Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги масъуллари журналистларнинг хорижда ишлаётган фуқаролар сони сунъий камайтириб кўрсатилиши борасидаги танқидларига ҳам жавоб берди.
Ўзбекистондан хорижий давлатларга ишлаш учун чиқиб кетган мигрантлар сони 2 млн 346 минг нафарни ташкил қилади. Бу ҳақда 13 декабр куни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Фото: АОКА
“Миграцияда иштирок этаётган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни тўғри ҳисоб-китоб қилмасдан оммавий эълон қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Сабаби жаҳон тажрибасида ҳам меҳнат мигрантлари тўғрисидаги маълумотлар фақат 3та манбага асосланиб ёзилади. Булар сўровномалар ўтказиш, маъмурий манбалар орқали (уларнинг ҳудудлардан чиқиши ва кириши) ва турли илмий таҳлиллар ва аҳоли ўртасида ўтказилган рўйхатга олиш жараёнида шакллантирилган маълумотлар асосида.
Шунинг учун бу маълумотларни тезкор янгилаш имконияти чегараланган. Бизда шу йил биринчи чорак якуни билан барча манбалар ҳисобидан таҳлил қилинганда мигрантларимиз сони 2 млн 346 минг нафарни кўрсатган. Бу рақам чиққандан кейин ҳам қарийб 400 минг нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтиб келди.
Шунингдек, бизда кейинги йилларда олиб борилган ислоҳотлар натижасида ишлаш учун расмий йўллар билан хорижга кетаётганлар сони кескин ошди. Масалан, авваллари 0,15 фоиз фуқаролар расмий йўл билан ишга кетарди. Бугунги кунда бу кўрсаткич мавсумий характерга эга бўлиб, меҳнат миграцияси кўпайган пайтда 8 фоизга, чекланганда 9 фоизга чиқяпти. Яъни ташкилий ишга юборилган фуқаролар кўрсаткичи бугунги кунда 8-9 фоизни ташкил қилади”, – деди агентлик бошқарма бошлиғи Азим Аҳматов.
Тадбир давомида Kun.uz мухбири томонидан агентлик масъулларига мигрант сифатида хорижга кетган фуқаролар сони бундан анча кўп бўлиши мумкинлиги, рақамлар стратегик бўлгани учун ҳам сунъий яширилиши ҳақида савол билан мурожаат қилинди.
“Давлат персоналлаштириш маркази томонидан узоқ муддатга хорижга чиқиб кетган фуқаролар статистикаси юритилади. Агар фуқаро 3 ой муддатдан ортиқ муддатга хорижга чиқиб кетса, у бевосита бизнинг базага тушади. Шу билан бирга бизнинг статистика Россия Федерациясида чегара, миграцион қайддаги рақамлар билан солиштириб турилади.
Хўш, нега биз 2 млн ёки шунга яқин деб айтяпмиз? Бизда миграция мавсумий ҳисобланади, кимдир кетса, кимдир келади. Шунинг учун бизда йил охирида рақамлар тушади, йил бошида кўтарилади. Масалан, биринчи чоракда Россияга Ўзбекистондан борадиганлар сони юқори – 400-500 минг нафар. Лекин 3-4 чоракда бу кўрсаткич тушиб кетади.
Яна бир маълумот: Бизда мигрантлар кўрсаткичи пандемиядан аввалги кўрсаткичга ҳали чиқмади. Пандемиядан аввал хорижда мигрант сифатида юрган фуқаролар кўрсаткичи 3 млндан ортиқ эди. Лекин пандемиядан кейин бу рақамлар камайиб кетди. Нега, чунки пандемия даврида кўпчилик ўзини ўзи банд қилишни ўрганди. Иш билан таъминланиш имкониятига эга бўлди. Янги ҳаёт воқеликларига мослашув бошланди”, – дея Азим Аҳматов сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Манба: kun.uz