Марказий Осиё масжидлари: анъанавий меъморчилик, замонавий тенденциялар ва қиёсий таҳлил

Суратда: Туркманбоши руҳи масжиди (Ашхобод), манба: advantour.com

Муаллифлар:

Шавкат Музаффар – меъмор ва рассом, Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармаси мутахассиси

Шерматжон Шеримбетов – меъмор ва рассом, Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармаси мутахассиси

Эътиқод ҳақида сўз борганида, энг аввало, ибодат қилинадиган жой – ибодатхоналар кўз ўнгимизда намоён бўлади. Ибодатхона муайян бир диндаги кишиларнинг Худога сиғинадиган, ибодат қиладиган, диний расм-русум ва маросимлар ўтказадиган бино ёки иншоотлар мажмуасидир. Ибодатхонанинг қурилиш услуби, меъморий безаги диний эътиқод мазмунини ифодалайди. Мисол учун, қадимги Миср, Оссурия, Бобилда ибодатхоналар илк жамоат бинолари ҳисобланган ва улар ўта ҳашамдор ишланиб, ҳайкалтарошлик, рассомлик намуналари билан безатилган. Шунингдек, Буддавийлик ва Насронийлик ибодатхоналарида ҳам тасвирий санъат асарларидан унумли фойдаланилган.

VII аср бошида Арабистон ярим оролида вужудга келган янги эътиқод бундай ёндашувни кескин ўзгартириб юборди. Ислом дини ўзига хос мусулмон ибодатхоналари – масжидлар типологиясини вужудга келтирди. Лекин, бошқа динлардан фарқли ўлароқ, Ислом таълимоти қарашларидан келиб чиқиб, масжидлар ҳайкалтарошлик ва рассомлик ишлари билан безатилмади. Бунинг ўзига хос асосли сабаблари бор, албатта. Аввалига оддий тўғри тўртбурчак меҳробли хона шаклида қурилган масжидлар вақт ўтиб, Ислом эътиқоди етиб борган минтақаларда маҳаллий қурилиш услублари, анъаналар ва қурилиш материаллари асосида сайқал топди, янгича шаклга эга бўлди. Гарчи, масжидларнинг шакл-шамойили ўзгарсада, моҳияти ўша-ўша. Улар маълум бир халқ, мамлакатнинг меъморчилик маҳорати, иқтисодий салоҳияти, бадиий эстетик тушунчалари, қолаверса, маънавий-ғоявий қарашлари рамзига айланган. Ушбу мақолада Марказий Осиё ва жаҳондаги замонавий масжидлар қурилиши тарихи ҳамда бугунги кундаги жараёнлар ҳақида сўз юритилади.

Марказий Осиёда масжидлар қурилиши эволюцияси

Ислом дини дунёга тарқала бошлаган даврдан бошлаб, то шу кунга қадар масжидлар тузилиши ўзгариб борди, тараққий этди. Бу аввало, маҳаллий шароит, иқлим, урф-одатлар, қурилиш услублари ва ашёлари мисолида намоён бўлади. Жумладан, Марказий Осиёда илк масжидни милодий 713 йили араб саркардаси Қутайба ибн Муслим Бухородаги зардуштийлар ибодатхонаси ўрнига, Самарқандда эса ҳозирги “Ҳазрати Хизр” масжиди ўрнида қурдирган эди. Шундан бери ушбу ҳудудларда масжидлар қурилиши авж ола бошлади. Қисқа вақт ичида ўзига хос, маҳаллий иқлим ва қурилиш услублари асосидаги ўзига хос масжид меъморчилиги юзага келиб, бу ХХ аср бошигача тараққий этди.

Ҳазрати Хизр масжиди, манба: meros.uz

Марказий Осиё масжидлари асосан ҳовли ва тўртбурчак ёки квадрат шаклдаги хонақодан иборат бўлиб, баъзан хонақо ўртасида саккиз қиррали таянчга эга гумбазлар бунёд этилган. Ҳовли атрофида ёки хонақога кираверишда айвонлар қурилган. Баъзан ҳовли ўртасида ҳовуз ҳам бўлган. Масжид олдига, асосан, битта минора қурилган. Шунингдек, масжидга туташ ҳудудда таҳоратхона, бошланғич таълим берувчи эски мактаблар ва бошқа ёрдамчи хоналар барпо этилган.

