Муаллиф: Гули Йўлдошева – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига қарашли Ўзбекистоннинг энг янги тарихи маркази илмий ходими; сиёсатшунослик фанлари доктори; халқаро муносабатлар бўйича профессор-ўқитувчи. Гули Японияда (1998 йили), IREX стипендияси доирасида 1998 – 1999 йилларда, Фулбрайт стипендияси доирасида эса 2001 – 2002 йилларда АҚШда малака оширган. 2009 – 2010 йилларда Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастурининг сиёсий масалалар бўйича эксперти бўлган.
Глобаллашув ва миллатчилик кайфияти танқид қилинаётган пайтда омухта жараён – “янги регионализм” ҳақида гапириш мумкин, унга кўра, минтақалар кўпинча тарихий ва маданий яқинлигига асосланган ҳолда умумий муаммоларни ҳал этиш йўлида ҳамкорлик қилади. Биз шу маънода Марказий Осиё, Туркия, Эрон, Афғонистон, Озарбайжон ва Покистоннинг ҳамкорлик истиқболлари ҳақида гапиришимиз мумкинми? Ушбу минтақа ва мамлакатларни Иқтисодий ҳамжамият ташкилоти (ИҲТ) бирлаштириб туради ва бу тузилма фаолияти жонлантирилса, минтақадаги умумий мақсадларга эришишга ёрдам бериши мумкин.
Назария
Илм оламида шу пайтгача глобаллашув ҳодисасини тан олмаслик ва уни постиндустирал Ғарб трансмиллий компанияларининг фаолиятига йўйишдан тортиб, илмий технологиялар ва инсониятнинг транспорт ва коммуникация соҳасидаги ютуқлари натижаси бўлган объектив реаллик эканини эътироф этишгача бўлган тенденция ривожланиб келди. Бироқ глобаллашув объективлигини тан олган ҳолда, ҳамма ҳам глобализм ва регионализм жараёнларини бир хил тушунмайди. Айрим кишилар фикрича, бу жараёнлар “одамларнинг онгининг аниқ ифодаланган субъектив омили” ҳисобланади[1]. Бизнингча, Бёрн Ҳеттн[2] ҳақиқатга яқин, у дунёдаги янги шаклланаётган минтақалар, яъни “янги регионализм” деб аталувчи ҳодиса доирасидаги ички ўзгаришлар натижаси ўлароқ, “қуйида” ривожланаётган жараёнларни регионализм деб атайди. Иқтисодий нуқтаи назардан, регионализм “мамлакатлариннг ўзаро боғлиқлигини ва хўжалик юритувчи субъектлар манфаатларининг миллий чегаралардан ташқари чиқиши, бироқ ушбу тенденцияларнинг амал қилиш доираси минтақа ҳудуди билан чекланиши”ни англатади[3].
Ички ўзгаришлар ва иқтисодий фаолият кенгайиши натижаси сифатида қаралаётган регионализм талқинига яна бир муҳим омил – хавфсизлик муаммоларининг ортиб бораётгани: глобал ва минтақавий таҳдидлар, муаммолар ва хатарлар, жуғрофий-сиёсий беқарорлик ва ҳк.ни қўшиш керак бўлади. Замонавий Марказий Осиёнинг сўнгги ўн йилликлардаги ривожланиши бунга яққол мисол бўла олади.
Марказий Осиёда регионализм
Минтақанинг ҳудудий, ижтимоий-маданий ва иқтисодий яқинлиги узоқ йиллар давомидаги, жорий сиёсатга қарамай, гуманитар ва бизнес мулоқотлари Марказий Осиё мамлакатлари ватандошларининг қариндошлик алоқаларини сақлаб қолиш учун асос бўлиб хизмат қилиб келди. Назаримда, Марказий Осиёдаги регионализмни ривожлантириш суръатларини тезлаштиришда, биринчидан, асосан, “АфПок” деб аталувчи ҳудуд билан боғлиқ минтақавий хавфсизлик муаммолари ёрдам берди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов жаҳон жамоатчилигига қайта-қайта эслатишдан чарчамаган эди. Мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ Марказий Осиёда Афғонистон муаммосини ҳал этмасдан туриб, минтақа мамлакатларида барқарорлик, шунга кўра, тараққиёт бўлмаслиги тўғрисида тушунча пайдо бўлган эди.
