Глобализация ва мультипликация

Инсониятнинг энг соф ва беғубор даврлари бу болалик даврларидир. Негаки, айнан мана шу даврда инсоннинг қалби ва орзулари қордек оппоқ, мусаффо бўлади. Лекин, бугунги кунга келиб, замоннинг шиддати билан ривожланиб бориши, ахборот коммуникацияларининг тезлашуви натижасида балалардаги беғуборлик, софлик йўқолиб бормоқда.

Ҳозирги кунда телеканалларимиз орқали эфирга узатилаётган аксарият мультфильмларни Европа менталитетига хос тарзда суратга олинган мультфильмлар ташкил этади. Аслини олганда, қадрият ва ахлоқ тушунчаси нафақат Шарқ, балки Европа мамлакатларига ҳам хосдир. Бироқ, бугунги кунга келиб, ишлаб чиқарилаётган мультфильмларнинг кўпчилиги инсонийлик туйғулари ва миллий қадриятлардан анча йироқлашиб кетди. Бундай мультфильмлар эса комил инсон бўлиб вояга етишлари йўлида хизмат қилиши ўрнига улкан даромад манбаи сифатида хизмат қилиб келмоқда.

Натижада бу фақатгина юқори сифатли, кассабоп аммо, савияси паст, шу билан бир қаторда болаларнинг онггини ёт ғоялар билан заҳарловчи мультфильмларнинг кўпайишига замин ясайди. Энг ачинарлиси шуки, томошабоп ва ахлоқсиз мультфильмларнинг кўпайиб бориши келажат авлодни, инсониятни фалокат ёқасига олиб кетаётганлигини кўпчиликни бефарқ қолдирмоқда.  Барчамизга маълумки, бугунги кунга келиб, дунёда кино санъати саноат даражасига айланди. Бу бир томондан иқтисодиётни ривожлантиришга, кино ихлосмандларини кўпайишига кўмак вазифасини ўтаса, иккинчи томондан эса оми, дунёқараши тор одамларнинг кўпайишига олиб келади. Шу билан бир қаторда, театрдек тарбия ўчоғи саналган кино санъатининг санъат эмас, пулу даромад манбаига айланишига хизмат қилмоқда. Кинони-ку ақлини таниган, эс-ҳушини йиғиб олган томошабинлар “яхши-ёмон”ига ажратиб кўрар, бироқ, мультфильмларничи? Мультфильмдаги қаҳрамонларга тақлид қилиб, ҳаётда уларга ўхшашга харакат қилаётган митти “фаришталар”чи, улар нима қила олишади? Мана шу савол, шу масала бугуннинг долзарб муаммосидир. Бугун шу муҳим масала устида кўпроқ мултипликаторлар бош қотирмоқлари лозим. Чунки, мултипликация – бу шунчаки тасвир ва буюмларнинг харакатланиши, экранда акс этиши эмас, у санъатнинг барча турлари бирлашган, тарбиявий ахамиятга эга бўлган сирли оламдир. Мультипликаторларнинг вазифаси эса жонсиз буюмларни жонлаштириш билан чекланиб қолмай, балки уларга ўз қалбининг бир парчасини улашиб, келажак авлодни баркамол инсон бўлиб, тарбия топишга кўмаклашувчи тарбиячи вазифасини ўташи шарт.

Мамлакатимизда ҳам ушбу долзарб масала устида сўнги йилларда  қатор самарали ишлар олиб борилмоқда.

Самарали ишларнинг натижаси ўлароқ, “Олтин қиз”, “Кечжа ботир”, “Полиция ва ўғри”, “Ғилдиракли уй”, “Ҳаёт дарёси”, “Матизвойнинг саргузаштлари” ва қатор мутльфильмлар суратга олинди. Постановкачи режиссёр Дмитрий Власов томонидан суратга олинган “Ҳаёт дарёси” номли мультфильм чуқур фалсафий мазмунга эга бўлиб, мультфильмда инсоннинг туғилишидан бошлаб, охирги манзилга етгунга қадар босиб ўтган умр йўллар акс этган. Инсон умри дарё каби зумда оқиб  кетишига ўхшатишлик, эскизлар асосида чизилган расмлар, мультфильм стилидаги ўзгаришлар ижодкорларнинг ўз устида ишлашлари ва изланишларини самарасини кўрсатди. Ҳаёт тарзини ўзгартирмоқчи бўлган одамнинг бошидан кечирган саргузаштларини ҳикоя қилувчи постановкачи режиссёр Азиз Муҳаммедовнинг  “Ғилдиракли уй” мультфильми ҳам рангли бўёқларда чизилган ёрқин характерли қаҳрамонларга бой.

“Матизвойнинг саргузаштлари” мультфильми эса сўнги йилларда компютер графикаси асосида ишланган сифатли мультфильмлар сирасига киради.

