Янги Ипак йўли харитасидаги Марказий Осиё

Хитой янги “Ипак йўли” лойиҳасини амалга ошириш учун янада очиқ бўлишга ҳамда XXI асрнинг энг юксак мақсадли ташаббусини фаол тарзда молиявий қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёр.

Апрель ойи охирида Пекин шаҳрида бўлиб ўтган “Бир макон – бир йўл” иккинчи халқаро форуми 150 мамлакат вакиллари, жумладан, 37 мамлакат раҳбарларини тўплади. Форумда Марказий Осиё президентларидан Шавкат Мирзиёев, Эмомали Раҳмон, Сооронбой Жээнбеков ва Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев иштирок этди.

Форум Хитой ва мамлакат раҳбари Си Цзиньпин ташаббуси билан ташкил этилди. Давлат раҳбари 26 апрель куни чиқиш қилиб, унда лойиҳа ижросини жадаллаштиришда Хитой ҳокимияти қандай ишларни мўлжаллаётгани ҳақида маълумот берди. Хитой Халқ Республикаси раҳбарининг мулоҳазаларидан иккита асосий хулоса қилиш мумкин. Биринчиси, Хитой – очиқлик сиёсати, соғлом рақобат тамойиллари, бизнеснинг барча иштирокчилари учун тенг шароитлар яратиш ва қулай бозор муҳитини шакллантириш тарафдори. Иккинчиси, Хитой ҳукумати турли мамлакатлар иштирокида “Бир макон – бир йўл” ташаббусини кредитлар ва мақсадли фондлардан маблағ ажратиш ҳамда облигациялар чиқариш орқали молиявий қўллаб-қувватлашни фаол тарзда давом эттиради.

“Бир макон – бир йўл” форумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида жами 283 та амалий натижалар, хусусан ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро келишувларга эришилди. Тадбиркорлар анжуманида умумий миқдори 64 млрд. АҚШ долларидан зиёд битимлар имзоланди”, − деди Си Цзиньпин журналистлар иштирокидаги брифингда[1].

Барча йўллар Пекинга олиб борадими?

“Бир макон – бир йўл” бутунжаҳон транспорт ва инвестиция инфратузилмасини тузиш ташаббуси иккита лойиҳани бирлаштиради: “Ипак йўлининг иқтисодий камари” ва “XXI аср – Денгиз ипак йўли”.

“Ипак йўлининг иқтисодий камари” лойиҳасини яратиш ғояси илк маротаба 2013 йил сентябрида Хитой раҳбарининг Қозоғистонга сафари вақтида таклиф этилган эди. Лойиҳага кўра, учта иқтисодий ва транспорт йўлагини шакллантириш кўзда тутилган:

1) Хитой – Марказий Осиё – Россия – Европа;

2) Хитой – Марказий ва Ғарбий Осиё – Форс кўрфази ва Ўрта ер денгизи;

3) Хитой – Жануби-Шарқий Осиё – Жанубий Осиё – Ҳинд океани.

Ҳозирги кунда Хитойдан Европага контейнер юклари денгиз йўллари орқали 45 – 60 кунда етказилмоқда. Бу йўлаклар мазкур муддатни 10 кунгача қисқартириш имконини беради.

Ўша йилнинг октябрида “XXI аср – Денгиз ипак йўли” концепцияси илгари сурилди. У қуйидаги икки йўналишни ўз ичига олади:

1) Хитой денгиз портларидан Жануби-Хитой денгизи орқали Ҳинд океани ва ундан кейин Европагача;

2) Хитой портларидан Жануби-Хитой денгизи орқали Тинч океанининг жанубий акваториясига.

2015 йилда ҳар икки ташаббус “Бир макон – бир йўл” номи билан битта умумий концепцияга бирлаштирилди. “Бир макон – бир йўл” ташаббуси доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида иккита молиявий “гигант”: 100 млрд. АҚШ долларилик капиталга эга Осиё инфратузилма инвестициялари банки ва устав капитали 40 млрд. АҚШ доллари бўлган Ипак йўли жамғармаси тузилди.

Хитой молиявий институтларининг кредитлар ажратиши Иқтисодий камар ва Денгиз ипак йўли лойиҳаларини амалга оширишнинг асосий молиявий механизмидир. Бунда Хитой ускуналари, товарлари, хизматлари ва иш кучидан фойдаланиш асосий шартлардан бири ҳисобланади.

