Пандемиянинг Ўзбекистон ташқи савдосига таъсири: прогноз ва фактлар

Фото: press-unity.com

Апрель ойининг бошида Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) 2020 йилда дунё бўйлаб давлатлараро савдо ҳажмининг 13 фоиздан 32 фоизгача қисқаришини тахмин қилган эди. Бунда давлатлараро ўзаро савдонинг қисқариши жаҳоннинг деярли барча минтақаларида кузатилиши, айниқса Осиё ва Шимолий Америка минтақалари мамлакатларининг экспорт ҳажмига катта таъсир кўрсатиши башорат қилинган эди. ЖСТнинг ушбу ҳисоботи жорий йил II-чорагининг дастлабки кунларида эълон қилинди.

Яқинда Давлат статистика қўмитаси эълон қилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг II-чорагида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 25 фоизга, экспорт ҳажми эса деярли 33 фоизга қисқарган (бу кўрсаткичлар 2020 йилнинг биринчи ярми ҳамда I-чораги якуни бўйича эълон қилинган Давлат статистика қўмитасининг дастлабки маълумотлари асосида ҳисобланган). Шу билан бирга, экспорт таркибида ҳам бир қатор ўзгаришларни кўзатиш мумкин. Хусусан, табиий ва сунъий газ ҳамда туризм хизматлари экспорти ҳажмининг кескин камайгани, экспорт таркибида олтиннинг улушини ошиши шулар жумласидан.

Бироқ, республика ташқи савдо кўрсаткичларининг ойлик динамикасига эътибор қилсак, жумладан, йирик ҳамкор давлатлар кесимида ҳам олиб қаралса, июнь ойида ташқи савдонинг аста-секин тикланиш аломатларини ҳам кузатиш мумкин.

Қуйида шу йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон ташқи савдо кўрсаткичларида кузатилган тенденциялар, 10 та йирик ҳамкор давлатлар билан ташқи савдо динамикаси ҳамда экспорт ва импорт таркибидаги ўзгаришлар таҳлилини визуаллаштирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Жорий йилнинг I-чорагида республика ташқи савдо кўрсаткичлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан тахминан 10 фоизга пасайган. Бунинг сабаби маълум. Январь-февраль ойларида Ўзбекистоннинг деярли барча ҳамкор давлатлари иқтисодиётида (Хитойдан ташқари) пандемиянинг таъсири нисбатан анча паст даражада бўлган, март ойидан бошлаб эса коронавирус жаҳон иқтисодиётига жиддий хавф сола бошлади, айнан шу ойда у Марказий Осиё давлатларига ҳам “кириб келди”. Март ойидан бошлаб Ўзбекистон ташқи савдосининг барча кўрсаткичларида ўтган йилнинг март ойига нисбатан кескин пасайиш кузатилган. Ягона ҳамкор давлат – Хитой бундан истисно, ушбу мамлакат билан ташқи савдо ҳажми февраль ойидан кескин пасая бошлади.

Йилнинг II-чорагида эса бу кўрсаткичлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан деярли 20 дан 33 фоизгача қисқарган. Бунда умумий экспорт ҳажми – энг катта “зарар кўрган” кўрсаткич бўлди. Апрель-июнь ойлари пандемиянинг дунёда айни авж олган ва унинг жаҳон иқтисодиётига таъсири юқори бўлган даврга тўғри келади. Ўзбекистон ташқи савдосининг ойлик динамикасига эътибор қаратсак, энг паст кўрсаткичлар май ойида кузатилган. Шу билан бирга, июнь ойида қайд этилган рақамлар, айниқса импорт ҳажмида, ташқи савдонинг аста-секин тикланиш аломати бўлиши мумкин. Аммо, бу ҳали жуда заиф аломат, ташқи савдонинг умумий кўрсаткичларида тикланиш тенденцияси ҳақида гапириш жуда эрта.

