Ўзбекистон мева-сабзавот экспортини ривожлантиришда менталитет халақит бермоқда

Манба: UzAnalytics.com

Ўзбекистоннинг табиати, иқлим шароитлари, мавжуд ишчи кучи ресурсларидан ва географик жойлашувидан келиб чиққан ҳолда, мамлакат иқтисодиётининг юқори сифатли мева ва сабзавотлар етиштиришда йирик имкониятлари деярли ҳеч кимда шубҳа туғдирмаса керак. Аммо, мавжуд салоҳият ва уни ҳаётда амалга ошириш – турли тушунча.

Сўнгги йилларда мамлакатда қишлоқ хўжалиги соҳаси фаол ислоҳ қилинмоқда. Мазкур тармоқда бошқарув тизимини такомиллаштириш, давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этиш, кооперацияни йўлга қўйиш, замонавий ресурс тежамкор технологияларини жорий қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш мақсадида қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Шунга қарамасдан, жаҳон бозорида мева-сабзавот маҳсулотлари савдоси 205 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бир пайтда, республиканинг мазкур бозордаги улуши бир фоизга ҳам етмаяпти. Ушбу маҳсулотларинг мамлакат экспорти таркибидаги улуши эса атиги 7 фоизни ташкил қилади.

Uzanalytics.com сайти мухбири Ўзбекистонда мева-сабзавотлар экспортини ривожлантириш истиқболлари, соҳадаги мавжуд муаммолар, ишлаб чиқарувчи ва экспортчиларнинг одатий хатолари ҳақида мазкур соҳада етакчи эксперт Андрей Ярмак билан мулоқотда бўлди.

Андрей Ярмак – БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестиция бўлимининг иқтисодчиси, қишлоқ хўжалиги иқтисоди ва менежменти бўйича етакчи мутахассис, собиқ иттифоқ мамлакатлари қишлоқ хўжалигида БМТнинг лойиҳаларини тадбиқ этишда катта тажрибага эга.

Андрей Ярмак
– Умуман олганда, мамлакат экспортида мева-сабзавот маҳсулотлари ҳажмини кескин ошириш ва уларнинг ассортиментини кенгайтириш салоҳиятнини қандай баҳолайсиз?

– Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш (етиштириш) ва уларнинг ташқи бозорларга экспортини ривожлантиришда улкан салоҳиятга эга. Мен буни бир неча бор таъкидлаганман. Мен бу фикрни фақат сўзда эмас, амалда ҳам тасдиқлаш учун 2012 йилдан бери ушбу имкониятни амалга оширишда фаол ёрдам бериб келмоқдаман. Аммо шуни унутмаслик керакки, салоҳият ва уни амалга ошириш икки хил тушунча. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун кўп ишлар қилинмоқда, аммо ишлаб чиқариш (етиштириш) ҳажмининг ўсиши автоматик равишда экспорт ҳажмини кўпайишига олиб келмайди. Сабаби, экспортда авваламбор, потенциал истеъмолчига қайси маҳсулот кераклигини ва унинг эҳтиёжини тушуниш керак. Шунингдек, ҳақиқий истеъмолчи ким ва у қайси мамлакатларда яшайди каби саволларга ҳам жавоб бўлиши керак. Бундан ташқари, мевалар экспорти ҳақида гап кетганда, боғ барпо этишдан бошлаб токи у ҳосилга киргунгача кетган вақтда (ушбу йиллар давомида) истеъмолчиларнинг эҳтиёжи ва талаби қандай ўзгаришини олдиндан кўра билиш лозим.

Масалан, Европа Иттифоқида ҳозирги кунда “премиум” тоифасига кирмайдиган мева ва сабзавотларга талаб деярли йўқ. АҚШ ва бошқа кўплаб ривожланган мамлакатларда худди шундай вазият. Бундан ташқари, ҳар бир мамлакатда меваларнинг турли хусусиятларига нисбатан ўзига хос уларнинг ранги, таъми, калибри ва бошқа хусусиятлари бўйича талаблар ва эҳтиёжлар мавжуд.

Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир тадбиркор экспортни амалга оширишда стратегик қарорлардан, бозорни тўғри тушунишдан бошлаши керак. Акс ҳолда, унинг маҳсулотларига талаб умуман бўлмаслиги мумкин. Бундай ҳоллар Ўзбекистонда кўп учрайди. Аммо маҳсулот етиштириш – ишнинг ҳаттоки ярми ҳам эмас. Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришда уларни истеъмолчиларга сифатли (хусусиятларини йўқотмаган ёки максимал даражада сақлаган) ҳолда етказиб бериш, маълум вақт сақланиши ва қадоқлаш каби омилларни ҳисобга олиш жуда муҳим ҳисобланади. Аксарият ҳолларда ҳосил йиғим-теримидан кейинги жараёндаги харажатлар ва сармоялар маҳсулотни етиштиришга кетган маблағдан кўп бўлиб, кўпинча бундай харажатлар етарлича эътиборга олинмайди.

