ЎЗБЕКИСТОН ҚЎҒИРЧОҚ ТЕАТРЛАРИ ЭЛЕКТРОН ПЛАТФОРМАСИНИ ЯРАТИШ ТАМОЙИЛЛАРИ

Бугунги кунда ҳар бир соҳага рақамли технологиялар инсонларнинг ҳаётига ва кундалик турмушига шиддат билан кириб бормоқда. Айниқса, бунинг маълум даври пандемия шароитига тўғри келди. Жамият тараққиёти, ҳуқуқий барқарорлик, маънавий-маърифий соҳалар қаторида узлуксиз таълим соҳаси — боғча тарбияланувчисидан тортиб, мактаб,  ўрта-махсус ўқув юртлари ўқувчилари, олий таълим талабалари ҳамда профессор-ўқитувчилар  бу вазият билан тўқнаш келдилар. Пандемия даври барчамизни технологик воситалар орқали интернет оламининг янги қирраларини очишимизга ва  инновацион дастурларни янада кўпроқ ўрганишимизга туртки берди.

Юртбошимиз 2020 йилни “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб белгилаганлари, ҳар бир соҳага йил бошидан рақамли технологияларни олиб кириш ва ривожлантириш лозим эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Зеро, ҳеч иккиланмай айтишимиз мумкин,  халқимиз карантин шароитида технологик ишланмалар ёрдамида  изоляция шароитида фаолият олиб бормоқда.

Шундай экан, ҳар бир соҳада ва йўналишда қатор янги ислоҳотлар, ёндашувлар ва инновацион технологиялардан фойдаланиш принциплари ҳам самарали йўлга қўйила бошлади. Биз танлаган мавзу мамлакатимизда қўғирчоқ театрини ривожлантириш, соҳага янгича лойиҳаларни тақдим этишдан иборат.

Ўзбекистонда Қўғирчоқ театри ўтмишда тараққий этган бўлиб, йиллар давомида унинг “чодир ҳаёл”, “чодир жамол”, “фонус ҳаёл” турлари фаолият кўрсатиб келган.

“Мустамлака ва совет даврида ҳам халқ  қўғирчоқбозларининг  40 га яқин тўдаси ҳар  тўдада қўғирчоқбоз, кофармон, 2-3 созанда бўлиб иш олиб борган. Янги шаклдаги Қўғирчоқ театри ҳаваскорлиги ХХ асрнинг бошларидан бошланган. 1939- йилда Тошкентда Республика қўғирчоқ театри, 1968-йил Андижонда “Лола” театри  ташкил топди” [2.1972]

Юртимзда бугунги кунда 10 та давлат тасарруфидаги ва кўплаб ҳаваскор қўғирчоқ театрлари фаолият юритиб келмоқда. Деярли барча вилоятларда қўғирчоқ театрлари ўз ижодларини олиб боради.

Ушбу соҳадаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш ва уни амалиётга қўллаш Президентимизнинг Фармонлари ва йил дастуридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши режалаштирилган. Зеро, соҳанинг тараққиёти бевосита давлат тасарруфи билан боғлиқ. Шу нуқтайи назардан келиб чиқиб, бажариладиган ишлар сарасига қўғирчоқ театрларининг фаолиятини ва уларнинг тарғибот-ташвиқот ишларини онлайн йўлга қўйиш лозим ва ҳозирги шароитда мазкур жараёнлар айнан соҳа вакиллари, ёш тадқиқотчилар, олимлар зиммасига катта маъсулиятни юклайди. Буни систематик ва режага кўра  амалга ошириш  керак, деб ўйлаймиз.

Хусусан, агар таҳлил қилиб қарайдиган бўлсак 10 та қўғирчоқ театрларининг шахсий веб сайтлари деярли мавжуддек кўринади. Лекин аслида улардаги камчиликлар нималардан иборат эканлигини кўриб чиқамиз. Мазкур йўналиш бўйича олиб борилган эксперимент кузатув ишлари тақдим этилади.