Мультипликаторларимизнинг ёт ғояларидан ҳоли бўлган бу мультфильмлари болажонлар тарбияси йўлида қилинган хайрли ишдир. Аммо мамлакатимизда бу ёш санъат ҳали тўла-тўкис ўз имкониятларини солмаяпти. Мультипликациямиздаги мавзу ва жанрларнинг оқсаши, қаҳрамон даражасига кўтарилган мульт қаҳрамонларимиз йўқлиги боис, телеканалларимизни  Хитой, Америка, Европа мафкураси сингдирилган мультфильмлар эгаллаб олди. Болалар онггига ижобий тарафлари бисёр бўлган аммо “парда орти”даги салбий талаблари кўп бўлган, “Том ва Жерри” (“Tom and Jerry”), “Широқ” (“Шрек”), “Жирканч камина” (“Despicable me”) сингари мультфильмларни болажонларимиз севиб томоша қилишмоқда. Асосий мазмуни ёвуз, пасткаш, худбин одамнинг тўғри йўлга қайтиши ҳисобланган “Жирканч камина” мультфильми умумий маъно касб этишдан ташқари ботиний маъно ҳам касб этади. Фильмнинг биринчи қисмида Грю исмли бош қаҳрамон ёвуз ташкилотдан дастмоя олиб, пулини олиш учун қўлдан келганча ҳаракат қилади. Фильм якунида оиласиз бўлган Грю 3 фарзандни боқиб олиб меҳрибон ота сифатида гавдаланади.

Лекин, мультфильмдаги шакл-шамоили сап-сариқ, бир кўзли, бир жинсли махлуқлар, Грю ва унинг дўстлари иштиёқ билан ўғирлик қилишлари, фильмнинг мантиқий давоми ҳисобланган “Минионлар” ҳақидаги қисми ҳам болар онггига кучли таъсир қилиб, уларда бузғунчилик, ҳаёсизлик, ёвузлик каби ҳиссиётларни уйғотади. Болаларнинг  севимли қаҳрамони ҳисобланган.

“Широқ”, “Том ва Жерри” ҳам худди шунда беҳаёлик, бешавқатлик, одамийликдан ҳоли бўлган ғояларни тарғиб қилувчи ва бевосита болалар мафкурасига таъсир қилувчи мультфильмлар сирасига киради. Мультфильмлар сюжетига эътибор қиладиган бўлсак, қаҳрамонлар бир-бирлари билан урушадилар, бир-бирларини дўппослайдилар, баъзи ҳолларда эса бошқа қаҳрамонларни ўлдирадилар. Ҳаттоки, “Широқ” мультфильмида ўлим жуда завқли ва кулгили кўрсатилган ҳолатлари мавжуд. Биргина Широқ, Малика ва қушча бирга қўшиқ куйлашадиган саҳнасини олайлик. Қўшиқ якунига етиши билан қушча нобуд бўлади. Қаҳрамонлар эса нобуд бўлган қушчага сира ачинмай унинг тухумларини иштаҳа билан паққос тушуради. Лекин бу тухумлар ичидан қушчалар чиқиши мумкинлиги ҳеч бир болада ачиниш ҳиссини уйғотмайди. Аксинча, бу болаларда бемеҳрлик, қаҳри-қаттиқлик ва ахлоқсизлик сифатларини келтириб чиқаради. Ёрқин ранглардаги ижобий қаҳрамонларнинг хар бир ҳаракати бола онггида яхшилик рамзи бўлиб сақланиб қолса, қаҳрамонларнинг ҳаракатларига қўшилган салбий харакатлар сезилмайгина мухрланади.

Бугун мана шундай жадал суръатлар билан одимлаб бораётган жараённинг тўғри амалга ошишида мультипликациянинг ўрни беқиёсдир. Бугунги ёш авлоднинг келажакда ватани, халқи учун хизмат қиладиган ҳар томонлама етук инсон бўлиб вояга етишишида тарбиявий мактаб ҳисобланган мультфильмларнинг сифати яхшиланиши, билимли кадрлар ва мультфильмлар сони кўпайиши лозим. Шунингдек, мультипликациямизда миллий мафкурамиз ва қадриятларимиз акс этган, халқимиз тарихидан ва урф-одатларидан ҳикоя қилувчи, қаҳрамони келажак авлод учун ўрнак бўладиган тарихий шахсларнинг бугунги замон қаҳрамонларига айланиши учун кўп изланишлар олиб борилсагина бугунда муаммога айланган масалага ечим топилган бўлар эди.

 

Санъатшунослик: “Кино санъати танқиди ва таҳлили” йўналиши

3 босқич талабаси Шаҳноза ТУЮНОВА

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.