Uzanalytics.com: Туркманистонда қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

Маълумки, Туркманистонда режалаштирилганидан 2 йил аввал президентлик сайлови ўтказилди. Ушбу сайлов натижаларига кўра, Сердар Бердимуҳамедов замонавий Туркманистоннинг учинчи президенти сифатида расман лавозимига киришиши кутилмоқда.

Айни дамда кўпчиликни ҳозирги Туркманистоннинг вазияти қандай, деган савол қизиқтириши табиий.

Қолаверса, бундан кейин Туркманистоннинг ташқи ва ички сиёсати қайси йўналишлар бўйича янада ривожлана боради? Сердар Бердимуҳамедов ҳокимиятга келганидан сўнг қандай ўзгаришларни кутиш мумкин?

Ушбу саволлар юзасидан Руслан Изимов мустақил таҳлилчи Рустам Муҳамедов билан суҳбатлашди.

Эксперт Рустам Муҳамедов Туркманистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши тадқиқоти билан шуғулланади.

Руслан Изимов: Биринчи саволим Туркманистонда яқинда эълон қилинган президент сайлови ўтказилиши билан боғлиқ. Бундай шошилиш, сизнингча, нима билан боғлиқ?

Рустам Муҳамедов: Сўзим аввалида шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, биринчи навбатда ва умуман олганда, Туркманистондаги “ворис” амалиёти тахминан 5 – 6 йил олдин бошланган эди. Шунга кўра, унга режали тайёргарлик кўрилган, деб бемалол айтиш мумкин. Нима бўлганда ҳам, ҳамма нарса мантиқий якунига етиши шарт. Бунинг учун вақт талаб этилган эди, холос, яъни Сердар Бердимуҳамедов 2016 йилга қадар у ёки бу давлат идораларида масъул лавозимларни эгаллаган бўлса-да, Туркманистон медиа маконида унча кўзга ташланмаётган эди. Масалан, у 2008 – 2011 йилларда Россия Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги дипломатия академияда ўқиб юрган пайтлардаёқ элчининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. 2016 йилга келиб, Туркманистоннинг ўзида парламентга аъзо бўлиб, илк муҳим давлат лавозимига эга  бўлди. 2017 йилда парламентнинг қонунчилик бўйича қўмитасига раис этиб сайланди. 2019 йилда дастлаб Ахал вилояти ҳокимига ўринбосар бўлди. Орадан ярим йил ўтиб эса – 2019 йил ўрталарида ўша вилоят ҳокимлилига тайинланди. 2020 йилда Сердар учун бутун бошли Саноат ва қурилиш материаллари вазирлиги ташкил этилди. 2021 йилда у янада юқорилаб, бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллади. Туркманистон сиёсий тизимида вазирлар маҳкамаси раиси президентнинг ўзи эканини тушуниб олиш керак бўлади. Яъниким, Сердар бу тайинловдан сўнг бевосита президентга бўйсунадиган шахслардан бирига айланди. Дастлаб у рақамлаштириш масалаларини назорат қилди ва Олий назорат палатасига раҳбар бўлди, бу унга бошқалари қатори, масалан, Хавфсизлик кенгашига аъзо бўлиш ҳуқуқини ҳам берар эди. Назаримда, бу Туркманистонда қарорлар қабул қилиш бўйича энг муҳим институтдир, чунки барча куч ишлатар идоралар бошини қовуштиради. 2021 йил июлида у олий назорат палатаси раҳбарлигидан ишдан олинди, аммо бош вазир ўринбосари лавозимида қолиб, иқтисодий ва молиявий масалаларни назорат қила бошлади. Шу ўринда қайд этиш жоизки, у 2021 йилда кўплаб чет мамлакатларга сафар қилиб, хусусан, Туркманистоннинг Россия ва Хитойдаги асосий ташқи иқтисодий шериклари билан олий ва юксак даражада мунтазам учрашувлар ўтказди. Шарҳловчилар, жумладан, менинг фикримча, буни айнан асосий шерикларнинг халқаро миқёсдаги қўллаб-қувватловига эришиш, яъни президентликка номзод ворис сифатида  ташқи легитимликка (қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлишнинг тан олиниши) интилиш деб талқин қилса бўлади. Аллақандай сиёсий инқироз ёки ҳокимият учун қандайдир яширин кураш юзага келиши эҳтимоли бўлганда, унинг шахси нафақат ички, қолаверса, ташқи легитимликка эга бўлиши керак.

