2016 йили Хитой 5,8 млрд. долларлик мева импорт қилди. 2015-2017 йилларда фақат тўрт турдаги мевалар – гилос, олхўри, узум ва ўрик импортининг ўзи 1,5 млрд. долларни ташкил қилди. 2030 йилга бориб Хитойда бу меваларни четдан харид қилишга бўлган талаб 1,8 млрд. долларгача ўсиши кутилмоқда. Бу турдаги меваларни етиштиришда эса Марказий Осиё мамлакатларининг географик жойлашуви, иқлим шароитлари, қишлоқ жойларда етарлича меҳнат ресурслари мавжудлиги туфайли дунёнинг бошқа ҳудудларига нисбатан анча устунликка эга. Буларнинг бари ушбу минтақа мамлакатлари учун Хитой бозорига мева-сабзавотлар экспортини бир неча баробар оширишда улкан имкониятлар эшигини очади. Хусусан, Жаҳон банки экспертларининг фикрича, гилос, ўрик, олхўри, узум ва ёнғоқ каби маҳсулотлар билан Хитой бозорида ўз ўрнини эгаллашда Ўзбекистон йирик салоҳиятга эга.
Марказий осиёлик экспортчилар кўп йиллардан бери Россияга махсулот етказиб бериб келаётганига қарамай, улар Россиянинг мева бозорида кузатилаётган замонавий тенденцияларига суст мослашмоқдалар. Натижада Марказий осиёлик экспортчилар Россия бозорининг талаблари ва ҳажмига кўра махсулот сифати, ассортименти ва ўрами бўйича ўз рақобатчиларига мавқени бериб қўйишмоқда.
Яқинда Жаҳон банки “Марказий Осиё мамлакатларида мева-сабзавотчилик: Хитой ва Россия Федерациясига янги экспорт имкониятларидан фойдаланиш” (“Central Asia’s horticulture sector: Capitalizing on new export opportunities in Chinese and Russian Markets”) деб номланган ҳисоботини эълон қилди. Унда Хитойнинг мева импорти таҳлил қилинган ва Марказий Осиё мамлакатлари экспортчилари учун очилаётган янги имкониятларга бағишланган. Банк экспертлари Марказий Осиё экспортчиларининг Хитой бозорига чиқиб, ўз ўрнини эгаллаш имкониятлари чекланганича қолишига сабаб бўлган асосий муаммоларни кўрсатиб берганлар. Россиянинг мевалар бозорига эътибор қаратган мазкур ҳисобот муаллифлари, шунингдек, Марказий Осиё экспортчилари ушб бозорда ўз мавқеларини сақлаб қолиш ва маҳсулот етказиб бериш ҳажмини оширишда дуч келаётган муаммоларни ҳам тилга олганлар. Ҳисоботда Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматларига миллий ва минтақавий даражада тегишли сиёсатни такомиллаштириш бўйича тавсиялар ҳам ўрин олган.
Қуйида мазкур ҳисоботнинг муҳим жиҳатларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Улкан истиқболлар ва чекланган имкониятлар
Халқаро валюта фонди прогнозларига кўра 2024 йилга бориб Хитойда аҳоли жон бошига ЯИМ жорий нархларда $28 450 гача ошади, таққослаш учун, 2019 йилда бу кўрсаткич $13 130 га тенг бўлган. Шу билан бирга, БМТ экспертлари фикрича, мамлакат аҳолиси сони 1,5 млрд. кишига етади. Борган сари кўпроқ истеъмолчиларнинг фаровонлик ва ўқимишлилик даражасининг ўсиши уларнинг рационида оқсил махсулотлар, мева ва сабзавотларни кўпайтириб, пархезга мойилликларини ўзгартиришда давом этади.
Хитойнинг мева импортига талабининг ўсиб бориши Марказий Осиё экспортчилари учун кенг имкониятлар очади. Улар учун бу – ўз махсулотлари экспорти географиясини кенгайтириш ва мева экспорти хажмини бир неча баробар ошириш учун улкан истиқбол ва қулай имконият яратади.