Чингизхон босқини ва яқин ўтмишдаги Совет даврида масжидлар қурилиши кўп йиллар тўхтаб қолди. Мавжудларининг аксарияти мафкуравий асосга кўра ва бошқа турли важлар билан бузиб ташланди ёки бошқа мақсадларда фойдаланилди.

Совет Иттифоқи парчалангач, Марказий Осиё республикаларида виждон эркинлиги тамойилларига эътибор кучайиб, диний ибодатларга қўйилган таъқиқлар олиб ташланди. Шу тариқа динга эътиқод қилувчи аҳоли сони орта бориб, масжидлар етишмовчилиги юзага келди ва янгиларини қуришга эҳтиёж пайдо бўлди. Масжидлар қурилиши бошлангач, бугунга қадар бу жараён изчил давом этмоқда. Бироқ, Совет давридаги 70 йиллик атеизм даврида масжидлар қурилиши тўхтатилгани, бу борадаги эволюцион кетма-кетлик узилиб қолгани, мавжуд қурилиш услублари деярли йўқ бўлиб кетгани боис, янги масжидлар бунёд этишда қатор камчиликларни юзага келтирди. Кўпинча, ҳашар асосида шошма-шошарлик билан масжидлар қуриш, ҳеч қандай функцияни бажармайдиган, фақат декорация учун минора ва гумбазлар, тунукадан қуббалар ясаш авж олди. Натижада, ҳеч бир қолипга тўғри келмайдиган, миллий меъморий анъаналаримиздан йироқ масжидлар пайдо бўла бошлади. Шунингдек, кейинги 30 йилда махсус лойиҳага мувофиқ, қурилган ва қурилаётган масжидларни ҳам меъморчилик мактаби анъаналарига мос дея олмаймиз. Жумладан, Тошкентнинг “Ҳазрати Имом” мажмуасидаги масжид ва унинг икки улкан минораси мажмуа типига умуман мос келмаган. Улар Хива шаҳридаги “Жума масжиди”нинг ёнига 250 йил аввал қурилган миноранинг катталаштирилган нусхасидан бошқа нарса эмас. Ваҳоланки, Тошкент воҳасининг меъморчилик мактаби ўз шакл-шамойиллари ва услубларига эга. Бу айниқса, масжид типологияси ва минораларида яққол намоён бўлади. Тошкент масжидларининг миноралари шарафаси (айвони) томи, асосан, гумбазсимон қурилма билан тугалланади. Минораларда асосдан юқорига томон қисқариб бориш услуби деярли қўлланмайди. Минора деярли бир хил қалинликда қурилади ва унчалик баланд бўлмайди.

Масжид ва ибодатхоналар муқаддас маскан бўлиши билан бирга, халқнинг асрлар давомида шаклланиб, сайқал топган меъморий услублари, ўзига хос анъаналари акс этган ёдгорлик ҳамдир. Жаҳоннинг айрим мамлакатларидаги баъзи масжидлар бугунги кунда ноёб меъморий обида саналиб, ЮНЕСКО рўйхатининг бутунжаҳон маданий мероси сифатида муҳофаза қилинмоқда. Уларни кўриш учун ҳар йили миллионлаб сайёҳлар ва зиёратчилар боради. Бу эса ўз навбатида, ўша мамлакатлар хазинасига салмоқли тушум келтириб, аҳолининг иқтисодий манфаатларига хизмат қилади. Туркиядаги “Аё София” жомеъ масжиди, Мадинадаги “Абу Бакр Сиддиқ” масжиди, Бирлашган Араб Амирликларидаги “Шайх Зайд” масжиди, Исфахон шаҳридаги (Эрон) “Имом” масжиди, Қатардаги “Ислом факультети ва масжиди” биноси, Деҳлидаги “Жомеъ” масжиди кабилар шулар жумласидандир. Юртимизда ҳам ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатидан жой олган қадимий масжидлар : Бухородаги Калон масжиди, Самарқанддаги “Бибихоним масжиди”, Хивадаги “Жума масжиди”, Шаҳрисабздаги “Султон Жаҳонгир” сингари меъморий ёдгорликлар ноёб ва муқаддас обида саналади.

