Одам савдоси: сотилган тақдирлар

Заринанинг бошидан ўтказганлари

Хоразм. Заринанинг болалиги ўтган вилоят. Ҳаётининг 14 йили ушбу вилоят билан боғлиқ. Ундан кейинги йиллар эса ҳозирда яшаётган ери Жиззахда ўтади.  

Зарина 3 марта сотилган аёл. Хоразмлик бу аёлни биринчи марта онаси 7 ёшида фарзандсиз бир хонадонга сотиб юборади. Касби ўқитувчи бўлган аёл Заринани 7 йил давомида тарбиялади. Лекин хасталик сабаб, соғлиги ёмонлашавергач, кундан кунга холдан тойиб бораверди. Кунларнинг бирида уйқуга ётиб қайтиб уйғонмади.

Заринанинг ҳақиқий онаси бундан хабар топиб қизни ўзи билан олиб кетди. Енгил-елпи ҳаётга ўрганган аёлнинг уйи кунда – кунора кўнгилхушлик учун ташриф буюрадиган мижозлар билан тўла.  Шундай танишларидан бирининг кўнгли яқинда14 ёшга тўлган Заринага тушди. Эндигина етилаётган, аёллик хислатлари намоён бўла бошлаган Заринанинг номуси катта миқдордаги пулга сотилди. Иккинчи бор сотилган қизнинг тақдири ана шу нуқтадан бошлаб бутунлай ўзгариб кетди.

Орадан 3-4 кун ўтгач аммаси Заринани ўзининг уйига олиб кетди. 1 ҳафтадан сўнг аммаваччаси билан Жиззахга йўл олди. Улар бу ерда айнан тўй мавсуми бошланган вақтга етиб келишди. Шаҳардаги кўп қаватли уйлардан бирига жойлашган Зарина ва унинг қариндоши тўйларда раққосалик қилишар эди. Билмаганлар учун Жиззахдаги тўйларда санъаткорларга пул қистириш удуми мавжуд. Одамлар турнақатор бўлиб олган ҳолда, раққосаларга пул қистиришади. Бу эса Зарина сингари малакасиз раққосаларни ҳам енгил ҳаёт домига тортиш учун ипсиз қармоқ ҳисобланади. Ҳар куни тўйдан тушадиган жарақ-жарақ пуллар унинг эс-хушини  ўғирлаган эди.

Шундай тарзда ўтаётган кунларнинг бирида Заринадан бир неча ёшга катта инсон оила қуришни таклиф этди. Турмуш ўртоғи вафот этган куёвнинг Зарина қатори фарзандлари бор эди. Шаръий никоҳ асосида тузилган оила Заринанинг ҳомиладорлиги еттинчи ойигача давом этди. Эрининг фарзандлари билан бўлган навбатдаги жанжалдан сўнг Зарина у оилани тарк этди. Вақтинчалик квартира топиш мақсадида раққоса ҳамкасбларидан бирига қўнғироқ қилди. Квартира топилди. Унинг ой куни яқинлашиб, қизини дунёга келтирди. Лекин квартирага ва боласини кам-кўстини таъминлашга маблағ йўқ эди.

Кунларнинг бирида уни Фориш туманида бир аёл билан таништиришади. Жиззах шаҳридан 70 км узоқда жойлашган Форишдаги хонадонлардан бирида у ва фарзанди учун барча шароитлар яратиб берилиши эвазига Зарина фоҳишалик қилиши керак эди. Қийинчиликлардан безган аёл шартга рози бўлади.

Қарийб бир йил давомида у келаётган мижозларнинг кўнглини олади. Лекин қўшмачилик қилаётган аёл унга бир сўм ҳам пул бермади. Қайтага норозилик билдирган кунлари боласини едириб ичиришга кетган пул эвазига катта миқдордаги қарздорлик бўйнига илинди. Боласини эса унга кўрсатмай ҳам қўйишди. Телефони, боласининг туғилганлик гувоҳномаси, ўзининг паспортини  биринчи кунданоқ тортиб олишган эди.

2019 йил декабрь… воқеалар ривожи шу санадан бошқа томонга ўзгарди. Мақола сўнгида бу мавзуга яна тўхталамиз.

Одам савдоси: қандай қилиб ва нима учун бу муаммо ҳали ҳам мавжуд?