Бундай имкониятдан фойдаланиш учун Марказий Осиё мамлакатлари қишлоқ хўжалигининг боғдорчилик соҳасига, жумладан, меваларни қайта ишлаш, логистика, савдо ва экспорт инфратузилмасига қўшимча инвестициялар киритишлари зарур. Узоқ муддатли истиқболда Хитойда меваларга юқори даражада талабнинг сақланиши прогнози экспорт ҳажмини оширишга йўналтирилган қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга инвестицияларини жалб этишни режалаштириш ва асослаш учун қулай шароитлар яратади.
Марказий Осиё мамлакатларида Хитойга мева экспортини ошириш ва бу бозорда кўпроқ рақобатбардош бўлиб қолишлари учун ҳамма имконият бор. Агар улар бу имкониятдан фойдаланишга муваффақ бўлишса, бу уларнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишлари учун қўшимча туртки беради. Мева экспорти ҳажмининг ўсиши Марказий Осиё мамлакатларида иқтисодий ўсиш суръатларини тубдан оширади, иш ўринлари яратади ва қишлоқ жойларда даромад даражасини оширади. Мева етиштиришни ошириш қишлоқ хўжалигининг бошқа секторлари билан таққослаганда бандликка жуда яхши ижобий таъсир кўрсатади. Боғдорчиликда ишчи кучига талаб дон ёки пахта етиштиришга нисбатан бир неча бараварга кўп. Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон мева-сабзавот секторида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, мева ва сабзавотларнинг айрим турларини етиштиришда ишчи кучига талаб пахта етиштириш соҳаси билан таққослаганда 2-4 баравар, буғдой етиштиришга қараганда 5-10 баравар кўп. Бундан ташқари, боғдорчиликдаги янги бир иш ўрни бошқа ўзаро боғлиқ тармоқларда учта иш ўрнини яратади.
Қишлоқ хўжалигида, шунингдек, бошқа (уни ресурслар билан таъминлайдиган ва махсулотни қайта ишлайдиган) соҳаларда иш ўрни яратилиши Россияда кузатилаётган иқтисодий рецессия туфайли у ерлардан қайтиб келаётган муҳожирларни иш билан таъминлаш масаласини ҳал қилишда катт аҳамиятга эга. Боз устига, ҳар йили меҳнат бозорини тўлдираётган кўп сонли қишлоқ ёшларини ҳам ҳисобга олиш лозим. Боғдорчилик махсулотларини етиштириш ҳажмини ошириш бу муҳим ижтимоий мақсадга эришишга ўз улушини қўшиши мумкин.
Шуни таъкидлаш жоизки, Марказий Осиё мамлакатлари Хитой бозорини мевалар билан таъминлашда ўз иштирокини кенгайтиришлари учун кўп иш қилишларига тўғри келади. Биринчидан, бунинг учун хўл меваларнинг сифатли ва катта хажмда етказиб берилишини таъминлаш зарур. Иккинчидан, Хитой бозорига фақат сифат назоратининг замонавий тизими, замонавий логистик тизимларнинг мавжудлиги, шунингдек, маҳсулот етиштириш ва етказиб беришда қатъий талабларга риоя қилгандагина чиқа олиш мумкин бўлади. Хитойда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашда қатъий стандартлар қабул қилинган. Учинчидан, Хитой мева бозоридаги тузилма ва юқори рақобат мунтазам равишда жойлардаги хитойлик ҳамкорлар билан алоқада бўлишни тақозо этади. Тўртинчидан, хитойлик истеъмолчилар уларга таниш брендли маҳсулотлар ва чиройли ўрамларни қадрлайдилар.
