Онамни қучоқлашга улгурсам бўлди: фуқаролиги бўлмаган шахс сифатида Ўзбекистонда қолиб кетган аёлнинг қалб фарёди
1990 йилда Замира Сейбуллаева ота-онаси билан бирга Туркманистондан Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманига кўчиб ўтди. Ўшанда у бор-йўғи ўн уч ёшда бўлиб, еттинчи синфда ўқирди. Болалиги хотирасида ёрқин из қолдирди: кинога боришлар, боғдаги сайрлар, ёзги лагерлар, дўстлар ва ташвишсиз ҳаёт туйғуси. «Болалигимни эсласам, йиғлагим келади», — тан олади у.
Йиллар ўтди. 1995 йилда Замира турмушга чиқди, икки фарзандни дунёга келтирди. Бугунги кунда унинг вояга етган ўғли, қизи ва уч нафар набираси бор. Оила аҳил яшайди, рўзғор тебратади: чорва ва парранда парваришлайди, далада ишлайди. Одатий, оддий ҳаётдек туюлади гўё. Аммо 30 йилдан ортиқ вақт давомида унинг ҳаётини бир ҳолат — Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортининг йўқлиги белгилаб келмоқда.
Шу йиллар давомида Замира апатрид (фуқаролиги бўлмаган шахс) мақомида яшаб келмоқда. Фуқаролиги йўқлиги сабабли у мамлакат ташқарисига эркин чиқа олмайди, оиласига ёрдам бериш учун чет элда ишлай олмайди ёки шунчаки энг яқин инсонларини бориб кўриш имкониятидан маҳрум.
31 йил ичида у бирор марта ҳам Туркманистонга қайта олмади. Укалари ва сингиллари қандай улғайганини кўрмади, уларнинг тўйларида қатнаша олмади. «Биз фақат телефон орқали гаплашамиз. Онам билан гаплашганимизда, у ерда онам йиғлайди, бу ерда эса мен», — дейди Замира. Онаси ҳозирда 78 ёшда ва қизининг энг катта истаги — онасини қучоқлашга улгуриш.
Ўтган йиллар давомида у фуқаролик олиш учун бир неча бор ҳужжат топширди. Қайнонаси билан биргаликда маълумотномалар йиғди, вақтинчалик ҳужжатлар олди, яна қарор кутди. Аммо ҳар сафар бир хил гапни эшитди: «Кутинг, ҳали қарор қабул қилинмади».
«Мен кутишдан чарчадим, — дейди Замира. — Паспорт мен учун ҳамма нарсани англатади. Биринчи навбатда онамнинг олдига борардим. Кейин ишлаб, оиламга ёрдам бера олардим, ўғлимни уйлантирардим. Илтимос, менга Ўзбекистон фуқаролигини олишга имконият беринг. Мен шунчаки онамни кўришни хоҳлайман».
БМТнинг фуқароликсизлик тўғрисидаги конвенциялари
БМТнинг фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғрисидаги конвенциялари фуқаролиги бўлмаган шахс тушунчасининг халқаро ҳуқуқий таърифини белгилайди, уларнинг асосий ҳуқуқлари ва ҳимоя кафолатларини мустаҳкамлайди ҳамда бутун дунёда фуқаролиги бўлмаганликнинг олдини олиш ва унга барҳам бериш учун ҳуқуқий асос яратади.
1954 йилги Фуқаролиги бўлмаган шахслар мақоми тўғрисидаги конвенция ва 1961 йилги Фуқароликсизликни қисқартириш тўғрисидаги конвенция фуқароликсизлик муаммосини тартибга солувчи асосий халқаро конвенциялар ҳисобланади.
Фуқаролиги бўлмаган шахслар
Фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳеч бир давлат томонидан унинг фуқароси сифатида тан олинмайди. Фуқаролик ҳуқуқидан маҳрум бўлгани учун улар кўпинча таълим олиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, расман ишга жойлашиш, ҳатто никоҳдан ўтиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлади.
