Муаллиф: Юрий Саруханян – халқаро муносабатлар бўйича мутахассис
2 йил олдин, 2018 йил март ойида Остона шаҳрида (ҳозирги Нур-Султон) Марказий Осиё давлат бошлиқларининг биринчи маслаҳати учрашуви бўлиб ўтган эди. У Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларнинг узоқ давр мобайнидаги турғунлигига барҳам бериб, минтақавий ҳамкорликни кун тартибига қайтарди. Бироқ минтақавий мулоқотни қайта бошлашга интилиш ҳозирча ҳеч қандай амалий натижа бергани йўқ. Давлат раҳбарларининг илк учрашувидан сўнг орадан ўтган икки йил мобайнида минтақа мамлакатлари “бешлик” форматида ҳаракат қилиш ва фикрлашни ўрганмади, икки томонлама муносабатлар афзаллигича қолаверди.
Расмий интеграция
Марказий Осиё мамлакатлари мустақилликка эришгандан сўнг орадан ўтган узоқ давр мобайнида улар интеграцияси деярли расмиятчиликдан иборат бўлиб, ягона бозор, божхона иттифоқи ва ягона валютанинг шаклланиш жараёни эса декларатив бўлиб қолаётган эди. Минтақада етакчилик учун рақобатнинг кучайиб боргани миллий идентитетни шакллантириш мақсадида умумий тарихни ўз миллатини устун қўйган ҳолда талқин қилиш, мамлакатлар ислоҳотлар жараёнини синхронлаштириш ўрнига турли ислоҳот моделларини танлаши уларни бир-биридан тобора узоқлаштира бошлади ва минтақавий ҳамкорликни кун тартибидан четга суриб қўйди. Қайд этиш жоизки, интеграция жараёни “Туркистон – умумий уйимиз” шиори остида амалга оширила бошлаган эди. Бу минтақада ташкил топган чегаралардан эмас, аксинча, ХХ аср бошларидаги ҳали миллий миллий-ҳудудий чегаралар тортилмасидан бурунги даврдан келиб чиқиб қилинган иш эди.
Интеграция билан боғлиқ воқеаларнинг ривожида минтақага ташқи акторлар – ўйинчиларнинг эътибори ошиши роль ўйнади. Масалан, Россия минтақага яқин хориж/постсовет маконининг бир бўлаги деб қараган ва бу ерда ўз таъсирини тиклашга уринаётган эди. АҚШ узоқ йиллар мобайнида Афғонистонни минтақанинг бир қисми деб ҳисобловчи “Катта Марказий Осиё”концепциясини ва “Жанубий ва Марказий Осиё” концепциясини илгари суриб келди. Хитой эса икки томонлама муносабатлар ўрнатишни афзал билди, минтақавий ёндашувни ишлаб чиқишга унчалик қизиқиш билдирмади. Марказий Осиёдаги бешта давлатни бирлаштирувчи минтақавий тузилма йўқлиги сабаб ушбу жуғрофий маконда турли интеграция ва мулоқот платморфаларининг турли-туман мозаикаси шакллланди.
Бой берилган регионализмни излаб
Регионализм ғояси қайта тикланишига кўп жиҳатдан 2016 йили Ўзбекистонда ҳокимият алмашгани сабаб бўлди. Янги раҳбарият қўшни давлатлар билан муносбатларни тафтиш қилишга қарор қилди. Шавкат Мирзиёев президентлигининг дастлабки йилида Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга сафар қилгани бежиз эмас. Боз устига, Тошкент минтақавий мулоқот форматини жонлантиришни таклиф қилди.
Кун тартибида минтақада ўзаро ишончни тиклаш вазифаси пайдо бўлди, давлат раҳбарлари эса ҳамкорликнинг фойдаланилмай ётган потенциали, ўзаро маносабатлардаги муаммоли жиҳатларни тартибга солишга тайёр экани хусусида гапира бошлади. Ҳам давлат раҳбарлари, ҳам вазирликлар ва идоралар ўртасидаги икки томонлама учрашувлар тез-тез ўтказиладиган бўлди. Халқаро саммитлар вақтида саҳна орти учрашувларини ўтказиш қизиқ тамойилга айланди. 2017 йил Ар-Риёз шаҳрида бўлиб ўтган араб ва мусулмон мамлакатлари саммити чоғида Эмомали Раҳмон, Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоевнинг диванда ўтириб суҳбатлашаётгани акс этган суратлар маълум вақт мобайнида ҳамкорлик янги даврининг бош рамзига айланган эди.