Дунёда одам савдоси билан қандайдир тарзда шуғулланадиган мамлакатлар деярли йўқ – бу глобал муаммо: баъзи давлатлар бошланғич, баъзилари транзит ёки сўнгги манзил сифатида ҳаракат қилишади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг статистик маълумотларига кўра, одамлар камида 127 мамлакатдан сотувга чиқмоқдалар ва улар 137 давлатга эксплуатация қилинмоқда. Ҳар йили турли хил ҳисоб-китобларга кўра 20-40 миллион киши замонавий қулликнинг қурбонига айланади.

Шу билан бирга, муаммонинг ҳақиқий кўламини баҳолаш жуда ҳам қийин – жиноий фаолият одатда яширин тарзда содир этилади. Шу боисдан, аниқ статистика мавжуд эмас. Халқаро даражада одам савдоси қурбонларининг атиги 0,04 фоизигина аниқланган.

 

Савдо мақсадлари

Бугунги кунда дунёдаги энг кенг тарқалган 3 та эксплуатация шакли:

1.Жинсий алоқа (секс)

Одам савдоси қурбонларини танлайдиган энг кенг тарқалган машғулот бу фоҳишабозликдир. Аёлларнинг 72% жинсий эксплуатация мақсадида одам савдосига учраган. Қора бозорга товар сифатида тушадиганлар умумий сонининг 71 фоизини аёллар ва ёш қизлар ташкил этади.

2.Меҳнат

Бундай ҳолда, одам савдоси қурбонлари нафақат ноқонуний жойларда, балки оддий қонуний ишларда ҳам ишлайдилар. Мажбурий меҳнат, масалан, массаж салонларида, қишлоқ хўжалигида, ресторанларда, меҳмонхоналарда ва жамоат хизматларида (кўчалар ёки уй тозалаш хизматлари) кенг тарқалган. Эркакларнинг 85,7% мажбурий меҳнатга жалб қилинган.

3.Тана аъзолари

Одам савдосининг кўп ҳам кўзга ташланмайдиган тури бу тана аъзоларини сотишдир. Улар “товарлар” умумий сонининг 1 фоизидан кўп бўлмаган миқдорини ташкил этади. Ушбу соҳадаги товар айирбошлашни аниқ баҳолашнинг иложи йўқ, аммо мутахассислар бу миқдорни 600 миллиондан 1,2 миллиард долларгача дейишади.

Одамлар қандай қилиб сотувга чиқмоқдалар?

Жабрланувчилар ҳар қандай ёш, ирқ, жинс ва миллатга мансуб бўлиши мумкин. Одам савдоси билан шуғулланадиганлар “маҳсулот” га қўл уриш учун зўравонлик, манипуляция, пуллик иш ваъда қилиш ёки ҳатто романтик муносабатлардан фойдаланишлари мумкин. Улар одамларнинг энг заиф нуқталарини топишади. Кўпинча қурбон сифатида – маълумотга эга бўлмаган, қашшоқлик даражасига тушиб қолган ёки ишсиз оилаларда ўсган, зўравонликни бошдан кечирганлар танланади. Улар ораисда уйсизлар, уйдан қочиб кетган болалар ёки ногиронлар бўлиши мумкин.

Шундай қилиб, одам савдоси яширин жиноят бўлиб қолмоқда.

Одам савдосидан “етказиб берувчилар” йилига тахминан 150 миллиард доллар фойда кўришади.  Шулардан 99 таси жинсий эксплуатация қилинганлар ҳисобига тўғри келади. Шунинг учун йилдан йилга одам савдоси рентабеллиги ўсиб бормоқда.

Нима учун бу муаммо ҳали ҳам мавжуд?

Одам савдоси ўта фойдали бизнес ҳисобланади ва шу билан бирга, унда хатарлар ноқонуний қурол савдосидаги каби катта эмас (қурбонлар кўпинча ўзлари ҳақида гапиришмайди, одамларни сотиб олувчилар ҳам ўз фаолиятини реклама қилишмайди). Одамфурушларга қарши жиноий жавобгарликка тортилиш сони ниҳоятда паст, чунки уларнинг айбдорлиги фактларини топиш ва исботлаш қийин. 2016 йилда дунё бўйлаб 14 894 та суд иши очилган. Ва фақат 9071 ҳолатда жиноятчилар судланган.

Одам савдоси билан қандай кураш олиб борилмоқда?

