Марказий Осиё мамлакатларининг фаол савдо-сотиғи учун ёпиқ жуғрофия муаммоси ҳар доим ўтиб бўлмас тўсиқ бўлиб келган. Украинадаги уруш сабаб ушбу масала янада кескинлашди, шу билан бирга, бу вазият зудлик билан муқобил йўлларни излаш учун оқилона асос ҳам беради. Шу маънода Марказий Осиёдан Эронга, Афғонистонга, Ҳиндистонга ва Покистонга транспорт йўллари энг жозибадорлари ҳисобланади. Марказий Осиё мамлакатлари орасида ушбу масалада, айниқса, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маъмурияти анча-мунча ишлар қилди. Ўзбекистон 2019 йилда Туркий давлатлар ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиб кирди ва Туркия билан алоқаларни кенгайтиришга жадал ҳаракат қила бошлади. Ўзбекистоннинг Афғонистондаги сиёсати ҳар доим прагматизми билан ажралиб турган. Эрон, Ҳиндистон ва Покистон билан эса бир қатор муҳим транспорт лойиҳаларини амалга оширмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари, Туркия, Эрон, Афғонистон, Озарбайжон ва Покистонни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) бирлаштириб туради, ўзбекистонлик таҳлилчилар ушбу ташкилотнинг фаоллашиш истиқболи ҳақида гапирмоқда. Эрон ва Ҳиндистон портларига қандай қулай йўллар мавжуд? “Толибон” ўз ҳудудида лойиҳалар ва маршрутлар хавфсизлигини таъминлай оладими? Эроннинг роли қандай? Узоқ истиқболда Анқаранинг Ўзбекистонда ва кенгроқ маънода минтақада хавфсизликни таъминлашдаги роли жиддий тарзда кучайишини кутиши мумкинми?
Мазкур мақолада ушбу масалаларни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига қарашли Ўзбекистоннинг энг янги тарихи маркази илмий ходими, сиёсатшунослик фанлари доктори, халқаро муносабатлар бўйича профессор-ўқитувчи – Гули Йўлдошева билан муҳокама қилинади.
– Ўзбекистон узоқ вақт Марказий Осиё минтақасидан изоляцияда ривожланиб келди. Лекин бугунги кунда Тошкент учун минтақавий сиёсат устувор деб бемалол айтса бўлади. Сиёсий афзалликлар бундай ўзгаришини нима билан изоҳласа бўлади?
– Сиёсий ёндашувларимиз қандай экани мантиғини тушуниб олиш учун вақт ва халқаро ҳаёт амалиёти синовидан ўтган тизимли ёндашув деган назарий ёндашувга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бизда кўпинча бу эътибордан четда қолади ва шу сабаб баъзан тушунмовчиликлар келиб чиқади. Тизимли ёндашувдан келиб чиқилса, умуман халқаро муносабатларнинг бутун бошли тизимини ўзаро муносабатга киришувчи унсурлари бор ягона тизим сифатида ҳисобга олишимиз шарт бўлади. Биз улар ўртасидаги ўзига хос алоқалар, тузилма ва муҳит ҳақида гапиряпмиз – мабодо ушбу тизимнинг қайсидир қисмида қандайдир муаммолар пайдо бўладиган бўлса, бу халқаро муносабатларнинг барча тизимида акс этиши табиий. Шу муносабат билан баъзан айрим экспертларнинг, масалан, минтақанинг бошқа мамлакатларидан алоҳида ривожланиб, фақат, дейлик, Марказий Осиёнинг ички муаммоларига асосий эътибор қаратиш зарурлиги ҳақидаги қарашларини хато деб биламан, чунки глобаллашув шароитида барча давлатларнинг ҳам сиёсий ва иқтисодий, ҳам ижтимоий ва маданий соҳалардаги ўзаро алоқаларини ҳисобга олиш шарт. Ўзбекистон Республикасининг бутун бошли ташқи сиёсий стратегияси мана шундай назарий асосда барпо этилмоқда. Бунда икки ҳолат: халқаро амалиёт билан тасдиқланган халқаро муносабатлар ва глобаллашув тизимлилиги ҳисобга олинмоқда.
– Сиз мақоларингиздан бирида Марказий Осиё, Туркия, Эрон, Афғонистон Озарбайжон ва Покистон ҳамкорлиги истиқболи ҳақида ёзган эдингиз. Ушбу давлатларнинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо эканини ҳисобга олиб, айни ташкилотнинг фаолашуви минтақа миқёсидаги мақсадларга етишишда ёрдам бериши мумкин, деб ҳисоблайсиз. Ушбу далилингизни тушунтириб берсангиз ва у бугун қанчалик долзарб?
