Деҳқон хўжаликлари учун ерни умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан ажратиш тартиби бекор қилинадими? Янги лойиҳа таҳлили ва экспертлар фикри

Сурат манбаси: nuz.uz

Жорий йилнинг 18 июнь куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси эълон қилинди. Деҳқон хўжаликларини ташкил этиш қоидалари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи ҳамда фаолиятини тартибга соладиган амалдаги қонун 1998 йилнинг 30 апрелида қабул қилинган, шундан бери бунга бир неча марта ўзгартиришлар киритилган.

Яқинда муҳокамага қўйилган бу лойиҳа амалдаги қонунга бир қатор жиддий ўзгаришларни назарда тутади, жумладан, қонунда кўрсатилган деҳқон хўжалиги учун ер участкаларини мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан ажратиш тартибини бекор қилиниши, янги ташкил қилинадиган деҳқон хўжаликларига ер участкаларини фақат муайян муддатга ижарага берилиши, уларнинг ердан фойдаланишда давлат назоратининг янги механизмини жорий қилиниши ҳамда деҳқон хўжаликларини давлат томонидан қўллаб қувватланиши чораларини анча кенгайтирилиши кабиларни ўз ичига қамраб олади.

Ўзбекистонда деҳқон хўжаликлари суғориладиган ерларнинг атиги 13 фоизини эгаллашига қарамай, уларнинг республика қишлоқ хўжалигида етиштириладиган маҳсулотлар ҳажмидаги умумий улуши 70 фоизни ташкил қилади. Хусусан, гўшт ва сут маҳсулотларининг 90-95 фоизи, картошканинг 84 фоизи ва меваларнинг 60 фоизи деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларида етиштирилади. Ўтган йилнинг октябрь ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистонда деҳқон хўжаликларининг умумий сони 4,7 миллиондан ошган ва йилдан йилга ўсмоқда.

Лойиҳага кўра, янги ташкил қилинадиган деҳқон хўжалиги учун ер участкаларини мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан ажратиш тартиби бекор қилинади. Амалдаги қонунда белгиланган бу ҳуқуқни бекор қилиниши сўнгги бир неча кунда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ушбу лойиҳага оид муҳокамаларнинг асосий мавзуси бўлиб қолмоқда. UzAnalytics сайти мазкур лойиҳада кўзда тутилган ўзгаришларни амалдаги қонунда белгиланган бандлар билан таққослаган ҳолда қиёсий таҳлил қилди. Бунда деҳқон хўжалиги тўғрисида қонунчиликнинг муҳим жиҳатлари – ерга эгалик қилиш ҳуқуқи, деҳқон хўжалиги тушунчаси, унинг ташкил қилиниши ва ҳисобга қўйиш, ер участкасидан фойдаланиш ва бунинг устидан давлат назорати ҳамда деҳқон хўжаликларининг фаолиятига оид асосий ўзгартиришларга эътибор қаратилган.

Қуйида ушбу қиёсий таҳлилни ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассисларининг бунга оид фикр ва мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Деҳқон хўжалиги

Амалдаги қонунда (1-модда): Деҳқон хўжалиги оилавий майда товар хўжалиги бўлиб, оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш учун оила бошлиғига берилган ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиради ва реализация қилади.

Деҳқон хўжалигидаги фаолият тадбиркорлик фаолияти жумласига киради ҳамда деҳқон хўжалиги аъзоларининг истагига кўра юридик шахс ташкил этган ҳолда ёки юридик шахс ташкил этмасдан амалга оширилиши мумкин.

Деҳқон хўжалиги ўз фаолиятида ёлланма меҳнатдан доимий асосда фойдаланиши мумкин эмас.

Лойиҳада (3-модда): Деҳқон хўжалиги оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида деҳқон хўжалиги бошлиғига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ёки ижарага олиш асосида тегишли бўлган ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш ва реализация қилиш фаолияти билан шуғулланувчи оилавий хўжалик.

Деҳқон хўжалиги боғдорчилик ва узумчилик ёки сабзавотчилик ва полизчилик ёхуд бошқа қишлоқ экинлари етиштириш фаолияти йўналишлари билан шуғулланади.

