қаердан оласиз?

«Бизни тушунишмайди» фильмимнинг қаҳрамонларини ҳаётда учратганман. Автобусда кетаётган қиз ва йигитни имо-ишоралар билан суҳбатлашаётганини кўрганман. У ерда ҳам ҳар доимгидек савол пайдо бўлган. Шу вақт менда балки улар бир бирларига «бу ердагилар бизни тушунишмайди» деб хурсанд бўлишаётгандир, деган хаёл пайдо бўлган. «Бизни тушунишмайди» фильмимни номи биргина шу ҳолат ва савол билан дунёга келган. Шу номнинг ўзи ҳам конфликт, ечим ва хулоса бўлган. Кўпчилик кар ва соқовлар ҳақида фильм қилса, уларнинг кучсиз, ожиз томонини кўрсатишга ва томошабинларни йиғлатишга ҳаракат қилади. Мен уларнинг ожиз томонни кўрсатишни истамадим. Ҳар қандай инсонда бахтли бўлиш учун 10 та сабаб топилади. Менинг қаҳрамонларимда ҳам соф туйғулар, муҳаббат бор. Икки ёш бир-бирини тушунса бўлди, уларни бошқалар тушуниши шарт эмас, деган ғояни илгари сурдим.

Сиз севган асар.

Ч. Айтматов «Асрга татигулик кун», Габриел Гарсиа Маркес «Ёлғизликнинг юз йили», Ф. Достоевский «Телба», Стендаль «Қизил ва қора», Л. Толстой «Анна Каренина», Ремарк «Уч оғайни» ва бошқа асарлар. Яхши кўрган китобларим жуда кўп, узоқ санашимга тўғри келади.

Сиз яхши кўрган бадиий фильм.

«Зулматда рақсга тушувчилар» бадиий фильмини ёқтираман.

Сиз кассабоп, кўнгилочар фильмларни суратга олмайсизми?

Мен вақтимни беҳуда ўтказишни истамайман.

Барча фильмларингизга сценарийни ўзингиз ёзган экансиз. Сценарийнавислар билан ҳам ишлайсизми?

Ҳаракат қилгандим, бўлмади, мен хоҳлаган нарса чиқмади. Шунинг учун сценарийнавислар курсига ўқишга кириб ўқидим. Ҳозир ўзим ёзиб суратга олаяпман.

Айни пайтда нималар билан бандсиз?

Бир қисқаметражли фильмга сценарий ёзганман. Муҳаббат ҳақида. Бу ерда ҳам бош қаҳрамонлар чол ва кампир. Айтмоқчи бўлган асосий ғоя муҳаббат доим яшайди.

Франциянинг Канн шаҳрида эътироф этилиш, Гран-при совринини олиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

Мен фестивалга бора олмадим. Совғани почта орқали жўнатишди. Ташкилотчилардан миннатдорман.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.