2017 йил май ойида Пекинда бўлиб ўтган дастлабки “Бир макон – бир йўл” халқаро форумида Хитойнинг ушбу лойиҳага киритадиган сармояси ҳажми яқин йиллар ичида 150 млрд. АҚШ долларигача ошиши маълум қилинган эди.

Лойиҳа муаллифларининг фикрича, “Ипак йўлининг иқтисодий камари” лойиҳасига Ер шари аҳолисининг 63 фоизини ташкил этадиган 67 та мамлакат қўшилиши мумкин. Бошқача айтганда, бу ерда гап аҳолиси Ер шарининг ярмидан кўпроғини ташкил этадиган мамлакатлар иқтисодиётларини бир-бири билан боғлайдиган иқтисодий камар яратиш ғояси ҳақида бормоқда. Хитой ташаббуси муваффақиятли амалга ошадиган бўлса, XXI асрда барча йўллар энди Римга эмас, Пекинга элтадиган бўлади.

Албатта, Хитой авваламбор ички иқтисодий сиёсатидан келиб чиққан ҳолда “Бир макон – бир йўл” ташаббусини илгари сурди. Хитойда сўнгги 10 йилда кузатилган иқтисодий ўсиш суръатларининг барқарор секинлашиши мамлакат ҳукуматини айнан ташаббусга ундаган кўринади. Мазкур глобал лойиҳанинг амалга оширилиши бир томондан, Хитойнинг яхши ривожланмаган ғарбий провинциялари ривожланишига олиб келади. Бу эса, мамлакат ҳудудлари иқтисодиётини тенглаштиришга ёрдам беради. Жадал модернизациялаш йилларида ғарбий провинциялар бошқа ҳудудларга қараганда, кам ривожланди. Бошқа томондан эса, бу ички истеъмол ўсишини кучайтиради ва Хитой иқтисодиётидаги ортиқча ишлаб чиқариш қувватлари муаммосини ҳал этади. “Бир макон – бир йўл” доирасидаги лойиҳаларни амалга оширишда Хитойнинг ускуналар, товарлар, хизматлар ва иш кучи етказиб берувчи асосий таъминотчи бўлиш шарти юқоридаги фикрларимизни тасдиқлайди.

Иқтисодий нуқтаи назардан қараганда, ушбу ташаббусни Хитойнинг “иқтисодий мўъжизаси”ни қўшни ҳудудларга экспорт қилиш модели сифатида баҳолаш мумкин. Бунда асосий эътибор Хитойнинг ривожланмаган ҳудудларини қўшни давлатлар билан боғлаш орқали ривожлантиришга қаратилмоқда. Бироқ келажакда мазкур иқтисодий лойиҳа Хитойнинг мукаммал геосиёсий стратегиясига айланиши ҳам мумкин.

Марказий Осиёнинг янги Ипак йўли лойиҳасидаги ўрни

“Бир макон – бир йўл” глобал лойиҳаси инфратузилма логистикаси ва савдо имкониятлари туфайли нафақат Хитой иқтисодиёти, балки шунингдек, янги Ипак йўли бўйидаги мамлакатлар иқтисодиётини ривожлантиришга ҳам янги имкониятлар яратади. Унинг айнан шу жиҳати эскирган совет инфратузилмалари сабаб муқобил савдо йўлларини излаш жараёнида бўлган Марказий Осиё мамлакатлари учун анча жозибадор кўринади.

Марказий Осиё мамлакатларига инфратузилма лойиҳалари, жумладан янги кўприк ва йўллар, йирик логистика марказлари қурилиши учун улкан инвестициялар зарур. Ана шу мақсадларда “Ипак йўли иқтисодий камари” доирасида Хитой сармоясидан фойдаланиш мазкур лойиҳалар учун хорижий инвестициялар етишмовчилиги муаммосини ҳал қилади. Шунингдек, Пекин таклиф этаётган интеграция модели иқтисодий камар лойиҳасига аъзо мамлакатларнинг ўзаро иқтисодий манфаатларигагина асосланганлиги ҳам мазкур ташаббуснинг устун жиҳатидир. Бу лойиҳа муваффақиятли амалга оширилса, Хитой ушбу минтақада бошқа давлатларнинг геосиёсий таъсири билан мусобақалашадими, ёки йўқми, деган савол очиқлигича қолмоқда. Эҳтимол, шу сабабларга кўра, Марказий Осиё учун иқтисодий интеграцияга оид барча моделлар ичида айнан Хитойнинг мазкур ташаббуси истиқболли кўринади. Мазкур минтақа мамлакатлари учун “Ипак йўлининг иқтисодий камар” лойиҳаси – инфратузилма тараққиёти ва янги савдо имкониятлари жараёнларини сиёсийлаштирмасдан туриб, уларга эга бўлиш имкониятидир.

