Туркистонда замонавий виночиликнинг пайдо бўлиши тарихи

Сурат манбаси: zen.yandex.ru

Муаллифлар:

Санобар Шодмонова – тарих фанлари доктори, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг профессори

Усмон Тўпчиев – Жиззах давлат педагогика институтининг ўқитувчиси

Узумчилик ва виночилик Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. Зеро, республиканинг географик жойлашуви ва қулай иқлим шароити кўплаб хўраки, винобоп узум навларини етиштиришда катта ҳосилдорликка эришиш имконини беради.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда узумчилик ва виночиликни ривожлантиришга доир қабул қилинган бир қатор ҳукумат қарорлари[1] ушбу тармоқни ривожлантиришда ҳуқуқий асос вазифасини ўтади. Қолаверса, мазкур ҳужжатлар мамлакатимизда винобоп узум майдонларини кўпайтириш, жаҳон бозорида талабгир, генетик жиҳатдан янги машҳур ва истиқболли узум навларини етиштириш, шунингдек, олий навли вино ҳамда шароб маҳсулотларини тайёрлашга кенг йўл очди.

Узумчилик тармоғи ривожланиб борар экан, унинг кўп йиллик тарихига ҳам назар ташлаш жоиз. Аждодларимиз азалдан шуғулланиб келган узумчилик ва Туркистонда XIX аср охири – XX аср бошларида замонавий виночиликни пайдо бўлиши тарихини ўрганиш ҳамда бу борада эришилган тажрибалардан унумли фойдаланиш бугунги кунда беқиёс аҳамиятга эгадир.

Туркистонда янги узум навларининг иқлимлаштирилиши

Маҳаллий узум навларидан ўзининг ҳосилдорлиги, таркибида шакарнинг кўплиги ва хуштаъмлиги, шунингдек, вино ишлаб чиқаришда унумдорлиги билан Чарос, Оқ ва Қора Кишмиш, Маска, Буваки, Хўжаахрори ва Султони каби навлар бошқа маҳаллий узум навларига нисбатан ажралиб турган. Ўлка маҳаллий аҳолиси азалдан узумнинг бир неча хил навларидан хўраки, қуритилган ҳолатда майиз, ичимлик сифатида шароб (мусаллас), шунингдек шинни маҳсулотларини тайёрлаб, уларни истеъмол қилишган ёки ички ва ташқи бозорларга олиб чиқиб сотишган.

XIX аср охири – XX аср бошларида Туркистон ўлкасида маҳаллий узум навларидан ташқари серҳосил ва винобоп янги турлари – Қрим, Бессарабия, Кавказорти, шунингдек Европанинг Франция, Германия, Австро-Венгрия, Болгария каби мамлакатлари ва ҳатто Америка қитъасидан келтирилиб, ўлка табиий иқлим шароитига мослаштирила бошланган[2].

Мустамлака ҳукумат доимо ўлкада узумнинг янги серҳосил ва винобоп навларини етиштириш орқали улардан мўл ҳосил олиш ва ундан сифатли вино ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга ҳаракат қилиб келган. Хусусан, XIX асрнинг 80-йилларида ҳар йили Россиядан келган боғбонлар шахсий хўжаликларида Матрос, Изабелла, Сотерн, Оқ ва Қизил Мускат, Опорто ва Рислинг номли янги узум навларини парваришлаб, ушбу боғларнинг ҳар бир десятинасидан 15 000 челаккача ҳосил олинган.

Манбаларда қайд этилишича, Самарқанд вилоятида 1905 йилги узум ҳосилининг миқдори 6 820 450 пудни ташкил этиб, олинган ҳосилнинг катта қисми қуритилган ҳолда сақланган. Бу ҳосилнинг асосий қисмини кишмиш ташкил этиб, ундан ҳар йили ўртача 1 млн. пуд ҳосил олиш имконини берган ва бу ўлкада ушбу маҳсулотни етиштиришдан катта даромад олиш имкони борлигини англатган[3].

