
Салом, дўстлар! UzTrend жамоаси ва СМ-1 телеканали (Тожикистон) ўзининг янги мультимедиа лойиҳасини миллионлаб одамлар ҳаёти боғлиқ бўлган Марказий Осиёнинг иккита асосий сув йўлларидан бири – Амударёга бағишлади. Бу дарёнинг бошидан то унинг этагига қадар тўрт давлат ошиб: Тожикистон, Афғонистон, Туркманистон ва Ўзбекистон бўйлаб қисқа саёҳат-фильмдир. Аммо видеолавҳадан ташқари, бизда яна иккита мақола бор, улардан биринчисини ҳозир сизга ҳавола этамиз.
«Иккинчи нон»
Шоли — энг муҳим қишлоқ хўжалиги экинларидан бири ва 37 миллиондан ошган Ўзбекистон аҳолиси рационининг асосий таркибий қисмидир. Статистик маълумотларга кўра, ўртача бир ўзбекистонлик йилига ўртача 10 килограмм гуруч истеъмол қилади. Аммо менинг фикрим ва шахсий тажрибамга кўра, бу кўрсаткич анча юқори.
Гуручни ишонч билан «иккинчи нон» деб аташ мумкин. Мамлакатимизда ҳатто Американинг «биг маc индекси» ёки Украина ва Россиянинг «борщ индекси»га ўхшаш харид қобилияти паритетини аниқлашнинг норасмий усули — «плов индекси» мавжуд. 2016 йилда ўзбек ва тожик палови ЮНЕСКО томонидан номоддий маданий мерос сифатида эътироф этилди. Бундан ташқари ўзбек ошхонасини турли мазали таомлар — мастава, мошкичири, шовла ва бошқаларни гуручсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Хуллас, аҳоли сони ортган сари гуручга бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда.

Келинг, ушбу экин етиштириладиган анъанавий ҳудуд – Хоразм вилояти ва бугунги кунда учта қаҳрамонимиздан иккитаси меҳнат қилаётган Сирдарёдаги ишлаб чиқариш кўрсаткичини (минглаб тонналарда) солиштирсак. Аниқлик учун сув танқислигидан энг кўп жабр кўраётган Қорақалпоғистонга оид маълумотларни инфографикага киритамиз. Таажжублиси, ўн беш йил давомида улар шоли етиштиришда ҳатто Хоразмни ҳам ортда қолдиришган.

Кичик кўрсаткич бўлса-да, аммо ҳанузгача мамлакатдаги умумий гуруч ҳосилининг 40 фоизини Хоразм етиштирмоқда. Ўсиш кейинги йилларда Сирдарёда ҳам кузатилмоқда. Қорақалпоғистон маълум сабабларга кўра қатордан тушиб қолди. Аммо сувни кўп талаб қилувчи гуручнинг ҳозирги ҳолати ҳақида статистик маълумот эмас, балки уни етиштирадиган одамлардан эшитган маъқул. Бизда учта қаҳрамон бор.
«Бу йил бизга омад кулиб боқди…»
Мавжуда Собирбоева ва унинг турмуш ўртоғида жуда кичик томорқа – атиги 2 гектар томорқа мавжуд бўлиб, унда шоли етиштирилади. Бу, албатта, қўшимча даромад, лекин улар учун бу асосан оилавий анъанага ҳурматдир. Мавжуданинг отаси комбайнчи, бувиси эса механик бўлган. Болалиги Хоразм вилоятининг шоли ва буғдойзорларида ўтган. Бугун эса ўзи тажрибали фермер.
Унинг хўжалигидаги шоли фақат қўлда йиғиб олинади.
– Қўлда йиғиштирилган ҳосил йўқотилмайди, сифати яхши бўлади. Турмуш ўртоғим билан кичик фермер хўжалигимиз бор, бир неча одам меҳнати ёрдамида бутун ҳосилни йиғиб оламиз, – дейди Собирбоева.
Сўнгги йилларда суғориш учун сув камаймоқда. Аммо 2023-2024 йил қиши қувончли истисно: қаҳрамонимиз сўзларига кўра, ёмғир ва қор етарли бўлган.