Нима ўзгаради?

– қонуннинг янги лойиҳасида деҳқон хўжалиги фаолияти йўналишлари белгиланган. Булар айнан деҳқончилик маҳсулотларини етиштиришдан иборат, чорва молларини боқишга қўшимча тарзда рухсат берилади.

– янги лойиҳага кўра деҳқон хўжалиги ўз фаолиятида ёлланма меҳнатдан доимий асосда фойдаланиши мумкин, чунки қонуннинг янги таҳририда бу таъқиқланмаган.

Ерга эгалик қилиш ҳуқуқи

Амалдаги қонунда (8-модда): Деҳқон хўжалигига ер участкалари мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан қуйидаги ўлчамда ажратилади:

– суғориладиган ерларда 0,35 гектаргача;

– суғорилмайдиган (лалмикор) ерларда 0,5 гектаргача;

– чўл ва саҳро минтақасида эса суғорилмайдиган яйловлардан 1 гектаргача.

Лойиҳада: Деҳқон хўжалиги учун ер участкаларини мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан ажратиш тартиби бекор қилинади. Бунда янги Қонун кучга киргунга қадар мавжуд деҳқон хўжаликларига нисбатан амалдаги мулкий ҳуқуқлар сақланиб қолинади.

Деҳқон хўжалигига ер участкалари (6-модда):

– боғдорчилик ва узумчилик фаолияти учун 30 йилдан 50 йилгача;

– сабзавотчилик, полизчилик ва бошқа деҳқончилик экинлари етиштириш фаолияти учун 5 йилдан 15 йилгача ижарага берилади.

Деҳқон хўжалиги фаолияти 0,06 гектардан 1 гектаргача бўлган майдонда юритилади.  Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган фермер хўжаликлари тасарруфидаги ер майдонларининг асосий экиндан бўшаган қисмини такрорий экин экиш учун бир ёки ундан кўп мавсумга иккиламчи ижарага олиш орқали деҳқон хўжалиги фаолияти 0,06 гектардан 10 гектаргача бўлган майдонда юритилади (8-модда).

Нима ўзгаради?

– деҳқон хўжалигига 1 гектаргача ер участкалари ажратилади, фермерлардан иккиламчи ижарага олиш мумкин бўлган ер майдони эса 10 гектаргача. Бунда суғориладиган ва суғорилмайдиган ерларда ажратиладиган участкалар ўлчами бўйича чекловлар йўқ.

– янги ташкил қилинадиган деҳқон хўжалигига ер участкалари фақат муайян муддатга ижарага берилади. Бу деҳқон хўжаликлари томонидан ер унумдорлигини оширишга ва мелиорация тизимларини жорий қилиш ёки уларни такомиллаштиришга киритиладиган инвестицияларни ва ер олиб деҳқончилик қилишда стимулларни кескин камайишига олиб келиши мумкин. Чунки, ушбу сарф-харажатларни ўзини қоплаш эҳтимоли ернинг ижара муддатига ҳамда ижара муддати тугагандан сўнг уни узайтириш имкониятига боғлиқ бўлади. Айниқса, деҳқон хўжаликларига суғорилмайдиган ёки янги ерлар ўзлаштириш мақсадида ажратилганда бу масала янада долзарб тус олади.

Бундан ташқари, деҳқон хўжаликларига фақатгина ижара асосида ажратилиши бир қатор саволларни вужудга келтиради: Агар деҳқон хўжалиги мевазор ёки ёнғоқзор шаклида муваффақиятли кичик агробизнес ташкил қилса, кейинчалик ернинг ижара муддатини узайтиришга кафолат борми? Боғдорчилик ва узумчиликда тўпланган билим ва кўникмаларни кейинга авлодга қолдириш масаласичи, агар яратилган боғни мерос қилиб қолдиришни иложи бўлмаса?

Деҳқон хўжалигининг вужудга келиши ва уни ҳисобга қўйиш

Амалдаги қонундаДеҳқон хўжалиги ихтиёрийлик асосида тузилади ҳамда фуқарога белгиланган тартибда ер участкаси берилганидан ва давлат рўйхатига олинганидан кейин ташкил этилган ҳисобланади (5-модда).

