Ўзбекистонда 9 май куни қандай нишонланди?

Катта байрамларнинг оммавий тантаналар ва парадларсиз, фақат зангори экран орқали нишонланиши мумкинлигига авваллари ҳеч ким ишонмасди. Бу йилги 9 май Ғалаба куни олдинги йиллардан фарқли равишда ўтказилди. Байрам руҳини фақат оммавий ахборот воситалари орқали ҳис қилиш мумкин бўлди. Бошқа мамлакатларда бўлгани каби, ўзбекистонликлар ҳам Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллигини коронавирус туфайли қатьий карантин талаблари остида нишонладилар. “Янги репортёр” сайти Ўзбекистонда Хотира ва қадрлаш куни ОАВларида қандай нишонланганлиги билан қизиқди.

Ўзбекистонда Иккинчи Жаҳон урушидаги Ғалабанинг 75 йиллигини нишонлашга тайёргарлик олти ой олдин бошланган эди. Ўшанда Президент яқинлашиб келаётган юбилей санасини кенг миқёсда тантанали ўтказиш тўғрисидаги қарорга имзо чекди. Деярли 50 пунктдан иборат дастур тасдиқланди. Улар орасида Тошкентда Ғалаба боғининг қурилиши, фашизмга қарши курашда қаҳрамонлик кўрсатган ўзбекистонликлар ҳақида янги бадиий ва ҳужжатли фильмларни ишлаб чиқариш ҳам режалаштирилган эди. Коронавирус эпидемияси ва мамлакатда карантин эълон қилинганига қарамай, мазкур боғ фойдаланишга топширилди, фильмлар суратга олинди. Аммо барча оммавий тадбирлар, шу жумладан уруш фахрийларини бориб табриклаш бекор қилинди.

Ғалаба боғи очилишининг эфирга узатилиши

9 мая 2020

9 май куни давлат телеканалларининг энг асосий воқеалардан бири Ғалаба боғининг очилиши ва Президентнинг уруш ва меҳнат фахрийларига бағишланган нутқи бўлди. Жонли эфир “Ўзбекистон-24” телеканали орқали эфирга узатилди. Боғнинг очилиш маросимидан сўнг Президент уруш ва меҳнат фахрийларига бағишлаб нутқ сўзлади, фахрийларни шундай табриклаш сўнгги бир неча йилда ўзига хос анъанага айланди. Фикримизча, тадбирга фақат Тошкент ҳудудининг фахрийлари ташриф буюришди. Вилоятлик фахрийлар эса байрамни асосан уйда нишонлади, улар боғнинг очилиш маросимини ва Президентнинг табригини телевидение орқали жонли эфирда томоша қилишди. Тадбир вилоят марказлари ва ҳарбий округларда видеоалоқа билан трансляция қилинди. Президент Шавкат Мирзиёев видеоконференциялар орқали вилоят раҳбарлари билан мулоқот қилди.

Давлат раҳбари фахрийларга ўз миннатдорчилигини билдирар экан, Иккинчи жаҳон урушида ўзбекистонликларнинг иштироки тўғрисидаги янги маълумотларни эълон қилди. Янги далиллар шундан далолат берадики, бугунги кунга қадар республикада яшаган 6,551 миллион кишидан, тахминан 1,5 миллиони урушда қатнашган деб ҳисобланарди. Охирги ҳисоб-китобларга кўра, 1,95 миллионга яқин киши Ўзбекистондан фронтга сафарбар қилинган.

Уруш ҳақидаги янги фильмлар премьераси

Бу йил ўзбекистонлик кинематографлар Ғалаба кунига катта совға тайёрлашди. “Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмаси ва кўмаги билан урушга бағишланган иккита янги бадиий фильм кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Булар Жаҳонгир Аҳмедовнинг “Илҳақ” ва Хамидулла Хасановнинг “101” тарихий бадиий кинокартиналари. Республика мустақилликка эришгандан буён Ғалаба куни муносабати билан бундай тақдимот бўлмаган эди.

