Ўзбекистоннинг “ёнғоқ” потенциали: уни қандай рўёбга чиқарса бўлади?

Дунёда ҳар йили 2 млн. тоннадан зиёд ёнғоқ етиштирилади ва истеъмол қилинади. Сўнгги 4 йилда ушбу маҳсулотни истеъмол қилиш 20 фоиз ўсди. АҚШ, Чили, Украина, Хитой ва Молдова энг кўп ёнғоқ экспорт қилувчи мамлакатлар сирасига киради. Чили, Украина ва Молдова сингари ривожланаётган мамлакатларнинг умумий экспорт ҳажмида ёнғоқнинг аҳамияти катта. Масалан, 2017/2018 йилги мавсумда Украинанинг ёнғоқ экспортидан тушган даромади 131,5 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Таққослаш учун, 2017 йилда Ўзбекистон автосаноати умумий миқдори 143 млн долларлик енгил, юк машиналари ва автобусларни экспорт қилди. Яна бир мисол: Чили ёнғоқзорларни 5 бараварга кўпайтириб, экспорт ҳажмини қарийб 1 млрд. долларга етказишни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон ушбу маҳсулотни етиштириш бўйича қулай иқлим шароитига эга бўлишига қарамай, ёнғоқ экспорт қилувчи асосий мамлакатлар қаторига кирмайди. Бунинг сабаби нима? Ўзбекистон ҳам ёнғоқ бозорида ўз ўрнига эга бўлиши ва Чили, Украина ёки Молдова сингари мамлакатлар билан рақобатлашиши мумкинми? Республикада бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бундай саволларга жавоб топмоқчи бўлсангиз, UzAnalytics’нинг махсус репортажини ўқиб кўринг.

Ёнғоқ плантациялари томон илк қадамлар

Ёнғоқ етиштириш ва қайта ишлаш корхонаси раҳбари Толибжон Абдужалилов ҳар куни эрта тонгдан ёнғоқзорига йўл олади. Жорий йил баҳорида 30 гектар майдонга Американинг Chandler навли 5 минг дона ёнғоқ кўчатини эккан эди. Бу Самарқанд вилоятида тажриба тариқасида яратилган дастлабки ёнғоқ плантациясидир.

− Chandler тез ҳосил берадиган нав бўлиб, учинчи йилдан ҳосилга кира бошлайди. Яна 500 гектар майдонни ёнғоқзорга айлантиришни режалаштиряпман. Бошқа навларни экиб кўрмоқчимиз, – дейди 21 йилдан буён ёнғоқ бизнеси билан шуғулланиб келаётган Толибжон. − Бу маҳсулотга талаб катта. Биз бутун республика бўйлаб ёнғоқ харид қиламиз. Уларни қайта ишлаб, қадоқлаб, сўнгра Туркия, Озарбайжон, Беларусь, Бирлашган Араб Амирликлари, Ироқ ва Эронга экспорт қиламиз.

Ўтган йили Т. Абдужалиловнинг корхонаси 1,1 млн. долларлик ёнғоқни четга сотди.

Ёнғоқ – чиқиндисиз маҳсулот. Толибжон айтишича, унинг нафақат мағзи, майдалангани ва уни, шунингдек, пўстлоғи ва ичидаги парда деворлари ҳам харидоргир.

Фермер ёнғоқ кластери ташкил этишни режалаштирмоқда: давлат ажратиб берган 2 гектар ерда логистика маркази барпо этяпти.

Ўзбекистон Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилари ва экспорт қилувчилари уюшмаси мутахассиси Элбой Бозоров сўзларига кўра, ҳозирги кунда мамлакатимиздаги ёнғоқзорлар (саноат кўламида етиштирилаётган ёнғоқ плантациялари) майдони 7,5 минг гектарни ташкил этади. 2021 йилдан бошлаб, ушбу ёнғоқзорларда етиштириладиган маҳсулот четга экспорт қилина бошлайди.

Нега Ўзбекистон ёнғоқни экспорт қилувчи асосий мамлакатлар рўйхатига кирмаган?

– Ёнғоқ – намликни ёқтирадиган дарахт. Ўзбекистоннинг айрим жойларида, масалан, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида уни суғормай ўстириш мумкин. Бунда ёғингарчилик миқдори 800-900 мм.дан кам бўлмаслиги керак, – дейди биология фанлари номзоди, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ходими, республикадаги ёнғоқзорларни ривожлантириш лойиҳаси раҳбари Евгений Бутков.

Унинг айтишича, Совет даврида ҳамма эътибор пахтага қаратилгани сабабли бундай экинларни етиштириш учун суғориладиган ерлар ажратилмаган. Шу боис Ўзбекистонда ёнғоқ плантациялари ривожланмаган.

– Шундай бўлса-да, республикада ёнғоқдан 40 минг тоннага яқин ҳосил олинади. Бироқ у экспортга ярамайди. Четга сотиш учун бир хил нав ва катта партиядаги ёнғоқ керак. Бунга фақат ёнғоқ плантациялари яратиш йўли билан эришиш мумкин. Европа билан Америкада ёнғоқнинг сариқ қобиқли ва сарғимтир мағизли навига талаб катта. Бизда эса кўпроқ жигарранг ва қизғиш рангли ёнғоқ навлари етиштирилади. Гарчи улар сариқ тусдаги ёнғоқ навидан анча мазали бўлса-да, хорижда бошқа нав стандартлари қабул қилинган. Шу боис биз мағзи сариқ рангли навларни экспорт учун етиштиришимиз керак, – дейди Бутков.