– Республикада етиштириладиган мева ва сабзавотларнинг қайси турларини экспортни ривожлантиришда истиқболли ҳисоблайсиз? Сизнингча, Ўзбекистон мева ва сабзавотларнинг қайси турларида ташқи бозорларда муваффақиятли рақобатлаша олиши, ташқи бозорларни эгаллаши ёки уларда ўз улушини ошириши мумкин?

– Ўйлайманки, бу масалада ҳар доим мавжуд иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда мулоҳаза юритиш лозим. Ўзбекистонда ноёб хусусиятларга эга маҳсулотлар етиштириш мумкин. Аммо экспорт учун олма етиштиришнинг маъноси йўқ, олманинг баъзи эрта навлари бундан мустасно. Бу борада яна бир муҳим омилни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон географик жиҳатдан барча ташқи бозорлардан (мева ва сабзавотлар экспорти учун) узоқ масофада жойлашган. Бу дегани, маҳсулотни истеъмолчиларга етказиб бериш харажатлари, яъни логистика харажатлари доим юқори бўлади. Шу сабабли, арзон нархдаги маҳсулотларни экспорт қилишнинг маъноси йўқ – даромадли экспорт учун маржа етарли даражада бўлмаслиги мумкин. Бундан ташқари, мамлакатда ишчи кучининг етарлилигидан ҳам фойдаланиш лозим – ҳосил йиғим-терим жараёни қанчалик меҳнатталаб ва харажатли бўлса, Ўзбекистоннинг ушбу маҳсулотни экспорт қилиш имконияти шунчалик юқори бўлади. Албатта, маҳсулотнинг сифати, хавфсизлиги ва унинг сақланишини таъминлаш зарур инфратузилма ва билимларнинг мавжудлигига ҳам боғлиқ.

– Жорий йилнинг дастлабки 8 ойи якуни бўйича Ўзбекистон Россия бозорига 12,9 минг тонна кўкатларни экспорт қилди ва илк бор Россия бозорида энг йирик кўкат импортчисига айланди, Ўзбекистоннинг мазкур бозордаги улуши 40 фоизни ташкил қилди. Ушбу факт Россия бозорида Ўзбекистон улушининг барқарор ўсишидан далолат берадими ёки бу Эроннинг кўкат экспортидаги мавжуд муаммолари ва бошқа омиллар билан боғлиқ вақтинчалик муваффақиятми?

– Айни пайтда Россия учун Эрон билан эмас, балки Ўзбекистон билан ишлаш қулайроқ, деб ўйлайман. Шу боис, барқарор тенденция ҳақида гапириш мумкин. Бундан ташқари, кўкат етиштириш ва унинг экспорти – айнан мен юқорида айтиб ўтган сегментдир. Мавжуд табиат ва иқлим шароитларини, ушбу маҳсулотни етиштириб унинг ҳосилини йиғиб олиш кўп меҳнат талаб қилишини ва маҳсулот нархининг етарли даражада юқорилигини ҳисобга олсак, транспорт харажатларининг юқорилиги ҳақида қайғурмаса ҳам бўлади. Тўғри, Ўзбекистон кўкатларни бошқа мамлакатларга экспорт қилиб кўпроқ даромад олиши мумкин. Чунки “укроп” ва “петрушка” – энг арзон кўкат турлари ҳисобланади, импорт нархлари эса Россия ва Украинада энг паст ҳисобланади. Бу дегани, Ўзбекистон арзон кўкат турларини энг паст нархларда сотмоқда. Шунга яраша, маҳсулотга қўйилган сифат талаблари ҳам анча паст. Аммо кўкат етиштириш ва унинг экспортида озгина кўпроқ куч сарфланса, кўкат экспортидан анча юқори даромад олишда катта имкониятлар мавжуд.