Ушбу фильмларнинг премьераси 9 май кунига 2 кун қолганида барча телеканаллар, маҳаллий ОАВларнинг интернет саҳифаларида кенг ёритилди. Кинокартиналарни суратга олиш жараёни 9 май куни арафасида якунланди, шуни айтиш жоизки, тасвирга олиш жараёнларининг бир қисми пандемия даврига тўғри келди.

Улар орасида энг кўп кутилгани “Илҳақ” бадиий фильмининг тақдимоти бўлди, бунинг сабабларидан бири – Президент уруш қатнашчилари олдидаги чиқишида “Илҳақ” фильмга алоҳида тўхталиб ўтди: “Мен кеча халқимиз тарихидаги энг оғир ва фожиали даврларга бағишланган ушбу фильмни катта қизиқиш ва ҳаяжон билан томоша қилдим. Халқимиз ҳаётининг ана шу даврига бағишланган бу киноасар қаҳрамонлик қасидаси бўлиб, ҳар қандай инсоннинг қалбини ларзага солади”, – деди ва барчага фильмни оиласи билан биргаликда томоша қилишни маслаҳат берди. Режиссёр Жаҳонгир Аҳмедовнинг мазкур картинаси реал воқеаларга асосланган бўлиб, Иккинчи Жаҳон урушининг жанг майдонларида беш ўғлидан айрилган Зулфия Зокированинг фожиали ҳаёти тарихи ҳақида ҳикоя қилади. Зулфия Зокирова, унинг қаҳрамон ўғиллари ва бева қолган келинларига бағишлаб пойтахтимиздаги янги Ғалаба боғида “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуаси барпо этилди.

Зулфия Зокирова – ўша давр оналарининг матонати тимсоли. Беш ўғилни отасиз ўстириб, энди ёнига кириб оғирини енгил қиладиган бир пайтда, урушнинг бошланиши, кетма-кет ҳаммасидан ажралиши – бу урушнинг ҳақиқий қиёфаси ва миллионлаб оналарнинг фожиасидир. Бунинг устига, у дардини ичига ютиб келинларига ўрнак бўлишга ҳаракат қилади. Зулфия опанинг келинлари бевалигича қолади, яъни, уруш нафақат унинг, балки бутун оиланинг тақдирида из қолдиради. Совет даврида бу воқеа бадиий асарлар ёки кинотасмаларда ёритилмаган. Ушбу реал тарихий воқеанинг фильмни асосий сюжети сифатида танланиши картинанинг асосий ютуқларидан биридир. Чунки Зулфия Зокированинг ҳаётида бевосита акс этган Иккинчи жаҳон урушининг бу каби оқибатлари ҳар бир шахсни ларзага солади. Шу боис, “Илҳақ” фильми ўзининг таъсирчанлиги билан ажралиб туради.

Шу ўринда фильмдаги жанг саҳналарига эътибор бериш лозим. Киноасарда ҳақиқий уруш саҳналари гавдалантирилган. Фильмнинг суратга олиш ишлари асосан Ўзбекистонда олиб борилган бўлсада, жанг саҳналари Беларусиядаги махсус полигонларда тасвирга туширилди. Бу борада фильм ижодий гуруҳига белорусиялик ҳамкасбларининг кўмаги сезилади, сабаби совет даврида ва ундан кейин ҳам республика киноижодкорлари Иккинчи жаҳон уруши ҳақида жуда кам фильмлар яратишган, шунинг учун уруш ва жанг саҳналарини яратишда ўзбекистонлик киноижодкорлар кам тажрибага эга. Немис офицери ва аскарлари ролларини Европа халқларига мансуб актёрлар томонидан ижро этилиши, уларни немис тилида сўзлаши ҳамда жанг саҳналарини яратишда махсус эффектлар ва ўша даврга оид ҳарбий техникаларидан фойдаланилиши воқеаларни реал гавдалантиришда катта роль ўйнаган.

Икки кун давомида – 9 ва 10 май кунлари “Илҳақ” бадиий фильми мамлакатнинг барча телеканалларида намойиш этилди. Телеграм каналларнинг бирида ўтказилган сўровномага кўра, фильм 54% респондентларга манзур бўлган, 10% – ёқмаган, 17% – бошқача кино кутганликларини айтишган, 19% – эса жавоб беришга қийналган. Ҳаммаси бўлиб сўровномада 4,5 мингга яқин ижтимой тармоқ фойдаланувчилари иштирок этган.