Фуқароликсизлик тушунчасининг таърифи ва мазмуни
1954 йилги Фуқаролиги бўлмаган шахслар мақоми тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ, фуқаролиги бўлмаган шахс — «ўз қонунчилигига мувофиқ ҳеч қайси давлат томонидан унинг фуқароси деб ҳисобланмайдиган шахс»дир.


Марказий Осиёда фуқароликсизликка барҳам бериш
Бундан ўн йил аввал Марказий Осиёда — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда — 255 мингдан ортиқ шахс ҳеч бир давлатнинг фуқароси сифатида тан олинмаган эди.

Уларнинг аксарияти собиқ Совет Иттифоқининг фуқаролари бўлган, аммо 1991 йилда СССР парчаланганидан сўнг ташкил топган мустақил давлатлар фуқаролигини олмаган. Бошқалар эса туғилганлиги рўйхатдан ўтказилмагани, шунингдек молиявий ва бюрократик тўсиқлар туфайли фуқароликсиз қолган.
Расмий шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмагани сабабли, бу одамлар ўз ҳуқуқларидан тўлиқ фойдалана олмас эдилар: таълим ва тиббий хизматдан фойдаланиш, расман ишга жойлашиш, турар жойни расмийлаштириш, эркин сафар қилиш ҳамда жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиш имкониятларидан маҳрум эдилар.
Сўнгги ўн йил давомида БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси томонидан амалга оширилаётган #IBelong кампанияси ва минтақа мамлакатлари ҳукуматларининг саъй-ҳаракатлари натижасида фуқароликсизлик билан боғлиқ 218 мингдан ортиқ ҳолат бартараф этилди. Бугунги кунда дунё бўйича ҳал этилган фуқароликсизлик ҳолатларининг учдан бири Марказий Осиё ҳиссасига тўғри келади.
2019 йилда Қирғизистон ҳужжатларга эга бўлмаган барча шахсларга фуқаролик бериш тўғрисидаги қонунни қабул қилиб, ўз ҳудудидаги фуқароликсизликнинг барча маълум ҳолатларига барҳам берган дунёдаги биринчи давлатга айланди.
2024 йил ноябрь ойида Туркманистон ҳам мамлакатдаги фуқароликсизликнинг барча маълум ҳолатларига барҳам берилганини эълон қилди.
2024 йил ноябрь ойида #IBelong кампанияси якунланганидан сўнг, БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси бутун дунёда ҳеч бир инсон фуқароликсиз қолмаслиги учун халқаро саъй-ҳаракатларни давом эттириш мақсадида Фуқароликсизликка барҳам бериш бўйича глобал альянсни ташкил этди.

Улмас: 29 ёшда, фуқаролиги йўқ ҳаёт
Улмас Дадабоев Тожикистонда туғилган, ҳозир 29 ёшда. Унинг ҳаёти ҳужжатсизлик билан бошланган ва ҳануз у фуқаролиги йўқ шахс мақомида яшаб келади.
У болалигини Ўзбекистонда ўтказганини эслайди. 2–3 ёшлигидан оиласи билан Ўзбекистонга келган, боғчага бормаган, 7 ёшида мактабга чиққан. Унинг сўзларига кўра, келиб чиқиш сабаблари унга тўлиқ маълум эмас.
Фуқаролиги йўқлиги унинг шахсий ҳаётига ҳам таъсир қилмоқда. Уйланиш масаласи осон эмас — қизлар унинг фуқаролиги йўқлигини билганида турмуш қуришдан бош тортади.
Унинг ҳаётида доимий тўсиқлар мавжуд: ишга кириш, банк хизматлари, кредит олиш ва ҳатто эркин ҳаракатланиш имкониятлари чекланган. Шу сабаб у кўпроқ норасмий ишлар ва тижорат йўналишида ҳаракат қилишга мажбур.