Икки томонлама муносабатларни изга солиш жараёни қотиб қолган нуқтасидан силжиди. Томонлар чегара масаласида фикр алмашишга ундай бошлашди. Хусусан, Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегараларни демаркация қилиш масалаларида анча-мунча олға қадам қўйишга эришилди. Музокаралар вақтида илгари тақиқда бўлган ҳудудларни алмашиш ғояси муҳокама этиладиган бўлди. Марказий Осиё республикалари табиий ресурслардан биргаликда фойдаланиш муаммосига ҳам эътибор қарата бошлади. Масалан, Тошкент Қирғизистон ва Тожикистондаги ГЭСлар қурилишига бўлган позициясини юмшатди ва ушбу лойиҳаларда иштирок этиши мумкинлиги тўғрисида баёнот ҳам берди. Бундан ташқари, минтақа мамлакатлари энергетика, транспорт ва логистика соҳаларида биргаликдаги инфратузилмаларни яратиш имконияти ҳақида гап очмоқда. Минтақавий алоқаларни жонлантириш ҳақидаги гап-сўзларга савдо-сотиқ соҳасидаги муносабатлар жавобини узоқ куттирмади. Масалан, 2018 йилда минтақа мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми бир йил ичида 35 фоиз ўсиб, 12,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.
Ушбу даврнинг энг асосий воқеаси 2018 йил мартида Қозоғистонда бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг учрашуви ва бундай масалаҳатлашувларни ҳар йили ўтказиш тўғрисида қабул қилган қарори бўлди. Айни учрашувнинг эътиборга молик жиҳати у тор Марказий Осиё доирасида ташқи иштирокчиларсиз бўлиб ўтгани бўлди. Бундан ташқари, мамлакатлар етакчилари расмий интеграция йўлини такрорлаш, қандайдир устмиллий институтлар барпо этиш нияти йўқлигини қатъий билдириб, маслаҳатлашув форматини афзал билишини қайд этди.
Минтақавий интеграцияни қайта ишга тушириш ғоясига АҚШ 2015 йилдаёқ илгари сурган “С5+1” мулоқот платформаси ҳамда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича ўтган йили қабул қилган стратегияси жуда мос тушади. Вашингтон ва Брюссель бутун бошли минтақа билан ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали ўз минтақавий сиёсатини мустаҳкамлаш учун қўшимча имкониятга эга бўлди. Шунча йиллар давомида тобора сўлиб борган “Марказий Осиё + Япония” мулоқот платформаси ҳам янги маромда ишлай бошлади. Бундай форматга Ҳиндистон билан Хитой ҳам қизиқиши борлигини маълум қилди. “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқот платформасининг илк учрашуви 2019 йил апрелида Самарқандда бўлиб ўтган эди. 2020 йил 16 июлида эса “Хитой – Марказий Осиё” ТИВ раҳбарларининг илк учрашуви видеоконференция форматида ўтказилди.
Минтақа интеграциясининг янги ва эски муаммолари
Бироқ яхши қўшничиликнинг илк қувончли аломатлари пайдо бўлиши биланоқ минтақа мамлакатлари дастлабки муаммоларга дуч келди. Минтақани неча ўн йиллик бўлтакланишдан кейин жуғрофий сиёсат субъекти сифатида тиклаш унчалик ҳам осон иш эмаслиги кўзга ташланиб қолди. Марказий Осиё миқёсида фикрлаш ва бешлик форматида ишлаш кўникмаси йўқлиги ҳамкорлик самарадорлигига путур етказмоқда. Марказий Осиё республикалари яқинда бир командада ўйнай бошлаган, аммо майдонда бир-бирини тушуниб ўйнай олмасдан муаммоларга дуч келаётган футбол жамоасини эсга солади.