– Халқаро муносабатлар шаҳодат беришича, хавфсизлик муаммоси умумбашарий аҳамиятга эга. У халқаро муносабатларнинг барча иштирокчиларига дахлдор. Шу маънода Эрон ва Туркия етакчилигидаги Халқаро иқтисодий ташкилот сингари тузилма менга Марказий Осиё минтақасига анча муваффақият келтириши мумкин бўлган ташкилот бўлиб кўринади. Айнан тарихий ва маданий, диний ва иқтисодий яқинлигимиз сабаб бир-биримизнинг эҳтиёжларимизни тушуниб олишимиз осон бўлади. Яна бу ташкилотга кирувчи барча давлатлар ўз тараққиётида ўтиш даврини бошидан кечираётганини деярли бир хил ижтимоий ва иқтисодий муаммоларга, ўхшаш минтақавий хатарлар ва хавфсизлик таҳдидларига дуч келаётганини ҳам ҳисобга олиш керак. Булар барчаси бизга тушунарли ва яқин, шу сабаб кўп жиҳатдан мавқеларимиз ҳам умумий.
Албатта, ҳозирги босқичда ИҲТ минтақадаги барча жараёнларга бош-қош бўла олмайди, чунки Эрон бугунги ҳолатида бунга унчалик тайёр эмас: мамлакатдаги ички сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазият жуда мураккаб. Пандемия шароитида у ердаги барча яширин ва узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган зиддиятлар кескинлашиб кетди, ҳокимият учун кураш давом этмоқда. Ҳатто оятуллоҳ Хаменеий ўрнига янги етакчи келиши ҳақидаги гаплар ҳам болалаб кетган, ислоҳотчилар эса мамлакат яқин келгусида ушбу инқироздан чиқа олмаслигини очиқ-ойдин айтмоқда. Бундан ташқари, Нидерландиядаги бир институт ўтказган сўровнома натижалари кўрсатишича, аҳолининг 52 фоизи ҳокимиятга қаршилик кўрсатиш тактикасини ишлатишни ёқламоқда. 60 фоиздан кўпроғи режимни ўзгартириш ғоясини қўллаб-қувватламоқда. Ҳозирча бу нимага олиб келиши аниқ эмас. Яна Эрон билан Американинг ядро дастури бўйича музокаралари ҳали бирор натижага эришмагани ва у нима билан тугаши аниқ эмаслигини ҳам ҳисобга олиш керак. Лекин бошқа тарафдан Эронни минтақадаги жараёндан четда қолдириш ва изоляциялаш ҳам мумкин эмас. Бу бугунги қайноқ нуқталар: Украина, Сурия, Афғонистон билан бир қаторда яна битта беқарорлик ўчоғи пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. У ҳолда 80 миллиондан кўпроқ нуфусга эга Эрон минтақавий хавфсизликка жиддий хавф туғдириши турган гап.
Шунинг учун мен бундай ҳолатда “soft power” сиёсатини, яъни “юмшоқ куч”, “юмшоқ дипломатия”, жалб этиш, инклюзивлик (ҳеч кимни четда қолдирмаслик), умуман, минтақавий инклюзивлик сиёсатини қўллаш мақсадга мувофиқроқ бўлур эди, деган фикрдаман. Бу масалада Туркиянинг афзал тарафлари кўпроқ, менимча. Ҳозирги босқичда унинг иқтисодиёти ҳам, сиёсати ҳам барқарор. Сўнгги воқеалардан маълум бўлишича, ушбу мамлакат ҳукумати Ўзбекистон ҳукумати билан янги битимлар, шартномалар тузиб, кенг қамровли стратегик шерикликнинг янги босқичига кўтарилди. Шунинг икки давлат: Эрон билан Туркия бир-бирини тўлдириб ва бу шерикликни ИҲТнинг бошқа аъзолари билан кучайтириб, минтақадаги жорий муаммоларни тартибга солишда фойдали ва самарали восита бўлиши мумкин.
– Эрон билан Туркия мавзусини тилга олганингиз учун сизга ушбу 2 та минтақа миқёсидаги йирик давлатнинг Марказий Осиёдаги стратегияси ҳақида батафсилроқ фикр юритишни таклиф этаман. Бугунги кунда Эрон кўп эсга олинмоқда, масалан, Эрон билан Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар таққосланмоқда. Эронга нисбатан санкцияларни бекор қилиш энг фойдали йўналиш бўлиб қолмоқда. Шу муносабат билан блокланган ва блокдан чиқарилган Эроннинг Марказий Осиё учун аҳамияти ҳақида гапириб берсангиз. Эронга нисбатан қўлланаётган санкцияларнинг қисман ёки тўлиқ бекор қилиниши биз учун қандай истиқбол очади ва Эрон Марказий Осиёда қандай стратегияни қўлламоқда?
– Маълумки, Эрон Ислом Республикаси Россия билан Украина ўртасидаги урушда Россияни очиқдан-очиқ қўллади ва шу йўл билан Қўшма Штатларга қандайдир қарши салмоқ яратишга интилмоқда. Албатта, Эрондай стратегик шеригимиз бўлиши, Афғонистондаги вазиятни изга солишда жуда яхши ёрдам бериши мумкин. Мустақиллимизнинг 30 йиллик тарихи шаҳодат беришича, Афғонистондаги ҳеч бир муаммони Эроннинг иштирокисиз тўлиқ ҳал этиб бўлмайди, чунки Афғонистон аҳолисининг 15 фоизини шиа диаспораси ташкил қилади ва бу мамлакат Эрон билан чегарадош. Афғонистон тарафидан Эронга муаммо ва таҳдидлар бўлишига қарамай, расмий Теҳрон ушбу мамлакат ҳудудидан Марказий Осиёга чиқиш учун фойдаланишдан манфаатдор.