  1. Самарқанд вилоят қўғирчоқ театри – www.samkukol.uz ушбу сайт орқали қўғирчоқ театрининг охирги саҳналаштирган спектаклларидан бохабар бўласиз. Лекин у маълумот ҳам камида 10 кун олдин жойлашган бўлади. Сайтга театрда саҳналаштирилган хеч қандай қўғирчоқ спектакли жойлаштирилмаган. Сайтда 3 тилда деб берилган лекин ушбу тилларда маълумот чиқмайди. Сайт кузатувчилари ҳам 14 ёки 15 кишидан ошмаган. Бу деярли сайт ўз аудиториястга эга эмас дегани. Сайт бўлимларининг барчасида ҳам маълумот тўлиқ эмас.
  2. Бухоро вилоят қўғирчоқ театри – ҳеч қандай сайт мавжуд эмас. Маданият вазирлиги сайтида маълумотлар оҳиргиси 2019 йил 11 июндаги театрнинг Навоий ва Самарқанд вилоятларига концерт дастури билан якунланган.
  3. Навоий вилояти қўғирчоқ театри фаолияти ҳақида ҳам ҳеч қандай маълумотлар топилмади. Фақат баъзи эски спектакллар бўйича фоторасмлар маданият вазирлиги сайтидан топиш мумкин.
  4. Хоразм вилоят қўғирчоқ театрида ҳам ҳеч қандай сайт мавжуд эмас. Фақат ADVANTUR номли сайт орқали вилоят театрининг фаолияти, спектакль чиптасининг нархи, унинг номи ва уни қаерда жойлашганлиги 2 тилда берилган. Бошқа ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас. [3.]

  1. Қорақалпоғистон қўғирчоқ театри ҳам шахсий сайтига эга эмас. Ушбу театри фаолияти ҳақидаги маълумотлар фақат Маданият вазирлиги сайтидан топиш мумкин.
  2. Қашқадарё вилояти қўғирчоқ театрининг ҳам сайти мавжуд эмас. Охирги вилоят театри бўйича маълумотлар маданият вазирлиги сайтида 2018 йил 28 ноябрь ҳолати билан қайд этилган.
  3. Жиззах вилояти қўғирчоқ театрининг сайти мавжуд эмас. Лекин бу театр ҳақида маълумотлар излаш давомида энг фаол қўғирчоқ театрларидан бири эканлиги маълум бўлди. Маданият вазирлиги сайтида театр фаолиятининг ишлаш фаолияти ва янги саҳналаштирилган спектаклларнинг фоторасмлари билан ҳам кўриш мумкин.
  4. Фарғона вилояти қўғирчоқ театрининг сайт мавжуд эмас. Маданият вазирлиги сайтида ҳам 2019 йил апрель ҳолатига кўра маълумотлар берилган холос.
  5. Тошкент вилояти қўғирчоқ театри ҳаттоки мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳам номаълум интернет ресурсларида ҳам ҳеч қандай маълумот берилмаган.
  6. Сирдарё вилояти қўғирчоқ театри ҳақида ҳам ҳудди шундай сайт ҳам маълумот ҳам мавжуд эмас.
  7. Тошкент шаҳридаги Республика қўғирчоқ театри https://teatr-kukol.uz/ номли интернет ресурсига эга. Ушбу интернет саҳифаси 7 та бўлимдан иборат. Бош саҳифадаги сўнги янгиликлар саҳифаси ҳам 20.03.2020 санаси билан қайд этилган. Репертуарда март ойида тақдим этиладиган спектакллар рўйхати берилган. Театр тарихи саҳифасида қўғирчоқ театрнинг Ўзбекистонда пайдо бўлишидан то шунга қадар ривожланиши  ҳақида маълумот ёритилган. Ҳужжатлар саҳифасида хеч нарса топилмади. Спектакллар саҳифасида жудаям ачинарли аҳволда фақатгина 5 та спектакль номи ва уларнинг ижодкорлари ҳақида маълумот берилган. Лекин ушбу спектакллар 2018 йил декабр ойида жойлаштирилган бўлиб, аслида қўғирчоқ спектакллар 1999 йил, 2008 йилларда саҳналаштирилган. Янгиликлар саҳифасида ҳам 6 та бўлим мавжуд бўлиб, айнан шу репертуардаги маълумотлар қайтарилган.

Янгиликлар саҳифасининг ўзида шу сўздан бошқа ҳеч нарса йўқ. Эълонлар саҳифасида эса ҳаттоки саҳифа номи ҳам нотўғри ёзилган.

