Forbes: “Ўзбекистон – Хитойнинг “Ипак йўли” лойиҳасидаги сирли дурдонаси”

Ўзбекистоннинг бугунги кунда дунёда инвесторлар назаридан четда қолаётгани ажабланарли эмас. Мамлакатнинг янги президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида социализмдан капитализмга ўтиш жараёни қиймати 50 миллиард долларлик мазкур иқтисодиётни инвесторлар радарлари экранига олиб чиқиши керак, деб ёзади Forbes журнали.

Сингапурлик активлар портфелини бошқариш бўйича стратег Рейнер Майкл Прейсс Forbes журналининг сайтида “Ўзбекистон – Хитойнинг “Ипак йўли” лойиҳасидаги яширин дурдонаси” деб номланган мақоласини чоп этди. UzAnalytics сайти мазкур мақоланинг инглиз тилидан таржимасини тўлиқ матнда ҳавола қилмоқда.

Мамлакатда Буюк ипак йўли бўйида жойлашган Самарқанд ва Тошкент сингари қадимий шаҳарлар бор. Ўзаро 344 километрлик юқори тезликдаги поездлар қатнайдиган темирйўл билан туташган ушбу икки шаҳар Хитой билан АҚШ ўртасидаги савдо уруши сабаб вужудга келган кескинлик давридаги глобал савдода муҳим роль ўйнамоқда. Ўзбекистон Тошкент шаҳрида 1,7 миллиард долларлик халқаро бизнес ва молия маркази қурмоқда. Унинг 70 гектарлик лойиҳасида саноат парки, 8 та бизнес маркази, савдо маркази, ресторанлар ва маданият маркази, шунингдек, аҳоли учун кўпқаватли уйлар бор.

Ўзбекистон айни дамда собиқ президент Ислом Каримовнинг ўлимидан сўнг, яъни 2016 йилда ҳокимиятга келган Ш. Мирзиёев раҳбарлигида дунёда иқтисодиёти энг тез ривожланаётган мамлакатлардан бирига айланди. Республика икки йилдаёқ иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан яккаланиб қолган мамлакатдан эркин бозор иқтисодиётига ўтди. Ш. Мирзиёев валюта алмаштириш қамровини кенгайтирди, капитал назоратини бекор қилди ҳамда стратегик бўлмаган корхоналардаги давлат улушини сотиш мақсадида хусусийлаштиришга киришди. Ҳукумат берган маълумотларга кўра, ушбу ислоҳотлар натижаси ўлароқ, 2018 йилда мамлакатга келаётган сайёҳлар сони икки баробар ортди, 2019 йилда бевосита чет эл инвестициялари бир йил олдингига нисбатан тўрт баробар кўпайди.

Ғарб мамлакатларининг қарздорлиги керагидан ортиб кетган бўлса, Ўзбекистоннинг қарздорлик даражаси паст бўлиб, унинг жами кўрсаткичи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 19,8 фоизни ташкил қилади. Февраль ойида республика илк марта халқаро облигацияларини сотиш орқали 1 миллиард доллар жалб қилди. Йиллик 5,375 фоиз даромадлиликка эга бўлган 10 йиллик облигациялариннг ҳар бири ҳозир 110 доллардан сотилмоқда, даромадлилик эса 4 фоизга тушди. Ўзбекистон Боливия, Бразилия ва Бангладеш сингари мамлакатлар қатори “S&P Global Ratings” ва “Fitch Ratings” агентликлари рўйхатида инвестиция даражасидан уч поғона паст BB- рейтингига эга.

Инвесторлар оқсоқоли Марк Мобиуснинг фикрича, глобал фонд менежерлари Ўзбекистоннинг инвестиция даражасидан паст кредитга қобиллик рейтингини кўплаб ривожланган бозорлардаги салбий фоиз ставкаларини ҳисобга олиб, кун сайин ижобий баҳоламоқда. Ўзбекистон инвесторлар учун ҳам жозибадор, чунки мамлакат газ, олтин ва бошқа маъданлар сингари бой табиий ресурсларга эга, дейди у. Республика яна дунёдаги энг йирик пахта экспорт қилувчи мамлакатлардан ҳам биридир.