Марказий Осиё мамлакатларидаги аксарият мева ишлаб чиқарувчилар чекланган молиявий ва ахборот-маърифий ресурсли кичик фермер хўжаликларидан иборат. Уларнинг ишлаб чиқариш ҳажми чекланган, махсулотлари сифати барқарор эмас. Бу фермерлар ўз мамлакатлари ичида анъанавий маҳаллий сотувчилар тармоғи орқали мева савдосига мослашганлар. Бироқ, халқаро бозорларга чиқиш битимларни расмийлаштириш, зарур бўлган жараёнларга риоя қилиш ва маҳсулотларни катта ҳажмда етиштиришни талаб қилади. Марказий Осиё мамлакатларидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ҳозирги вақтда бунинг учун етарлича имкониятга эга эмаслар. Бундан ташқари, Жаҳон банки экспертларининг фикрича, давлат божхона ва инспекция органларининг техник имкониятлари замонавий боғдорчилик маҳсулотлари истеъмоли бозорлари талабларига ҳозирча жавоб бермайди. Буларнинг бари Марказий Осиё экспортчиларини уларнинг дунё миқёсидаги рақобатчилари билан қиёслаганда ноқулай шароитга қўяди. Натижада Хитойга мева етказиб бериш ҳали ҳануз Марказий Осиё мамлакатлари мева-сабзавот махсулотлари умумий экспортининг атиги кичик бир қисмини ташкил қилади холос.
Жаҳон банки иқтисодчиларининг фикрича, Марказий Осиё экспортчиларининг Хитойга мевалар экспорти ҳажмини кўпайтиришга тайёрлик даражаси уларнинг Россия чакана савдо тармоқларига кириб боришдаги муваффақияти билан текширилади. Бу мамлакат Марказий Осиёдан мевалар экспортининг асосий йўналиши бўлиб келмоқда. Бироқ минтақа экспортчиларининг Россия бозорларига йиллар давомида маҳсулот етказиб бериб келаётганига қарамай, улар ушбу бозорда кузатилаётган замонавий тенденцияларга суст мослашмоқдалар. Марказий Осиёдан Россияга экспорт қилинадиган меваларнинг аксарият қисми анъанавий очиқ осмон остидаги бозорларда сотилади. Аммо, охирги йилларда Россияда (бошқа кўп ривожланган мамлакатлардаги каби) озиқ-овқат маҳсулотлари савдосида замонавий чакана савдо тармоқлари улушининг ўсиб бориши кузатилмоқда. Улар анъанавий озиқ-овқат бозорларидан товарлар оқимини ўзига тортиб олмоқдалар. Йилдан йилга супермаркет ва гипермаркетларнинг замонавий чакана тармоқлари махсулотларнинг сифати ва хавфсизлигига, уларнинг ички хусусиятлари (шакли, ранги ва таъми), ўрами ва маркировкаси, шунингдек, ҳужжатларига юқори талаблар қўйган ҳолда мева импортида тобора кўпроқ роль ўйнамоқда,
Марказий Осиё мамлакатларидан мева етказиб берувчилар Россия бозори талаблари ва ҳажмига мувофиқ маҳсулот сифати, ассортименти ва ўрами борасида рақобатчиларидан ортда қолмоқда. Натижада улар товарларини анча паст (30 фоизгача) импорт нархларида етказиб беришга мажбур. Бу бир қатор омиллар билан боғлиқ. Бундай омиллар сирасига ишлаб чиқаришнинг юқори фрагментацияси (кўп сонли майда ишлаб чиқарувчилар), етказиб берувчи ва харидор (экспортчи-импортчи) ўртасидаги норасмий муносабатлар, Марказий Осиё мамлакатларидан мева етказиб бериш занжиридаги шаффофликнинг мавжуд эмаслиги ва Россиядаги чакана савдо талаблари тўғрисида минтақавий ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларнинг етарлича хабардор эмаслиги киради.
Юқори нарх сегментида Хитой ва Россия чакана бозорларида рақобатбардош бўлиш учун Марказий Осиёдан хўл мевалар экспортчилари ҳажмни кўпайтириш, сифатни ошириш, ассортиментни кенгайтириш ва етказиб бериш барқарорлигини таъминлашлари зарур. Жаҳон банки экспертларининг қайд этишича, бу мамлакатлар ҳукуматлари боғдорчилик маҳсулотлари етиштириш ва уларни экспорт қилиш ҳажмини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратишлари, мазкур секторнинг ривожланишида бир қатор тўсиқларни бартараф этишлари лозим.