Сурат манбаси: jagranjosh.com
Марказий Осиё республикалари учун ҳам фойдали бўлган бундай режани амалга оширишнинг муваффақиятли ва истиқболли воситаларидан бири Чобаҳор лойиҳаси, яъни Форс кўрфази минтақаси, ундан сўнг Осиё-Тинч океани минтақаси ва Европа мамлакатлари билан бизни боғлаши мумкин бўлган Чобаҳор порти орқали транспорт лойиҳасини амалга ошириш бўлур эди. Бироқ Чобаҳор лойиҳасини ишлаб чиқиш узоқ вақтдан бери давом этмоқда ва Ҳиндистон бу ишга асосий ҳомийлик қилмоқда. Лекин расмий Деҳли етарли сармоя ажратмади – АҚШнинг Эронга нисбатан қўллаётган санкциялари таъсир кучини кўрсатди. Шунинг учун бугунги кунгача Ҳиндистон, бор-йўғи, 500 миллион АҚШ долларилик сармоя киритди. Лекин сўнгги пайтларда унинг айни соҳада фаоллашгани сезилмоқда. Айни сабабга кўра, мен санкциялар бекор қилиниши ёки қилинмаслигига қарамай, бу лойиҳа аста-секин амалга оширилади, деб ўйлайман. Нега? Бу ерда яна бир нарсани ҳисобга олиш керак.
Сурат манбаси: interaffairs.ru
Хусусан, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари вазият барқарорлашган Афғонистон ҳудуди орқали жаҳон бозорларига чиқишдан манфаатдор бўлади. Масалан, яна бизга Покистон ҳудуди орқали Гвадар ва Карачи портларига чиқадиган бошқа маршрутни барпо этиш ҳам фойдалидир. Шунинг учун ҳозир Ўзбекистон Покистон билан ушбу лойиҳани ишлаб чиқмоқда. Бу ишнинг бир салбий жиҳати шуки, назаримда, Покистоннинг толиблар билан алоқаси жуда қалин. Толиблар айнан Покистон ҳудудида пайдо бўлгани ва ушбу мамлакат мадрасаларида таълим олгани маълум, лекин қайсидир босқичда улар ўртасида можаро юз берди. Покистон бугун Афғонистондаги толиблар ҳукумати билан муносабатларда муаммоларга дуч келмоқда. Улар орасида кўплаб, жумладан, Дюранд чизиғи ва бошқа масалалар бўйича келишмовчиликлар бор. Шу маънода ҳозир Покистон хавфсизлик масаласида катта-катта муаммоларга дуч келмоқда ва унга халқаро қўллаб-қувватлаш жуда зарур.
Фикримча, бундай шароитда Покистон билан Ҳиндистон ўртасида манфаатларнинг қандайдир мувозанатини топиш учун жуда қулай шароит вужуд келмоқда. Ҳатто Покистон Ҳиндистон билан ҳамкорлик қилишга шайлигини билдирмоқда. Яқинда Ўзбекистонга Покистон ва Афғонистон ҳудуди орқали Мумбайдан автомобилларда юк олиб келинганидан ҳам буни англаса бўлади, яъни иккала томон ҳам ушбу йўналишда ҳамкорликка тайёр эканини кўрсатмоқда, дастлабки ҳаракатлар бошланган. Айни чоқда Ҳиндистон ҳомийлик қилаётган Чобаҳор лойиҳаси ва Гвадар порти сари қурилиши керак бўлган Покистон билан Хитой коридори ўзаро рақиблигича қолмоқда. Қизиғи шундаки, бу ўринда Хитой имкон қадар кўпроқ фойда олишни истаётган кўринади ва у Чобаҳор порти фаолиятида ҳам қатнашишга қарши эмас. Шунинг учун ушбу иккала лойиҳа истиқболли ва уларни амалга оширса бўлади, деб ўйлайман, лекин мен Чобаҳор портини афзалроқ деб биламан. Айни ҳолатда лойиҳанинг тежамлилиги ва арзонлиги, боз устига, Эрон билан Ҳиндистоннинг Покистон билан солиштирганда, барқарорроқ давлатлар экани кўзга ташланади. Покистон эса афғон толиблари ва бошқа радикал ҳаракатлар билан қаттиқ боғланиб қолган. Шундай бўлса-да, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа минтақавий тузилмалар доирасида мувозанатланган ҳамкорлик йўлга қўйилган ва можаролар бартараф этилган тақдирда бемалол муваффақиятли ҳамкорлик қилса бўлади. Ҳозир айни шу лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Санкциялар бекор қилиниши ёки қилинмаслигидан қатъий назар, лойиҳалар устида ишлар давом этаверади. Санкциялар бекор қилинган тақдирда Чобаҳор лойиҳаси амалга ошириш тезлашади ҳам. Назаримда, бу лойиҳа Ғарбга маъқулроқ.