Иккинчидан, халқаро бозорларга чиқа олмаслик шароитида Марказий Осиё мамлакатлари, ҳатто энг самарали режалаштиришни йўлга қўйган тақдирда ҳам, иқтисодий ўсиш истиқболидан маҳрум бўлади. Транспорт ва бошқа имкониятларни ҳисобга олганда, тинч Афғонистон муқобил ва жуда истиқболли [вариант] бўлиши турган гап. Ўрта асрлардаги Буюк ипак йўли бўйлаб тарихий маршрутни тиклаш Марказий Осиё минтақаси ва қўшни Афғонистондаги барқарорлик, иқтисодий тараққиётни ва кенг қамровли минтақа ўсишини таъминлаш омили сифатида минтақа мамлакатлари ривожланишида устувор йўналиш бўла бормоқда. Мустақил Марказий Осиё республикаларининг бутун тарихи шаҳодат беришича, минтақа халқларининг ижтимоий-маданий яқинлиги бунга асос бўлиб хизмат қилмоқда. Минтақа жараёнларидаги олдинги омадсизликлар тажрибаси тез-тез тилга оланаётган “дефрагментация”[*] ўсиб бораётганини эмас, Марказий Осиё моделининг турлича тезликдаги интеграцияси ва унинг барқарор, “яширин” табиатини англатади.
АҚШнинг минтақадаги манфаатлари марказий осиёликларнинг “виртуал” эмас, айнан мана шу мавжуд бўлган объектив манфаатларига мос келади. Америкалик экспертлар Марказий Осиёда рўй бераётган тенденциялар моҳиятини тўғри англаб, “Янги ипак йўли” (ЯИЙ) деган ном билан тараққиётнинг муросали моделини таклиф этгани ҳурматга сазовор. Айни ёндашувда асосий эътибор Афғонистоннинг Европа ва Яқин Шарқни Ҳиндистон субконтиненти ҳамда Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё билан боғловчи савдо-сотиқ ва транспорт маркази сифатидаги анъанавий ўрнини тиклашга қаратилади ва бу Марказий Осиё халқлари манфаатига тўлиқ мос келади. Исломий Афғонистоннинг ушбу барча жараёнларда марказий ўрин тутишини Марказий Осиёнинг дунёвий давлатлари албатта инкор қилади. Афғонистонни объективлик ва зарурат тезисидан келиб чиқиб, бир пайтлар хавфсизлик ва иқтисодий сабабларга кўра Марказий Осиёнинг иқтисодий шериклари қаторига қўшиб олиниши бўйича муросага келинган эди.
Минтақавий ҳамкорликнинг Осиё форматими ёки Евроосиё форматими?
2000-йиллар бошида профессор Ф. Старр одилона қайт этганидек, “Янги иқтисодий стратегия (АҚШники – Г. Й.) Афғонистон масаласи минтақавий аҳамиятга эга эканини ҳамда Марказий Осиёнинг қолган қисми, Покистон, Ҳиндистон, Хитой, Эрон ва бошқа мамлакатлар манфаатларига ҳам дахл қилишини тан олади, шунга кўра, у минтақа даражасида ҳал этилиши керак. Бундай стратегия ҳаммага фойда келтиради ва ҳеч бир томонга қарши қаратилмаган… Афғонистон ва Марказий Осиё орқали қитъа транспорт йўлаклари очилиши муқаррар. Ягона масала уни АҚШ кўмагида тезлаштиришда қолади.. Бу масалада ғолиблар ёки ютқазганлар бўладими? Бунақа бўлиши шарт эмас…”[4].
Бироқ шу пайтгача минтақавий ҳамкорликнинг қайси формати маъқулроқ экани масаласи юзасидан тортишувлар тинмаяпти. Икки томонлама битимлар, ШҲТ сингари кўп томонлама бирлашмалар ва ҳк. даражасида ҳамма нарса синаб кўрилди ҳисоб.