Минтақа мамлакатларига ҳали ҳам икки томонлама форматда мулоқот қилиш қулайроқ. Бундай формат афзал кўрилаётганининг сабаби шуки, барча мамлакатларга давлат бошқарувининг вертикал ва муайян шахсга боғлиқ тизими хос бўлиб, мулоқот формати давлат раҳбарлари ўртасидаги шахсий муносабатларга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Лекин тарих шундан далолат берадики, бу Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик учун омонат пойдевор ҳисобланади. Оқибатда икки томонлама муносабатлар ҳолати минтақавий ҳамкорликка босим ўтказмоқда. Сиёсий элита икки томонлама муносабатлар даражасидаги баҳслар сабаб минтақавий ҳамкорлик кун тартибини менсимасликни одатий ҳол деб билади. Масалан, Туркманистон президенти қозоғистонлик ҳамкасби билан ихтилофи сабаб давлат раҳбарларининг Остонадаги илк учрашувига бормади. 2019 йил мартида Тошкентда ўтказилиши мўлжалланган иккинчи учрашув бир неча марта номаълум муддатга кечиктирилди. Бунга сабаблар сифатида Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги чегарада вазиятнинг чигаллашуви ҳамда Туркманистон билан Тожикистон ўртасида транзит билан боғлиқ можаро кўрсатилди. Қизиғи шундаки, шу пайтгача беш давлат раҳбари тўлиқ таркибда учраша олгани йўқ, чунки Тошкентдаги учрашувда Қирғизистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев қатнашмаган эди. Унинг ўрнига ўтмишдоши Нурсултон Назарбоев иштирок этди. Гарчи у учрашув обрўсини оширган бўлса-да, ҳужжатларга қўл қўйиш учун қонуний ваколатга эга эмас эди.
Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан алоқалари ҳам бу борада жиддий аҳамият касб этади. Расман олиб қараганда, Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга потециал кириши Марказий Осиёдаги мулоқот жараёнига зид бўлмайди. Бироқ рўй бераётган воқеалар Москванинг 2005 йилдаги хатти-ҳаракатларини ва Марказий Осиё минтақаси кун тартибини Евроосиё минтақасига оид кун тартибига ўзгартиришга уринишларини эсга солмоқда. Ўзбекистоннинг ЕОИИга тўлақонли аъзо бўлиб кириши минтақани “макроминтақавий” жараёнга тортиши ва Марказий Осиё векторини иккинчи даражали масалага айлантириб қўйиши мумкин.
Ушбу муаммолар минтақавий ҳамкорлик моҳиятини аввалгидек ниятлар ҳақидаги баёнотларга айлантириб қўйиши мумкин. Мулоқотнинг минтақавий формати ҳали-ҳануз барқарор маромга эга бўлмади, ўрта муддатга мўлжалланган ҳаракатлар режаси ҳам йўқ. Шунинг учун расмий баёнотлар дўстона эканига қарамасдан, сиёсий аъёнлар ўзини бутун бошли минтақа вакиллари сифатида танитишдан узоқ. Улар ҳали ҳам бир-бирини хабардор қилган ҳолда ҳаракатланишни бошлаши қийин бўляпти, икки томонлама муносабатлардаги ҳал этилмай қолиб кетаётган муаммолар нафақат вақти-вақти билан вазият таранглашувига сабаб бўлмоқда, қолаверса, минтақа даражасидаги мулоқотларга тўсқинлик қилмоқда. Оқибатда минтақа идентитетини тиклаш жараёни жойида депсиниб қолмоқда.
Минтақавий ҳамкорлик бўйича кун тартиби иккинчи даражали масала бўлиб қолаётгани мавжуд ҳолатни ҳам кўрсатиб бермоқда. Коронавирус пандемияси – COVID-19 бошлангандан бери минтақа мамлакатлари кўплаб икки томонлама маслаҳатлашувлар ўтказди ҳамда турли йирик минтақавий платформаларнинг (МДҲ, Туркий кенгаш) онлайн мажлисларида иштирок этди. Айни чоқда улар эпидемияга қарши кураш ва унинг оқибатларини тугатиш борасида биргаликда ҳаракат қилиш масалаларини муҳокама этиш учун Марказий Осиё бешлиги доирасида бирорта ҳам учрашув ўтказмади.
Ҳамкорликнинг С5-га асосланган модели
Қайта жонлантирилаётган минтақавий мулоқот самарадорлиги юқорида зикр этилган муаммолар ҳал этилишига боғлиқ. Марказий Осиё мамлакатларининг сиёсий аъёнлари учинчи мамлакатлар бешлик форматида қанчалик кўп муносабатларни йўлга қўйса, минтақа мамлакатлари жамоатчилиги даражасида қанчалик кўп мулоқот ўрнатилса, 2017 йилда бошланган жараён муваффақияти шунчалик реал бўлади.
