Ўзбекистон атом энергетикасида минтақанинг етакчиси бўладими? Эксперт фикри

Иқтисодий рецессия ва коронавирус пандемияси Марказий Осиё мамлакатларининг сиёсий ва технологик устунлик ҳамда улкан ютуқларга эришишга бўлган интилишига тўсқинлик қилаётгани йўқ. Устувор вазифалар ҳар бир давлат учун ҳар хил, бу атроф муҳит хавфсизлигини таъминлаш масалаларидан бошлаб иқтисодий ўсиш ва тараққиётни қўллаб-қувватлаш учун атом энергетикасидан фойдаланишгача. Ўзбекистон ва Қозоғистонда АЭС қурилишининг ушбу мамлакатлар учун аҳамияти, бунга ундаган сабаблар ва минтақа мамлакатларида ядровий чиқиндиларни сақлаш муаммолари эксперт Маргарита Калинина-Польнинг CAAN нашрига берган интервьюсида муҳокама қилинади.

Маргарита Калинина-Поль – Монтерейдаги Мидлбери Халқаро тадқиқотлар институти (АҚШ, Калифорния) қошида ташкил қилинган Жеймс Мартин номидаги Ядро қуролини чеклаш масалалари бўйича тадқиқотлар марказининг катта менежери ва илмий ходими. 1999-2001 йилларда ушбу Марказнинг Олмаота шаҳридаги (Қозоғистон) минтақавий бўлимида ишлаган. Сўнгги беш йилда Маргарита Марказий Осиё ва бошқа собиқ СССР давлатларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, ядровий ва радиологик хавфсизлик бўйича бир қатор тадқиқотлар ўтказди. У уран чиқиндилари ва радиологик манбалар хавфсизлиги бўйича мақолалар, ҳисоботлар муаллифи ва ҳаммуаллифидир.

Маргарита Калинина-Поль
– Коронавирус пайдо бўлиши ва унинг дунё бўйлаб тарқалиши билан атроф муҳофазага боғлиқ масалалар фаол тарзда муҳокама қилина бошланди. Атом энергетикасининг атроф муҳитга зарари – баҳсли масала. Сизнингча, коронавирус атом энергетикасига қандай таъсир кўрсатади, дунёнинг айрим мамлакатларида атом электр станциялари қурилиши ортга сурилиши ёки бекор қилиниши мумкинми?

– Биз ҳали коронавируснинг алоҳида мамлакатлар ва умуман олганда, жаҳонга таъсирининг иқтисодий, ижтимоий ва экологик оқибатларини тўлиқ тушуниб олишимиз керак бўлади. Мен учун пандемия жаҳон миқёсидаги офатлар олдида ожиз эканимизни ва уларнинг олдини олишга тайёргарлигимиз ёмон эканини кўрсатиб берди. Бир тарафдан, пандемия глобал атроф муҳитга ижобий таъсир кўрсатаётгани ҳақидаги хабарларни ўқияпмиз, чунки бутун дунй бўйлаб карантин ҳолатларининг жорий қилиниши ҳавонинг ифлосланиш даражасининг камайишига олиб келди. Бошқа тарафдан эса, мамлакатларнинг вирус тарқалишини жиловлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари истеъмол ва тиббиёт чиқиндилари, жумладан, кўпчилигининг таркибида хлор ва бошқа зарарли кимёвий моддалар бор бир марта ишлатиладиган буюмларнинг жиддий ортиб кетишига сабаб бўлди. Чиқиндиларни чиқитга чиқариш озайди, чиқинди омборлари ё фаолиятини тўхтатди, ёки чекланган ҳажмда ишламоқда.