– Юқорида айтиб ўтилганидек, ҳозирги кунда қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш бу ҳали даладан истеъмолчигача бўлган “масофани” қамраб олган жараённинг ярми ҳам эмас. Ушбу маҳсулотларни ўз хусусиятларини максимал даражада сақлаган ҳолда супермаркетлар жавонларига етказиб бериш муҳим вазифа, айниқса, бу супермаркетлар бир неча минг километр масофада жойлашган бўлса (экспорт ҳақида гап кетганда). Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва уларнинг логистикасини ташкил қилиш бугунги кунда бутун бир инфратузилмага айланган, уни сотиш маркетинги эса иқтисодиёт фанининг йўналишларидан бири ҳисобланади. Сизнингча, ўзбекистонлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар ва уларни экспорт қилувчилар қандай хатоларга йўл қўймоқдалар?

– Одатий хатолардан бири, кўпчилик қишлоқ хўжалиги соҳасида бизнес-режаларни ҳисоблаганда маҳсулотни ишлаб чиқаришга (етиштиришга) кетадиган харажатларга асосий эътиборни қаратади. Аммо маҳсулотни сақлаш ва уни истеъмол учун тайёр маҳсулотга айлантириш инфратузилмасига сарфланган харажатлар, одатда, ҳар бир гектар майдон ҳисобига, боғни барпо қилишдан қимматроққа тушади. Кўпчилик буни тушунмайди.

Иккинчи одатий хато шундан иборатки, бирон бир бизнес-режада маркетинг харажатлари ҳисобга олинмайди. Маҳсулотларнинг ўз-ўзидан сотилиши тахмин қилинади, Совет Иттифоқи даврида мавжуд бўлган маҳсулотлар тақчиллиги (дефицити) шароитида бўлганидек. Ўзбекистонда кўпчилик бу борада давлатдан кўмак ёки маълум қўллаб-қувватлаш чораларини кутади. Иккала ёндашув ҳам нотўғри. Фақат самарали маркетинг даромад олишда ёрдам беради, қолганлари эса харажатлардир. Шуни тушуниб етиш лозимки, ҳозирги кунда дунёнинг ҳеч бир ҳудудида маҳсулотлар тақчиллиги (дефицити) йўқ. Аммо маркетинг бепул эмас – бу маълум харажатларни талаб қилади. Масалан, кўргазмаларда қатнашиш, бизнес-шерикларга ташриф буюриш, музокаралар ва ҳ.к. Буларнинг барчаси арзон турмайди.

Учинчи хато – махсулотни сақлаш, истеъмолчи учун тайёр маҳсулотга айлантириш ва маркетинг билан боғлиқ харажатларни бизнес-воситачига “юклаш”. Авваламбор, сақланиши керак бўлган маҳсулотлар далага яқин бўлган омборларда сақланиши керак, чунки бундай маҳсулотлар учун ҳар бир соат ғанимат. Агар йиғим-теримдан кейин бу маҳсулотлар махсус шароитли омборларга тез орада жойланмаса, уларнинг сифати кескин пасайиб кетиши мумкин. Шунинг учун маҳсулотни сақлаш алоҳида бизнес эмас – бутун дунёда махсус омборхоналар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ёки уларнинг кооперативларига тегишли. Бошқача қилиб айтганда, бу бизнес ишлаб чиқарувчилар назорати остида. Агар махсус омборлар сони етарли бўлса, маҳсулотни сақлаш орқали қўшимча даромад олиш имконяти деярли йўқ. Бундай шароитда маҳсулот нархлари бутун мавсум давомида барқарор бўлиб қолади.

Агар маркетинг харажатлари бизнес-воситачига “юкланса”, деярли бутун фойда ҳам унда қолади. Модомики ушбу ёндашув маъқул бўлса, бундай услубда ишлашни давом эттириш мумкин.

– Республика Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, сўнгги 3 йил ичида мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқариш (етиштириш) ҳажми деярли ўсмади, баъзи товар гуруҳлари бўйича ҳаттоки пасайган. Сизнингча, ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсмаслигини мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини оширишда асосий муаммо деб ҳисобласа бўладими?

– Мен бу масалада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш (етиштириш) статистикасига кўп эътибор қаратмаган бўлар эдим, сабаби, Ўзбекистонда мазкур маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ҳисоблаш жуда қийин. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми сурьатлари қандайдир тарзда уларнинг экспорт ҳажмига таъсир қилади, деб ўйламайман. Чунки, одатда экспортга фақат қўшимча ишлов берилган ва маълум даражада юқори сифатли маҳсулотлар юборилади. Менинг ҳисобларимга кўра, Ўзбекистонда бундай маҳсулотларнинг умумий ҳажмдаги улуши ўсиб бормоқда.

