Қишлоқ хўжалиги етакчи тармоққа айланиши учун нима қилиш лозим? Эксперт билан суҳбат

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва саноати тармоғида давлат бошқаруви даражаси юқори, айни пайтда иқтисодиёт ушбу тармоқларининг ривожланиши анча орқада қолмоқда. Фермерлар ва соҳадаги ишлаб чиқариш корхоналарининг ерга эгалик ҳуқуқи яхши ҳимояланмаган. Улар фаолиятини тартибга солиш усуллари Совет давридан қолган меросдир. Кўплаб турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозорлари ва ушбу тармоққа хизмат кўрсатиш деярли ривожланмаган, бинобарин, мазкур тармоқнинг ислоҳотларга муҳтожлиги шубҳасиз.

Айни пайтда қишлоқ хўжалиги мамлакат иқтисодиётининг етакчи тармоғиларидан бири бўлиб, унда 3,6 миллион киши меҳнат қилади. Бу республика иқтисодиётида банд бўлганларнинг 27 фоизини, ушбу тармоқнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши эса 32,4 (ўрмон ва балиқчилик хўжалиги билан бирга, 2018 йил) фоизни ташкил этади.

13-15 сентябрь кунлари республика ҳукумати қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг келгуси 10 йилга мўлжалланган стратегия лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди. Ушбу стратегия Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш режасидир. Унда нима қай тарзда ислоҳ қилиниши белгилаб берилган.

UzAnalytics сайти мухбири Бухоро давлат университети доценти, иқтисод фанлари номзоди, қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти мутахассиси Маҳмуд Орипов билан суҳбатлашди. Эксперт республикада қишлоқ хўжалигини ривожлантиришдаги мавжуд муаммолар ва тўсиқлар, шунингдек, таклиф этилаётган ислоҳотлар режаси ушбу муаммоларни қай даражада ҳал қилиши мумкинлиги тўғрисида фикр-мулоҳазаларини баён қилди.

Маҳмуд Орипов

− Махмуд Ашурович, сизнингча, республика қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда ва ушбу тармоқ рақобатбардош бўлиши учун қандай асосий тўсиқ ва муаммолар мавжуд?

‒ Мамлакатимиз иқтисодиёти ривожланиши ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда агросаноат мажмуининг улкан аҳамияти ва бу соҳада ҳукумат ишлаб чиқиб, амалга ошираётган чора-тадбирлар барчага маълум. Бироқ ҳалигача тармоқда қатор муаммолар ва унинг ривожланишидаги тўсиқлар мавжуд.

Айниқса, қишлоқ хўжалигида фермер хўжаликлари экинларни жойлаштириш ва нима етиштиришни мустақил ҳал қила олмайди. Улар самарадорлиги паст бўлишига қарамай, пахта ва ғалла етиштириш билан шуғулланиб келмоқда. Масалан, Бухоро вилоятида айрим фермер хўжаликларида пахтанинг ҳосилдорлиги 20 центнерга ҳам етмайди, лекин улар давлат билан шартномаси борлиги сабаб зарарига бўлса ҳам, пахта етиштиришга мажбур. Бунинг устига, фермер ўзи етиштирган пахта ва ғалладан тўла фойдаланиш ва уларни тассаруф этиш ҳуқуқига эга эмас. Бошқача айтганда, қишлоқ хўжалигида ҳалигача бозор иқтисодиёти муносабатлари тўлиқ шаклланмаган. Ушбу ҳолат фермерларни иқтисодий эркинлигини чеклаш билан бир қаторда юқори самара бериши мумкин бўлган муқобил экинни экишига тўсқинлик қилади.

Айни пайтда, фермерларнинг кредит кафолати сифатида ерга бўлган ҳуқуқидан фойдаланиш механизмлари тўлиқ ишлаб чиқилмаган. Бу ўз навбатида фермернинг инвестицион фаоллиги сустлиги ва пастлилига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун ерга эгалик ҳуқуқи билан боғлиқ муносабатларни янада такомиллаштириш зарур. Ҳаёт ер муносабатларини ҳақиқий бозор муносабатлари даражасига етказишни тақозо этмоқда.

Қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини шакллантириш билан бирга қишлоқ хўжалиги корхоналари, хусусий мулк эгалари, аҳоли ва саноат корхоналари интеграциясини янада кучайтириш масаласи ҳам долзарблигича қолмоқда. Мамлакат қишлоқ хўжалигида юқори қўшилган қийматга эга ва рақобатбардош бўлган товарларни ишлаб чиқариш, уларни ички ва ташқи бозорларда сотиш жараёни жуда суст. Ҳозирги даврда аграр секторда ўз брендига эга корхоналар сони ва инновацион жиҳатлари билан рақобатбардош бўла оладиган ва халқаро стандартларга мос маҳсулот турлари ва экспорт ҳажми ҳам унчалик кўп эмас. Бунга юқорида қайд этилган муаммолар билан бир қаторда мамлакат қишлоқ ҳудудлари ва агросаноат мажмуининг барча турдаги инфратузилма хизматлари кўрсатувчи тизими қолоқлиги ҳам салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Шунингдек, мамлакатда ўсимликларнинг янги унумдор навларини, чорвачаликда маҳаллий маҳсулдор зотларни ва қишлоқ ҳўжалиги ҳамда қайта ишлаш саноатида илғор техлогияларни яратиш ва бундай технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш борасидаги муаммолар сабаб миллий агросаноат мажмуамизнинг потенциали тўлиқ ишга туширилмаяпти. Энг ачинарлиси, ишлаб чиқарилаётган юқори сифатли мева ва сабзавотларимизнинг бир қисми сақлашни билмаганимиз ёки қайта ишлаш йўлга қўйилмаганлиги сабаб молларга ем ёки буткул нобуд булмоқда. Бошқача айтганда, мамлакатимизда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш, ишлов бериш, қайта ишлаш ва сотиш тизими ҳозирги давр талабига жавоб бермайди, айрим ҳолларда улар барча ҳудудларни қамраб олмаган. Йўл-транспорт ва коммуникация ҳамда ахборот тизимининг ҳам ривожланиш даражаси, қамрови ва хизматлар сифати қониқарли эмас.

Охирги йилларда қишлоқ хўжалигида асосий капиталга инвестиция киритиш даражаси пастлиги сабаб қишлоқ ва сув хўжалигининг моддий-техник базаси янгиланиш даражаси пасайиб, уларнинг эскириш даражаси йилдан-йилга ортиб бораётгани кўп ҳолларда ишлаб чиқаришнинг технологик амалиётларини тўлиқ, ўз вақтида сифатли қилиб бажаришга тўсқинлик қилмоқда. Бунга яна моддий-техник таъминоти ва қишлоқ хўжалиги техникаси бозори тизими етарли даражада тараққий этмагани ва қишлоқ хўжалигида қўлланадиган саноат маҳсулотлари нархи баландлиги ҳамда ўша нарх билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи орасидаги мавжуд номутаносиблик саноат корхоналарига фойда келтираётгани ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Шундай қилиб, моддий-техника воситалари ва инфратузилма хизматлари нархи баландлиги, ерга эгалик ҳуқуқи устувор эмаслиги, ирригация тизими ривожи сустлиги ҳамда мелиорация ишлари ва технологик жараёнлар етарли даражада бажарилмаётгани каби омиллар таъсирида кўп жойларда тупроқ унумдорлиги пасайиши, шўрланиши, иккиламчи шўрланиши, ер ости сувлари сатҳи кўтарилиши, тупроқ структураси бузилиши ва ундаги гумус миқдори пасайиб бориши каби ҳолатлар кузатилмоқда. Хуллас, бу каби муаммолар агросаноат мажмуаси иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу эса аҳолининг озиқ-овқат таъминоти хавфсизлиги, фаровонлиги ва озиқ-овқат истеъмоли таркибини яхшилашдек муҳим вазифаларни ҳал этиш имкониятини чекламоқда.

− Таклиф қилинаётган ислоҳотлар режаси қай даража мавжуд муаммо ва тўсиқларни бартараф эта олади?

 Мазкур стратегияда мамлакат қишлоқ хўжалигидаги юқорида зикр этилган бир қанча долзарб муаммолар ечимига оид аниқ таклиф, чора-тадбирлар асосли тарзда тавсия этилган. Умуман олганда, таклиф қилинган ислоҳотлар режаси кенг қамровли ва инновацион ғояларга бой.

Ушбу ҳужжатда ер-сув ва бошқа ишлаб чиқариш имкониятларидан экологик хавфсизликни таъминлайдиган ҳолда самарали фойдаланиш, аграр секторда ишлаб чиқаришни эркин бозор принциплари ва инновацион технологияларни кенг жорий этиш асосида янада ривожлантириш, тармоқнинг инвестицион жозибадорлиги ва рақобатбардошлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини жадал ривожлантириш, илмий-тадқиқотлар олиб бориш ва кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш каби муҳим масалаларни ҳал этишига алоҳида эътибор қаратилган.

Мазкур стратегияни мутахассис экспертлар ва соҳа вакиллари таклифлари асосида янада такомиллаштирсак ва уни амалга оширишда компаниябозликка йўл қўймасак, режалаштирилаётган ислоҳотлар муаммолар гирдобида қолган мамлакат агросаноат мажмуасини бугунги қолоқ ҳолатидан жадал ривожланиш йўлига олиб чиқиш эҳтимоли катта. Акс ҳолда, бу қишлоқ хўжалигини яна бир марта тажриба синов майдонига айлантириши мумкин, холос. Жаҳон тажрибаси кўрсатишича, бир қанча мамлакатларнинг агросаноат тармоғи чуқур ва пухта ишланмаган ғояларни амалга ошириш, ислоҳотларни чала ёки бирёқлама олиб боришнинг қурбони бўлган. Бу борада АҚШ мутахассиси L.L. Reif шундай фикр билдирган эди: “…аграр ишлаб чиқаришдаги таркибий синишлар (яъни инқирозлар, сиёсий тузум ўзгариши натижасида давлат органлари амалга оширган таркибий ўзгаришлар) оқибатида қишлоқ аҳлининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатига етказилган зарарни баҳолайдиган тадқиқотлар ўтказилиши керак”.[i] Бу тадқиқот натижажи жуда ачинарли ва ҳайратланарли бўлиши аниқ.

