Ёшлар сиёсатини амалга оширишдаги асосий муаммолар. Эксперт фикри

Фото: mo.tashkent.uz
Муаллиф:
 Наргиза Умарова

Ўзбекистон миллий университети доценти, социология фанлари доктори Азамат Сеитов юртимизда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг амалдаги ҳолати хусусида холис фикр билдирди. Экспертнинг сўзларига қараганда, айни чоғда ёшлар билан ишлашда эскича қараш-муддаолардан буткул воз кечиш зарур. “Совет давридаги коллективизм — ҳаммани тенг кўриш ва бир қолипга солишликнинг вақти ўтди, — дейди олим. — Бундай ёндашув эскирган. Боз устига, у ўзининг самарасиз эканини намоён этди. Ҳозир ёшларга индивид сифатида қараш, ҳар бирининг индивидуал талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олиш ҳамда қондиришга ҳаракат қилиш айни муддао. Бу жамиятимиздаги кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ечим топиш, пировард натижада эса мамлакатни тараққий эттиришга хизмат қилади”.

— Азамат Пўлатович, ёшларга оид давлат сиёсати, аниқроғи, уни рўёбга чиқариш механизмлари ҳақида либерал позициядан туриб фикр юритяпсиз. Бундай ёндашув нимаси билан афзал? Нега айнан уни асос қилиб олиш керак, сизнингча?

— Яқин ўтмишимизга юзланайлик. Собиқ иттифоқ даврида ёшлар комсомолнинг таркибий қисми, коллектив келажак пойдевори сифатида қаралган. Уларга нима кераклиги, ҳатто қизиқишлари доирасини давлат ва амалдорлар тепадан туриб белгилаб берарди. Ўша вақтда оммавийлик урф бўлган. Ёшларни ёппасига меҳнат отрядларига жалб қилиш, ёппасига ягона мафкурага эргаштириш, ёппасига бир хил услубда кийинтириш кабилар одатий ҳолга айланганди. Инсоннинг индивидуал хусусиятлари билан эса ҳеч ким ҳисоблашмаган.

— Энди-чи?

— Энди биз мутлақо ўзгача реалликда яшаяпмиз. Ўзбекистон халқаро майдонда муносиб ўрнини эгаллашга ҳаракат қиляпти. Лекин бу осон эмас. Глобал дунёдаги шиддатли рақобатга дош бериш учун “инсон капитали”ни ўстириш керак. Бундай салоҳият ёшлардагина мавжуд. Уни рўёбга чиқариш индивидуал ёндашувни талаб қилади. Фикримча, ёшларга оид давлат сиёсатини мана шу нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиш ва ислоҳ қилишнинг вақти келди.

Азамат Сеитов
Нега ёшларни ҳали ҳам яхлит субстанция, яъни оммавий равишда ишлаш талаб қилинадиган қатлам деб қабул қиламиз?! Бу мени ҳайрон қолдиради. Ёшларга оид давлат дастурларини ишлаб чиқишда ҳам кўпроқ миқдорий кўрсаткичларга урғу берилмоқда. Айтайлик, ҳар бир туман (шаҳар)да шунчадан мини футбол майдончалари қурилади ёки бўлмаса, мактабларда шунча спорт, шунча санъат, шунча фан тўгараги ташкил қилинади, деб хомчўт қилиш жуда ғалати, назаримда. Йигит-қизларнинг қизиқишлари, талаб-эҳтиёжларини ўрганмай, бу борада жиддий ва кенг кўламли социологик тадқиқотлар ўтказмай туриб, қандай қилиб уларнинг ҳаётини олдиндан режалаштириш мумкин, ахир?! Гап яна оммавийликка бориб тақалмоқда. Бундай вазиятда мутасадди ташкилотлар рақамлар ортидан қувишга интилиши табиий.