Қадимда улкан салтанат ва империялар ҳукм сурган, турли давлатлар, хонликлар номи билан юритилган, Каспий денгизидан то Уйғуристонгача чўзилган улкан Марказий Осиё – Туркистон ҳудудида асрлар давомида ўзига хос мусулмон меъморчилигининг мактаб ва услублари шаклланган. Хусусан, Ўзбекистоннинг масжидлар қурилишида тарихан шаклланган ўз услуби бор ва бу услуб кўплаб минтақа – мактабларга бўлинади. Булар – Бухоро-Самарқанд, Хоразм, Тошкент-Фарғона водийси, Қашқадарё-Сурхондарё мактаблари ва бошқалар. Биргина Тошкент мактабининг ўзида турли даврлар ва иқтисодий шароитларда турлича услубларни кўриш мумкин. Бу услублар бинонинг ҳажмида, қурилиш технологиясида, катта-кичик элементларида, қолаверса, ўзига хос дизайни, безаклари ва ҳатто ғиштлар ўлчамида намоён бўлади. Умуман олганда, Тошкент воҳаси сейсмик зонада жойлашгани сабаб, масжидлар, диний иншоотлар, кўпинча, минорасиз бунёд этилган, минора қурилса ҳам пастроқ бўлган. Шунингдек, айрим биноларни инобатга олмаганда, бошқа минтақа-шаҳарлардан фарқли ўлароқ, зеб-зийнат, кошинларга катта аҳамият қаратилмаган, масжидлар нисбатан сипороқ бўлган. Гумбазлар зангори кошин билан қопланмаган. Бино фасади ва гумбазларида табиий ғиштнинг ўзи қолдирилган. Интерьер ва айвон қисмида ўймакор тўсин, устунлардан кенг фойдаланилган. Тошкент шаҳрида, асосан, бир нечта масжидларнинг минора ёки унга ўхшаш элемент-гулдастаси сақланиб қолган. Жумладан, XIX асрга тааллуқли Эски шаҳардаги “Кўк масжид”, ХХ аср бошидаги “Тиллашайх” масжиди, Яҳё Қори масжиди минораси, Баланд масжид минорасини кўриш мумкин.

Лекин меъмор ота-боболаримиз ҳеч қачон яқин шарқ, хусусан, араб меъморчилигига тақлид қилишмаган. Масжидлар тархи (плани)ни тузишда, безаклар ва минора қурилишида бировга эргашилмаган. Биламизки, араб Яқин шарқи – Саудия Арабистони, Сурия, Ироқ, Иордания ва араб Мағириби (шимолий Африка) – Ливия, Жазоир, Тунис, Марокаш каби мамлакатларда қўша-қўша мезанали миноралар қурилган. Бу ўша юртлар меъморларининг ўзига хос топилмаси ва услуби ҳисобланади. Бу услуб ҳам тадрижий равишда ривожланиб, бугунги шаклга келган. Олимлар тахминига кўра, дастлаб Месопотамия ва Бобил (Ҳозирги Ироқ ҳудудидаги қадимги тамаддунлар)нинг зиккурат (ибодатхона)лари, устма-уст қурилган тўғри тўртбурчак ёки спиралсимон қурилмалар кейинчалик минораларга айлана бошлаган. Шунингдек, дастлабки минораларда зина минора атрофида бунёд этилган. Кейинроқ зиналар атрофи ҳам ўралиб, яхлит конструкциялар вужудга келган.