Биринчи сабаб — ёмғир
Иқлим ўзгариши Марказий Осиёда сув танқислигининг асосий сабабларидан биридир. Ҳарорат кўтарилади, йилдан-йилга исийди. Аммо оддий одамда савол туғилади: агар музликлар тезроқ эриётган бўлса, унда нима учун сув камаймоқда? Тушунтирамиз: минтақамиздаги дарёлар сув оқимининг атиги 25 фоизини музликлар таъминлайди. Бироқ, глобал исиш туфайли ёғингарчилик камайди. Ваҳоланки минтақамиздаги дарёларнинг 60 фоизини айнан ёғингарчилик таъминлайди.
Мавжуда ва ҳамкасбларининг қўшни Афғонистонда Қўш-тепа канали қурилиши биринчи босқичи якунланганидан албатта хабари бордир (бу ҳақда кейинги нашрда батафсил тўхталамиз). Шу боис Хоразм вилояти (Амударёнинг қуйи оқими)да суғориш учун сув етарли бўлишига шубҳа бор эди ва 2024 йилда айрим маҳаллий деҳқонлар таваккал қилмай, шоли экишмади.
Янги қирғоқлар сари
Амударё қирғоғидан бошқа дарё — Сирдарё вилоятига борамиз. Бундан роппа-роса бир йил аввал, 2024 йилнинг баҳорида иккинчи қаҳрамонимиз 58 ёшли Баҳодир Элмуродов ҳам худди шундай, салкам минг километр масофани босиб ўтган эди.
У Хоразмлик наслидан ўтиб келаётган шоличилик билан шуғулланади. Болалиги ҳам Амударё соҳили далаларида ўтган. Унинг оиласида шоли нафақат қишлоқ хўжалиги экини, балки бир неча авлоди ҳаётини бағишлаган турмуш тарзидир.
Аммо сўнгги беш йил ичида шоли етиштиришнинг асосий манбаи – сув танқислиги ҳалокатли бўлди. Амударёдан суғориш учун келадиган сув миқдори йилдан-йилга камайиб борди. Бир пайтлар тўлиб-тошган дарё энди мўл ҳосилни таъминлай олмади. Баҳодир қуриган далаларга қараб, шундай давом этса, туғилиб ўсган она ери тез орада шоличиликка яроқсиз бўлиб қолишини тушунди.
— Хоразмда аҳоли кўп, Амударёда сув кам бўлгани учун деҳқончилик учун ер кам. Сирдарёда бунинг акси: ер ва сув бор, лекин ишчи кучи кам. Шунинг учун бу ерга кўчиб, ижарага ер олиб, экин этиштирамиз, – дейди Элмуродов.
Баҳодир ўз жамоасига яна тўрт кишини олди, улар биргаликда дала четида вақтинчалик турар жой қуришди. Яшаш шароити оғир, қулайликлар йўқ, аммо азалий шоликор қатъий киришганди.
Ҳеч қандай қийинчилик унинг ишонч-у ғайратини синдира олмади. Йил омадли келса, Хоразмда қолган оиласини шу ерга кўчириб, янги жойда шоли етиштиришни давом эттиришига жуда ишонди.
Қарабсизки, 10 гектар майдондан 50 тонна шоли йиққан шоличининг қувончи ичига сиғмайди.
– Энди бу йил Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида 20 гектар майдонга шоли экиш ниятидаман, – дейди Баҳодир Элмуродов.
Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳақида гап кетганда, биринчи навбатда хориж – Россияга, Қозоғистон ва бошқа узоқ хорижга пул топиш учун кетганлар кўз ўнгимизда намоён бўлади. Аммо Ўзбекистонда, кўплаб мамлакатларда бўлгани каби, ички миграция оқими ҳам бор: одамлар яхши ҳаёт умидида қишлоқлардан шаҳарларга, вилоят марказларидан пойтахтга ошиқади.
“Қуйи оқим бўйлаб” лойиҳаси устида ишлаётганимизда биз ички меҳнат муҳожирининг янгидан кашф қилдик. Улар энди малакасиз, арзон ишчи кучи эмас, балки тажрибага эга мутахассисдир. Янги ердан бахт излаб, йилдан-йилга саёзлашиб бораётган Амударё соҳилларини тарк этган қуйида келтирилган деҳқон каби.