Туман (шаҳар) ҳокими ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқувчи комиссиянинг хулосаси асосида деҳқон хўжалигини юритиш учун фуқароларга ер участкалари бериш тўғрисида қарор қабул қилади.

Деҳқон хўжалиги бошлиғига ер участкасига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳар бир деҳқон хўжалигини Хўжалик китобига киритиб, унда ушбу хўжалик ҳақидаги маълумотларни қайд этиб қўяди (6-модда).

Лойиҳада: Деҳқон хўжалиги деҳқон хўжалиги бошлиғи томонидан қуйидаги асосларга кўра ерга бўлган ҳуқуқни қўлга киритиши орқали вужудга келади (6-модда):

– рухсат берилган жойларда ер участкаларини ижарага олганда;

– илгари ташкил этилган деҳқон хўжаликларининг мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини мерос асосида қабул қилиб олганда;

– қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларини асосий экиндан бўшаган қисмини такрорий экин учун бир ёки ундан кўп мавсумга иккиламчи ижарага олганда.

Деҳқон хўжалиги Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳисобга қўйилади, деҳқон хўжалиги бошлиғига ягона давлат реестридан кўчирма берилади. Ушбу кўчирмада деҳқон хўжалиги бошлиғи ва аъзолари ҳақида маълумот, деҳқон хўжалиги фаолияти йўналиши, ҳисобга қўйилган сана ҳамда мазкур хўжаликнинг фаолият муддати (ижара муддати) кўрсатилади (7-модда).

Нима ўзгаради?

– деҳқон хўжалигини ташкил қилиниши ва уни ҳисобга қўйиш марказлашган давлат хизматлари орқали замонавий услубларда амалга оширилади.

– деҳқон хўжалиги қисқа (бир ёки бир неча мавсум) муддатга фермерлардан ер майдонларини асосий экиндан бўшаган қисмини такрорий экин учун иккиламчи ижарага олгинган ҳолларда ташкил қилиниши мумкин. Бу қишлоқ жойларда вақтинчалик иш ўринлари яратишда муҳим аҳамиятга касб этади.

Деҳқон хўжалигининг ер участкасидан фойдаланиши ва унинг асосий мажбуриятлари

Амалдаги қонунда: Деҳқон хўжалигига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга берилган ер участкалари хусусийлаштирилиши ва олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмас. Ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи кредит олиш учун гаровга қўйилиши мумкин (9-модда).

Деҳқон хўжалигининг мажбуриятлари (12-модда):

– ер участкасидан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланиш;

– табиий объект бўлмиш ерга зарар етказмаслик;

– ер участкасини асраш, унинг унумдорлигини сақлаш ва ошириш юзасидан сарф-харажатлар қилиш;

– янги берилган ер участкасидан, агар қонун ҳужжатларида бошқа муддат белгиланган бўлмаса, бир йил ичида фойдаланишга киришиш;

Лойиҳада:

– Деҳқон хўжалиги ер участкасидан фақат белгиланган йўналишдаги қишлоқ хўжалиги экини маҳсулотларини етиштириш мақсадида фойдаланиши шарт;

– деҳқон хўжалиги йўналиши бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш билан биргаликда қўшимча бошқа қишлоқ хўжалик экинларини алмашлаб ва қатор орасида етиштиришга ҳақли;

– деҳқон хўжалиги фаолияти учун ажратилган ҳамда ижарага берилган ер участкасида бинолар, иморатлар ва иншоотлар, шу жумладан ер ости иншоотлари қурилиши тақиқланади, енгил конструкцияли иссиқхона, суғориш ва бошқа қурилмаларни ўрнатиш бундан мустасно;

– деҳқон хўжалигига экин маҳсулотлари етиштириш билан биргаликда 10 шартли бош чорва ҳайвонларини боқишга рухсат берилади;

– деҳқон хўжалиги ўз тасарруфидаги ер участкасини асрашга, унинг унумдорлигини сақлашга ва оширишга мажбур.