– Раҳмат. Сўнгги 5 – 6 йилда, айниқса, Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига сайлангандан сўнг Тошкент денгиз йўлларига чиқиш учун ерусти коридорлари билан боғлиқ лойиҳаларни фаол ишлаб чиқмоқда. Бу биринчи навбатда сиз тилга олган жанубий, яъни Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқа деб аталувчи маршрутлардир. Чобаҳор портини ҳам истиқболли лойиҳалардан бири сифатида эслаб ўтдингиз. Яна жанубий йўналишда қандай коридорлар кўриб чиқилаётганини ҳам гапириб берсангиз. Улар қаерлардан ўтади? Масалан, жанубий йўналишдаги қандай лойиҳа муҳокама қилинмасин, Жанубий Осиёга ҳам ҳар доим Афғонистон тўсиқ бўлиб кетган. Бугун у ердаги вазият қандай ўзгаряпти? Қандай музокаралар олиб борилмоқда, масалан, “Толибон” ҳукумати билан қандай натижаларга эришилди, умуман, “Толибон” ўз ҳудудида лойиҳалар ва маршрутлар хавфсизлигини таъминлаб бера оладими?
– Қизиқ савол берганингиз учун раҳмат. Ҳа, албатта, яна бошқа бир неча вариантлар ҳам бор. Биринчи навбатда Чобаҳор порти яна бир “Шимол – Жануб” лойиҳасига пойдевор бўлиб хизмат қилиши, бу ишга Россия, Ҳиндистон ва Евроосиёнинг бошқа давлатлари жалб этилиши мумкин. Бу яхши истиқболга эга коридорлардан бири бўлиб, унинг барпо этилишини минтақанинг барча мамлакатлари истайди. Шу кунларда яна бир коридор Гвадар порти томон қурилмоқда, хусусан, Ўзбекистон билан бирга ушбу йўналишда Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешавор темирйўли қурилиши давом эттирилмоқда. Яна Озарбайжон ҳудуди орқали ўтадиган коридор ҳам бор. Масалан, Ўзбекистон Боку – Тбилиси – Карс темирйўли орқали юклар ташилиши йўлга қўйилишидан жуда манфаатдор. Ушбу коридор Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон транспорт коридори қурилишини фаоллаштириши мумкин, бу эса иккита транспорт тармоғини ягона транспорт тармоғига бирлаштириш имконини беради. Озарбайжон сингари Ўзбекистон ҳам, жумладан, Россия ва Евроосиёнинг бошқа давлатлари ҳам бундай лойиҳалар ишга туширилишидан жуда манфаатдор, чунки бу коридорлар бизни Осиё ва Европанинг кўплаб жаҳон бозорлари билан боғлаши мумкин. Юкларни Чобаҳор порти орқали транзит қилишни Тошкент – Марв – Машҳад – Бафқ – Чобаҳор маршрути орқали йўлга қўйиш ва кейин денгиз транспорти орқали Жануби-шарқий Осиё ва Форз кўрфази мамлакатларига етказиб бериш мумкин.
Табиийки, ушбу барча трансафғон лойиҳаларини Афғонистондаги беқарорлик шароитида амалга ошириш жуда қийин, аммо бу ерда ҳам, кичик бўлса-да, умид қилса бўладиган сигналлар бўлмоқда. Уларни ҳозирча ижобий тамойиллар деб бўлмайди – чуқур хулосалар чиқариш учун улар ҳали етарли даражада фаоллашгани йўқ. Аммо яқинда Афғонистон ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда кафолат берилишича, ушбу мамлакат ҳудудидан қўшни мамлакатларга ҳеч қандай таҳдид бўлмайди. Ўзбекистон президентининг махсус вакили Исматилла Эргашев фикрича, бу – жуда ижобий сигнал, агар амалдаги ҳокимият ваъдасининг устидан чиқа олса, бу янги режимнинг легитимлашувига (ваколатлари қонуний деб тан олиниши) ёрдам бериши мумкин. Толиблар режимининг яна бир ижобий сигнали Афғонистон ҳудудида наркотиклар ишлаб чиқаришга таъқиқ эълон қилгани бўлди. Агар ваъдалар чиндан ҳам ҳаётга татбиқ қилинса, бу ҳозирги афғон ҳукуматининг легитимлашувини тезлаштиради.