Ҳаво ифлосланишининг вақтинча пасайиши пандемия даврида ерда ва денгизда йиғилиб бораётган токсин, пластик буюмлар ва бошқа зарарли материалларнинг юқори даражаси сингари атроф муҳит билан боғлиқ бошқа муаммоларнинг кескинлашуви ўрнини қоплай олмайди. Коронавирус сингари атом энергетикасининг ҳам атроф муҳит билан муносабатлари мураккабдир. Ядро энергияси тоза ва барқарор энергия экани унинг фойдасига хизмат қиладиган асосий далилдир. Қазиб олинадиган ёнилғи ёки ёқилғида ишлайдиган электр станцияларидан фарқли ўлароқ, АЭСлардан чиқадиган углерод миқдори анча кам деб ҳисобланади. АЭСлар яна бошқа тикланадиган энергия манбаларига (шамол, қуёш энергияси) нисбатан жуда катта қувват билан ишлайди. Бироқ АЭСларда ядро чиқиндилари ҳосил бўлади. Атом энергетикасида яна минг йиллар давомида хавфи сақланиб қоладиган радиоактив чиқиндиларни якуний кўмишнинг барқарор усулини топиш ҳам керак бўлади. Яна АЭСларни барпо этиш жуда қиммат, уларнинг қурилиш харажатлари 10 миллиард АҚШ долларига боради.

Хавфсизлик, айниқса, ядро хавфсизлиги соҳасида иш олиб борадиган халқаро экспертлар ҳамжамиятлари АЭСлар хавфсизлигини ўрганмоқда. АЭСлар хавфсизлигини муҳокама қилаётганда, Три-Майл-Айленд (АҚШ), Чернобил (Украина, СССР) ва Фукусима (Япония) атом электр станцияларида рўй берган фалокатларни эътибордан соқит қилиб бўлмайди. Атом энергетикаси соҳасидаги зиддиятлар билан боғлиқ яна бир жиддий муаммо АЭСларнинг хавфсизлиги ҳамда уларнинг террорчилик ҳужумлари ёки саботаж[1] олдида заифлигидир. Бундай хатти-ҳаракатлар, эҳтимоли кам бўлишига қарамай, фалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Сўнгги муаммо шуки, тинчлик мақсадларидаги ядро дастури қўлланган илмий принциплар ва технологиялар сабабли ядро қуролини ишлаб чиқиш дастури учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Гап ишлаб турган АЭСларда электр қуввати ишлаб чиқариш ҳақида кетганда, менимча, пандемиянинг ядро энергиясига таъсирига аниқ баҳо беришга ҳали эрта. Глобал таъминот тармоқларида вирус сабаб бўладиган узилишдай умумий муаммолар, албатта, бор. Шуни ҳисобга олган ҳолда, ядро ёқилғиси циклининг дастлабки босқичида – уранни қазиб олишда – узилиш юз бериши мумкин, чунки Қозоғистон ва Канада сингари етакчи уран ишлаб чиқарувчилар вирус кенг тарқалиб кетаётган даврда уран ишлаб чиқаришни ё қисқартирди, ёки тўхтатиб турди. АЭСлар ўта муҳим инфратузилманинг бўлаги ҳисобланади, улар таркибига хавфсизлик ва қўриқлаш маданияти, шунингдек, фавқулодда вазият юз берганда реакторнинг тўхтовсиз ишлашини таъминлаш бўйича фавқулодда вазиятларда ҳаракатлар режалари киритилган бўлади. Асосий ходимлар жойларида қолади ва энг муҳими, АЭС операторлари объектларида жисмоний хавфсизликка дахл этилмаслиги ва барча хавфсизлик тартибларига амал қилиниши учун зарур чораларни кўради.

Албатта, атом электр станцияси қурилиши сустлашуви ёки бекор бўлишини кутиш мумкин, негаки, COVID-19 пандемияси бутун дунёда иқтисодий ўсиш суръатлари пасайишига олиб келди. Жаҳон ядро ассоциацияси маълумотига кўра, 30 дан ошиқ мамлакат ядро ва энергетика дастурларини амалга оширишни режалаштирмоқда ёки ишга туширмоқда. Ўзбекистон ўша мамлакатлардан биридир. Мен COVID-19 бошланишидан олдин атом энергетикаси дастурларини амалга оширишга киришиш имкониятларини кўриб чиқаётган айрим мамлакатлар қурилишни давом эттириш режаларини қайта баҳолаши ёки бундай режаларни номаълум вақтга кечиктириши мумкин, деган фикрдаман.