Шу муносабат билан фақат Марказий Осиёга йўналтирилган ёки минтақанинг ўзида шаклланган платформаларнинг аҳамияти ошади. Шунинг учун “С5” ёки “С5+…” форматидаги тузилмалар минтақа мамлакатлари учун ҳам ўзаро, ҳам ташқи дунё билан ҳамкорлик модели бўлиб қолиши керак. Бундай форматлар доирасидаги изчил мулоқотлар сиёсий аъёнларга тафаккурнинг миллий даражасига минтақавий фикрлашни қўшиш имконини беради.
Шу билан бирга, институционаллашни амалга ошириш ва навбатдаги расмий интеграцион механизмларни яратишдан тийилиш керак. Шунинг учун асосий эътиборни маслаҳатлашув платформаларини (давлат раҳбарлари, идоралар, жамоатчилик даражасида) ишлатишга қаратиш зарур. Бундай майдончалар самарадорлиги минтақавий ҳамкорлик жараёнида икки томонлама муносабатлар ролини пасайтириш имконини беради. Боз устига, улар истиқболда минтақа мамлакатлари ўртасидаги энг ўткир муаммоларни ҳал этиш жойи ҳам бўлиши мумкин. Айни чоқда кўп нарса кун тартибининг янада мазмунлироқ бўлишига ва узоқ муддатли минтақавий лойиҳаларни ишлаб чиқишга асосий эътибор қаратишга боғлиқ бўлади. Шу муносабат билан давлат раҳбарларининг жорий йилда ўтказилиши керак бўлган учинчи учрашувини ўтказиш ёки бекор қилиш ўзига хос кўрсаткич вазифасини ўтайди. Бироқ унинг ўтказилишини – муваффақит гарови дейиш қийин. Бунинг учун иштирокчилар таркиби ва якунида айнан қандай келишувларга эришилиши муҳим аҳамиятга эга.
“С5+” формати бешлик таркибидаги ҳамкорлик одатини мустаҳкамлайди ва ушбу мамлакатларнинг халқаро майдондаги ҳамкорлигини синхронлаш имконини беради. Айни формат ташқи ўйинчилар консолидация – фаолиятни кучайтириш учун жипслашув ва у билан муносабатларни ягона геосиёсий макон сифатида ўрнатиш зарурлиги ҳақидаги сигнал бўлади.
Интеграция тузилмаларида қатнашиш нуқтаи назаридан, Марказий Осиё бугунги кунда минтақанинг айрим мамлакатлари чуқур иқтисодий ва ҳарбий-сиёсий интеграцияда экани билан ҳисоблашишга мажбур. Бу, қайд этиш жоизки, бирорта янги интеграция тузилмасини ишга тушириш ўрнига мулоқот платформасига эътибор қаратиш учун қўшим далилдир. Яқин келажакда ушбу статус-кво – мавжуд ҳолат ўзгариши даргумон. Лекин бу минтақа кун тартибини ишлаб чиқишга тўсқинлик қилмаслиги керак. Бунга Вишегард гуруҳига (V4) аъзо мамлакатлар тажрибаси яхши мисол бўла олади. Улар НАТО билан ЕИга аъзо бўлиб киргандан сўнг ҳам кўп томонлама форматларда мустаҳкам музокара позициясига эга бўлиш учун ўз ҳаракатларини мувофиқлаштиришни давом эттирмоқда.
Минтақавий ҳамкорлик ренессанси фақат Марказий Осиёни дунёнинг геосиёсий харитасига Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳудудлари сифатида қайтгандан сўнг юз бериши мумкин. Бу ушбу мамлакатлар бир-бирини инвестициялар, лойиҳалар ва транспорт коридорлари учун курашда рақиб деб билишидан воз кеча олишига боғлиқдир. Эски ёндашув ўрнига минтақавий тараққиёт масалаларида бир ёқадан бош чиқариб ишлаш самаралироқ экани, миллий манфаатларни эса қўшниларнинг манфаатларини ҳисобга олмасдан туриб таъминлаб бўлмаслиги тушунчаси келса, Марказий Осиёнинг халқаро кун тартибига қайтиш имкониятлари анча-мунча ошади.
Манба: uzanalytics.com