Тарихий фильмларда тарихийлик ва бадиийлик муаммоси (замонавий ўзбек фильмлари контекстида)

Бизга маълумки, ҳар бир миллатнинг маданияти, санъати авваламбор тарих билан чанбарчас боғлиқ. Бу тарихийлик фильмларда ўзига хос тарзда талқин қилинади. Бундай фильмларда ўтмиш ҳақидаги оммавий ғоялар, тарихни яхлит англаш каби тушунчалар фильмларда тарихий фактлар асосида амалга оширилса, бадиийлик нуқтаи назарида тарихда бўлган воқеа орқали ҳар доим инсониятда такрорланадиган муаммоларни кўтариб чиқиш ва бу муаммоларга ҳар бир замондаги авлод катта аҳамият бериш кераклигига урғу берилади. Аммо, баъзи тарихий фильмларда ҳар иккала, тарихийлик ва бадиийликнинг ўзаро боғланмагани сабабли натижада, тарихий фильмлардан кўзланган асосий мақсад яъни ижобий ғоявийлик йўқолиб қолади. Бундай ҳолатни тарихий фильмларда кўриб чиқишимиз мумкин.

Урушга сабаб бўлган ҳеч қандай муқаддас мақсад, мажбурият инсон жонидан қадрлироқ бўла олмайди. Ўзбек халқи ҳам иккинчи жаҳон урушининг бевосита иштирокчиси сифатида, ўз фожиаларига, ўз яраларига эга. Бу яралар билан боғлиқ туйғулар адабиётдан ташқари фильмларда ҳам ўз аксини топди.

Жаҳонгир Аҳмедов муаллифлигидаги “Илҳақ” фильми ҳам урушда бўлиб ўтган оғир жудоликларни бошидан кечирган, 5 фарзандини йўқотган ўзбек аёли Зулфия Зокированинг ҳаёти ҳақида сўзлайди. “Илҳақ” фильми тарихий воқеанинг ҳужжатли баёнини беради, лекин бу баён Зулфия Зокирова ва ўғилларининг тақдиридан яхши хабардор одамнигина таъсирлантириши мумкин. Бу фильмда бадиийликнинг етишмаслиги оқибатида қаҳрамон билан ҳиссий контакт узилиб қолганлиги яққол кўзга ташланади. Бунга сабаб фильм тарихий фактнигина кўрсатганлигида.

Тарихий воқеани ҳаққоний кўрсатиб беришни ҳужжатли фильм ҳам эплай олади. Аммо, санъатда қўйиладиган асосий талаблардан бири бу воқеа атрофидаги туйғуларни, одамларнинг эмоциясини умумий қилиб айтадиган бўлсак, бадиийлигини очиб бериш асосий масала саналади.

Хўш, бадиийлик ўзи нима? Бадиийлик бу ҳиссий таъсирчанлик билан узвий алоқада  бўлиб, нутқ соҳибининг ҳаяжонини, унинг атрофдаги нарса ва ҳодисаларга ижобий ёки салбий баҳосини ифодалайди, қаҳрамонни нутқи тасвири ҳамда улар орасидаги ўзаро муносабатларни ойдинлаштиргани ҳолда, режиссёр мақсадининг тўлақонли намоён бўлишига кўмаклашади. Бадиийликнинг етишмаслиги томошабинларнинг қаҳрамонлар қисматига ачиниш ҳиссини йўқотиб қўйиш каби ҳолатларни юзага келтиради ва бу албатта фильм учун катта йўқотиш бўлади айниқса, тарихий фильмларда.

Фильмда таъсирли ва яхши асосланган ўлим саҳналаридан бири “Қарғалар учса қарайлик” қўшиғини  айтиб ўзини қурбон қилган Аҳмаджонни мисол қилиб кўришимиз мумкин. Бу қаҳрамон уруш фожиалари, дахшатли вайроналиклар ва ғайриинсоний вахшийликларни кўргандан сўнг, буларга жавобан куч ишлатади. Фильмнинг айни шу жойида режиссёр ўз қаҳрамонини руҳий ҳолатларини очиб беришга, киши ҳиссиётининг айрим нозик деталларини чуқур ўрганишга катта эътибор берган.

Тарихий услуб бу кўпчилик учун бой ва энг муҳими ишончли материални топади. Ўзига хослиги эса ишончлилиги ва аниқлигидир.