– Агар Ўзбекистоннинг мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш географиясини кўриб чиқадиган бўлсак, ушбу маҳсулотларнинг қарийб 90 фоизи 8 мамлакатга, деярли 70 фоизи эса 3 та давлатга (Қозоғистон, Россия ва Қирғизистонга) экспорт қилинади. Қайси мамлакатлар бозори ҳисобига Ўзбекистон экспорт ҳажмини ошириши мумкин: юқорида айтилган мамлакатларга экспорт ҳажмини ошириш ҳисобигами ёки экспорт географисини кенгайтириш ва диверсификалаш орқалими?

– Агар Ўзбекистон юқори сифатли ва хавсизлик кўрсаткичлари талабларига жавоб берадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини оширса, бундай маҳсулотларни дунёнинг исталган мамлакатига экспорт қилиш имкониятига эга, ҳаттоки маҳсулот сифати ва хавфсизлиги бўйича юқори талабга эга бўлган давлатларга ҳам. Шубҳасиз, Осиё мамлакатлари (айниқса Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий-Шарқий Осиё), шунингдек, Европа Иттифоқи мамлакатлари энг истиқболли муқобил бозорлардир.

Агар биз ёнғоқ, музлатилган ва қуритилган мева-сабзавот маҳсулотлари ҳақида сўз юритадиган бўлсак, экспорт географияси мутлақо чексиз, деб ҳисоблайман.

– Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда диверсификациялаш, экспорт географиясини кенгайтиришда нимала тўсқинлик қилмоқда? Ўзбекистонлик экспортчиларда тажриба ва кўникмалар, зарур инфратузилманинг етишмаслигими ёки ташқи бозорлардаги кучли рақобатми?

– Авваламбор менталитет халақит бермоқда, яъни, “маҳсулотлар дефицити йўқ ва бўлмайди, етиштирган маҳсулотни сотишга ҳаракат қилиш ўрнига мижоз ва истеъмолчиларга қандай маҳсулот кераклиги билан қизиқиш, тегишли ва зарур сифат, нав, таъм, калибр, қадоқлаш ва ҳ.к.ни таъминлаб бериш” деган тушунчанинг етишмаслиги, деб ўйлайман. Қачонки, бундай тушунча пайдо бўлса, ундан кейин экспортнинг ўсиши ва унинг диверсификацияланиши бошланади. Ўшандагина маҳсулот ишлаб чиқарувчилар нима учун уларга GlobalGAP кераклигини ва нимага бунинг муҳимлигини, ишлаб чиқариш занжирида арзимас нарсалар бўлмаслигини тушуна бошлайдилар.

– Ўзбекистонда етиштирилган маҳсулотларнинг хусусиятлари ва сифатидан келиб чиққан ҳолда, ушбу маҳсулотлар экспорти учун қайси давлатлар бозори истиқболли деб ҳисоблайсиз?

– Ҳозирги кунда Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари 99% ҳолларда фақат Россия ва МДҲ мамлакатларида қизиқиш ўйғотади. Хаттоки, Россияда ҳам ушбу маҳсулотлар бозори торайиб бормоқда, чунки уларнинг асосий истеъмолчилари катта ёшдаги аҳоли ҳисобланади. Ёш авлод эса анъанавий ўзбек узум навларини сотиб олишни ҳоҳламайди. Улар дока билан ёпилган ёғоч қутилардаги узумларга эмас, балки қулай қадоқларда сотиладиган дунёга машҳур бўлиб бораётган уруғсиз навларга эътибор қаратади. Бу фақат бир мисол. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

– Сўнгги йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ташқи бозордаги ютуқларини қандай баҳолайсиз? Қаерда ва қандай муваффақиятларга эришилди?

– Мамлакат иқтисодиётида эришилган асосий ютуқлар бу савдо қоидаларини либераллаштириш: валюта сиёсатини либераллаштириш, экспортда чекловларни бекор қилиш, экспортда монополияларни чеклаш ва уларга йўл қўймаслик, чегарани кесиб ўтишда коррупцияни камайтириш, олдиндан тўлов талабларини камайтириш ва бошқалар. Бироқ, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортини ривожлантиришда сезиларли ютуқларга эришилди, деб айтолмайман. Хитой бозорига кўплаб маҳсулот турлари бўйича кириш имкониятига эга бўлган ҳолда, Ўзбекистон ҳали ҳам талаб қилинадиган сифатга эга бўлган маҳсулотнинг катта ҳажмини таъминлаб бера олмаяпти. Муваффақият бу бозорни тушунишдаги ёндашувларни тубдан ўзгаришидир. Шундагина тадбиркорлар ўз бизнесини истеъмолчига нисбатан “юзма-юз” ўзгартириши ва фақат шу йўл билан барқарор натижага эришиши мумкин.

Сурат манбаси: ardenatransport.com

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.