Аҳоли даромадлари ва инфляция: Марказий банк ҳисоботида нималар акс этди?

Коронавирус пандемияси сабаб бутун дунё бўйлаб кузатилаётган иқтисодий рецессия шароитида аҳолининг кам даромадли қатламига асосий истеъмол товарлар нархлари ўзгариши кучлироқ таъсир қилади. Иқтисодий фаолликнинг пасайиши биринчи навбатда уларнинг даромадларида акс этади. Шу сабабли, яшаш қиймати[i] масаласи жорий вазиятда муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон марказий банки томонидан бутун республика бўйлаб даромадлари миқдори бўйича таснифланган аҳоли гуруҳларининг нарх-навони ошишига таъсирчанлиги ўрганилди. Уй хўжаликлари орасида ўтказилган сўров натижалари асосида уларнинг даромад даражаси бўйича тақсимланиши, истеъмол таркиби ҳамда даромад миқдори турлича бўлган аҳоли гуруҳлари учун йиллик инфляция ва истеъмол нархлари индекси ўсишининг таъсири таҳлил қилинди. Мазкур сўровда жами 880 та, шу жумладан, ҳар бир вилоят ва Қорақалпоғистон Республикасидан 60 тадан (Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан 80 тадан) респондентлар қатнашди. Уларнинг 70 фоизи шаҳар аҳолисига, 30 фоизи қишлоқ аҳолисига тўғри келади. Ушбу сўров натижалари ва бунда аниқланган маълумотлар таҳлили марказий банкнинг яқинда эълон қилинган “Турмуш даражаси ва инфляция” номли ҳисоботида келтирилган.

Қуйида республика уй хўжаликларининг даромад даражаси бўйича тақсимланиши, уларнинг ўртача статистик истеъмол таркиби (жумладан озиқ-овқат маҳсулотларида ҳам) ҳамда инфляциянинг аҳолини турлича даромадли гуруҳлари учун таъсирига оид қизиқарли маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Даромадлар, истеъмол таркиби ва инфляция

Сўров натижалари шуни кўрастадики, уй хўжаликлари даромадларининг тақсимланишида респондентларнинг 47 фоизи ойига 1 млн. сўмдан 4 млн. сўмгача бўлган миқдорда даромадга эга гуруҳига, уларнинг 78 фоизи эса ойига 1-6 млн. сўм даромадга эга гуруҳига киради.

Табиийки, кам даромадга эга бўлган уй хўжаликлари юқори даромадли гуруҳларга қараганда ўз харажатларининг кўпроқ қисмини озиқ-овқат маҳсулотларига ва камроқ қисмини ноозиқ-овқат товарлари ҳамда хизматларга (яъни транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқаларга) сарфлайдилар. Даромад даражасининг ўсиб бориши билан истеъмол таркибидаги озиқ-овқат маҳсулотларининг улуши сезиларли даражада пасаяди. Даромадлари 6 млн. сўм ва ундан юқори бўлган уй хўжаликларининг истеъмол саватидаги озиқ-овқат маҳсулотлари улушининг даромади 2 млн. сўмдан паст бўлган уй хўжаликлариникига қараганда ўртача 26 фоиз бандга кам.

Респондентларнинг ёш гуруҳлари бўйича таҳлил, кексалар томонидан даромадларининг кўпроқ қисмини (ўртача 80 фоизини) озиқ-овқат маҳсулотларига, ёшлар томонидан эса – ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматларига сарфланишини кўрсатди. 30-55 ёшдаги аҳоли истеъмоли таркибида ноозиқ-овқат товарлари улушининг нисбатан юқори бўлиши ушбу гуруҳ вакиллари коммунал хизматлар ва бошқа молиявий мажбуриятларнинг асосий тўловчилари эканлиги билан изоҳланади.

Ойлик сезилган инфляция динамикаси ҳам даромад даражаси турлича бўлган уй хўжаликлари ўртасида сезиларли даражада фарқ қилади. Бунда кам даромадли уй хўжаликларининг истеъмол тўпламида[ii] озиқ-овқат маҳсулотларининг улуши юқорилиги сабабли, ушбу уй хўжаликларига мавсумий ўзгаришлар оқибатида юзага келадиган озиқ-овқат инфляцияси янада кучлироқ таъсир этади.

Умуман олганда, энг юқори ва энг паст даромадга эга гуруҳлар учун сезилган инфляция даражалари тафовути 1,5 фоиз бандни ташкил этади. Бундан ташқари, ойлик инфляция даражасида мавсумий омиллар сабабли озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари пасайганда паст даромадли оилалар камроқ инфляцияни сезадилар.

Тадқиқот маълумотлари таҳлилига кўра, уй хўжаликлари озиқ-овқат товарлари истеъмоли учун харажатларининг энг катта улуши гўшт маҳсулотларига тўғри келади. Ушбу ўзига хос “рейтинг”нинг кейинги ўринларида мева-сабзавот ва нон маҳсулотлари туради.

Таҳлилий маълумотлардан даромад ўсиши билан гўшт маҳсулотлари истеъмолининг кўпайиб боришини кўриш мумкин. Нон маҳсулотларида эса аксинча, тескари тенденция кузатилади. Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида 2019 йилда аҳолининг умумий даромадлари 21,9 фоизга ошди ва умумий харажатларнинг ўсиши ҳам шунга мутаносиб даражада ўсди. Тадқиқот маълумотлари даромад даражаси нисбатан юқори аҳоли гуруҳларида (даромадлари 3 млн. сўмгача бўлган уй хўжаликлари бундан мустасно) умумий даромадлар уларнинг умумий харажатлари миқдоридан юқорилигини кўрсатди.

Манба: uzanalytics.com

Сурат манбаси: review.uz

______________________________________________________________________________________________________________________________________________

[i] Яшаш қиймати – пул шаклида ифодаланган аҳоли томонидан (унинг турли қатламлари ва гуруҳлари) ҳақиқатда истеъмол қилинадиган моддий товар ва хизматлар миқдори ҳисобланади. Яшаш қиймати уй хўжаликларининг истеъмол харажатлари таркиби ҳамда айнан истеъмол қилинган товарлар ва хизматлар нархлари билан белгиланади.

[ii] Истеъмол тўплами – улар асосида истеъмол нархлар индексини ҳисоблаш мақсадида мамлакатнинг барча ҳудудлари учун аҳоли томонидан энг кўп истеъмол қилинадиган товарлар ва хизматлар гуруҳлари учун танланган намунадир. Унинг таркибига 510 та товар ва хизматлар турлари киритилган бўлиб, шундан озиқ-овқат маҳсулотлари 170 та позицияни, ноозиқ-овқат товарлари 250 та ва хизматлар 90 та позицияни эгаллайди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.