Виночилик заводлари

Ўлкада вино заводини очиш учун ҳукуматдан тегишли рухсат олиш ва ушбу соҳа учун махсус ишлаб чиқилган 10 моддадан иборат ҳуқуқий низомга қатъий амал қилиш белгилаб қўйилган эди. Мазкур низомга кўра, вино ишлаб чиқаришга ихтисослашган заводни қуриш ёки ушбу фаолият билан шуғулланиш учун энг аввало Император сиёсий агентлиги ва Туркистон ўлкаси акциз бошқармаси келишуви асосида шахсан Туркистон генерал-губернаторидан рухсатнома олиш шарт бўлган. Шунингдек, мазкур низомда бир қатор қатъий талаблар ҳам қўйилган, жумладан, вино заводи қуриш учун жой албатта шаҳарнинг рус тилида сўзлашадиган аҳоли яшайдиган қисмидан танланиши, завод маҳаллий аҳоли яшайдиган жойда қурилмаган тақдирда ҳам унинг шаҳарнинг руслар яшайдиган қисмида сотув дўкони бўлиши шарт эди[4].

Россия империяси ҳукумати спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш корхоналари давлат хазинасига катта даромад келтиришини ҳисобга олиб, уларнинг фаолиятини чекламаган. 1868 йилда Туркистонда спиртли ичимлик ишлаб чиқаришдан тушган солиқ миқдори 114 670 рублни ташкил этган бўлса, 1883 йилга келиб бундай солиқлардан тушган даромад деярли 5 баробар ошган, яъни 540 107 рублга етган эди. Бу даврда Тошкентда 1-гильдия савдогари А.Е.Громов, Н.И.Ивановнинг вино ҳамда пиво заводлари, Самарқандда Н.И.Ивановнинг пиво заводи ишга туширилган. 1883 йилда барча 14 та спиртли ичимлик ишлаб чиқарувчи заводларнинг хўжайинлари россиялик савдогарлар бўлган[5].

Ўлкада дастлабки вақтларда узумдан вино тайёрлаш техникаси ўта оддий ва примитив кўринишда бўлган. Узумлар авваламбор махсус идишларга солиниб оёқда эзилган, прессланган ва ундан кейин шарбат ажратиб олинган. Чунки, бу вақтларда ҳали ўлкага вино ишлаб чиқаришда қўлланиладиган ўз даврининг замонавий техника ускуналари келтирилмаган эди. Узумни пресслайдиган махсус ускуна ўлкага XIX асрнинг 80-йилларидан бошлаб келтирилиб фойдаланила бошланган, олинган шарбатни фильтрлайдиган ускуна эса пресслаш ускунасидан 5 йил кейин келтирилган.

Ўлкада етиштирилган маҳаллий ва четдан келтирилган янги узум навларидан олий навли қизил вино, шунингдек ошхона учун уч хилдаги десерт винолар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Жумладан, Европадан келтирилган ва ўлкада маҳаллийлаштирилган янги узум навларидан Каберне-Совиньон, Саперави, Матрос (Қора Ширвон) кабилардан юқори навли қизил вино ишлаб чиқарилган бўлса, маҳаллий узум навларидан – Қора Кишмиш, Чарос, Чиллаки, Қора Ҳусайни кабилардан ошхона, черков, десерт (сархил) навли уч хилдаги винолар тайёрлаб истеъмолга чиқарилган[6].

Ўлка бозорларида Мерло, Гренаж, Мурведр каби янги узум навларидан тайёрланган қизил ва оқ винолар ҳам сифат жиҳатдан юқори баҳоланган. Шунингдек, ушбу навларнинг ҳосилдорлик миқдори ва вино бериш коэффициенти ҳам бошқа янги узум навларига нисбатан юқори бўлиб, бир десятина ердан олинган узум ҳосилидан ўртача 500 челакдан – 700 челакгача вино олинган.