Тарихий фильм олишда биринчи ҳеч бўлмаганда тахминий портрет ўхшашлиги керак. Режиссёр Дилмурод Масаидовнинг “Қўқон шамоли” фильми бу қоидага тўла-тўкис мос келади. Фильмда мушоираю, тўқималар, ишқий саҳналар бадиийлик сифатида киргизилган. Бадиийлик аввало тарихий фактларни эмас, қаҳрамоннинг шахсиятини тадқиқ қилиш, ички кечинмалари, қаҳрамонни ўзи билан ёлғиз қолдириш ундан сўнг бадиият элементлари тугун, кулминация ва ҳ.к аниқ тушуниш даражасида ишлаш тушунилади. Воқеалар ривожи бўлгани билан ҳиссиётлар ривожи суст. Фильм Амир Умархон ва шоира Нодирабегимнинг ҳаёти ҳамда Амир Олимхоннинг фожиали  ўлими сабаблари ҳақида сўзлайди. Режиссёрнинг олдида турган масала тарихий бир давр, тарихий бир шахс миллатни шаъни билан боғлиқлигини тушуниш, ҳамда ўша томондан объектив ёндашиш масаласи кўндаланг турганди фильмда. Аммо бу урунишлар фильмнинг айрим кадрларида ижодкорнинг субъектив дунёқараши маҳсули бўлиб қолганини кўришимиз мумкин. Мисол учун Навоий, Жомий, Бедил каби алломаларнинг асарларини ўқиб руҳан баркамолликка етган Моҳларойим, фильмда маиший ҳаёт исканжасида қолиб кетганини кўришимиз мумкин.

Бундан ташқари Нодирабегим ижодидаги муҳаббат тушунчаси шахсий туйғулар доирасидан юқори кўтарилиб, одамийликни чуқур идрок қилиш воситасига айлантирилади. Унинг шеърлари ислом руҳи, тасаввуф таълими ва ҳаёт фалсафасини чуқур идрок этган ҳолда ҳаётга ҳамма вақт умидбахш нигоҳ билан қарайди ва ундан эзгулик уруғини ахтаради. Фильмда эса унинг ижоди фақат енгил-елпи ва гап отиш мақсадида фойдаланганини кўришимиз мумкин. Умархон даврида Қўқон, Тошкент, Чимкент, Авлиёотада масжид ва мадрасалар қурилиб, қабристонлар тартибга келтирилган. Бундан ташқари Қўқонда илм, маданият, санъат, адабиёт, турли касб-ҳунарларнинг ривожига катта эътибор қаратилган. У ҳам дунёда тенги йўқ Лутфий, Жомий ва Навоийларни ўзига устоз санаб улар ижодига эргашган адабёт ихлосманди ва хон бўлган. Бундай ҳолатлар фильмда бошқача талқин қилинган ва бу режиссёрнинг олдига қўйган олий мақсадига хизмат қилмаётганлигидан далолат беради. Масалан: никоҳнинг илк кечаси Нодиранинг ётоғига кириб келаётган Амир Умархон эшик тагидаги канизак билан кўз қараш қилиб олади. Кейинчалик, ўша канизак Умархонга заҳар олиб кирадиган саҳнада, хон унга ғазал ўқиб беради. Бу ҳолатда эса, Амир Умархон шахсиятини юқоридаги берилган таърифларнинг ювилиб кетишига сабаб бўляпти. Айтишимиз мумкин, бундай ҳолатлар ҳаётда учраши мумкин дея, лекин ҳаётдаги барча воқеа-ҳодисаларни фильмга кўчириб бўлмайди. Айни вақтда режиссёр миллий қадриятларни акс эттиришни ўз олдига қўйган бундай шароитда. Воқеалар турфа хил аммо, уларнинг ижтимоий аҳамиятга эга бўлганларини саралаб олмоқ ҳамда бир шахс ёки бир миллат мисолида бутун инсониятга тааллуқли бўла оладиган фикрни айта олиш лозим.

Режиссёрларнинг воқеаларга нисбатан қай йўсинда қарашига биз тўсқинлик қила олмаймиз. Аммо, ижодкор фильми орқали томошабинга етказмоқчи бўлган фикрни, албатта, умумий ҳақиқат талабидан келиб чиққан ҳолда, бадиийлик ва тарихийликни йўқотмаган ҳолда ижтимоий фикр шаклида етказиши лозим. Бир нарсани ёдимиздан чиқармаслигимиз керак. Ҳар бир бадиий ва тарихий фильмлар замирида жамият ёки алоҳида шахслар ҳаётига дахлдор маълум оғриқли нуқталар ётади.

 

Санъатшунослик: “Кино санъати танқиди ва таҳлили” йўналиши 3 босқич талабаси Пардаева Сарвиноз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.