Шу билан бирга, Улмас ўз келажагига умид билан қарайди. Унинг орзуси — фуқаролик олиш, барқарор ҳаёт қуриш ва ўз бизнесини ривожлантириш. У шундай дейди: “Фақат имконият берилсагина, биз ҳам бошқалар каби ҳаётимизни қуришимиз мумкин.”
Анора Содиқова, журналист:
Оммавий Ахборот Воситаларида фуқаросизлик мавзуси деярли ёритилмаган
«2017 йилда фуқаролик бериш жараёни тантанали бошланган эди. Минглаб одамлар паспорт олди. Кейин эса бу жараён нега тўхтаб қолгани ҳақида жамоатчиликка ҳеч қандай тушунтириш берилмади. Назаримда, бу кун тартибидаги масала бўлиши керак. Ҳукуматдан: “Нима учун бу жараён тўхтади?” деган саволга жавоб бўлиши лозим».
Шуҳрат Ғаниев, ҳуқуқшунос:
Ҳали ҳам 20 мингдан ортиқ одам, жумладан болалар фуқароликсиз қолмоқда. Бу — ҳал қилиниши керак бўлган жиддий муаммо
«Қонунчилигимизда катта ислоҳотлар амалга оширилди. Аммо ҳали ҳам туғилганликни қайд этиш ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмларида ечимини кутаётган масалалар бор».
Абдурахмон Ташанов, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси:
Агар хавфсизлик текширувларидан ўтган одамларга фуқаролик берилса, улар ўзини шу Ватаннинг бир қисми деб ҳис қилади ва мамлакат тараққиётига хизмат қилади
«Қонунга кўра, Ўзбекистонда узоқ йиллар яшаган шахслар фуқароликка даъвогар бўлиши мумкин. Аммо амалиётда 20–30 йилдан бери шу ерда яшаб келаётган кўплаб одамлар ҳали ҳам фуқаролик ололмаган. Бунинг сабаби кўп жиҳатдан ўтмишдаги сиёсий қарорларга бориб тақалади. Айниқса, Тожикистондаги фуқаролар уруши йилларида келган муҳожирларга фуқаролик бериш амалда тўхтатилган эди».

Мавжуд бўлмаган давлат паспорти: фуқаросизликдан янги ҳаётга
Нодира Воҳидованинг қўлида мавжуд бўлмаган давлатнинг паспорти бор эди. Совет Иттифоқи парчалангач, унинг кимлигини белгилаб турган ҳужжат ҳам ўз аҳамиятини йўқотди. Янги фуқароликни эса у йиллар давомида ололмади. Шундай қилиб, Нодира давлатсиз, эркин сафар қилиш имкониятисиз ва ноаниқ келажак билан яшашга мажбур бўлди. Аммо буларнинг ҳаммасига уруш сабаб бўлган эди.
Нодира Душанбе шаҳрида туғилиб, шу ерда вояга етди. Унинг бир неча аждодлари Тожикистонда яшаб келаётган бўлса-да, келиб чиқишига кўра ўзбек эдилар.
Бобоси ва бувиси бир вақтлар Тошкентдан Тожикистонга кўчиб борган, ота-онаси ҳам Душанбеда туғилган. 1992 йилга қадар уларнинг ҳаёти тинч ва осойишта кечган. Ўша йилнинг май ойида мамлакатда фуқаролар уруши бошланди.
Душанбе шаҳри тез орада тартибсизлик ва қўрқув гирдобига тушди. Одамлар оммавий равишда уйларини ташлаб кетар, кўплаб хонадон ва уйлар эса куч билан эгаллаб олинарди. Кўчмас мулкнинг қиймати деярли йўқолди. Воҳидовлар оиласига омад кулди: танишлари уларнинг хонадонини сотиб олди. Тушган маблағ эса фақатгина барча буюмларни юк машинасида Тошкентга кўчириш учун етарли бўлди.
Нодиранинг отаси техника фанлари доктори, профессор бўлиб, олдиндан Тошкент техника университетидан ишга таклиф олган эди. Воҳидовлар оиласи янги ҳаёт бошланишидан умидвор эди, бироқ аччиқ ҳақиқат ўзини кўрсатди.