1880 йилда ўлкада 4 та, 1900 йилда 10 та, 1914 йилда 28 та вино заводи фаолият юритган[7]. Ўлка бўйича ишлаб чиқарилган маҳсулот умумий ҳажмининг 82 фоизи Самарқанд вилоятида барпо этилган вино заводларида ишлаб чиқарилган[8].

Самарқандда виночилик билан ўз даврининг ушбу соҳадаги дастлабки мутахассислари бўлган Филатов, Проховский, Толочинов, Тошкентда эса Платон Шевченко, инженер технолог Н.И.Первушин, Адольф Моше, Н.И.Иванов, Я.Я.Иванов, И.Барсуков, И.П.Белоколоковлар шуғулланишган. Манбаларда қайд этилишича, Самарқандда Филатовнинг вино заводида йилига 10-15 минг челак, Проховский заводида 6 000 челак, Толочинов заводида 4 000 челак; Тошкентда Платон Шевченко, инженер-технолог Н.И.Первушин, Адолф Моше, Н.И.Иванов, Я.Я.Иванов, И.Барсуков, И.П.Белоколоков заводларида ўртача 10 000 челак, Фарғонада мавжуд заводларда эса 10-11 минг челак вино тайёрланган[9].

Биргина Тошкент шаҳридаги Первушинга тегишли бўлган вино заводида 1891 йилда 33 000 пуд маҳсулот ишлаб чиқарилган. Заводда ишчилар сони эса 25 нафар бўлиб, уларга бериладиган иш ҳақи 12 рублдан -18 рублгача бўлган. Заводда ишчиларнинг иш вақти эса 14-17 соатгача бўлиб, улар оғир шароитларда меҳнат қилишган[10].

Мустамлака ҳукумат ўлкада вино заводларини имкон қадар узум кўп етиштириладиган жойларда ва темир йўл станцияларининнг яқинида қуришга ҳаракат қилган. Зеро, бундан кўзланган асосий мақсад, биринчидан, ушбу заводларда вино ишлаб чиқариш учун керакли бўлган узум хомашёси муаммосини ҳал этишни кўзлаган бўлса, иккинчидан, ушбу заводда ишлаб чиқарилган вино маҳсулотларини биринчи навбатда ўлка маркази бўлган Тошкентга етказиш, учинчидан эса Россияга олиб кетиш учун қулай бўлиши лозим эди.

Завод эгалари томонидан вино ишлаб чиқариш учун зарур бўлган узум хомашёсининг маълум қисми аҳолидан сотиб олинган бўлса, қолган қисми ўз шахсий боғларида етиштирилган узум ҳосилидан олинган. Ўлкада фаолият юритган вино заводларининг хомашёни қабул қилиш қуввати ҳам вилоятларда турлича бўлган. Заводлар кесимида хомашё қабул қилиш бўйича умумий улушида Самарқанд вилоятидаги вино заводлари биринчи ўринда, Сирдарё вилояти заводлари иккинчи ва Фарғона вилояти бу борада учинчи ўринда турган. Вино заводларининг узум хомашёсини қабул қилиш ҳажмига эътибор берадиган бўлсак, хомашёнинг умумий ҳажмининг 370 734 пуди ёки 76,5 фоизни хусусий боғларда етиштирилган узум ҳосили ташкил этган ва қолган 23,5 фоиз хомашё вино заводи эгаларининг шахсий боғларида етиштирилган узум ҳосилидан олинган[11].

Спиртли ичимликларни сотилиши

Туркистон ўлкасида етиштирилган узум ва вино маҳсулотлари ички бозордан ташқари, четга ҳам экспорт қилинган. Хусусан, ўлкада етиштирилган узум ва вино маҳсулотлари Каспий орти вилояти орқали Астраханга ва Россиянинг ички вилоятлари, шунингдек, Сибир ҳудудларидаги ярмаркаларга олиб чиқиб сотилган. Олинган ҳосилдан тайёрланган олий навли “Рус виноси” 1893 йил Парижда, 1894 йил Антверпенда, Шампань (1896 йил) ярмаркаларида юқори баҳоланиб, олий мукофотларга сазовор бўлган[12].