Лекин юк ҳамон турган жойида турибди… Давлатларнинг аниқ мувофиқлаштирилган ва жипслашган иттифоқи ҳали ҳам йўқ. Бу нима билан боғлиқ бўлиши мумкин? Назаримда, унинг асосида бир-бирига яқин реал ижтимоий-маданий муҳит ва унга хос бўлган сиёсий маданият йўқлиги ётади.
Масалан, Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) негизида давлатларнинг сиёсий ва иқтисодий мақомидаги тафовутлардан ташқари, энг аввало, сиёсий маданиятлардаги фарқ ётибди. Давлат бошқаруви институтлари фаолияти сиёсий маданиятга таянади ва у одамлар, жумладан, давлат етакчилари хулқ-атворини белгилаб беради.
Саноати ривожланган ва аҳолисининг кўпчилиги шаҳарларда яшайдиган Россия билан модернизациянинг мураккаб ва узоқ йўлини босиб ўтаётган, аҳолисининг асосий қисми қишлоқ жойларда яшайдиган Марказий Осиё мамлакатларининг умумий сиёсий маданияти ҳақида қандай гап бўлиши мумкин? Буни англаш учун Марказий Осиёдан борган меҳнат мигрантларининг Россиядаги шароитга кўникиши билан боғлиқ ижтимоий-маданий муаммоларни ҳамда то шу кунгача ягона овоз бериш тизими бўлмаган ЕОИИнинг етарли даражада самарали бўлмаган 20 йиллик фаолиятини эсга олишнинг ўзи кифоя.
Бир-бирига рисоладагидек мос келадиган сиёсий маданиятлар мавжуд эмаслиги тушунарли, ҳар доим у ёки бу минтақанинг ўзига хос хусусиятлари билан ҳисобалашишга, манфаатларнинг ўзаро қабул қилса бўладиган мувозанатини яратишга тўғри келади. Аммо вақт кўрсатишича, ҳудудий, тарихий-маданий ва диний нуқтаи назардан ўзаро яқин ва бир-бирига ўхшаш ижтимоий-иқтисодий муаммоларга дуч келаётган жамиятлар ҳақида гап кетганда, исталган натижага эришиш осонроқ бўлади.
Иқтисодий ҳамжамият ташкилоти – истиқболлар
Фикримча, Афғонистон, Озарбайжон, 5 та Марказий Осиё республикаси, Туркия, Покистон ва Эронни бирлаштирадиган Иқтисодий ҳамжамият ташкилоти (ИҲТ) регионализмининг шундай шаклидир. Илгари Ўзбекистоннинг биринчи президенти ташкилотни фаолияти ҳаддан зиёд сиёсийлашиб кетганликда ва бу иқтисодий ҳамкорликка зарар келтираётганида айблаган эди. Бундай хавотирларга ташкилотнинг асосчиларидан бири бўлган мамлакат – Эрондан диний мутаассиблик тарқалиши муаммоси сабаб бўлган эди. Бироқ орадан ўтган ўн йилликлар бу қабилдаги хавотирлар асоссиз эканини кўрсатди – Марказий Осиёдаги ҳеч бир террорчилик амали шиа динига мансуб Эрон фаолияти билан боғлиқ бўлмади. Бундан ташқари, кўплаб тадқиқотлардан маълум бўлишича, Эрон ҳам аста-секин мўътадил исломга ўтиш йўлида ислоҳотлар ўтказмоқда ва ўзи ҳам халқаро терроризмга қарши курашмоқда.
Бутунги кунда ИҲТ ишини фаоллаштириш кўплаб минтақавий мақсадларга мос келади:
– ИҲТга аъзо мамлакатларни қамраб олувчи 7 миллион км2 лик ҳудудда 400 миллион киши истиқомат қилади ва бу улкан демографик, иқтисодий ва илмий-таълимий салоҳият мавжудлигини кўрсатади.
– ИҲТ ҳар қандай минтақавий тузилмадан фарқли ўлароқ, Афғонистондаги вазият барқарорлашувидан чин маънода манфаатдор. ИҲТга аъзо мамлакатлар жойлашуви, диаспоралар мавжудлиги ва қўшнилигидан келиб чиқиб, Яқин Шарқ, Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси муаммоларидан яхши хабардор ва айни ҳол улар Афғонистонни ўзгартириш жараёнида жуда керакли эканини англатади. Бундан ташқари, Марказий Осиёнинг 3 та мамлакати: Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон ва яна 2 та мамлакат: Эрон билан Покистоннинг Афғонистон билан бевосита чегараси бор. Бошқа мамлакатларнинг тараққиёти кўп жиҳатдан минтақадаги сиёсий ва иқтисодий вазиятга боғлиқ – улар минтақадаги транспорт, коммуникация ва энергетика тизимининг шаклланиш жараёнида фаол қатнашмоқда.