Ўзбекистоннинг маҳаллий корхоналар орасида сармояга бўлган эҳтиёж жуда катта, аммо ички капитал бозори уларнинг сармояга бўлган талабини қондира олмайди, дейди “Daruma Capital” маслаҳат фирмасининг бошқарувчи ҳамкори Ёдгор Ғофуров. Банк соҳасидаги муносабатларнинг ҳамон консерватив тарзда тартибга солинаётгани ҳамда маҳаллий пул бирлигида қарз олишнинг ставкалари баландлиги (Марказий банк қайта молиялашнинг йиллик таянч даражасини 16 фоиз қилиб белгилайди) компанияларни ички бозордан қарз олишдан бездириб қўймоқда. Бу Ўзбекистон сингари тез ўсиб бораётган чегаралардаги молия бозорларига кириш учун тайёр турган чет эллик инвесторларга улкан ишга солинмаган инвестиция имкониятлари беради.

Ўзбекистон банк соҳаси глобал инвесторлар учун ўта муҳим имконият бўлиши мумкин. Тарихан шундай вазият вужудга келдики, аҳолининг асосий қисми банк хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга эмас, айрим экспертлар – синчилар баҳосига кўра, аҳолининг фақат 5 фоизи омонат ҳисоб рақамларига эга, чунки аксарият кўпчилик ҳалигача маошини нақд пул билан олади. Ҳукумат ташаббуси билан маошлар банк ҳисоб рақамлари орқали тўланиши ҳақидаги қонун қабул қилинди ва вазият тез орада ўзгаради.

Мамлакат иқтисодиёти 2018 йилда 6 фоиз ўсди. Халқаро валюта жамғармаси башоратига кўра, яқин йилларда бу ўсиш тезлашиб, 8 фоиз бўлиши кутилмоқда. Ўзбекистон 33 миллионлик аҳолисининг 64 фоизи 35 ёшга тўлмаган ёшлар экани ҳисобга олинса, ўсиш имкониятлари бисёр эканини кўриш мумкин. Мамлакатдаги аҳоли жон бошига ҳисобланадиган ялпи ички маҳсулот 1500 доллар бўлиб, Марказий Осиёдаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Ресурслари умуман йўқ Грузиянинг эса аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулоти 4500 долларга, нефтга бой Қозоғистонники эса – 9000 долларга тенг. Ўзбекистон Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон билан чегарадош бўлгани учун катта Марказий Осиё минтақаси учун трамплин ҳамдир. Мамлакатнинг стратегик жойлашуви Хитойнинг “Бир макон – бир йўл” ташаббуси учун асосий бўғин вазифасини ўтайди.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатни жадал тарзда саноатлаштирмоқда. У Жанубий Корея ва Хитойнинг автомобилсозлик компанияларини мамлакатда электр қуввати ва одатий механизмлар билан ишлайдиган уловлар ишлаб чиқаришга ишонтира олди. Ўтган йил декабрида мамлакатнинг жануби-шарқида жойлашган Қашқадарё вилоятида синтетик маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган завод қурилиши учун Хитой, Корея, Япония ва Россиядан 2,3 миллиард долларлик инвестиция жалб этилди.

Гарчи Ўзбекистон биржалари кенг инвестиция имкониятларига эга ва йирик ички бозорга киришни таклиф этаётган бўлса-да, улар етарлича баҳоланиб, ўрганилмаяпти, дейди “AFC Uzbekistan Fund” жамғармасининг ахборот технологиялари бўйича директори Скотт Ошерофф. Тошкент фонд биржасидаги кўпгина компаниялар P/E (баҳо/даромад) коэффициентида 5 мартадан кам савдо қилади ҳамда 25 фоизгача бўлган дивиденд даромадларини таклиф этади. Бу чет эллик инвесторлар Ўзбекистонда нималар бўлаётганин билиб олгунча қадар ҳукм сурадиган вақтинча ҳолатдир, дейди Ошерофф.

Рейнер Майкл Прейсс – сингапурлик автивлар портфелини бошқариш бўйича стратег. У глобал макроиқтисодиёт, жуғрофий сиёсат, чегаралардаги молия бозорлари, шунингдек, блокчейн ва янги технологиялар сингари мавзуларни ёритиш билан ҳам шуғулланади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.