Шунинг учун мамлакат агросаноат мажмуида режалаштирилаётган таркибий ўзгаришларни амалга ошириш вақтида тузилмаларнинг иқтисодий табиати ва бошқа жиҳатларини чуқур ўрганган ҳолда қарор қабул қилиш лозим, акс ҳолда, бутунлай тескари натижа олишимиз мумкин.

− Лойиҳани такомиллаштириш ҳақида гапиряпсиз. Табиийки, бундай кенг қамровли лойиҳалар камчиликлардан холи бўлмайди. Уни такомиллаштириш деганда қандай камчиликларни назарда тутяпсиз?

 Лойиҳани такомиллаштиришга оид барча изоҳ ва фикрларимни тегишли бандлар бўйича мазкур ҳужжат эълон қилинган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси” порталида ёзиб қолдирдим, кўплаб бандлар бўйича. Улардан бир нечта мисол келтиришим мумкин. Ҳужжат 2-иловасининг 2.6-бандида: “фермер кооперативлари ва бошқа бирлашмаларнинг ихтиёрий аъзолари сонини ошириш 2030 йилда 100 фоиз” бўлиши прогноз қилинган. Фикримча, бундай тизимли ўзгариш билан боғлиқ ҳолатларнинг миқдор кўрсаткичларини белгилаш шарт эмас. Сабаби, миқдор ортидан қувиб, сифатни бой бериш ҳеч гап эмас.

Бошқа томондан қаралса, ҳужжатда кўрсатилган айрим прогноз кўрсаткичларини кўргач, табиий саволлар туғдиради. Масалан, “бир бош сигирдан соғиб олинадиган сут миқдори 2030 йилда 3700 кг бўлиши” прогноз қилинган. Бу кетишда бир бош сигирдан йилига 10000 кг сут соғиб олаётган исроиллик чорвадорларга қачон етиб оламиз? Ҳатто 11 йилдан кейин ҳам эришадиган кўрсаткичимиз уларникидан 3 баробар паст бўлар экан. Шунинг учун стратегик истиқбол параметрларини яна бир марта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Бундан ташқари, мазкур стратегияда аҳолининг озиқ-овқат таъминоти ва истеъмол хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга ҳаддан кўп урғу берилиб, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тармоқлар ривожига камроқ эътибор қаратилган. Фикримча, мазкур 10 йиллик стратегия нафақат қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни, балки унинг маҳсулотлари истеъмолчилари бўлган саноатни ва қишлоқ ҳўжалиги моддий-техник таъминотини ҳамда уларга хизмат кўрсатувчи соҳаларни ҳам қамраб олиши зарур. Чунки ушбу соҳаларнинг имконият, талаб ва таклифларини инобатга олмай туриб, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни режалаштириш ва у самарали фаолияти кўрсатишини таъминлаш имконияти мавжуд эмас. Шу боис, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг истиқбол параметрларини ишлаб чиқишда соҳа ва соҳалараро балансга таяниш лозим, яъни истиқболда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлган барча саноат ва хизмат кўрсатувчи соҳаларни узвий боғлиқликда – бир бутун бир организм сифатида ислоҳ қилиш зарур. Яна ислоҳотни амалга оширишда қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ барча соҳалар манфаатдорлигини қишлоқ хўжалиги корхоналарининг самарадорлигини ошириш билан боғлашга жиддий эътибор қаратиш керак бўлади. Улар орасидаги мутаносибликка эса самарали интеграция ва кооперация, тенг ҳамда ўзаро манфаатдорликка таянадиган шерикчиликни таъминлайдиган иқтисодий механизм ва мақсадли комплекс чора-тадбирлар асосида эришиш мумкин. Бинобарин, стратегияни “Ўзбекистон агросаноат мажмуини 2020-2030 йилларда ривожлантириш” деб номлаб, унга қишлоқ хўжалиги ва унинг маҳсулотларини ишлов берувчи, қайта ишловчи ва инфратузилма тизими билан боғлиқ барча маҳаллий саноат корхоналарини жадал ва илғор технологиялар асосида ривожлантириш чора-тадбирларини қўшимча қилиш мақсадга мувофиқдир.

_______________________________________________________________________________________________________________________________________

[i] Reif L.L. Farm Structure, Industrial Structure and Socioeconomic Conditions in the United States// Rural Sociology. 1987. Vol.52. N 4.P.462

One thought on “Қишлоқ хўжалиги етакчи тармоққа айланиши учун нима қилиш лозим? Эксперт билан суҳбат

  1. Привет! Это комментарий.
    Чтобы начать модерировать, редактировать и удалять комментарии, перейдите на экран «Комментарии» в консоли.
    Аватары авторов комментариев загружаются с сервиса Gravatar.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Close