Вақт ўтиб борар экан, миноралар шаҳар миқёсидаги жомеъ масжидларнинг ажралмас қисми – меъморий элементи, шакли ва безаги ҳисобланади. Шунингдек, унда ўша юртнинг миллий меъморий анъаналари акс этади.

Услублар хилма-хиллиги ва замонавий технологиялар

Сўнгги маълумотларга кўра, жаҳон миқёсида мусулмон аҳоли сони 1.8 – 2 миллиардга яқин. Улар турли халқлар, тамаддунлар вакиллари бўлиб, масжидлар қурилишида ҳам ўша халқ яшайдиган иқлим ва миллий меъморий анъаналар, услублар акс этган. Қурилишда маҳаллий хом ашёдан фойдаланилган. Мисол учун, Африка ғарбидаги Гана, Гамбия, Сенегал каби мамлакатларда масжидлар ёғоч каркас (синч) ва лойдан, гуваладан узунчоқ ўтовсимон-чодирсимон шаклда қурилади. Серёғин Волгабўйи ҳамда совуқ Сибирда ёғочдан тик томли мусулмон ибодатхоналари бунёд этилган. Нам иқлимли Хитой масжидларида хитой меъморчилик анъаналаридан, хитойча тепага қайирлган томли ёпиш услубларидан унумли фойдаланилган. Қуруқ иқлимли юртимиздаги шаҳар ва қишлоқларда эса жомеъ масжидлар мусулмонча шаклдаги квадрат пишиқ ғиштдан, маҳалла масжидлари эса пахса ва гуваладан бунёд этилган.

Даврлар оша қурилиш ашёлари ва техникаси ҳам ўзгариб боради. Жаҳон бўйлаб илк Ўрта асрлардаги оддий, анъанавий масжидлардан то ХХ асргача модерн, пост модерн, хайтек услубидаги масжидлар пайдо бўлди. Биргина hi tech (хайтек – замонавий термин бўлиб, сўзма-сўз таржимаси: “техника қичқириғи”, “ҳайқириғи”, техниканинг энг сўнги ютуғи маъноларини англатади) услубининг вужудга келганига ҳам 50 йилдан ошди ва бизнинг давримизда у йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Бу услубда ҳам гўзал ва ғайриоддий масжидлар қурилмоқда.

Бугунги кунда қурилиш технологияларининг тараққий этиши катта ҳажмдаги баланд, ноанъанавий кўринишдаги ва кўп қаватли иморатлар қуриш имконини бермоқда. Ривожланган мамлакатларда энг сўнгги урфдаги – модерн, пост модерн, хайтек услубида юксак дид билан масжидлар қурилмоқда. Хусусан, Исломободдаги (Покистон) “Қирол Файсал” масжиди, Доха (Қатар)даги “Ислом факультети ва масжиди”, Остонадаги “Ҳазрат Султон” жомеъ масжиди, Аргундаги (Чеченистон) “Аймани Қодирова” номидаги жомеъ масжид, Татаристон пойтахти Қозон шаҳридаги “Қул Шариф” жомеъ масжиди, Германиянинг Кёльн шаҳридаги жомеъ ва бошқалар бадиий-эстетик яхлитлик акс этган гўзал масжидлардир.