– Ўзбекистонда 2019 – 2029 йилларга мўлжалланган атом энергетикасини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Унга кўра, умумий қуввати 2,4 ГВт бўлган АЭС барпо этиш ва ундан хавфсиз тарзда фойдаланиш режалаштирилмоқда. “Росатом” давлат корпорацияси 2022 йили АЭСни кредит ҳисобига Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида жойлашган Тузкон кўли яқинида қуришни бошлашни мўлжаллаяпти. Атом энергетикаси Ўзбекистонга қанчалик зарур ва бу қанчалик ўзини оқлайди?

– Бу – мураккаб савол. Гапни расмий талқиндан бошлайман. “Ўзатом” вакиллари фикрича, Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш учун иккита асосий сабаб мавжуд. Ўша сабаблардан бири иқтисодий ўсишни жадаллаштириш бўлгани учун мамлакат ҳукумати қазилма ёнилғига қарамлигини камайтирмоқчи. Ўзбекистонда электр қувватининг асосий қисмини (85 фоизга яқинини) табиий газни ёқиш ҳисобига ишлайдиган иссиқлик электр станциялари, қолган қисмини эса (Тожикистон ва Қирғизистондан импорт қилинадиган) гидроэлектр станциялари ишлаб чиқаради ёки у кўмир ёқиб олинади. Бундан ташқари, “Ўзатом” вакиллари атом энергетикаси соҳасига сармоя ётқизиш Ўзбекистонга қазилма ёнилғига қарамликни минималлаштиришга ёрдам беришини айтмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб, Ўзбекистондаги электр қувватининг 15 фоизи ядро манбаларидан олинади.

Гарчи Ўзбекистонда АЭС қурилишининг асосий сабаблари сифатида иқтисодиёт билан экология айтилаётган бўлса-да, нега мамлакатлар атом энергетикасини танлаётгани борасида ўтказилган қўшимча таҳлил бундай қарор қабул қилишда сиёсий сабаблар муҳим роль ўйнаётганини кўрсатмоқда. Кўплаб мамлакатлар учун ядро технологияларига эга бўлиш обрў-эътиборга эришишни англатади, яъни бу ҳол улар “саралар гуруҳи”га мансублигини – илғор технологияларга эгалигини кўрсатади. Шундай қилиб, АЭС қурилиши лойиҳаси Ўзбекистон учун сиёсий жиҳатдан ҳам устувор вазифа ҳисобланади, у барпо этилса, нафақат ушбу мамлакатда, қолаверса, постсовет Марказий Осиё минтақасида ҳам биринчи атом электр станцияси бўлади. Марказий Осиёдаги илк атом электр станциясини ишлатиш Ўзбекистонни “атом энергетикаси кашшофи” ҳамда минтақада атом энергетикаси ва технологиялари соҳасидаги етакчига айлантиради.

– 2019 йил 3 апрелида Россия президенти Владимир Путин Қозоғистон раҳбари Қосми-Жўмарт Тўқаевга Россия технологиялари бўйича АЭС қуришни таклиф қилган эди. Қозоғистон ҳокимияти кейинчалик АЭС қуриш учун дастлабки жой сифатида Алмати вилоятининг Улкен қўрғони танлангани ҳақида баёнот берди, бироқ якуний қарор ҳалигача қабул қилингани йўқ. Атом энергетикаси Марказий Осиё минтақасига қандай афзалликлар бериши мумкин? АЭСнинг муқобили ҳам борми?

