Хитой ва унинг Марказий Осиё хавфсизлигидаги аҳамияти

Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараси яқинидаги “форпост”. The Washington Post газетасидаги мақоладан олинган сурат.

Сўнгги 5 йилда Хитойнинг Марказий Осиё хавфсизлиги масаласидаги таъсирининг кучайиб бориш тамойили кузатилмоқда. Кўпчилик кузатувчилар дастлаб ушбу фактни рад этган бўлса, кейинчалик унинг аҳамиятини пасайтиришга уриниб келди. Айни чоқда Хитойнинг минтақа хавфсизлиги масалаларидаги роли тобора жиддийроқ аҳамият касб этиб, аста-секин институционал тарзда расмийлаштирила бошланди. Хусусан, 2016 йилдан Хитой минтақадаги хавфсизлик масалаларини қисман “Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш бўйича тўрт томонлама механизм” (Quadrilateral Cooperation and Coordi­nation Mechanism) ёрдамида ҳал этиб келмоқда, унда Хитой билан бирга Покистон, Тожикистон ва Афғонистон иштирок этмоқда.

Тўрт томонлама механизм, Хитойнинг Марказий Осиёдаги ҳарбий таъсири истиқболлари, шунингдек, бошқа йирик давлатларнинг ХХРни минтақадаги бундай фаоллигига эҳтимол тутилган жавоби ҳақида Россия стратегик тадқиқотлар институти катта илмий ходими Иветта Фролова CAANга берган интервьюсида сўз юритади.

Тўрт томонлама механизм кимнинг ташаббуси билан тузилгани ва у ўз олдига қандай мақсадларни қўяётгани ҳақида батафсил сўзлаб берсангиз.

Иветта Фролова 

Минтақада хавфсизлик бўйича ҳамкорликнинг янги форматини ташкил этиш ғоясини Хитой тарафи илгари сурган эди. Бу 2016 йил мартида ўша пайтда ХХР Марказий ҳарбий кенгаши бирлашган штаби бошлиғи Фан Фэнҳуйнинг Афғонистонга сафари чоғида рўй берган эди. Унинг сафаридан олдин ушбу масала юзасидан музокара Хитой, Тожикистон ва Покистон бош штаблари раҳбарияти иштирокида Душанбеда бўлиб ўтган. Кобул ушбу масалани ижобий ҳал қилгандан сўнг томонлар “Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш бўйича тўрт томонлама механизм”ни (QCCM) шакллантириш бўйича қарор қабул қилди.

QCCM олий ҳарбий раҳбариятининг биринчи мажлиси 2016 йил августида ХХРнинг Шинжон мухтор тумани маркази Урумчи шаҳрида бўлиб ўтди. Тадбир якунлари бўйича қабул қилинган қўшма баёнотда расман қайд этилганидай, механизмнинг асосий мақсади барча иштирокчи мамлакатлар ҳудудида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун терроризм ва экстремизмга қарши биргаликда кураш олиб боришдир. Томонлар бир-бирининг терроризмга қарши потенциалини мустаҳкамлаш ва разведка маълумотларини алмашиш, айни чоқда халқаро ҳуқуқ принципларига риоя этиш, суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ўзаро ҳурмат қилиш, бир-бирининг ички ишларига аралашмасликка келишиб олди.

Сизнингча, Хитойга ушбу форматни яратиш ташаббуси билан чиқишга қандай асосий омиллар туртки берди?

Назаримда, Хитой раҳбариятига бундай қарорга келишига ҳам мамлакатнинг ички тараққиёти, ҳам ХХРнинг ташқи сиёсий манфаатларини амалга ошириш нуқтаи назаридан келиб чиқадиган бир қанча вазифалар туртки берган.

Аввало, бу Шинжондаги барқарор ички сиёсий вазиятни ва мамлакатнинг ғарбий чегараларидаги осойишталикни таъминлашдан иборатдир. Бундан ташқари, Хитойга ички тараққиёт дастурларини амалга ошириш учун қулай ташқи қуршов зарур.

Пекин Афғонистондан келаётган таҳдидларга дуч келгач, минтақадаги қўшнилари билан терроризмга қарши кураш борасидаги ҳамкорлигини фаоллаштиришга мажбур бўлди. ХХР Афғонистондаги вазият тинч йўл билан тартибга солинишидан манфаатдор, шу сабабли бугунги кунда халқаро ишларда катта обрў-эътиборга эгалиги сабаб минтақа ҳаётида иштирок этишнинг ҳам мамлакат манфаатларига, ҳам қўшнилари манфаатларига мос тушадиган тарзда иштирок этиш йўлини топишга интилмоқда.