Ўзбекистоннинг йирик ҳамкор давлатлар билан ташқи савдо айланмасида турли тенденциялар кузатилади. Савдо-сотиқ ҳажми бўйича биринчи бешталикка кирадиган мамлакатлардан импорт ҳажми динамикасида деярли бир хил тенденция кўриш мумкин. Экспорт ҳажми динамикаси эса – турлича, бу кўрсаткичнинг кескин пасайиши Россия ва Туркия билан савдо алоқаларида кузатилади. Хитой ва Қозоғистонга экспорт ҳажми май ойидан бошлаб тикланмоқда.

Маълумот учун: Хитой, Россия, Қозоғистон, Корея Республикаси ва Туркиянинг республика ташқи савдо айланмасидаги умумий улуши деярли 56 фоизни ташкил қилади, жумладан:

Хитой – 18,1%

Россия – 16,3%

Қозоғистон – 8,4%

Корея Республикаси – 7,1%

Туркия – 5,6%

Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида кейинги бешталикдан ўрин олган мамлакатлар орасида Афғонистонга экспорт ҳажмида пандемиянинг таъсири сезилмайди, аксинча, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан юқори кўрсаткичлар қайд этилган. Шунингдек, Қирғизистон ва Тожикистон билан савдо-сотиқ алоқаларида ҳам коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг таъсири камроқ сезилади.

Маълумот учун: Қирғизистон, Германия, Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи савдо айланмасидаги умумий улуши 9,5 фоизни ташкил қилади, жумладан:

Қирғизистон – 2,5%

Германия – 2,1%

Афғонистон – 2,1%

Тожикистон – 1,4%

Туркманистон – 1,4%

2020 йилнинг I-ярмида пандемия Ўзбекистон экспортининг нафақат умумий ҳажмига, шунингдек унинг таркибига ҳам катта таъсир кўрсатди. Ўтган йилнинг I-ярми билан таққослаганда, газ (табиий ёки сунъий) экспортининг ҳажми 4 баробарга, туризм хизматлари экспорти эса 3 баробарга камайди. Бу ушбу товар ва хизматларнинг умумий экспорт ҳажмидаги улушини кескин камайишига олиб келди. Умумий экспорт ҳажмида газнинг улуши 12 дан 4 фоизгача, туризм хизматларининг улуши эса 7 да 3 фоизгача қисқарди. Жорий йилнинг январь-июнь ойларида умумий экспорт ҳажмининг 22,6 фоизга қисқариши (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан) ва олтин экспорти ҳажмининг деярли ўзгармаганлиги ҳисобига, ушбу қимматбаҳо металлнинг экспортдаги улушини 26 дан 34 фоизгача ошишига сабаб бўлди.

ЖСТ мутахассисларининг таъкидлашича, жаҳонда ўзаро савдо аввалги ҳажмларда 2021 йилда тикланиши мумкин, аммо бу пандемия давомийлиги ва дунё бўйлаб коронавирусга қарши курашишда амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигига боғлиқ.

Манба: uzanalytics.com


Фойдаланилган манбалар:

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг ташқи савдо айланмасига оид ҳисоботлари:

https://stat.uz/uz/press-sluzhba/novosti-gks/8590-o-zbekiston-respublikasining-tashqi-savdo-aylanmasi-2020-yil-yanvar

https://stat.uz/uz/press-sluzhba/novosti-gks/8806-o-zbekiston-respublikasining-tashqi-savdo-aylanmasi-2020-yil-yanvar-fevral

https://stat.uz/uz/press-sluzhba/novosti-gks/8895-o-zbekiston-respublikasining-tashqi-savdo-aylanmasi-2020-yil-yanvar-mart

https://stat.uz/uz/press-sluzhba/novosti-gks/9066-o-zbekiston-respublikasining-tashqi-savdo-aylanmasi-2020-yil-yanvar-aprel

https://stat.uz/uz/press-sluzhba/novosti-gks/9263-o-zbekiston-respublikasining-tashqi-savdo-aylanmasi-2020-yil-yanvar-may

https://stat.uz/uz/press-sluzhba/novosti-gks/9459-o-zbekiston-respublikasining-tashqi-savdo-aylanmasi-2020-yil-yanvar-iyun-2

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.