
Салом, дўстлар! UzTrend жамоаси Ўзбекистонда деярли ёпиқ, лекин жуда долзарб “ҳожатхона” мавзусига бағишланган лойиҳани давом эттиради.
Мақоланинг биринчи қисмини бу ерда: ўзбек ва рус тилларида ўқиш мумкин. Унда биз мамлакатимиз аҳолисининг 40 фоиздан ортиғи ҳанузгача кўча ҳожатхоналаридан, яъни чуқурлардан фойдаланишга мажбурлигини ёритган эдик. Қишлоқларда бу кўрсаткич ҳатто 50 фоиздан ошади. Мактаб ҳожатхоналари ҳолати ҳам жиддий камчиликлардан ҳоли эмас. Коронавирус пандемияси арафасида Ўзбекистондаги мактабларнинг 13 фоизида қўлни ювиш учун оддий шароит (сув ва совун) мавжуд бўлмаган. Буни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ЮНИCЕФ билан ҳамкорликда ўтказган мониторинг ҳам тасдиқлайди.
Энди Жиззах вилояти Бахмал туманида жойлашган 50-мактаб ўқувчилари фойдаланаётган ҳожатхонани кўринг. Ушбу видеони тайёрлаб, UzTrend таҳририятига юборган ўқувчимизнинг айтишича, мактаб биносининг ўзида ҳожатхона йўқ ёки ишламайди. Бечора болалар. Балки улар уйга қайтгунча чидаб тургани яхшидир?!
Аслида мактаб ҳожатхонаси кам сонли талабларга жавоб бериши керак: биринчидан, у ҳар доим очиқ (ва бу ерда Жиззах мактаб ўқувчиларига омад кулиб боқди) бўлиши зарур. Аммо қолгани уларнинг фойдасига эмаслиги кундай равшан:
— ҳожатхона мактаб биносида жойлашган бўлиши;
— эшикли алоҳида кабиналарга эга бўлиши;
— тоза ҳожатхона (ковланган чуқурмас);
— иссиқ ва совуқ сув, совун ва ҳожатхона қоғози… Юқоридаги ҳожатхона ушбу мезонларга жавоб бермаслиги аниқ.
Ўзингиз уйдан узоқда ёки фарзандларингиз мактабда бўлганида қандай ҳожатхоналардан фойдаланасиз? Фотосуратларни батафсил тавсифи билан ушбу телеграм каналга юборинг.
Қазилган чуқурларга қайтамиз
Улар жуда кўп, канализация ҳамма жойда мавжуд эмас ва бу мамлакатнинг ривожланиш даражаси пастлигидан далолат. Қанчалик аччиқ эшитилмасин, бу бор гап. Ҳа, биз электромобиллар ишлаб чиқарамиз, Ўзбекистон IT хизматлари экспорт бозори йилдан-йилга ошиб бормоқда… Ва эртага биз коинотга биринчи космик сунъий йўлдошимизни жўнатсак ҳам бу мамлакатимиз ривожланиш рейтингига жиддий таъсир кўрсатмас. Аммо тоза ва стандартларга жавоб берадиган ҳожатхонадан фойдаланиш бу — АСОСИЙ ЭҲТИЁЖлардан бири бўлиб қолаверади. Ва буни албатта эсда тутиш керак.
Шундай қилиб, ҳожатхона. У инсон саломатлиги учун катта хавф манбаи бўлиши мумкин. Айниқса, агар улар (кўча ҳожатхоналари)га эътибор қаратилмаса. Кам қўлланиладиган «ассенизация» сўзи французча assainissement — санитария сўзидан келиб чиққан. Бу канализация қилинмаган, яъни канализация етиб бормаган аҳоли пунктларида зарарсиз чиқиндини йиғиш, олиб чиқиш ва ташиш тизимидир. Ўзбекистонда бу соҳада ўнлаб, балки юзлаб одамлар фаолият юритади. Бугунги кунда улар «кўринмас фронт жангчилари» бўлиб, миллионлаб одамлар соғлиғини нафақат сўзда, балки амалда сақлаб қолишмоқда. Улар, биз ўзимизни нисбатан қулай ҳис қилишимиз учун, айтиш мумкинки, энг «ифлос» ишни қиладиганлардир.
Улар ҳақида репортаж қилинмайди, газеталарда ёзилмайди, радиода улар ҳақида гапирилмайди. Фикримизча, бу мутлақо адолатдан эмас. Наманганлик журналист Тохиржон Турсунов ушбу бўшлиқни тўлдиришга интилмоқда. Журналист 1987 йил, яъни қарийб 40 йилдан буён (!) ўта ўзига хос соҳада ишлаб келаётган Жамолиддин Низомов билан махсус UzTrend учун суҳбатлашди.
“Қулайликларсиз” лойиҳаси давом этмоқда. Нашрларимизни кузатиб боринг! Сизни жуда кўп қизиқарли нарсалар кутмоқда.