Хитой мевалар бозорининг қисқача шарҳи
Хитой дунё миқёсида энг йирик мева импорт қилувчилар ўнталигига киради, 2016 йилда мамлакат мева импорти ҳажми $5,8 млрд.ни ташкил қилди. Хитой Марказий Осиёдан етказиб берилиши мумкин бўлган кўплаб мева турларининг (янги узилган ва қуритилган) нетто-импортчиси ҳисобланади. 2017 йили мамлакатга 101 885 тонна гилос ва 40 619 тонна олхўри олиб кирилган. Бу мевалар бўйича ХХР уларнинг энг йирик импортчилари орасида етакчи бўлиб қолди. Айрим мева маҳсулотлари экспорт ҳам қилинади, аммо 2013 йилдан 2017 йилгача Хитой гилос ва олхўрининг нетто-импортчиси бўлиб қолди. Бу меваларнинг савдо ҳажми доимий равишда ҳам ҳажм, ҳам нарх жиҳатидан ўсиб борди. 2017 йили Хитой узум импорти бўйича ҳам дунёда бешинчи ўринга кўтарилди – 233 912 тонна. Шу ўринда Хитойнинг ўзи ҳам узумни экспорт қилади ва унинг хажми йил сайин ўсиб бормоқда. Четдан олиб келинаётган мевалар эса йилнинг муайян ойларидаги танқисликни, шу жумладан, ой тақвими бўйича Янги йил ва Меҳнат куни байрамлари вақтида ошиб кетадиган талабни қоплайди.
Хитойнинг хўл мевалар, айниқса гилос ва олхўри бозорида Чили ва АҚШ асосий импортчилар ҳисобланади. 2017 йили Чилидан 69 минг тонна гилос етказиб берилган, бу ХХРдаги умумий гилос импортининг 60 фоиздан кўпроғини ташкил қилади. Хитойга импорт қилинадиган гилоснинг қолган ҳажми АҚШдан келтирилади. Ҳудди шундай кўрсаткичларни олхўри импортида ҳам кузатиш мумкин. 2017 йили Чили Хитойга 30 минг тонна, АҚШ эса 8 минг тонна олхўри экспорт қилган. Янги узилган узум Хитойга Чили, АҚШ, Австралия, Перу ва Жанубий Африкадан олиб келинади.
Мевалар Хитойга икки асосий канал – мамлакатнинг қуруқликдаги ҳудудига бевосита экспорт ва Хитойнинг махсус маъмурий райони (САР) Гонконг орқали реэкспорт қилиш йўли билан етказилади. Кейин занжир бўйича бош дистрибьюторлар ва улгуржи савдогарлар асосий харидорга айланади, улар келтирилган меваларнинг 90 фоиздан ортиғини сотиб олишади. Уларнинг 35%га яқини бевосита премиум-класс супермаркетлари, гипермаркетлар ёки мевалар савдосининг онлайн-каналлари каби чакана тармоқларга тушади. 60%дан ортиғини маҳаллий дистрибьюторлар сотиб олиб, кейин уларни мустақил дўконлар ва мева сотувчи тармоқли савдо расталари каби чакана савдогарларга сотишади. Ҳозирги вақтда импорт қилинаётган меваларнинг ҳеч бир тури қайта ишлаш учун сотилмайди.
Гилос Хитой мева бозорида энг қиммат махсулот ҳисобланади, аммо унинг нархи импорт қилинадиган узум ёки олхўрига қараганда доим ўзгариб туради. Масалан, 2018 йилнинг июнида АҚШдан келтирилган эртапишар бир килограмм гилоснинг баҳоси $18 га етган. Кейин Чилидан бир килограмми $13–$15дан гилос импорт қилинган, Янги йилдан кейин нарҳлар секин-аста пасая бошлаган.