Албатта, асосий саволингизга қайтадиган бўлсак, айни шошилиш 2022 йил бошида Қозорғистонда сордир бўлган воқеалар билан бевосита боғлиқ, улар ўзига хос катализатор вазифасини ўтади, чунки ушбу масала муҳокама қилинган Халқ маслаҳатининг навбатдан ташқари мажлисини ўтказиш ҳақидаги қарор 7 январда қабул қилинди, аниқ сана эса илк қарор эълон қилингандан сўнг орадан 2 ҳафта ўтиб аниқланди. 11 феврал санаси ҳам рамзий маънога эга эди. Ўша куни мажлис бўлиб ўтди ва айнан ўша куни Бердимуҳамедов президент бўлганига 15 йил тўлди. Яна Сердар сиёсий карйераси давомидаги энг юқори – бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллади. Фикримча, ҳозирги шошилиш статус-квони сақлаб қолишдан манфаатдор бўлган президент ва унинг атрофидагилардан иборат раҳбариятнинг Қозоғистонда юз берган воқеаларга йўл қўймасликка интилиши билан боғлиқ.

Мамлакатдаги жорий воқеликлар ҳамда у ерда юз бераётган воқеалар ҳақидаги етарли ва ишончли ахборот йўқлигини ҳисобга олиб, сиёсий элита жипслигини ва унинг турли гуруҳлари Сердарни ворис ва бўлғуси раҳбар сифатида қандай қабул қилаётганини баҳолаш қийин.

Халқ маслаҳатининг навбатдан ташқари мажлисини ўтказиш ҳақида гап-сўзлар бошланганда, президент яна конституцияга ўзгартиришлар киритиш зарурлигини ҳам айтган эди. Амалиёт кўрсатишича, Бердимуҳамедов ҳукмронлиги даврида ўзгаришлар одатда унинг мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида айрим институтлар фаолиятини оқилона ташкил этиш учун амалга оширилар эди. Ҳатто демократик институтлар ҳам жорий қилинган. Бунга кўп партиялилик ёки инсон ҳақлари бўйича вакил институти мисол бўла олади.

Мен айрим қувғиндаги мустақил туркман ОАВ билдираётган Гурбангули Бердимуҳамедовнинг оғир касаллиги ва бунинг айни “амалиёт” шошилинчлигига таъсири ҳақидаги тахминларни изоҳламоқчи эмасман. Унинг оғир касаллик, дейлик, диабетга чалинганини тасдиқлаши мумкин бўлган инсайдерларим (бирор компания ёки ташкилотда махфий маълумотларга эга бўлган ходимлар) ёки ҳақиқатни исботловчи базам йўқ. Бу ҳам муҳим роль ўйнайди. Мен кўпроқ очиқ бўлган ахборотга таянаман, албатта, айнан Қозоғистонда юз берган воқеалар ушбу қарорга келинишига сабаб бўлди ва бу тутилган прагматик йўлдир. Яъниким, Гурбангули Бердимуҳамедов Сердар раҳбар сифатида оёққа туриб олишини ва умуман, ҳокимиятни топширишнинг мана шу бутун бошли жараёни амалдаги президент белгилайдиган шароит ва йўналиш бўйича ўтишини истайди. Бунинг учун бир неча йил талаб этилиши мумкин.

Руслан Изимов: Раҳмат, жуда қизиқарли. Сиз элиталар мавзусини ҳамда ички ва ташқи сиёсат борасидаги шериклар Сердар Бердимуҳамедовни президент сифатида қандай қабул қилиши хусусида фикр юритдингиз. Мен шу муносабат билан қизиқяпман: биз давлат тузимининг ўзига хосликлари сабаб Туркманистонда аслида нималар бўлаётганидан кам хабардормиз. Сиз ушбу мамлакат бўйича мутахассис сифатида ўқувчиларимиз учун у ердаги ички сиёсат вазият ҳақида сўзлаб берсангиз. Туркманистоннинг сиёсий элитаси қандай тузилган? Элита ичида қандайдир кланларга қараб бўлиниш ва рақобатлашувчи таъсир гуруҳлари борми? Истиқболда Туркманистон етакчиси ўрнини эгалламаса ҳам, ҳеч бўлмаганда, ташқи кузатувчи наздида кўзга кўринарли сиёсатчи бўла оладиган қандайдир алоҳида шахслар мавжудми? Масалан, шахсий кузатишим бўйича энг фаол сиёсатчилардин бири Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов бўлиб қолмоқда. Барча қолган сиёсий амалдорлар сояда қолиб кетаётгандек, кўзга ташланмаяпти. Шу ҳақда сўзлаб берсангиз.