Халқаро талабларга мувофиқ одам савдоси оғир жиноят ва инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузилиши деб таснифланади – мамлакатлар бунинг учун ўзига хос жазони мустақил равишда белгилайдилар. Одам савдосига қарши курашиш  борасида Ўзбекистонда 2008 йилда Қонун қабул қилинган эди. Орадан 12 йил ўтиб қонун талабга жавоб бермай қолди. 2020 йилнинг 17 августида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди.

Қонунда одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муҳим тамойиллар белгиланиб, асосий тушунчаларга аниқ таърифлар берилган. Бу, ўз навбатида, одам савдоси билан шуғулланувчиларни жиноий таъқиб этиш, шунингдек, одам савдосидан жабрланганларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда қонуний асос бўлиб хизмат қилади.

Миллий қонунчиликда илгари бўлмаган одам савдоси жабрдийдаларини идентификация қилиш ва уларни қайта йўналтириш тушунчалари алоҳида бобда акс этгани, шунингдек, вояга етмаганлар савдосининг олдини олишнинг муҳим жиҳати ҳисобланади.

Қонунда одам савдоси жабрдийдалари бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бу борада давлат органларининг ташаббускорлигини ошириш, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси бошчилигида ваколатли органларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлашга хизмат қилади. Муҳими, одам савдосига қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида холис ва тўғри маълумотларни кенг жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамиятга етказишга кўмаклашади.

Одам савдосига қарши курашда ННТлар билан ҳамкорлик

Жорий йилда Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш бўйича муҳим қадам қўйилди. Янги таҳрирдаги қонун Президент томонидан имзоланди.  Бу одам савдосига қарши кураш масаласида давлат органларининг нодавлат-нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорлигини кучайтириши керак.

Ҳозирда республикада 9 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари мавжуд бўлиб, уларнинг 100га яқини одам савдосига қарши курашиш борасида иш олиб боради. Қонунда мазкур йўналишга доир фаолиятни амалга ошираётган давлат органларига кўмаклашувчи ташкилотлар қаторида нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳам белгиланиб, уларнинг ваколат ва вазифалари аниқ кўрсатилган.

Одам савдосига қарши курашда алоҳида йўналишлардан бири – чақалоқлар савдоси. Чақалоқлар савдоси билан боғлиқ ҳолатлар ёки аввал айтилмаган, ёки ҳозир кўпайиб кетди.  2020 йилда бутун дунё пандемия билан курашди. Шу сабабли маҳаллий оммавий ахборот воситалари томонидан мамлакат ичида содир бўлган воқеалар кенг ёритилди. Тергов органлари тақдим этган маълумотлар асосида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида одам савдоси, хусусан чақалоқлар ва болалар савдоси жиноятлари фош этилганини кўриш мумкин.

Нодавлат ташкилот ишонч телефонига 18 та фуқаро одам савдоси қурбони бўлганлигини маълум қилди

Республика «Истиқболли авлод» ижтимоий-ахборот марказининг Жиззах вилояти бўлими Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашаётган 100 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлардан бири. ННТ томонидан одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш, одам савдосидан жабрланган шахсларни реабилитация ва реинтеграция қилиш борасида 2020 йилнинг ўтган 8 ойида қатор ишлар амалга оширилди.

Марказнинг  (0372) 222-94-01 “Долзарб алоқа” тармоғига жами 1604 та мурожаатлар келиб тушган. Улардан 857 нафари эркаклар бўлса, 747 нафари аёллардан иборат. Мазкур қўнғироқлар юзасидан фуқароларнинг 796 нафарига турли йўналишларда ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.

ННТ томонидан 104 нафар фуқаролардан мурожаатлар қабул қилиниб, таҳлил этилганида, улардан 99 нафарига ҳуқуқий маслаҳатлар беришни сўраб, 16 нафарини ватанга қайтариш бўйича амалий ёрдам сўралган.  18 нафари одам савдоси қурбони бўлганлигини маълум қилган.  14 нафари ҳужжатини тиклаш, 1 нафари эса номусга тегиш ҳақидаги мурожаатларни ташкил этган.

Келиб тушган мурожаатларнинг 6 та ҳолати бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.

Заринанинг тақдири нима бўлди?