– Қозоғистонда АЭС қуриш ғояси бугун пайдо бўлгани йўқ. Аслида Қозоғистонда Совет ядро дастури доирасида 1972 йили BN-350 натрий билан совитиладиган дунёдаги илк тижорат реактори Каспий денгизи бўйидаги Актау шаҳрида яқинида қурилган ҳамда ундан денгиз сувини чучитиш ва электр қуввати ишлаб чиқариш учун фойдаланилган эди. Реактор 1999 йили бутунлай ёпилди. 90-йиллардан бошлаб, Қозоғистонда янги атом электр станцияси қуриш ғояси муҳокама қилиниб келмоқда. Ушбу муаммо мамлакат учун мураккаблигича қолмоқда. Совет ҳокимияти даврида ядро қуроли синовларини ўтказиш учун Қозоғистоннинг Семипалатинск шаҳри яқинидаги йирик ҳудуддан фойдаланилиб келган. 1949 йилдан 1989 йилга қадар Семипалатинск полигонида 456 та ядро қуроли синови ўтказилган, улар маҳаллий аҳолига ҳам, атроф муҳитга ҳам ҳалокатли таъсир кўрсатган. Шу тариқа ядро билан боғлиқ ҳар бир нарсага умумий антипатия – ёқтирмай қараш ва қаршилик қўрсатиши ҳисси мавжуд. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Қозоғистон ҳукуматининг энг кўзга кўринарли ютуқларидан бири мамлакат ҳудудида қолаётган Совет ядро қуролларидан воз кечиш, кенг қамровли ядро қуроли синовларини тўхтатиш, биологик қурол ишлаб чиқариш ва синов инфратузилмаси баҳридан ўтиш тўғрисидаги қарори бўлди.

Шунга қарамасдан, дунёдаги энг йирик уран ишлаб чиқарувчи ва ядро ёқилғисини йиғиш бўйича қувватларга эга мамлакат сифатида Қозоғистон ўзининг ядро дастури ғоясини амалга ошириш устида бош қотирмоқда. Шу сабабли ўтган йили В. Путин билан янги президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ўртасида ушбу масала муҳокама қилинганидан ажабланмаса ҳам бўлади. Назаримда, Ўзбекистоннинг ўз ядро ва энергетика дастурини ишлаб чиқиш борасидаги қарори ҳам Қозоғистонда яқинда ушбу мавзуга қайтилгани туртки берган. Лекин COVID-19 бошқалари қатори ушбу режаларни ҳам ортга суриб юбориши мумкин.

Юқорида айтиб ўтганимдай, мамлакатлар атом энергетикасига турли, жумладан, иқтисодий, экологик ва сиёсий сабабларга кўра эга бўлишга интилмоқда. Ҳам Қозоғистон, ҳам Ўзбекистоннинг тинч атом энергетикаси дастурини амалга оширишга интилаётгани ушбу мамлакатларнинг ядро қуролини тарқатмаслик борасида олган халқаро мажбуриятларига мос келади. Улар “Ядро қуролини тарқатмаслик тўрисидаги шартнома” (ЯҚТТШ) иштирокчиси ва ядро қуролига эга бўлмаган мамлакатлардир. Ушбу шартноманинг IV моддаси иштирокчи мамлакатларнинг атом энергиясини тинчлик мақсадларида ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ва фойдаланиш ҳуқуқини истисно қилмайди.

Ушбу мамлакатлар ядро қуролини тарқатмаслик соҳасидаги бошқа мажбуриятларини ҳам бекаму кўст адо этиб келмоқда. Улар “Ядро синовларини бутунлай тақиқлаш тўғрисидаги шартнома”ни қўл қўйган ва Халқаро атом энергетикаси агентлигига аъзо мамлакатлардир. Иккала мамлакат ҳам “Марказий Осиё — ядро қуролидан холи зона тўғрисида”ги (CANFZ) шартномани ратификация қилган – парламентлари тасдиғидан ўтказган. Ушбу шартнома билан Марказий Осиё 5 та мамлакатининг “ҳар қандай ядро қуроли ёки бошқа портловчи ядро қурилмасини тадқиқ қилиши, ишлаб чиқиши, ишлаб чиқариши, захира қилиб йиғиши, қўлга киритиши, уларга эга бўлиш ёки устидан назорат ўрнатиши” тақиқланади.