Тақлидчилик

ХХI аср эшик қоқиб келганига 20 йилдан ошди, шунга қарамай, негадир, сўнгги 30 йилда Ўзбекистондаги янги масжидлар қурилишида Ўрта асрлар қолипидан, андоза ва шаклларидан чиқиб кета олмаяпмиз. Бу ҳам майли, асрлар мобайнида шаклланган юртимиздаги мусулмон меъморчилик мактабини янги мақомга олиб чиқиш ва миллий меъморчилигимизга таянган ҳолда замонавий обидалар бунёд этиш ўрнига негадир мағриб-араб меъморчилиги, хусусан, ўтмишдаги Арабистон масжидларига тақлид кучайган. Бундай ҳолатни Тошкентдаги “Фирдавс” масжиди, “Шайх Зайниддин бобо” жомеъ масжиди, “Ҳазрати Али” масжиди, “Новза” масжиди, “Доруссалом” масжиди миноралари шакли ва безакларида кўриш мумкин. Албатта, бу масжидлар ўзида араб меъморчилиги ютуқларини акс эттирган бўлсада ўзига хос гўзал мажмуа. Бироқ, мазкур иншоотларнинг миноралари, айрим элементлари, безаклари бизнинг минтақага ёт меъморчилик намунасини кўрсатиб турибди. Айрим масжидларда Тунис, Жазоир масжидларидаги каби равоқларда (арка) йўл-йўл безакларига тақлиқ қилинмоқда. Қолаверса, меъморчиликда “пропорция” (нисбат) ва олтин кесма тушунчаси мавжуд. Бу тушунчалар бинонинг лойиҳаси гўзал бўлиши, асос, баландлик ва бошқа элементларнинг ўзаро мутаносиблигини таъминлайди. Афусуски, булар замонавий масжидлар қурилишида қўлланмаяпти. Мисол учун, миноралар баландлиги бино ўлчамларидан анча баланд қилиб ишланмоқда. Бу эса ўз-ўзидан иншоотнинг визуал мувозанати йўқолишида яққон намоён бўлиб, бино ўта бесўнақай кўриниш касб этишига олиб келади. Шунингдек, Ҳадиси шарифда масжидларни ортиқча безамаслик ҳақида ёзилган бўлишига қарамай, хонақоларни худди тўйхоналардаги каби олтин бўёқлар ва бошқа нақш-безаклар билан бўрттириб ким ўзарга безаш авжига чиққан.

Шу ўринда меъмор бўлмаган киши савол бериши мумкин: “Хўш, нима қилибди? Бизнинг юртда арабча услубда масжид қуриш мумкин эмасми?”. Сўзсиз араб меъморчилиги обидалари гўзал санъат намунаси. Албатта мумкин. Аммо, ўз юртининг бой ва гўзал, ўзига хос меъморчилик анъаналри турганда, шу анъаналарни янги замонавий эстетик қарашларга, янги даражага олиб чиқиш ўрнига, тарихини яхши биладиган, ўзига хосликни плагиатдан устун қўювчи, бетакрор маданий мероси билан фахрлана оладиган меъмор ҳеч қачон ўзгаларга тақлид қилмайди, нусха кўчирмайди. Аксинча, асрлар давомида шаклланган ўз халқининг меъморий услубни ривожлантириб, ўз заковати ва маҳорати билан янги, юксак поғоналарни забт этади.

Назаримизда бундай тақлидга сабаб, биринчи навбатда, 90-йиллар бошида саҳоватли Яқин Шарқлик ватандошларимиз ва бошқа ҳомийларнинг молиявий ёрдами билан масжидлар қурилгани ва уларнинг шакл-шамойилини ҳам кўп ҳолларда шу ҳомийлар истаги белгилагани бўлиши мумкин. Қолаверса, ўтган асрнинг 20-йилларида юртимизда масжид қуриш жараёнининг мафкуравий асосга кўра тўхтатилгани, эволюцион кетма-кетлик бузилгани, шунингдек, илмий асос йўқолиб кетаётгани, устоз-шогирд анъаналари тўхтаб қолгани важ бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Бир вақтлар Тошкентда “Ўзтаъмиршунослик” илмий-тадқиқот лойиҳалаш институти мавжуд эди (Бу илмий муассаса 90-йиллар ўрталарида номаълум сабабларга кўра тугатилган). Бу даргоҳда архитектор, инженер, шарқшунос, ҳаттот, геолог, кимёгар, рассом ва бошқа кўплаб мутахассис- олимлар фаолият юритган. Бунда Тошкент-Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё-Сурхондарё, Хоразм-Қорақалпоғистон бўлимлари бор эди. Ҳар бир объект илмий тадқиқот асосида йиллаб ўрганилиб, таҳлил қилинган, лойиҳалаштирилган ва таъмирланган, назорат қилинган. Шунингдек, маълум бир минтақа меъморчилигини яхши билувчи усталар билим ва тажрибаларини шогирдларига мерос қолдирган.