Унинг фикрича, президентнинг 2016 йилда “Ўзбекистонда ёнғоқчиликни ривожлантириш тўғрисида”ги қарори қабул қилингандан сўнг республикага Американинг Chandler навли ёнғоқ кўчатларини олиб кириш йўлга қўйилди. Афсуски, биз ҳали ушбу нав кўчатларини плантацияларда ўстириш бўйича етарли тажрибага эга эмасмиз. Ҳозирги кунда ёнғоқни саноат миқёсида ишлаб чиқариш бўйича илк қадамлар ташланяпти.

Ўзимизда ҳам тез ҳосил берадиган ёнғоқ навлари бор. Масалан, 1947 йилда олим Семён Колмогоров бутун СССРда машҳур бўлган “Идеал” навини етиштирган эди. Ҳатто ўша пайтларда ёнғоқ кўп етиштирилган Украинада ҳам ушбу нав кўчатларига талаб бўлган.

Калифорниядан келтирилган Chandler ёнғоғи кўчатлари ҳали иқлим шароитимизга мослашиб улгурмади. У ернинг иқлими бизникидан бутунлай фарқ қилади. Калифорнияда биздаги баҳорги совуқ об-ҳаво ёки жазирама ёз йўқ. Шу боис бу нав Ўзбекистонга қандай мослашиб кетади, қанақа ҳосил беради ва қандай касалликларга чалинади – олдиндан бир нарса дейиш қийин.

Янги ёнғоқзорлар ташкил қилинганига энди уч йил тўлди. Улар Самарқанд вилоятининг Жомбой ва Булунғур, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида барпо этилди.

Украина тажрибаси: ҳар битта экилган янги кўчат учун компенсация берилади

Украина дунёда ёнғоқ етиштириш бўйича тўртинчи, экспорт қилиш бўйича эса учинчи ўринни эгаллайди. Ушбу мамлакатда ёнғоқзорлар майдони йил сайин ортиб бормоқда. Украина ҳукумати ҳар бир янги экилган кўчат учун 330 гривна (қарийб 12 доллар) компенсация бериш орқали фермерларга ёрдам кўрсатмоқда.

Украина аграр конфедерацияси таҳлилчиси Неля Онишенконинг маълум қилишича, 2018 йилда ёнғоқзорлар майдони 3 фоиз ўсиб, 18,9 минг гектарга етди. Айни дамда ҳосилнинг атиги 14 фоизи саноат миқёсида етиштирилади.

Украинада етиштирилган ёнғоқнинг қарийб 70 фоизи экспорт қилинади. 2017-2018 йилги мавсумда ушбу мамлакатнинг ёнғоқ экспортидан олган даромади 131,5 млн. доллар бўлди. Жорий йилда эса ушбу кўрсаткич қарийб 180 млн. долларга етиши кутилмоқда.

Қўшни мамлакатларда-чи?

Қозоғистон саноат миқёсида ёнғоқ етиштириш йўлидан бормоқда

Сўнгги икки йилда Қозоғистон Туркистон вилоятида ёнғоқ хўжаликларини ривожлатирмоқда. Ҳозирги кунда вилоятдаги ёнғоқзорлар майдони – 257 гектар. 2018 йилда ушбу ёнғоқзорлардан 627 тонна ҳосил олинди.

Туман марказлари бозорларида қабул пунктлари очилган бўлиб, у ерда бир килограмм ёнғоқ ўртача 400-500 тенгега (1,04-1,30 доллар) сотиб олинади. Тадбиркорлар ёнғоқни қайта ишлаб (пўстлоғидан тозалаб), бир килограммини 1200-1500 тенгедан (3,12-3,9 доллар) сотади.

Олма-Ота, Жамбил, Туркистон вилоятларида мамлакатнинг қариб 85 фоиз ёнғоғи етиштирилади. Яқин 2-3 йилда Қозоғистонда ёнғоқзорлар майдонини 5 минг гектарга етказиш мўлжалланмоқда.

Ўзбекистонда ёнғоқчиликни ривожлантириш бўйича давлат дастури

2017 йил июнида Ўзбекистонда 2017-2020 йилларда ёнғоқ ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича давлат дастури қабул қилинган эди. Ушбу дастур 4 та босқични қамраб олади:

· биринчи босқич (2017 – 2019 йиллар) – ёнғоқ кўчатларини республикага олиб келиш;

· иккинчи босқич (2018-2019 йиллар) – ёнғоқни пайвандлаш учун пайвандтагларни келтириш;

· учинчи босқич (2020 йил) – лаборатория шароитида ёнғоқнинг тегишли минтақа табиий-иқлим шароитларига мос юқори ҳосилдор навларини ишлаб чиқариш;

· тўртинчи босқич (2018 – 2020 йиллар) – ёнғоқ етиштириш ва уни ички ҳамда ташқи бозорда сотишни йўлга қўйиш.

Ёнғоқ плантацияларини барпо этиш учун қарийб 10 минг гектар ер ажратилади. Республика бўйича Андижон, Қашқадарё, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида ёнғоқзорлар барпо этилади. Бундан ташқари, ана шундай плантацияларни яратишга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш учун 50 млн. долларгача кредитлар ажратилади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.