Агар Марказий Осиёнинг айни йўлдан бораётган ушбу ёки бошқа мамлакатлари атом энергетикаси соҳасидаги миллий дастурларидан фойда оладиган бўлса, бу келгусида муҳокама қилинади. Биз атом энергияси афзалликларини муҳокама этдик, энди эса муаммоларга эътибор қаратмоқчиман. Иккала мамлакатда ҳам ер қимирлаб туради ва бу хавфсизлик учун асосий муаммо туғдиради. Ядро технологияларининг Марказий Осиёда тарқалиши хавфсизлик учун жиддий оқибатларни келтириб чиқариши, минтақанинг жойлашуви эътиборни тортиши ҳамда маргинал ёшларни жалб этиб, диний радикаллашув ўсишига хизмат қилиши мумкин. Хавфсизликка бир қатор ҳам оддий (жисмоний ҳужумлар, “инсайдерлик”[2] таҳдидлари ва ҳк.), ҳам ноанъанавий (дронлар ёрдамида амалга ошириладиган ҳужумлар ва кеберҳужумлар сингари янги пайдо бўлаётган технологиялар) таҳдидлар мавжуд. Буни ядро энергетикаси дастурини амалга ошириш йўлига қадам қўяётган ҳар бир мамлакат ҳисобга олиши ва аниқлаши зарур ҳамда ҳар бир мамлакат ўз ҳудудида АЭСни жойлаштириш билан боғлиқ фойда у туғдириши мумкин бўлган хавфдан устун келиш-келмаслигини ўзи ҳал қилиши керак.

Мен тикланадиган энергия манбалари бўйича мутахассис эмасман, лекин билишимча, қуёш ва шамол энергиясидан Марказий Осиё мамлакатлари миллий энергетика стратегиясининг бир қисми сифатида фойдаланиш мумкин.

– Россиянинг Ўзбекистон билан Қозоғистонда АЭС қуришга тайёрлигига сиёсатнинг дахли борми? Масалан, Россия билан АЭС қуриш тўғрисида келишувга эришилгандан сўнг орадан 3 йил ўтиб, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) кузатувчи мақомини олди. Кузатувчи мақомини олиш ҳақида қарор қабул қилингани Москванинг АЭС қурилишини қўллаб-қувватлаши билан қайсидир тарзда боғлиқ бўлиши мумкинми?

– Ҳа, Россиянинг, айниқса, Марказий Осиёдаги Ўзбекистон ва Қозоғистон сингари мамлакатларда атом электр станциялари қуришининг сиёсий сабаблари бор. 2014 йилги Қрим воқеаларидан сўнг Ғарб дунёси уни сиёсий изоляцияга тушириб қўйди. Москва бунга жавобан ўзининг тарихий таъсир доираси, айнан Марказий Осиё ва собиқ совет республикаларида манфаатларини тиклаш борасидаги саъй-ҳарактларини фаоллаштириб юборди. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг аксарияти иқтисодий ҳамкорлик, жумладан, нисбатан янги бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқи (2015 йилда тузилган) шаклида акс этмоқда. Ядро энергетикаси соҳасида ҳамкорлик Россияга ушбу постсовет маконида ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий имкониятлар беради. Россиянинг Беларусда қурган АЭС жорий йилда ишга туширилиши керак эди.

АЭСлар “геосиёсий актив” бўлиши мумкинлиги ҳақида умумий фикр бор, чунки етказиб берувчи билан харидор ўртасидаги муносабатлар 30 – 40 йилга чўзилиши ва икки томонлама муносабатлар мустаҳкамланишига ёрдам бериши мумкин. Ўзбекистонда бундай муносабатлар янада мустаҳкам бўлиши мумкин. Ушбу мамлакатда кўпчилик рус тилини билади ва кўплаб техника соҳаси мутахассислари Россия университетларида таълим олган. Бундан ташқари, 2019 йилда Россиянинг етакчи олий ўқув юрти – Москва муҳандислик ва физика институти бўлғуси АЭСга муҳандислар ва техник ходимлар тайёрлаш учун Тошкентда филиалини очди. Ядро энергетикаси соҳасидаги ҳамкорлик Марказий Осиёнинг нафақат ушбу мамлакатида, балки минтақада мавқеини янада мустаҳкамлашга ёрдам беради, деб ўйлайман.