Хитой – Тожикистон – Афғонистон – Покистон ҳамкорлиги формати ХХР учун Ҳинд океанига чиқиш учун ўзига хос ёй вазифасини ўтайди.

Пекиннинг QCCMни расмийлаштиришдан кўзланган асосий стратегик мақсадлари орасида унинг Жанубий Осиёдаги позицияларини мустаҳкамлаш нияти борлигини ҳам кўриш мумкин, чунки Хитой – Тожикистон – Афғонистон – Покистон ҳамкорлиги формати ХХР учун Ҳинд океанига чиқиш учун ўзига хос ёй вазифасини ўтайди.

Пекиннинг Марказий ва Жанубий Осиёдаги иқтисодий инвестицияларини ҳимоя қилишга интилиши, масалан, Хитой-Покистон иқтисодий коридори хавфсизлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. У “Бир макон – бир йўл” ташаббусининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Айни механизм фаолияти доирасида қандай қадамлар қўйилди ёки тадбирлар ташкил этилди?

QCCM[1] олий ҳарбий раҳбариятининг Душанбеда бўлиб ўтган мажлиси (2017 йил августи) давомида янги формат доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган 2 та ҳужжат имзоланган эди: Афғонистон, Хитой, Покистон ва Тожикистон қуролли кучлари ўртасида терроризмга қарши кураш бўйича мувофиқлаштирувчи механизм ҳақида битим, шунингдек, Тўрт мамлакат қуролли кучларини мувофиқлаштириш бўйича терроризмга қарши ахборот маркази ҳақида баённома. Ушбу 2 та ҳужжат мавжуд, бироқ уларнинг мазмуни махфийлигича қолмоқда.

QCCM форматида иш гуруҳларининг учрушувлари ўтказиб турилибди. ХХР Мудофаа вазирлиги хабар қилганига кўра, 2019 йил 26 январида Пекинда тўртлик қўшма иш гуруҳининг якуний мажлиси бўлиб ўтган. Томонлар механизм доирасида 2018 йилги ҳамкорликка якун ясаган ва умумий хулосага келгантерроризмга қарши кураш соҳасида халқаро вазият мураккаблигича қолмоқда, минтақадаги экстремистик гуруҳларнинг ўзаро бирлашиш тамойили давом этмоқда, айни ҳол тўртта мамлакат барқарорлигига жиддий хавф туғдирмоқда”.

Хитой билан Тожикистоннинг тўртлар гуруҳи доирасида, шунингдек, ҳарбий соҳадаги икки томонлама форматдаги ҳамкорлигини қандай баҳолайсиз?

QCCM форматида тўрт давлат армиялари ўртасидаги ва икки томонлама форматдаги ҳамкорлик назарда тутилади. “Учта ёвузлик кучи”га – экстремизм, айирмачилик ва терроризм – қарши кураш мақсадида Хитой Тожикистоннинг чегара қўшинларига ёрдам бериш учун чоралар кўрди.

2016 йил октябрида Пекин билан Душанбе Тожикистоннинг Афғонистон билан ёндош ҳудудларидаги чегара инфратузилмасини модернизация қилиш хусусида ҳукуматлараро битим имзолаган эди. Ўзаро келишувларда 3 та комендатура, 5 та чегара заставаси, 5 та чегара пости ва 1 та ўқув маркази қурилишини назарда тутилган.

Яна Хитой билан Тожикистон ҳарбий машқлари ўтказиб турилибди. 2016 йил октябрида Тоғли Бадахшон автоном вилоятининг (ТБАВ) Афғонистон билан чегарадош Ишкашим туманида бўлиб ўтган ҳарбий машғулотларга 10 минг киши жалб этилди. 2019 йил августида ўша ерда тожик ва хитой бўлинмаларининг уч кунлик қўшма машғулотлари ўтказилди.

Тожикистон Тоғли Бадахшонидан Хитой Шинжонига тўғри йўл бор ҳамда Хитой Шинжон – Уйғур автоном туманига (ШУАТ) экстремизм мафкураси кириб боришига йўл қўймаслик учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқда.

Пекин Тожикистонни ҳар доим эътибор марказида тутиб туради, чунки уни ХХР миллий хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги асосий нуқталардан бири деб билади. Тожикистон Тоғли Бадахшонидан Хитой Шинжонига тўғри йўл бор ҳамда Хитой Шинжон – Уйғур автоном туманига (ШУАТ) экстремизм мафкураси кириб боришига йўл қўймаслик учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқда. Расмий Пекин жиҳодчилар Афғонистоннинг Воҳон коридори – даҳлизи орқали Хитой ҳудудидаги вазиятни беқарорлаштириш учун Шинжонга кириб боришидан чўчийди.