Марказий Осиё мева экспортининг анъанавий бозоридаги янги тенденциялар
Россия ҳамиша Марказий Осиё мевалари учун анъанавий бозор бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Аммо, Марказий Осиё экспортчиларининг Россия мева бозорида анъанавий иштирокчи бўлиб келаётганига қарамай, улар бу ерда ўсиб бораётган озиқ-овқат маҳсулотлари дўконларининг замонавий чакана тармоқлари ролига суст мослашмоқдалар. Бундай тармоқлар Россия Федерациясида кўплаб ривожланган мамлакатларда кузатилаётган траектория бўйича жадал суръатларда ривожланмоқда. Улар анъанавий чакана бозорлардан ўзлари томонга товар оқимини сезиларли равишда буриб юбордилар. 2007-2014 йилларда мамлакатдаги озиқ-овқат маҳсулотлари савдосининг умумий ҳажмида анъанавий чакана бозорларнинг улуши 74% дан 41% га тушиб кетди. Прогнозларга кўра, бу тенденция келажакда ҳам сақланиб қолади.
Марказий Осиёдан етказиб бериладиган меваларнинг аксарият қисми Россиянинг очиқ осмон остидаги анъанавий чакана бозорларида сотилади. Масалан, 2018 йили замонавий чакана савдо тармоқларда сотиш учун импорт қилинган узум асосан Туркия ва Ҳиндистондан келтирилган. Айни вақтда Марказий Осиёдан замонавий чакана савдо тармоқларга узум етказиб бериш экспорт умумий ҳажмининг атиги 3%ини ташкил қилган.
Россиянинг замонавий чакана савдо тармоқлари кўлами ва бозор улушининг ўсиши бу форматга кириш учун мева экспортчиларидан қўшимча саъй-ҳаракатлар талаб этади, бироқ шу билан бирга уларга янги имкониятлар ҳам очади. Ривожланган мамлакатларда кузатилаётган тенденцияларга мувофиқ, замонавий Россия чакана савдо тармоқлари озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан мевалар импортида ҳам тобора кўпроқ муҳим ўрин эгалламоқда. Уларнинг махсулот нарҳи, сифати, хавфсизлиги ва ассортиментига нисбатан талаблари натижасида қайси экспортчилар билан ишлашлари аниқланади.
Ушбу мамлакат замонавий озиқ-овқат чакана савдосининг муҳим хусусияти бу бозорнинг ўсиб бораётган контсентрациясидир. Натижада, мева савдоси секторида бир неча иштирокчи асосий роль ўйнайди. Келгуси бир неча йилда чакана савдо секторида йирик компанияларнинг дастлабки ўнталиги асосий иштирокчи бўли қолиши кутилмоқда.
Россия мева бозорининг яна бир ўзига хос жиҳати мамлакатда мева истеъмоли ҳажми ҳудудлар бўйича бир-биридан анча фарқ қилади. 2016 йили мамлакатда 11,8 млн. тонна мева исеъмол қилинган ёки бошқача айтганда, киши бошига ўртача 73,7 кг. Мева истеъмоли тенденцияси турмуш даражаси энг юқори бўлган шаҳарлар – Москва ва Санкт-Петербург аҳолисининг истеъмол ҳажмига боғлиқ:
Ўзбекистон боғдорчилик маҳсулотларининг рақобатбардошлиги
Ўзбекистон боғдорчилик маҳсулотларининг экспорт рақобатбардошлиги таҳлили натижалари гилос, ўрик (янги узилган ва қуритилгани), олхўри (янги узилган), узум (янги узилган) ва ёнғоқлар Хитой бозорига кириш ва Россия бозоридаги иштирокини кенгайтириш учун катта салоҳиятга эга эканини кўрсатди, хусусан:
- ҳозирги вақтда узум мамлакатнинг мева экспортини энг катта қисмини ташкил қилади. Қулай иқлим шароитлари туфайли Ўзбекистон деярли йил давомида узумни экспорт қилиши мумкин. Уни етиштириш 2008 йилдан бошлаб асосан хосилдорликни ошириш ҳисобига узлуксиз ўсиб бормоқда.