Биринчи ҳосил
Дарвоқе, бу ерга кўчиб келган шоличилар эндигина янги ҳосил етиштиришни ўрганаётган маҳаллий фермерларга маслаҳатчи вазифасини ҳам бажаради. Улардан бири Фарҳод Қорабеков. 2017 йилгача унинг хўжалиги пахта ва ғаллачиликка, кейинчалик полиз ва сабзавотчиликка ихтисослашган. Қовун, ловия, мош ва бошқа дуккакли экинларни, жумладан, Европа мамлакатларига экспорт қилади.
– 2024 йилда мен биринчи марта шоли экишга қарор қилдим. Сўнгги бир неча йил ичида гуруч нархи ошиб бормоқда. Бозорда танқислик бор. Биринчи экин майдони 57 гектар, ҳар биридан 50-60 центнердан ҳосил олдик, – дейди фермер.
Унинг сўзларига кўра, йил ёғингарчиликка мўл-кўл бўлгани туфайли шолизорлар яхши ҳосил берди. Хоразм шоличилари ўз тажрибалари билан ўртоқлашади, лекин бу ерда ўз Ватанидан фарқли ўлароқ, шоли бошқача етиштирилади. Сув ресурсларидан самаралироқ фойдаланиш учун дала кичик участкаларга ажратилган.
– Алмашлаб экишдан фойдаланамиз, яъни йилдан-йилга экинни алмаштирамиз, бу ер унумдорлигини оширади, – дейди Фарход Қорабеков.
Ва, албатта, сувни тежашга эътибор қаратилади. Фарҳод фермер хўжалигида «иккиламчи сув» ёки ДОС (дренаж-оқава сув) ҳам қўлланилади. Ҳар сафар шоли майдонларини қайта суғоришда бундай сувнинг кимёвий таркиби текширилади. Бунга эришиш учун янги технологияга беш юз миллион сўмга яқин маблағ йўналтиришга тўғри келди. Аммо янги шоликор натижадан мамнун:
– Биз тўрт йилдан бери қайта ишланган сувдан фойдаланамиз. Шўрланиш даражаси паст – буни ўзимиз текшириб кўрдик, ҳосил яхши, — дейди у.
Шоли етиштирувчи қоидаси
Марказий Осиёда сув танқислигининг яна бир сабаби – суғориш технологиясининг самарасизлигидир. Шунинг учун мамлакатда истеъмол қилинадиган барча сувнинг қарийб 90 фоизи тўғри келади қишлоқ хўжаликларида шоличилар янги қоидаларга мувофиқ ишлаши керак.
Шу боис Ўзбекистонда кейинги йилларда суғоришда сувни тежайдиган технологияларни фаол жорий этиш, қишлоқ хўжалиги экинларининг қурғоқчиликка чидамли, суғоришни кам талаб қиладиган навларини етиштириш йўлга қўйилди.
— Биз ҳамон сувдан фойдаланиш бўйича дунёнинг энг исрофчи давлатлар ўнталигидамиз. Аммо тараққиёт бор. Ўртача сўнгги тўрт йилда (2021-2024-йиллар) олдинги ўн йилликдаги (2011-2020-йиллар)га нисбатан 8,6 миллиард куб/метр кам сув ишлатдик. Мамлакатимиз президенти 2030 йилгача сув олишни яна 7 миллиард куб метрга қисқартириш вазифасини қўйган. Бунга эришсак, аҳоли жон бошига сувдан фойдаланиш бўйича яхши кўрсаткичга эга мамлакатлар қаторига кирамиз, – дейди Ирригация ва дренаж бўйича халқаро комиссия вице-президенти, Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг Лойиҳани амалга ошириш агентлиги раҳбари Вадим Соколов.
Сирдарё қирғоғидан унча узоқ бўлмаган шолизор ёнида бир неча киши кичкина бостирма – шийпон остида тушлик қилмоқда. Ўчоқдаги қозондан димоғни қитиқловчи ҳид анқимоқда. Фермер Қорабоев бугун ошпаз. У жамоаси ва хоразмлик “устозларни” палов билан сийламоқчи. Уни тайёрлаш учун гуруч бозордан олинди. Аммо бу, афтидан, бошқа такрорланмайди. Чунки кейинги сафар паловтўра бугун шу ердан илк бор йиғиб олинган 2024 йилнинг гуручидан бўлади.