– Айни пайтда ислом мутаассиблиги муаммоси фақат Афғонистон ва Покистондаги радикал оқимлар билангина боғлиқ экани аён. Бироқ ушбу мамлакатларда дунёвий ёки мўътадил фикрлайдиган кишилар ва ғарблашган элита – аъёнлар сони ортиб бораётганини ҳам ҳисобга олиш керак – бу ҳол уларнинг мўътадиллик сари ўзгариб бораётганидан далолат беради. Бошқа тарафдан, Туркия бошчилигидаги ташкилотга аъзо дунёвий мамлакатлар ва Эрондаги мўътадил ислом намунаси Афғонистон ва Покистон учун мўътадиллик ва дунёвийлик сари олға силжишнинг ҳақиқий драйвери – ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб хизмат қилиши мумкин.
– ИҲТнинг ҳозирги кундаги мақсадлари аниқ, прагматик ва шаффофдир, улар савдо-сотиқ йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, минтақалар ўртасидаги савдони ривожлантириш ва ИҲТга аъзо мамлакатлар товарларини глобал бозорларга олиб чиқишга йўналтирилган. Маданий ва тарихий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳам ундан кам бўлмаган аҳамиятга эга.
– Аъзо мамлакатлар ўз фаолиятида умумий диний қадриятларга таянади, бу умумий мулоқот тилини яратишда ёрдам беради, сиёсий маданиятларни ўзаро яқинлаштиради ҳамда тушунмовчилик ва давлатларо можаролар даражасини камайтиради.
– Умуман олганда, ИҲТнинг консолидацияси (жипслашуви) минтақадаги қолган фаол акторлар (халқаро ёки минтақавий ташкилотлар, давлатлар) манфаатларига зид келмайди, бундан фақат АҚШ – Эрон муносабатлари мустасно. Қолган акторлар ИҲТга аъзо мамлакатлар билан шусиз ҳам икки томонлама ёки кўп томонлама асосда (МО5+1, ШҲТ, ЕОИИ, Туркий мамлакатлар кенгаши) ҳамкорлик қилиб келмоқда. Шу билан бирга, Американинг ЯИЙ стратегияси ва Хитойнинг “Бир макон – бир йўл” (БИБЙ) ташаббуси регионализмни рад этмайди, аксинча, ривожланишни назарда тутади ва бу минтақалар ўртасидаги ҳамкорликни енгиллаштиради. Россия эса ЕОИИга аъзо айрим мамлакатларнинг ИҲТга ҳам аъзолигини тан олишга мажбур, назаримда, расмий Москва минтақавий мақсад ва вазифалари ўхшаш бўлган ҳар қандай минтақавий ташкилот билан ҳамкорлик қилишга тайёр.
– ИҲТнинг ривожланиши Американинг Афғонистондаги стратегияси ва Эрон – АҚШ мулоқоти қай тарзда олға силжишига қарамай, минтақанинг замонавий геосиёсий муаммоларига жавоби сифатида рўй бериши мумкин. Бироқ АҚШ янги маъмуриятининг Эронга нисбатан сиёсати ўзгарадиган бўлса, ИҲТнинг Ғарб мамлакатлари билан умумий лойиҳалар доирасидаги ҳамкорлиги йўлга қўйилиши ҳам мумкин.
– Шу билан бирга, ИҲТга аъзо мамлакатларнинг аксарияти минтақадаги йирик давлат Ҳиндистон билан ҳамкорлик қилиб келмоқда ва улар режалаштирилаётган транспорт ва энергетика коридорлари билан боғлиқ Чобаҳор ҳинд-эрон лойиҳаси амалга оширилишидан манфаатдор.