- республикада шунингдек, гилос етиштириш учун ҳам яхши шароитлар мавжуд: қулай иқлим, эрта пишиб етилиши ва арзон ишчи кучи. Гилос етиштириш технологиясини модернизация қилиш ҳосилдорликни оширишда муҳим омил бўлади.
- Ўзбекистон ёнғоқ етиштириш ва унинг экспорт ҳажмини оширишда катта имкониятларга эга. Ёнғоқ етиштириш ҳажми 2012 йилдан бошлаб махсус плантацияларни ташкил қилиш ва хосилдорликни ошиши натижасида ўсмоқда. 2017 йилдан бери янги плантациялар барпо қилиш учун қўшимча 10 минг гектар ер ва $50 млн. маблағ ажратилди.
- оҳирги йилларда мамлакатда ўрик етиштириш ҳажми кескин ўсди. Агар 2000 йилда 68 минг тонна ўрик етиштирилган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 660 минг тоннадан ошди. Бу эса Ўзбекистонни дунёда ўрик етиштирувчи мамлакатлар орасида Туркия ва Эрондан кейин учинчи ўринга олиб чиқди.
2018 йил Хитойга мева экспорт қилиш нуқтаи назаридан Ўзбекистон учун самарали бўлди. Биринчи марта Хитой бозорига гилос етказиб берилди. Ўша йили Ўзбекистон Хитойга 10 минг тонна гилос, 3 минг тонна майиз ва 2 минг тонна ёнғоқ экспорт қилди. Хитой ўз бозорига Ўзбекистондан қовун, лимон, анор ва узум олиб кирилишига рухсат бериш бўйича ишларни якунламоқда. ХХРга янги узилган гармдорини экспорт қилишга рухсат олинди.
Халқаро савдо маркази мутахассисларининг таъкидлашича, ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг узум, гилос ва шафтоли экспорти бўйича имкониятлари ўртача фақат 32% га амалга оширилган холос.
Жаҳон банк экспертларининг фикрига кўра, бу имкониятларни амалга ошириш учун Ўзбекистон мева етиштириш ҳажмини ошириши ва экспорт географиясини кенгайтириши зарур. Бугунги кунда Ўзбекистондан мева экспорти етарлича диверсификация қилинмаган ва асосан Қирғизистон, Қозоғистон ва Россияга йўналтирилган.
Оҳирги 5 йил мобайнида Ўзбекистон боғдорчилиги фаол ислоҳ қилинмоқда ва уни кўпроқ бозор шароитига мослаштириш ва экспорт имкониятларини ошириш учун замин яратиш йўлида катта ишлар олиб борилмоқда. Ҳукумат боғдорчилик маҳсулотлари экспорти имкониятларини ошириш борасида муҳим вазифалар белгилади. Бироқ, мева етиштириш ва уларни сотиш занжирининг турли босқичларида қатор чеклов ва муаммолар мавжуд бўлиб, бор имкониятларни ишга солиш учун уларни бартараф этиш лозим. Халқаро молия корпорациясининг (ХМК) 2018 йилги таҳлилида мева етиштириш ва экспорт қилишда бир қатор чекловлар (муаммолар) аниқланди:
- Ўзбекистонда мева етиштириш билан асосан майда хўжаликлар шуғулланади. Уларнинг молиявий холати ва ахборот-таълим ресурслар ҳақида хабардорлиги етарли даражада эмас, улар асосан мева етиштиришда анъанавий усуллардан фойдаланишади. Қайд этиш жоизки, кейинги вақтларда бир қатор йирик фермер хўжаликлари ва агро-корхоналар ташкил қилинди. Улар замонавий технологиялардан фойдаланади, маҳсулотлари халқаро сертификатларга эга ва дунёнинг турли минтақаларидаги компаниялар билан ҳамкорлик қилади. Аммо майда хўжаликлардаги паст самарадорлик ва “ишлаб чиқариш – савдо” занжирининг заифлиги мамлакатнинг мева экспорти имкониятларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
- Боғдорчилик секторида ишлаб чиқариш унумдорлиги босқичма-босқич ўсиб бораётганига қарамай, етиштирилаётган навлар тўпламини кенгайтириш, соҳада замонавий технологиялар ва мева етиштириш усулларини кенг тадбиқ қилиш орқали янада каттароқ натижаларга эришиш ва дунёдаги етакчи мева етиштирувчилар қаторидан ўрин олиш мумкин. Масалан, Ўзбекистонда экспорт ҳажмини ошириш учун гилоснинг янада эртапишар навлари ва узумнинг данаксиз навларини етиштиришни йўлга қўйиш мумкин. Уларнинг айримларини мамлакатнинг агроиқлим шароитларига мослаштириш зарур. Бунинг учун маҳаллий илмий-тадқиқот институтларига инвестициялар киритиш керак.