Мана қаранг, охирги йилларда юртимизда бир қатор спорт турлари бўйича чемпионлар етишиб чиқди. Шаҳару қишлоқларда қанчадан-қанча ўғил-қизлар уларга ҳавас қилиб ёки яқинларининг ундови билан спорт секцияларига ёзиляпти. Бироқ ўша ҳавасмандлар билан индивидуал тарзда иш олиб бориляптими? Иқтидори тўғри йўналтириляптими ўзи? Саволлар очиқ… Балки, бокс тўгарагига ёзилган боланинг аслида санъатга кўпроқ иштиёқи бордир. Ёшларга оид давлат сиёсатида оммавийликдан қочилмас экан, бу соҳадаги муаммо ва камчиликлардан ҳали-бери қутула олмаймиз.

— Индивидуализм ёшлар қалби ва шуурида худбинликнинг ривожланишига олиб келмайдими?

— Индивидуализм ва эгоизм айнан бир нарса эмас. Улар ўртасидаги нозик фарқни илғаш жуда муҳим. Индивидуаллик инсонга ўз салоҳиятини тўлақонли намоён этиш имконини беради. Кейинчалик у дунёқараши ва қизиқишлари ўзиникига ўхшаш одамларни қидира бошлайди. Ушбу занжир тобора кенгайиб, алал-оқибат, коллективизмга олиб келади. Фақат бундай коллективизм совет давридагидек қўрқитиш ва мажбурлашга асосланмайди. Балки қуйидан, ихтиёрий тарзда шакллантирилади.

Либерал нуқтаи назардан индивидуализм орқали коллективизмга келиниши керак, аксинча эмас!

Ҳозир республиканинг барча ҳудудларида IT-парклар ташкил қилинмоқда. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси эълон қилинди. Мақсад тўғри қўйилган. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ахборот технологиялари соҳасидаги салоҳиятини ошириш ниҳоятда муҳим. Бироқ, такрор айтаман, бу ишни ёшларнинг индивидуал талабидан келиб чиқиб амалга ошириш зарур. Бир миллионта дастурчини тарбиялаймиз, деб эртага ҳаммани ёппасига IT-парклар ёки робототехника тўгаракларига жалб этиш ярамайди.

Бугун сон ортидан қувиб сифатни эсдан чиқараётгандекмиз. Ваҳоланки, ёшлар масаласига оид режа-дастурлар тузишда салмоқ бирламчи бўлиб қолмаслиги керак. Йўқса раҳбарлар гап эшитиб қолмаслик учун реал ҳолатни яшириш ёки ҳисоботдаги рақамларни бўрттириб кўрсатиш пайига тушади.

— Унда хатолик қаерда? Ёшлар сиёсати тизимининг қайси бўғинлари панд беряпти?

— Тизимга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Мен фақат вазифалар тақсимотини қайта кўриб чиққан бўлардим. Давлат ёшлар сиёсатининг мақсади ва устувор йўналишларини белгилаб бериши керак, холос. Бўлди! Қолган ишни нодавлат ташкилотлар бажаради. Шу боис Ўзбекистонда бир эмас, ўнлаб ёшлар бирлашмалари фаолият кўрсатгани маъқул, деб ўйлайман. Давлат ижтимоий буюртмани шакллантиради, лойиҳа учун маблағ ажратади ҳамда ижрочилар ўртасида танлов эълон қилади. Табиийки, тендерда ғолиб бўлган ташкилот ёки муассаса натижа учун ишлайди, буюртмани сифатли бажаришга ҳаракат қилади. Чунки бундан, аввало, ўзи манфаатдор.

Ёшлар сиёсатини амалга оширишда асосий оқсоқлик ижро механизмида юзага келмоқда. Мақсад аниқ ва тўғри қўйилса ҳам, мутасаддилар эскича ёндашув, яъни оммавийликдан воз кечаётгани йўқ. Қолаверса, аксарият лойиҳаларга давлат ташкилотлари бош-қош бўлмоқда. Ижтимоий буюртмага масъул ҳам, маблағни тасарруф этувчи ҳам ўзлари. Ёшлар бандлигини таъминлаш масаласини олайлик. Эҳ-ҳе, бу бўйича қанчалаб ёлғон маълумотлар тайёрланмади дейсиз. Университет, коллеж битирувчиларидан ишга жойлашгани тўғрисида маълумотнома олиб келиш талаб қилинади. Шу бир парча қоғоз йиғмажилдга тикилмагунича на курс раҳбари, на директор ва деканда ҳаловат бор. Баъзи ёшлар қулоғим тинчисин, деб бирон жойда ишлаётганини тасдиқловчи сохта ҳужжат қилдириб келади. Қарабсизки, ҳисоботда ҳаммаси рисоладагидек. Амалда эса муаммолар камаяётгани йўқ.