Рустам Муҳамедов: Хўп бўлади. Гапни Туркманистон чиндан ҳам дунёдаги энг ёпиқ ва авторитар давлатлардан бири эканидан ва бу ҳол у ердаги ички сиёсий жараёнлар, шунингдек, сиёсий элитанинг жипслашганлик даражаси ёки элита орасида юз бераётган қандайдир жараёнлар даражаси бўйича тадқиқот ўтказишни мураккаблаштиришдан бошламоқчиман. Тарихга бир қур назар ташласак: Совет Иттифоқидан мустақиллик олгандан сўнг мамлакатда фақат 2 нафар президент ҳукмронлик қилди: кўпроқ Туркманбоши сифатида машҳур Сапармурат Ниёзов ва ҳозирги президент Гурбангули Бердимуҳамедов. Иккала раҳбар ҳам ўта марказлашган ҳокимият вертикалини барпо этган ва ушбу ҳокимият вертикали бошида ўзлари турган.

Умуман, сиёсий тизим ҳақида гапирадиган бўлсак, мамлакат президенти ҳам расмий, ҳам норасмий тарзда тўлиқ ҳокимиятга эга. Конституцияга назар ташлаганда ҳам, унда президентга кенг ваколатлар берилганини, президент республикаси кўринишидаги давлат бошқаруви шакли ҳақидаги бандларни ўзгартириб бўлмаслиги мустаҳкамлаб қўйилганини кўриш мумкин. Яъниким, Туркманистонда, дейлик, аралаш ёки парламент тизимига ўтиш масаласини муҳокама қилиш эҳтимол ҳам қилиб бўлмайдиган ҳолдир. Президент бундай тизимда нафақат ички ва ташқи сиёсатнинг ассосий йўналишларини, ривожланишнинг асосий дастурларини белгилаб беради, қолаверса, барча: сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларда микроменежмент, микробошқарув билан ҳам шуғулланади. У бир вақтда кўплаб муҳим лавозимларни эгаллаб турибди, масалан, мамлакат Вазирлар Маҳкамаси раиси, Хавфсизлик кенгаши раиси ва олий бош қўмондон ҳамдир.  2021 йилдан бери янгитдан ташкил этилган икки палатали парламентнинг юқори палатаси – Халқ маслаҳати раҳбари ҳамдир. Шу тариқа, ҳокимиятининг қонун чиқарувчи тармоғини ҳам тўғридан-тўғри назорат қилади ва бу ғалати чалкашликка сабаб бўлмоқда, чунки конституцияга кўра, президент Олий суд раиси, бош прокурор, ИИВ раҳбари ёки адлия вазирини ўзи раҳбарлик қиладиган Халқ маслаҳати розилиги билан лавозимига тайинлаши ёки бўшатиши мумкин. Албатта, Сердар президент этиб сайлангандан сўнг бу чалкашлик ўз-ўзидан барҳам топади, аммо ҳозирча бу қизиқ ва ғалати тизимлигича қолмоқда.

Яна шуни ҳам қайд этиш зарурки, президент бир ўзи Марказий сайлов комиссиясини тузади, барча даражадаги прокурорлар ва судяларни, шунингдек, вилоят, туман ва муниципал марказлар ҳокимларини тайинлайди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Туркманистонда ҳатто энг кичик демократик институтлар ҳам йўқ. Мамлакатда бир неча партия бўлишига қарамай, сиёсий плюрализм (фикрлар хилма-хиллиги) умуман йўқ.