Ушбу Воҳон даҳлизида Хитой ҳарбий база қурмоқчи экани ҳақида кўп гап-сўзлар бўлди. Сизнингча, Хитой билан Тожикистон чиндан ҳам ҳарбий база қурдими ва умуман олганда, Хитойнинг Тожикистондаги ҳарбий ҳозирлиги истиқболлари қандай?

Хитой раҳбарияти, вазият қанчалик мураккаб бўлмасин, Тожикистоннинг ТБАВда ҳарбий база қуриш имкониятини кўриб чиқмаётганини бир неча бор таъкидлаган эди.

Ғарб матбуотида чоп этилаётган мақолаларда учинчи мамлакатлар ҳудудидаги муайян объектлар ҳақида гап кетганда, дейлик, “ҳарбий база”, “машғулотлар жамлоғи” ва “терроризмга қарши куриш маркази” сингари турли атамалар қўлланади. Кўпинча мақолалар муаллифлари уларни бир-бири билан алмаштириб юборади, ваҳолонки, улар орасида тафовут жуда катта.

Масалан, 2019 йил февралида Американинг The Washington Post газетасида чоп этилган шов-шувли мақолада муаллиф ТБАВнинг Мурғоб туманида ХХР қурган чегара заставаларини Хитой ҳарбийларининг Тожикистондаги “форпостлари” деб хато кўрсатган эди. Нашр берган маълумотга кўра, объект Афғонистонни ШУАТ билан боғловчи Воҳон даҳлизи яқинида жойлашган ва у ерда ўнлаб, ҳатто юзлаб хитойликлар хизмат ўтаётир. Бироқ Тожикистон ТИВ мамлакати ҳудудида “Хитой Халқ Республикасининг ҳарбий базалари йўқ” деб баёнот берди ва ушбу ахборотни рад этди.

Шу билан бирга, бундай атамалар чалкашлигини QCCMга аъзо мамлакатлар шерик мамлакатлар ҳудудидаги объектлари ҳақида батафсил маълумот беришга тайёр эмаслиги билан ҳам тушунтириш мумкин. Аммо айрим Ғарб экспертлари адолатли қайд этаётганидек, янги объектлар нима учун лойиҳалаштирилгани ва қандай жиҳозланганини аниқлаш анча муҳимдир.

ХХРнинг Афғонистонга бераётган ҳарбий ёрдами нималардан иборат? Унинг ўзига хос жиҳатлари борми? Хитой ҳукумати Афғонистон муаммосини ҳар этишда (тартибга солишда) қандай стратегик йўл тутмоқда?

Пекин, аввало, бутун эътиборини Бадахшон вилояти ва ўзининг Афғонистон билан чегараларига қаратган. Афғонистон Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Бадахшон вилоятида янги база барпо этилган, Хитой эса унинг моддий-техник харажатларини қоплаш билан молиявий кўмак кўрсатмоқда, бунга қурол-яроғ ва ҳарбий техникадан тортиб, аскарлар учун формали кийим-бош киради.

Пекин ҳарбий базадан ташқари Бадахшон вилоятидаги чегарабўйи ҳудудлари яқинида фаолият олиб бораётган тоғ бригадасини ҳам молиявий маблағ билан таъминлаб турибди. Бироқ у ерда Хитой аскарларининг жойлаштирилиши ёки жойлаштирилмаслиги масаласи очиқ қолмоқда.

Хитойнинг Қобулдаги дипломатлари таъкидлашича, ХХР Бадахшон вилоятида фақат “потенциални ошириш” билан шуғулланмоқда. Қайд этиш жоизки, Хитой Мудофаа вазирлиги мамлакат ҳарбий хизматчилари Афғонистонда патруллик – айланма соқчилик қилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди, бироқ иккала томон чегара ҳудудларида “ҳуқуқни қўлловчи идораларнинг” терроризмга қарши курашга қаратилган “қўшма амалиётлари”да қатнашаётганини тан олди.

Бошқача айтганда, Хитойнинг Афғонистондаги ҳарбий аҳамияти ошиб бормоқда, бироқ Пекин ўзининг ушбу мамлакатдаги ҳарбий ҳозирлигини камайтириб кўрсатишга интилаётгани ҳисобга олинса, унинг миқёси ҳақида аниқ бир гап айтиш қийин.