1892 йилда Каспийорти темир йўли орқали Россия ва Европага 412 000 пуд Кишмиш узуми жўнатилиб, унинг 285 566 пуди Самарқандда етиштирилган узумга тўғри келган. Россияга чиқарилган узум ва узум виноси 1888 йилда 70 597 пуд бўлган бўлса, кейинги беш йил давомида бу кўрсаткич беш бараварга ошиб, 1892-1893 йилларда 451 018 пудни ташкил этган[13].

Дастлабки вақтларда Каспийорти ҳарбий темир йўли орқали Россияга олиб кетиладиган юк ҳажмида кишмиш узуми ва узумдан тайёрланган вино маҳсулотларининг улуши жуда кам бўлган. Чунки, бу вақтларда ўлкада ҳали вино тайёрлаш ишлари энди йўлга қўйила бошлаган эди. Ишлаб чиқарилган винонинг катта қисми асосан ўлкада истиқомат қилувчи русийзабон ва бошқа европа миллатига мансуб аҳоли томонидан истеъмол қилиниб, винонинг маълум қисмигина Россия бозорларига экспорт қилинган. Ўлканинг Тошкент, Фарғона шаҳарлари ҳам темир йўллар билан туташтирилгандан сўнг Россияга олиб чиқиладиган узум ва узум маҳсулотларининг ўлкадан четга экспорт қилинган товарлар ҳажмидаги улуши ортиб борган.

Туркистон ўлкасида етиштирилган узум ва узум маҳсулотлари нафақат Россия ички бозорларида, балки Европанинг бошқа давлатларида ҳам маълум ва машҳур бўла бошлаган. Франциялик тадбиркорлар Туркистонда етиштирилган Кишмиш узумидан олий навли коньяк тайёрлашган. Ўз навбатида Франциядан хуштаъм коньяк сотиб оладиган Россия дастлабки вақтларда ушбу ичимлик Туркистонда етиштирилган узумдан тайёрланганлигини ҳатто тасаввур ҳам қилмаган[14].

Туркистонда ишлаб чиқарилган вино ичимлигини Тошкент вокзали орқали четга жўнатиш 1906 йилда 8 071 пуд (85,73фоиз)ни, 1907 йилда 97 490 пуд (134,77фоиз)ни ташкил этган. Икки йил давомида экспорт ҳажмининг ўсиш суръати 114,96 фоизни ташкил этган[15].

Маҳаллий аҳолининг спиртли ичимликлар истеъмоли ва бунга жамиятдаги муносабат

Маълумки, ўлка мусулмонлари шариат қоидаларига кўра спиртли ичимиликлар ичиши мумкин эмас эди. Мусулмон уламолари спиртли ичимликлар сотилишидан норози бўла бошладилар. Уларнинг талаби билан 1872 йилда Туркистон генерал-губернатори маҳаллий аҳоли истиқомат қиладиган жойларда ичкилик ичиш хоналари очишни ман этишга мажбур бўлган. 1873 йилда Туркистон генерал-губернатори Сирдарё вилояти ҳарбий губернаторига маҳаллий аҳоли яшайдиган жойлардаги бундай муассасаларни ёпиш ҳамда аҳоли аралаш яшаётган жойларда уларнинг сонини чеклаш ва “фақат русийзабон аҳолига етадиганини қолдиришни” таклиф этган[16].

Ўлка ҳарбий қисмлари аскарлари ва қуйи табақали зобитлар спиртли ичимликларни кўп истеъмол қилишган. Бундан хавотирга тушган Туркистон ва Тошкент епископи Неофит Туркистон генерал-губернаторига шахсан мурожаат қилиб, аскарлар учун мўлжалланган биринчи эҳтиёж моллари ичида спиртли ичимликлар сотилиши ва улар бемалол ароқ олиб ичиши мумкинлигини ёзади[17]. Айниқса, бу ҳолат байрам кунлари кучайиб кетган.