Фориш. 2019 йилнинг декабрь ойи. Кунлар анчагина совуган. Шундай кунларнинг бирида мижозлар Заринани ўзлари билан Жиззах шаҳрига олиб кетадиган бўлди. Бу Зарина учун катта имконият эди. Ўзи тушиб қолган ноқулай вазият ҳақида уларга айтиб берди ва телефондан танишларига қўнғироқ қилиб олишга рухсат сўради. Телефон гўшагини  ички ишлар бўлимида терговчи бўлиб ишлайдиган таниши кўтарди. Қисқа фурсатларда улар кўришиб, ҳақиқий аҳвол қандайлигига аниқлик киритилди. Зарина ва унинг фарзанди ўша хонадондан олиб чиқилиб, Жиззах вилоят “Аёллар реабилитация ва ижтимоий мослашув” марказига келтирилди.

Марказ ҳуқуқшуноси, психологи ва масъул инсонлар кўмагида ижтимоий ҳаётга мослаштириш мақсадида 6 ойлик машаққатли вазифа уддаланди. Зарина ҳозирда тикувчилик цехида ҳунар ўрганмоқда. Бундан ташқари вилоят Бандлик бошқармаси томонидан ташкил этиладиган жамоат ишларига жалб этилиб, белгиланган тартибда ойлик маошга эга бўлди.

 

Суд томонидан Заринанинг ҳаётини “дўзах”га айлантирганларга бир неча йиллик қамоқ жазоси тайинланди.

Жиззахда Зарина сингари тақдири синган аёллар сони кўп бўлмаса-да, оиласида ва жамиятда зулм кўрган, ҳақорат ва дашномлар остида яшаб келаётган аёллар бизга мурожаат қилиб туради, – дейди марказ психологи Дилфуза Аҳмедова. – Реабилитация маркази деганда ҳамма ҳар хил нарса тушунади. Лекин бу ерда вақтинча истиқомат қилаётган аёллар учун оилавий муҳит яратилган. Марказда руҳшунос, юрист, оналар ва болалар хоналари фаолият юритиб, у ерга мурожаат қилган аёлларга малакали мутахассислар томонидан зарурий ёрдамлар кўрсатилади. Керак бўлганда аёлларга касб-ҳунар ўргатилиб, уларнинг ижтимоий мослашишлари учун имконият яратилади.
“Ноқонуний миграция ва одам савдоси хатарлари тўғрисида аҳолини хабардор қилиш, одам савдосининг олдини олиш ва уни тўхтатиш чораларини кўриш, шунингдек, бундай одамларга ёрдам кўрсатиш, уларни ҳимоя қилиш зарур”, – дейди “Истиқболли авлод” маркази Жиззах вилоят бўлими раҳбари Назифа Камолова.

Одам савдоси ҳақида 3 та факт

  1. Одам савдосидан жабр кўрганларнинг деярли барчаси яқин танишлари ёки қўни-қўшнилари орқали хорижда “ишга жойлашган”.
  2. Деярли барчасига: “Йўлкирангни қоплашади, ҳужжатларни ҳам ўзлари ҳал қилишади”, – деб айтилган.
  3. Иш учун патент олиш баҳонасида паспортларини олиб қўйишган.

Ватанга қайтиш ёки қайтгандан сўнг ёрдам олиш учун мурожаат этинг!

Жабрланганлар  Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 1007 Ишонч телефонига, Ички ишлар бўлимларининг “102” ва (0372)223-94-81 ишонч телефонига, Одам савдосига қарши курашиш  бўйича  вилоят Идоралараро ҳудудий комиссиясининг (0372)226-26-12,  Жиззах вилоят “Истиқлол авлоди” ННТнинг (0372) 222-94-01 ишонч телефонларига қўнғироқ қилишлари мумкин. Ишонч телефонлари операторлари миграция масалалари, шу жумладан ноқонуний миграция ва одам савдоси муаммолари тўғрисида тўлиқ маълумот берадилар.

Ҳ.Фозилов

Материал IWPR нинг Марказий Осиёдаги ваколатхонасини “Янги медиалар ва рақамли журналистикани ривожлантириш ва қўллаб-қуватлаши” лойиҳасининг менторлик дастури доирасида яратилган. Мазкур материалнинг мазмуни, ундаги қарашлар, фикрлар подкаст муаллифига тегишли бўлиб, IWPR нинг расмий позициясини ўзида акс этмаслиги мумкин.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Close