Хитойлик экспертлар тўрт томонлама механизмни қандай тақдим этмоқда?

Хитойлик экспертлар ҳар доим QCCM ташкилот эмаслигини таъкидлаб келади. Чиндан ҳам амалиётлардан ҳозирча маълум бўлишича, механизм ташкил этилгандан бери ўтган вақт мобайнидаги ҳамкорлик формати алоҳида институционал ўзгаришларга учрагани йўқ. Бу томонлар айни дамда тўрт томонлама ҳамкорликнинг мавжуд шаклини қайта кўриб чиқиши ва уни қандайдир тўлақонли тузилмага айлантиришига зарурат йўқлигини англатиши мумкин.

Яқин келгусида ҳамкорликнинг бундай кўриниши сезиларли ўзгаришларга юз тутмаса керак, чунки у хавфсизлик борасидаги долзарб муаммолар ҳал этилишига ва чегарабўйи туманларида “учта ёвузлик кучи”га қарши кураш талабларига жавоб беради.

Ушбу механизмни унинг бевосита иштирокчилари, шунингдек, Россия, Ғарб мамлакатлари ва энг муҳими, Марказий Осиё мамлакатлари қандай қабул қиляпти?

QCCM ташкил этилиши ҳақида дастлабки мақолалар пайдо бўлган кезлар Россия Федерациясидаги экспертлар ҳамжамияти янги механизмнинг пайдо бўлишига ХХР ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси самарадорлигига шубҳа билан қараётгани сабаб бўлаётган бўлиши мумкинлигига оид хавотирлар билдирган эди.

QCCM ХХРнинг хавфсизлик бўйича Осиё – Тинч океани минтақасидаги (ОТОМ) “Оқ китоби”га киритилгани (2017 йил январь) ва “тўртлик” минтақада барқарорликка кўмаклашишнинг янги формати сифатида белгилангани экспертлар орасида қўшимча хавотир уйғотган эди. Лекин умуман олганда, Пекин ОТОМда шаклланган хавфсизлик архитектурасига ҳеч қандай кескин ўзгаришлар таклиф қилмай, фақат мавжуд механизмларни такомиллаштиришга даъват қилган эди.

Россия билан Хитой ўртасида Марказий Осиёда рақобат кучайиб бориши юзасидан шубҳалар ҳам билдирилди. Бундан ташқари, айрим ватандош таҳлилчилар янги механизмни ХХРнинг минтақада хавфсизликни таъминлаши сари қўйилган дадил қадами сифатидаги “Марказий Осиё НАТОси” деб атаган эди. Улар Пекин Россия иштирокисиз КХШТга муқобил хавфсизлик тизимини яратмоқчи эканини тахмин қилганди. Россиянинг айрим ОАВлари бундай шарҳларни ХХР билан РФ муносабатларига совуқлик туширишга уриниш деб атаган эди.

Хитойнинг ҳарбий амалдорлари Россиянинг хавотирларини юмшатиш учун QCCM масаласига аниқлик киритишни лозим деб топди. ХХР Мудофаа вазирлиги вакили “Спутник” агентлигига берган интервьюсида механизм фаолияти Россияни жараёндан четга суриб қўйиш эмас, аксинча, ШҲТ доирасида терроризмга қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатларни “тўлдириш”га йўналтирилганини таъкидлади.

Айни чоқда Россиянинг Афғонистон бўйича махсус вакили З. Кабулов QCCM ташкил этилганини ижобий ҳолат деб баҳолади. Таъкидлашича, гап энг аввало “чегараларни назорат қилиш ва террорчилар суқилиб киришига йўл қўймаслик” ҳақида кетмоқда. З. Кабулов фикрича, Россиянинг ушбу механизмга қўшилишга интилишига зарурат йўқ, чунки Москванинг “КХШТ доирасида ўз режалари” бор ва бундан ташқари, Россия ва Хитой томонлари тегишли масалаларни ШҲТ доирасида муҳокама қилмоқда.

Хитой экспертлар ҳамжамияти QCCM ҳозирги кунда институционаллаштиришдан[2] йироқ эканини бот-бот такрорламоқда. Хитойнинг тўрт томонлама ҳамкорлик доирасидаги асосий вазифаси Марказий Осиё ҳудудига кириб келаётган ва коррупция схемаларидан фойдаланиб, ушбу минтақа мамлакатлари ватандошлари номига янги паспортлар олаётган ИШИД экстремистик ташкилоти жангариларининг бир жойдан иккинчи жойга кўчиб юришини назорат қилишдир.