Юртимизга Ислом дини кириб келганига XIII асрдан ошганига ва аллақачон халқимиз ўзига хос меъморчилик мактабини яратганига қарамай араб меъморчилигига тақлиднинг вужудга келишига яна бир сабаб, бизнингча, мактаб ва устоз кўрмаган, Ўрта Осиё меъморчилиги тарихидан, услуб ва мактабларидан бехабар меъморларнинг интернетдан, турли журналлардаги тайёр масжидлар фотосуратлари, лойиҳасидан нусха олиб, масжидлар бунёд этаётгани бўлса керак. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги 846-сонли қарори билан тасдиқланган Миллий рўйхатда бугун фақат Тошкент шаҳрининг ўзида 354 та маданий мерос объекти мавжуд. Бу рўйхатдаги ислом маданияти билан боғлиқ энг кўп ёдгорликлар – масжид-мадрасалар Тошкент шаҳрининг “Эски шаҳар” қисмида – Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида жойлашган. Ўлкашунос олим Н. Г. Малицский “Тошкентнинг кўча ва маҳаллалари” номли асарида ХХ аср бошларида Тошкентдаги ҳар бир маҳаллада 3-5 тадан маҳалла масжиди бўлганини ёзган. Бу масжидларнинг айримлари бугунги кунгача сақланиб қолган. Мисол учун, Тошкент шаҳрида минораси сақланиб қолган “Баланд” масжиди, “Кўк масжид”, “Тиллашайх” ва “Уккоша” масжидлари ёки яқин ўтмишда бузилиб кетган бошқа масжидларнинг фотосуратлари мавжуд. Шу минораларни, қурилиш услублари ва принципларини ўрганиш, уларнинг шакл-шамойилини янги, замонавий эстетик бадиий мезонлар, қулайликлар асосида замонавийлаштириб, янги масжидлар қуришда қўллаш бой меъморий маданиятимизни янги талқинда намоён этишга хизмат қилган бўлар эди.

Албатта, юртимизда истеъдодли мутахасис – меъморлар доим кўп бўлган. Чунончи, ўтган асрнинг 90-йиллари бошида ҳам Тошкент шаҳрида мамлакат миқёсидаги замонавий катта жомеъ масжидини қуриш ҳаракати бошланган ва бу борада маҳаллий меъморлар орасида танлов эълон қилинган эди. Иштирокчилар орасида ўша вақтдаги ёш истеъдодли меъморлар – Алишер Аҳмедов ва Неъматилла Расуловларнинг талқинидаги масжид лойиҳалари ўз даври учун дадил таклиф бўлган. Айрим кичик камчиликларга қарамай, бу лойиҳани мамлакатимиздаги биринчи марта қурилиши мумкин бўлган “хай-тек” услубидаги масжид, десак муболаға бўлмас. Минг афсуски, бу инқилобий, замонавий лойиҳани кўпчилик ўша вақтда яхши англай олмади ва оқибат қоғозда қолиб кетди. Асосийси, унда катта маъно –ифодавийлик мужассам эди. Ҳадра майдонининг шарқ томонида – эски трамвай депоси ўрнида қурилиши мўлжалланган жомеъ масжиднинг улкан том ёпилмаси учлари бир жойда бирлашиб, кўкка қараб интилган ва шу жойда баланд замонавий шаклдаги минора ҳосил қилган бўлиши керак эди. Бу рамзий маънода Яратганга – Аллоҳга қараб интилиш, юзланиш, инсонни юксакликка чорлаш, покланиш каби маъноларни англатади. Минора бир вақтнинг ўзида ҳам ўз вазифасини ва енгил фазовий конструкцияли томнинг таняч вазифасини ўташи назарда тутилган. Лойиҳадаги камчиликлар тузатилиб, масжид бунёд этилганида бу обида балки 1975-1980 йиллар Исломобод шаҳрида (Покистон) қурилган “Қирол Файсал” масжиди каби гўзал меъморий обидага ва шаҳримизнинг замонавий рамзларидан бирига айланиши мумкин эди.