Шу билан бирга ўлканинг кўчманчи аҳолиси орасида анча кенг тарқалган бўза ҳарбий қисмларда ҳам ичила бошлагани ҳокимиятни ташвишга солган. Шунинг учун ҳам 1878 йилда Туркистон генерал-губернаторининг қарорига кўра, бўза ичимлигининг таркибини текшириш учун кимё лабораториясига топшириқ берилган. Бу текшириш натижасида бўза ичимлиги таркибида инсон соғлиги учун зарарли бўлган моддалар йўқлиги аниқланган. Шундан кейин Туркистон генерал-губернаторининг бу борадаги фармойиши эълон қилиниб, унда бўзани тайёрлаш ва сотишга рухсат берилиб, фақат ҳарбий қисмлар жойлашган жойларга яқин ерларда уни сотиш ман қилинган[18].

Қишлоқларда тайёрланган бўза ичимлиги эса фақат ишлаб чиқилган жойида ичилиши мумкин бўлиб, уни бошқа жойларда сотиш таъқиқланган. Бундан ташқари, бўзани тайёрлашда фақат буғдойдан фойдаланишга рухсат берилган, унга спиртли ичимликлар ва бошқа маст қилувчи нарсалар қўшиш таъқиқланган[19].

Ҳатто ўша даврда чоп этилган расмий газеталардан бири “Туркестанские ведомости” маҳаллий аҳоли ўртасида спиртли ичимлик ичиш тезлик билан тарқалаётганлиги жамиятда хавотирга сабаб бўлаётганлиги ҳақида ёзади[20].

Туркистонда маҳаллий тилларда чоп этилган газеталар маҳаллий аҳоли орасида тарқалаётган ичкиликнинг зарарли томонлари тўғрисида батафсил маълумотлар бериб, халқни огоҳлантиришга ҳаракат қилган[21]. Ушбу мақолаларда, биринчидан, ичкилик ичиш шариатга хилоф эканлигини, иккинчидан, унинг моддий зарари, айниқса, камбағалларга зарарлиги, учинчидан, эса, ичкилик ичган одам ўзига касаллик орттириб олиши мумкинлиги, тўртинчидан, ароқ ичган кишининг ақли ўзига бўйсунмай, гуноҳ ишлар қилишга олиб келишини мисоллар билан кўрсатиб берган. Бундан ташқари, ичкилик ичиш зурриётга ҳам ёмон таъсир қилиши ва насл бузилишига олиб келиши таъкидланиб, ўша даврда ўтказилган тадқиқотлардан мисоллар келтириб, ичкиликнинг зарарли томонларини аҳолига тушунтиришга ҳаракат қилинган.

Миллий зиёлилар ҳам аҳоли орасида ичкиликбозлик кучайишидан қаттиқ ташвишга тушган эди. Жумладан, 1913 йилда “Туркистон вилоятининг газети” саҳифаларида Мирмуҳсин: “тафаккур билан кўз очсак, ҳар жиноятларнинг онаси ичкилик кўринур… Аксар ёшларимиз косиблар бўлиб, бечоралар кечалари, кундузлари тинмай бир ҳафта бадалида ишлаган оқчаларини … жума куни чиқиб, ичкиликка сарф этиб азиз умрларини сайёҳликда ўтказмоқлари барчанинг маълумидир”[22], – деб таъкидлаган. Маҳаллий аҳоли орасида ичкиликни кўп ичиб рўзғорида бор нарсаларни сотиб битириб, қовоқхоналарда ичиб, бош яланг, оёқ яланг бўлиб, кўчаларда маст бўлиб ётадиган одамлар пайдо бўлган. Ўша давр газеталарининг бирида бу ҳолат “ачинарли ва ғайриоддий” ҳол деб баҳоланган[23].