Сурат манбаси: newcaucasus.com
Мен яна булар қаторига афғон толиблари Покистон ҳукумати билан келишмовчиликларини тартибга солиб олиши зарурлигини ҳам қўшмоқчиман. Айтиб ўтганимдек, Дюранд чегара чизиғи ва бошқа муаммолар бўйича уларнинг тутган мавқеи Покистон ҳукуматиникидан фарқ қилмоқда. Аслида Покистон ўтмишда толибларнинг ҳокимиятга келишига ёрдам берган бўлса, энди уларни ҳамон қўллаб-қувватлаётганига қарамай, ўзаро муносабатларда муаммоларга дуч келмоқда. Афғон толиблари фақат Афғонистон ҳудудига тегишли манфаатлари борлигига очиқ-ойдин шама қилмоқда. Боз устига, Покистоннинг радикал ташкилоти “Таҳриқи Толибон” тарафдорлари Покистон ҳукумати босими остида Афғонистон ҳудудига кўчиб ўтишга мажбур бўлди ва ўша ер аҳолиси уларни қўллаб-қувватламоқда, бу ҳам келишмовчиликлар сабабларидан биридир. Назаримда, нима бўлганда ҳам, де-факто (амалда) толиблар мавжудлигини тан олиш зарур – уларни ҳарбий куч ишлатиб, қириб ташлаб бўлмайди. Буни Афғонистон билан кўп йиллардан ошиқ тарих кўп марта исботлаб берди. Бу ерда куч билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди, фақат дипломатия ва музокаралар тили ҳамда юмшоқ дипломатия воситаларидан фаол фойдаланиш, яъни толибларга иқтисодий ва ижтимоий соҳада, Ўзбекистон ҳукумати қилаётганидай, ёрдам кўрсатиш қолади.
Масалан, ўтган йили биз Афғонистонга икки марта инсонпарварлик ёрдами жўнатдик, уларга темирйўл қурилиши, “Сурхон – Рули Ҳумри” электр қуввати узатиш линияси қурилиши, Термиз шаҳрида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалаларида ёрдам беряпмиз. Ўзбекистонда қарийб 300 афғон талабаси таълим олмоқда. Яна Мозори Шариф халқаро аэропорти қурилиши, яъни такомиллаштирилишида кўмаклашяпмиз, мамлакатнинг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжларини қоплаяпмиз – Афғонистонга электр қувватининг 28 фоиздан ортиғини Ўзбекистон етказиб бермоқда. Албатта, бу жараён узоқ давом этади. Аста-секин қайсидир даражада амалдаги толиблар ҳукуматини модернизациялашга туртки бера олишимизга умид қиляпмиз. Боз устига, менимча, яна бир жиҳатни ҳисобга олиш керак: Афғонистон элитаси, унинг асосий қисми Ғарбда таълим олган. У жуда ғарблашган, яхши ўқиган. Агар биз толибларнинг чин маънода инклюзив ҳукуматни шакллантириш учун берган ваъдаси бажаришини, яъни ўша Ғарбда таълим олган кишиларнинг ҳукуматга жалб этилишини тинмай эслатаверсак, бу ҳам Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда анча олға силжишни таъминлашда ёрдам берган бўлур эди.
Яна бир нарсани ҳисобга олиш керакки, Афғонистонда жамият келиб чиқишига кўра хилма-хилдир. Жамиятнинг турли қатламлари ҳукумати сиёсатига нисбатан турлича қарашларга эга, омма Афғонистон ҳукумати сиёсатига иккиланиш билан қарайди – бу ҳам толибларга ўзига хос сигналдир: агар улар аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини қондира олмаса, мамлакатини бошқаришда ҳеч қандай истиқболга эга бўла олмаслиги мумкин. Ушбу жиҳатлар биргаликда толибларнинг ҳозирги режими ўзгаришига ижобий таъсир кўрсатади. Лекин қайтараман, бу узоқ давом этадиган жараён бўлади.
– Раҳмат, Афғонистоннинг ҳозирги аҳволи ҳақида жуда қизиқ фикр билдирдингиз. Бироз қўшимча қилишни сўрашимга рухсат берсангиз, бу ерда гап яқин орада толибларни тан олиш, яъни уларни Афғонистондаги расмий ҳокимият сифатида расман тан олиш ҳақида кетяптими? Мен Ўзбекистон тан олишини назарда тутяпман.
– Яқин орада Афғонисондаги толиблар ҳукуматини тан олишга тайёрмиз, деб айта олмайман. Биз толиблар олдига қўйилаётган умумий тан олинган талаблар сўзсиз бажарилишини керак, деб ҳисоблаймиз. “Толибон” ҳукуматига БМТ қўяётган талабларга мос равишда ҳаракат қиламиз. Биз энг аввало, аҳолининг давлатни бошқаришда иштирок этишни истаган барча манфаатдор қатламларини, Афғонистондаги аҳолининг барча гуруҳлари ва қатламлари, жумладан, аёллар ва ёшларнинг манфаат ва ҳақларини ҳисобга олган ҳолда кенг қамровли, коалицион ва инклюзив ҳукумат тузилиши шарт, деб биламиз. Токи ушбу нарсалар ҳисобга олинмас ва ҳаётга татбиқ қилинмас экан, албатта, “Толибон” ҳукуматини тан олмаймиз. Айни чоқда улар билан гуманитар ҳамкорликдан ҳам воз кечмаймиз, чунки Афғонистон ҳудудида вазиятнинг издан чиқиб кетиши ва гуманитар талотум нафақат Ўзбекистоннинг, қолаверса, бутун Марказий Осиё минтақасининг манфаатларига тўғри келмайди, деб ҳисоблайман. Фикримча, мавқеларимиз умумийлиги – мана шунда. Шу ўринда Қозоғистон ҳам, бошқа мамлакатлар ҳам, ҳатто Афғонистон бўйича алоҳида мавқега эга бўлган Тожикистон ҳам толиблар ҳукумати билан ҳозирги шароитда, гарчи чекланган бўлса-да, иқтисодий ҳамкорлик қилаётганини эслаб ўтиш кифоя.