Постсовет ҳудуди давлатларидаги замонавий масжидлар

Мақолада Яқин Шарқ ва жаҳоннинг бошқа гўшаларидаги айрим замонавий масжидлар ҳақида мисоллар келтирилди. Шунингдек, мақолани ёзиш жараёнида узоқ-яқин қўшни мамлакатлардаги замонавий масжидлар қурилишларни ҳам ўрганишга ҳаракат қилдик. Жумладан, мусулмон ўлкалар – Татаристон, Бошқирдистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон республикаларида ҳам кейинги 30 йилда кўплаб янги масжидлар бунёд этилди. Айниқса, Жанубий Қозоғистоннинг Чимкент, Туркистон шаҳрида бунёд этилган масжидлар лойиҳаси ўта замонавий меъморчилик услуби билан ажралиб туради. Энг асосийси, янгича фикрлаш ва дадилликка таяниб, дид билан қурилган ушбу масжидлар ушбу шаҳарлар кўркига кўрк қўшиб турибди. Айрим масжидларни турк меъморлар лойиҳалаштирганига қарамай, минтақанинг, маҳаллий халқнинг меъморий анъаналари ва элементлари яққол акс этгани таҳсинга лойиқ. Чунончи, Туркистон шаҳридаги “Ҳожа Султон Аҳмад Яссавий” жомеъ масжиди меъморий ечимида Марказий Осиё масжидларининг умумий схемаси сақланган. Шу билан бирга замонавий, кескин геометрик шакллар, элементлар, хонақо ичидаги кенглик, ёруғлик ва нурга бойлиги, кенг ойнали улкан деразалар, минораларнинг замонавий талқини масжидга ХХI аср нафасини бериб турибди. Чимкент шаҳри марказидаги ўзига хос “Оқ масжид”да ҳам янгиликка, замонвийликка, яхлитликка интилиш сезилади.

Остона жомеъси, манба: today.kz

Тожикистон пойтахтидаги янги қурилган жомеъ масжидда ҳам маҳаллий анъаналарга содиқлик, миллий меъморчиликнинг замонавий талқинини кўриш мумкин. Бу бинодаги миллийлик ва замонавийликни майда деталлаштиришдан қочилган. Масжид биносининг яхлит гўзал конструкцияси, миноралари Марказий Осиё минораларига монанд ишланган.

Озарбайжон пойтахтидаги “Ҳайдар ҳожи” жомеъ масжиди эса гўзал ва замонавий обида бўлишига қарамай, турк меъморчилиги анъаналари асосида ишланган. Турк меъморчилиги, ўз навбатида, қадимий Византия (Рум) меъморчилигига бориб тақалади.

Татаристон пойтахти Қозон шаҳридаги “Қул Шариф” жомеъ масжиди мажмуасини, шубҳасиз, Шарқий Европадаги энг гўзал замонавий масжид, модерн услубидаги Ислом обидаси дейиш мумкин. Кейинги йилларда ушбу масжид ҳақида жуда кўп ёзилди, шу боис, у ҳақида ортиқча тўхталишни лозим топмадик. “Қул Шариф” масжиди қардош татар халқининг миллий меъморчилик меросига улкан ҳурмати рамзидир. Қолаверса, масжид замонавий Татаристоннинг жаҳонга машҳур тимсолига айланиб улгурди. Бу гўзал обидани кўриш учун жаҳоннинг турли чеккаларидан миллионлаб сайёҳлар ташриф буюришади.

Бошқирдистон пойтахти Уфа шаҳри бош жомеъси “Лола” масжиди ҳақида ҳам деярли юқоридаги фикрларни айтиш мумкин. Лола шаклини эслатувчи икки минора элементлари тик учли қизил ранли томлар билан уйғунликда ишланган. Маҳаллий меъморчилик услуби замонавий талқинда ифодаланган.