Шундай қилиб, биз минтақада қалин ҳамкорлик ҳамда глобализм ва регионализм ўзаро чатишиб кетганига шоҳид бўляпмиз. Турли давлатлараро тузилмалар – ШҲТ, ЕОИИ, ИҲТ, БМБЙ, МО+1, Туркий мамлакатлар кенгаши ва ҳк. – манфаатларининг чаппароста бирикуви ва ўзаро таъсирлашуви уларнинг эҳтимол тутилган рақобатини юмшатади ҳамда куч ва манфаатлар мувозанатига риоя қилиш учун платформа яратади. Айни чоқда глобал давлатларнинг минтақавий муаммоларни ҳал этишдаги иштироки даражасини минтақанинг ўзи манфаатлар мувозанатига риоя қилиш асосида тартибга солади – ҳозир ҳам бу нарса юз бермоқда. Афтидан, вақт хавфсизлик ва тараққиёт талабларига энг кўп жавоб берадиган регионализм шаклини кучайтиради. Юқорида баён қилинган фикрлар шуни кўрсатмоқдаки, бундай талабларга ҳаммадан кўра ИҲТ кўпроқ жавоб беради, унга аъзо мамлакатларни ўтмишда ягона бўлган жуғрофий макон доирасидаги умумий тарихий, маданий ва цивилизацион мерос бирлаштириб туради. Модомики шундай экан, бемалол минтақавий муаммоларни бартараф этиш тажрибаси мавжуд, деб айтсак бўлади.
Тавсиялар
Ҳозирги пайтда ИҲТ самарали фаолият кўрсатишига аъзо мамлакатларнинг бир қисмида ушбу ташкилотнинг потенциали ва имкониятларига ишончсизлик сақланиб қолаётгани халақит бермоқда. Шунинг баробарида глобал таҳдидлар ва муаммолар, жумладан, ҳозирги пандемия, терроризм, наркотрафик, ноқонуний миграция ва ҳк., геосиёсий танглик, аъзо мамлакатларнинг ўтиш даврини бошидан кечираётгани сингари тўсиқлар мавжудлиги сакланиб қолмоқда. Шунга қарамай, минтақавий ҳамкорликнинг ушбу шакли энг ҳаётий ва амалий бўлиб чиқиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Шунга қарамай, ҳавфсизлик ва иқтисодий – Афғонистонда тинч йўл билан ўзгаришлар бўлиши, трансафғон йўлаклари ишга тушишини тезлаштириш нуқтаи назаридан қуйидагилар зарур:
– регионализмнинг ушбу йўналишини фаоллаштириш;
– минтақавий ташкилотларнинг ҳам иқтисодиёт, ҳам хавфсизлик соҳасидаги мувозанатланган ўзаро ҳамкорлиги учун зарур ҳуқуқий макон яратиш;
– ИҲТ етакчилари жамоасини шакллантириш, уларни танлаб олишда ишнинг кўзини ва минтақани қанчалик яхши билишига устувор аҳамият берилади;
– минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари бўйича кузатув олиб бориш, таҳлил этиш ва башорат қилиш.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Козлов, С.Д. Глобализация и регионализация, локализация и глокализация: некоторые вопросы методологии и преподавания процессов. Проблемы современной науки и образования, 2018, № 1 (121), с. 47-54
[2] Hettne, Bjorn. Global Markets versus Regionalism. In: The Global Transformations Reader/Ed. By David Held and Anthony McGrew. Polity Press and Blackwell Publishers Ltd. 2000, p. 156-165.
[3] Михеев, В.В. Глобализация, регионализация и региональная интеграция //Восток/Запад: Региональные подсистемы и региональные проблемы международных отношений. М. 2002, с.66-78.
[4] Юлдашева Г., Шукурзода М. Стратегия нового Шелкового пути – проблемы и перспективы. 21.11.2011, 12.uz; http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1321863540.
[*] Дефрагментация (ингл. defragmentation) – ахборот технологиялари атамаси бўлиб, маълумотларни компьютернинг қаттиқ дискидан ўқиш тезлигини ошириш учун бир файлнинг тарқоқ қисмларини бирлаштириш жараёнини англатади. Ижтимоий муносабатларга кучиб, бу атама давлатлараро таркоклигин англатади.
Манба: uzanalytics.com