Бундан ташқари, Пекинда тўрт мамлакатнинг QCCMда иштирок этишдан кўзлаган вазифаларидаги тафовут ушбу механизмнинг кейинги ривожланишига таъсир кўрсатиши мумкин, чунки аввалбошданоқ томонлардан ҳар бирининг унга муносабати ўзига хос бўлган эди, деган қараш мавжуд. Масалан, Афғонистон ўз олдига Покистонда ин қуриб қолган мухолиф террорчилик гуруҳларига зарба беришни мақсад қилиб қўйган эди. Тожикистоннинг позицияси аниқ бўлмаган, лекин ХХР билан мудофаа ва хавфсизлик борасидаги ҳамкорлигини фаоллаштиришга тайёр эди. Хитой Покистон билан энг катта муросага эришишга муваффақ бўлди, чунки иккала давлат ҳам кўп йиллардан бери терроризмга қарши курашда ҳамкорлик қилиб келмоқда. Шу билан бирга, барча иштирокчи мамлакатларнинг ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги имконияти турлича эканидан ташқари, миллий манфаатларида ҳам жиддий тафовутлар бор. Айни ҳол ўтмишда муносабатлар танглиги ва икки томонлама келишмовчиликлар даври юзага келишига сабаб бўлган эди.

Ушбу механизм яратилиши Хитойнинг ҳарбий ва сиёсий соҳалардаги таъсирини Марказий Осиёга ёйиш истагидан далолат бермайдими?

Бугунги кунда Хитой раҳбарияти олдида ички ижтимоий-иқтисодий ривожланишни унинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ҳал этиш ва “Бир макон – бир йўл” ташаббуси доирасидаги лойиҳаларни олға суриш сингари бир қанча вазифалар турибди. Ҳозирги кунда бутун дунёни қамраб олган коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятда ушбу қийинчиликлар янада кескинлашди. Шунинг учун ХХР олдида дунёнинг бирор минтақаси, айниқса, вазият мураккаб бўлган Марказий Осиёдаги ҳарбий ва сиёсий ҳозирлигини ошириш бўйича стратегик режалар ишлаб чиқиш ўрнига кўплаб муаммоларни ҳал этиш кўндаланг бўлмоқда.

Мамлакатдаги зарур эҳтиёжлар Пекинга жаҳон ҳамжамиятининг минтақадаги хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашдан ўзга чора қолдирмаётгани эса бошқа масала. Шунинг учун QCCM ШҲТ ва КХШТ сингари бошқа тузилмалар қаторида минтақанинг барқарор ривожланиши ва Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан изга тушириш жараёнига ўз ҳиссасини қўшиши керак.

Россия билан Хитой Африкада ёки Яқин Шарқ – Ғарбий Осиё мамлакатларида тил топишаётгани бор гап, унда Марказий Осиёдаги вазият қандай? Хитой ҳарбий базалари ва ХҲКнинг Марказий Осиёда пайдо бўлиш эҳтимолини Москва қандай баҳолаши эътиборга олиняптими?

Ҳозирги пайтда Хитой ХҲКнинг минтақада пайдо бўлиши эҳтимолдан узоқ кўрилмоқда. Умуман олганда, РФ билан ХХРнинг Марказий Осиёда рақобатига оид “олабўжилар” долзарблигини йўқотди.

Бугун Москва билан Пекиннинг минтақадаги стратегик манфаатлари бир-бирига мос тушмоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик асосларидан бири Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва Хитойнинг “Бир макон – бир йўл” ташаббуси сингари ривожланишнинг миллий стратегияларини бир-бирига ўзаро мослаштиришдан ҳамда келгусида Улкан Евроосиё шериклигини шакллантиришдан иборатдир. Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари шу масалада етакчи роллардан бирини ўйнайди. Шунинг учун QCCM сингари механизмларга Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун турли мамлакатларнинг умумий саъй-ҳаракатлари ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан ўз вақтида тузилган ва муҳим деб қаралади.

Манба: uzanalytics.com

[1] Учрашувда Афғонистон миллий армияси бош штаби бошлиғи М. Шариф Яфталий, Хитой Марказий ҳарбий кенгаши бирлашган штаби бошқармаси бошлиғи Ли Цзочэн, Покистон Қуруқликдаги қўшинлари штаби бошлиғи Қамар Жовид Бажва ва Тожикистон мудофаа вазири биринчи ўринбосари, Тожикистон Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Э. Собирзода иштирок этган эди.

[2] Институционаллаштириш (ингл. institutionalization) – институтга айлантиришщ, қонуний мақом бериш.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.