– Гапингизга тўлиқ қўшиламан. Туркиянинг Марказий Осиёдаги аҳамияти ҳақида нима дея оласиз? 2019 йилда Президент Шавкат Мирзиёев муҳим қадам қўйиб, Ўзбекистонни Туркия давлатлар ташкилотига тўлақонли аъзо қилди. Туркиянинг минтақа мамлакатлари, биринчи навбатда Ўзбекистон билан алоқалари жадал кенгайиб бораётганини кўряпмиз. Дарвоқе, яқинда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ушбу сафар чоғида қандай ҳужжатлар имзоланди? Умуман, Туркиянинг Марказий Осиёдаги минтақавий сиёсати қандай?
– Гапни Туркия Хитой, Россия ва Қозоғистондан сўнг тўртинчи савдо ҳамкори эканини бошласак, шунинг ўзиёқ ушбу давлатнинг роли ва аҳамияти ҳақида тушунча беради. Унинг биз билан савдо айланмаси Ўзбекистон жами савдо айланмасининг 6 фоизини ташкил қилади. Табиийки, бу ўринда икки мамлакатнинг тарихий, маданий ва диний яқинлигининг ҳам аҳамияти бор. Туркияликлар Ўзбекистонни ота юрт деб билади, шунинг учун яқинлашувни мен объектив жараён деб ҳисоблайман. Албатта, Ислом Каримов даврида муаммолар ҳам бўлган эди, лекин Туркия ҳукумати уларни эътиборга олди ва муаммоларни ҳал этиш учун жавоб чоралари кўрилди. Шунинг учун Президент Шавкат Мирзиёев администрацияси даврида Туркия томон жиддий силжиш юз берди. 2019 йилда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг Туркий давлатлар ташкилотига тўлақонли аъзо бўлишини уюштиришдай муҳим қадам қўйди. Олдинроқ гапириб ўтганимдек, ҳозирги босқичда Туркия Эрон билан солиштирганда, муҳимроқ ўрин эгаллайди. Шу сабабли Туркия Ўзбекистоннинг кенг қамровли стратегик шериги даражасига кўтарилгани бежиз эмас. Президент Эрдўғаннинг яқинда Ўзбекистонга сафари (у Россия билан Украина ўртасидаги музокараларни бошлаб бериб, эртаси куни Тошкентга учиб келди, бу ҳам унинг Ўзбекистонга муносабатини билдиради) якунлари бўйича 10 та ҳужжат, жумладан, имтиёзли савдо-сотиқ, мудофаа соҳасида ҳамкорлик ва судланган кишиларни бир-бирига топшириш тўғрисидаги битимлар имзоланди. Ўзбекистонда Туркия ёрдамида Тошкент вилоятида барпо этилган иссиқлик электр станцияси ишга туширилди, шундай иссиқлик электр станцияси қурилиши Сирдарё вилоятида бошланди. Кўплаб соҳалар, жумладан, савдо-сотиқ, иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт, тўқимачилик саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, маданий ва гуманитар объектлар ва ҳк. бўйича шартномалар тузилди. Яна бир муҳим жиҳат – Туркия бизнинг ҳарбий ва сиёсий шерикларимиздан бири экани. Ушбу мамлакат бизга хавфсизлик муаммоларини бартараф этишда ёрдам бермоқда – ҳозирги пайтда бу жуда муҳим. Рақамлар билан айтадиган бўлсак, икки томонлама савдо-сотиқ ҳажми 72 фоиз ошиб, 3,6 миллиард АҚШ долларидан ортиб кетди. Томонлар йил давомида ушбу кўрсаткични 5 миллиард, сўнгра эса 10 миллиард долларга етказишни кўзламоқда. Боз устига, Туркия президенти Тошкентда янги турк университети очилишини эълон қилди. Бу гапларга қўшимча равишда Ўзбекистондан Туркияга меҳнат миграцияси ортиб бормоқда. Бугун, айниқса, Россияга нисбатан санкциялар қўлланаётган пайтда меҳнат миграцияси оқимлари йўналиши ўзгармоқда, кўплаб меҳнат мигрантлари Туркияга йўл олмоқда, улар ўша ерда имтиёзлардан фойдаланиши ва тирикчилик учун пул ишлаб топиши мумкин.
– Сиз Ўзбекистон билан Туркия бир қанча – жумладан, ҳарбий соҳада – битимлар тузганини айтиб ўтдингиз, лекин ушбу битим тафсилотлари ошқор қилинмаяпти. Гап Туркия қурол-яроғини Ўзбекистонга етказиб бериш ҳақида кетаётган бўлса керак. Шу маънода Тошкент билан Анқаранинг бундай қарорлари нимадан дарак ёки нишона бериши мумкин? Узоқ истиқболда Анқаранинг Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш масалаларидаги роли анча-мунча кучайишини кутиш мумкинми?