Нима ўзгаради?

– Деҳқон хўжалиги ер участкасидан фақат белгиланган йўналишдаги қишлоқ хўжалиги экини маҳсулотларини етиштириш мақсадида фойдаланиши шарт;

– Чорва молларини боқишга қўшимча тарзда (экин маҳсулотлари етиштириш билан биргаликда) рухсат берилади, 10 шартли чорва моллари миқдорида

– деҳқон хўжалиги учун ерларни умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан ажратиш тартиби бекор қилиниши сабаб, унинг ўрнига жорий қилинадиган ижара ҳуқуқини банкда кредит олиш учун гаровга қўйиш қийин масала бўлиши мумкин.

Деҳқон хўжалигининг ер участкасидан фойдаланиши устидан давлат назорати

Амалдаги қонунда: Амалдаги қонунда деҳқон хўжалигининг ер участкасидан фойдаланиши устидан давлат назорати ҳақида махсус модда киритилмаган. Бунга қарамай, қонунда бу борада бир неча қоидалар мавжуд (25-модда):

– фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари деҳқон хўжалигига берилган ерлардан фойдаланиш устидан назоратни амалга оширадилар ҳамда ердан самарали ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўрадилар.

– фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари деҳқон хўжаликларининг ер участкаларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши, шу жумладан ерларга ишлов берилишининг ҳолати, уруғлар, кўчатлар ва дарахтларнинг экилиши, иссиқхоналар қурилиши, чорва ва парранданинг кўпайтирилиши юзасидан уйларни айланиб чиқиш орқали мунтазам равишда мониторинг ўтказишга ҳақли.

Қонуннинг 27-моддасига биноан қуйидаги ҳолларда деҳқон хўжалиги тугатилади (фаолияти тўхтатилади):

– янги берилган ер участкасидан бир йил мобайнида фойдаланишга киришмаган тақдирда (агар қонун ҳужжатларида бошқа муддат белгиланган бўлмаса);

– деҳқон хўжаликлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари бир неча марта ёки бир марта, лекин қўпол равишда бузилганда.

Лойиҳада: қонуннинг янги таҳририда бу ҳақда махсус модда киритилган (10-модда), бунга биноан:

– деҳқон хўжалиги йўналиши бўйича қишлоқ хўжалиги экинларини экмаган тақдирда ер солиғи белгиланган ставканинг уч баравари миқдорида ундирилади.

– деҳқон хўжалиги тасарруфидаги ер участкасида ортиқча қурилмалар барпо этганлиги (ўрнатганлиги) ёки бошқа тақиқланган бинолар, иморатлар ва иншоотлар, шу жумладан ер ости иншоотлари қурганлиги аниқланган тақдирда ваколатли органнинг ёзма кўрсатмасига кўра деҳқон хўжалиги бошлиғи мазкур қурилмаларни 15 кун ичида ихтиёрий равишда ўз ҳисобидан бузиб ташлаши (олиб ташлаши) ҳамда ер участкасини ўз ҳолатига қайтариши шарт.

Юқорида келтирилган ҳолатлардан бири уч йил давомида кетма-кет такрорланган тақдирда деҳқон хўжалиги тасарруфидаги ер участкасини олиб қўйиш суд тартибида ҳал этилади.

Деҳқон хўжалиги ер участкасида тупроқ унумдорлиги пасайишига, тупроқни кимёвий ва радиоактив моддалар билан ифлосланишига йўл қўйилганда ҳамда экологик вазиятнинг ёмонлашувига олиб келадиган усуллар билан фойдаланилган тақдирда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Нима ўзгаради?

– Қонуннинг янги лойиҳасида деҳқон хўжалигининг ер участкасидан фойдаланиши устидан давлат назорати амалдаги қонунга нисбатан аниқроқ ва батафсил белгиланган. Шунингдек, деҳқон хўжалиги тасарруфидаги ер участкасини олиб қўйиш масаласи суд тартибида ҳал этилади.