1911 йилдан бошлаб, ҳукуматнинг юқори доираларида ичкиликбозликни чегаралаш ва ҳатто уни батамом ман қилиш масаласи қизғин мунозарага сабаб бўла бошлади. 1914 йилга келиб ҳукумат спиртли ичимликлар сотишни чегаралашга киришди[24]. Аммо, спиртли ичимликлар сотишни таъқиқлаш уларни яширин ҳолатда, яъни бошқа ичимлик сифатида сотишга олиб келди. Масалан, Тошкентдаги “Буфф” номли ресторанда “Квас” ичимлиги номи остида ярим шиша ароқ 3 руб. нархга сотилган[25]. 1916 йилнинг 13-18 июнида Туркистон қўриқлаш бўлими вакиллари Андижон шаҳрида спиртли ичимликлар сотилиши ҳолатини текшириш учун боришади. Улар шаҳарнинг “Гранд отель”, “Фергана”, “Туркестан”, “Одесса”, “Русь” номли меҳмонхоналарида ароқ, вино, коньяк ва пиво очиқчасига қиммат нархда сотилаётганлигининг гувоҳи бўлишди[26]. Акциз назорати ва полиция патентсиз спиртли ичимлик ишлаб чиқариш ва сотишни текшириб, 1911 йилда 892 та, 1913 йилда эса 1888 та қонунбузарликларни аниқлаб, улар устидан иш очган[27].

Биринчи жаҳон уруши бошланиши билан ўлкада фавқулодда ҳолат эълон қилинади. Шунингдек, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш аҳоли ўртасида урушга сафарбарлик қилишга зарар келтириши ҳисобга олиниб, уни сотиш ман қилинади. 1916 йилда Россия империяси Ички ишлар вазирлигидан спиртли ичимликларни ва унинг суррогатларини яширин равишда тайёрлаш ҳамда сотишга қарши кураш учун омборхоналардан топилган спиртли ичимликлар суррогартини ҳамда уй шароитида тайёрланган спиртли ичимликларни тезлик билан йўқ қилиш, заводларда ишлаб чиқарилган спирт, коньяк ва виноларни эса махсус рухсатномалари бўлган лазаретларга бериш ҳақида айтилади[28]. Акциз тўлаб қўйилган спиртли ичимликларни Туркистондан ташқарида сотишга рухсат берилади. Масалан, Фарғона вилоятида 1916 йилда 6 та жойдаги спиртли ичимликлар заҳираси йўқ қилиниши лозим эди[29]. Лекин, омборхоналардан “ликвидация” қилинган спирт ва вино Қашғарга жўнатилиш баҳонасида Фарғона вилояти шаҳарларида яширин равишда сотилган.


[1] 2018 йил 28 февралда қабул қилинган “Виночилик соҳасини ва алкоголли маҳсулотларни реализация қилишни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор, “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш ҳамда узумчилик ва виночиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2019 йил 5 февралда қабул қилинган фармон, “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 2019 йил 5 февралда қабул қилинган қарор

[2] Пулло А. К вопросу о виноградства//Туркестанский сборник. Том 467.С.59-60; Ҳайитов Ж.Ш. Туркистонда янги экин навларининг тарқалиши ва улардаги ўзгаришлар. –Бухоро. “Дурдона”, 2018, Б.75; Шахназаров А.И. Сельское хозяйство в Туркестанском крае.СПб., 1908.С.247-300, 288-289, 295; Глушенко Е.А.Россия в Средней Азии. Завоевания и преобразования. Москва. Центрполиграф. 2010, С.234.

[3] Виноградарства и виноделие в Туркестан// Туркестанский сборник. Т. 454. С.135.

[4] ЎзМА, И.1-фонд, 27-рўйхат, 1558-иш, 1-варақ.

[5] Емельянов Н. Фабричная и заводская промышленность в 1882 г. // ТВ. – 1883. – №34.

[6] Невесский М. Список деревьев и кустарников, произрастающих в Самаркандской области//. Туркестанский сборник. Т. 525.С. 177-183; ЎзМА, И.7-фонд, 1-рўйхат, 3178-иш, 154, 141-142 варақлар.

[7] Заорская В.В., Александер К.А. Промышленные заведения Туркестанского края.-Петроград, 1915.С.339-340.