– Менимча, шундай бўлиши ҳам мумкин, ҳар ҳолда мен буни истисно қилмайман. Агар бугунги кун тамойиллари ҳисобга олинса, Россия билан Украина ўртасидаги инқироз, уни бартараф қилиш ҳали узоқ давом этиши турган гап. Биринчидан, бу мамлакатимиз иқтисодиёти, минтақавий хавфсизлик муаммоларига таъсир кўрсатади. Бошқа тарафдан, Хитойнинг ҳам ҳозир боши қотиб қолган. Расман Россияни қўллаши ҳақида баёнот берган бўлса-да, расмий Пекиннинг минтақада ўз манфаатлари бор. Шу маънода Туркия биз учун ажойиб муқобил бўла олади. Туркия Афғонистон ҳудудида фаол бўла бошлагани ва бир қанча лойиҳаларда иштирок этаётгани, ҳатто ушбу мамлакатдаги битта аэропортни такомиллаштираётгани ҳисобга олинса, бу яққол кўзга ташланади. Лекин мен тафсилотлар ҳақида гапира олмайман, чунки ҳарбий-сиёсий қарорнинг тафсилотлари матбуотда ошкор қилинмайди. Шу билан бирга, унда Афғонистон омили ва Украина билан Россия можаросига эътиборга олинганини тахмин қилса бўлади.
– Бугун Марказий Осиё мамлакатлари ва Украинадаги инқироз атрофидаги вазият ҳисобга олинса, минтақамиздаги интеграцияни қай тарзда кучайтиришимиз мумкин бўлади? Ҳозир Тошкент қандай сиёсат юритмоқда? Минтақа даражасидаги яқинлашув жараёни бироз сусайиб қолмадими? Ё биз қандайдир ҳадга етдикми? Сизнингча, айни пайтда қандай жиддий тўсиқлар бор?
– Мен бу мавзуда мақола ёзиб, уни “Взаимодействие регионализма и глобализма: пример Центральной Азии” (“Регионализм ва глобализмнинг ўзаро таъсирлашуви: Марказий Осиё намунаси”) деган ном билан эълон ҳам қилган эдим. Ўша мақолада янги регионализм пайдо бўлиши ҳақида ёзганман. Менимча, бу тамойил кучини сақлаб қолмоқда, жиддий асосга ҳам эга ва унинг яшаб қолишга ҳаққи бор. Ички келишмовчиликлар, фикрлар хилма-хиллигига, кимдир минтақавий интеграцияга рози бўлишига, кимдир рози бўлмаслигига қарамай, де-факто регионаллашув томон ривожланиб бормоқда. Айни регионаллашув ривожланишининг асосий локомотивлари Марказий Осиё минтақасииннг энг йирик давлатлари Ўзбекистон билан Қозоғистон бўлмоқда. Улар ўзаро муносабатларини қандай йўлга қўйса, қандай яхши ҳамкорлик қилса, минтақадаги регионаллашув жараёни ҳам шакллана боради. Бу – бутунлай объектив жараён, чунки биз ҳозирги кунда тўқнаш келаётган глобал муаммолар – наркотрафик, ноқонуний миграция, Афғонистонга қўшни бўлган мамлакатларда турли террорчилик ташкилотлари сони ортиб бораётгани – ҳисобга олинса, Марказий Осиё мамлакатларининг омон қолиш ва бундай мураккаб ва талотум вазиятга чидаб бериши учун ҳамкорлик қилишдан бошқа муқобил йўл йўқ. Хусусан, ўртадаги айрим келишмовчиликларга қарамай, Тожикистоннинг Афғонистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилаётгани бу ишнинг имкони борлигини кўрсатмоқда. Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари хавфсизлик ва иқтисодиётнинг асосий масалалари бўйича ҳамкорлик қилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон кейинги йилларда қўшни давлатлар билан чегара муаммоларини муваффақиятли ҳал этди ёки ҳал қилишни давом эттирмоқда. Минтақавий жараёнга тўсиқлар орасида Афғонистондаги беқарорлик, Теҳроннинг ядро муаммосини тартибга солишни истисно қиладиган Эрон билан АҚШ ўртасидаги зиддият каби узоқ вақтга чўзилиб кетган инқирозлар ва ҳозирги Россия билан Украина можаросини алоҳида қайд этиш лозим. Булар қаторига Марказий Осиё мамлакатлари ўтиш даври муаммолари, минтақадаги оғиз бирлиги йўқлиги ва фикрлар хилма-хиллигини ҳам қўшиш мумкин. Ҳаммаси бирга регионализм жараёнига тўғаноқ бўлмоқда, лекин тўхтатиб қўя олмайди. Минтақадаги барча давлатлар бир хил халқаро тузилмаларга ва минтақавий ташкилотларга киради, барчаси ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама даража ҳамкорлик қилмоқда.