Кадрлар сиёсати ҳақида гап кетганда, ҳозирги тизимнинг олдингисидан фарқи шуки, Ниёзов элитани фақат ўзига бутунлай содиқлик принципига кўра танлаган. Шу маънода Гурбангули Бердимуҳамедов Ниёзовдан фарқли ўлароқ, оиласи аъзолари, қариндошлари, шунингдек, аймоғи вакилларини ҳукуматдаги таъсир кучига эга лавозимларга тайинлаш ёки фойда келтирадиган иқтисодий активлар тўплаш имкониятини бериш орқали норасмий тузилмалар, расмий давлат институтларидаги етакчилик ҳолатини тепага кўтариш йўли билан ўз ҳокимиятини мустамкамламоқда. Сердардан ташқари президентга яқин бўлгани учун анча-мунча сиёсий ва иқтисодий дивидендлар олаётган қариндошларнинг бутун бошли рўйхати бор. Умуман, мамлакат элитаси ҳақида гапирадиган бўлсак, мана шу Ниёзов даврида ва Бердимуҳамедов даврида барпо этилган сиёсий тизимнинг асосий фарқидир.

Рашид Мередов ҳақидаги саволингизга келсак, у билан боғлиқ бўлган қизиқ бир ҳолат бор. 2021 йил апрелида Сердар Бердимуҳамедов айнан ташқи сиёсат йўналишида муҳим лавозимларни эгаллаган эди. У Хитой ва Россия ва Япония билан талабалик бўйича давлатлараро комиссия раҳбари бўлди. Илгари бу лавозимларни Рашид Мередов ўзи эгаллаб келаётган эди. Албатта, бунинг ортидан Гурбангули Бердимуҳамедов шу тариқа Рашид Мередовнинг таъсирини чекламоқчи, қабилидаги иддаолар ўртага чиқди.

Руслан Изимов: Жуда қизиқ. Аслида Туркманистондаги кланлар ва элита ичидаги тузилиш ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Назаримда, сиз айтиб берган нарса ташқи кузатувчи учун қизиқарлидир.

Сўнгги пайтларда, айниқса, пандемия шароитида Туркманистонда ижтимоий ва иқтисодий таназзул етилиб келяпти, деган хабарларни кўп эшитамиз. Билишимча, дастлабки пайтлар Туркманистон ҳокимият идоралари мамлакатда коронавирус тарқалганини бутунлай инкор этган эди, шу кунгача бирор ишонарли статистика маълумоти йўқ. Ҳозирги кунда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий соҳасидаги ҳақиқий вазият қандай?

Рустам Муҳамедов: Гурбангули Бердимуҳамедов президент бўлишидан олдин мамлакат соғлиқни сақлаш вазири бўлган. У президент лавозимини эгаллагандан сўнг айнан соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, унинг самарадорлигини оширишни асосий йўналишлардан бири қилиб белгилаган эди. Шунга қарамай, бу соҳада жиддий олға силжиш бўлмади, соғлиқни сақлашнинг бутун бошли тизимида ҳалигача жуда оғир структура муаммолари мавжуд. Турли халқаро индекслар ҳам шундан далолат беряпти. Адашмасам, 2011 йилда ҳокимият “Чегарасиз шифокорлар” ташкилоти олдига мамлакатдаги фаолиятини тугатиш ва чиқиб кетиш талаби қўйилган эди. Ташкилот шундан сўнг муаммоларни фош қилувчи ҳисобот эълон қилди ҳамда унда коррупция ва жим турганлик кўрсатиб берилди. Ўша даврдан бери соҳада жиддий ислоҳот ўтказилмаган. Бугунги иқтисодий аҳвол оғир экани, жуда кўп юксак малакали мутахассислар, жумладан, тиббиёт ходимлари мамлакатдан кўчиб кетаётгани ҳисобга олинса, соғлиқни сақлаш тизими қанчалик аянчли аҳволда эканини билиб олиш мумкин. Агар Туркманистонда коронавирус инфекцияси борлиги тан олинганда эди, тизим касалланганларнинг катта оқимини уддалай олмай қолган бўлар эди.

Мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол масаласига қайтсак, расман эълон қилинган “куч-қудрат ва бахт-саодат даври”га қарамай, давлатнинг сизу биз 2015 йилдан бери эшитиб келаётган иқтисодий ўсиш ва гуллаб-яшнаш ҳақидаги маълумотларга қарамай, Туркманистон мустақил тарихидаги энг оғир иқтисодий ва молиявий инқирозлардан бирини бошидан кечирмоқда. Бунга бир неча омиллар сабаб бўлди. Биринчи навбатда бу мамлакат давромадларининг асосий манбаи бўлган ёнилғи ресурслари нархининг кескин тушиб кетиши, Россия ва Эрон сингари асосий харидорлар  йўқотилгани сабаб экспорт ҳажмининг қисқариши, ҳеч кимга керак бўлмаган лойиҳаларга улкан давлат харажатлари қилиниши бўлди. Шу тариқа айни жараёнлар Туркманистон иқтисодиётининг диверсификация қилинмаган ва ёнилғи ресурслари экспортига қаттиқ боғланиб қолган структурал камчиликлари ва муаммоларини очиб ташлади. Мамлакатнинг иқтисодий модели ўта марказлашган ва кўп жиҳатдан шўролариннг режали иқтисодиётини эсга солади. Хусусий секторнинг мамлакат иқтисодий ҳаётидаги ўрни билинмайди ҳисоб, номига мустақил, чунки у ҳам мамлакат ҳукуматининг қаттиқ назорати остида, ҳукумат унинг корпоратив фаолиятига ҳам аралашаверади. Аслида бевосита тадбиркорлар манфаатларига ғамхўрлик қилиши керак бўлган Саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқидай тузилмадан ҳам давлат шаклланиб келаётган хусусий тадбиркорларни назорат қилиш йўлида фойдаланади.

Айни чоқда пул етмай қолаётган пайтда ҳукумат “иқтисодий ислоҳотлар” ўтказа бошлади, оқибатда ижтимоий товарлар ва хизматлар кўрсатишга давлат харажатлари кескин қисқариб кетди ва аҳолининг ҳаёт даражаси пасайишига сабаб бўлди. Масалан, улардан энг кўзга кўринадигани 2018 йилда ҳукуматиннг аҳолини газ, электр қуввати ва сув билан бепул таъминлашдан, яъни 1990-йиллар бошидан бошлаб  ижтимоий шартномага (social contract) асос бўлиб келган сиёсатдан воз кечгани бўлди. Ўша пайтда ҳукумат бу қадамини эркин бозорни ривожлантиришни давом эттириш, табиий ресурслардан самарали фойдаланишга талаб борлиги, шунингдек, аҳолининг даромадлари ўсгани билан асосламоқчи бўлган эди. Айни чоқда бу чораларнинг барчаси аҳолининг турли гуруҳлари ўртасидаги даромадлар тафовути кескин ошиб кетишига, мамлакатда тенгсизлик кучайишига олиб келди. 2020 йилда мамлакат ватандошлари бир қанча ижтимоий-иқтисодий қийинчиликларга дуч келди, улар коронавиурс таъсирида янда оғирлашди. Биринчи навбатда озиқ-овқат етишмаслиги, товарларни судсидияланган нархлар бўйича аҳолига ўлчаб тарқатиш, бундай товарлар сотилган жойлардаги давлат дўконларида узундан-узоқ навбатларнинг ҳосил бўлиши, маошлар пастлиги, харид қобилияти ёмонлашуви, нархларнинг сакраб кетиши, ортиб бораётган ишсизлик, нақд пул етишмаслиги, шунингдек, чет эл валютаси етишмаслиги ва унинг эркин савдода йўқлиги, эркин конвертациянинг ва ҳк.ни қайд этиш мумкин.

Руслан Изимов: Келинг, ташқи сиёсатга ўтамиз.Назаримда, Россия билан Туркманистон ўртасидаги муносабатлар ҳақида гапириш қизиқарлироқ. Сиз уларни қандай баҳолайсиз?

Рустам Муҳамедов: Биринчи навбатда доимий ижобий бетарафлик сиёсати муҳим аҳамиятга эга эканини айтиб ўтиш жоиз.  Яна шуни ҳам қайд этиш жоизки, Ниёзов бошқаруви даврида ижобий бетарафлик мақомидан мамлакатни изоляцияга солишда фойдаланилди. Бердимуҳамедов ҳокимиятга келгандан сўнг Туркманистон  сиёсати бироз ўзгарди, яъни расмий Ашхобод халқаро ҳамкорлик учун очилди, президентнинг чет элларга сафарлари кўпайди, Туркманистонга келаётган турли делегациялар сони ҳам ортди, мамлакат ҳукумати ҳамкорлик бўйича турли давлатлараро комиссиялар ишида қатнашадиган бўлди. Шунга қарамай, ҳали-ҳамон ўша концепциядан халқаро институтлар ва чет давлатларнинг мамлакат ички сиёсатига таъсирини чеклашда фойдаланилмоқда. Туркманистон давлатнинг блокларга қўшилмаслик мақомига амал қилиб келади. Бундай сиёсатнинг асосий унсурларидан бири чет эл ҳарбий базаларини мамлакат ҳудудида жойлаштирмаслик, шунингдек, хавфсизлик масалалари бўйича турли халқаро тузилмаларда қатнашмасликдир. Шу шуносабат билан айнан Ниёзов башқаруви даврида Туркманистон МДҲдаги мақомини ҳатто ассоциацияланган аъзога (бирор уюшмага ҳуқуқи чекланган тарзда аъзо бўлиш) қадар пасайтирди, ШҲТ ёки КХШТга аъзо бўлишга ҳаракат ҳам қилмади. Сўнгги йилларда, айниқса, 2021 йилда Туркманистон ҳали ҳам мазкур ташкилотларга аъзо бўлиб киришга қизиқиш билдирмаётганига қарамай, уларнинг айрим саммитларида кузатувчи сифатида иштирок этиб турди. Албатта, булар барчаси минтақада юз бераётган жараёнлар, биринчи навбатда Афғонистонда юза келган вазият билан боғлиқ эди.