[8] Заорская В.В., Александер К.А. Промышленные заведения Туркестанского края.-Петроград, 1915. 342-бет.

[9] Шахназаров А.И. Сельское хозяйство в Туркестанском крае.СПб., 1908.С.247-300, 288-289, 295; Маев Н.А. Туркестанская выставка 1886 г.–Ташкент: Издание Туркестанского Отдела Императорского Российского Общества Садоводства, 1886.С.48-50; ЎзМА, И.36-фонд, 1-рўйхат, 3545-иш, 219-варақ; ЎзМА, И.7-фонд, 1-рўйхат, 3178-иш, 154, 141-142 варақлар.

[10] ЎзМА, И.36-фонд, 1-рўйхат, 3545-иш, 43, 48, 49, 93-варақлар.

[11] Заорская В.В., Александер К.А. Промышленные заведения Туркестанского края.-Петроград, 1915.С.343.

[12] Виноделье в Туркестане // Туркестанский сборник. Т. 522.С. 169-171.

[13] Ҳайитов Ж.Ш. Туркистонда янги экин навларининг тарқалиши ва улардаги ўзгаришлар. –Бухоро. “Дурдона”, 2018, Б.75; Мусофир. Среднеазиатское виноградство//Туркестанский сборник. Т. 433, С.9-14; Путеводитель по Туркестану и Средне-Азиатской железной дороге.С.-Петербургь. 1903, С.34; Глушенко Е.А.Россия в Средней Азии. Завоевания и преобразования. Москва. Центрполиграф. 2010, С.15, 234; Средне-Азиатское виноградарство //Туркестанский сборник. Т. 433, С.9-14.

[14] Мусофир. Среднеазиатское виноградарство // Туркестанский сборник. Т. 433.С.9-14; А.Губаревич-Радобылский. Экономический очерк Бухары и Туниса. Санк-Петербург.1905.С.96-97.

[15] Вывоз сушенных фруктов и виноградного вина// Туркестанский сборник. Т. 536.С.270-276.

[16] О ходе и положении акцизного дела в период 1883-1884 г. // ТВ. – 1885. – №10.

[17] ЎзМА, И.18-фонд, 1-рўйхат, 1260-иш, 1-1 варақ орқаси.

[18] Циркуляр Туркестанского генерал губернатора от 15 января 1885 г. // ТВ. – 1885. – №5.

[19]Правила о безакцизной выделке и продаже бузы в Туркестанском крае и Семиреченской области // ТВ. – 1894. – №30.

[20] Туркестанские ведомости. – 1881. – №49.

[21] О вреде пьянства // Туркистон вилоятининг газети. – 1906. – №6.

[22] Мирмуҳсин Шермуҳаммад ўғли. Ичкиликбозлик ҳақида // Туркистон вилоятининг газети. – 1913. – №97.

[23] Сартлар ичида ичкиликбозликка берилганликнинг оқибатлари // Туркистон вилоятининг газети. – 1911. – №90.

[24] Таъкидлаш жоизки, 1913 йилда Россия империяси марказий қисми аҳолиси жон бошига йилда 3,5 литр спиртли ичимлик истеъмол қилган бўлса, 2009 йилда унинг миқдори 15-18 литрни ташкил этди. Қ.: Теория трезвости // http://www.grinchenko.tvereza.info/1/1-3.html

[25] ЎзМА, И.1-фонд, 31-рўйхат, 1126-иш, 3-варақ орқаси.

[26] История Андижана в документах и материалах (1876-1917 гг.). – Андижан, 2009. – С.325.

[27] ЎзМА, И.19-фонд, 1-рўйхат, 27857-иш, 1-варақ орқаси.

[28] ЎзМА, И.1-фонд, 4-рўйхат, 1825-иш, 100 варақ.

[29] ЎзМА, И.1-фонд, 4-рўйхат, 1825-иш, 83 варақ орқаси.

Манба: uzanalytics.com

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Close