— Маълумки, бугунги кунда ички ва ташқи таҳдидлар мавжуд. Ёшлар онгидаги мафкуравий бўшлиқни таҳдидлар сирасига киритса бўладими?

— Ёшлар онгида мафкуравий бўшлиқ мавжуд эмас. Бу — миф!

Чунки онгда бўшлиқ пайдо бўлдими, у, албатта, нимадир билан тўлдирилади. Демак, инсон мудом муайян тушунчалар, фикр, ғоя ва мафкуралар таъсирида яшаб келади.

Энди сўрашингиз мумкин, нега унда бутун дунё мафкуравий таҳдидилар сабаб турли минтақаларда “рангли инқилоб”лар юз бераётгани ҳақида айюҳаннос солмоқда?

“Рангли инқилоб” гибрид урушнинг энг оммалашган шакли ҳасобланади. Оммани жумбишга келтириб, кейин онги билан манипуляция қилиш мамлакатни ҳарбий куч ишлатиб босиб олишдан кўра минг чандон афзал.

Гибрид урушлар қурбонига айланишни истамаган давлат, турган гапки, ёшларнинг қалби ва онгини ёт ғоялардан иҳоталашга ҳаракат қилади. Бу эса ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш билан чамбарчас боғлиқ. Эртанги кунидан кўнгли тўқ, давлатига ишонадиган халқнинг иродасини букиб бўлмайди.

Йигит-қизларимизни ёт ғояларга чалғиб, ўз юрти ва жамиятини пароканда қилмаслиги учун улар билан мафкуравий йўналишда жиддий ишлаш зарур.

Мана, ватанпарварлик деймиз. У нима ўзи? Инсонни она тупроғи билан боғлаб турадиган қадриятлари бўлиши керак. Уй-жойи, мол-мулки бор макондан кимнинг ҳам узоққа кетгиси келади. Шу боис фуқароларнинг мулкка эгалик ҳуқуқини ишончли кафолатлаш жуда муҳим.

Ўй-фикрлари, режа-мақсадлари беқарор, ижтимоий муаммолар гирдобида қолган одамлар мамлакатнинг тинчлиги ва осойишталиги ҳақида қайғурмайди. Улар қорин ғамида, фақат шахсий манфаатларини кўзлаб яшайди. Бунга асло йўл қўймаслик керак!

Социологлар охирги вақтда жамиятда диний қарашлар устуворлик касб этгани ҳақида гапирмоқда. Бу объектив ҳолат. Сабаби коронавирус пандемияси туфайли одамлар иш жойидан айрилиб, даромади қисқарди. Мана шундай оғир ва мураккаб вазиятда инсон диндан таскин топишга уринади.

Бугун аксарият ўзбекистонлик ёшлар ҳаётида диний қадриятларнинг ўрни мустаҳкамланиб бораётгани ҳам тасодиф эмас, албатта.

— Бундай ёшларни йўлдан уриш осонми?

— Умуман олганда, ҳа. Чунки дин нозик масала. Давлат унда ўзининг иштирокини сақлаб қолиши зарур. Диний қарашларни нотўғри талқин этиш орқали бутун бошли мамлакатлар уруш ўчоғига айланиб қолаётгани бор гап. Бу билан одамларнинг эътиқод эркинлиги бўғилсин ёки диндорлар таъқиб қилинсин демоқчи эмасман. Аммо инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш жараёнида динни ниқоб қилиб олувчи экстремистик кучларга йўл очиб бермаслик керак. Президент Шавкат Мирзиёев мазкур масалада ниҳоятда оқилона сиёсат юритиб, маърифий исломни тарғиб этмоқда. Бундай ёндашув мафкуравий таҳдидлар билан боғлиқ хавф-хатарларнинг олдини олишга замин ҳозирлайди.

Манба: uzanalytics.com

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.