– деҳқон хўжалигининг фаолиятига, шу жумладан, етиштириладиган маҳсулот турларини танлашда, унинг нархини ва маҳсулотни реализация қилишда давлат органларининг ҳамда мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмаслиги қонуннинг янги таҳририда аниқ шаклда ифодаланган.

Шу билан бирга, янги лойиҳада, агар деҳқон хўжалигида дастлаб танланган йўналиш ушбу табиат шароитида ва ерда фойдасиз ёки самарасиз бўлиб қолган бўлса, деҳқон хўжалигининг йўналишини ўзгартириш механизми ёки тартиби  кўрсатилмаган.  Бошланғич бизнес режа ҳар доим ҳам муваффақиятли бўлмайди. Деҳқон хўжалиги ўз йўналишини боғдорчиликдан сабзавот етиштиришга ўзгартиришни (ёки буни тескариси) истаган ҳолларда нима қилиши керак? 

Деҳқон хўжаликларини ўз маҳсулотини реализация қилиши

Амалдаги қонунда деҳқон хўжаликларининг ўз фаолиятида ишлаб чиқариш йўналишлари, таркиби ва ҳажмларини мустақил белгилаш, шунингдек, ўз маҳсулотларини сотиш нархларини мустақил белгилаш ҳуқуқлари белгиланган (19,21 моддалар).

Лойиҳада: деҳқон хўжаликларининг худди шу ҳуқуқлари белгиланган, фақат аниқроқ ва батафсил (12,13 моддалар). Бундан ташқари, қуйидагилар қўшимча қилинади:

– деҳқон хўжалиги ўзи етиштирган маҳсулотни даласида, деҳқон бозорлари ва савдо комплексларида белгиланган тартибда, шунингдек аҳоли пунктларида қўшимча рухсатномасиз (лицензиясиз) кўчма савдо ташкил этган ҳолда сотади;

– деҳқон хўжалиги ўз маҳсулотларини нақд пул, шу жумладан банк пластик карталари ёки нақд пулсиз ҳисоб-китоблар орқали чекловларсиз реализация қилишга ҳақли. Бунда деҳқон хўжалигига хўжалик юритувчи субъектлар учун белгиланган касса операция қоидалари бўйича ҳисобни юритиш талаб этилмайди.

Нима ўзгаради?

Қонуннинг янги таҳририда деҳқон хўжаликлари томонидан тайёр маҳсулотни сотиш учун қўшимча қулайликлар ва замонавий молиявий механизмлар назарда тутилган.

Деҳқон хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

Нима ўзгаради?

Деҳқон хўжаликларини давлат томонидан қўллаб қувватлаш борасида амалдаги қонунда 8-9 банддан иборат махсус модда киритилган бўлса-да, қонуннинг янги таҳрири лойиҳасида бунга 4 та моддадан иборат бутун боб бағишланган. Янги лойиҳада деҳқон хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари анча кенгайтирилган, бу чора-тадбирлар деҳқон хўжаликлари фаолиятини молиялаштириш, зарур ресурслар билан таъминлаш, инфратузилмалар объектларидан фойдаланиш имкониятларини яратиш ҳамда маҳаллий ҳокимият органларининг кўмагидан тортиб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари ҳамда бир қатор вазифаларини ўз ичига қамраб олади.

Мутахассислар фикри

Андрей Ярмак, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) инвестиция маркази иқтисодчиси:

 Андрей Ярмак

Боғдорчилик – бу инвестициялар талаб қиладиган бизнес. Авваламбор, бунга инфратузилма керак. Бугунги кунда сабзавот ва мевалар суғорилмайдиган ерларда деярли етиштирилмайди, ҳатто ёғингарчилик етарли миқдорда бўлган мамлакатларда ҳам. Чунки суғоришдан ташқари, ўғитлаш ҳам шу тизимга уланади. Бу эса харажатларни, айниқса ишчи кучи сарфини камайтириш, маҳсулот сифати ва ҳосилдорликни ошириш имконини беради. Шу билан бирга, экологик тозаликни ошириб, атроф-муҳитга бўлган салбий таъсирни камайтиради.