Хитой салобатли иқтисодиёти ва географик жиҳатдан қўшничилиги туфайли минтақадаги деярли барча мамлакатларнинг асосий савдо ҳамкорлари учталигига киради ҳамда йирик сармоядорлардан бири ҳисобланади. Хитойнинг 1992 йилдан 2016 йилгача Марказий Осиёнинг бешта мамлакати (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон) билан йиллик товар айланмаси ҳажми 60 марта ўсди.

Бугунги кунда Хитой Марказий Осиёдан нафақат газ ва нефть, балки металларни ҳам фаол равишда импорт қилмоқда. Бундан ташқари, Қозоғистон Хитойга уран ҳам экспорт қилади ва ХХРнинг уранга бўлган эҳтиёжининг қарийб 75 фоизини қоплайди.

Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон Хитой компаниялари сармояси асосий “истеъмолчиси” ҳисобланади. Хитой айнан ушбу мамлакатга фаол сармоя киритмоқда ва уларнинг ҳажмига қараганда, Қозоғистонни энг муҳим минтақавий ҳамкор-давлат сифатида кўради. ХХРнинг Марказий Осиёдаги умумий инвестицияси ҳажмининг ярмидан кўпроғи Қозоғистон улушига тўғри келади. “Бир макон – бир йўл” лойиҳаси бошланганидан сўнг, сўнгги 5 йил ичида Қозоғистоннинг улуши 62 фоизгача ошган. Туркманистон ва Тожикистонда эса вазият умуман тескари томонга ўзгарди. American Enterprise Institute сайтидан олинган маълумотларга кўра, Хитой компанияларининг Туркманистон иқтисодиётига киритган сармояси 10 бараварга, Тожикистонга эса, ҳатто нолгача қисқарди.

“Бира макон – бир йўл” концепцияси қабул қилинганидан сўнг, Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётига киритаётган сармояси таркибида ўзгаришлар кузатилмоқда. Концепция қабул қилингунга қадар Хитой компанияларининг барча инвестициялари ва улар билан тузилган шартномаларнинг 86,5 фоизи энергетика секторига тўғри келган бўлса, лойиҳа расман ишга туширилгандан сўнг ушбу тармоқдаги инвестициялар улуши 33 фоизгача камайди.

Марказий Осиё минтақасининг транспорт инфратузилмасига киритилган инвестициялар суръати ўсмоқда. Ушбу соҳага киритилган сармоя ҳажми 4 марта кўпайди ҳамда умумий ҳажмда мазкур тармоқнинг улуши энергетика сектори билан деярли тенглашди.

Иқтисодий интеграция халқларнинг маданий яқинлашуви учун табиий драйверларни яратади. Бунинг учун эса, умумий мулоқот тили зарур. Бугунги кунда Марказий Осиёнинг кўпчилик аҳолиси инглиз тили қаторида хитой тилини ҳам ўрганишмоқда. Мана кўп йилдирки, Хитой Марказий Осиё мамлакатлари талабалари учун квоталар ажратиб келмоқда, бироқ бу квоталар Россия квоталарига нисбатан қарийб икки баравар камдир. Марказий Осиёда рус тили давлатлараро даражасидаги миллатлараро мулоқот тили саналади. Қандай бўлмасин, ё Марказий Осиёнинг маҳаллий аҳолиси ёки хитойликлар вақти келиб ўзаро мулоқот тилини ўрганишлари керак бўлади, бироқ бунинг учун вақт зарур.


[1] https://www.fmprc.gov.cn/mfa_eng/zxxx_662805/t1659377.shtml

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.