Ўзбекистон кўп йил давом этган турғунлик давридан сўнг тикланмоқда. Бу унинг минтақада етакчи ўйинчи бўлишдан манфаатдор экани ва шунга интилаётганидан дарак бермоқда. Янги президент Шавкат Мирзиёев ушбу мақсадга эришиш учун мамлакатни барқарор ривожлантириш ва тараққиётга йўналтирилган тезкор ислоҳотлар йўлига солиб юборди. Мен Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиш қарорини Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатни минтақавий ва халқаро сиёсат ва иқтисодиётга интеграция қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари билан боғлиқ, деб ҳисоблайман.

– Марказий Осиёда ядровий чиқиндилар қолдиқларининг сақлаш жойлари муаммоси охирига қадар ҳал этилган эмас. Қирғизистон ўшанақа чиқиндилар сақлаш жойларини бошқа жойга кўчириш учун халқаро донорларга мурожаат қилишга мажбур бўлди. Масалан, Минг-қуш ва Майлуу-Суудаги ишларни чиқиндиларни бошқа жойга кўчириш ва уларни ташиш хавфсизлиги назорати технологиясини ишлаб чиққан Австрия компанияси амалга оширди. Марказий Осиёда АЭС қурилиши тугалланадиган бўлса, ядровий чиқиндиларни сақлаш муаммоси қандай ҳал этилади?

– Таассуфки, Марказий Осиё ҳудудларида (асосан, Қирғизистон ва Тожикистонда) ўз ҳолига ташлаб қўйилган уран конлари ва уранни қазиб олиш пайтидаги радиоактив чиқиндиларнинг қўшимча маҳсулотлари бор уранли чиқиндиларни сақлаш жойлари, уларнинг табиий офатлар ва бошқа экологик таҳдидлар таъсирига учраб келаётгани билан боғлиқ муаммолар шу пайтгача ҳал этилмасдан қолмоқда. Ушбу масала юксак даражадаги халқаро форумлар, жумладан, БМТ Бош Ассамблеясида кўриб чиқилган. Европа Иттифоқи сингари халқаро ташкилотлар бош-қош бўлаётган Мингқуш, Майлуу-Суу ва Шоҳкафтар сингари уранли чиқиндиларни сақлаш жойларида зарарланган ҳудудларни тозалаш бўйича халқаро саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Ушбу масалада ёрдам бериш ишига, жумладан, Мингқуш ва Кажи-сой реабилитация лойиҳаларига Россия ҳам қўшилди.

Совет давридан қолган уранли чиқиндиларни сақлаш жойлари муаммоси Марказий Осиёда атом электр станциялари қурилиши билан бевосита боғлиқ бўлади, деб ўйламайман. Лекин бу келгусида уран рудаси ишлаб чиқаришни тўхтатиб қўйиши мумкин. Ўтган йили Қирғизистон ҳукумати аҳоли бир неча ой давомида уран қазиб олиш истиқболига қарши норозилик билдиргандан сўнг уни қазиб олиш ва разведка қилишни тақиқлаб қўйди. Совет даврида уран қазиб олиш ва ундан қолган мерос билан боғлиқ муаммо уранли чиқиндиларни сақлаш жойларида зуҳур бўлмоқда. Натижада Қирғизистон ҳукуматининг яна 50 йил давомида, яъни 2070 йилга қадар уран қазиб олишни тақиқлаш тўғрисида қабул қилган қарори мунозарали масалага айланди.

Манба: uzanalytics.com


[1] Саботаж (фр.) – муайян мажбуриятларни атай бажармаслик ёки совуққонлик билан бажариш, бирор ишни бажаришга яширинча қаршилик қилиш.

[2] Инсайдер (ингл. insider – жамият вакили, хабардор киши) – хизмат ёки оилавий ҳолатига кўра, компания фаолияти ҳақидаги махфий маълумотлардан хабардор киши.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.