- Боғдорчилик секторида асосий инфратузилма совет даврида яратилган. Ҳозирги вақтда бу инфратузилма анча эскирган ва у модернизациялаш ҳамда соҳа ходимларини қайта тайёрлашни талаб қилади. Хусусан, мамлакатда суғоришнинг эски ва кўп ҳаражат (самарасиз) тизимларидан фойдаланилади. Қишлоқ хўжалик ерларининг 70% га яқини эски насослар ёрдамида суғорилади. Бундан ташқари, Жаҳон банки экспертлари замонавий технологияларни тадбиқ қила оладиган ва янги ускуналарда ишлайдиган малакали кадрлар етишмаслигини қайд этади.
- Мамлакат мева экспортчиларининг жиддий муаммолардан бири маҳсулотни сақлаш учун музлатгичларнинг етишмаслигидир. Маҳсулотни сақлашнинг номақбул шароитлари натижасида ҳосил йиғиб олингандан кейин, унинг 40 фоизгача бўлган қисми йўқотилади. Бу муаммони англаган ҳолда республика ҳукумати меваларни сақлаш учун махсус музлатгич омборларини қувватини оширишга фаол инвестиция киритмоқда. Бироқ, экспорт имкониятини тўла ишга солиш учун қўшимча инвестициялар зарур.
- Кўп мамлакатлардаги чакана савдо тармоқлари ва дистрибьюторлар билан бизнес юритишнинг муҳим шарти озиқ-овқат махсулотлари хавфсизлигининг нодавлат стандартларини тадбиқ этиш ҳисобланади. Ўзбекистон ўз стандартларини Қишлоқ хўжалиги амалиётининг халқаро стандартлари (GLOBAL GAP) билан уйғунлаштириши лозим. Ҳозирги вақтда бу талабларни жорий этиш ва уларга риоя қилиш учун мамлакатда инфратузилмалар жуда кам.
- Мева етиштириш ва сотиш занжирининг барча қисмида унинг иштирокчилари малакаси даражасининг етарли эмаслиги, шунингдек боғдорчиликнинг замонавий секторини йўлга қўйишда мутахассисларнинг етишмаслиги кузатилади. Халқаро молия корпорациясининг (ХМК) 2018 йилда ўтказган тадқиқотларига кўра, фермерлар, майда хўжаликлар ва ҳаттоки айрим йирик агрофирмалар кўп ҳолларда мева етиштиришнинг замонавий усулларини қўллашмайди. Бундан ташқари, улар санитария ва фитосанитария талаблари, озиқ-овқат маҳсулотлари стандартларига мувофиқ ишлашнинг муҳимлиги ҳақида тўлиқ хабардор эмас. Тегишли давлат муассасаларида бу стандартларни жорий этиш ва уларга риоя қлишни таъминлаш учун билимли аудитор ва инспекторлар етишмайди.
Манба: uzanalyt ics.com