– Раҳмат, ижозатингиз билан мана бундай савол берсам: ҳозир Марказий Осиё шундай мураккаб ҳолатда турибди. У ёки бу тарзда бир неча мамлакатни танлашимиз мумкин. Қозоғистон билан Қирғизистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо ва Россия билан бирга иқтисодиётини ривожлантирмоқда. Айни чоқда Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон Евроосиё иттифоқига кирмайди, Ўзбекистон КХШТга аъзо эмас. Айниқса, Россия ва Украина можароси пайтида Ўзбекистон бундан буён қай тарафга қараб ҳаракатланиши ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдик. Бугунги муҳокамамизни якунлар эканмиз, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат йўналиши Жанубий Осиё ва Туркия томонга қаратилиши ҳақида гапириш мумкинми?
– Гапингиз тўғри, менимча, Россия вектори кучида қолади, ЕОИИ билан ҳамкорлик қилишимиз, иқтисодий ҳамкорлигимизни давом эттиришимиз мумкин. Бироқ асосий эътибор Осиё йўналиши, аниқроғи, Туркия йўналишига қаратилади, узоқ истиқболда бу Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бўлиши ҳам мумкин, аммо ҳозирги босқичда, олдинроқ айтиб ўтганимдек, Туркия устунлик қилмоқда. Бу – реалроқ вариант. Боз устига, Россия ва бошқа минтақа давлатлари бундай йўналиш олишга қаршилик билдираётгани йўқ. Улар манфаати бу тамойилга зид келмайди.
– Ҳа, бу яхши фикр экан, чунки биз бундай янги ғоялар ҳақида камдан-кам ҳолларда гапирамиз. Бу аслида эски йўналишдай: маданий, гуманитар ва тил алоқалари. Умуман, тарихан Туркия билан жуда яқин бўлганмиз, лекин биз аста-секин ташқи сиёсат йўналишини ўзгартирамиз, деб жуда кам гапирамиз. Яна бир савол берсам ижозатингиз билан. Санкция остидаги мамлакатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш эҳтимоли қанчалик баланд? Масалан, Эрон анчадан бери АҚШ билан Европанинг санкциялари остида қолиб келмоқда. Ҳозир Ғарб Россияга нисбатан мисли кўрилмаган санкцияларни қўлламоқда. Хитой ўтган асрнинг 80-йилларидан бери санкциялар шароитида ўз иқтисодиётини ва ташқи алоқаларини ривожлантириш тажрибасига эга. Ушбу мамлакатлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириши мумкинми ёки Эрон санкциялар остидаги Россия ва Хитойдан ўзини четга тортишга ҳаракат қиладими?
– Теҳрон Россияни стратегик шериги деб билади. Улар буни бир неча марта баралла айтган. Яқинда Эрон раҳбарлари Москвага келиб, Украина масаласида Москва сиёсатини қўллаб-қувватлаши ҳақида расман баёнот берди. Улар наздида Россия АҚШ сиёсатига нисбатан қарши салмоқдир. Хитой эса Эрон иқтисодиётининг энг йирик сармоядорларидан биридир, яна у Эроннинг ҳарбий, сиёсий ва стратегик шериги ҳамдир. Шунинг учун бу йўналишлар Эрон учун долзарблигича қолаверади. У Россия ва Хитой қатори Ўзбекистон Республикаси ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан ҳамкорликни давом эттиради. Улар ўзларига нисбатан қўлланаётган санкция сиёсатидан қутулишнинг йўлини айнан шунда кўради. Айланиб ўтиш йўлларини излайди, имкон бўлган жойда санкцияларни енгиб ўтиш учун бошқа валютадан фойдаланади. Боз устига, бу мамлакатлар улкан иқтисодий, ҳарбий ва сиёсий, техник, инвестицион ресурсларга эга, шунинг учун мувозанатланган ва ўзаро манфаатли шериклик йўлга қўйилса, ҳатто санкциялар шароитида ҳам вазиятдан чиқиш йўлини топса бўлади. Лекин бу шериклик қанчалик самара беришини айта олмайман, чунки айтиб ўтганимдек, Хитойнинг ўз манфаатлари бор. Яқинда Россия экспертларининг фикрини ўқиб қолдим. Улар иддао қилишича, Хитой икки томонлама ўйин ўйнаётган бўлиши мумкин. Ҳозир иш нима билан тугаши ҳақида тайинли бир гап айтиш қийин, чунки Хитой Ғарб, биринчи навбатда АҚШ иқтисодиёти билан чамбарчас боғлиқ. Назаримда Пекин Ғарб билан муносабатларини тўлиқ бузмайди, уларнинг ўзаро муносабатларида босиб ўтиб бўлмайдиган чегара, қизил чизиқ бор. Шунингдек, Қўшма Штатлар ҳам Россия билан муносабатларда қизил чизиқни босиб ўтишни истамайди. Лекин ҳозир иш нима билан тугашини башорат қилиш мушкул. Томонлар мувозанат изламоқда, муроса йўллари қидирилмоқда, чунки улар – глобал давлатлар, тутган мавқеларига кўп нарса боғлиқ.
Руслан ИЗИМОВ.
Uzanalytics.com