Тошкентда ваъда қилинган уй-жойни олиш учун оила беш йил кутди. Бу йиллар Нодира ота-онаси билан талабалар ётоқхонасида яшади. Оиланинг тирикчилиги оғир эди: ягона доимий даромадни отаси топар, нафақадаги онаси эса рўзғорга ҳисса қўшиш учун қўшимча иш изларди. Лекин оила учун энг катта муаммо фуқаросизлик эди.
Нодирага СССР парчаланиш арафасида Совет Иттифоқи паспорти берилди. Бироқ орадан кўп ўтмай, бу ҳужжат мавжуд бўлмаган давлат паспортига айланди. Кейинчалик унга фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси берилди. Аммо бу ҳужжат билан ҳам хорижга чиқиш ёки бошқа давлатларга сафар қилиш амалда имконсиз эди.
Фуқаролиги бўлмаган шахс мақоми Нодиранинг имкониятларини кескин чеклади. У университетни аъло баҳолар билан тамомлаган бўлса-да, хорижда ўқиш ва малака ошириш имкониятларидан фойдалана олмади. Масалан, Ўзбекистон—Япония маркази дастурининг энг яхши қатнашчилари қаторига кирганига қарамай, Япониядаги стажировкага бора олмади. Эркин сафар қилиш имкони бўлмагани сабабли, Нодира туғилиб ўсган шаҳри — Душанбега фақат 2015 йилда, ватанини тарк этганидан 23 йил ўтиб қайта боришга муваффақ бўлди.
2016 йилда Нодира Ўзбекистон фуқаролигини олди. Янги паспорт унинг учун шунчаки ҳужжат эмас, балки қарийб чорак аср давом этган фуқароликсиз ҳаётга қўйилган нуқта эди. Шу кундан бошлаб у эркин сафар қилиш, хорижда таълим олиш ва келажак режаларини чекловларсиз амалга ошириш имконига эга бўлди.
Фуқаросизлик ва йиллар давом этган қийинчиликлар Нодирани синдирмади. У тижорат соҳасида муваффақиятли карьера қуриб, ўз меҳнати ва билими билан ҳаётда ўз ўрнини топди.
Бугун Нодира Тошкентда яшайди. У Аёллар тадбиркорлиги мактаби ва 100 нафардан ортиқ тадбиркор ҳамда лидер аёлларни бирлаштирган бизнес-клуб асосчиси. Аввалига у қизлар ва аёлларга бизнес бўйича маслаҳат бера бошлади.
Кейин Аёллар тадбиркорлиги мактабини ташкил этди, сўнг эса унинг битирувчилари ва тажрибали тадбиркор аёлларни бирлаштирган бизнес-клубни йўлга қўйди. Бугун бу ҳамжамият аёллар бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган, тажриба алмашадиган ва ўз бизнесини ривожлантирадиган майдонга айланган.

Бугун Нодиранинг асосий мақсади — аёлларнинг молиявий мустақилликка эришишига кўмаклашиш.
«Аёл учун энг муҳим нарса — таълим. Кейин эса — ўз меҳнати билан ризқ топишни билиш. Ҳаётда қандай вазият юз бермасин, аёл ўзини ҳам, фарзандларини ҳам таъминлай олиши керак», — дейди у.
Нодиранинг ҳаёт йўли фақат урушдан қочиш ёки фуқароликсиз яшаш ҳақидаги ҳикоя эмас. Бу — уйидан айрилиш, йиллар давом этган ноаниқлик ва чекловларга қарамай, ўз ҳаётини қайта қуришга муваффақ бўлган инсон ҳақидаги ҳикоядир.
Нодиранинг ҳаёт йўли ҳали-ҳамон фуқароликсиз яшаётган минглаб инсонларнинг қиссасини ёдга солади. Улар ҳануз ўз уйи деб билган мамлакатда тўлақонли ҳаёт кечириш ва унга мансуб бўлиш ҳуқуқи учун курашмоқда.