Туркмнистоннинг бетарафлик мақоми Россия билан муносабатларига ҳам таъсир кўрсатди. Ушбу мамлакат билан алоқалар Туркманистоннинг бутун тарихи давомида нотекис ривожланиб келди. Сапармурод Ниёзов ҳукмронлиги даврида улар кўпроқ иқтисодий соҳа билан чекланган, яъни Россия туркман гази Европага, жумладан, Украинага экспорт қилинишида асосий маршрут бўлган, бунда Россиянинг инфратузилмасидан фойдаланилган. Бердимуҳамедов ҳокимиятга келгандан сўнг дастлабки пайтларда стратегик йўналиш олиш ўзгараётгандай, жумладан, Россияга қараб ўзгараётгандай, чунки олий даражадаги мулоқот фаоллашаётган эди. Бироқ 2009 йилда туркман гази Россияга етказиб берилаётган САЦда (“Ўрта Осиё – Маркази” газ магистрали) фалокат юз беради ҳамда бу ўзаро айбловларга ва муносабатлар аста-секин ёмонлашувига сабаб бўлади. 2016 йилда Россиянинг “Газпром” трасмиллий энергетика компанияси туркман газини импорт қилишни бутунлай тўхтатади. Шундан сўнг, 2017 йилдан бошлаб, Туркманистон Россия билан ушбу муносабатларни тиклаш учун қадамлар қўйишга киришади.

Руслан Изимов: Туркман гази эксопортининг бошқа йўналашлари ҳақида ҳам гапириб берсангиз – улар қайси босқичда турибди? Билишимиз бўйича, яна камида 3 та йўналиш бор эди. Бу – Озарбайжон ёки Каспий денгизи орқали Европа йўналиши; иккинчиси – ТАПҲ (Туркманистон – Афғонистон – Покистон – Ҳиндистон) йўналиши; учинчиси – Эрон йўналиши. Улар бўйича қандайдир силжишлар борми? Масалан, толиблар ҳокимиятга келгандан сўнг Афғонистон билан ТАПҲ газ қувури қурилиши юзасидан қандайдир музокаралар ўтказиляптими?

Рустам Муҳамедов: Мен айни босқичда ТАПҲ газ қувури қурилишида жиддий силжишлар бўляпти, деб айта олмайман. Бу яна хавфсизлкни таъминлаш борасида юзага келаётган мураккабликлар билан ҳам боғлиқ. Яқинда “Толибон” террорчилар гуруҳи ўша газ қувурининг хавфсизлигини таъминлаб бериш бўйича таклифларини бергани ҳақида хабар тарқалди, чунки бу улар учун ўта муҳим аҳамиятга эга. Бироқ зикр этилган газ қувури ишга тушиши учун вақт баробарида жуда кўп молиявий маблағ кераклиги шубҳасиз.

Бошқа маршрутларга келсак, туркман газини Европага етказиб беришга оид турли лойиҳалар ҳар доим бўлган. Бердимуҳамедов ҳокимиятга келгандан сўнг “Набукко”, “Транскаспий газ қувури” ва ҳк. лойиҳалар кўп бўлган. Ҳатто ўтган йили АҚШда Туркманистон манфаатларига лоббилик қилиш (бирор шахс ёки компаниянинг манфаатларини кўзлаб қарор қабул қилинишига таъсир ўтказишга уриниш) бўйича, гарчи молиявий капитализацияси оз бўлса-да, кичик бир компания тузилгани ҳақида хабар берилган эди. Улар қандай қилиб, Транскаспий газ қувури қурилиши ғоясини илгари суришга айнан қандай уриниши тушунарсиз қолди. Бу ўринда Каспий денгизи мақоми билан боғлиқ муаммолардан келиб чиқадиган ўзига хос мураккабликлар бор.