Иккинчидан, ҳозирги кунда сабзавот ва мевалар етиштириш мавсумларини узайтириш, сифатли ва экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқариш учун асосан ёпиқ жойларда ёки ҳимояланган тупроқда етиштирилмоқда. Бу ўз навбатида, жалб қилинадиган инвестициялар миқдорини янада оширишга олиб келади.

Учинчидан, мевазор ва узумзорлар  кўп йиллик экинлар ҳисобланади. Уларнинг айримлари (масалан, ёнғоқ ва шу гуруҳга мансуб дарахтлар) бир неча ўн йиллар давомида ҳосил беради, яъни улардан фойдаланилади. Бу каби боғлар узоқ вақтга режалаштирилади, бунда уларнинг бир неча авлодга хизмат қилишини тушуниш ҳамда ерга бўлган ҳуқуқни йўқотмасликка ишонч жуда муҳим масала.

Тўртинчидан, маҳсулотни етиштиришдан ташқари, уни сақлаш ва қайта ишлаш ҳам керак. Бу ҳам маълум миқдорда сарф-харажатларни талаб қилади. Бу масалада ҳам ерга бўлган ҳуқуқ муҳим аҳамиятга эга.

Маҳмуд Орипов, Бухоро давлат университети доценти, иқтисод фанлари номзоди:

Муҳокамага қўйилган қонун лойиҳасида камчиликлар билан бир қаторда прогрессив бандлар ҳам мавжуд. Хусусан, янги ташкил этиладиган деҳқон хўжалигининг бошлиғи идорама идора юрмасдан, Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳисобга қўйилади. Шунингдек, ушбу қонун лойиҳасида деҳқон хўжалигида ишлаб чиқаришни давлат

Маҳмуд Орипов

органлари томонидан қўллаб-қувватлаш доираси кенгайтирилиб, уларнинг бу жабҳадаги масъулиятлари янада оширилиши, бир қатор имтиёзлар белгиланганлиги, давлат органлари томонидан деҳқон хўжаликларига маҳсулот ишлаб чиқариш ва реализация қилиш жараёнида кўрсатилиши зарур бўлган бир қатор хизмат турларигача аниқ манзилли кўрсатилганлиги ҳам эътиборга лойиқ.

Уларнинг амалга тадбиқ этилиши деҳқон хўжаликларини кўплаб ортиқча ташвишлардан халос этади ва самарали фаолият юритишида ижобий таъсир кўрсатади. Лойиҳанинг яна бир эътиборли бир жиҳати – деҳқон хўжаликларининг ривожланиши давлат томонидан кафолатланиши билан бирга улар тасарруфидаги ер участкалари майдонларини мақбуллаштиришга йўл қўйилмаслигидир.

Бироқ, таклиф қилинган лойиҳада қатор ўз ифодасини топмаган масалалар муайян саволларни вужудга келтиради, хусусан:

– ер участкаларини ажратиш тартиби ва механизмлари;

– ўз маблағлари ва меҳнати эвазига янги ерларини ўзлаштирганлиги ёки қишлоқ хўжалиги алмашинувидан чиққан ерни рекультевация қилиб, фойдаланганлиги учун имтиёзлар белгилаш, деҳқонга бундай ерларини ажратиб бериш механизми;

– агар деҳқон хўжалиги янги ерни ўзлаштирмоқчи бўлса ва у ер унинг яшаш жойидан олис бўлиб, ўша жойда вақтинча яшаб ишламоқчи бўлса, бу масала қандай ҳал қилиниши мумкин? Ваҳоланки, лойиҳада ижарага олинган ер участкасида уй қуриш тақиқланган;

– қонуннинг янги лойиҳасида кўрсатилганидек, деҳқон хўжалигининг асосий фаолиятини фақат деҳқончилик маҳсулотлари етиштириш билан чеклаш ва чорвачилик, паррандачилик асаларичилик каби фаолиятларни кўрсатилмаганлиги, бундан ташқари, негадир қўшимча тарзда рухсат берилган чорва моллари сонининг 10 та билан чекланиши ҳам тушунарсиз ҳол, назаримда.

Манба: uzanalytics.com

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.