Қул Шариф жомеъси (Қозон), манба: livejournal.com
Лола масжиди (Уфа), манба: trave-l.ru

Туркманистон пойтахти Ашхободдаги ва Мари шаҳридаги жомеъ масжидлари ҳам эътирофга лойиқ. Бунда қадимий Хоразм меъморчилиги, хусусан, кўҳна Урганчда сақланиб қолган Султон Санжар мақбараси ёнидаги кўкка қараб қисқариб борувчи минора замонавий талқинда қўлланган. Иссиқ иқлимли Туркманистоннинг масжид қурилишида оқ ва мовий рангли материаллардан унумли фойдаланилган. Пештоқлар ҳам модерн талқинда дид билан ишланган. Айниқса, бу масжидлар орасида Мари шаҳридаги “Гурбангули ҳожи” масжидини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур иншоотларни қуришга маҳаллий мутахассислар билан бирга хорижлик малакали меъморлар ҳам жалб этилгани яхши самара берган.

Қирғистоннинг Ош шаҳридаги “Сулаймон Тоо” жомеъ масжидини қуришда ҳам замонавий ёндашув ва янгича услуб етакчилик қилгани сезилиб туради.

Янги масжидлар меъморчилиги ва зиёрат туризми

Масжид шунчаки ибодат маскани эмас, балки юртнинг меъморчилик анъаналари ва ютуқларини акс эттирган бебаҳо обида сифатида сайёҳларни жалб этувчи зиёрат объектига айланиши лозим. Мисол учун, европалик ёки америкалик сайёҳлар Яқин Шарқ, араб меъморчилиги обидаларини кўриш учун араб мамлакатларига боради. Улар Ўзбекистонга келса-чи? Марказий Осиё меъморчилиги анъаналари ўрнига араб меъморчилигига тақлидан қурилган иншоотларни кўриб ҳайрон бўлмайдими?!

Янги масжидлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда ушбу соҳа мутахассислари – миллий меъморчилигимиз тарихи бўйича олим, санъатшунос ва архитекторларни жалб қилиб, илмий кенгашлар тузиш ва улар ёрдамида концепциялар шакллантириш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шу йўл билангина Яқин Шарқ, араб ва бошқа халқлар меъморчилигига тақлидга, улардан нусха кўчирилган бир-бирига ўхшаш конвейр ва инкубацион лойиҳаларга барҳам бериш, мумкин деб ўйлаймиз. Ўзбек меъморчилик мактабини маҳаллий, миллий эстетик мезонларимиз, услубларимиз асосида яна ҳам юқори даражага олиб чиқишимиз ва бу билан зиёрат сайёҳлиги учун ҳам замин яратишимиз мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Юртимизда зиёрат туризмини янада жонлантириш учун имкониятлар етарли. Фақат бу имкониятлардан тўлақонли фойдаланилмаяпти. Зиёрат туризми фақат ўтмишдаги алломалар, тарихий шахслар, азиз-авлиёлар дафн этилган гўзал мақбараларни зиёрат этишдан иборат эмас. Шунингдек, қадимги масжид-мадрасалар, мақбаралар ва бошқа диққатга сазовор қадамжолар билан бирга замонавий масжидлар ҳам сайёҳлар учун қизиқарли объектга айланиб, мамлакатимизнинг туристик бренди сифатида танилиши керак. Бу эса замонавий масжидлар қурилиши концепцияси борасида кўп изланиш ва ишлашни тақозо қилади.

Ушбу мақолада тилга олинган масала, яъни замонавий масжид меъморчилиги хусусидаги фикрлар, танқидий қарашлар она юрти, унинг бебаҳо маданий меросини қадрловчи ҳар бир кишини қизиқтириши аниқ. Зеро, аждодлар меросини асраб- авайлашга интилаётган, бу мерос янада сайқал топиши учун баҳолиқудрат ҳаракат қилаётган мутахассис сифатида биз ҳам мазкур масалага холис ёндашиб, нуқтаи назаримизни билдиришга ҳаракат қилдик.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.