Бундай 3 та муқобил экспорт маршрутлари ҳақида гап кетганда, улар ҳажми ҳамон жуда оз эканини, уларни янада ривожлантириш Марказий Осиё минтақасидаги вазият қандай ривожланаётгани, айни пайтда Россияга нисбатан қўлланаётган санкцияларни ҳисобга олган ҳолда дунёдаги жуғрофий-сиёсий вазият қандай ривожланиши, Туркманистонда фаолият кўрсатаётган нефт ва газ компанияларига бу қандай таъсир кўрсатишига боғлиқ бўлади.  Масалан, “Достлук” нефт ва газ конларини бирга ўзлаштириш ҳақида гапирадиган бўлсак, Россиянинг “Лукойл” компанияси Туркманистон раҳбарияти билан музокара олиб бориб, ушбу лойиҳада қатнашиш истагини билдирган эди. Яна Россиянинг “Татнефт” компанияси ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича Туркманистон раҳбарияти билан олий даражада доимий учрашувлар ўтказди.

Руслан Изимов: Бердимуҳамедовнинг ўғли Сердар Бердимуҳамедов президент сифатида ҳокимиятга келгандан сўнг нима ўзгариши мумкин? Ташқи сиёсат ўзгариши мумкинми ёки ҳамма нарса бор ҳолича қоладими?

Рустам Муҳамедов: Албатта,айни вазият ривожи бунга таъсири этиши ҳам мумкин. Лекин, менимча, Туркманистон раҳбарияти ҳамкорлик йўналишини ўзгартиришида жиддий ўзгаришлар бўлишини кутиш ярамайди. Ҳамма нарса бор ҳолича қолади.

Биринчи навбатда Хитой билан ҳамкорлик янада чуқурлашиши эҳтимолдан холи эмас. Яна Россия билан муносабатларни пасайтирмаслик ҳам муҳим. Февралда Туркманистон билан Россия ўртасида хавфсизлик соҳасида ҳамкорликка оид янги ҳужжатлар имзоланган эди. Назаримда, ушбу ҳамкорлик давом этади. Айни пайтда Ғарб санкцияларига дучор бўлган Россия компаниялари билан ҳамкорлик бўладими, деган савол ўртага чиқмоқда. Туркманистон бозорида ишлаётган Россия компаниялари унчалик ҳам кўп эмас. Масалан, банк соҳасини олсак, у тўлиқ давлатга тегишли. Лекин Туркманистон учун жуда кўп техника тайёрлаб бераётган “КамАЗ” сингари компаниялар ҳам мавжуд. Бошқа қандайдир алоҳида нефт компаниялари ёки ўша нефт компаниялар билан ҳамкорлик қилаётган компаниялар ҳам бор. Улар билан боғлиқ воқеалар қандай ривожланишини кузатиш қизиқарли бўлади. Аммо глобал маънода жиддий ўзгаришлар бўлишини кутиш қийин. Мен кутаётган бирдан-бир нарса шуки, Сердар Бердимуҳамедовнинг сиёсатининг илк даврида мамлакат ичкарисидаги ижтимоий-иқтисодий сиёсат юмшаши ва яхшиланиши мумкин. Ҳозир биз сайлов олдидан қора бозордаги манат курси пасаяётганини кузатяпмиз. Агар олдин бир доллар 20 – 21 манат турган бўлса, ҳозир у бироз пасайиб, 18 – 19 манат бўлди. албатта, бу чет элдан импорт қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа маҳсулотлар нархига ҳам таъсир кўрсатди. Айни пайтда ҳокимият жамиятдаги салбий кайфиятга сабаб бўлмаслиги учун нарх-навони назорат қилиш, имкон қадар уни пасайтиришга уринмоқда. Назаримда, сўнгги бир неча ойда ва ҳатто йилда – энг кўпи шу – мамлакат фуқароларининг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, камроқ бўлса-да, яхшиланиши ҳам мумкин.

Манба: uzanalytics.com

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.