Тадбирлар саҳифасида ҳам охирги 2018 йилда ўтказилган ногиронлар уйидаги тадбир фоторасмлари ва қисқа маълумотлари берилган. Бизнинг ютуқлар саҳифасида ҳеч нарса топилмади. Фотогалерея саҳифасида ҳам бирор спектакль фоторасми топилмади. Видеогалереяда эса Термиз шаҳрида Юртбошимиз  ташаббуслари билан илк маротаба ўтказилаётган  “Халқаро бахчилик санъати фестивали” олдидан Ўзбекистон давлат қўғирчоқ театри ва театр ёшлар иттифоқи томонидан “Ўзбекистон юрт ҳақида куйлайин!” деб номланган Халқона Челленждаги қатнашган видео лавҳасини жойлаштирилган. Сайт республика миқёсидаги маълумотлар базаси сифатида талабга умуман жавоб бермайди. Оғриқлиси шундаки,  на вилоят театрлари, на республика қўғирчоқ театрида сайтга жойлаштирилган бирорта ҳам қўғирчоқ спектаклларининг электрон варианти мавжуд эмас.

Ҳозирги кунда рақамли технологиялар ривожланган даврда интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлари орқали  инсонларнинг медиа эҳтиёжлари қондирилади. Бу борада хорижий мамлакатлар тажрибасини ҳам ўрганиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Эндиликда соҳага креативлик ва замонавийликни, инновацион ёндашувларни қўлласак бизнингча ушбу келтирилган масалалар ўз ечимини албатта топади.

Шу боисдан қуйидаги таклифларни  келтириб ўтмоқчимиз;

  1. Қўғирчоқ театри соҳасини ривожлантириш мақсадида умумий, барча замонавий талабларга жавоб берадиган электрон веб-сайт платформасини ишга тушуриш;
  2. Мазку платформа мактабгача таълим муассасалари ва олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги интернет тармоқлари билан бевосита ҳамкорлик қилишини йўлга қўйиш; шунингдек, айнан таълим муассасалари тарбияланувчилари қўғирчоқ театри аудиториясини ташкил этади.
  3. Барча вилоятларда ва марказда саҳналаштирилган спектаклларнинг аудиовизуал ёзувларини ихчам ва сифатли форматда сайтдан кўчириб олишни йўлга қўйиш; бунда болалар учун томоша қилиши осон, арзон усулда томошалар аудиовизуал ёзувлари яралади, энг асосийси архив материаллари учун ҳам база юзага келади.
  4. Ҳар бир спектаклни туғилишидан то саҳнага чиққунига қадармуҳим жараёнларни видео тасмаларини яратиш; бунда мутахассислар ва томошабинлар соҳа бўйича керакли маълумотларга эга бўлишади.
  5. “Ўзбекистонда қўғирчоқ театри тарихи”га бағишланган ҳужжатли фильм ҳали яратилган эмас. Ушбу санъат соҳасининг ривожланиши ва бугунги кунга келиб Ўзбек миллий қўғирчоқ театри санъатига асос солган ва ривожланишига ҳисса қўшган барча олимлар, соҳа мутахассислари, ижодкорлар ҳаёти ва фаолияти акс эттирилиши;
  6. Вилоят қўғирчоқ театрларининг туризм соҳаси билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш; бунда Ўзбек миллий қўғирчоқ театр санъатининг дунё туризм бозорида ўз мавқеига эга бўлиши ва чет эллик сайёҳларнинг Ўзбекистонга яна бир бор қизиқишини ортириши мақсад қилинган.
  7. Соҳадаги барча илмий, бадиий, методик ўқув қўлланмаларнинг электрон каталогини яратиш; Ушбу каталог ҳар бир вилоят қўғирчоқ театрларида мавжуд бўлиши қўғирчоқ театри мутахассисларининг ўз билим ва тажриба-малакаларини оширишига ёрдам беради.

Қўғирчоқ спектакллари улғайиб келаётган ёш авлод қалбида она юрт, унинг сўлим ва бой табиати, атрофдагиларга меҳр-муҳаббат уйғотиш, инсон ва табиат уйғунлиги каби юксак фазилатларга эга бўлишни ўргатади, томошабин эстетик тарбия, маънавий озуқа беради, болалар дунёқарашини шакллантириб, фикрлашга, ҳаётган теран назар билан боқишга ўргатади.  Ўзбек миллий қўғирчоқ театри санъатида амалга оширилаётган барча ислоҳотлар нафақат миллатимизнинг, балки қардош халқларнинг орзу-истакларини юзага чиқариш билан бирга, соҳада янгича қадамлар ташланишига туртки бўлади. Ҳар бир бола ўзга бир дунё, унинг дунёсини эзгуликлар ва гўзал туйғуларга тўлдириш улкан вазифамиз бўлиб қолади.

 

 Гавҳар Назарова

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.