Киночиларнинг кейинги совғаси – Иккинчи Жаҳон уруши йилларида урушдаги ўзбекистонлик 101 аскарнинг қаҳрамонлиги ва фожиавий тақдири ҳақидаги тарихий бадиий фильмдир. Фильм сценарийси қўйидаги реал воқеалар асосида суратга олинган. Тарихий маълумотларга кўра, 101 совет аскари 1941 йилнинг сентябрида Амерсфортга олиб келинган, улар ўзбекистонликлар бўлиб, Самарқанд эшелонидан бўлган. Манбаларга кўра, фашистлар тарғиботчиси вазири Йозеф Геббельс совет аскарларини “ярим одам, ярим ҳайвон” қилиб кўрсатувчи ролик тайёрлашни режалаштиради. Бу видео Москва жанги олдидан немис аскарларини руҳини кўтариши керак эди. Шу сабабли Европа халқларига мансуб бўлмаган кўринишли маҳбуслар танлаб олинади. Ролик режасига кўра, оч қолган, оғир шароитда сақланган аскарлар бир-бирларини бир бурда нон учун йиртқич ҳайвонлардек ғажиб ўлдиришлари керак эди. Шу мақсадда уларга нисбатан ҳайвонлардек муомала қилинади. Қаҳратон қишда улар тиканли сим билан ўралган очиқ майдонда сақланади. Асирларга деярли овқат берилмайди. Орадан маълум вақт ўтгач, лагерга бир гуруҳ кинематографлар келишади. Улар орасида кўплаб режиссёрлар, кинооператорлар бор эди. Немис офицерлари аянчли воқеани томоша қилиш учун келишган, кинооператорлар эса суратга олишга тайёргарликни бошлашади. Шу вақт лагерга машина кириб келади ва унинг багажидан янги пиширилган нон буханкасидан бир дона олиб асирларга ташлашади. Маҳбусларнинг бири нонни эҳтиёткорлик билан олиб, уч марта ўпиб ёши каттасига узатади. У эса ҳаммага бўлиб беради. Ҳар бир аскар унга теккан нон бўлаги билан қўлини иситиб, шошилмасдан кўзларини юмиб ейди. Еб бўлгач, “Худога шукр” дейди. Режаси чиппакка чиққанидан ғазабланган фашистлар маҳбусларнинг аксариятини отиб ташлашади, қолганлари эса очликдан вафот этади. Баъзи манбаларга кўра, тарихий суратга олиш жараёнига Геббельсни ўзи келган.

Шу вақтгача ўзбекистонлик аскарларнинг юқорида ҳикоя қилинган қаҳрамонлиги экранлаштирилмаган эди. Ҳаттоки, бу тарихий воқеанинг ўзи ҳам кўпчиликка номаълум бўлиб келган. “101” бадиий фильми томошабинлар учун ўзбекистонлик жанчиларнинг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган матонати тарихида яна бир саҳифани очди.

1999 йилда 9 май куни марҳумларни хотирлаш ва шарафлаш учун умумий сана сифатида номланганидан сўнг, бу байрамнинг Иккинчи Жаҳон урушидаги фашизм устидан қозонилган Ғалаба кунини нишонлаш қисми аста-секин иккинчи даражага ўтди. Иккинчи жаҳон уруши мавзуси нафақат яратилаётган фильмларнинг сценарийларида, балки телевизор экранларида ҳам деярли “кўринмади”. Ўшандан бери яратилган Иккинчи Жаҳон уруши воқеаларини акс этган бир иккита кинокартиналарда Сталин қатағонлари нуқтаи назаридан ёндашилди. Охирги бир неча йилда Ғалаба кунини нишонлашда катта ўзгаришлар кузатилмоқда. Ушбу сананинг бу йилги нишонланиши сўнгги йилларда кузатилаётган тенденциянинг далилидир.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.