Пиллачиликка пандемия писанд эмас

Ҳар йили май ойи охирида ёки июнь ойи бошларида Муқаддас Aнарқулованинг уйида байрам — пилла ҳосили йиғилади. Унинг ҳовлисида қўшнилар, дугоналар, қариндошлар жам бўлишади. Тахминан 30 кун уйқусиз ва машаққатли меҳнат — ипак қуртини боқиш ишлари якунланди. Aнарқулова камида 80 кг пилла ҳосили олишига ишонади.

 Мукаддас Анаркулова:

— Тошариқ маҳалласи Қишлоқ фуқаролар йиғинидан Қорабалиқ қишлоғида (Тошкент вилояти) тураман. Бир қути пилла қурти олдик. Шундан 75-80 кг пилла олишни режалаштиряпмиз.

— Бу йил панлемия шароитида пиллачилик олдингиларидан фарқ қилдими?

— Қийинчилик бўлмади. Сабаби ўзимизнинг тут кўчатларимиз бор. Ўша тут кўчатлардан олиб келиб баргларни солдик. Ҳар йили қурт тутиб келяпмиз.

Пилла боқиш тажрибам 5 йил бўлди. Бу йил пиллани 27 минг сўмдан давлатга топширамиз.   Пилла тутишимнинг сабабчиси Ўғилой опам бўлади. Улар менга «Синглим, пилла тутиб кўр. Қандай бўларкан?» деб таклиф берди. Кўп билмаган нарсаларимни Ўғилой опа кўрсатиб турди. Қайси пайт тутай, қанақа барг берай, деб қўнғироқ қилиб сўрардим. Улар кўрсатиб, ўргатиб турди.

— Пилладан қанча даромад қиласиз?  

— Бир каробкадан 2 млн. сўм даромад оламиз. Уни қурилишларга, деҳқончиликка ишлатамиз. Мана, 2 йилдан бери қизимни репетиторда ўқитяпман. Ўқишга киришга тайёргарлик кўряпти.

— Пилла боқишда қанақа қийинчиликлар бор?

— Барг бергандан кейин кўпроқ уйқусига эътибор бериш керак экан. Баъзилари уҳлаган бўларкан, баъзилари қимирлаб, барг еркан. Баргни уйқудан тўлиқ турганда тўла бериб, эътибор билан яхши қарасангиз, шунда яхши пилла бераркан. Шунда яхши натижа бўларкан. Кўпроқ меҳр ва эътибор беришингиз керак экан.

Агроном Ўғилой Имонова:

— Дастлаб мен 1973 йилдан “Санам” маҳалласида Болалар боғчасида тарбиячи, 75-йилдан совхўзда оддий ишчи, кетмончи бўлиб ишладим. Кейинчалик соҳага қизиқишим туфайли 2007 йил Тошкентга бориб ўқидим ва пиллачилик бўйича институтни сиртқи бўлимини) битирдим. Бугунги кунга қадар пенсияда бўлсам ҳам ҳамон пиллачилик билан шуғулланиб келмоқдаман. Пилла боқиш бўйича 5 йиллик тажрибам бор. Бизнинг Оҳангарон туманмизда  Ўзбекистон ҳудудида 179 та фермер хўжаликлари ва 52 касаначи бор. Уларнинг барчасига пилла тарқатганмиз.

Ҳозирги кунда ипак қуртларини боқиш унчалик қийин эмас. Балки ипак қуртлари Хитойдан олиниб келинаётгани сабаб бўлса керак. Шунинг учун ипак қуртларини боқишда аввалгидек қийинчиликлар йўқ. Биз ҳам ўз навбатида 1 қути ипак қуртини қабул қилиб олдик, ундан 70-80 кг пилла мўлжаллаяпмиз”.

— Карантин даврининг пиллачилик фаолиятинингизга таъсири бўлдими?

— Йўқ, ҳеч кандай қийинчилик бўлмади. Туман бўйича ўтган йили 100 тонна план топширилган. Ўзбекистон ҳудуди бу миқдордан 35 тоннани ўз ичига олади. Бу йил 36 тонна пилла топширишни режалаштирганмиз. Ипак қуртлари боқиш учун пиллачиларга каробкаларда бўлиб берилади. Ҳар 1 коробкада 29 граммдан уруғ солинган бўлади. Топширилган пиллалар ўрта ҳисобда коробкасига 65 кгдан тўғри келади. Йиғилган пилла сараланиб, қабул пунктига топширилади. Бирламчи ишлов берилиб, сўнгра у ипак тўқиш фабрикаларига юборилади, у ерда ипакдан мато ишлаб чиқариш учун иплар тайёрланади. Битта пилладан ўртача 800-1000 метр ипак ип ишлаб чиқарилади.

Ипак ишлаб чиқариш граммни тақсимлашдан бошлаб ва тайёр маҳсулотлар чиқарилгунга қадар давлат назорати остида амалга оширилади.

Фермерлар давлат буюртмаси ва пилла топширишнинг мажбурий режасини оладилар. Маълумот учун, Ўзбекистонда пилла ишлаб чиқаришда 40 мингга яқин деҳқон хўжаликлари ва оилалар иштирок этмоқда.

Пиллачилик: фактлар ва рақамлар

2020 йил 4 мавсум мобайнида 403,5 минг қути ипак қурти парваришланиб, 21,4 минг тонна пилла хомашёси етиштирилди. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги корхоналар сони 91 тага етказилди, шундан 11 таси хорижий инвестициялар иштирокидаги қўшма корхоналардир. Олиб борилган ишлар натижасида 2020 йилда 76,5 миллион долларлик ипак маҳсулотлари экспорт қилинди. 2021 йилда эса пиллачиликда экспорт ҳажми йил якунида 86,7 миллион АҚШ долларига етиши кутилмоқда.  https://uza.uz/uz/posts/pillachilik-sohasida-kop-daromad-olishning-yangi-qirralari-kashf-etildi_256713

Ўзбекистонда 2025 йилга бориб тирик пилла етиштириш ҳажмини 30 минг тоннадан ошириш, уруғчилик корхоналарида тут ипак қуртининг махаллий маҳсулдор зот ва дурагай уруғлари тайёрлашни 500,0 минг қутига етказиш назарда тутилган.

МДҲ мамлакатлари орасида ипак ишлаб чиқаришда республиканинг улуши 85 фоиздан ошади. Пилла етиштириш бўйича Ўзбекистон дунёда Хитой ва Ҳиндистондан кейин учинчи ўринда туради.

Ўзбекистон Ипаги ассоциациясининг маълумотларига кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 36 та йирик ипак фабрикалари мавжуд бўлиб, улардан 18 таси ипакни қайта ишлаш фабрикалари, еттитаси ипакни ўраш фабрикалари ва 5 таси ипак тўқиш фабрикалари.

Темир Исмоилов
таёрлади

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.